АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

30 ноябрь: Собиров Шерзод ни туғилган куни.


АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



                    ЯН ПЕККЕР

(1906-1993)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор, жамоат арбоби, мусиқашунос Пеккер Ян (Яков) Борисович XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди. У замонавий ўзбек мусиқа санъатининг ривожланиш жараёнида туғилган муаммо ва зиддиятларни ечишда, ёш ўзбек композитор ва мусиқашуносларни тарбиялашда, мусиқа санъатини тарғиб қилишда миллий мақом санъатини ҳимоя қилишда астойдил хизмат қилиб, катта ҳурмат-эътиборга сазовор бўлди.

Пеккер Ян (Яков) Борисович Россиянинг Астрахан шаҳрида 1906 йил 4 сентябрда туғилди. 1912 йили уларнинг оиласи Самара шаҳрига кўчади. Ян 7 ёшидан гимназияда, сўнгра умумтаълим мактабда ўқийди. У болалигидан мусиқага қизиқади ва 1920 йили мусиқа мактабида фортепиано чалишни ўргана бошлайди. Бу мусиқа мактаби 1924 йили мусиқа техникумига айлантирилади. Ян техникумда ўқишини давом эттириб, уни 1928 йили битиради. Ўша йили Москвадаги Гнесинлар номидаги мусиқа техникумида фортепиано бўйича ўқишни давом эттиради. 1931 йили техникумни битириб, Москва давлат консерваториясининг мусиқа тарихи ва назарияси факультетига ўқишга киради.

Москва консерваториясини 1936 йили битириб, Халқ маорифи буйруғига асосан янги ташкил топган Тошкент давлат консерваториясига ишга келди. Консерваторияда дарс беришдан ташқари Ўзбекистон радио комитетида бадиий раҳбар лавозимига тайинланди. Мазкур даргоҳда ўзбек адабиёти ва мусиқа санъати намояндалари билан яқиндан танишди ва Тошкентда умрининг охиригача ишлашга қарор қилди.

1941 йили Я.Б.Пеккер радиодан бўшаб, ўқитувчилик ва илмий иш билан шуғулланди. 1944-1948 йилларда у Ўзбек давлат филармониясига бадиий раҳбар лавозимига тайинланди. Филармониянинг директори М.Қориёқубов билан ҳамма ижро жамоаларининг фаолиятларини жонлантирдилар. Лекторий бўлими ташкил этилиб, ўзбек ва жаҳон халқлари мусиқасини тарғиб қилиш яхши йўлга қўйилган эди. Айниқса, Я.Б.Пеккер ўқиган маърузалари жуда қизиқарли ўтар эди, минглаб мусиқа мухлисларининг олқишларига сазовор бўлар эди.

Я.Б.Пеккер педагоглик ва раҳбарлик меҳнат фаолияти билан бирга илмий иш билан ҳам шуғулланди. У ўзбек халқи ўтмиш тарихини, маданият ва санъатини, адабиёт ва унинг намояндалари ижодларини ўрганишга ҳаракат қилади. Замонавий ўзбек мусиқа санъатининг ривожланиш жараёнини кўздан кечириб борди. Санъатнинг турли мавзу ва муаммоларига бағишланган мақолалари матбуот ва мусиқий-энциклопедияларда чоп этилиб келди. Масалан: Филармония қошида 1938 йилда ташкил топган ўзбек халқ чолғулари оркестри фаолияти тўғрисида, санъат арбоблари орасида тортишувлар, ечилмаган муаммоларнинг муҳокамаси авжига чиққан пайтида Я.Б.Пеккер «Сов.музыка» журнали 1949 йил №5 сонида «Узбекский оркестр народных инструментов» номли оркестрнинг 10 йиллигига бағишланган илмий мақоласи чиқди ва тортишувлар анча пасайди. Мазкур журналнинг 1949 йилги №11 сонида шоир, драматург ва бастакор Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг бастакорлик фаолиятига бағишланган илмий мақоласи чоп этилди. 1967 йили «Сов.литература» журналида инглиз ва немис тилларида «Узбекская опера» илмий мақолалари чоп этилди. Ўзбекистон ва Туркманистон халқ артисти, композитор ва этнограф В.А.Успенскийнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида монографик китоб икки марта 1952, 1959 йиллар рус тилида, 1952 йили ўзбек тилида Тошкентда чоп этилган. 1966 йили нашрдан чиққан китобда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Г.А.Мушель ҳаёти ва ижодий фаолияти ёритилган. «Узбекская опера» мавзуида номзодлик диссертациясини ёзиб, 1956 йили ёқлаган ва шу диссертация асосида 1963 йили «Узбекская опера» китоби «Мусиқа» нашриётида Москвада чоп этилди. Мазкур китобни қайтадан кўриб чиқиб, янги қўйилган операларни таҳлил қилиб, 1984 йили «Сов. композитор» нашриётида Москвада чоп эттирди. Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасининг 1942 йилдан аъзоси, мусиқашунос олим Я.Б.Пеккер республикамиз замонавий мусиқа санъатини ривожлантиришдаги хизматлари учун 1956 йили унга «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони берилган.

                                  КАРИМА ОЛИМБОЕВА (АҲМЕДОВА)

(1926-1992)

Карима Олимбоева (Аҳмедова) атоқли мусиқашунос -олималаримиздан. У XX аср ўзбек мусиқа санъатининг ривожланишига самарали ҳисса қўшди. Йиллар давомида вилоятлар бўйлаб ўтказилган фольклор-экспедицияларда фаол қатнашиб, ўзбек, тожик, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ халқларининг мусиқий меросини ва машҳур ҳофиз, созанда ва бастакорлар ҳаёти ва ижодий фаолиятларини ўрганди, бу асосда нота тўпламларини тузди, китоблар ёзди. Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси аъзоси сифатида мусиқий фольклоршунослиги мусиқали драма масалаларига бағишланган ижодий-илмий ишларини ёзди.

К.Олимбоева Қўқон шаҳрида 1926 йили дунёга келди. Ўрта умумтаълим мактабида ўқиб мусиқа мактабида фортепианодан сабоқ олди. 1941 йили Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртига кириб, фортепиано ва мусиқа назарияси бўйича ўқиди. 1945 йилда Карима Тошкент давлат консерваториясининг мусиқашунослик факультетига ўқишга киради. Талабалик даврида унинг халқ мусиқа ижодига қизиқиши ортади. 1946 йилда у Ҳамза номидаги санъатшунослик илмий тадқиқот институтига ишга қабул қилинади. Институт ташкил этган фольклор экспедицияларида К.Олимбоева фаол қатнашади ва фольклорчи мутахассислигини пухта ўзлаштиради. Шу йиллари айниқса, «Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам» халқ достони билан қизиқади ва машҳур Бола бахши ижросида магнит тасмасига, кейин нотага олади. Шу мавзуда И.Акбаров ва Т.Визго раҳбарликларида диплом иши ёзиб, 1950 йилда ўз ишини битиради ва мазкур институтда илмий фаолиятини давом эттирди.

К.Олимбоева (Аҳмедова) фольклор экспедицияларда магнит тасмаларига ёзиб олинган халқ мусиқа намуналарини нотага олиб, қуйидаги номларда нашрдан чиқарган: «25 ўзбек халқ қўшиқлари», «Ўзбек чолғу мусиқаси», «Уйғур халқ қўшиқлари», «Ўзбек халқ мусиқаси». У созанда, хонанда ва бастакорлар ҳаёти ва ижоди ҳақида қуйидаги китобларни ёзди: «Фарғона ва Тошкент мусиқачилари», «Хоразм мусиқачилари» (бу қўлёзмалар институтнинг кутубхонасида сақланади), мусиқашунос М.Аҳмедов билан ҳамкорликда «Ўзбекистон халқ созандалари» (Т., 1959 й.). Бу китобда машҳур халқ ҳофизлари: Домла Ҳалим Ибодов, Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов, Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов, Шораҳим Шоумаров, Леви Бобохонов, Матпано Худойберганов, Усто Шоди Азизов, Мадраҳим Яқубов (Шерозий), Куржиота Авазматов, Комилжон Отаниёзов ва 20 га яқин машҳур созанда ва бастакорларнинг ижодий йўллари қисқача таърифланган. Т.Йўлдошбоева, М.Аҳмедова, Т.Мирзаевлар билан ҳаммуаллифликда «Ўзбекистон халқ созандалари» (Т.,1974) иккинчи китобини ёзиб, тузувчи ва муҳаррир вазифасини ҳам бажарган.

Узоқ йиллар давомида К.Олимбоева мусиқали драма бўйича илмий тадқиқот ишлари билан шуғулланди, очерк ва мақолалар тайёрлади: «Рождение узбекского музыкального театра», «Узбекская Музыкальная драма», «Музыкальные драмы, созданные в годы войны», «Музыкальные драмы в 1945-1967 годы» ва «Мастера народного искусства - носители многовековых художественных традиций». 1971 йилда у «Ўзбек мусиқали драмаси» мавзуида номзодлик диссертациясини ёқлади. К.Олимбоеванинг қатор илмий мақолалари ўзбек мусиқаси тарихига оид ўқув қўлланмаларга тегишли мавзуларга бағишланган тўпламларга киритилган.

Карима Олимбоева (Ахмедова) Ўзбекистон халқ рассоми Рахим Аҳмедовнинг садоқатли аёли, болаларнинг меҳрибон онаси эди.

                      НОИЛА НУРИМОВА (ТУРСУНОВА)

(1940-2005)

Санъатшунослик фанлари номзоди, доцент, муаллим, мусиқашунос Н.Нуримова (Турсунова) Ўзбекистон ва Туркманистон мусиқа маданиятларининг вакилларидан. У икки халқнинг мусиқа тарихига замондош бастакор, композиторларнинг ижодий фаолиятига, концерт жамоалари ва мусиқий театрларнинг муаммо ва долзарб масалаларига бағишланган илмий тадқиқотлари, газета ва журналларда чоп этилган мақолалари билан эл назарига тушди ва ҳурмат-эътиборга сазовор бўлди.

 

Нуримова (Турсунова) Ноила Пардаевна Тошкентда 1940 йилнинг 7 январида туғилди. Ноила болалигидан мусиқага меҳр қўйди. В.А.Успенский номидаги махсус мусиқа мактаб-интернатида ўқиб юрган пайтлари назарий фанлар билан қизиқди. 1959 йили мазкур мусиқа мактабини битириб, Гнесинлар номидаги Москва мусиқа-педагогика институтининг мусиқашунослик факультетига ўқишга кирди.

Фольклоршунос-олим, профессор Т.В. Попова раҳбарлигида «Туркменская народно-бытовая песня» мавзуида диплом ишини ҳимоя қилиб, 1964 йили олий мусиқа ўқув юртини битирди.

Москвада ўқиб юрган даврда Н.Турсунова ва туркман композитори Чори Нуримов оила қурдилар ва 1964 йили Ашхоботга келдилар. Шу йилдан бошлаб 1976 йилга қадар Ноила Нуримованинг ҳаёти ва ижодий фаолияти туркман мусиқа санъати билан боғланди. Мусиқашунос Н.Нуримова (Турсунова) меҳнат фаолиятини Д.Овезов номидаги Туркманистон давлат мусиқа билим юртида мусиқа тарихи ва назарияси, сольфеджио, мусиқа шакли каби фанлардан дарс беришни бошлади. 1996 йили Махтумқули номидаги Туркманистон давлат опера ва балет театрида адабий эмакдош лавозимида ишлади. 1970 йиллари Туркманистон Фанлар академияси тасарруфидаги Ш.Ботиров номидаги «Тарих институти» санъат тарихи бўлимининг аспиранти сифатида сабоқ олди ва 1975 йили «Зарождение и развитие симфонической музыки в Туркменистане» мавзуида номзодлик диссертациясини Т.С.Вызго раҳбарлигида ёзиб, санъатшунослик фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлди. У 1970 йили Туркманистон Композиторлар уюшмаси сафига қабул қилинди. Н.Нуримова (Турсунова) 1964-«Гармоничный дуэт о народной артистке Б.Кариевой» (журнал «Музыкальная жизнь» № 13,1970 г.), «История и совремснность» номли 1972 йили Москвада чоп этилган китобга унинг «Роль русских композиторов в зарождении симфонической музыки в Туркмении», Москвада 1973 йилда чоп этилган «История музыки народов» китобининг 4-5-томларига «Туркменская музыка» мақоласи киритилган: журнал «Сов. музыка» (8-сон), 1975 йили «К развитию национальных музыкальных культур» мақоласи киритилган, журнал «Музыкальная жизнь» (23-сон), 1975 й. «Два спектакля туркменского театра» мақола, «Музыкальная энциклопедия» 1977-1979  йилларда чоп этилган. Китобда П.Сариев, Г.Угурлиев, М.Тачмуродов каби бастакорларнинг ижоди ёритилган. Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов номидаги «Мелодия» грамофон пластинкада Туркман композиторларининг қисқа ижодий портретларини ёзган.

Н.Нуримова (Турсунова) турли мавзуларда ўтказилган конференция ва симпозиумларда маърузалар билан қатнашди, республика пойтахти Ашхоботда, Красноводск, Чоржўй шаҳарларида, Ўрта Осиё ва Қозоғистон республикалараро танловларида жюри раиси ёки аъзоси сифатида қатнашди.

1976 йилдан Н.Нуримова (Турсунова)нинг ҳаёти ва ижодий фаолияти Ўзбекистонда ўтди. Шу йилдан бошлаб у Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси аъзоси. 1976-1996 йилларда М.Уйғур номидаги Тошкент давлат санъат институтида катта ўқитувчи, доцент, кафедра мудири лавозимларида ишлаб, мусиқий фанлардан дарс берди. 1997 йили у Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабига мусиқа фанларидан дарс беришга таклиф қилинади. У 300 дан ортиқ илмий-назарий, методик қўлланмалар, композиторларнинг ижодий портретлари, хонанда ва созандалар, концерт жамоалари ва мусиқий театр спектаклларига тақриз ва оммабоп мақолалар ёзди. Унинг газета ва журналларда чоп этилган мақолалари мусиқа ҳаёти билан яқиндан танишиш имкониятини беради. Бу борадаги унинг фаолиятини мусиқашунос-журналист деса муболаға бўлмайди. У доимий равишда 40 га яқин турли тилларда чиқадиган газета ва журналлар билан алоқа қилди, қатор диссертацияларга тақризлар ёзди.

                     АБДУМАННОН НАЗАРОВ

(1953-2005)

Санъатшунослик фанлари доктори, профессор Абдуманнон Назаров Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1998 йили қабул қилинган. Бу мусиқашунос олим ўзбек мусиқаси тарихи, Яқин ва Ўрта Шарқ халқлари мусиқий-назарий мероси, шунингдек мусиқа таълими, ижрочилиги каби йўналишларни ўз ичига қамраб олган илмий тадқиқот ишлари билан танилди.

Назаров Абдуманнон Файзуллаевич Жиззах вилояти, Ғаллаорол тумани, Кўйгош шаҳарчасида 1953 йилнинг 15 мартида ишчи оиласида туғилди. У болалигидан мусиқага қизиқди ва бошланғич мусиқа маълумотини ишчилар шаҳарчасида очилган мусиқа мактабида, ғижжак синфида С.Исмоиловдан сабоқ олди. Умумтаълим мактабининг 8-синфини ва мусиқа мактабини битириб, 1967 йилда Ҳожи Абдулазиз Расулов номидаги Самарқанд мусиқа билим юртининг ўзбек халқ чолғулари бўлимида ғижжакда ўқишини давом этди. 1971 йили Самарқанд мусиқа билим юртини имтиёзли диплом билан битирди. Давлат имтиҳон комиссияси тавсияномаси билан у ўша йили Тошкент давлат консерваториясининг мусиқашунослик факультетининг тайёрлов бўлимига ўқишга киради.

1972 йили консерваториянинг асосий курсига ўтказилди ва эндигина ташкил топган Шарқ мусиқаси кафедрасида профессор Ф.М.Кароматов раҳбарлигида мутахассисликдан ўқишни давом эттирди. 1977 йили ўқишни муваффақиятли битирди ва консерваториянинг «Халқ мусиқаси лабораторияси»да лаборант бўлиб иш бошлади. Ҳарбий хизматни бажо этиб, 1980 йилда Ҳамза номидаги санъатшунослик илмий-тадқиқот институти сиртқи аспирантурасида таҳсил кўради. 1984 йили «Книга песен ал-Исфахани в аспекте транскультуративных процессов» мавзуида ёзган диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди ва санъатшунослик фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлди. 1984-1997 йиллар мобайнида мазкур институтда илмий ходим, 1992 йилдан бўлим мудири лавозимларида ишлади. Шу йилларда турли мавзуларда илмий тадқиқий мақолалар ёзди ва докторлик диссертацияси устида ишлади. 1996 йили у «Форобий ва Ибн Сино Мумтоз ийқоъ назарияси» диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди ва санъатшунослик фанлари доктори илмий даражасига эга бўлди. 1997-1999 йилларда А.Назаров Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида масъул ходим, 1999-2000 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг илмий ишлар бўйича проректори, 2000-2005 йилларда А.Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтининг “Санъат тарихи ва назарияси” кафедраси мудири, доцент вазифаларида ишлади.

А.Назаров ўтган давр мобайнида республикамиз ва хориж матбуотларида 70 дан ортиқ илмий мақолалар, монография ва дарсликлар, ўқув маърузаларини ёзди ва нашрдан чиқарди. «Форобий ва Ибн Сино мусиқий ритмика хусусида» (Мумтоз ийқоъ назарияси) Т. 1995 й., Usul in the context of Magamat. Berlin. 1994 й. Монографиялари, “Музыкальные традиции Среднего и Ближнего Востока: вопросу о динамической целостности культуры. («Музыкальное, театральное искусство и фольклор народов Средней Азии» тўпламида. Т. 1989 г.) мақоласи, «Мусиқа асрлардан таралган зиё» Имом ал-Бухорий таваллудига бағишланган тўплам (ўзбек, рус, инглиз, француз, араб тилларида) Т. 1997 й. «Бухоро мусиқаси» — Бухоро шаҳрининг 2500 йиллигига бағишланган тўплам (ўзбек, рус, инглиз, француз, араб тилларида) Т. 1995 й. (ҳаммуаллиф Р.Юнусов). «Хадисы о музыке»//Труды I Международной конференции «Ислам и духовное возрождение народов Центральной Азии» Шымкент, 2001г., «Ибн Халдун о социальной сущности искусства музыки» //Общественные науки Узбекистана. Т. 1984г., «Навоийнинг мусиқий олами»// «Ёшлик», 1988 й., «Бобурнинг «Мухтасар» асарида мусиқа муаммолари»//«Гулистон», 2001й., «Ёшларни маънавий тарбиялашда мусиқанинг ўрни» //Оналар ва болалар йилига бағишланган конференция материаллари. Олий Мажлис. Т. 2001 й. шулар жумласидан.

                           МУҲАЙЁ НАБИЕВА

(1978)

Муҳайё Набиева республикамизда композиторлик ижодиётини кенг тарғиб қилишда самарали ҳисса қўшиб келаётган истеъдодли мусиқашунослардан.

Набиева Муҳайё Намаджоновна 1978 йилнинг 6 апрелида Бухоро шаҳрида таваллуд топган. Мусиқа мактабида фортепиано синфида ўқиган, 1993-1997 йилларда Бухоро давлат санъат билим юртининг мусиқа назарияси бўлимида таълим олган. 1997-2001 йилларда М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваторияси “Мусиқа тарихи” факультетининг бакалавр босқичида, 2001-2003 йилларда Ўзбекистон давлат консерваториясининг магистратура босқичида, 2003-2007 йилларда “Мусиқа санъати” ихтисослиги бўйича аспирантурада профессор Д.Муродова синфида таҳсил олган.

М.Набиева меҳнат фаолиятини талабалик йилларидан бошлаган. 1998-2000 йилларда Тошкент шаҳридаги 7-сонли болалар мусиқа мактабида, сўнгра, Ҳамза номидаги мусиқа билим юртида, Р.Глиэр номидаги мусиқа мактаб интернатида ёш авлодга мусиқий-назарий фанлардан дарс берди. 2007-2010 йилларда Ўзбекистон давлат консерваториясининг “Мусиқа тарихи ва танқид” кафедрасида катта ўқитувчи вазифасида ишлаб талабаларга “Жаҳон халқлари мусиқа тарихи” фанидан маърузалар ўқиди. 2002-2017 йилларда Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси масъул котиби, 2018 йилдан Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг “Ижодий шўъба” бош мутахассиси лавозимида фаолият олиб бормоқда.

Мусиқашунос М.Набиеванинг илмий изланишлари йўналиши Ўзбекистонда балет санъати тарихи ва тараққиётига бағишланган. Унинг балет санъатини ўрганиш ва тадқиқ этишга йўналтирилган бир қатор илмий мақолалари Республика ва халқаро конференциялар мақолалар тўпламларида чоп этилган. «Ўзбекистонда замонавий балет санъати: ҳозирги ҳолати ва келажаги» («Ўзбекистонда замонавий мусиқа санъати муаммолари» илмий-амалий конференцияси тўплами, 11.05.2006), «Ўзбек телебалетлари ҳақида» («Мусиқа санъати ва замонавийлик» илмий-амалий конференцияси тўплами, 08.05.2007), «Ўзбекистон балетларида ижрочилик масалалари» («Мусиқий ижрочилик масалаларига» бағишланган Халқаро илмий-назарий, илмий-амалий конференция тўплами, Т., 30.11.2007), «Ўзбекистон балетида миллий анъаналарнинг ифода топиши» («Ўзбекистон санъати: анъаналар ва ижодий изланишлар» мавзуидаги ёш санъатшуносларнинг илмий-амалий конференцияси тўплами, 11.12.2007) шулар жумласидан.

М.Набиева Ўзбекистон мусиқа санъатини кенг доирада ўрганиш ва тарғиб этишда ҳам яхши натижаларга эришди. Ҳ.Раҳимов билан ҳаммуаллифликда Ўзбекистон халқ артисти, таниқли хонанда Назира Аҳмедова ҳаёти ва ижодига бағишланган монографиясини ёзди  (Тошкент, “Янги аср авлоди”, 2016), И.Азимовнинг “Дада-Али Соатқулов” монографиясини рус тилига таржима қилди (Тошкент, “Янги аср авлоди”, 2017). Шунингдек, “1990 йиллар композиторлик ижодида А.Навоий назми” (Мусиқа ижодиёти масалалари. Мақолалар тўплами, II китоб. “Янги аср авлоди”, Тошкент, 2002), Миллий опера асосчиларидан бири. (Т.Содиқов ижодига бир назар) («Театр» журнали, 2004 йил, 5-6 сонлар), «Хумо» - эзгулик рамзи («Театр» журнали, 2007 йил, 3-4 сонлар), “Б.Лутфуллаев ижодида Навоий назми” (А.Навоий таваллудига бағишланган “Навоий ва мусиқа” илмий – амалий конференцияси мақолалар тўплами, Т., 2011) “М.Ашрафийнинг “Севги тумори” балетида аёл образи” (Muxtor Ashrafiy va XXI asr. T., 2012), “Буюк алломалар: мусиқий бағишлов” (“Мозийдан садо” журнали, 2017 йил, 3/75-сон) олима қаламига мансуб.

М.Набиева бир қатор ўқув қўлланмалар ва адабиётларнинг мусиқа муҳаррири ва махсус муҳарриридир. А.Жабборовнинг “Ўзбекистон бастакорлари ва мусиқашунослари” маълумотномасининг 2-таҳрири (янги таҳрирда “Ўзбекистон композиторлари, бастакорлари ва мусиқашунослари”), Т.Головянц ва Е.Мейкенинг “Композиторы и музыковеды Узбекистана. Справочник” китобининг 2-таҳрири шулар жумласидан.

М.Набиева мусиқага оид янгиликлар, композиторларнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган оммабоп мақолалари билан “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Тошкент оқшоми”, “Ҳуррият” каби бир қатор рўзномаларда мунтазам чиқишлар қилиб келмоқда. Ўзбекистон ва жаҳон композиторларига бағишланган радиоэшиттиришлар ва телекўрсатувларда интервьюлар бериб, кенг жамоатчиликнинг маънавий дунёқарашини бойитишда ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасида фаолияти давомида М.Набиева Ўзбекистон мусиқа санъати намоёндалари, композиторлар ижодини тарғиб қилишда, Халқаро симфоник мусиқа фестивали (Тошкент-Самарқанд, 2002, 2005, 2007 йиллар), Н.Ахмедова номидаги Республика Халқаро хонандалар танловларини ташкил этилишида ва ўтказилишида жонбозлик кўрсатди. Бугунги кунда ҳам республика ва халқаро фестивалларни ўтказиш, уларни кенг тарғиб этиш борасида олиб борилаётган йирик ижодий проектлар устида изланишлар олиб бормоқда. М.Набиеванинг ташкилий ва ижодий фаолияти мутахассислар томонидан юқори баҳоланиб, 2011 йилда уюшма аъзолигига қабул қилинди. 2016 йилда “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони билан тақдирланди.