Дш | Сш | Чш | Пш | Ж | Ш | Як |
---|---|---|---|---|---|---|
1
|
2
|
3
| ||||
4
|
5
|
6
|
7
|
8
|
9
|
10
|
11
|
12
|
13
|
14
|
15
|
16
|
17
|
18
|
19
|
20
|
21
|
22
|
23
|
24
|
25
|
26
|
27
|
28
|
29
|
30
|
ИЛЁС АКБАРОВ
(1909-2002)
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор Илёс Акбаров республикамиз мусиқа маданиятининг йирик вакилидир. Бастакорлар уюшмасига тамал тошини қўйган авлодга мансуб эди. Узоқ йиллар давомида китоб ва дарсликлар, турли мавзуда илмий мақолалар ва тақризлар, ўзбек тилида илк изоҳли мусиқа луғатини тузган, мусиқий-фольклор экспедицияларида иштирок этиб, 9 жилдлик «Ўзбек халқ мусиқаси» нота тўпламларига муҳаррирлик қилди. Шунингдек, Тошкент консерваториясида 50 йилдан ортиқ муаллимлик меҳнати билан республикамиз XX аср мусиқа санъати, таълими ва илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшди.
Илёс Акбаров 1909 йил 5 майда Тошкентда туғилди. Жадидчилик ҳаракатининг фаолларидан Мунаввар Қорининг ҳовлисида очилган «Мухторият» номли мактабда ўқиди. Сўнгра педагоглар тайёрлайдиган техникумда сабоқ олди. Болалигидан мусиқага қизиққанини сезган Мунаввар Қори маслаҳати билан Илёс Акбаров 1927 йили Тошкент мусиқа билим юртига ўқишга киради. Бу даргоҳда у машҳур созанда Абдусоат Ваҳобовдан дутор чалишни, танбурчи ва ҳофиз Шораҳим Шоумаровдан танбур чертишни ўзлаштирди. Иқтидорли талаба шу ўқув юртида 1930 йилдан бошлаб мусиқий назарий фанлардан дарс бера бошлади. Ўқишни 1932 йили битиргач Ҳамза номидаги санъатшунослик институтида илмий ходим, 1943-1948 йилларда эса директор вазифасида ишлади.
1936 йилда ташкил топган Тошкент давлат консерваториясига И.Акбаров биринчилардан бўлиб мусиқашунослик факультетига ўқишга кирди. Бу ерда В.А.Успенский, В.А.Фортунатов, В.А.Цуккерман, Я.Б.Пеккер каби устозлардан сабоқ олди. 1943 йилда уни консерватория раҳбарияти ишга таклиф қилди ва шу даргоҳда мусиқа назариясидан дарс бериб, профессор даражасигача кўтарилди. 1963-1992 йилларда Акбаров мусиқа назарияси кафедраси мудири лавозимида фаолият кўрсатди.
У 1931 йили В.А.Успенский ва Е.Е.Романовскаяларнинг Фарғона водийси бўйича фольклор-этнографик экспедицияда Х.Муҳамедова билан биргаликда қатнашган, Хоразм воҳаси бўйича (1935 й.) Е.Е.Романовская раҳбарлигида, 1937-1939 йилларда яна Фарғона водийсига сафар қилишади. 1946 йили Андижон вилоятига Х.Муҳамедова билан ҳамкорликда ва 1959, 1960 йилларда яна Андижон вилоятига М.Аҳмедов билан ҳамкорликда фольклор экспедициялар ташкил қилиб, созанда ва хонандалар ижросида юзлаб халқ ва мумтоз мусиқа намуналарини магнит-тасмаларига ёзиб олиб, кейин уларнинг айримларини нотага олишган. Бу экспедицияларда орттирган тажрибаси 1950 йилларда Ўзбекистон халқ артисти Академик Ю.Ражабий тўплаб нотага олган беш жилдлик «Ўзбек халқ мусиқаси» тўпламларига муҳаррирлик қилишида қўл келди. И.Акбаров таҳрири остида М.Юсупов ва О.Ҳалимовлар томонидан тўплаб нотага ёзиб олган «Хоразм мақомлари» (6 том), «Хоразм ашулалари» (7, 9 томлар), «Қорақалпоқ қўшиқлари» (8 том) нашр эттирилди. 1980 йилларда эса М.Юсупов томонидан «Хоразм мақомлари» қайта тайёрланган уч жилдлик тўплами ҳам И.Акбаров таҳрири остида чоп этилди. Навоий, Муқимий ва Фурқат ғазалларига басталанган ашулалар нотасини икки жилдлик тўплам сифатида тайёрлади ва 1949, 1952 йилларда чоп эттирилди.
Ил.Акбаров ижодий фаолиятида ёш авлоднинг мусиқий саводини ўстиришга катта эътибор бериб, кўп йиллар давомида М.Қориёқубов номидаги Ўзбек давлат филармониясида маърифий ишларни олиб борди. Умумтаълим мактабларида мусиқа дарсларини такомиллаштириш борасида С.Ҳайитбоев ва Т.Ҳусаиновлар билан ҳамкорликда дастурлар ва дарсликларни яратди, услубий қўлланмалар тузди.
Ил.Акбаров 1934 йили болалар театрида саҳнага қўйилган «Ёрилтош» спектаклига мусиқа басталади, болалар учун қатор қўшиқлар яратди. И.Акбаров ўзбек бастакорларидан Тўхтасин Жалилов, Юнус Ражабийлар билан дўстона муносабатда бўлиб, уларнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятлари тўғрисида «Тўхтасин Жалилов» (Ғ.Ғулом номидаги нашриёт, Т., 1978й.) ва рус тилида «Юнус Ражабий» (Изд. «Сов.композитор» М., 1982г.) китобларни ёзиб чиқарди. Бастакорлар уюшмаси ҳайъатининг аъзоси ва Мусиқа фонди ҳайъати раиси сифатида узоқ йиллар давомида фаолият кўрсатди.
Ил.Акбаров 1956 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони, 2000 йилда «Эл-юрт ҳурмати» ордени ва бошқа орден, медаллар билан тақдирланган.
ОРЗУ АЗИМОВА
(1948)
Санъатшунослик фанлари доктори, Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори Орзу Азимова ўзининг илмий-назарий китоблари, мақолалари, турли мавзуларда ўқиган маърузалари билан Республика мусиқашунослигининг ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Азимова (Рахимова) Орзу Нишоновна 1948 - йил 27 - августда Тошкент шаҳрида туғилган. Орзу болалигидан мусиқага қизиқди ва 1955 - йили В.А.Успенский номидаги Республика махсус мусиқа мактабининг фортепиано синфига ўқишга кирди. 1967 йили мактабни назария бўлими бўйича битирди. Ўша йили Тошкент давлат консерваториясининг тарихий-назарий факультетига ўқишга кирди ва 1972 йили имтиёзли диплом билан тугатиб, аспирантурада ўқишни давом этирди. 1980 йили «Музыкальная форма ашула (структурно-типологический анализ)» мавзуида номзодлик диссертациясини Москва шаҳрида муваффақиятли ҳимоя қилди.
О.Азимованинг меҳнат фаолияти талабалик давридан бошланди. У 1968-1970 йилларда болалар мусиқа мактабида, 1970-1974 йилларда ўзи ўқиган мусиқа мактабида мусиқа назариясидан дарс берди. Диссертацияни ёқлаганидан сўнг консерваториянинг мусиқа назарияси кафедрасида ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент ва профессор лавозимларида ишлаб келмоқда. 1992-1996 йилларда мазкур кафедра мудири, 1996-1999 йилларда илмий ишлар бўйича проректор вазифаларида ҳам ишлади. Айни пайтда кафедра мудири ва профессори сифатида фаолият кўрсатмоқда.
О.Азимова 1983 йилдан буён Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси аъзоси. Илмий ишларининг асосий мавзуси ўзбек халқ мусиқасининг назарий томонларини таҳлил қилишга бағишланган: «О некоторых закономерностях ладоинтонационного становления в ашула», «О расчленённости в узбекской песенной монодии». Бу мақолалар 1976 йили «Проблемы теоретического музыкознания в Узбекистане» тўпламида чоп этилган. «Ашула жанр узбекской народной песенной лирики», («Звезда Востока» журнали № 1.1978 й.). «Основные принципы организации музыкальной строфы ашула» «Вопросы музыки и эстетики» тўпламида (Т., 1980 й.), «Канон и импровизация в мелодическом формообразовании ашула» 1982 й., «Общие принципы музыкальной организации ашула», «Актуальные проблемы изучения музыкальных культур стран Азии и Африки» тўпламида чоп этилган, («Фан» нашриёти, Т., 1983й.), «К вопросу о сравнительно-типологическом исследовании традиционной музыки» («Вопросы эстетики, истории и теории монодии» Т., 1988 й.).
2001 йилда Орзу Азимова «Вопросы синтаксиса восточной монодии (на примере традиционной музыки узбекского, каракалпакского и уйгурского народов») мавзусида докторлик диссертациясини ёқлади. Монография «Фан» нашриётида, 1989 йилда чоп этилган.
О.Азимова 1999 йилда биринчи бўлиб ўзбек тилида «Гармония. Назарий курс» ва 2004, 2017 йилларда “Garmoniya” дарсликларини, 2008 йилда “Диалог культур Центральной Азии: Книга 1. Звуковой мир каракалпаков”, “Диалог культур Центральной Азии: Книга 2. Тадиционный музыкальный язык узбекского, каракалпакского и уйгурского народов” илмий адабиётларини, «Замонавий гармония. Ўзбекистон композиторлари ижодида аккордлар таркиби» (ҳаммуаллиф Ш.Ибрагимова) ўқув қўлланмасини нашр этди. О.Азимова 4 та ўқув қўлланмани ўз таркибига киритган “Замонавий гармония” лойиҳаси (1. Do`smatov H. O`zbekiston kompozitorlari ijodiyotida sonorika. Т., 2015. Abdikayumova G. O`zbekiston kompozitorlari ijodiyotida faktura. Т., 2015. Mirtalipova O`zbekiston kompozitorlari ijodiyotida mikroxromatika. Т., 2015. Nuritdinova H. O`zbekiston kompozitorlari ijodiyotida modal ladlar. T.,2016.) нинг илмий раҳбари ва масъул муҳаррири. 2016 йилда О.Азимова ҳаммуаллифлар билан биргаликда мусиқа мактабларининг 1-, 4-, 5-синфлари учун «Сольфеджио» дарслигини чоп этди. 100 дан ортиқ илмий – услубий ва илмий, оммабоп мақолалари нафақат ўзбек ва рус, балки чет тилларда ҳам чоп этилган. “Shashmakam and Problems of Evolution of the Syntax of monody” IVth Muting of the Study Group on Makam of the Istambul, 1998, “Same principles of the form construction in maqom and professional genres of traditional Uzbekistan music” // Maqam Traditions of Turkie. Peoples. Berlin, 2006, шулар жумласидан.
Мусиқашунос олима Орзу Азимова турли йилларда ўтказилган республика ва халқаро мусиқий-илмий конференцияларда қатнашиб, долзарб мавзуларда маърузалар қилиб келмоқда. О.Азимова ўзбек ҳамда Шарқ мусиқасининг муҳим ва долзарб назарий масалаларини мустақил тадқиқ қилиш илмий ишлари билан бирга консерваторияда талабаларга «Гармония», «Замонавий гармония», «Мусиқа шакли», «Сольфеджио» фанларидан ўзбек ва рус тилларида дарс бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Рустамбек Абдуллаев ўзининг илмий ишлари, педагоглик фаолияти билан Ўзбекистон мусиқашунослиги ва санъати ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Рустамбек Самиғович Абдуллаев Тошкентда Ўзбекистон халқ рассоми оиласида 1947 йил 13 декабрда туғилди. Болалигидан мусиқага қизиқди ва 1958-1965 йилларда Р.Глиэр номидаги республика мусиқа мактаб-интернатида халқ чолғулари бўлимида таълим олди. 1965-1970 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг тарихий-назарий факультетида доцент А.Коральский синфида таҳсил олди. 1975 йилда эса консерваториянинг аспирантурасини Ф.Кароматов раҳбарлигида тамомлади.
Мусиқашунос Р.Абдуллаев ўқитувчилик фаолиятини талабалик давридан бошлаб 1969-1970 ўқув йилида педагогика билим юртида, 1970-1973 йилларда консерваторияда мусиқа назарияси ва Шарқ мусиқаси кафедраларида ишлади. 1975-1985 йилдан буён Санъатшунослик илмий тадқиқот институтида илмий ходим, бўлим мудири, 1985-1987 йилларда М.Уйғур номидаги театр ва рассомчилик институтида илмий ишлар бўйича проректор, 1993 йилдан санъатшунослик институтида катта илмий ходим, 2010 йилдан Ўзбекистон давлат консерваториясида профессор лавозимида ишламоқда.
Р.Абдуллаевнинг илмий фаолияти Ўрта Осиё халқларининг мусиқа меросини таҳлил ва тарғиб қилишга бағишланган. Бу соҳада у «Катта ашула жанри ва унинг ижрочилари» мавзуида номзодлик (1982) ва «Марказий Осиё халқлари маросим мусиқаси» мавзуида докторлик (1997) диссертацияларини ёқлади. «Обрядовая музыка Центральной Азии», «Ўзбек мусиқаси тарихидан хрестоматия» (Т.Соломонова билан ҳаммуаллифликда тузилган), «Народные певцы и музыканты» («Сов. Композитор» нашриёти, 1982 йил), «История музыки народов Средней Азии и Казахстана» китобида «Музыка для оркестра народных инструментов» номли қисми, «История узбекской музыки» 3-жилдида «Фольклор и профессиональная музыка устной традиции» қисми, «Файзулла М.Кароматли» рисоласи нашрдан чиққан.
Р.Абдуллаев 1969 йилдан бошлаб ўзбек анъанавий мусиқа дурдоналари бўлмиш халқ қўшиқлари, достонлар, катта ашулаларни тўплаш, нотага ёзиб олиш ва кейинчалик илмий ўрганиш мақсадида 1969-1989 йилларда фольклор экспедицияларда қатнашиб Ўзбекистон вилоятлари, Марказий Осиё ҳудудида яшаётган ўзбекларнинг мусиқа меросини ёзиб олди. Фольклор экспедиция материаллари асосида «Ўзбекистон анъанавий мусиқаси» (Ф.М.Кароматли билан ҳамкорликда), «Катта ашула», «Фарғона ҳофизлари» грамафон пластинкалар чоп этилди. Р.Абдуллаев 1975 йилдан бошлаб мусиқий фольклоршунослик муаммоларига бағишланган турли анжуманларда қатнашиб келмоқда.
Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасига Р.Абдуллаев 1979 йили қабул қилинган. 1985 йили уюшманинг тафтиш комиссияси аъзоси, 1995 йилдан эса унинг раиси. У Санъатшунослик илмий тадқиқот институти илмий кенгаш ва ихтисослашган кенгаш аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги қошидаги халқ ижодиёти кенгаши ҳайъати аъзоси.
Рустамбек Самиғович Абдуллаев мусиқа маданиятимиз тарғиботига қўшган хизматлари учун 2002 йилда «Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби» фахрий унвони билан тақдирланди.
(1934-2008)
Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, санъатшунослик фанлари номзоди Тожигул Адамбоева қорақалпоқ аёлларидан чиққан биринчи олима-мусиқашунослардан. У халқ мусиқа мероси, бахшилар ижоди ҳамда замондош санъаткорлар фаолиятини ўрганиш ва тарғиб қилиши билан республика мусиқа маданияти ривожига катта ҳисса қўшди.
Адамбоева Тожигул 1931 йил 20 май куни Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл шаҳрида дунёга келди. Болалигидан ота-онасидан айрилиб болалар уйида тарбияланди. 1940-1943 йилларда мусиқа мактабининг фортепиано синфида ўқиди. 1943-1950 йилларда Р.Глиэр номидаги Республика мусиқа мактаб-интернатида ўқиди. 1950-1955 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг мусиқашунослик факультетида профессор Я.Б.Пеккер раҳбарлигида таҳсил олиб, «Қорақалпоқ халқ мусиқаси тарихи» мавзуида диплом ишини ёқлади.
Т.Адамбоева 1955 йилдан Нукус шаҳри мусиқа мактабида фортепиано ва мусиқа назариясидан дарс берди, Республика радио қўмитасининг бадиий раҳбари сифатида фаолият юритди.
1959 йили Ўзбекистон фанлар академиясининг Қорақалпоғистон филиали Нукус шаҳрида очилиши билан Т.Адамбоева институтнинг санъатшунослик бўлимига ишга таклиф этилди. Мазкур даргоҳда у илмий ходим ва бўлим мудири вазифаларида узоқ йиллар давомида ишлади. Шу сабабли унинг ижодий-илмий фаолияти шу даргоҳ ва Қорақалпоғистон Бастакорлар уюшмаси билан (1966й.) боғлиқ. Т.Адамбоева Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси аъзолигига 1968 йилда қабул қилинган. Шу йили «Музыкальная культура каракалпакского народа» мавзусида диссертациясини ёқлади ва санъатшунослик фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлди.
Мусиқашунос Т.Адамбоева халқ мусиқа меросини ўрганиш мақсадида фольклор экспедицияларида қатнашиб машҳур бахшилардан куй, қўшиқ ва достонларни магнит тасмаларига ёзиб олди, уларни нотага тушириб тўпламлар тузди. Т.Адамбоева «XIX аср охири ва XX асрнинг биринчи ярмида қорақалпоқларнинг мусиқий маданияти», XIX асрда яшаб ижод этган машҳур бахши «Мусо Турумов ҳаёти ва ижодий фаолияти», Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артистлари, бастакор Ж.Шомуротов ва композитор О.Ҳалимовларга бағишланган йирик монографияларни яратди. Узоқ йиллар давомида Т.Адамбоева илмий ишлардан ташқари Қорақалпоғистон Бастакорлар уюшмаси ишларида фаол иштирок этиб келди. Бир неча йил уюшма ҳайъати раиси ҳам бўлди. Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси ҳайъати аъзоси этиб сайланди.
Т.Адамбоева серғайрат илмий-ижодий ва жамоатчилик фаолияти билан мусиқа маданиятига, қорақалпоқ санъатшунослик фанига катта ҳисса қўшди.