АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

04 май: Аскаров Акбаралини туғилган куни.


07 май: Гафурбеков Тухтасинни туғилган куни.


09 май: Лутфуллаев Хайрулла ни туғилган куни.


Сегодня день рождения отмечает
Миниахметова Эмиля.

Союз композиторов и бастакоров Узбекистана поздравляет с днем рождения!
Желаем Вам творческого подъема, карьерного и духовного роста!


АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



                           БОЗОРБОЙ ЎРУНОВ

(1951-2019)

Бозорбой Ўрунов Хоразм вилоятининг Хонқа туманида 1951 йилнинг 18 апрелида таваллуд топди. 1966 йилда Ургенч давлат мусиқа билим юртининг ўзбек халқ чолғулари бўлимига ўқишга кирди. 1974 йили Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг мусиқа факультетини муваффақиятли битирди. 1988-1993 йилларда Хоразм вилоят телерадиокомпанияси қошида «Мақом» ансамбли тузди ва унга раҳбарлик қилди.

Унинг «Гулла, яшна, юксал, Ўзбекистон», «Хоразм», «Дўстлик мадҳи», «Ўзбегим», «Лазги ҳақида қўшиқ», «Қутлуғ Наврўзи олам» каби қўшиқлари, яллалар, лапарлари ва бошқа асарлари ижрочиларнинг концерт дастурларидан кенг ўрин олган. «Мустақиллик қасидаси», «Ватан посбонлари», «Ўлкамизда шодиёна», «Хоразмда Хива бор», «Тўйга келинг» каби кўплаб асарлари «Ўзбекистон-Ватаним маним» танловида, Жалолиддин Мангубердининг 800 йиллиги, Хива шаҳрининг 2500 йиллик юбилей тантаналарида, оммавий тадбирларда жаранглади.

                               НАТАЛЬЯ ЯНОВ-ЯНОВСКАЯ

(1934)

Санъатшунослик фанлари доктори, профессор, мусиқашунос олима Янов-Яновская Наталья Соломоновна 1967 йилдан буён Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси аъзоси. Забардаст мусиқа тарихнависи, кўп қиррали олима, республикамиз мусиқа ҳаёти ва санъатшунослик фани ривожланиши жараёнида фаоллик кўрсатмоқда. Унинг «Музыка узбекского кино и киномузыка», «Узбекская симфоническая музыка», «Икрам Акбаров», «Муталь Бурханов. Время, жизнь, творчество» каби композиторларнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган монографиялари, замонавий профессионал мусиқанинг турли мавзу, долзарб масала ва муаммоларига бағишланган 200 дан ортиқ мақола, тақриз, оммабоп, маъруза матни ва илмий чиқишлари билан республикамизнинг маданий ҳаётига ва ўзбек санъатшунослик фанига улкан ҳисса қўшиб келмоқда.

 

Янов-Яновская (Левина) Наталья Соломоновна 1934 йилнинг 31 майида Россиянинг Екатеринбург шаҳридаги ҳарбий муҳандис оиласида таваллуд топди. Наталья 1952 йили Самарқанддаги умумтаълим мактабини олтин медаль билан битириб, Тошкент давлат чет тиллар институтига ўқишга кирди. Тошкентга ўқишга келган йили консерваториянинг кечки курсида ҳам ўқиди. 1953 йили консерваториянинг мусиқашунослик факультетига ўқишга кирди. 1958 йили профессор С.М.Векслер раҳбарлигида диплом ишини ҳимоя қилиб муваффақиятли битирди.

Н.Янов-Яновская ўқишни битиргандан сўнг меҳнат фаолиятини Ўзбекистон радиосининг чет эл бўлимида катта муҳаррирликдан бошлади. 1960-1992 йилларда Ҳамза номидаги санъатшунослик илмий тадқиқот институтида илмий ходим бўлиб ишлади. 1966-1987 йилларда у консерваторияда мусиқа назарияси фанидан дарс берди. Н.Янов-Яновская 1966 йили «Музыка узбекского кино» мавзуида ёзган диссертацияни ҳимоя қилиб санъатшунослик фанлари номзоди ва 1984 йили «Узбекская симфоническая музыка» мавзусида ёзган диссертациясини ҳимоя қилиб, санъатшунослик фанлари доктори илмий даражасига эга бўлди. 1990-2010 йилларда консерваторияда доцент, профессор, 2009-2014 йилларда консерватория қошидаги Илмий тадқиқот марказида етакчи илмий ходим лавозимларида фаолият кўрсатди.

Н.Янов-Яновская илмий асарлари: “Музыка узбекского кино и киномузыка” (Фан. Т.1969г.), «Узбекская симфоническая музыка» (Ғ.Ғулом номидаги нашр. Т.1979й.), «Икрам Акбаров» (Г.Гулям, Т. 1990 й.), «Муталь Бурханов. Время, жизнь, творчество» (1999 й.), Узбекская музыка и ХХ век. (Т., 2007), Памяти наших учителей (Я.Янов-Яновский ва Д.Янов-Яновский билан ҳамкорликда. Т.,2010), “Композитор Икрам Акбаров” (Т., 2011) монографиялари, мусиқа санъатига боғлиқ қуйидаги тўпламларнинг айрим бобларини ёзди. Жумладан, «История узбекской сов.музыки» уч томли китобдаги биринчи, иккинчи ва учинчи бобларни; «История музыки Средней Азии и Казахстана»да учинчи, тўртинчи ва бешинчи боблари; «История музыки народов ССР»да олтинчи боб; «История и современность»да «Инструментальный концерт в Узбекистане» мақоласи (Москва, 1972 й.), «Сов.музыкальная культура» китобида «Макомы и узбекская симфоническая музыка», Москва. 1980 й., «Сов музыка на современном этапе» тўпламида «О национальном стиле современной узбекской симфонической музыки» (Москва. 1981г.), «Музыкальная культура братских народов» тўпламида «Пути освоения жанра» (Киев, 1982й.), «Музыка народов Азии и Африки» тўпламида «У истоков многоголосия в узбекской музыке» (4 китоб, 1984 й.) мақолалари, «Борбад и художественные традиции народов Центральной и Передней Азии» тўпламида «К вопросу о «Восточном симфонизме» мақола-маърузаси (Душанбе. 1990й.), «Культура Среднего Востока» тўпламида «Национальные традиции и современное симфоническое творчество» (Ташкент. 1992 г.), «Общественные науки» журналининг 5- ва 6-сонларида 1992 йилда «О современном этапе развития узбекской музыкальной культуры» мақолалари, «Традиции и новаторство в искусстве Центральной Азии» тўпламида «О путях формирования узбекской композиторской школы (на примере стилей) И.Акбарова и М.Бурханова» (Т.,1995й.), “Мустақиллик ва маънавий тараққиёт китобида” “Узбекское музыковедение последнего десятилетия ХХ века: обретения, проблемы” (Т., 2001), “Мусиқа ижодиёти масалалари” тўпламида “Мусиқашунослик муаммоларига бир назар” (Ф.Кароматли билан ҳамкорликда, Т., 2002), “Европейский театр в исламском мире: постсоветские трасформации в театральном искусстве Центральной Азии” китобида “Узбекская опера как явление интертекста” (Т., 2003), “Традиционное и современное искусство Казахстана и Средней Азии” тўпламида “Теория интертекста в ее проекции на восточную музыку” (Олмаота, 2004), “Ўзбекистон санъатида маданий толерантлик ва анъаналарнинг ўзига хослиги” тўпламида “Проблемы музыкального времени и пространства в контексте диалога культур” (Т.,2005), “Санъатшунослик масалалари”нинг II – тўпламида “В поисках научной истины” (Т.,2005), “Процессы реформирования музыкального образования” китобида “К вопросу об историзме мышления” (Т.,2009), “Голос человеческий” китобида “Современность, освященная с историей” (М.,2011) «Музыкальное образование XXI века: проблемы и решения» Халқаро илмий-амалий конференция мақолалар тўпламида “К проблеме создания “Истории узбекской музыки ХХ века” (Т.,2014) мақолалари, Англияда 2000 йилда чоп этилган «Мусиқа энциклопедияси» китобига Марказий Осиё композиторларининг ижодий фаолиятини ёритган 24 та мақола. Москвада чоп этилган журналга Н.Янов-Яновская 40 дан ортиқ илмий мақола ёзди. Мусиқашунос олиманинг кўпгина мақолалари интернет сайтларида мунтазам чиқмоқда.

Н.Янов-Яновская тинмай ижодий меҳнат қилиб, республикамиз мусиқий илмий даражасини кўтаришда жонбозлик кўрсатди. У ўзбек замонавий профессионал мусиқа санъати ва санъатшунослик фанининг ривожланиш жараёнига самарали катта ҳисса қўшди. У 1972 йили мусиқашунослар кўрик танловида 1 даражали дипломга сазовор бўлди.

Янов-Яновская Наталья Соломоновна консерваторияда кўп йиллик педагоглик фаолияти давомида кўплаб ёш мусиқашунос мутахассисларни тарбиялади. Унинг раҳбарлигида ўнлаб талабалар диплом ишларини муваффақиятли ҳимоя қилиб республикамизда ва чет элларда фаолият кўрсатиб келмоқдалар. 2000 йилларга қадар устоз раҳбарлигида санъатшунослик фанлари номзоди илмий даражасига қуйидаги мусиқашунослар муваффақ бўлдилар: С.Воҳидов, З.Мирҳайдарова, С.Мирхўжаева, Н.Ҳасанова, О.Беков (Ўзбекистон), Е.Осипова (Туркманистон), И.Н.Захарченко (Қозоғистон), Л.Назарова (Тожикистон), А.Н.Жешинский (Қирғизистон).

Н.Янов-Яновская шу билан бирга диссертация ёқловчиларга оппонентлик қилди. У Санъатшунослик илмий тадқиқот институти таркибидаги ихтисослашган кенгашнинг 1981 йилдан буён аъзоси. 1992-1998 йилларда Ўзбекистон Олий Аттестация комиссияси кенгаши аъзоси, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасининг мусиқашунослик ва танқидчилик комиссияси раиси, 2003-2005 йилларда Олмаотадаги М.Ауэзов номидаги тил ва адабиёт институти қошидаги диссертацияларни ҳимоя қилиш бўйича махсус кенгаш аъзоси сифатида фаолият кўрсатди.

Н.Янов-Яновская 2001 йилда «Дўстлик» ордени билан тақдирланган. 1991-1992 йилларда Халқаро таржимаи ҳоллар марказининг (Кэмбридж, Англия) ва 1993 йили Америка таржимаи ҳоллар институтининг (Шимолий Каролина) «Йил аёли» номинацияларига сазовор бўлган.

РАВШАН ЮНУСОВ

(1949)
Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, санъатшунослик фанлари номзоди, Ўзбекистон давлат консерваториясининг мақом тарихи ва назарияси кафедраси профессори Равшан Юсупович Юнусов кекса авлод мусиқашуносларидан биридир. У муаллимлик, илмий-ижодий ва ташкилотчилик фаолияти билан юртимиз мусиқа маданиятини юксалтириш, ёш мутахассисларни тарбиялаш, миллий мусиқий қадриятларимизни тиклаш ва эзгу ниятларимизни рўёбга чиқаришда ҳормай-толмай хизмат қилиб келмоқда.

Юнусов Равшан Юсупович 1949 йилнинг 20 июлида Тошкент шаҳрида туғилди. 1964 йили Ҳамза номидаги пойтахт мусиқа билим юртининг мусиқа назарияси бўлимига ўқишга кирди. 1969 йили мусиқа билим юртини битириб, Тошкент давлат консерваториясининг мусиқашунослик факультетига қабул қилинди. Умидли мутахассис 1974 йили консерваториянинг аспирантурасига киради. Мақом санъатининг билимдони, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Исҳоқ Ражабов илмий раҳбарлигида илмий изланишларини давом эттиради. Устози бошчилигида мумтоз мақом санъати асосларини ўрганди ва ўқишни битиргач, шу масалада изланишларини янада кенгайтирди. “Черты общности и различий в макомах и мугамах” номли ўзбек ва озарбайжон халқларининг мумтоз мусиқа жанрларининг қиёсий таҳлилига бағишланган номзодлик диссертациясини ёзиб, 1983 йили уни муваффақиятли ҳимоя қилди.

Р.Юнусов меҳнат фаолиятини 23-сонли болалар мусиқа мактабида дарс беришдан бошлади. У 1969-1974 йиллари назарий фанлар ва фортепиано ўқитувчиси, 1978-1981 йилларда консерваториянинг Халқ мусиқа кабинети мудири. 1979-1983 йилларда консерваториянинг Шарқ мусиқаси кафедраси ўқитувчиси, 1983-1987 йиллари композиторлик-мусиқашунослик факультети декани, 1989-1992 йиллари мусиқа тарихи кафедраси мудири, 1992-1996 йиллари илмий ишлар бўйича проректор, 1996-1997  йилларда Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирининг ўринбосари, 1997-2002 йилларда М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваторияси ректори, 2002-2008 йилларда мусиқий шарқшунослик кафедраси мудири, 2008-йилдан кафедра профессори лавозимида фаолият кўрсатиб келмоқда. 1995 йилда Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасининг Х-қурултойида ҳайъат аъзоси ва жамоатчилик асосида раис ўринбосари вазифасига сайланган.

Р.Юнусовнинг ишлари турли мавзуларда, ўзбек ва рус тилларида ёзилган монография, рисола, ўқув қўлланма, хрестоматия, 150 дан ортиқ мақола, маъруза матнлари, ўқув дастурлар, тақризлардан иборат. Улардан айримларининг номларини эслатиб ўтамиз: “К проблеме узбекско-азербайжанских музыкальных связей» («Элм», Боку, 1977 й.), «Озарбайжон муғомлари» («Сов.Ўзбекистони санъати» журн. № 10,1978 й.) «Некоторые черты цикличности в макомах и мугамах» («Мецниереба», Тбилиси, 1979 й.), «Структурные особенности макомов и мугамов» («Вопросы музыки и эстетики», сб. 639, Ташкент, 1980 г.), «О сравнительном изучении макомов и мугамов» (изд. Г.Гуляма, 1981г.), «Мақомлар хусусида» («Билим» жамияти, Т. 1982 й.), «О параллелях в макомате и мугамате» («Вопросы музыковедения Узбекистана», № 692, Ташкент, 1982 г.) «Мақом асослари» курси дастури (А.Кушаев билан ҳаммуаллифликда педагогика институтлари мусиқа факультетлари учун Тошкент, 1982 й.), «Нодир санъат кўриги» («Тошкент ҳақиқати» газетаси 01.02.1983 й.), «Черты общности и различий в макомах и мугамах» (автореферат кандидатской диссертации, Ташкент, 1983г.), «К изучению макомно-мугамных жанровых соотношений» («Вопросы теории истории и исполнительства в музыке Узбекистана», Ташкент, 1984 г.), «Халқ бойлиги» («Ўзбекистон маданияти» газ. 1979 й.), «Очиқ хат» («Сов. Ўзбекистони санъати» журн. № 5,1985 й.) «Мусиқавий тил билан», мақола («Тошкент ҳақиқати» газ. 1987 й. 2 сентябр), «Фаттоҳхон Мамадалиев куйлайди» («Тошкент ҳақиқати» газ. 1988 й. 3 январ), «Новая жизнь макомных традиций» («Мелодия» № 2, журн. Москва, 1988 г.), «Мусиқа, давр, тингловчи» («Тошкент ҳақиқати», газ. 1988 й., 2 декабр), «Нафосат маскани» (газ. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 1988 й. 16 декабр), «Навқиронлик» композитор Ҳабибулло Рахимов ижодий қиёфасига бир назар, («Санъат» журн. № 9,1990 й.), “Макомы и мугамы. К типологии жанров узбекской и азербайжанской профессиональной мелодии” монографияси (изд. «Фан», 1992 г.), «Навоий ғазаллари Ф.Мамадалиевнинг мусиқий талқинида» («Гулистон» журн. № 5, 1996 й.), «Қўшиқми ё ашула», мақола («Гулистон» № 2, жур. 1997 й.), «Мирсодиқ Тожиев ва ўзбек симфонияси» (Мусиқа ижодиёти масалалари, Т. 1997й.), А.Назаров билан ҳаммуаллифликда «Бухоро-Шарқ дурдонаси» (мусиқа мақоласи—ўзбек, инглиз ва рус тилларида. Т. 1997 й.), «Исҳоқ Ражабов — XX аср мақом алломаси» (Санъатшунослик масалалари. Илмий мақолалар тўплами, Т. 1998 й.), «Шашмақом тароналари хусусида» (Мусиқа ижрочилиги ва педагогикаси масалалари, тўплам № 1, 1999 й.), «Жаҳон андозаларидаги мусиқий қадриятларимиз» («Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газ. 18.09.1998 й.), «Ўзбек халқ мусиқа ижоди» ўқув қўлланмаси, иккинчи қисм («Зиё чашмаси», Т., 2000), «Миллий истиқлол мафкураси ва мусиқий жараён» («Мусиқа ижодиёти масалалари, 2 - тўплам. Т., «Янги аср авлоди», 2002), О.Иброҳимов ва Ф.Кароматли билан ҳаммуаллифликда «Халқ мусиқа ижодиёти», «Мумтоз анъанавий касбий мусиқа» мақолалари («Ўзбекистон санъати» 1991-2001 йиллар, Тошкент, «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти, 2001 й.). Шунингдек, Х.Азимовнинг «Фортепиано дарслиги» (Тошкент, «Ўқитувчи» нашриёти, 1998 й.); Ф.Мамадалиевнинг «Миллий мусиқа ижрочилиги масалалари» (Т., «Янги аср авлоди», 2001 й.) қўлёзмаларини нашрга тайёрлаб чоп эттирган. «Шашмақом чолғу йўллари» — 5 та альбомга аннотациялар (т., 1987-1994), «Шашмақом ашула йўллари: Бузрук мақоми альбомига аннотация (1992 й.), “Фахриддин Содиқов” монографияси (Т.,2005), Миллий энциклопедияда “Мақом”, “Мақом ансамбли” мақолалари, Мақом ва муқом жанрлари қиёсига доир (Санъатшунослик масалалари. II, Т.,2005), Фаттоҳхон Мамадалиев ижодида мақом анъаналари (Шашмақом анъаналари ва замонавийлик (Т., 2005), О жанрово-стилевых особенностях научного симпозиума «Мир мугама» (Озарбайжон, инглиз, рус ва араб тилларида. Баку. 2009), Ўзбек халқ мусиқа ижоди. II қисм. (Т., 2000), Сольфеджио дарслиги (О.Иброҳимов билан ҳаммуаллифликда, Т., 2004) ўқув қўлланмаси, “О танцевальном в циклической структуре макома”//Материалы научного симпозиума на тему “Наука о мугаме в Азербайджане: реалии и перспективы” (7-9.03.2018), проведенный в рамках V Международного фестиваля «Мир мугама» (Баку, 2018), «Композитор Мирсодиқ Тожиев» илмий монографияси (Т., 2018) ва б.

Р.Юнусов бир қатор ҳужжатли фильмлар сценарийси муаллифидир. “Композитор Мирсодиқ Тожиев” (реж.А.Фатхулин, 2000), “Ризқи Ражабий. Мангулик ҳақида ўйлар” видеофильми (реж.Д.Шамс, 2001), “Исҳоқ Ражабий. Сўнмас юлдуз шуъласи” видеофильми (реж.Д.Шамс, 2002), “Турғун Алиматов” 2 қисмли ҳужжатли ўқув фильми (реж.А.Фатхулин, 2012) шулар жумласидан.

У Ўзбекистон композиторларининг ижодига бағишланган аннотациялар, буклетлар ҳамда номзодлик диссертацияларини ҳимоя қилувчиларга оппонент, тақризлар муаллифидир. Шу жумладан Абдулазиз Ҳошимов, Оқилхон Иброҳимов, Салоҳиддин Муҳаммад Ҳасан, З.Зафарова, С.Райимбергенова, Е.Алкон каби олимларнинг камолотга етишишида ҳиссаси катта. Айниқса, унинг ўзбек мусиқа мероси, мақом, бастакорлик ижодига бағишланган радио ва телевизион туркумлари мухлислар томонидан илиқ кутиб олинган.

Р.Юнусов 1999 йилда «Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби» фахрий унвони билан тақдирланган.

                     КАРОМАТДИН УТЕГЕНОВ

(1924-1998)

Қорақалпоқ Автоном Республикаси ХХ аср мусиқа санъати намояндаларидан бири, мусиқашунос Кароматдин Утегенов турли мавзуларда ёзган илмий ва оммабоп мақолалари, оғзаки маърузалари, педагоглик ва жамоатчилик фаолияти билан республика маданий ҳаётида фаол қатнашди ва эл-юрт ҳурматига сазовор бўлди. Йиллар давомида чоп этилган ва нашр қилинмаган кўп илмий мақолалар, дарслик ва қўлланмалар ёзди. 1978 йили Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасига қабул қилинди.

Кароматдин Утегенов Нукус шаҳрида 1924 йилнинг 30 декабрида дунёга келди. 1939 йилдан Тўрткўл болалар мусиқа мактабининг фортепиано синфида ўқиди. 1946-1948 йилларда К.Станиславский номидаги мусиқа театрида хор артисти, 1948-1949 йилларда Нукус шаҳридаги 4-болалар боғчасида пианиночи бўлиб ишлади. 1949-1952 йилларда ҳарбий хизматни бажариб, 1952-1956 йилларда Ҳамза номидаги Тошкент давлат мусиқа билим юртининг мусиқа назарияси ва тарихи бўлимида ўқиди. 1956-1961 йилларда эса Тошкент давлат консерваториясининг мусиқа назарияси ва тарихи факультетида таҳсил олди. Бу икки ўқув даргоҳлар К.Утегеновнинг мусиқашунос бўлиб етишиб чиқишида муҳим роль ўйнади.

Мусиқашунос К.Утегенов Тошкентдаги иш фаолиятини ўқиш билан биргаликда бошлади. У 1957-1958 йилларда болалар мусиқа мактабида дарс берди. 1960-1961 йилларда Ҳамза номидаги Тошкент санъатшунослик илмий тадқиқот институтида мусиқа бўлими лаборанти лавозимида ишлади, 1961 йили «Қорақалпоқ халқ қўшиқлари» мавзуидаги диплом иши билан консерваторияни битиргач, 1961-1963 йилларда Нукус давлат мусиқа ўқув юртида педагог ва илмий мудири, 1963-1965 йиллари К.Станиславский номли мусиқа театрида концертмейстер, 1966-1971 йилларда Нукус шаҳрининг 1-сон болалар мусиқа мактабида ўқитувчи ва 1961-1990 йилга қадар Ж.Шомуратов номидаги Нукус давлат мусиқа билим юртида ўқитувчи бўлиб фаолият кўрсатди. 1984-1986 йилларда Қорақалпоқ Бастакорлар уюшмасининг масъул котиби лавозимида ишлади.

Мусиқашунос К.Утегенов педагоглик фаолияти билан бирга умрининг охиригача илмий-назарий ишлар билан ҳам шуғулланиб келди. Унинг қаламидан қуйидаги китоб ва мақолалар бунёдга келди: 1966 йили ўрта таълим мактабларининг 5-8-синфлари ва 1968 йили 1-4-синфлари учун «Мусиқий китоб»ларни Т.Давлатмуродова билан ҳамкорликда ёзди. Улар 1970 йили биринчи синфлар учун «Мусиқа алифбоси», 1973 йили «Ашула дарслиги»ни, 1-7-синфлар учун «Ашула айтиш» дастурини яратдилар. К.Утегенов Н.А.Римский-Корсаковнинг «Практический учебник гармонии» (1966), В.А.Вахромеевнинг «Элементар мусиқа назарияси» (1969), Б.Штейнпресс ва И.Ямпольскийларнинг «Краткий словарь любителя музыки», Евсеев, Соколов, Дубовскийларнинг «Гармония дарслиги» дарсликларни рус тилидан қорақалпоқ тилига таржима қилди. Йиллар давомида турли мавзуларда илмий, илмий-оммабоп мақолалари газета ва журналларда чоп этилди.

                             ФАЙЗУЛЛА ТЎРАЕВ

(1940-2020)

Таниқли санъатшунос олим, профессор Файзулла Жўраевич Тўраев 1940 йилнинг 18 майида Бухоро вилоятида таваллуд топди. 1958-1963 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг халқ чолғулари бўлимида таҳсил олди. 1963-2014-йилларда Бухоро давлат университетининг “Мусиқа” кафедрасида ёш авлодга таълим берди. 1989 йилдан педагогика фанлари номзоди.

Ф.Тўраевнинг илмий ишлари санъатшунослик ва мусиқа таълими муаммоларига бағишланган. У Бухоро мусиқа фольклори ва Бухоро Шашмақоми тарихи тадқиқотига бағишланган 3 та монография, 2 та илмий рисола ва 170 га яқин илмий, илмий-публицистик, илмий-тарихий ва педагогик мақолалар муаллифидир. Жумладан, олимнинг 2005 йилда “Мақом асослари”, 2009 йилда “Ўзбек чолғу асбоблари учун миллий куйлар” (С.Дўстов ва О.Файзиев билан ҳамкорликда) ўқув қўлланмалари, 1996 йилда “Санъаткор хонандаси”, 2008 йилда “Бухоро муғаннийлари”, 2005 йилда О.Сафаров ва О.Атоев билан ҳамкорликда ёзган “Бухорча” ва “Мавриги” тароналари” монографиялари нашр юзини кўрди.

Илмий изланишлар билан бирга Файзулла Тўраев бастакорлик билан ҳам шуғулланиб бир қатор сара куй ва қўшиқлар яратди. Халқ чолғулари ансамбли учун “Гулдаста”, қашқар рубоби учун “Насими субҳ” куйлари, “Гулга ошиқ” (М.Халил сўзи), “Онажон” (М.Дадабоев сўзи) ашулалари, болалар учун “Баҳор” (Д.Каримова), “Қор” (халқ сўзи), “Баҳоржон” (С.Барноев сўзи), “Баҳор келди” (Н.Комилов сўзи), “Боғча ялласи” (О.Сафаров сўзи) каби қўшиқлари жамоатчилик томонидан эътироф этилган.