СВЕТЛАНА МАТЁҚУБОВА
(1952)
Санъатшунослик фанлари номзоди, доцент, мусиқашунос олима Матёқубова Светлана Қаҳоровна 1951 йилнинг 12 декабрида Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида таваллуд топган. Аввал Бухоро, кейин Тошкент давлат мусиқа билим юртида таҳсил олган. 1976-йилда Тошкент давлат консерваториясининг мусиқий-назарий бўлимини профессор С.А.Закржевская синфида тамомлаган. 1973-йилдан 24-сонли Болалар мусиқа мактабида мусиқий назарий фанлардан дарс берган, 1980-йилдан консерваториянинг мусиқа назарияси кафедрасида педагоглик фаолиятини олиб бормоқда, 2010 йилдан доцент в.б. С.Матёқубова 1990 йилда “Принцип цикличности и циклические формы в восточной монодии” мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлаган.
С.Матёқубованинг илмий изланишлари ўзбек халқи миллий меросини тадқиқ этишга қаратилган. Олима ўзининг бир қатор услубий ва илмий – тадқиқий мақолалари билан илмий-амалий конференцияларда, мақолалар тўпламларида, газета ва журналларда чиқишлар қилиб, танлаган мавзуни кенг доирада очиб беришга муяссар бўлди. “Искусство бухарских созанда” (Мақолалар тўплами, Т., 1983), “О цикличности в макоме” (Regionale magma-Tradinionen in Geschichte und Gegenwart, Berlin, 1992), “О цикличности в Занг-бози” (Ўқитувчилар илмий амалий конференцияси, Т., 2009 ), «О некоторых типах циклов в узбекском музыкальном фольклоре» (И.Акбаровнинг 100 йиллигига бағишланган мақолалар тўплами, Т., 2009) мақолалари С.Матёқубова қаламига мансуб.
Шунингдек, олима 1936-1943 йилларга оид Ўзбекистон мусиқий фольклори ёзувлари тўпламини йиғди, “Сольфеджио дарслигида ритм машқлари” (2009), “Барокко. Стилевые проявления в искусстве” (2011), сольфеджио бўйича уч қисмдан иборат бўлган дарслик: “Макомные ритмы в курсе сольфеджио” (2011), “Мақом сольфеджиоси. Чолғу йўллари” (2013), “Намудлар сольфеджио дарсларида” (2015) ўқув услубий қўлланмалари муаллифидир. 2015 йилда кўп йиллик изланишлар натижасида С.Матёқубова “Алексей Козловский. Воспоминания. Статьи. Документы. Стихотворения” монографиясини нашрдан чиқарди.