АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

20 май: Адамбаева Тожигулни туғилган куни.


25 май: Иноятова Насиба ни туғилган куни.


Сегодня день рождения отмечает
Ташпулатов Музаффар .

Союз композиторов и бастакоров Узбекистана поздравляет с днем рождения!
Желаем Вам творческого подъема, карьерного и духовного роста!


18 май: Тураев Файзуллани туғилган куни.


23 май: Турсунова Гулшаной ни туғилган куни.


17 май: Чаршемов Жамил ни туғилган куни.


АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



 АЛИМОВ

(1947-2014)

 

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, композитор Фарҳод Алимов ўзбек мусиқа санъатининг забардаст вакилларидан бири. У ёрқин ижодий фаолияти билан XX аср 80-йилларининг иккинчи ярмида Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасига кириб келди. Тез орада унинг ранг-баранг, жўшқин ва жозибали қўшиқлари, ўзбек халқ чолғу оркестрига ва театр учун ёзган асарлари билан мусиқа шинавандалари қалбидан жой олиб, замонавий мусиқа санъати тараққиётига салмоқли ҳисса қўшди.

Алимов Фарҳод Ғуломжон ўғли 1947 йилнинг 23 октябрида Тошкентда дунёга келди. 1959-1965 йилларда Р.Глиэр номидаги республика мусиқа мактаб-интернатида ғижжак чолғусида О.Холмухамедов синфида ўқиди. 1965-1970 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг ўзбек халқ чолғулари факультетида таҳсил олди ва Ўзбекистон радиоси қошидаги ўзбек халқ чолғулари оркестрига созанда бўлиб ишга кирди. Оркестрда ишлаб юрган пайтларида мусиқа басталашга интилиб, қўшиқ ва куйлар ёза бошлади.

Композиторлик малакасига эга бўлиш учун 1972 йили консерваториянинг тайёрлов курсларида, сўнгра асосий босқичда Б.Гиенкодан таълим олди. 1975 йилдан бошлаб А.Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтида катта ўқитувчи, 1993 йилдан доцент лавозимларида ишлади. 1995 йилдан Тошкент давлат консерваторияси оркестр дирижёрлиги кафедрасида доцент, 2007-2013 йилларда бастакорлик ва чолғулаштириш кафедрасида профессор лавозимида фаолият юритди.

Ф.Алимов мусиқа санъатининг деярли барча жанрларида самарали ижод қилди. У яратган симфония, овоз ва симфоник оркестр учун концерт, «Мафтунингман, Тошкент» (Н.Нарзуллаев сўзи) вокал-хореографик поэмаси, «Она сайёрани асранг» (Н.Нарзуллаев сўзи) кантатаси, «Ибн Сино ҳаётидан лаҳзалар» симфоник поэмаси, ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Шодиёна», «Табрикнома» ва «Тўёна» увертюралари, «Концерт», камер оркестр учун сюита, торли квартет, жўрсиз хор учун Навоий рубоийларига «Муҳаббатнома» туркуми, Бобур рубоийларига «Дил садоси» туркуми каби асарлари ўзининг мазмундорлиги, миллий руҳи ва таъсирчанлиги билан ажралиб туради.

Ф.Алимов 1990-йиллардан бошлаб саҳна асарларга мусиқа басталашда катта ютуқларга эришди. Масалан; «Муҳаббатнома», «Бахшида» номли балетлар унинг дастлабки асарлари ҳисобланса, Муқимий номидаги мусиқали театр учун ёзган «Юсуф ва Зулайҳо» (Р.Бобожон пьесаси), «Фотима ва Зуҳра» (Ў.Умарбеков романи асосида Р.Маъдиев пьесаси), «Нодирабегим» (Т.Тўла пьесаси, 1992й.), «Девона» (Р.Маъдиев пьесаси, 1995й.), «Сойибхўжа операцияси» (С.Имомов пьесаси, 1996й.), «Супер қайнона -1, -2» (С.Имомов пьесалари, 1999,2002йй.), «Ўлдинг, азиз бўлдинг» (Х.Хурсандов пьесаси), «Муҳаббат туйғуси» (С.Имомов асари), «На фалакман, на малак». (Н.Қобул асари), «Оқ кабутар» (О.Ҳакимов асари), “Алла” каби мусиқали драма ва комедиялари композиторга шуҳрат келтирди.

А.Ҳидоятов номидаги драма театри учун «Қаллоблар» (Маринье асари), «Бир эшак ҳангомаси» (Ф.Дюрренмат асари) мюзикл, «Пайванд» (Пиранделла асари), «Ғаройиб оқшом» (Тофиқ ал-Ҳаким асари), «Чеча» (М.Юсуф пьесаси), «Қирол Лир» (Шекспир асари), «Электра» (Софокл асари) спектакларига мусиқа басталади, «Наврўза» (Антакольский асари), «Ассалому алайкум, қизлар» (Цигарелли пьесаси), «Сеҳрли ҳасса» (М.Алиева асари) мюзиклларини яратди.

Композитор Ф.Алимов 1990-йилларнинг иккинчи ярмида «Меҳробдан чаён» (А.Қодирий асари), «Юсуф ва Зулайҳо» (Р.Бобожон асари) бадиий фильмларига, «Самарқанд обидалари ва музейлари», «Ватан бизники, қаторда бормиз», «Санъат мактаби» каби ҳужжатли фильмларга мусиқа яратди.

Ўзбек халқ чолғулари оркестри ва эстрада хонандалари учун «Сен менинг Ватанимсан», «Бухорога қайтинг, лайлаклар», «Хайр, Самарқанд» (Хуршид Даврон сўзлари), «Марҳабо» (Я.Қурбон шеъри), «Аскар йигит» ва «Оҳангга тўлсин» (Б.Исроилов сўзлари), «Фасли баҳор эсингдами» ва «Муборак бўлсин» (Н.Нарзуллаев шеърлари), «Севишганлар» (Анвар Ҳожи шеъри), «Бибихонингман» ва «Футбол» (У.Азим шеърлари), «Ўзбекистоним сенга» ва «Сен қайдан биласан» (А.Орипов шеърлари), «Севдим деганларинг ёлғондир» ва «Йироқлашдим» (Чўлпон шеърлари) каби 100 дан ортиқ қўшиқлар яратди.

Болалар учун «Сариқ жўжаларим» (О.Пўлатов шеъри), «Ойижоним алласи», «Яшасин, дўстлик», «Ёз фасли» (Т.Махмудов шеърлари), «Посбон йигит» каби қўшиқларини ёзди.

Композиторнинг асарлари АҚШ, Франция, Германия, Испания, Миср, Хитой ва бошқа чет давлатларда муваффақиятли ижро этилди.

Ф.Алимов ўзбек мусиқа ривожига қўшган ҳиссалари Ҳукумат томонидан муносиб баҳоланди ва 2007 йилда “Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби” Фахрий унвони ҳамда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди.

       БАХТИЁР АЛИЕВ

(1938-2019)

Ўзбекистон халқ артисти, Давлат мукофоти совриндори, созанда ва бастакор Бахтиёр Алиев Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1991 йили қабул қилинган. Етакчи созанда кўп йиллар давомида «Баҳор» ансамбли ижро репертуарини ўзбек ва бошқа халқлар мусиқаси, замондош бастакорлар ва ўзи яратган рақс куйлари, қўшиқ ва яллалари билан бойитиб келди.

Бахтиёр Алиев 1938 йил 26 майда Тошкент шаҳрида туғилди. Мусиқага қизиқишини сезган ота-онаси марказий мусиқа мактабига ўқишга бердилар. 1952-1956 йилларда Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртининг чанг синфида илк устози Аҳмад Одиловдан сабоқ олди. 1956 йилда Тошкент давлат консерваториясида профессор Б.Ф.Гиенко синфида икки йил композиторлик бўлимида ўқиди.

Бахтиёр Алиев меҳнат фаолиятини 1955 йилда машҳур раққоса ва балетмейстер М.Турғунбоева билан биргаликда «Баҳор» рақс ансамбли ташкил этилиши билан бошлади ва кўп йиллар давомида шу ансамблда фаолият юритди. 1980-1990 йилларда А.Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтида ўқиди ва ишлади. 1991-1996 йиллари «Туркистон дурдонаси» рақс ансамблига раҳбарлик қилди, ижоди ва ижрочилик фаолияти «Баҳор» рақс ансамбли билан чамбарчас боғлиқ бўлди. Ўтган йиллар давомида у турли мавзуларда замондош шоирлар Т.Тўла, П.Мўмин, А.Пўлат, З.Нуруллаев, Ҳ.Яҳёев, Н.Нарзуллаев, З.Обидов, Ё.Мирзо, Назармат, А.Орипов, Ў.Рашид, Ш.Умаров, Ю.Ҳамдам ва бошқаларнинг сўзларига қўшиқ, ялла, вокал-рақс сюиталар яратди. Шу жумладан: «Маконим Ўзбекистон», «Ўзбекистон гуллари», «Ялла айтайин», «Тавоис», «Сумалак», «Дўстлик вальси», «Баҳор ўйнасин», «Сенсиз», «Гулдаста», «Гулсанам», «Гулбаҳор», «Ўзбекистон қизлари», «Эркалаб», «Қирқ қиз», «Оқ олтин», «Зардўз», «Духтари лола», «Табассум», «Бахт қўшиғи», «Даста гул», «Нозанин», «Бадахшон қизи», «Интизор», «Кўзларингни яширма», «Хаёлимдасан», «Наврўз», «Дил ноласи», «Ўзбекистон юлдузлари», «Уйғонибди лолалар», «Нилуфар», «Мукаррама-хоним ўйнасин», «Она», «Тошкент гўзали», «Кўнглим ноласи», «Баҳор нашидаси», «Бахтиёр ёшлик», «Дўстлик абадий қолур», «Ватанга жон туташган», «Тўй бугун». Унинг куйларига қўйилган рақсларни машҳур раққосалар Мукаррама Турғунбоева, Галина Измаилова, Клара Юсупова, Гулнора Маваева, Маъмура Эргашева, Қизлархон Дўстмуҳаммедова, Дилафруз Жабборова, Тамара Юнусова, Раъно Низомова, Малика Қаландарова, Валентина Романова, Малика Аҳмедова, Гулчеҳра Фозилжонова, Гулнора Жўраева, Ўғилой Муҳаммедова ва бш. ижро этганлар.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси учун эълон қилинган танловда Б.Алиев ҳам қатнашиб, А.Орипов шеърига яратган мадҳияси учинчи мукофотга сазовор бўлган.

Бахтиёр Алиев замонавий ўзбек қўшиқчилиги ҳамда рақс санъатини ривожлантиришдаги хизматлари учун муносиб тақдирланган: 1973 йили Давлат мукофоти лауреати, 1974 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», 1982 йили «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонлари, 2001 йили «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.

                          ХОЛМИРЗА АЗИМОВ

(1925-1992)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, моҳир педагог, созанда ва композитор Холмирза Азимов санъаткор бўлиш истагида болалигидан мусиқага қизиқди, шу соҳада машаққатли ҳаёт ва ижод йўлини босиб ўтиб, ўзбек йигитлари орасида илк олий маълумотли пианиночи, кейинчалик композитор сифатида танилди.

Холмирза Файзуллаевич Азимов Наманган шаҳрида дунёга келди. Холмирза беш ёшида отасидан етим қолди. У 1934 йилда ўрта таълим мактабига, икки йилдан сўнг Наманган мусиқа техникум интернати қошидаги мусиқа мактабининг фортепиано синфига ўқишга кирди. Бу даргоҳда Ленинграддан келган моҳир пианиночи Александр Германович Энгельд билан танишди. 1943-1945 йилларда армия сафига чақирилиб аввал Самарқанд шаҳрида, кейинчалик Харьков пиёдалар ҳарбий ўқув юртида хизмат қилди, лейтенант 1944-1945 йилларда урушда қатнашди. 1946-1949 йилларда мусиқа ўқув юртида ўқишини давом эттирди. 1949-1954 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг фортепиано факультетида профессор Н.М.Яблоновский синфида таълим олди.

Ўқишни битириб консерваторияда умумий фортепиано кафедрасида педагоглик ишини давом эттириб, умрининг охиригача катта ўқитувчи, доцент ва профессор илмий унвонларида фаолият юритди. 1961-1967 йилларда кафедра мудири ва сиртқи бўлими декани, 1967-1969 йилларда кундузги ижрочилар факультети декани, 1969-1971 йилларда илмий ишлар проректори, 1978-1987 йилларда кафедра мудири лавозимларида ишлади.

Нозик табиатли, юксак дидли, катта истеъдод соҳиби, моҳир фортепиано педагоги Х.Азимов мусиқа басталашга уринди ва профессор Г.А.Мушелдан маслаҳатлар олиб, ўзининг бастакорлик маҳоратини оширди. Севимли фортепиано учун куйлар яратди, ўзбек ва бошқа халқлар куйларини фортепиано учун қайта ишлади. Композитор кўп йиллик ўқитувчилик тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, мусиқа мактаблари учун педагогик репертуарни миллий асарлари билан бойитиш мақсадида қуйидаги мусиқий намуналар ва тўпламларни нашр эттирди: «Хрестоматия по общему курсу фортепиано» («Ўқитувчи». Ташкент, 1965 г.); «Фортепианные пьесы композиторов Средней Азии и Казахстана» (Алма-Ата, 1982 г.); «Фортепиано дарслиги» («Ўқитувчи». Ташкент 1971 г.); «Баллада, поэма для фортепиано» («Гафур Гулям», 1978 г.) «Хрестоматия по курсу фортепиано» («Ўқитувчи», Ташкент, 1979 г.); «Рапсодия для фортепиано» (изд. «Г.Гулям», 1980 г.); «Сборник детских пьес композиторов Узбекистана» («Сов. композитор», Москва, 1985г.); «Три пьесы из цикла «Невольница» для фортепиано («Г.Гулям», 1987 г.).

1971 йилда биринчи бўлиб ўзбек мусиқаси асосида ўзи яратган «Фортепиано дарслиги»ни чоп этди. Талабчан устоз бу дарсликни умрининг охиригача тўлдириб борди, қайта ишлади ва нашрга тайёрлади. Р.Юнусов композитор Х.Азимов хотирасини ёд этиб, у нашрга тайёрлаган «Фортепиано дарслиги»ни 1998 йилда чоп эттирди.

Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасининг 1989 йилдан аъзоси Х.Азимов композиторлик ижодида миллий руҳ билан суғорилган фортепиано учун “24 та пьеса”, Сонатина, “Пьесалар тўплами”, Поэма, баллада, рапсодия, 4 қисмли пьесалар туркуми, ноктюрн, 12 пьесадан иборат ўзбек куйлари асосида басталанган полифоник тўплам, баркаролла, учта прелюдия, 2 та фортепиано учун тўрт қўлда ижро этиладиган 12 та пьеса; скрипка, виолончель ва фортепиано учун Трио, виолончель учун иккита пьеса, скрипка ва фортепиано учун 12 та пьеса; альт скрипка ва фортепиано учун «Хаёллар», виолончель ва фортепиано учун поэма, овоз ва фортепиано учун «Баллада» (Б.Бойқобилов сўзи); «Эй гўзал» (Назармат сўзи), «Ўқилмаган хат» (О.Матжон сўзи), «Илтижо» (А.Орипов сўзи) романслари, «Интизор» (М.Қориев сўзи) балладаси, «Тошкент гуллари» қўшиғи (М.Қориев сўзи) ва ўзбек халқ чолғулари учун пьесалар яратди. 

Устоз санъаткор X.Азимовнинг миллий кадрлар тайёрлаш ва ижодий ютуқлари Ҳукумат томонидан муносиб баҳоланган. У 1986 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони, орденлар ва медаллар билан тақдирланган.

                            КАРИМ АБДУЛЛАЕВ

(1901-1977)

      

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, композитор ва жамоат арбоби Карим Абдуллаев ижодий фаолияти билан республика мусиқа маданиятининг ривожига муносиб ҳисса қўшди. У XX асрда бошланган янгича мусиқий йўналиш жараёнида биринчилардан бўлиб кўп овозли шакл ва жанрларда ижод қилди, янги-янги мусиқий асарлар яратди.

К.Абдуллаев 1901 йилда Тошкент шаҳрида дунёга келди. Болалигида янги «жадид» мактабларида таълим олди. Мусиқага бўлган қизиқиш уни 1921 йили Тошкент халқ консерваториясига чорлади. Бу ўқув даргоҳида у трубада чалишни ўзлаштирди ва тез орада консерваториянинг дамли чолғулар оркестрида иштирок этди. 1925-1929 йилларда Москва мусиқачи-педагоглар тайёрлаш институти қошида ташкил топган мусиқа-этнография курсларида, 1929-1933 йилларда П.И.Чайковский номидаги Москва давлат консерваториясининг мусиқашунослик факультетида таълим олди, талабалар симфоник оркестрида қатнашди ва мусиқа басталашда изланди. Бу даврда «Шарқ марши», «Чўпонча», «Гўзал Фарғона» каби фортепиано учун пьесалар, «Мухайяр», «Муножот» ва «Савти муножот» куйлари асосида торли квартет учун Сюита, Машраб сўзига «Келдилар» ва «Жонон қиз» қўшиқларини яратди.

1933 йилда К.Абдуллаев Тошкентга қайтиб, Санъат бош бошқармаси мусиқа бўлимига раҳбар этиб тайинланади. 1937 йилда Москвада ўтадиган «Ўзбек адабиёти ва санъати» декадасига тайёргарлик ишларини амалга оширишда фаоллик кўрсатади.

К.Абдуллаев 1938-1948 йилларда Ўзбекистон Радио қўмитаси мусиқий таҳририятининг бош муҳаррири, Ҳамза номидаги Тошкент давлат мусиқа билим юрти директори, Ўзбекистон Маориф вазирлиги мусиқа бўлимининг бош назоратчиси вазифасида меҳнат қилди. 1948-1971 йилларда у Ўзбекистон Маданият вазирлиги қошидаги республика халқ ижодий уйида мусиқа бўлимини бошқарди.

Композитор К.Абдуллаев қўшиқ жанрининг ривожланишига самарали ҳисса қўшди. «Баҳор», «Алла», «Жонона қиз», «Пиллачи аёл», «Муҳаббат ўти», «Дўстлик диёри», «Қуёшли ўлкам», «Менинг ёрим» жўрли ва жўрсиз хор учун «Юксал, Ватаним», «Оналар имзоси», «Ўзбекистон ёшлари», «Ўзбекистон қизлари», «Тинчлик қўшиғи», «Янгича ёр-ёр», «Ҳамкорим», «Аскарлар қўшиғи», «Чўл кўксида боғ ўстирдим», «Деҳқонга таъзим», «Далада байрам», «Давр-даврона» каби қўшиқлари муаллифга шуҳрат келтирди.

Композиторнинг ижодий меросида болалар учун қўшиқлар алоҳида ўрин тутади. «Биз — Ўзбекистон болалари», «Биз янги ҳаёт қурамиз»,  «Ватан қўшиғи», «Арча қўшиғи», «Ўлкам», «Қўғирчоғим», «Арғамчи-арғимчим», «Оқ теракми, кўк терак», «Менинг боғчам», «Менинг машинам», «Кичик аскар», «Баҳор келди», «Мактабим» тароналари болаларнинг севимли қўшиқларига айланган.

Композитор ўзбек халқ чолғу оркестри учун бир нечта рақс, марш, пьеса ва сюиталар яратди. Бир қатор халқ куйларини хор ва оркестрга қайта ишлади. К.Абдуллаев ўзига хос мусиқий тили билан катталар учун ҳам, болалар учун ҳам яратган қўшиқлари ёки оркестрга ёзган асарлари ихчамлиги, оддийлиги, миллий руҳ билан суғорилганлиги ва жозибадорлиги билан тингловчини ўзига жалб қилади.

К.Абдуллаев самарали меҳнати учун «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» фахрий унвони, орден ва медаллар билан тақдирланди.

Истеъдодли композитор ва педагог Улбиби Абдуллаева Нукус шаҳрида 1965 йили туғилган.

1984-1989 йилларда М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетида профессор Борис Гиенко синфида таълим олди. 1990 йилдан Қорақалпоғистон мусиқа коллежида ўқитувчи, 2000 йилдан мусиқа назарияси бўлими мудири, композициядан дарс бермоқда. 1996 йилда “Нуше” болалар эстрада ансамблини ташкил этиб, давлат тадбирларида фаол иштирок этиб келмоқда.

Композитор У.Абдуллаева қуйидаги мусиқий асарларни яратди: симфоник оркестр учун «Байрам увертюраси» (1985 й), «Орол овози», “Кутдим келмадинг” симфоник поэмалари, “Ўмирбек”, “Роксананинг кўз ёши” балет сюиталари, фортепиано учун иккита прелюдия, вариация, «Баллада», пьесалар, “Болалар альбоми”, 3 та романс, болалар учун “Қизил гул”, “Унутма мени”, “Кутдим табарма эдин” каби қўшиқлари, “Салем”, “Топ-топ”, “Амударья” хорларини яратди. 1997 йилда қўғирчоқ театри учун А.Есимбетовнинг “Сеҳрланган сарой” спектаклига  мусиқа басталади. 2005 йилда бастакорнинг 25 та қўшиғидан иборат “Бахтли болалик” муаллифлик тўплами нашр этилди.