АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

20 май: Адамбаева Тожигулни туғилган куни.


16 май: Ташпулатов Музаффар ни туғилган куни.


18 май: Тураев Файзуллани туғилган куни.


23 май: Турсунова Гулшаной ни туғилган куни.


17 май: Чаршемов Жамил ни туғилган куни.


АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, таниқли хонанда, бастакор Аҳматжон Дадаев миллий мусиқа санъатимиз ривожи ва тарғиботига катта ҳисса қўшиб келаётган санъаткорлардан.

Дадаев Аҳматжон Шакаримович 1957 йилнинг 29 январида Тошкент вилоятининг Паркент туманида таваллуд топган. Болалар мусиқа мактабида ғижжак синфида ўқиган. 1972 – 1976 йилларда Ҳамза номидаги Тошкент давлат мусиқа билим юртида, 1976–1981 йилларда М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваториясининг “Шарқ мусиқаси” кафедрасида таҳсил олди. 1979–2004 йилларда Ўзбекистон давлат телерадиокомпанияси қошидаги Ю.Ражабий номли мақомчилар ансамблида етакчи созанда бўлиб ишлади. 2004 - йилдан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида доцент лавозимида фаолият олиб бормоқда.

Аҳматжон Дадаев ижодий фаолияти давомида мумтоз ва замонавий назмга мурожаат этиб, бир қатор сара қўшиқ ва куйларни басталади ва халқ эътиборига ҳавола этди. Улар орасида “Гулзорим” (Ҳабибий сўзи), “Қадди шамшод” (А.Навоий), “Шайдо киби” (Бобур ғазали), “Марҳабо бўлсин сенга” (Лутфий ғазали), “Рубобим тори иккидур” (Э.Воҳидов шеъри), ”Эй қалб” (А.Орипов), ”Меҳрибон онам” (Машраб ғазали), “Умидим қолди” (М.Раҳмон), “Сени кутгайман” (О.Одилхонов), “Ойгулим” (А.Пўлат), “Жондан ширин” (Н.Нарзий), “Билмасмикан” (Э.Охунова), “Алла” (Р.Содиқова), “Сизга хабар юбордим” (Қ.Сайидмуродов), “Оналарга осон тутманг” (П.Мўмин), “Қадим дунё” (М.Тоир), “Меҳрибоним йўлига”, “Кўз тутарман”, “Баҳор”, “Чаққон қиз”, “Соғиниш”, “Ўзбекистоним яхшидир”, “Дуторим”, “Онам”, “Сени кутгайман” ашулаларини алоҳида қайд этиш лозим. Бастакорнинг 100 га яқин асарлари Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Олтин Фонд”ида сақланмоқда.

А.Дадаев миллий мусиқамиз тарғиботчиси сифатида Америка, Англия, Франция, Испания, Германия, Голландия, Бразилия, Туркия, Норвегия, Марокаш каби кўплаб давлатларда гастрол сафарларида бўлиб ўзбек мусиқасини кенг тарғиб қилди.  

Созандалик, хонандалик, бастакорлик, ҳамда педагоглик фаолиятида самарали меҳнат қилиб келаётган А.Дадаев бир неча йилдан буён ёш авлодга устозлик қилиб, уларга мусиқа санъати сирларини, хонандалик маҳоратини ўргатишда катта ҳисса қўшиб келмоқда.

А.Дадаев 1999 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони билан мукофотланган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, «Грифон» кино мукофоти совриндори, таниқли композитор Феликс Янов-Яновский 1934 йил 8 майда Тошкент шаҳрида туғилган. 1957 йилда Тошкент давлат консерваториясини скрипка бўйча доцент Н.Бронфман снфида, 1959 йилда бастакорлик бўйича проф.Б.Надеждин синфида тамомлаган. Ўзбекистон давлат консерваторияси бастакорлик ва чолғулаштириш кафедраси профессори.

Ф.М.Янов-Яновский «Петрушка-иностранец», «Оркестр», «Спасение...», «Аккомпаниатор» опералари, 4 та симфония, якка созлар ва оркестр учун концертлар (шу жумладан, 2 та Concerto grosso), оратория ва кантаталар, Реквием, «Овоз», «Чили ҳақида ҳикоя» ораториялари, «Шеърий сатрлар» кантатаси, «Рубоиёт», «Dies irae» вокал туркумлари, ўзбек халқ чолғу асбоблари учун асарлар, 45 дан ортиқ кинофильм ва 15 та спектакллар учун мусиқа, эстрада ашулалари, болалар учун мусиқа муаллифидир.

Ф.Янов-Яновскининг асарлари Англия, Болгария, Германия, Исроил, МДҲ давлатларида ижро этилган.

(1944-1996) 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, «Ёшлар» уюшмаси мукофотлари совриндори, атоқли ўзбек композитори, моҳир устоз-муаллим Мирсодиқ Тожиев ўзбек миллий симфоник ва камер-чолғу мусиқаси ривожига улкан ҳисса қўшган ижодкорлардан.

М.Тожиев 1944 йил 25 мартда Тошкент шаҳрида туғилган. 1969 йилда Тошкент давлат консерваториясининг композиция факультетини Р.Вильданов синфида тамомлаган.

Қарийб ўттиз йил мобайнида бирин-кетин яратган 19 та симфонияси Ўзбекистоннинг ўзига хос мусиқий солномасига айланди. Мазкур симфонияларида композитор замонавий долзарб мавзуларга мурожаат этаркан, уларни мазмунан теран, шаклан мукаммал, услубан ёрқин, ўзига хос ифодалаб берди. «Отам Хотирасига» (№ 4), «Сомон йўли» симфония трилогиясида (№ 17), Республика Мустақиллигига бағишланган «Қаҳрамонлик» (№ 19) симфонияларида М.Тожиев симфоник мусиқаси соҳасида жаҳон ютуқларини ўзбек миллий мусиқаси заминида ижодкорона тадбиқ этишга эришди. Бу борада композитор ўзбек симфоник тафаккурини вужудга келтиришга муҳим ҳисса қўшиб, миллий симфоник мактаб яратишга муваффақ бўлди. «Шоир севгиси» симфоник поэмаси, Ўзбек халқ чолғулар оркестри учун 3 та увертюра, чанг учун 9 та «Шарқ рапсодиялари», чолғу концертлари, «Чоллар ва кампирлар» мусиқали комедияси, «Кумуш» операси, «Қўҳна Самарқанд юраги» рангтасвирли садо панорамаси ижодкордан мерос бўлиб қолди.

М.Тожиевнинг асарлари Австралия, Германия, Куба, Болгария, Югославия, Марказий Осиё, МДҲ давлатларида ўтказилган концерт ва фестивалларда муваффақиятли ижро этилган.

ДИЛОРОМ САЙДАМИНОВА

(1943)

«Мустақиллик» медали (1992) соҳибаси, композитор Дилором Сайдаминова 1943 йил 27 февралда Тошкент шаҳрида туғилган. 1966 йилда Тошкент давлат консерваториясини фортепиано, 1967 йилда композиторлик ихтисосликлари бўйича тугутган, Б.Зейдман раҳбарлигида ассистент-стажировкада касб малакасини оширган.

Д.Сайдаминова меҳнат фаолиятини талабалик давридан бошлади. 1961-1963 йилларда болалар мусиқа мактабида, 1963-1968 йилларда Тошкент педагогика билим юртида ва болалар мусиқа мактабида дарс берди. 1967-1978 йилларда Тошкент давлат консерваториясида умумий фортепиано бўйича, 1978-1998 йилларда бастакорлик ва чолғулаштириш кафедрасида ишлади.  Шу билан бирга 1974-1975 йилларда Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси ҳайъатининг масъул котиби, 1975-1978 йилларда Ўзбекистон телерадиосининг мусиқа таҳририяти бош муҳаррири, 1995 йилдан «Московское время» рўзномаси штатсиз муҳаррири бўлиб ишлади.

Д.Сайдаминова ижодида фортепиано ва бошқа чолғуларга, турли чолғу ансамблларга мусиқа яратиш устувор туради. Фортепиано учун яратган асарлари орасида «Стены древней Бухары» номли туркуми (1979 й. Москвада чоп этилган), пьесалар, 6 та иккита фортепиано учун пьесалар, «Вальс», «Сайёра», «Токкатино», «Ноктюрн», «Сонатина», «Фрески Афрасиаба» туркуми, поэма, «Болалар бекинмачоғи» каби асарлари чоп этилган. Камер чолғу мусиқа асарлари орасида: торли квартети (1967 й.) скрипка ва фортепиано учун соната (1977 й.), флейта ва фортепиано учун Концерт, тўртта пьеса (1980 й.), чанг учун сонатина (1980 й.), труба учун учта пьеса (1981 й.), ғижжак учун бешта пьеса (1987 й.), дамли брасс-квинтет учун «Навоий» (1990 й.), виолончель ва фортепиано учун соната-импровизация (1993 й.), виолончель учун «Соло» (1994 й.), чанг ва фортепиано учун фантазия (1993 й.), овоз ва чолғу квартети учун «По следам Франчески» (1996 й.), “Нити туманных снов” (2004) кичик новелласи, “Мираж” (2005), Афлотун суҳбати ҳикояси асосида “Глиняные буквы, плывущие яблоки” (2009), овоз, скрипка, сурнай, чанг ва қашқар рубоб учун “Саратон” (2011), фортепиано учун “Диалог с Омар Хайямом” (2010) каби асарлари якка ва ансамбль ижрочилари репертуарларидан ўрин олган.

Д.Сайдаминова симфоник ва вокал-симфоник мусиқа соҳасида ҳам ижод қилиб келмоқда. Иккита симфония (1867, 1988 й.), фортепиано ва симфоник оркестр учун иккита Концерт (1971, 1981 й.), симфоник поэма (1977 й.), «Байрам увертюраси» ( 1985 й.), камер торли оркестр учун кичик новелла (1986 й.), симфоник оркестр ва бас овози учун «Дўстлик билан кучлимиз» қасидаси ва «Сенга Ватаним» (Р.Фарҳодий сўзлари,) рок-оратория, (1985 й.), саксофон ва симфоник оркестр учун “Концерт” (2004), 2 та фортепиано ва катта симфоник оркестр учун отаси Сайид Аҳмад ва онаси Хамида ая хотираларига бағишланган “Менинг болалик боғим”, саксофон ва дамли оркестр учун 1 қисмли Концерт, саксофон тенор ва симфоник оркестр учун Концерт (2004), саксофон тенор ва камер оркестр учун “The shadows” (2007), зарбли чолғу ва катта симфоник оркестр учун “Темурланг” (2010) асарлари ажралиб туради.

Унинг театр учун ёзган асарлари орасида «Горючий камень» (О.Узоқов либреттоси, 1975 й.), «Жасорат» (Н.Маркарянс либреттоси, 1985 й.) каби балетларга, «Афсона яратган қиз» (Ш.Саъдулла пьесаси, Андерсеннинг ҳикоялари асосида ёзилган, 1967 й.), «Ёр қайрилиб боқмайди» (Ю.Шомансур пьесаси, 1973 й.) ва «Тўрт қовоқ» (1975 й.) (мазкур спектаклни Республика болалар ва Навоий номидаги Наманган вилоят мусиқали драма ва комедия театрларининг ёш томошабинлари қизғин қабул қилишган). «Ҳамроқул ота» (1976 й.), «Есть на Востоке добрый город» (1978 й.), «Хива» (1994 й.), «Свидание с Ташкентом» (1979 й.), «Сеҳрли гилам» мультфильмига (1978 й.), «Младшая» бадиий фильми (1994 й.) ва бошқа ҳужжатли кинофильмларга мусиқа яратди.

Композитор бир талай қўшиқлар ҳам яратди. Улар орасида «Ўзбекистон» (Ҳ.Олимжон сўзи), «Ўзбекистон-кенг жаҳоним» (Э.Воҳидов), «Олтин йўл» (А.Мухтор сўзи), «Уфқ» (Зулфия сўзи), «Оқар дарё» (П.Мўмин сўзи), «Солнечный Узбекистан» (Р.Фарҳодий сўзи), «Далаларда» (Б.Исроилов сўзи), «Қорли кун» (А.Мухтор сўзи), «Песня о Ташкенте» (Е.Евтушенко сўзи), «Бодом гуллари» (С.Орифжон сўзи), «Ялла» (Р.Фарҳодий сўзи), «Менинг юлдузим» (Б.Зокиров сўзи), «Мангу олов» (Ҳ.Муҳаммад сўзи), «Тошкент чироқлари» каби 100 дан ортиқ турли мавзуларда ёшлар ва болалар учун қўшиқлар яратди.

Д.Сайдаминова Ўзбекистон мусиқа санъатининг ривожига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиб келаётган етакчи ижодкорлардан бири. Композитор томонидан «Горючий камень», «Жасорат» балетлари, 2 та симфония, 4 та концерт, симфоник поэма, Байрам увертюраси, «Сўғдиёна» ўзбек халқ чолғулари камер оркестри учун «Мираж», саксофон ва симфоник оркестр учун Концерт, «Братской дружбой сильнў» қасидаси, «Сенга», «Ватан» рок ораторияси, камер чолғу асарлари, торли квартет, «Наврўз», «Брасс квинтет», «Франческо изидан» секстети, фортепиано учун «Қадимий Бухоро деворлари», «Афросиёб лавҳалари» туркумлари, болалар учун фортепиано пьесалари, орган учун 3 та пьеса, «Ўзбекистон кенг жаҳоним», «Ойдин йўл», «Закот», «Оқар дарё», «Қуёшли Ўзбекистон» каби 100 дан ортиқ қўшиқлар, «Афсона яратган қиз», «Ёр қайрилиб боқмайди», «Волшебная клетка» спектаклларига, «Сеҳрли гилам» мультфильмига, бир қатор ҳужжатли ва бадиий фильмларга  мусиқа, 50 дан яқин ортиқ қўшиқ ва романслар яратилган.  Айниқса композиторнинг «Қадимий Бухоро деворлари», «Афросиёб лавҳалари» фортепиано туркумлари каби чолғу асарлари турли босқичдаги ўқув юртларининг педагогик ва концерт репертуарларидан мустаҳкам ўрин олган.

Д.Сайдаминованинг асарлари ўзининг замонавий руҳи, профессионал даражада баён этилиши билан алоҳида ажралиб туради. Композитор яратган асарлар Тошкентда мунтазам ўтказиладиган Халқаро симфоник мусиқа фестивали, «Илхом ХХ» фестивалларда мунтазам ижро этиб келинмоқда. Шу билан бир қаторда композитор муаллифлик концертларини ҳам ташкил этиб уларда ижодининг турли қирраларини кенг намоён этиб келмоқда.

Композитор 1998 йилда Базелда бўлиб ўтган Халқаро танловда қатнашиб «Франческанинг излари кетидан» деб ном олган камер-вокал асари учун 2-даражали мукофоти билан тақдирланган.

Д.Сайдаминова ташкилий ва жамоат ишларида фаол қатнашиб келади. Мусиқа санъатининг тарғиб этилишида, республкамизда профессионал композиторларнинг етишиб чиқишида ҳам ҳиссаси каттадир.

Д.Сайдаминова 1971 йилдан буён Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси аъзоси, Республика Ёшлар мукофоти совриндори (1982, 1983 йиллар), «Мустақиллик» медали (1992) соҳибаси, Халқаро танлов лауреати (Мангейм, 1998). Композиторнинг асарлари нафақат республикамизда балки АҚШ, Германия, Франция, Голландия, Венгрия, Люксембург, МДҲ давлатларида ҳам ижро этилиб, кенг жамоатчилик томонидан эътироф этиб келинмоқда.

(1946)

Замонавий ўзбек профессионал мусиқа санъатининг намояндаларидан бири, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, композитор Ҳабибулла Раҳимов 1970-йилларнинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига кириб келди. У турли мавзу, шакл ва жанрларда хилма-хил, баркамол асарлар яратиб, мусиқа шинавандаларини хушнуд этиб келмоқда.

Раҳимов Ҳабибулла Ғайбуллаевич Тожикистон Рсспубликаси Хўжанд вилоятининг Нов туманида 1946 йилнинг 31 октябрида таниқли созанда Ғайбулла Раҳимов оиласида дунёга келди. Ҳ.Раҳимов Содирхон Ҳофиз номидаги Хўжанд давлат мусиқа билим юртида ўқиди. Ғижжак чалиш билан бир қаторда, унда мусиқа басталашга иштиёқ туғилади. Мусиқа билим юртини битиргач, 1964 йили Тошкент давлат консерваторияси композиторлик факультетининг тайёрлов бўлимига ўқишга кириб, Б.Ф.Гиенко синфида таҳсил олади. 1974 йили Давлат имтиҳонига шоир Тўлқин сўзига бадиий сўз устаси, яккахонлар, хор ва симфоник оркестр учун «Освенцим» номли ораториясини тақдим этди. 1974-1976 йилларда консерваторияда ассистент-стажерлик бўйича профессор Б.И.Зейдман синфида касб малакасини оширди.

Ҳ.Раҳимов консерваторияда ўқиш билан бир пайтда 1969-1974 йилларда Республика дамли чолғулар мактаб интернатида мусиқа назарияси фанидан ўқитувчилик қилди. 1977-1989 йилларда А.Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтида ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент, 1989 -2018 йиллар мобайнида Ўзбекистон Давлат консерваторияда доцент, профессор лавозимларида фаолият юритди. Консерваторияда ишлаш билан бир қаторда Ҳ.Раҳимов 1992 йилдан буён Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг раис ўринбосари лавозимида ишламоқда.

Ҳ.Раҳимов яратган симфоник ва вокал-симфоник асарлар Ўзбекистон миллий симфоник оркестри репертуарини янада бойитди. «Симфоник поэма» (1974), альт ва симфоник оркестр учун «Концерт» (1975), овоз (яккахон) ва симфоник оркестр учун «Концерт» (1977), Ибн Сино шеърларига «Бешта рубоий» (1980), Увайсий ғазалларига «Бешта романс» (1983), симфоник оркестр учун тўртта симфония — № 1 «Сегоҳ» (1978), № 2 (1984), № 3 (1991), №4 (корейс оҳанглари асосида-2007); корейс халқ куйларига «Фантазия» (1992), «Сайил» (1984), “Қутлов” (2000), “Хоразм жилолари” (2006) увертюралари, “Дўстлик садолари” вариациялари, “Мавриги” пьесаси, “Ёшлик орзуси” увертюраси (2018), фортепиано ва симфоник оркестр учун «Концертино» (1996), флейта ва симфоник оркестр учун “Туркча фантазия” (2008) шулар жумласидан. Камер оркестр учун «Раст» (1996), «Рақс» ва «Тонг» (1998), “Фидайда-1, -2” (2000) куйлари, уд ва камер оркестр учун «Фантазия» (1997), флейта ва камер оркестр учун «Оқшом қўшиғи» (1999), дутор ва камер оркестр учун «Қўштор» (2000), «Термалар» фантазияси (2001), қашқар рубоби ва оркестр учун «Арабча концерт- поэма» (2000). Ҳ.Раҳимов ўзбек композиторларидан биринчи бўлиб орган чолғуси, арфа, торли ва зарбли чолғулар учун «Концерт-фантазия» (1976) яратди.

Ҳ.Раҳимов ўзбек халқ чолғулари оркестри учун ҳам бир қатор асарлар яратди. Жумладан, қашқар рубоби ва оркестр учун «Қўшиқ ва рақс» (1981), най ва оркестр учун «Армуғон» (1990), рубоб - прима ва оркестр учун «Нақш ва тарона» (1990), қонун ва оркестр учун «Тарона ва уфор» (1992), дутор ва оркестр учун “Шарқона наво”, “Ариранг жозибалари” (2004) асарлари, туркман куйлари асосида “Фантазия” (2000), оркестр учун Сюита (1983), «Муборакбод», “Тасанно” увертюралари “Тасниф” ва “Уфор” асарлари, фортепиано ва оркестр учун «Ёшлик байрами» (1985) концертиноси, овоз ва оркестр учун М.Али сўзига «Номаълум солдат хотираси»га (1986) поэмаси, оркестр учун «Концерт» (1990), рубоб ва оркестр учун «Концерт» (1991), фортепиано ва оркестр учун «Фантазия» (1993), «Арабча рақс», «Японча рақс», «Ойдин кеча» (хитой куйлари асосида) (2001), “Сирли тун” (2004), “Тўй ҳангомаси” (2005), “Байрамона” (2006), “Тошкент фасллари” (2010), “Шаҳризода ҳикоялари” (2009), япон куйи асосида “Сакура” (2012), овоз ва оркестр учун Навоий ғазалига «Поэма» (1990), хонанда, хор ва оркестр учун Й.Муқимов сўзига «Баҳоуддин Балогардон» (1993), Ж.Жабборов сўзига «Соҳибқирон абадияти» (1996) ва Т.Ниёз сўзига «Истиқлол» (1998), Й.Муқимов сўзига “Хожаи Жаҳон” (2007) ораторияларини ёзди. Бу асарлар оркестр репертуарларини бойитиш билан бир қаторда олий ва ўрта махсус ўқув юртлари репертуарларига киритилган.

Ҳ.Рахимов дамли чолғулар хусусиятларини, чолғулаштириш йўлларини пухта ўрганиб, бу борада ҳам катта муваффақиятларга эришди. Композитор дамли чолғулар оркестри учун «Шодиёна» (1982), «Тонг» (1987) увертюраларини, «Юмореска» (1985), «Скерцо» (1986), «Рақс» (1987), «Ёшлик» (1987) пьесаларини, 2 та сюита (1989, 1990), 3 та марш (1993-95) яратди. 1988 йили дамли чолғулар оркестри партитурасини ўқиш учун «Мажмуа» (Хрестоматия) тузди.

Ҳ.Рахимов 1975 йили Уйғун билан ҳамкорликда «Парвона» номли илк мусиқали драмасини ёзди. Композиторнинг «Она қалби» деб номланган биринчи операси шоир Жамол Камолнинг «Армон» достони асосида яратилган. Унинг либреттоси машҳур режиссёр Ф.Сафаров қаламига мансуб. Ушбу операнинг премьераси Алишер Навоий номидаги опера ва балет театрининг кичик саҳнасида 1987 йили бўлиб ўтди. Композитор яратган «Мушкул савдо» (М.Бобоев пьесаси) мусиқали драмаси 1989 йили, «Келин танлов» (Р.Азизхўжаев) мусиқали комедияси 1997 йили саҳна юзини кўрди. 1999 йили эса Ҳ.Раҳимов У.Азимов либреттосига «Алпомиш ва Ойбарчин» операсини, 2012 йилда “Фарход ва Соннё” балетини яратди.  

Ҳ.Раҳимов қўшиқ ва романс жанрларида ҳам ижод қилди. Муаллифнинг «Соғинганда» (1984) номли тўпламига Ибн Сино рубоийлари туркуми, Ҳамид Олимжоннинг «Соғинганда», Рамз Бобожоннинг «Узоқда», «Юлдузлар», «Бўрон», «Менинг севгим» каби романслари киритилган. «Меҳрим гули» тўпламида «Ўзбекистон» (Ойбек шеъри), «Тошкент қасидаси» (М.Жаббор шеъри), «Қалбим дунёси» (Гулрухсор шеъри), «Дўстлик мадҳи» (Назармат шеъри), «Тошкент-Душанбе» (Назармат шеъри) қўшиқлари ва «Фаввора», «Висол» (Б.Бойқобилов шеъри), «Боқишларинг» (Назармат шеъри), «Орзу» (Увайсий ғазали) романслари ўрин олган.

Ҳ.Раҳимовнинг ватанпарварлик мавзуида басталаган «Ғалаба бонги», «Аскарлар қўшиғи» (Назармат шеърлари), «Туркистон марши» (Ж.Камол сўзи) каби қўшиқлари Республика қўшиқ танловларида ғолиб чиққан.

Композитор болалар учун ҳам бир қатор қўшиқлар яратди. Улар орасида «Дўмбоқчалар қўшиғи», «Боғча опам», «Ой боламиз — той бўламиз», «Бухоро», «Самарқанд» (С.Барноев сўзлари) алоҳида ажралиб туради. Шунингдек, фортепиано учун «Альбом»ига 16 та асар, фортениано учун 18 та халқ куйларини мослаштирди, қашқар рубоби тароналари, дутор, ғижжак ва фортепиано учун пьесалар, кларнет ва труба учун сонаталар ёзди.

Ҳ.Раҳимовнинг сара асарлари нафақат Ўзбекистон ва Марказий Осиё республикаларида, балки чет элларда - Россия, Туркия, Миср, Болгария, Франция, Японияда ҳам муваффақиятли ижро этилган.

Ҳ.Раҳимов 1997 йили «Шуҳрат» медали билан мукофотланди, 2001 йили «Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби» унвонига сазовор бўлди.