ОЙДИН АБДУЛЛАЕВА
(1976)
Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси аъзолари сафига ёрқин истеъдод соҳиби, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори, композитор Ойдин Абдуллаева 2000 йилда қабул қилинди. У консерваторияда ўқиб юрган пайтларидан бошлаб ўзига хос «овози» ва жамоатчилик фаолияти билан замонавий ўзбек профессионал мусиқа санъатига кириб келди.
Ойдин Утамуродовна Абдуллаева 1976 йилнинг 6 мартида Тошкентда туғилган. Ойдин болалигидан мусиқага қизиқади. 1983-1994 йилларда Р.Глиэр номидаги Республика махсус мусиқа мактаб-интернатида виолончель синфида ва бастакорлик мутахассислигидан сабоқ олди. 1994-1999 йилларда М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетида, 1999-2001 йилларда ассистентура-стажировкада А.Мансуров синфида таҳсил олди. 2001 йилда Навоий, Зулфия ва Эркин Воҳидов шеърлари асосида режиссёр Ферудин Сафаров либреттосига «Вафо» опера-ораториясини консерваториянинг опера студия жамоаси ижросида (дирижёр Ғани Тўлаганов) комиссияга ҳавола этиб, консерваториянинг ассистентура-стажировкасини муваффақиятли битирди.
О.Абдуллаева ўқиш жараёнидаёқ энг яхши асарлар учун талаба ёшлар ўртасида ўтказилган бир неча танловларда мукофотларга сазовор бўлди. Мусиқий танқид ва журналистика билан ҳам шуғулланиб, илмий анжуманларда қатнашиб туради, мақолалари газета ва тўпламларда эълон қилинган.
О.Абдуллаева 1999 йилдан буён консерваторияда ёш авлодга мусиқа сирларидан сабоқ бериб келмоқда. 2011-2019-йилларда консерваториянинг “Бастакорлик ва чолғулаштириш” кафедраси мудири, профессор (2018 йилдан), 2020 йил 20-январдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси Депутати вазифасида фаолият олиб бормоқда.
Композиторнинг фортепиано учун уч қисмли Сонатинаси, Прелюдия ва Токкатаси, чанг ва фортепиано учун «Концерт куйи», виолончель учун Фантазияси, торли трио учун Сюитаси, труба ва фортепиано учун Фантазияси, дамли чолғулар квартети учун Вариациялари, торли оркестр учун Поэмаси, баритон ва фортепиано учун Умар Хайём рубоийларига беш қисмли туркуми, рубоб-прима ва фортепиано учун «Концерт куйи», симфоник оркестр учун «Поэма-фантазия», саксофонлар квартети учун жаз услубидаги миниатюралари, 4 қисмли торли квартети, симфоник оркестр учун А.Бедилнинг «Комде ва Модан» асари асосида «Севги ҳақида достон» симфонияси, қашқар рубоби ва халқ чолғулари оркестри учун Концерти, сопрано ва фортепиано учун Зулфия шеърига «Ҳижрон кунларида» ва аёллар хори учун романслари, Ҳамроқул Ризо шеърига «Ёр-ёр» ва У.Хайём рубоийларига «Келиб кетмоқдамиз...», «Жадидлар хотираси»га бағишланган симфоник поэма, 50 дан ортиқ эстрада қўшиқлари тингловчиларга яхши таниш.
О.Абдуллаева театр ва кино мусиқаси жанрларида ҳам фаол ижод қилиб келмоқда. Унинг “Осмоннинг бағри кенг”, “Фариштали аёл” (С.Сирожиддинов асарлари), “Кўнглимнинг кўчаси” (Н.Аббосхон асари), “Тобутдан товуш” (А.Қаҳҳор асари), “Қизи борнинг нози бор” (Ҳ.Расул асари), “Паривашга парвонаман” (Н.Аббосхон асари), “Сохта ногирон” (Қинғир ишнинг қийиғи) сингари мусиқали драма ва комедиялари Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқали драма театрида саҳналаштирилган. 2004 йил “Ўзбектеатр” ижодий бирлашмаси томонидан ўтказилган “30+1” замонавий театр спектаклларининг Республика танловида «Энг яхши мусиқали драма учун» номинациясида “Осмоннинг бағри кенг” (С.Сирожиддинов асари) спектаклига ёзган мусиқаси учун ғолиб деб топилган. Ўзбекистон Давлат Миллий академик театрида испан драматурги А.Кассоне асари асосида саҳналаштирилган “Дарахтлар тик туриб жон беради” спектаклига мусиқа басталаган. “Севги фариштаси”, “Ёдгор” “Шоҳсупа”, “Дугонажонлар” телесериалларининг, “Ҳикмат чироғи” номли болалар фильмининг мусиқа муаллифи.
О.Абдуллаева «Ансамбль чолғуларини ўрганиш» номли санъат коллеж ва лицейлари талабалари учун мўлжалланган ўқув қўлланмаси, мусиқа мактабларининг 7-синф ўқувчилари учун «Сольфеджио», олий ўқув юртлари талабалари учун “Бастакорлик санъати”, “Чолғушунослик” дарсликлари муаллифи.
О.Абдуллаева ижодий, ўқитувчилик, маърифий-жамоатчилик фаолияти билан республикамиз мусиқа ривожига баҳоли қудрат ҳисса қўшиб келмоқда.
О.Абдуллаева 1997 йилда М.Улуғбек номидаги Республика жамғармасининг 1-даражали мукофоти, 1998 йили Республика ёшлар «Камолот» жамғармаси мукофоти, 2000 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофотига, 2015 йилда “Эътироф” мукофотига, "Дўстлик" ордени соҳибаси (2021) сазовор бўлди.