АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

20 май: Адамбаева Тожигулни туғилган куни.


25 май: Иноятова Насиба ни туғилган куни.


Сегодня день рождения отмечает
Ташпулатов Музаффар .

Союз композиторов и бастакоров Узбекистана поздравляет с днем рождения!
Желаем Вам творческого подъема, карьерного и духовного роста!


18 май: Тураев Файзуллани туғилган куни.


23 май: Турсунова Гулшаной ни туғилган куни.


17 май: Чаршемов Жамил ни туғилган куни.


АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



                            МАҲМУДЖОН ДАДАБОЕВ

(1947)

Маҳмуджон Дадабоев Наманганда фаолият олиб бораётган, миллий бастакорлик анъаналари йўналишида ижод қилиб келаётган бастакор, педагог, доценти ва болалар шоиридир. Унинг ижодий бисоти 60 дан зиёд болалар учун ёзилган мусиқий ва шеърий асарларни ташкил этади.

Маҳмуджон Дадабоев 1947 йилнинг 28 майида Наманган шаҳрида машҳур хонанда ва созанда Муҳаммаджон Дадабоев оиласида таваллуд топган. Бадиий ҳаваскорлик тўгарагида доира ва рубоб чалишни ўрганади, кўрик танловларда қатнашади. 1966-1969 йилларда ҳарбий хизматни ўтайди. 1971-1977 йилларда Наманган Давлат мусиқа билим юртининг халқ чолғулари бўлимида рубоб чолғусидан Жамолҳон Ҳасановдан сабоқ олади. 1981-1986-йилларда Наманган давлат педагогика институтининг педагогика факультетида сиртдан ўқийди.

М.Дадабоев меҳнат фаолиятини 1973-йилда Наманган мактабгача таълим педагогика билим юртида мусиқа таълими ўқитувчилигидан бошлади ва ҳозиргача шу ўқув даргоҳида ишлаб келмоқда. 1988-2009-йилларда Наманган давлат университетининг “Этика, эстетика ва мусиқа таълими” кафедрасида ўриндош сифатида ишлади.

М.Дадабоевнинг фаолияти болалар тарбияси билан бевосита боғлиқ бўлганлиги унинг ижодига ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Болалар учун ўзи шеърлар ва куйлар басталаб, кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этди. Айниқса, мустақиллик даврларида кўплаб қўшиқлар ва шеърлар яратди. Болалар ижросидаги озодлик руҳидаги қўшиқлари радио ва телевидениеларда янгради. “Онажоним”, “Онажоним сиз менинг”, “Ўзбекистон”, “Она диёр мадҳи”, “Ўзбекистон мустақил”, “Ассалом мактаб”, “Истиқлол қўшиғи” каби қўшиқлари болаларнинг севимли қўшиқларига айланган.

М.Дадабоевнинг 10 дан ортиқ қўшиқлари 1994-1995-йилларда Республика радиосининг “Келажак тонги” болалар эшиттиришида бир неча бор Ўзбекистон бўйлаб эфирда янгради ва кенг оммалашди. Улардан учтаси профессор Анвар Левиевнинг “Ўзбек халқ чолғуларида ижрочилик” (Тошкент, 2001 йил, Меҳнат нашриёти) боғча тарбияланувчилари ва бошланғич синфлар учун нашр этилган ўқув методик қўлланмасига киритилган. М.Дадабоевнинг бир қатор шеърлари бошланғич синфларнинг “Атрофимиздаги олам”, “Ўқиш китоби”, “Ўзбек тили”, коллежларнинг “Мусиқа ўқитиш услубиёти” (Муаллиф Д. Тошбаева Тошкент, 2007й.) китобларига ҳам киритилган.

М.Дадабоевнинг болаларга мўлжалланган “Кичкинтойлар учун қўшиқлар” (Наманган, 1994 й.), “Куйланг булбуллар” (Наманган, 1998 й.), “Кичкинтой ва миллий мусиқа” (Наманган, 1999 й.), “Ҳур юртимда куйлайман” (Наманган, 2000 й.),  “Оҳангларда қалб садоси” (Наманган, 2002 й), “Онам меҳри зиёси” (Наманган, 2008 й.), “Қўшиқларда Ватан мадҳи” (Наманган, 2008 й), “Мадҳингни куйлайман Ватан” (Наманган, 2005 й) ўқув методик қўлланмалари катта тиражларда нашр этилди. 40 дан ортиқ мусиқий-шеърий асарлари ва мақолалари Республиканинг нуфузли газета ва журналларида чоп этилган.

М.Дадабоевнинг 10 дан ортиқ куй ва қўшиқлари торли оркестрга мослаштирилиб, оркестр ижросида вилоят радио ва телевидениясида янграмоқда. Улардан иккитаси Ўзбекистон каналининг “Ассалом Ўзбекистон” каналида ҳам намойиш этилди.

Бастакор-шоир М.Дадабоев самарали ижодий меҳнатлари учун 1995–йилда “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси”, 2004–йилда “Ўзбекистон Республикаси ўрта махсус, касб – ҳунар таълими аълочиси” кўкрак нишонлари билан тақдирланган.

                                РЕЙНГОЛЬД ГЛИЭР

(1875-1956)

Озарбайжон ва Ўзбекистон халқ артисти, санъатшунослик фанлари доктори, П.И.Чайковский номидаги Москва давлат консерваторияси профессори, дирижёр ва жамоат арбоби, атоқли рус композитори Рейнгольд Морицевич Глиэр Россия, Озарбайжон ва Ўзбекистон мусиқа маданиятининг ривожланишига катта ҳисса қўшди.

Р.М.Глиэр Киев шаҳрида 1875 йил 11 январда туғилди. 1892 йилда Киев мусиқа билим юртига скрипка бўйича ўқишга киради. Шу пайтдан бошлаб ёш созанда мусиқа басталашга қизиқади ва композициядан дарс олади. 1894 йилда Москва консерваториясига ўқишга кириб С.И.Танеев ва М.М.Ипполитов — Ивановдан композиция, чолғулаштиришдан дарс олади. Ўқишни битиргач, ижод билан шуғулланади. Гнесин мусиқа мактабида мусиқа назарияси ва сольфеджиодан дарс беради. 1913 йилда Киев консерваторияси профессори, 1914 йилдан ректори бўлди. 1920 йилда Москва консерваторияси раҳбариятининг таклифига биноан Глиэрлар оиласи Москвага кўчиб келади. 1920-1955 йилларда Москва консерваторияси профессори, шу билан бирга 1920-1923 йилларда шаҳар халқ таълим бошқармасининг мусиқа бўлими мудири, 1924-1930 йилларда драматург ва композиторлар жамиятининг ҳайъат раиси, 1939-1948 йилларда иттифоқ композиторлар уюшмаси таъсис ҳайъати раиси каби вазифаларда ишлади.

Унинг асосий мусиқий асарлари: «Земля и небо» опера-ораторияси (Д.Байрон асари асосида, 1900 й.), «Шахсенем» (М.Гальперин либреттоси, 1923 й, иккинчи таҳрир, 1934й.), «Рашель» (М.Булгаков ва М.Алигер либреттоси, Мопассан асари асосида, 1942 й.) опералари; «Хризис» балет-пантомимоси (Н.Миль либреттоси, П.Люис асари асосида, 1912 й.); «Красный мак» (М.Курилко либреттоси, 1926 й., иккинчи таҳрир, 1949 ва 1957 й.), «Комедианты» (А.Петровский либреттоси, Лопе де Вега асари асосида 1922 й., янги таҳрирда «Доч Касилии» 1955 й.), «Медный всадник» (П.Аболимов либреттоси, А.С.Пушкин асари асосида, 1948 й.), «Тарас Бульба» (Л.Захаров либреттоси, Гоголь асари асосида, 1951 й.) балетлари, учта симфония (1899, 1907, 1911 йй.), «Сирена» симфоник поэмаси (1908 й.), «Запорожцы» симфоник манзараси (1921), «Тантанали увертюра» (1908), «Победа» увертюра (1945 й.), арфа ва симфоник оркестр учун Концерт (1938 й.), овоз ва симфоник оркестр учун Концерт (1943 й.), виолончель ва симфоник оркестр учун Концерт (1947 й.), валторна ва симфоник оркестр учун Концерт, тўртта Торли квартет (1899, 1905, 1928, 1946 йй.), учта Секстет (1898, 1904, 1905 йй.), Октет (1901), фортепиано учун 150 та, турли чолғулар учун 70 та асарлар, 100 дан ортиқ романс ва қўшиқлар шулар жумласидан.

1937 йилда Москвада ўтадиган Ўзбекистон адабиёти ва санъати декадаси кунларига тайёргарлик кўриш муносабати билан 1936 йили Т.Содиқов билан ҳамкорликда «Гулсара» мусиқали драмасини яратиш учун Р.Глиэрни таклиф қилдилар. «Гулсара» мусиқали драмаси премьераси 1936 йил томошабинлар томонидан қизғин кутиб олинди. 1937 йил Москвада мазкур спектакль декада кунлари намойиш этилди. 1940 йил композитор Т.Содиқов билан ҳамкорликда ёзган «Лайли ва Мажнун» (Ш.Хуршид либреттоси) операси театрда саҳна юзини кўрди. Улар «Гулсара»ни 1949 йил К.Яшин либреттоси асосида опера вариантини театрга тақдим этдилар. Р.Глиэр мусиқали саҳна асарларини ёзиш билан бирга ўзбек халқ куйлари асосида «Фарғона байрами» номли симфоник увертюра ва бошқа чолғулар учун асарлар басталади.

Рейнгольд Морицевич Глиэр мусиқа санъатини ривожлантиришдаги улкан хизматлари учун «Халқ артисти», «Озарбайжон халқ артисти», «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонлари, қатор орденлар билан тақдирланган.

                          РУМИЛЬ ВИЛЬДАНОВ

(1939-1987)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Республика Давлат мукофоти совриндори, композитор Румиль Вильданов ХХ асрнинг 60-йилларида ёрқин, жозибали мусиқа асарлари билан уюшма аъзолари сафига қўшилди. У турли жанрларда, айниқса, кино мусиқаси соҳасида улкан мерос қолдирди.

Вильданов Румиль Жахонгирович 1939 йили 24 ноябрда Бишкек шаҳрида туғилди. 1949 йилда Вильдановлар оиласи Наманган шаҳрига кўчиб ўтди. Румиль 1949 йилдан мусиқа мактабида аккордеон чалишни ўрганди, сўнгра Наманган мусиқа билим юртининг баян синфига кирди. Ўқиш пайтларида мусиқа басталашга интилиш пайдо бўлди. Шу сабабли у гармония ва полифония билан қизиқар, фортепиано чалишга катта эътибор берар эди. 1957 йил билим юртини битириб, Тошкент консерваторияси композиторлик факультетига, профессор Б.И.Зейдман синфига ўқишга қабул қилинди. Ўқишни битиргач, 1962-1968 йиллар мобайнида консерваторияда композиция бўйича ўқитувчиликни бошлади. 1968-1981 йилларда у асосан ижод билан шуғулланди, ўриндошлик асосида болалар мусиқа мактабида дарс берди. 1981 йилдан консерватория доценти вазифасида ишлади.

Талабалик даврида фортепиано учун 9 та «Прелюдия», «Вариация», «Экспромт ва токката», скрипка ва фортепиано учун «Сюита», виолончель учун сонатина, виолончель ва фортепиано учун соната, орган учун 3 та пьеса, скрипка, виолончель ва фортепиано учун «Трио», 2 та скрипка, альт ва виолончель учун квартет ва 6 қисмли сюита каби асарлари пайдо бўлди. Унинг 1-симфонияси, «Войдите в мир» поэма-кантатаси композиторга катта шуҳрат келтирди. Композитор бирин-кетин қуйидаги ёрқин ва мураккаб симфоник, вокал-симфоник ва театр учун асарлар яратди: фортепиано учун концерт (1965 й.): скрипка ва симфоник оркестр учун концерт (1966 й.): 2-симфония (1967 й.), фортепиано учун 2-концерт, 3-симфония (1968 й.), 4-симфония (1971 й.) каби симфоник асарлари юқори малакали ижрочилар репертуаридан муносиб ўрин олди. Муқимий номли мусиқали театрда унинг «12-кеча» (В.Шекспир пьесаси), «Кўнгилли ёш қариялар» мусиқали комедияларини саҳналаштирди. Республика болалар қўғирчоқ театри учун «Севги сири» ва «Дюймовочка», «Сўзлайдиган кўзача», «38 тўтиқуш» спектаклларига мусиқа басталади.

1964 йили кинорежиссёр Э.Ишмуҳамедов «Учрашув» бадиий фильми учун Р.Вильдановни мусиқа басталашга таклиф қилди. Шу кундан эътиборан композитор кинога мусиқа яратишга берилиб кетди, энди унинг ижодий фаолияти умрининг охиригача шу соҳа билан боғланиб қолди. 1964-1987 йиллар давомида 97 та бадиий, 46 та мультипликацион, 14 та ҳужжатли, илмий-оммабоп кинофильмларга мусиқа басталади. «Дорбозлар», (реж. Р.Ботиров, 1964 й.); «Оппоқ-оппоқ лайлаклар» (реж. А.Ҳамроев, 1965 й.), «Йигирма олтинчи отилмасин» (реж. Р.Ботиров, 1966 й.), «Генерал Собир Раҳимов» (реж. З.Собитов, 1967 й.), «Фарҳоднинг жасорати» (реж. А.Хачатуров, 1967 й.), «Қизил қушлар» (реж. А.Ҳамроев, 1968 й.), «41-йил олмалари» (реж. Р.Ботиров, 1969 й.), «Йигит, сени кутамиз» (реж. Р.Ботиров, 1972 й.), «Еттинчи ўқ» (реж. А.Ҳамроев, 1972 й.), «Одамлар орасида бир аёл» (реж. К.Ёрматов, 1973 й.), «Абу Райҳон Беруний» (реж. Ш.Аббосов, 1977 й.), уч серияли «Бу Қўқонда бўлган» (реж. У.Назаров, 1977 й.), кўп серияли «Оловли йўллар» (реж. Ш.Аббосов, 1977-1984 йилларда) кинофильмлари шулар жумласидандир.

«Оловли йўллар» кино мусиқаси, акапелла хори учун ёзган «Вокализ» қўшиғи бастакор ижодининг чўққиси саналади. Саҳна асарларидан Бернара Қориева учун ёзилган «Заҳарли ҳаёт», «Номаълум аёл», «Элегия» балетлари ҳам ноёб намуналар қаторига киради (балетмейстер И.Горлина.). Унинг «Тоғлар йиғиси» (Э.Дицоева либреттоси, 1983) ва «Анахита ғазаби» (1984) балетлари саҳна юзини кўрди. 1983-1986 йилларда бастакор виолончель ва фортепиано учун соната; фортепиано учун соната, скрипка ва фортепиано учун «Концерт пьесаси» асарларини яратди. Айниқса, иккита фортепиано учун «Диалог»и асари шинавандалар томонидан қизғин кутиб олинган.

Р.Вильданов 1976 йили «Человек уходит за птицами» (реж. А.Ҳамроев) кино мусиқаси учун кинофестиваль дипломи билан, 1977 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони билан, 1978 йили «Дом под жарким солнцем» (реж. А.Хачатуров) кино мусиқаси учун А.Хачатурян номидаги кино фестивали дипломи ва мукофоти билан, 1983 йили «Непокорная» (реж. А.Қобулов, 1981) ва «Ленинградцы, дети мои» (реж. Д.Салимов, 1980 й.) кино мусиқаси учун Республика Давлат мукофоти билан тақдирланган.

                           СЕРГЕЙ ВАСИЛЕНКО

(1872-1956)

 

Россия ва Ўзбекистон халқ артисти, П.И.Чайковский номидаги Москва консерваторияси профессори, композитор Сергей Василенко педагоглик, дирижёрлик, композиторлик, ижодий ва жамоатчилик фаолияти билан кўп миллатли мусиқа санъатини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган.

 

Василенко Сергей Никифорович Москва шаҳрида 1872 йил 30 мартда туғилди. Гимназияда ўқиб юрган кезлари хорда иштирок этди, фортепиано чалишни ўрганди. Ломоносов номидаги Москва университетининг юридик факультетига ўқишга кирди. Университетни битириш арафасида Москва консерваториясининг композиторлик факультетига имтиҳонсиз қабул қилинди. Шундан бошлаб мусиқа санъатига ўзини бағишлаб, профессорлар С.Танеев ва М.Ипполитов-Иванов синфларида сабоқ олиб, 1901 йили Москва консерваториясини олтин медаль билан битирди.

У турли рус шоирларининг шеърларига романслар, симфоник оркестр учун увертюра, сюита, симфония ва мусиқали саҳна асарлар яратди. Жуда кўп рус халқ қўшиқларини қайта ишлади. Опера-кантата «Сказание о великом граде Китеже и тихом озере Светояре» 1903 йил унга шуҳрат келтирди.

С.Василенко 1930 йиллардан бошлаб Шарқ мусиқа маданияти билан қизиқади, ўрганади ва арман, тожик, ўзбек, қозоқ, озарбайжон, доғистон халқ куйлари асосида «Сов. Восток» номли симфоник сюитасини ёзди ва тарғиб қилди. У ўзининг «Хотира саҳифалари»да шундай ёзади: «Мен ёш республикаларга ёрдам бериш ниятида кўп сафар қилдим, санъаткорлар билан ва халқларни мусиқий мерослари билан яқиндан танишдим. Ўзбек халқ мусиқаси, созанда ва хонандалар катта таассурот қолдирди. Ўзбек халқ мусиқасини севиб қолганлигим сабабли 1938 йили Ўзбекистон Республикаси раҳбариятининг, ўқувчим М.Ашрафий билан ҳамкорликда «Бўрон» номли биринчи ўзбек операсини ёзишга қилган таклифини мамнуният билан қабул қилдим. Тез орада ёзувчи-драматург Комил Яшин, Мухтор Ашрафий мен билан бирга операнинг либреттоси устида ишладик, кейин М.Ашрафий ўзбек халқ мусиқасидан, менинг талабимга биноан, операга керакли бир овозли куйларни танлади, ўзи ҳам куйлар басталаб берди. Мен эса уларни кўповозли гармония воситалари билан бойитдим, симфоник оркестрга мослаштирдим ва 1939 йил операни театрга тақдим этдим. 1939 йил 13 июнь куни операнинг премьераси бўлди. Томошабинлар ва республика раҳбарлари кўтаринки руҳ ва олқишлар билан кутиб олишганлари мен учун бахт ва абадийдир».

Композитор С.Василенко Ўзбекистонга иккинчи маротаба 1941 йил Иккинчи Жаҳон уруши бошланганда келади ва 1941-1945 йилларда Тошкентда яшайди, ижод қилади ва консерваторияда дарс беради. У 1941 йил М.Ашрафий билан ҳамкорликда «Улуғ канал» операсини ёзади. 1942 йил ўзбек халқ мусиқаси асосида «Оқбилак» балетини, «Шерали» мусиқали драмаси, 9 қисмли симфоник сюита ва иккита Юриш маршларини ёзади.

Шуни айтиш жоизки, С.Василенконинг ижодий фаолияти асосан рус мусиқа санъатини ривожлантиришга қаратилан эди. У жуда кўп мусиқий асарлар яратди. Улар қаторида «Нойя», «Иосиф прекрасный», «В солнечных лучах», «Лола», «Треугольник», «Цыгане», «Мирандолина» балетлари, «Сын солнца», «Христофор Колумб» опералари ва Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат опера ва балет театри саҳнасида 1941 йил премьераси бўлиб ўтган «Суворов» операси: «Гибель сенсаций», «Золотое озеро», «Обновленная земля», «Джульбарс», «Я — сын трудового народа» каби кинофильмларга мусиқа басталаган. Булардан ташқари у фортепиано учун концерт; бешта симфония, симфоник сюиталар, скрипка, балалайка ва симфоник оркестр учун концертлар ва турли драмаларга мусиқа ёзди.

С.Н.Василенко узоқ йиллар давомида кўпгина шогирдлар тайёрлади. Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси мусиқасининг муаллифи, буюк композиторимиз Мутал Бурҳонов ҳам шу моҳир педагогда ўқиган.

Атоқли композитор Сергей Никифорович Василенко ўзининг ёрқин ижодий, педагоглик ва жамоатчилик фаолияти билан мусиқа маданиятининг ривожланишига улкан ҳисса қўшди. Унинг хизматлари «Ўзбекистон халқ артисти» (1939 йил), «Россия халқ артисти» (1940 йил) фахрий унвонлари, орден ва медаллар билан тақдирланган.

                        АНАТОЛИЙ ВАРЕЛАС

(1950)

ХХ асрнинг 70-йиллари охирида Ўзбекистон Композиторлар уюшмаси сафига истеъдодли композитор Анатолий Советович Варелас кириб келди. У турли жанрларда яратган мусиқа асарлари ва скрипкада ижрочилиги билан республикамизнинг кўп миллатли мусиқа санъати ривожига ҳисса қўшиб келмоқда.

Варелас Анатолий Советович Тошкентда 1950 йил 27 февралда дунёга келди. У болалигидан бошлаб мусиқа муҳитида тарбияланди: отаси — композитор Совет (Сергей) Афанасьевич Варелас ва онаси Головянц Тамара Аванесовна фарзандлари Анатолий ва Еленаларга касб таълимини бердилар. Анатолий 1957 йили В.Успенский номидаги махсус мусиқа мактабда композициядан профессор Б.И.Зейдман синфида ўқиди.

1968 йили А.Варелас Тошкент давлат консерваториясининг оркестр чолғулари ва композиторлик факультетларида скрипкада Рейдер ва композицияда профессор Б.Зейдманлардан сабоқ олди. Композиторлик мутахассислигидан давлат комиссияси ҳайъатига «Поэма о сыне» (Антакольский сўзларига) номли кантата диплом ишини симфоник оркестр, хор ва солистлар ижросида тақдим этди ва аъло даражали диплом олишга сазовор бўлди. Талабалик даврида 1971-1973 йилларда ўзи ўқиган мусиқа мактабида композициядан дарс берди. Консерваторияни битиргач, Ўзбекистон миллий симфоник оркестрида скрипкачи лавозимида ишлади. 1973 йилнинг ноябридан 1989 йилнинг ноябригача А.Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтининг оркестр дирижёрлиги факультетида чолғулаштиришдан дарс берди. 1989-2010 йилларда консерваторияда скрипкадан, 2010 йилдан бастакорлик ва чолғулаштириш кафедраси профессори сифатида фаолият юритмоқда.

У скрипка ва фортепиано учун ёзган сюита, вариация, сонатина, лирик пьесалар, иккита скрипка учун иккита соло, виолончель ва фортепиано учун андантино, сонатина, альт-скрипка учун 30 та пьеса, фортепиано учун 7 та пьеса, 8 та прелюдия, «Вечное движение» фугатто; тромбон ва фортепиано учун «Сўзсиз қўшиқ», ўзбек ва қорақалпоқ халқ оҳангларини пайваста қилиш асосида яратган, қашқар рубоби ва фортепиано учун «Рондо», ғижжак ва фортепиано учун «Рақс», най ва фортепиано учун «Элегия» ва «Шарқ рақси», ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Рақс» ва «Концерт пьесаси» созандалар репертуарини бойитди. Булардан ташқари турли чолғу ансамбллар учун ҳам мусиқа яратмоқда. Улар орасида торли «Квартет», «Сюита», 4 та пьеса, скрипка, виолончель ва фортепиано учун «Трио», дамли чолғулар ансамблига 3 та пьеса ҳам ижрочилар репертуаридан жой олди.

А.Варелас яратган симфоник «Увертюра» (1969 й.) «Симфоник поэма» (1970 й.), симфония №1 (1977), №2 (1983), №3 (2002), №4 (2005), №5 (2012), скрипка ва симфоник оркестр учун концертлар №1 ва №2 (1972, 1986 й.), альт ва оркестр учун Концерт (2008), скрипка ва камер оркестр учун Concerto grosso (2001), най ва халқ чолғулари оркестри учун Концерт (1993)  ижодкорнинг энг катта ютуғидир.

А.Варелас шоирлардан А.Исаакян, С.Ципачев, А.Блок, А.Ахматова, Зулфияларнинг шеърларига романслар яратди. Улар хонандаларнинг репертуар дастурларидан жой олди ва концертларда ижро этиб келинмоқда. Композитор қўшиқлар, хор жамоалари ва болалар учун оммавий қўшиқлар яратди.

А.Варелас “Задачи по инструментовке” (1996), “Произведения для скрипки и фортепиано” (2007), “12 каприсов для скрипки” (2011) ўқув қўлланмалари муаллифидир.

А.Варелас 2007 йилда “Дўстлик” ордени билан мукофотланган.