АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

30 ноябрь: Собиров Шерзод ни туғилган куни.


АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



                                 ТЎХТАСИН ЖАЛИЛОВ

(1896-1966)

Ўзбекистон халқ артисти, атоқли бастакор, созанда Тўхтасин Жалилов XX аср ўзбек мусиқаси тарихида катта ўрин эгаллади. Беназир маҳорат билан ажойиб қўшиқ, лирик ашула ва рақс куйлари, қирққа яқин мусиқали драма ва комедия, «Тоҳир ва Зуҳра» (Б.Бровцин билан ҳамкорликда) номли опера яратиб, республикамизда мазкур жанрларнинг тараққий этишига улкан ҳисса қўшди. Устоз ижодий изланди, тинмай меҳнат қилди, кўп қиррали ижодий, раҳбарлик ва жамоатчилик фаолияти билан мусиқа санъатида чуқур из қолдирди. Шуни айтиш жоизки, у етиштирган юзлаб шогирдлар ҳам Ўзбекистон мусиқа санъатининг равнақи йўлида фаолият кўрсатмоқдалар. Бу улуғ инсонни санъаткор аҳли ва халқимиз ҳурмат қилиб «Уста» деб эъзозлади.

Тўхтасин Жалилов 1896 йилда Андижон шаҳрида таваллуд топган. 10 ёшидан Юсуфжон чангчи бошчилигидаги санъаткорлар билан халқ сайилларида, қишлоқ ва шаҳардаги тўй маросимларда қатнаша бошлади. Мусиқий мерос сирларини қунт билан устоз ва дўстларидан ўрганди. «Ташвиқот араваси» ансамбли жамоасида Ёқубжон чангчи, Ашурали Охун дуторчи, Ғазат Охун ғижжакчи, Зокир эшон доирачи, Орифжон дуторчи, Ҳайит Охун танбурчи, Рустам меҳтар сурнайчи, Исмат карнайчи, Сайфи қайроқчи, Беркинбой Файзиев, Деҳқонбой ҳофизлар бор эди. Мазкур жамоани аввал Ориф Тошматов (Ориф гармон), сўнг Т.Жалилов бошқардилар.

1923 йили Москвада ўтказилган ҳунармандлар кўргазмаси концерт дастурида Т.Жалилов ҳам қатнашди. 1925 йилдан Ҳамза тузган Фарғона театр труппасида ишлади, кейинги йили машҳур санъаткор М.Қориёқубов Самарқандда ташкил этган Ўзбек давлат этнографик ансамблига таклиф қилинди. 1927 йили ансамбль билан Москва, Ленинград, Боку, Қозон ва Уфа шаҳарларида ўтказилган гастрол концертларида бўлди. 1928 йил Андижондаги Ўзбек давлат мусиқали драма театрига мусиқа раҳбари вазифасига таклиф қилинди. Мазкур театрда Т.Жалилов «Лолажон» (К.Яшин пьесаси), «Қашқар қизи», «Ойхон» (С.Абдулла пьесалари), «Ўртоқлар» (К.Яшин пьесаси), «Ҳалима» (Ғ.Зафарий пьесаси), «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун» (Ш.Хуршид пьесалари) спектакллари учун куй, қўшиқ ва ашулаларни халқ мусиқа меросидан танлаб олди.

Т.Жалилов Ўзбек давлат мусиқали театрининг мусиқа раҳбари этиб тайинланди. Ғ.Зафарийнинг «Ҳалима», К.Яшиннинг «Ўртоқлар» пьесалари ҳамда концерт дастури устида ижодий иш олиб борди. Мазкур спектакллар мусиқасини қайта ишлади.

1936 йили Лондонда ўтказилган жаҳон рақс фестивалида Т.Жалилов, М.Қориёқубов, Тамарахоним ва Уста Олим Комиловлар қатнашиб, қўш мукофотларга сазовор бўлдилар.

1936 йилда Тошкентда Ўзбек давлат филармонияси М.Қориёқубов раҳбарлигида ташкил топди. Филармония жамоаларида Москвада ўтказиладиган Ўзбек санъат ва адабиётининг биринчи декадасига тайёргарлик қизғин бошланиб кетди. Т.Жалиловга 120 кишидан иборат бўлган Ўзбек ашула ва рақс ансамблини ташкил этиш ва бошқариш вазифаси топширилди. Мазкур ансамбль устоз раҳбарлигида Москва, Озарбайжон, Украина ва Белорусия бўйлаб гастрол сафарларида бўлди.

1939 йилнинг охирида Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқали драма ва комедия театри ташкил топди. Мазкур театрга Т.Жалилов раҳбар этиб тайинланди. Унинг бастакорлик фаолияти бу ерда янада самаралироқ бўлди. У драматург С.Абдулла билан ҳамкорликда 1939 йилда яратган «Тоҳир ва Зуҳра» мусиқали драмасини саҳналаштирди. 1941 йили «Қурбон Умаров» (С.Абдулла пьесаси, композитор Г.Шперлинг билан ҳамкорликда); 1942 йили «Нурхон» (К.Яшин пьесаси, композитор Г.Собитов билан ҳамкорликда); 1943 йили «Ўзбекистон қиличи» (Ҳ.Олимжон пьесаси, К.Яшин, Уйғун ва Н.Погодинлар, бастакорлар Т.Содиқов, М.Бурҳонов, Н.Ҳасанов, Климов ва Вайнберглар ҳамкорлигида); 1943 йили «Асрлар» (Уйғун пьесаси, композитор Б.Надеждин билан ҳамкорликда); 1945 йили «Ғунчалар» ва 1947 йили «Орзу» (С.Абдулла пьесаси, композитор Б.Бровцин билан ҳамкорликда); 1949 йили «Алпомиш» (С.Абдулла пьесаси, композитор Б.Надеждин билан ҳамкорликда); 1949 йили «Муқимий» (С.Абдулла пьесаси, композитор Г.Мушель билан ҳамкорликда); 1952 йили «Нурхон»нинг мусиқаси Г.Собитов билан, 1953 йили «Тоҳир ва Зуҳра»нинг мусиқаси Б.Гиенко билан қайта таҳрир этилган; 1956 йили «Сурмахон» (Б.Раҳимов пьесаси, композитор Л.Степанов билан ҳамкорликда); 1957 йили «Равшан ва Зулхумор» (К.Яшин пьесаси, композитор Г.Мушель билан ҳамкорликда); 1957 йили «Истибдод» (С.Абдулла пьесаси, композитор Г.Собитов билан ҳамкорликда); 1962 йили «Фарғона ҳикояси» (Ҳ.Ғулом пьесаси, композитор Б.Зейдман билан ҳамкорликда); 1962 йили «Дала маликаси» (Жалол Машрабий пьесаси) ва 1949 йили Б.Бровцин билан ҳамкорликда «Тоҳир ва Зуҳра» операсини яратди. 1977 йили шу опера қайта таҳрир этилди.

Ўзбек мусиқа меросининг билимдони Т.Жалилов йиллар давомида ижодий изланди, янгиликка интилди ва ноёб мусиқий асарлар басталади. Унинг замонавий услубда яратган илк куйи «Сигнал», қўшиқларидан «Ер экканники», «Оқ олтин», (Камтар сўзлари), «Довруғ» (К.Аҳмадий сўзи) бўлган. У Ватанни мадҳ этди, инсоннинг орзу-умидлари, инсон муҳаббати каби нафис ҳис-туйғуларини қўшиқ ва ашулаларида ифода этди. Унинг «Эй, ҳур Ватан», «Азим Ватан», «Она Ватан», «Фарҳод қаҳрамонлари», «Олдинга бос, болам», «Ялла» (Уйғун сўзи) каби қўшиқлари ўзбек қўшиқчилик санъатига замон руҳига мос келадиган янги оҳанглар олиб келди. Булардан ташқари «Кокилинг», «Куйласам» (Уйғун сўзлари), «Баҳор айёмида» (Фурқат шеъри), «Гулистоним менинг» (Муқимий шеъри) каби лирик ашулалари муаллифнинг улкан салоҳиятидан далолат беради. Устознинг «Тўйлар муборак» қўшиғисиз эса ўзбек тўйларини тасаввур этиш қийин.

Шуни айтиш жоизки, устоз Т.Жалилов улкан маънавий-мусиқий мерос қолдирган. Шу билан бирга у эл-юрт ҳурматига сазовор ажойиб фарзандларнинг отасидир. Тўнғич ўғли Холхўжа Тўхтасинов (1919-1971 й.) моҳир ғижжакчи, дирижёр, бастакор сифатида танилди. Кенжа ўғли Деҳқон Тўхтасинов Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртини хор-дирижёрлиги бўйича, Москва консерваторияси ўзбек опера студиясини тугатиб, умрининг охиригача Фарғона мусиқали драма ва комедия театри дирижёри. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонига сазовор бўлган эди. Қизлари Ўзбекистон халқ артисти Эътибор Жалилова Муқимий номидаги мусиқали театрнинг етакчи актрисаси эди. Холида Жалилова Тошкент давлат консерваториясининг вокал факультетини битириб, Тожикистон радиосида хонанда ва мусиқа билим юрти муаллимаси бўлиб ишламоқда. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Салоҳиддин Тўхтасинов узоқ йиллар давомида филармонияда етакчи ғижжакчи-созанда бўлиб ишлади.

Ўзбекистон мусиқа маданиятини ривожлантиришда кўрсатган улкан хизматлари учун 1937 йилда Тўхтасин Жалиловга “Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвони берилган. 1946 йили Ўзбекистон Олий Кенгашига депутат бўлиб сайланган.

                         МАРКАБОЙ ЖИЕМУРАТОВ

(1943-2020)

Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасига композитор Маркабой Жиемуратов 1984 йили қабул қилинган. У Қорақалпоғистон республикаси Тахтакўприк туманида 1943 йилнинг 28 мартида туғилди. Болалигидан мусиқага қизиқиб, скрипка, мандолина, дутор чалишни ўрганди, турли концертларда фаол қатнашди. 1960-1964 йилларда Нукус давлат мусиқа ва хореография билим юртида Н.Муҳаммадиев синфида скрипка бўйича сабоқ олди. 1964 йилда Беруний шаҳри болалар мусиқа мактабида скрипкадан, 1965-1966 йилларда Хўжайли шаҳридаги болалар мусиқа мактабида дарс берди. 1966-1967 йилларда Қорақалпоғистон радио комитетида концертлар уюштириш бўлимида ишлади. Шу йиллари қўшиқ ва куйлар басталай бошлади.

1967 йили М.Жиемуратов Тошкент консерваторияси композиторлик факультетига ўқишга кирди. Бу ўқув даргоҳида мутахассисликдан аввал профессор  Б.Ф.Гиенко, кейин профессор Г.А.Мушель синфида таҳсил кўриб, 1975 йили консерваторияни муваффақиятли битирди. 1975-1978 йилларда олган йўлланма билан Станиславский номидаги театрда дирижёр лавозимида ишлади. 1979 йилда радиокомитетда муҳаррир, сўнгра радио қошидаги халқ чолғу оркестри дирижёри, 1981-1982 йилларда Нукус шаҳри 2-болалар мусиқа мактабида ўқитувчи, 1983 йилдан Нукус шаҳар болалар театрида, 1989 йилдан 2-болалар мусиқа мактабининг директори лавозимида фаолият юритди.

Композитор М.Жиемуратовнинг ижодида қўшиқ ва романс жанрлари устувор аҳамият касб этади. У талабалик пайтларидан бошлаб турли мавзуларда замондош шоирларнинг шеърларига 100 дан ортиқ ранг-баранг ва жозибали қўшиқлар яратди. Улар орасида «Қиз муҳаббати», «Мен бир бўйдоқ жигитмен» (Ш.Мамбетмуратов сўзи), «Анажаным» (И.Аимбетов сўзи), «Арал вальси» (М.Даулетмуратов сўзи), «Соғиниш» ва «Асыгар саган» (О.Хошанов сўзи), «Умытпа», «Сени сағынаман аткан танларда», «Кел жоним», «Гоззал жаслығым», «Райхон» «Журек сыры», «Келин келди», «Мактанышым Каракалпакстаним», «Булбул», «Кара озек», «Асыгып атыр», «Сени коргенде» (Н.Торешов сўзи), «Бес тебенин тауларында», «Айыт сен Эжинияздын косыкларынан» (И.Юсупов сўзи), «Сахра қизина», «Саган асыгаман», «Кегейли» (К.Раҳмонов сўзи), «Салы атызлар», «Кеширемен», «Нэупир бойлари», «Яр-яр», «Алтынкол» (Т.Кабулов сўзи) қўшиқларини, «Айдынлар», «Сен сулыу» (А.Тажимуратов сўзи), «Анажаним» (Х.Аимбетов сўзи) вальслари ажралиб туради. Композиторнинг романслари: «Эму акшамы» (Х.Сейтов сўзи) кўрик-танловда биринчи, «Суйемен сени» (С.Пиржонов сўзи) иккинчи мукофотга сазовор бўлдир. Қуйидаги қўшиқлари: «Куяшы» (Т.Сейтжонов сўзи) иккинчи, «Нури» (К.Жуманиязов сўзи) учинчи мукофотга сазовор бўлди.

Йиллар давомида М.Жиемуратов қуйидаги мусиқий асарларни яратди: фортепиано учун «Пьесалар», «Полька», «Вальс»лар, «Марш», «Алла», «Ноктюрн», «Скерцо», 4 қисмли соната, «Эрназар Алакоз» номли симфоник поэма, беш қисмли симфоник сюита, уч қисмли иккинчи симфоник сюита, торли оркестр учун «Поэма», уч қисмли торли квартет, уч қисмли дутор ва фортепиано учун пьеса; хор ва симфоник оркестр учун «Қорақалпоғистон» (И.Косымбетов сўзи) қўшиқ. У 1974 йили балетмейстер Н.Маркарянц билан ҳамкорликда ёзган либреттоси асосида «Гўзал Макарья» номли балет мусиқасини басталади. Балет мусиқаси асосида тузилган симфоник сюита 1975 йили Тошкентда ижро этилган ва илиқ кутиб олинган.

Композитор М.Жиемуратов кўп йиллар давомида қорақалпоқ халқ қўшиқ ва куйларини, бахшиларнинг ижодидаги намуналарни нотага ёзиб борди ва 1991-1994 йилларда қуйидаги нота тўпламларни нашрдан чиқарди:

«Жырау намалари» - 98 та халқ куйлари ўрин олган;

«Дауытбай Каипов» шу исмли бахшининг репертуари ёзилган;

«Дэртке-дауа Мукаррама» шу исмли сеҳргар репертуаридан ёзилган.

«Аккан жулдызлар» Д.Каипов ва З.Хожаназарованинг репертуаридан ёзилган. Булардан ташқари у 110 та куйни нотага ёзиб, нашрга тайёрлаган.

                            КОМИЛЖОН ЖАББОРОВ

(1914-1975)

Ўзбекистон халқ артисти, атоқли созанда ва бастакор Комилжон Жабборовнинг номи республикамиздагина эмас, бошқа қўшни мамлакатларда ҳам машҳурдир. Кундалик ҳаётимизда мунтазам янграб келаётган унинг мазмундор, жозибали қўшиқ ва ашулалари, рақс куйлари, тингловчиларга манзур. Созанда ва бастакор ўзининг бетакрор мусиқа асарлари ва нодир ижрочилик санъати билан республикамиз миллий мусиқа маданиятининг ривожланишига улкан ҳисса қўшиб, XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди.

Комилжон Жабборов 1914 йилнинг 15 апрелида Андижон шаҳрида туғилди. Комилжон болалигидан мусиқага қизиқиб акасидан дутор ва ғижжак чалишни ўрганади. 1923 йилдан умумтаълим мактабида ўқиди, мактаб ҳаваскорлар ансамблига қатнашади. Комилжоннинг мусиқага бўлган қобилиятини кўрган созанда Рўзиматхон Исабоев уни ўзи билан Наманганга олиб кетади. 1925-1929 йилларда Намангандаги «Намуна» мактабида таълим олди. 1929 йилда Тошкентга келиб, Ҳамза номидаги драма театрида созандалар ансамблига ишга қабул қилинди. 1931 йилдан Й.Охунбобоев номидаги Андижон вилояти мусиқали драма театрида, 1933 йилдан Республика мусиқали драма театрида созанда, бир йилдан сўнг Андижон театрида мусиқа раҳбари лавозимларида ишлайди. 1941-1946 йилларда Янгийўлдаги театрда, сўнгра Муқимий номидаги мусиқали театр оркестрида созанда, 1946 йилдан умрининг охиригача Ўзбекистон радиоси қошидаги мақом ансамблида, ўзбек халқ чолғулари оркестрида ишлади.

К.Жабборов ғижжак, дутор ва танбурда беназир ижрочи эди. Унинг ижро дастуридан халқ, мақом, ўзи басталаган куйлар ўрин олди. Жумладан у ғижжакда «Дугоҳ», «Сегоҳ», «Гул мавсуми»; танбурда: «Самарқанд Ушшоғи», «Гулёр»; дуторда «Курд», «Нолиш» ва бошқа мумтоз куйларни мукаммал янгратиб, ўзига хос услубда талқин этган.

Бастакор К.Жабборов турли мавзуларда юздан ортиқ ажойиб ва ўзига хос, оҳангдор қўшиқ ва ашулалар яратди. Уларнинг аксарияти миллий-маънавий мулкимизга айланди. Булар «Мубтало бўлдим сенга» ва «Эй, пари» (Навоий сўзлари), «Диёримсан», «Озода ўлкам», «Ҳушёр ёр», «Баҳор қўшиғи» (Ҳабибий сўзлари), «Лолахон», (К.Отабоев сўзи), «Тошкент пиёласи» (Ҳ.Хўжаев сўзи), «Шифокорлар» (П.Мўмин сўзи), «Салом», «Бирма-бир», «Кўргим келур» (Т.Тўла сўзлари), «Ватан» (Уйғун сўзи), «Хуш келдинг» (Р.Парфи сўзи), «Кел» (Э.Воҳидов сўзи), «Муҳаббат гулшани» (Ҳ.Муҳаммад сўзи) каби қўшиқ ва ашулалардир.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида Тошкентда истиқомат қилиб ижод этган атоқли рус композиторлари К.Жабборов басталаб берган куйлари асосида М.Штейнберг «Симфония-рапсодия», Б.Арапов ва А.Козловскийлар «Жалолиддин» ораториясини яратдилар.

Андижон вилояти мусиқали драма театрида ишлаб юрган йиллари К.Жабборовнинг «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун», «Гулсара» каби спектакллари ўзбек халқ мусиқаси намуналари ҳамда ўзи басталаган куйлар асосида саҳналаштирилган. 1959 йили «Гулфия устида нур» (С.Тилла пьесаси) спектаклига мусиқа басталади. 1963 йили композитор С.Ҳайитбоев билан ҳамкорликда «Нодира» (Х.Раззоқов пьесаси) мусиқали драмасини яратди. Драматург Т.Қосимованинг «Дилнавоз» (1964 й.) ва «Чўлпонойнинг алласи» (1965 й.) телеспектаклларига мусиқа басталади.

Ўзбек халқ мусиқасининг билимдони, моҳир бастакор К.Жабборов 1967 йили Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасига қабул қилинган. Бастакор ва созанда Комилжон Жабборов республикамиз мусиқа маданиятини ривожлантиришдаги катта хизматлари учун 1950 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» ва 1973 йилда «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонлари, медаллар билан мукофотланган.

                                ШЕРМАТ ЁРМАТОВ

(1939)

Ўзбекистон халқ артисти, хор дирижёри, мураббий ва бастакор Шермат Ёрматов Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасига 1998 йили қабул қилинган. Унинг меҳнат фаолияти кўп овозли болалар хор ижрочилигини ривожлантиришда алоҳида ўрин эгаллайди. Ўзбекистон телерадиоси ҳузурида 1967 йилда ўзи ташкил қилган «Булбулча» болалар хор жамоаси республикамиз маданий ҳаётида катта роль ўйнаб келмоқда.

Шермат Ёрматов 1939 йилнинг 17 октябрида Фарғона вилояти Лоғон қишлоғида туғилди. 1947 йилдан умумтаълим мактабида ўқиди, ҳаваскорлик тўгарагига қатнади. 1959 йилдан Ш.Ёрматов Тошкент маданият техникумида, 1962 йилдан консерваторияда хор дирижёрлиги факультетида таҳсил олди, Пак Ен Диндан композиторлик сирларини ўрганди. 1967 йилда Ўзбекистон телерадиоси ҳузуридаги Б.Умиджонов раҳбарлик қилган хор жамоасига дирижёр вазифасига тайинланди.

Ш.Ёрматов 1990 йилдан А.Қодирий номидаги Тошкент маданият институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти) доценти, 1996-1999 йилларда Республика «Маънавият ва маърифат» маркази раисининг биринчи ўринбосари, 2000-2002 йилларда Ю.Ражабий номидаги Тошкент мусиқа-педагогика билим юрти директори лавозимларида ишлади, Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори.

Композитор Ш.Ёрматовнинг ижодида қўшиқ жанри устувор туради. У ўтган йиллар давомида замондош шоирлар билан ҳамкорликда турли мавзуларда ўзи раҳбарлик қилаётган ижро жамоаларга, якка хонандаларга атаб қўшиқлар, сюита, кантаталар яратди. Мисол сифатида айримларини эслатиб ўтамиз: жўрсиз (акапелла) хор қўшиқлари, «Қор ёғар» (Б.Исроил сўзи), «Қари чумчуқ чақимчи» (А.Обиджон сўзи), «Ялпиз» (Ю.Шомансур сўзи), «Дорбоз» (Т.Баҳромов сўзи), «Гуллола» (Т.Содиқова сўзи), «Майса» (Р.Толипов сўзи), «Салом, мактаб» ва «Она тупроқ» (П.Мўмин сўзлари), «Келди наврўз» (А.Исоқов сўзи), «Она тилим» (Д.Саримсоқов сўзи), «Ислом бобо» (М.Раҳмон сўзи), «Ой Ватаним» ва «Замоним, о замоним» (Қамбар Ота сўзлари), «Кўйлак» (Мирмуҳсин сўзи), «Қўзичоқ» (Д.Абдураҳмонов сўзи), «Соғлом авлод қўшиғи» (С.Барно сўзи). Фортепиано жўрлигидаги хор асарлари: «Дадамларга ўхшасам», «Темир-терсак», «Ўйнадик ҳеч тўймадик», «Икки қўйманг, ўқитувчим» ва “Ўнбештамиз беш олдик» (П.Мўмин сўзлари), «Онажоним» (Ҳ.Муҳаммад сўзи), «Энг чиройли ой» (Т.Аюпанов сўзи), «Гул фасли», «Бармоқларим» (М.Муҳамедов сўзи), «Нурли авлод» (Х.Раҳимов сўзи), «Меҳнат қўшиғи» (М.Зайниддинова сўзи), «Ёш механизатор қўшиғи» (Ғ.Маҳмуд сўзи), «Умиджон полвон» (Р.Шукуров сўзи), «Хўрозим» ва «Оймомажон ром бўлди» (Қ.Муҳаммадий сўзи), «Сумалак» (Т.Баҳромов сўзи), «Айёмларинг муборак» ва «Норин дарё» (Т.Содиқова сўзи), «Баҳор» (З.Азимова сўзи), «Муаллим» (Ю.Шомансур сўзи), «Той бола» (Қамбар Ота сўзи). Кўп қисмли хор асарлари: «Читти гул» вокал хореографик сюитаси (Н.Карим сўзи), «Ассалом, ҳаёт» кантатаси (Т.Илҳомов сўзи), «Бу гулшан соз экансан» болалар халқ термалари асосида вокал-хореографик сюита яратди. Булардан ташқари, композитор мактабгача ёшдаги болалар учун ҳам қўшиқлар ёзди. Унинг қўшиқлари турли нота тўпламлари ва «Мусиқа» дарсликларига киритилган. Ш.Ёрматов ҳаммуаллифликда умумтаълим мактаблари учун мусиқа дарсликларини яратди ва нашрдан чиқарди.

Шермат Ёрматов 1982 йил «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», 1995 йил «Соғлом авлод учун» ордени, 1996 йил «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвони билан мукофотланган.

                               ГАИП ДЕМИСИНОВ

(1942-1990)

Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, композитор ва дирижёр Гаип Демисинов турли жанрлардаги жозибали, ёрқин, қорақалпоқ миллий оҳанглари билан суғорилган асарлари билан мусиқа жамоатчилиги эътиборини ўзига қаратди ва эл-юрт ҳурматига сазовор бўлди. У 1973 йили Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси аъзолари сафига қўшилди. Қорақалпоқ республикасининг замонавий мусиқа санъатини ривожлантириш мақсадида тинмай ижод қилди, дарс берди, оркестрни бошқарди, мусиқани тарғиб қилди. Қисқа умр кўрган бўлса-да, мусиқа ижодиётида ўчмас из қолдирди.

Демисинов Гаип 1942 йилнинг 20 февралида Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманида дунёга келди. Мактабдаги ҳаваскорлик тўгарагида ғижжак чалишни ўрганади. 1960-1964 йилларда Нукус мусиқа билим юртида скрипка чолғусида ўқийди. 1965-1971 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг композиция факультетида профессор Г.А.Мушель синфида таълим олади. 1971 йилдан Нукус мусиқа билим юртида иш фаолиятини бошлайди. 1973 йилда Қорақалпоқ телерадио комитети қошидаги халқ чолғулари оркестрида концертмейстер, 1974 йилдан умрининг охиригача дирижёр сифатида фаолият юритди.

Г.Демисинов Шарқ ва Ғарб мусиқа анъаналари асосида кўп овозли жанрларда миллий мусиқа басталашда яхши натижаларга эришди. Унинг «Фарғонача» (1971 йил) биринчи, «Бўзатов» (1980 йил) иккинчи симфониялари, биринчи ва иккинчи фортепиано ва симфоник оркестр учун ёзган Концертлари (1971,1980 йил), симфоник оркестр учун «Прелюдия ва фуга»си, торли квартет учун иккита «Прелюдия ва фуга»си, фортепиано учун «Токката», «Фуга каприччио» ва «Фантазия», скрипка ва фортепиано учун 3 қисмли соната, камер чолғу оркестр учун 3 қисмли симфониетта каби чолғу асарлари миллий оҳанг ва усул билан суғорилган. Мазкур асарлар қорақалпоқ халқининг замонавий миллий мусиқаси йўналишининг намунали кўриниши дейилса муболаға бўлмайди.

Г.Демисинов йиллар давомида чолғу мусиқа асарлари билан айни пайтда акапелла (жўрсиз) хор учун «Азада бостонинг» (Т.Матмуратов сўзи), хор ва симфоник оркестр учун «Гуллен Қорақалпоғистон» поэмаси (И.Юсупов сўзи); якканавоз — баритон, хор ва симфоник оркестр учун «Қорақалпоғистоним» (Т.Сечанов сўзи), «Қайдасан» (С.Жеталиев сўзи), «Ақ халат» (Ж.Аймурзаев сўзи), «Қандай теран қиз жони» (Г.Сейитназаров сўзи) қўшиқларини яратди. Ўттиздан ортиқ қўшиқларини фортепиано ва халқ чолғулари оркестри учун қайта ишлади. У турли мавзуларда бир қатор шоирлар сўзига катталар ва болалар учун кўплаб қўшиқлар яратди.

Замонавий мусиқа санъатида Г.Демисинов ўзининг жўшқин ва кўп қиррали ижодий фаолияти билан ёрқин из қолдирди.