АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

25 сентябрь: Иброхимов Окилхонни туғилган куни.


29 сентябрь: Оллоберганов Исломни туғилган куни.


30 сентябрь: Очилова Камолахон ни туғилган куни.


25 сентябрь: Саидий Саид Болта-зодани туғилган куни.


22 сентябрь: Хайдаров Ахмад ни туғилган куни.


АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



                                        ДИЛНОЗ ЗОКИРОВААМИЛОВА)

(1976)

Дилноз Зокирова (Камилова) 1976 йилнинг       9 январида Тошкент шаҳрида, мусиқачилар оиласида туғилди. 1991-1995 йилларда Ю.Ражабий номидаги педагогика билим юртида таҳсил олди, 1995-1999 йилларда М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваториясини бакалавр босқичини, 1999-2001 йилларда магистратурани композиция бўйича профессор А.Мансуров синфида тугатди. 2002 йилдан бошлаб Ўзбекистон давлат консерваториясининг “Бастакорлик ва чолғулаштириш” кафедрасида педагогик фаолиятини олиб бормоқда. 2002-2005 йилларда илмий котиб, 2009-2011 йилларда кафедра котиби лавозимларида ишлади.

Композитор турли жанрларда самарали ижод қилиб келмоқда. Фортепиано ва оркестр учун Концерт (1995), “Ўтмиш ва замон” симфонияси (2001) асарлари муаллифи. Фортепиано учун ёзган “Токката”, “Адажио”, “Шарқона куй”, “Прелюдиялар”, “Сонатина”, “Изҳор”, “О, ялли-ялло”, “Вариациялар”, “Изҳор” пьесалари, “Соат”, “Сайр” ва “Сўзсиз қўшиқ” каби фортепиано дуэтлари пианиночиларнинг ижро репертуарларидан кенг ўрин олган. Мазкур асарлар асосида 2007 йилда “О, ялли-ялло” ўқув қўлланмаси нашр этилган.

Композиторнинг вокал асарлари ҳам диққатга сазовор. Хор ва фортепиано учун «Томчилар», «Алла» (М.Тиллабоева шеъри), «Ўзбекистон қизлари» (Саодат шеъри), «Гўзалим, Тошкентим» (Н.Эгамназаров шеъри), “Дунёни сақлар болалар” (К.Турдиева шеъри) қўшиқлари талабалар томонидан мароқ билан ижро этиб келинмоқда.

Д.Зокирова (Камилова)нинг қашқар рубоб ва фортепиано учун 2 та этюд, Қашқар рубоб ва халқ чолғулари оркестри учун “Қувонч”, най ва фортепиано учун “Алла”, “Ария”, “Этюд-пьеса” асарлари ўқув репертуарларига киритилган, Халқаро ва Республика танловларида ижро этиб келинмоқда.

Композитор мусиқали театр жанрларига мурожаат этиб “Тузоқ” мусиқали драмасини (2008), “Бу чоллар-ёмон чоллар” мусиқали комедиясини (2009), “Простите, дорогой” мусиқали водевилини (комедия) (2013) яратди. Мазкур асарлар республика театрлари репертуарларидан муносиб ўрин олган.

                               БОРИС ЗЕЙДМАН

(1908-1981)

Озарбайжон ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, моҳир педагог, композитор, профессор Борис Зейдман кўп қиррали ижодий фаолияти билан ХХ аср мусиқа санъати ривожланиши учун самарали хизмат қилди ва мусиқа тарихида салмоқли из қолдирди.

Зейдман Борис Исаакович Санкт-Петербург шаҳрида 1908 йил 10 февралда дунёга келди. Болалигидан мусиқага қизиқиб, 1923-1928 йилларда бадиий студияда фортепиано чалишни ўрганди, гармониядан дарс олди. У 1927 йили Ленинград консерваториясининг композиторлик факультетида, машҳур композитор, профессор М.О.Штейнберг синфида таълим олди. 1931 йили ўқишни битириб, Саратов билим юртида мусиқа назарияси ва тарихидан дарс берди ва маҳаллий радио студиясида мусиқа муҳаррири бўлиб ишлади. Икки йил ўтгач Ленинградга қайтиб, консерватория аспирантурасида сабоқ олди. 1938 йили доцент илмий унвонига сазовор бўлди.

1939 йили Б.Зейдман Озарбайжон давлат консерваториясида композиторлик кафедраси ташкил этилиши муносабати билан доцент лавозимига таклифни қабул қилди ва шу ўқув даргоҳида 16 йил ишлади. У талабаларга композиция, гармония, полифония, чолғулаштириш ва опера драматургияси асосларидан дарс берди, 30 га яқин юқори малакали композиторларни тайёрлади. Улар орасида Халқ артистлари Фикрет Амиров, С.Ҳожибеков, М.Кажлаев, Ж.Жангиров ва бошқалар бор. 1949 йили профессор илмий унвонига эга бўлди.

1957 йили Б.И.Зейдман Тошкент давлат консерваторияси раҳбариятининг таклифига кўра проректор ва композиция кафедраси мудири лавозимларида иш бошлади. 1981 йилга қадар бу ерда 30 дан ортиқ композиторларни тайёрлади. Унинг ўқувчилари орасида Ўзбекистон санъат арбоблари А.Отажонов, Р.Вильданов, Р.Ҳамроев, Э.Салихов, Р.Абдуллаев ва бошқаларни кўриш мумкин.

Б.Зейдман Боку опера ва балет театрида қўйилган «Гнев народа», «Новогодняя ночь», «Маскарад», «Горе от ума», «Сын полка», Навоий номидаги опера ва балет театрида қўйилган: «Двенадцатая ночь», «Русские люди», «Зайнаб ва Омон» (Т.Содиқов, Ю.Ражабий ва Д.Зокировлар билан ҳамкорликда ёзилган) опералари, «Золотой ключик», «Человек, который смеётся», «Дракон и солнце», «Сорока-воровка», «Граф Монте Кристо» балетлари, Саратов опера ва балет театрида «Красное и зелёное» ва «Выстрел» опералари муаллифидир.

«Ўғил уйлантириш» (С.Юдаков ва Ю.Ражабий билан ҳамкорликда, Ҳ.Ғулом пьесаси) мусиқали комедияси, «Қариқиз» (Т.Тошматов билан ҳамкорликда, Т.Тўла пьесаси) ва «Фарғона ҳикояси» (Т.Жалилов билан ҳамкорликда, Ҳ.Ғулом пьесаси) мусиқали драмалари Муқимий номидаги мусиқали театрда саҳна юзини кўрган.

У Ленинград консерваториясини 1931 йили фортепиано ва симфоник оркестр учун концерт диплом иши билан тугатган эди. Сўнгра 2-фортепиано концерти (1935 й.), альт скрипка ва оркестр учун концерт (1938 й.), «Хусрав ва Ширин» симфонияси (1941 й.), фортепиано ва оркестр учун фантазия (1950 й.), симфоник оркестр учун 3 та увертюра (1949, 1950, 1951 й.), симфониетта (1957й.), 1 ва 2 симфоник сюита (1961 й.), катта симфоник оркестр учун 3та концерт (1963,1972,1978й.); 8та симфония (1941, 1966, 1967, 1976, 1977, 1978, 1979, 1981 й.), скрипка ва оркестр учун «Фантазия» (1952й.), Концерт № 1,2 (1968, 1981й.), оркестр ва фортепиано учун 4 та концерт (1931,1935, 1970, 1974 й.), альт скрипка ва оркестр учун 2- концерт (1962 й.), тромбон ва оркестр учун концерт (1977 й.), симфоник оркестр учун «Человек, который смеётся», «Дракон и солнце», «Сорока-воровка» ва «Граф Монте Кристо» балетлари мусиқаси асосида бешта сюита, симфоник оркестр учун «Приветственная увертюра», учта увертюра каби асарлар композитор ижодида муҳим ўрин эгаллайди.

Шуни айтиб ўтиш керакки, композитор симфоник жанрларга қандай эътиборини қаратган бўлса, камер жанрларга ҳам шундай қарайди. Сон жиҳатдан камер асарлари кам ёзилган бўлса-да, лекин уларнинг моҳияти сезиларлидир. Шу жумладан: тўрт қўл учун 5 та фортепиано пьесаси, дамли чолғулар ансамблига 6 та пьеса, камонли чолғулар учун пьеса ва учта квартет, скрипка, виолончель ва фортепиано учун трио, фортепиано квинтети, скрипка, виолончель ва оркестр учун соната, виолончель ва фортепиано, гобой ва фортепиано учун сонатина, мактаб репертуарига: торли чолғулар квартети учун 5 та пьеса, труба ва фортепиано учун 4 та пьеса, А.Пушкин ва С.Щипачев шеърларига романслар шулар жумласидандир.

Хоразм халқ куйлари асосида торли чолғулар учун квартет, фортепиано учун қайта ишланган 6 та ўзбек халқ куйи, М.Ашрафий хотирасига бағишланган симфоник поэма, ўзбек халқ чолғулари оркестри учун симфония, Хоразмча 3 қисмли симфониетта ва «Фантазия», «Ҳамза хотираси» симфоник поэмаси.

Б.Зейдман хизматлари Озарбайжон ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1956,1964 й.), Озарбайжон ва Ўзбекистон ҳукумати фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган.

                                   ҚУРБОНБОЙ ЗАРЕТДИНОВ

(1951)

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби (2000), Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1997), Бердах номидаги Давлат мукофоти совриндори (1998), дирижёр, педагог, композитор Қурбонбой Заретдинов Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1989 йили қабул қилинган.

Қурбонбой Заретдинов Қорақалпоғистон республикаси Кегейли туманида 1951 йилнинг 25 февралида дунёга келди. Қурбонбой 1958 йилдан умумтаълим мактабида ўқиди, бадиий ҳаваскорлик тўгарагига қатнади. 1966 йили Нукус мусиқа-хореографик билим юртининг хор-дирижёрлиги бўлимига ўқишга кириб бастакорликдан машқ қила бошлади. 1968-1970 йилларда К.Станиславский номидаги республика театри хор жамоасида артист бўлиб ишлади.

Қ.Заретдинов 1970 йили Тошкент консерваторияси хор-дирижёрлиги факультетига ўқишга кирди. Бу ерда у ўз мутахассислиги билан бирга профессор З.Ҳақназаров синфида опера-симфоник дирижёрлиги мутахассислигидан ҳам сабоқ олди. Консерваторияни 1975 йили муваффақиятли битиргач Ж.Шомуротов номидаги Нукус мусиқа ва хореография билим юртига ишга йўлланма олди. 1975-1976 йилларда у Ички ишлар қўшинларининг ашула ва рақс ансамблида хормейстер бўлиб хизмат қилди, сўнгра ўқитувчилик ишини давом эттирди.

1981 йилда Бердах номидаги симфоник оркестр ташкил қилинди ва унинг иккинчи дирижёри этиб Қ.Заретдинов тайинланди. 1985-1986 йилларда у Ленинграднинг кичик опера ва балет театри симфоник оркестрининг Бош дирижёри В.В.Кожин бошчилигида стажёр бўлиб ишлади. Дирижёр К.Заретдинов 1987-1992 йилларда Қорақалпоғистон симфоник оркестрининг бадиий раҳбари ва бош дирижёри, 1992-2008 йилларда Қорақалпоғистон Бастакорлар уюшмаси раиси лавозимида ишлаган, 2008 йилдан Университетнинг мусиқа бўлими бошлиғи вазифасида фаолият кўрсатмоқда.

К.Заретдинов қуйидаги саҳна асарларига мусиқа басталади: композитор О.Ҳалимов билан ҳамкорликда «Ғариб ошиқ» (А.Бегимов, Т.Алланазаров пьесаси) ва «Адолатга қиянат» (С.Ҳожаниязов пьесаси) мусиқали драмаларга; «Шарьяр» (Қ.Матмуратов пьесаси) драмага; «Ақ текеш ҳам кок текеш» (Қ.Матмуратов пьесаси), «Асанбала ҳаққинда» (Ж.Хожанов пьесаси) қўғирчоқ спектаклига; халқ эртаги «Аш-каскир» асосида болалар учун балет яратди. Иккинчи балети «Назлимхан сулиў» (Т.Хожасов либреттоси) деб аталади.

Композитор симфоник ва вокал-симфоник асарларни яратди: «Бегжан фожиаси» симфоник поэмаси, «Кайрауда қалғанг эалғиз ғаз» симфоник манзара, «Наўрыз» симфоник поэмаси, дутор ва оркестр учун «Қарадэли» концертли пьесаси, фортепиано ва оркестр учун «Концерт пьеса»си, «Сирласиў» симфоник-хореографик манзараси, халқ чолғулари оркестри учун «Биринчи қуваниш» ва «Ватан куйлари» сюиталари хор, яккахон, бадиий сўз устаси ва оркестр учун «Бозатау» (Т.Қобулов сўзи) вокал-симфоник поэмаси, «Посқан ел» (Жийен жырау) ораторияси, «Хэсирек ҳэўири» (Х.Деўлетназаров сўзи) ораторияси, «Хош келдин Наўрыз» (Х.Даўлиетназаров сўзи) «Достлиқ» (К.Раҳмонов сўзи), “Қорақалпоқстан» (Б.Генжемуратов сўзи), «Қорақалпоқстан» (И.Юсупов сўзи) кантаталари, «Туўилган жерим» (К.Раҳмонов сўзи) хор-сюита оркестр билан; «Она Ўатаним» (Ш.Пахретдинова сўзи) яккахон, хор ва оркестр учун сюита; акапелла хор учун: «Налиш», «Айкулаш», «Қара коз», «Алти қиз» халқ қўшиқларини қайта ишлаган. Хор учун: «Дутарим менин» (Х.Турдиқулов сўзи) ва «Мондай кулдим» (Ж.Шомуратов сўзи) қўшиқлари, дамли чолғу оркестри ва хор учун «Ўзбекистон армияси» (Н.Мусаев сўзи) қўшиғини басталаган.

К.Заретдинов юзга яқин қўшиқ ва романслар яратди. Улар орасида «Шибиғи синса шинардин», «Булбул», «Аралим эрманим», «Қжне сол жулдиз», «Ядимда менин», «Еслеу» (И.Юсупов сўзи) «Тўмарис ҳақинда баллада» ва «Эжинияздин монологи», «Дайи қиз» (Д.Алланазаров сўзи), «Қорақалпоғистаним», «Бу дунья ажайип дунья» (Э.Отепбергенов сўзи), «Сенинг козлорин» (С.Ембергенов сўзи), «Гуззал келди», «Тумтарлар», «Нагислар дуньяси», «Инкор боларман» (К.Раҳмонов сўзи) каби қўшиқлар ёзди. У болалар учун ҳам бир талай яккахон, хор қўшиқларини басталади.

                           ҲАЛИМЖОН ЖЎРАЕВ

(1936-2008)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, моҳир найчи ва бастакор Ҳалимжон Жўраев Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1993 йили қабул қилинган. Ёрқин истеъдод соҳиби, ўзбек халқи мусиқий меросининг пухта билимдони Ҳ.Жўраев XX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб мусиқа оламига кириб келди. Бастакор сифатида мумтоз ва замондош шоирларнинг шеърларига ранг-баранг, жозибали куй, қўшиқ, ялла ва ашулалар яратиб, республикамиз мусиқа санъати ривожига ўз ҳиссасини қўшди.

Ҳалимжон Жўраев 1936 йилнинг 15 майида Наманган вилояти Чуст тумани Варзик қишлоғида туғилди. Ҳалимжон болалигидан мусиқага қизиқди, 1943 йилдан маданият уйидаги ҳаваскорлик тўгарагига қатнаб най чалишни ўрганди. 1954-1958 йилларда Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртида най синфида сабоқ олди. 1958 йилда Ҳ.Жўраев М.Турғунбоева номидаги «Баҳор» рақс ансамблида, 1961 йилдан радио ҳузуридаги Ўзбек халқ чолғулари оркестрида найчи лавозимида ишлай бошлади. 1967-1972 йилларда консерваториянинг хор дирижёрлиги факультетида таҳсил кўрди.

Ҳ.Жўраев бастакор сифатида ўтган йиллар давомида турли мавзуларда мумтоз ва замондош шоирларнинг шеърларига 100 дан ортиқ қўшиқ, ялла ва ашулалар яратди. Улар орасида: «Саодат баҳори» (Ҳ.Ғулом сўзи), «Қуёшли элим» (Т.Тошматов сўзи), «Интизор», «Пахтакорлар довруғи», «Сўрайман», «Камтарлик билан», «Тошкентим» (А.Пўлат сўзи), «Сен йироқда» (Э.Воҳидов сўзи), «Ишқ офтоби» (Б.Исроилов сўзи), «Ўзбекистон ипак йўллари» ва «Чаман айлаб кел» (Н.Нарзуллаев сўзи), «Интизор эмасман» (Фурқат сўзи), «Бирга юргинг келади» (Маҳтумқули сўзи), «Ўртар» (Машраб ғазали), «Най навоси» (М.Қориев сўзи), «Бир қиё боққан билан» (С.Зуннунова сўзи), «Ҳолим сўрмасанг» (Э.Охунова сўзи), «Мен каби шайдо эмас» (Муқимий ғазали), «Ватаним» ва «Замонамни куйлайман» (Т.Тўла сўзи), «Ватан васфи» (Ҳ.Расул сўзи), «Хуш садолар» (Уйғун сўзи), «Сен гули раъно» (Н.Парда сўзи), «Шўхи дилороми кўринг» (Ж.Жабборов сўзи), «Сўрайман», «Аҳду вафодан кечма» ва «Юрса одоб-ибода» (П.Мўмин сўзи), «Солдат жасорати» (С.Қўқонбеков сўзи), «Мен сизни кутдим» (Нилуфар сўзи), «Бегим сизга» (Ҳ.Худойбердиева сўзи), «Иқболим баланд» (Ҳ.Муҳаммад сўзи), «Ўргатдинг» (Ғайратий сўзи), «Хаёлларим» (А.Ҳожи сўзи), «Интизор этма» (К.Усмонов сўзи), «Онажоним-онажон» (О.Назарова сўзи) ва бошқалар. Бастакор рубоб учун лирик куй, қўшнай учун пьеса, оркестр учун «Рапсодия» ва «Поэма» ларни яратди.

Ҳ.Жўраев найчи сифатида 1962 йили Финляндияда ўтган VIII халқаро ёшлар фестивалида, 1966 йили Болгарияда ўтган Ўзбекистон адабиёти ва санъати ўн кунлигида, 1973 йили Сурия араб республикасида Ўзбекистон санъати кунларида қатнашди. 1974 йили Германия, 1976 йили Греция, Миср, Туркия, Кипр каби мамлакатларда ижодий сафарда бўлди.

                          ТУРСУНБОЙ ЖЎРАЕВ

(1952)

Етук созанда, хонанда ва бастакор Турсунбой Жўраев Қирғизистон Республикасининг Ўш шаҳрида 1952 йилнинг 17 майида туғилди.

1960 йил Ўш шаҳар болалар мусиқа мактабининг скрипка синфида ўқиди. 1967 йилдан мусиқа билим юртида ғижжак бўйича ўқиб, 1971 йил муваффақиятли битирди.

Турсунбой Жўраев ўзининг дилрабо қўшиқлари, куйлари ва яллалари билан ўзбек қўшиқчилиги ва созандалиги ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган санъаткорлардан. Унинг “Айёмингиз муборак”, “Гўзал муҳаббат”, “Ватандир бу”, “Ўзбек тилим”, “Минг чинор”, “Салом Наврўз”, “Истиқлол”, “Қалбимдасан”, “Зебони кўринг” каби 100 дан ортиқ яратган қўшиқларини машҳур хонандалар Ўзбекистон халқ ҳофизи Ориф Алимаҳсумов, Ўзбекистон халқ артистлари Таваккал Қодиров, Комунна Исмоилова, Замира Суюнова, Маҳмуджон Тожибоев, Муножот Йўлчиева, Марям Сатторова, Ҳуррият Исроилова, Матлюба Дадабоева ва мақом ансамблининг етук ҳофизлари ижро этган ва этиб келмоқдалар. Т.Джураевнинг халқимиз юрагидан жой олган дилбар қўшиқлари Ўзбекистон радиосининг “Олтин Фонд”ига, яъни магнит тасмаларига ёзилган.

Қўшиқ жанрида ижод қилиш қаторида, Т.Жўраев телерадиокомпания қошидаги «Тановар» рақс ансамбли учун ҳам қатор рақс куйлари ва сюиталар, ўзбек халқ чолғулари учун ҳам бир неча куйлар яратди.

Т.Жўраев ижодкор бўлиш билан бир қаторда ўзбек мумтоз мусиқасини тарғиб қилишда ҳам жонбозлик кўрсатиб келмоқда. Унинг ижросида “Сараҳбори дугоҳ” тароналари ва талқинлари, “Чормақом” куйлари, “Мушкилот” йўллари ва халқимизнинг севимли қўшиқлари, куйлари нафақат республикамизда, балки Франция, Англия, Туркия ва бошқа Европа мамлакатларида муваффақиятли ижро этилган.