АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



Композитор Аваз Мансуров 1957 йил 2 ноябрда Қўқон шаҳрида туғилган. 1982 йилда Тошкент давлат консерваториясининг бастакорлик бўлимини проф. Б.И.Зейдман синфида, 1986 йил ассистент-стажёрликни проф. Ф.М.Янов-Яновский синфида тамомлади. Ўзбекистон давлат консерваторияси бастакорлик кафедраси мудири, ўқув ишлари бўйича проректор, профессор, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси котиби.

Аваз Мансуров Ўзбекистон мусиқа санъатининг ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган ижодкорлардан. Композитор турли жанрларда сермаҳсул ижод қилиб, «Ўзбекистон қўшиқ байрами» Республика танловларида «Ўзбекистон – дўстлик диёри» (1998 йил 1-мукофот), «Соғиниб уйғонар тонглар» (1999 йил 2-мукофот), «Баркамол авлод қўшиғи» (2001 йил 1-мукофот) кабиларни ёшлар жўшиб куйлашди. «Ўзбекистон-она онажон», «Биз ҳур Ватан чечакларимиз», «Бу чаманзор кимники», «Хайр мактаб», «Ким эпчилу ким чаққон» каби 100 дан ортиқ қўшиқлари болажонлар орасида кенг танилган. Мустақиллик ва Наврўзга бағишланган катта байрам тадбирларида бир неча бор асарлари янгради. Республика театрларида ўнлаб мусиқали асарлари саҳналаштирилган ва минглаб томошабинларга манзур бўлган. Унинг «Суғдиёна» оркестри учун янгича услубда езилган «Мозийдан садо» асари асосида мусиқий фильм ишланди ва телевидение орқали томошабинларга эътиборига ҳавола этилди.

А.Мансуровнинг «Ўзга сайёралик робот», «Ҳайвонлар султони» болалар опералари, «Шарқ афсонаси» балети, «Қўнғироқли ёлғончи», «Качал Полвон ва Гармсел», «Ур тўқмоқ» каби 11 та мусиқали спектакл, «Учар ковуш», «Шўх хўтикча», «Кашмир қўшиғи» мусиқали эртаклари, «Бир соатлик халифа» мусиқали драма, 2 та симфония, симфоник поэма, «Байрам увертюраси», «Наврўз» каби 5 та увертюра, «Мустақилликка бағишлов», «Шодиёна» мадҳиялари, фортепиано ва оркестр учун концерт асарларини алоҳида айтиб ўтиш лозим.  

А.Мансуров Ўзбекистон Ёшлар мукофоти совриндори (1986), «Ўзбекистон – Ватаним меним» қўшиқ танловининг ғолиби (1998). У Ўзбекистон Фаҳрий Ёрлиғи билан тағдирланган, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари фахрий ёрлиқлари ҳамда мукофотларига сазовор бўлган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби, хор дирижёри, композитор Баҳрулло Лутфуллаев 1948 йил 5 сентябрда Жиззах вилоятида туғилган. 1972 йилда Тошкент давлат консерваториясининг хор дирижёрлиги, 1987 йилда бастакорлик ихтисосликлари бўйича тамомлаган. М.Уйғур номидаги Тошкент давлат санъат институти профессори.

Бахрулло Лутфуллаев ўзбек мусиқа санъати ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган таниқли композиторлардан. У мусиқали драма ҳамда хор учун яратган асарлари орқали эл орасида катта эътибор қозонди. Композиторнинг «Самарқанд ушшоғи», «Ёр истаб», «Ҳазилкаш шоҳ», «Мангу машъал» каби мусиқали драмалари, солист ва хор учун «Ҳур Ўзбекистон», «Тошкентим бор» сюиталари, «Она» поэмаси, «Фироқ» хор туркуми ва бошқа бир қатор асарлари ижодининг ёрқин намуналаридан ҳисобланади. Композиторнинг мусиқали драмалари Муқимий номидаги мусиқали драма театри репертуаридан кенг ўрин олган.

Вокал ва саҳна асарлари яратиш билан бир қаторда Б.Лутфуллаев чолғу жанрида ҳам унумли ижод қилиб келмоқда. Фортепиано ва камер оркестри учун ёзган «У огня», 5 та симфония, концерт-симфония «Дугоҳ», «Улуғбек юлдузи», «Ўлка» поэмалари, «Тошкент баҳори» вокал рақс сюитаси, торли квартет, фортепиано учун пьеса асарлари шулар жумласидан. Композитор вокал жанрида 400 дан ортиқ асарлар яратиб, уларнинг энг саралари, чолғу мусиқаси радионинг «Олтин фонди»дан жой олган.

Б.Лутфуллаев ижодий фаолият юритиш билан бир қаторда ўзбек санъатини кенг оммага тарғиб этиб келишда ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда. Бир неча йиллар давомида Ўзбекистон радиоси мусиқий эшиттиришлар бош муҳаррири, Ўзтелерадиокомпаниясида мусиқа студиясининг бош муҳаррири лавозимида фаол иш юритгани бунинг ёрқин далилидир. Б.Лутфуллаевнинг кўп йиллар давомида олий ўқув юртларида мусиқа сирларидан сабоқ бериб, профессионал мусиқачиларнинг етишиб чиқишларига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Б.Лутфуллаев яратган қўшиқлар Мустақиллик ва Наврўз умумхалқ байрамларида, улуғ алломаларимиз ва қадимий шаҳарларнинг юбилей тантаналарида мунтазам ижро этиб келмоқда. Шу билан бир қаторда, ватанпарварлик руҳида яратилган аксарият қўшиқлари «Ўзбекистон Ватаним маним» кўрик танловларида ижро этилиб тингловчилар олқишларига сазовор бўлиб совринли ўринларни қўлга кириб келмоқда. 

 

МУТАЛ (МУТАВАККИЛ) БУРҲОНОВ

(1916-2002)

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг мусиқа муаллифи, Ўзбекистон халқ артисти, Ҳамза ва Бердах номидаги Давлат мукофотлари совриндори, таниқли композитор Мутал (Мутаваккил) Музаинович Бурҳонов ҳаёти ва ижодий фаолияти замонавий ўзбек профессионал санъатининг ривожланиш тарихи билан чамбарчас боғлиқ. Бу нодир истеъдод соҳиби баркамол, ширадор ва жозибали асарлари билан юртимизни дунёга танитди. Унинг асарлари оригиналлиги, маишийлиги билан ажралиб туради. Композиторнинг қўшиқ ва романслари, симфоник ва вокал-симфоник асарлари, саҳна ва кино мусиқаси тингловчининг қалбига етиб боради. М.Бурҳоновнинг эсда қоладиган куйлари айни вақтнинг ўзида мураккаб ҳамдир. Чунки улар оҳангдорлиги билан инсон ички дунёсининг бойлиги ва муаллифининг нозик ва сезгир табиатини, ўй ва ҳис-туйғуларини ифода этади.

Ўзбек халқининг асл фарзанди Мутал Бурҳонов 1916 йил 5-майда Бухоро шаҳрида туғилди. Мутаваккилнинг уч нафар амакиларидан бири Мукаммил Бурҳонов Бухоро жадидчилар ҳаракати фаолларидан бўлган.

Ҳаётнинг оғир синовлари бошига тушган М.Бурҳонов болалик ва ўспиринлик даврида аввал эски диний, сўнгра янги мактабларда ўқиди. Болалигидан мусиқага қизиқди ва меҳр қўйди. Танбур чалишни аввал амакиси Мукаммил Бурҳоновдан, кейин машҳур танбурчи Ота Ғиёс Абдуғанидан ўрганди. 1928-1932 йилларда Самарқандда Ўзбекистон мусиқа ва хореография институтида таълим олди. Мазкур ўқув масканида ишлаган Ота Жалол Носиров, Ота Ғиёс Абдуғани, Домла Ҳалим Ибодов, Ҳожи Абдулазиз Расулов, Абдуқодир Исмоилов, Аҳмаджон Умрзоқов, Матёқуб Харратов, Абдураҳмон Умаров каби устозлар сабоқлари, Абдурауф Фитрат ва Бурҳоновлар хонадонларида С.Айний, А.Чўлпон, Боту, Элбек, ёш Ҳ.Олимжон иштирок этган ижодий кечалар М.Бурҳонов учун унутилмас ҳаёт ва ижод мактаби бўлди.

Ўқишни битиргач, М.Бурҳонов 1932-1935 йилларда Тошкентда Ҳамза ва Душанбеда Лоҳутий номидаги драма театрларида созанда, мусиқа раҳбари лавозимларида ишлади, мусиқа басталашга интилди. Композиторлик таълимини олиш орзусида у 1935 йили Москва консерваторияси қошида очилган “Ўзбек опера студияси”да таҳсил кўрди. 1939 йилда Москва консерваторияси асосий курсида профессор С.Н.Василенко синфида ўқишини давом эттирди. Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан кўнгиллилар армияси сафида Москва шаҳрини ҳимоясига отланди, 1942 йили эса қаттиқ бетоб бўлиб, Тошкентга қайтиб даволанди, ижод билан шуғулланди. 1946 йилдан ўқишини давом эттириб, 1949 йили Москва консерваторияси композиторлик куллиётини муваффақиятли тугаллади.

М.Бурҳонов бошидан кечирган қийинчиликлар, уюштирилган туҳматлар, унинг метин иродасини синдира олмади. «Ҳақиқат эгилади, лекин синмайди» деб ўзига далда берди, ижод қилди ва ҳақиқат юзага чиқди. Композитор ижодининг асосий қисмини вокал мусиқа ташкил этади. У талабалик давридаёқ илк ижодини атоқли шоир А.Лоҳутий шеърларига басталаган «Эй булбул» романси ва «Бути нозанинам» («Менинг гўзалим») қўшиғидан ва Машраб шеърига «Ишқ ўти», яккахон ва симфоник оркестр учун басталаган балладаси кабилардан бошлади. Уруш йиллари «Жангчилар қўшиғи» (Уйғун сўзи), «Самолёт» (Ҳ.Олимжон сўзи), «Учиб кетасан» (З.Диёр сўзи), «Пахтам очилса» (Камтар сўзи) қўшиқлар, «Ишқида» (Уйғун сўзи), «Дилбари-мо» (А.Лоҳутий сўзи) романсларини яратди. М.Бурҳонов қаламига мансуб «Мафтунингман» кинофильмида Ботир Зокиров ижро этган «Мафтунингман», Клара Жалилова ижросидаги «Юлдуз қўшиғи» ва «Дўппи тикдим ипаклари тиллодан» (Т.Тўла сўзи), Лайло Шарипова ижро этган «Баҳор қўшиғи» (Т.Тўла сўзи) ва «Самолётлар қўнолмади» кинофильмида араб аёлининг қўшиғи, Юнус Тўраев ижросидаги «Гул диёрим» (Э.Воҳидов сўзи) ва «Гўзал Нукус шаҳрим» (И.Юсупов сўзи), Тамарахоним ижро этган «Гўзал Фарғона» (А.Бобожон сўзи), «Уйғур қизига» (Маматохунова сўзи), «Ватан қўшиғи» (Ғ.Ғулом сўзи), «Ёрим бор» (Миртемир сўзи), «Гўзал Ўзбекистон» (Шуҳрат сўзи), «Бой ила хизматчи» кинофильмидан Гулбаҳор алласи каби ажойиб қўшиқлар кенг қанот ёзди. Дарҳақиқат, М.Бурҳонов биринчилардан бўлиб  романс жанрини республикамиз мусиқий ҳаётига жорий этди, янги йўл очиб берди, десак муболаға бўлмайди. Бастакорнинг бу жанрдаги асарлари орасида улуғ шоир Навоий ғазалига басталаган «Табассум қилмадинг» ва Ҳофиз ғазалига яккахон ва симфоник оркестр учун «Намедонам чи ном дорад» («Исмингни билмайман») романс-поэмаси алоҳида ўрин тутади. Бу романс-поэма биринчи бор гўзал ва ёқимли овоз соҳиби Тошкент консерваторияси доценти Давид Муллоқандов, ундан кейин Ботир Зокиров ижросида янгради. «Юрак садоси» (Т.Тўла шеъри), «Келса ногоҳ...» (Н.Комилов шеъри), «Нега тарк этдинг» (А.Фитрат шеъри), «Унутмас мени боғим» (У.Носир шеъри), «Шоир орзуси» (Машраб сўзи) балладаси баркамол даражага етказилган.

М.Бурҳонов вокал-симфоник жанрларда ҳам баракали ижод қилди. 1949 йилда яккахон, хор ва симфоник оркестр учун «Гуллагай Ўзбекистон» кантатаси, «Баҳор қушлари» (С.Умарий сўзи) вокал-симфоник поэмаси, «Оқ олтин» (И.Юсупов сўзи) вальс-қўшиқ поэмасини ёзди. Шу асарни М.Турғунбоева ўз вақтида «Баҳор» рақс ансамбли учун саҳналаштирган ва ҳужжатли фильм олинган. Алишер Навоийнинг 525 йиллик юбилейига бағишлаб А.Орипов билан ҳамкорликда «Алишер Навоийга қасида» (1968 й.) вокал-симфоник поэмаси, шу шоир билан 1975 йили урушда ҳалок бўлганлар хотирасига бағишлаб хор ва симфоник оркестр учун «Эпитафия» марсиясини яратди.

М.Бурҳонов биринчилардан бўлиб 1950-йилларнинг бошларида ўзбек халқ қўшиқлари «Гўзал қизга», «Ёрларим», тожик халқ қўшиқлари «Сари кўҳи баланд» ва «Заррагул», қорақалпоқ халқ қўшиқлари «Бибигул», «Айрилиқ», уйғур халқ қўшиғи «Сайра», қозоқ халқ қўшиғи «Дударай», кейинги йилларда афғон халқ қўшиғи «Чашми сиёҳ», эрон халқ қўшиқлари — «Гули гандум» ва «Дамкул-дамкул» кабиларни акапелла хори учун мослаштириб, мураккаб ижодий масалани муваффақият билан еча олди.

Ноёб истеъдод соҳиби М.Бурҳонов 1990 йилда Навоий таваллудининг 550 йиллигига бағишлаб «Алишер Навоий» операсини яратди. У Уйғун ва И.Султон драмасини қайта ишлаб, опера жанрига мослаган ҳолда либретто тузиб, жозибали мусиқа яратди ва у 1990 йилнинг охирида Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат Академик опера ва балет катта театрида саҳна юзини кўрди.

М.Бурҳонов ижодий фаолиятида кино мусиқаси ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Унинг 1950-1970-йилларда «Бой ила хизматчи» (режиссёр Л.Файзиев), «Абу Али ибн Сино» (реж. К.Ёрматов), «Самолётлар қўнолмади» (реж.З.Собитов), «Сурайё» (реж. У.Назаров), «Тарк этилган келин» (реж. Й.Аъзамов) бадиий кинофильмларга ёзилган мусиқаси маданиятимиз тарихида чуқур из қолдирди. М.Левиев ва И.Акбаровлар билан ҳамкорликда «Мафтунингман» ва «Орол балиқчилари» кинофильмларига яратган дилбар қўшиқлари янграб келмоқда.

Ҳамза номидаги Ўзбек давлат академик драма театрида саҳналаштирилган: «Алишер Навоий» (Уйғун ва И.Султон пьесаси, 1943 й.), «Ҳикмат» (Ш.Туйғун пьесаси, 1950 й.), «Бой ила хизматчи» (Ҳамза пьесаси, 1953 й.) спектаклларига М.Бурҳонов мусиқа басталаган. Республика қўғирчоқ театрида намойиш қилинган Ҳ.Олимжоннинг «Ойгул ва Бахтиёр» спектаклига ҳам композитор мусиқа яратган.

М.Бурҳонов ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Мавриги», ҳар хил пьесалар, сюиталар, симфоник оркестр учун сюиталар, скрипка ва виолончель ансамбли учун вальс ва пьесалар яратди. Болалар хори учун қатор қўшиқлар басталади.

М.Бурҳонов табаррук 80 ёшлик тўйини янги мусиқий асарлар билан кутиб олди. Жомий дўсти Алишер Навоийга бағишлаб «Ширу шакар» шеърига қўшиқ, болалар хори учун «Ватан бизга меҳрибон» (М.Мирзо сўзи) қўшиғи, акапелла хори учун «Бухорои Шариф» (Рудакий шеъри) қўшиғини ёзди. Шу билан бирга Ўзбекистон мусиқаси тарихида М.Бурҳонов биринчи бўлиб яккахонлар, хор ва симфоник оркестр учун беш қисмли «Абадий хотира» номли РЕКВИЕМ яратди. Бу асарда қатағон йиллари қурбони бўлган ўзбек халқининг улуғ фарзандлари Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир, Файзулла Хўжаев, композиторнинг катта акаси Мисбоҳ, амакилари Масхариддин, Мукаммил ва Муаммир Бурҳоновлар хотирасига бағишланган. Бу асар 1996 йил 14 майда «Туркистон» саройида композиторнинг юбилей кечасига бағишланган концерт дастурида илк бор ижро этилди. С.Қобулова, Ф.Зокиров, бадиий сўз устаси Т.Мўминов, А.Абдуқодиров, З.Ҳақназаров раҳбарлигидаги миллий симфоник оркестр, хормейстерлар А.Ҳамидов ва Ж.Шукуровлар раҳбарликларидаги қўшма хор жамоалари қатнашган эди.

М.Бурҳонов таваллудининг 85 йиллигига бағишланган юбилей концерт Алишер Навоий номидаги опера ва балет театрида 2001 йил 17 майда ўтди.

Мутал Бурҳонов Ўзбекистон мусиқа маданиятини ривожлантиришда қўшган хизматлари учун «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби», «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонларига, «Меҳнат шуҳрати» медали, 1999 йили «Буюк хизматлари учун» ордени, 2001 йилда «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланди.

Мутаваккил Бурҳонов Бухоро шаҳрида 2002 йилнинг 15 июнида дунёдан кўз юмди.

 

МУСТАФО БАФОЕВ

(1946)

 

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, ASCAP (Америка композиторлари, муаллифлари ва ноширлари асоциацияси) аъзоси, композитор, дирижёр, педагог, Мустафо Бафоев серунум, серқирра ижодкорлардан бири. У Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасига 1970 йилларнинг охирида ёрқин, замонавий оҳанг ва анъанавий услубий оқимлари таъсиридаги, жозибали мусиқий асарлари билан шаҳдам кириб келди.

Мустафо Бафоев 1946 йил 10 ноябрда Бухоро вилояти Когон тумани Ганчкаш қишлоғида туғилди. 1953-1960 йиллари умумтаълим мактабида ўқиди. 1960-1964 йилларда Мустафо Бухоро мусиқа билим юртида, сўнгра Тошкент давлат консерваториясида ғижжак ихтисослиги бўйича ўқиди. Унга доцент В.А.Беленький, профессор М.Насимов сабоқ бердилар. 1969 йили консерваторияни муваффақиятли битиргач, ёш мутахассис Бухоро давлат педагогика институтига йўлланма олади. Бастакорлик сирларини ўрганиш мақсадида Мустафо 1972 йилда консерваторияга иккинчи марта ўқишга кирди. Профессорлар Б.Гиенко синфида композициядан, А.Козловскийда чолғулаштиришдан қунт билан ўқиди. 1977-1979 йилларда ассистент-стажёрлик курсларида касб малакасини оширди. Айни пайтда Тошкент давлат маданият институти ўзбек халқ чолғулари кафедрасида ўқитувчи бўлиб ишлади. 1980 йилда Ўзбекистон радиоси қошидаги ўзбек халқ чолғулари оркестрига дирижёр лавозимига таклиф қилинди. Олти йилдан сўнг у оркестрнинг бош дирижёри ва бадиий раҳбари вазифасида ишлай бошлади. 2000-2003-йиллар “Ўзбекрақс” қошидаги халқ чолғулари оркестри бадиий раҳбари ва бош дирижёри, 2003-йилдан Ўзбекистон давлат консерваториясининг бастакорлик ва чолғулаштириш кафедраси доценти, 2008 йилдан профессор лавозимида ишлаб келмоқда.

Композитор М.Бафоев мусиқанинг турли шакл ва жанрларида жозибали, оҳангдор мусиқий асарлар яратиб келмоқда. Талабалик даврида «Широқ афсонаси» (1974й.) симфоник поэмаси, «Байрам увертюраси» (1976й.), труба учун концерт-рапсодияси (1978 й.), шунингдек, пьеса, сонатина, соната, поэма, скерцоларни яратди. Торли квартети 1973 йили Новосибирск шаҳрида ижро этилди, Навоий шеърларига овоз ва фортепиано учун ёзган «Беш рубоий» туркуми (1975 йил) Ленинградда ўтказилган ёш композиторлар ижодига бағишланган фестивалда ижро этилди. «Бухоронома» (О.Халил сўзи) ораторияси 1978 йил Москвада ўтказилган Бутуниттифоқ Ёш композиторлар танловида                  3-даражали дипломга сазовор бўлди.

М.Бафоевнинг асарлари республикамизда ва хорижий мамлакатларда ўтказилган фестиваль ва симпозиумлар концерт дастурларида янгради: Абу Али Ибн Сино таваллудининг 1000 йиллигига бағишланган концерт дастурида композиторнинг Ибн Синонинг рубоийларига басталаган яккахон ва акапелла хори учун 7 қисмли «Поэма-фреска» (1980 йил Тошкент ва Москва), Тожикистонда ўтказилган Ўзбекистон адабиёти ва санъати декада концерт дастурида шоир Ж.Камол сўзига ёзган «Дўстлик» вокал-симфоник поэмаси (1981 йил), Бутуниттифоқ мусиқа фестивалида Ж.Камол сўзига ёзган «Ажаб нозик» хор қўшиғи (1983 йил март ойида Таллин); Мусо ал-Хоразмий таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган концертда «Ал Хоразмий юлдузи» хореографик миниатюраси (1983 йил Москвада); иккинчи халқаро мусиқашунослик симпозиумининг концерт дастурида «Мақом садолари» хор-поэмаси (1983 йил, Самарқанд); Арманистонда ўтказилган хор санъати фестивалининг концерт дастурида яккахон, гобой, зарбли чолғулар ва хор учун «Баҳория» (халқ сўзи) асари (1986 йили), солист, хор ва симфоник оркестр учун “Гулла, яшна Ўзбекистон” (Ғ.Ғулом, А.Орипов сўзлари, 1986 йилда Москвада) яратилган; Ўзбекистон адабиёти ва санъати декада концерт дастурида Т.Тўла сўзига басталаган «Тантанали қасида-поэма» (1987 йил, Украина); учинчи халқаро мусиқашунослик симпозиуми концерт дастурида камер симфоник оркестри учун басталаган «Ибн Сино хотираси» 2-симфонияси (1987 йил, Самарқанд); Мирзо Улуғбек таваллудининг 650 йиллигига бағишланган концертда «Улуғбек буржи» телебалетидан парча (1994 йил, Самарқанд); Амир Темур таваллудининг 660 йиллигига бағишланган концерт дастурида «Куй ва қўшиқлар туркуми» (1996 йил, Самарқанд); Ўзбекистон кунларига бағишланган тадбирда “Буюк ипак йўли” спектакли (1997 йили, Париж). Шу спектаклнинг 1997 йили Самарқандда ўтказилган «Шарқ тароналари» биринчи халқаро мусиқа фестивалида; 1999 йили Тошкентда ўтказилган халқаро «Илҳом XX» мусиқа фестивали концерт дастурида дутор ва фортепиано учун «Концерт-поэма» ва 2000 йилда халқаро «Илҳом XX» мусиқа фестивалида фортепиано ва миллий чолғулар учун 5 та мусиқий манзара («Алпомиш» достони асосида), 2001 йили шу фестиваль концерт дастурида овоз, камер оркестр, хор, зарбли асбоблар ва фортепиано учун «Зикр ал-Ҳақ» номли концерт шулар жумласидандир.

М.Бафоев Муқимий номидаги республика мусиқали театри учун «Еттинчи жин» (Л.Бобохонов либреттоси, 1983), «Узилган торлар» (К.Амиров либреттоси, 1984), «Зулдир» (А.Иброҳимов либреттоси, 1985); «Раджа» (Р.Тагор асари, Т.Тўла либреттоси, 1985); «Сўнмас аланга» (Ю.Марцинкявичюс либреттоси, 1987); «Тошкентда туман» (И.Тўхтаев либреттоси, 1988), «Севги нидоси» (Ф.Жўраев либреттоси, 1994), “Пари қишлоқ афсонаси” (2001), “Тўмарис” (Х.Хурсандов асари, 2011) мусиқали драма ва комедияларини, “Фаридун” (Фирдавсий асари, 1992), А.Ҳидоятов номли театри учун «Буюк ипак йўли» (А.Шарипова либреттоси, 1996) спектаклларига мусиқа басталади. А.Навоий номидаги Давлат академик катта театри учун «Умар Хайём» (О.Узоқов либреттоси, 1987), “Севгим самоси” (Аҳмад ал-Фарғоний) (Ж.Жабборов либреттоси, 1998), А.Навоий асари асосида “Хамса” (С.Олимов либреттоси, 2017), С.Айний номидаги Тожикистон академик опера ва балет театри учун “Шайхурраис Абу Али Ибн Сино” (К.Олимов либреттоси, 2011), “Борбад” (Н.Қосим либреттоси, 2014) операларини, «Бухорои Шариф» (Х.Даврон либреттоси, 1997) телеопера-достонини, «Нодира» (1992); «Улуғбек буржи» (1994); «Мозийдан нур» (1995) (Ю.Исматова либреттолари) телебалетларини яратди, “Ёрқиной” спектаклига (Чўлпон асари, 1993), “Кунтуғмиш”, “Алпомиш”, “Ўткан кунлар”, “Чўлпон” радиоспектаклларига мусиқа басталади. Композитор киномусиқа жанрига мурожаат этиб, “Йўл бўлсин” (реж.Қ.Камолова, 2006), “Кичкина одамлар” (реж.Х.Файзиев, 2007), “Мурувват” (реж.Б.Содиқов, 2009) бадиий фильмларига, “Волшебный коврик” ўзбек халқ эртакларига (2013) мусиқа басталади.

М.Бафоев симфоник ва вокал-симфоник жанрларида самарали ижод қилиб келмоқда. У оркестр ва хор жамоаларини асарлари билан бойитди: «Широқ хақидаги афсона» симфоник поэма (1974); «Байрам» симфоник увертюраси (1976); труба ва симфоник оркестр учун «Концерт-рапсодия» (1978); «Авиценна» номли камер оркестр учун симфония № 2 (1984); 1990 йил Ҳамзага бағишланган «Шоирнинг ҳаёт саҳифаси» номли 3-симфония; 1991 йил Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллигига бағишланган «Мовароуннаҳр» 4-симфония; 2013 йилда 6-Симфония (4 унсур), «Суғдча фрескалар» симфоник поэмаси (1992), “Йил фасллари”     2 та симфоник туркумлари (1991 ва 1998 йиллар), “Насриддин Афандининг 7 латифаси” (2016) шулар жумласидан. Вокал-симфоник асарлардан 1983 йил хор ва симфоник оркестр учун “Ҳаяжонли поэма – кантата” (Т.Тўла сўзи); Шоир Ж.Камол сўзига бадиий сўз устаси, яккахон, хор ва симфоник оркестр учун «Тошкент ҳақида қўшиқ» номли оратория; 1984 йил Б.Бойқобилов сўзига яккахон, хор ва симфоник оркестр учун «Тошкент — Шарқ машъали» поэмаси; 1987 йил Ҳ.Олимжон сўзига, бадиий сўз устаси, яккахон, аёллар хори, зарбли, фортепиано, торли чолғулар учун «Роксананинг кўз ёши» ораторияси; 1993 йил А.Орипов сўзига бадиий сўз устаси, яккахон, хор, дамли, зарбли, торли, фортепиано, миллий чолғулар учун «Ҳажнома» ораторияси: мазкур асар видеотелефильм қилинган. 1995 йил яккахон, хор ва симфоник оркестр учун «Зардуштийлар маросими» оратория-балет (Ю.Исматова либреттоси), бадиий сўз устаси, яккахонлар, хор ва оркестр учун “Зафарнома” (З.Обидов шърлари. 1995) ва “Етти пир” (Шодмон Сулаймон сўзи, 2018) ораториялари, “Она ер нидоси” поэмаси (Т.Тўла сўзи, 1995), “Ҳазрат Баҳоуддинга мадҳия” (1987). Хор асарларидан Увайсий сўзига «Мақом садолари» поэмаси (1982); жўрсиз хор учун “Аллома” поэма-кантатаси, “Ажаб-ажаб”, “Маросим”, “Қизгина” (2005), “Бухорода Наврўз” (2018) асарлари, хор учун «Созлар нағмаси» (1983); Я.Қурбон сўзига яккахон ва хор учун «Юрак нидоси» туркуми (1985); Навоий сўзига «Ҳолати Алишер Навоий» 5-хор-симфонияси (1991) композитор қаламига мансуб.

Композитор ва дирижёр М.Бафоев ўзи раҳбарлик қилган Д.Зокиров номидаги ўзбек халқ чолғулари оркестри учун турли жанрларда мусиқий асарлар басталаб, оркестр репертуарини бойитди. Қашқар рубоби ва оркестр учун «Поэма» (1980 йил); «Байрам тантанаси» поэма (1981); оркестр учун «Концерт» (1983); дутор ва оркестр учун «Концерт-поэма» (1989); Жомий ва Навоийга бағишланган уд ва оркестр учун «Поэма» (1991); оркестр учун “Бахши” (1992), “Шодиёна” (2012) увертюралари, «Зарафшон тўлқинлари» (1994), I – (2013) ва II- (2014) сюиталари; фортепиано ва оркестр учун “Бухорча занг” (1993), “Хоразмча каприччио” (1993) фантазиялари, Навоийнинг «Сабъаи сайёр» достони асосида яккахон, хор ва оркестр учун «Баҳром ва Дилором» хореографик поэмаси (1998); «Алпомиш» достонига 8 та мусиқали манзара (1999); танбур ва оркестр учун концерт (1999); Суғдиёна халқ чолғулари камер оркестри учун “Суғдча” (1991), «Бухорча» (1999), “Самарқандча” (Абадият, 2010) концертлари, “Саёҳатнома” (2010), чанқовуз ва оркестр учун “Чанқовуз усуллари” (2002), най ва оркестр учун “Сердце моё” поэма-фантазияси (2006), “Баҳорнинг уйғониши” фантазияси (2005), “Тўёна” 5 қисмли сюита (2011), “Шунчаки ҳазил” (2013), афғон рубоби ва оркестр учун Концерт асарларини яратди.

Йиллар давомида М.Бафоев чолғу ва камер вокал асарлар ҳам яратиб келмоқда. Жумладан: торли ансамбль учун «Квартет» (1973), “Бадахшонча” (2014); скрипка ва фортепиано учун «Соната-поэма» (1974); торли камер ансамбль учун «Учта рақс» (1978);, Навоий сўзига овоз, урма ва камер чолғу оркестр учун «5 та рубоий» (1979); Х.Деҳлавий сўзига яккахон ва камер оркестр учун «Ғазал» романси (1980); Увайсий сўзига яккахон ва камер оркестр учун «Муҳаббат» романси (1984); Ансорий сўзига уд, овоз ва камер оркестр учун «Нажотия» номли 9 та рубоий-романси (1994); «Алпомиш» достони асосида фортепиано учун 5 та мусиқали манзара (1999); виолончель ва фортепиано учун “Соната-мақом”, “Соната” альт ва фортепиано учун (2011), 2002 йилда «Илҳом XX» халқаро мусиқа фестивали концерт дастурида скрипка ва фортепиано учун «Хоразмча нағмаю усул» концерти ижро қилинди.

2000 йили АҚШда М.Бафоев «Буюк ипак йўли» халқаро мусиқа фестивалида қатнашди. Фестивалга виолончель ва миллий чолғулар - чанқобуз, най, қўшнай, сурнай, доира ва ноғора учун «Бухороча концерт» яратди ва бу асар Бостоннинг мусиқа марказида ижро этилди. 2000 йил Навоийнинг «Лисонут тайр» достони асосида саҳна томошаси учун опера - феерия  асарини яратди. Шунингдек, М.Бафоевнинг асарлари 1998 йилда халқаро симфоник ва камер мусиқа фестивалида “Суғд фрескалари” симфоник поэмаси, 2000 йил фестивалида «Зардуштийлар маросими» оратория-балети ижро этилди. 2001 йили М.Бурҳоновга бағишлаб «Таҳсиннома» поэмасини (яккахон, хор ва симфоник оркестр учун), 2002 йил виолончель ва камер ансамбли учун саккиз поэмадан иборат «Ипак йўлидаги хаёллар» ва М.Бурҳонов хотирасига «Санъатим» романс-поэмасини (А.Орипов шеъри) яратди.

Композитор ижодида концерт жанри катта ўрин тутади. Юқорида номлари қайд этилган концертлардан ташқари композиторнинг симфоник оркестр учун “Хўжа Насриддин ва Карменсита Бухорода“ концерт-балети (2002), қашқар рубоби ва симфоник оркестр учун “Концерт” (2002), танбур-сато ва симфоник оркестр учун Концерт (2004), скрипка ва симфоник оркестр учун “Концерт №2”, гобой ва симфоник оркестр учун “Туркча концерт” (Ўрта ер денгизи тўлқинлари, 2005), қонун, уд ва зарбли чолғулар учун “Концерт” (2005), арфа, овоз ва зарбли чолғулар учун “Борбад оҳанглари” концерти (Хусрав Ширин боғида, 2005), зарбли чолғулар учун “Самоъ садолари” концерти (2006), кларнет ва симфоник оркестр учун Концерт (2007), валторна ва симфоник оркестр учун Концерт (2008), скрипка ва симфоник оркестр учун 3- (2013) ва 4-(2014) концертлар, флейта ва симфоник оркестр учун (2016), най ва симфоник оркестр учун  (2017) концертлари ва бошқалар мавжуд.

Композитор жами 200 дан ортиқ қўшиқ ва романслар басталаган. Бир қатор қўшиқлари “Ўзбекистон Ватаним маним” кўрик танловларида совринли ўринларни эгаллаган. Композиторнинг асарлари республика миқёсида ўтказиладиган давлат тадбирларида, фестивалларда мунтазам ижро этиб келинмоқда.

М.Бафоевнинг асарлари АҚШ, Германия, Италия, Япония, Туркия, МДҲ давлатларида муваффақиятли ижро этилган.

Мустафо Бафоевнинг ижодкорлик, дирижёрлик ва жамоатчилик фаолияти муносиб баҳоланган. У «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони (1995й.), А.Қодирий номидаги Давлат мукофоти (1997й.), “Фидокорона хизматлари учун” ордени (2008), медаллар, қардош давлатлар кўкрак нишонлари билан тақдирланган.

РУСТАМ АБДУЛЛАЕВ

(1947)

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Республика Давлат мукофоти совриндори, Турон Фанлар Академияси Академиги, композитор, профессор, жамоат арбоби Рустам Абдуллаев замонавий ўзбек мусиқа санъатининг забардаст ижодкорларидан. У яратган қўшиқ ва романслари, опера ва балетлари, симфоник ва вокал симфоник асарлари билан Ватанимиз мусиқа маданиятининг ривожига самарали ҳисса қўшиб келмоқда.

Р.Абдуллаев Хоразм вилояти, Хива шаҳрида 1947 йил 12 февралда туғилди. Мактабда ўқиб юрган йиллари мусиқага қизиқиб 1957 йили рубоб чалишни ўрганиш учун мусиқа мактабига қатнади. 1962 йил Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртига халқ чолғулари бўлимига ўқишга кирди, бир йилдан сўнг назарий ва композиторлик бўлимида А.Малахов ва Р.Вильданов синфларида ўқишни давом эттирди. 1965-1972 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетида Р.Вильданов ва Б.Гиенко синфларида таҳсил олди ва фортепиано учун Концерт асари билан ўқишни муваффақиятли битирди. 1972 йилда ёш композитор ва пианиночи сифатида Қозоғистонда бўлиб ўтган Ўзбекистон адабиёти ва санъати кунларида фортепиано концертини симфоник оркестр билан ижро этди, Грузияда ўтказилган фестивалда муаллиф ижросидаги 1-фортепиано концертининг янграши, япон шоирларининг шеърларига яратган «Хиросима фарёди» номли вокал туркумини фортепиано жўрлигида атоқли хонанда М.Ҳожиниёзов билан ижро қилиб, мусиқа жамоатчилиги диққатини жалб этди. 1977 йил «Ҳижрон» (Зулфия шеъри) вокал туркуми учун у Москва шаҳрида ўтган ёш композиторлар кўрик-танловида лауреат унвонига сазовор бўлди.

Р.Абдуллаев 1974-1976 йилларда Тошкент давлат консерваторияси ассистентура-стажировкасида профессор Б.И.Зейдман синфида касб малакасини оширди. 1976 йилдан бошлаб М.Ашрафий номидаги Тошкент консерваторияси бастакорлик кафедрасида ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент ва профессор лавозимларида ишлаб келмоқда. 1976 йилда у Бастакорлар уюшмасига қабул қилинди. 1985 йилдан уюшма ҳайъат раиси ўринбосари, 1995 йилдан эса Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси лавозимида фаолият юритмоқда.

Р.Абдуллаев шу кунга қадар турли жанрларда қатор мусиқий асарлар яратди. Булар орасида Самарқанд опера ва балет театрида 1981 йил саҳна юзини кўрган О.Матчон либреттосига пролог, 2 акт, беш кўриниш ва эпилогдан иборат «Садоқат» номли операси алоҳида ажралиб туради. Бу асарда ўзбек халқининг севимли шоирлари Зулфия ва Ҳамид Олимжонларнинг сиймолари гавдаланади. 2015 йилнинг 19 декабрида А.Навоий номидаги давлат академик катта театрида “Садоқат” операсининг 2-таҳрири премьераси муваффақиятли бўлиб ўтиб, театр репертуаридан мустаҳкам ўрин олди.

1985 йили Навоий номидаги Давлат Катта академик опера ва балет театрида саҳна юзини кўрган «Қуёшга таъзим» (Ў.Умарбеков асари, А.Раҳимов либреттоси) балет-ораториясини ёзди. 1987 йилда «Хива ордени» операси (Э.Самандаров ва Ф.Сафаровлар либреттоси) саҳналаштирилди.

Композитор Р.Абдуллаевнинг ижодида симфоник, вокал-симфоник, айниқса, фортепиано мусиқаси асосий ўрин эгаллайди. У симфоник оркестр ва фортепиано чолғулари имкониятларини пухта билганлиги сабабли уларга мунтазам мурожаат қилмоқда. Торли оркестр учун «Симфония», фортепиано ва симфоник оркестр учун 5 та концерт: № 1 (1972й.), № 2 «Наврўз тароналари» (1988й.), № 3 «Тай оҳанглари» (1991й.), № 4 (1995й.), № 5 (1996й.), скрипка ва симфоник оркестр учун Концерт (2012), қашқар рубоби ва симфоник оркестр учун Концерт (2013), виолончель ва симфоник оркестр учун Концерт (2013), симфоник оркестр учун “Лазги”, “Ёшлик баҳори”, “Сўз ожиз” (“Гап йўқ”) увертюралари, 10 та симфоник поэма, Навоийга бағишланган симфоник поэма, украин шоири Т.Шевченкога бағишланган вокал-симфоник поэма, фортепиано ва торли оркестр ва зарбли чолғулар учун “Раталла”, фортепиано ва оркестр учун “Элегия”, 2 та фортепиано учун “Дийралишма”, “Поэма-фантазия” асарлари, фортепиано учун бир неча «Прелюдия ва фуга», «Прелюдия ва токката» 9 та вариация, «Полифоник эскизлар» турли шакл ва ҳажмли пьесалар фикримизнинг далилидир.

Р.Абдуллаев Петербургда бўлиб ўтган «Ёш композиторлар»нинг 1 фестивали (1971 й.), «Ёш композиторларнинг II фестивали» (1976 й.), 1977 йилда Москвада ўтган Ўзбекистон мусиқа ҳафталигида ижрочи сифатида, 1991 йилда Украинада ўтган Ўзбекистон адабиёти ва санъати ўн кунлигида ўз асари билан қатнашди. Москвада ўтган мусиқий фестиваль дастурида П.И.Чайковский номидаги Москва консерваториясининг катта залида Белоруссия симфоник оркестри билан 2-фортепиано концертини ижро этишга сазовор бўлди. 1991 йил Швецияда ўтказилган «Швед кузи» номли фестивалда қатнашди. Буюртмага асосан тай халқ куйлари асосида композитор 3-фортепиано концертини яратди ва 1993 йилда Бангкок шаҳрида бўлиб ўтган халқаро мусиқа фестивалида ижро этилди. 1994 йил Жанубий Корея буюртмаси асосида ёзилган 4-фортепиано концерти Сеулда ўтган халқаро мусиқа фестивалида ижро этилди ва олқишларга сазовор бўлди. 1995 йили Бангкок шаҳрида бўлиб ўтган мусиқа фестивалида композитор 5-фортепиано концерти тақдимотини ўтказди. 1996 йили эса шу шаҳарда композитор ўзининг 1-фортепиано концерти билан қатнашди.

Р.Абдуллаев қўшиқ ва романс жанрларида ҳам баракали ижод қилиб келмоқда. Япон шоирлари сўзларига “Хиросима фарёди”, Зулфия сўзларига “Ҳижрон”, А.Пушкин сўзларига 7 қисмли “Сизни севган эдим”, Н.Нарзуллаев сўзларига “Қалб ҳайқириғи” вокал туркумлари, Ҳофиз Шерозий сўзларига 7 та романс басталади. Ўзбекистон халқ артисти Муяссар Раззоқова ижросида янграган «Тўйларинг муборак» (Н.Нарзуллаев шеъри), «Турон турналари» (Й.Муқимов шеъри), «Ватан» (А.Орипов сўзи), «Ҳур ўзбек қизиман» (Н.Нарзуллаев сўзи), «Хуш келибсиз» (Ж.Жабборов сўзи), «Доим шу иштибоҳ» (О.Матчон шеъри), Дуторчилар ансамбли ижросида «Пиёла» (Э.Воҳидов сўзи), Ўзбекистон халқ артисти Исмоил Жалилов ижросида «Гўзал Ватаним» (Н.Нарзуллаев шеъри) юқори баҳо олган. Шунингдек, композитор «Булбулча» болалар хор жамоаси учун кўплаб мазмундор ва ширали қўшиқлар яратиб келмоқда. Булар орасида: «Тойчоқ» (Ҳ.Муҳаммад сўзи), «Олам гулга тўлаверсин» (П.Мўмин сўзи), «Қошиқ-қошиқ» (Ҳ.Муҳаммад сўзи), «Гуллола» (Қамбар ота сўзи), «Парвоздаги қушчалар» (М.Мирзо сўзи), «Юртим баҳори» (Ш.Қўшназаров сўзи), «Бойчечак» хор жамоасига «Мустақиллик лолалари», «Дўстлик таронаси» (Н.Нарзуллаев сўзи), «Шодлик ва тинчлик» (П.Мўмин сўзи) ва бошқалар. Ҳарбий ватанпарварлик мавзусида ҳам бир талай жанговар қўшиқлар, дамли чолғулар оркестри учун маршлар яратди. Композиторнинг қўшиқлари “Мустақиллик”, “Наврўз” умумхалқ байрамларида янграган, “Ўзбекистон Ватаним маним”, “Ягонасан, муқаддас Ватан” Республика қўшиқлар танловларида кўплаб совринли ўринларни эгаллаган.   

Рустам Абдуллаев республика ва халқаро миқёсдаги фестиваллар, концерт ва танловларнинг иштирокчиси ҳамда ташкилотчиси, ҳозирги замон ўзбек ва жаҳон мусиқа ижодиёти ютуқларининг тарғиботчиси сифатида ҳам кенг танилди. “Ўрта Осиё ва Қозоғистон симфоник мусиқа фестивали” (1960-1980-йиллар), “Ўзбекистон – Ватаним маним” қўшиқ танлови (1997 йилдан), “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали (1997 йилдан), Халқаро симфоник мусиқа фестивали (1997 йилдан), “Давр садолари” республика мусиқа фестивали (2003 йилдан), Назира Аҳмедова номидаги хонандалар республика ва халқаро танловлари ташкилотчиси, ҳайъат аъзоси сифатида фаол қатнашди.

Композиторнинг асарлари АҚШ, Германия, Англия, Миср, Голландия, Швейцария, Туркия, Россия, МДҲ давлатлари, Таиланд, Жанубий Корея, Хитой, Вьетнам, Миср каби қатор хорижий мамлакатларда муваффақиятли ижро этилди. Масалан, «Болалар учун альбом» ва «Тай оҳанглари» деб номланган учинчи ва бешинчи фортепиано Концертлари бир неча бор Таиландда, болалар қўшиқлари эса Туркияда янграган, буюртма бўйича корейс куйлари асосида торли квартет учун 3 та миниатюра яратди. 2014 йилда Вьетнамда бўлиб ўтган “Азия-Европа” халқаро мусиқа фестивалида “Муҳаббат қўшиғи” асари катта муваффақиятлар билан ижро этилди.

Рустам Абдуллаевнинг Ўзбекистон ва жаҳон мусиқа маданияти ривожи ва тарғиботига қўшган катта ҳиссалари Халқаро ташкилотлар томонидан ҳам муносиб баҳоланди. 2014 йилда Вьетнамда “Жаҳон мусиқа санъатини ривожига катта ҳисса қўшаётгани учун” ордени, 2016 йилда Юнонистондаги Сократ фалсафа Мактаби томонидан “XXI – аср замин фуқароси”, Аристотель номидаги Афина Фалсафа Академиясининг “XXI – аср Аристократи” сертификатлари, 2017 йилда Хитой Халқ Республикаси томонидан “Хитой-ўзбек дўстлиги ва икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришда буюк ҳиссалари учун” дипломи, 2018 йилда V-Халқаро санъат ассамблеясининг “XXI-аср истеъдодлари” дипломи билан тақдирланган.

Композитор Рустам Абдуллаев Ўзбекистоннинг замонавий мусиқа санъати ривожидаги хизматлари учун 1997 йилда «Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби» фахрий унвонига, 1987 йилда Республика Давлат мукофотига, 2016 йилда Ўзбекистон Республикаси Турон Фанлар академияси Академиги унвонига сазовор бўлди.