МАҲМУДЖОН ДАДАБОЕВ
(1947)
Маҳмуджон Дадабоев Наманганда фаолият олиб бораётган, миллий бастакорлик анъаналари йўналишида ижод қилиб келаётган бастакор, педагог, доценти ва болалар шоиридир. Унинг ижодий бисоти 60 дан зиёд болалар учун ёзилган мусиқий ва шеърий асарларни ташкил этади.
Маҳмуджон Дадабоев 1947 йилнинг 28 майида Наманган шаҳрида машҳур хонанда ва созанда Муҳаммаджон Дадабоев оиласида таваллуд топган. Бадиий ҳаваскорлик тўгарагида доира ва рубоб чалишни ўрганади, кўрик танловларда қатнашади. 1966-1969 йилларда ҳарбий хизматни ўтайди. 1971-1977 йилларда Наманган Давлат мусиқа билим юртининг халқ чолғулари бўлимида рубоб чолғусидан Жамолҳон Ҳасановдан сабоқ олади. 1981-1986-йилларда Наманган давлат педагогика институтининг педагогика факультетида сиртдан ўқийди.
М.Дадабоев меҳнат фаолиятини 1973-йилда Наманган мактабгача таълим педагогика билим юртида мусиқа таълими ўқитувчилигидан бошлади ва ҳозиргача шу ўқув даргоҳида ишлаб келмоқда. 1988-2009-йилларда Наманган давлат университетининг “Этика, эстетика ва мусиқа таълими” кафедрасида ўриндош сифатида ишлади.
М.Дадабоевнинг фаолияти болалар тарбияси билан бевосита боғлиқ бўлганлиги унинг ижодига ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Болалар учун ўзи шеърлар ва куйлар басталаб, кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этди. Айниқса, мустақиллик даврларида кўплаб қўшиқлар ва шеърлар яратди. Болалар ижросидаги озодлик руҳидаги қўшиқлари радио ва телевидениеларда янгради. “Онажоним”, “Онажоним сиз менинг”, “Ўзбекистон”, “Она диёр мадҳи”, “Ўзбекистон мустақил”, “Ассалом мактаб”, “Истиқлол қўшиғи” каби қўшиқлари болаларнинг севимли қўшиқларига айланган.
М.Дадабоевнинг 10 дан ортиқ қўшиқлари 1994-1995-йилларда Республика радиосининг “Келажак тонги” болалар эшиттиришида бир неча бор Ўзбекистон бўйлаб эфирда янгради ва кенг оммалашди. Улардан учтаси профессор Анвар Левиевнинг “Ўзбек халқ чолғуларида ижрочилик” (Тошкент, 2001 йил, Меҳнат нашриёти) боғча тарбияланувчилари ва бошланғич синфлар учун нашр этилган ўқув методик қўлланмасига киритилган. М.Дадабоевнинг бир қатор шеърлари бошланғич синфларнинг “Атрофимиздаги олам”, “Ўқиш китоби”, “Ўзбек тили”, коллежларнинг “Мусиқа ўқитиш услубиёти” (Муаллиф Д. Тошбаева Тошкент, 2007й.) китобларига ҳам киритилган.
М.Дадабоевнинг болаларга мўлжалланган “Кичкинтойлар учун қўшиқлар” (Наманган, 1994 й.), “Куйланг булбуллар” (Наманган, 1998 й.), “Кичкинтой ва миллий мусиқа” (Наманган, 1999 й.), “Ҳур юртимда куйлайман” (Наманган, 2000 й.), “Оҳангларда қалб садоси” (Наманган, 2002 й), “Онам меҳри зиёси” (Наманган, 2008 й.), “Қўшиқларда Ватан мадҳи” (Наманган, 2008 й), “Мадҳингни куйлайман Ватан” (Наманган, 2005 й) ўқув методик қўлланмалари катта тиражларда нашр этилди. 40 дан ортиқ мусиқий-шеърий асарлари ва мақолалари Республиканинг нуфузли газета ва журналларида чоп этилган.
М.Дадабоевнинг 10 дан ортиқ куй ва қўшиқлари торли оркестрга мослаштирилиб, оркестр ижросида вилоят радио ва телевидениясида янграмоқда. Улардан иккитаси Ўзбекистон каналининг “Ассалом Ўзбекистон” каналида ҳам намойиш этилди.
Бастакор-шоир М.Дадабоев самарали ижодий меҳнатлари учун 1995–йилда “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси”, 2004–йилда “Ўзбекистон Республикаси ўрта махсус, касб – ҳунар таълими аълочиси” кўкрак нишонлари билан тақдирланган.