Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, таниқли хонанда, бастакор Аҳматжон Дадаев миллий мусиқа санъатимиз ривожи ва тарғиботига катта ҳисса қўшиб келаётган санъаткорлардан.
Дадаев Аҳматжон Шакаримович 1957 йилнинг 29 январида Тошкент вилоятининг Паркент туманида таваллуд топган. Болалар мусиқа мактабида ғижжак синфида ўқиган. 1972 – 1976 йилларда Ҳамза номидаги Тошкент давлат мусиқа билим юртида, 1976–1981 йилларда М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваториясининг “Шарқ мусиқаси” кафедрасида таҳсил олди. 1979–2004 йилларда Ўзбекистон давлат телерадиокомпанияси қошидаги Ю.Ражабий номли мақомчилар ансамблида етакчи созанда бўлиб ишлади. 2004 - йилдан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида доцент лавозимида фаолият олиб бормоқда.
Аҳматжон Дадаев ижодий фаолияти давомида мумтоз ва замонавий назмга мурожаат этиб, бир қатор сара қўшиқ ва куйларни басталади ва халқ эътиборига ҳавола этди. Улар орасида “Гулзорим” (Ҳабибий сўзи), “Қадди шамшод” (А.Навоий), “Шайдо киби” (Бобур ғазали), “Марҳабо бўлсин сенга” (Лутфий ғазали), “Рубобим тори иккидур” (Э.Воҳидов шеъри), ”Эй қалб” (А.Орипов), ”Меҳрибон онам” (Машраб ғазали), “Умидим қолди” (М.Раҳмон), “Сени кутгайман” (О.Одилхонов), “Ойгулим” (А.Пўлат), “Жондан ширин” (Н.Нарзий), “Билмасмикан” (Э.Охунова), “Алла” (Р.Содиқова), “Сизга хабар юбордим” (Қ.Сайидмуродов), “Оналарга осон тутманг” (П.Мўмин), “Қадим дунё” (М.Тоир), “Меҳрибоним йўлига”, “Кўз тутарман”, “Баҳор”, “Чаққон қиз”, “Соғиниш”, “Ўзбекистоним яхшидир”, “Дуторим”, “Онам”, “Сени кутгайман” ашулаларини алоҳида қайд этиш лозим. Бастакорнинг 100 га яқин асарлари Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Олтин Фонд”ида сақланмоқда.
А.Дадаев миллий мусиқамиз тарғиботчиси сифатида Америка, Англия, Франция, Испания, Германия, Голландия, Бразилия, Туркия, Норвегия, Марокаш каби кўплаб давлатларда гастрол сафарларида бўлиб ўзбек мусиқасини кенг тарғиб қилди.
Созандалик, хонандалик, бастакорлик, ҳамда педагоглик фаолиятида самарали меҳнат қилиб келаётган А.Дадаев бир неча йилдан буён ёш авлодга устозлик қилиб, уларга мусиқа санъати сирларини, хонандалик маҳоратини ўргатишда катта ҳисса қўшиб келмоқда.
А.Дадаев 1999 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони билан мукофотланган.