ДИЛНОЗ ЗОКИРОВА (КАМИЛОВА)
(1976)
Дилноз Зокирова (Камилова) 1976 йилнинг 9 январида Тошкент шаҳрида, мусиқачилар оиласида туғилди. 1991-1995 йилларда Ю.Ражабий номидаги педагогика билим юртида таҳсил олди, 1995-1999 йилларда М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваториясини бакалавр босқичини, 1999-2001 йилларда магистратурани композиция бўйича профессор А.Мансуров синфида тугатди. 2002 йилдан бошлаб Ўзбекистон давлат консерваториясининг “Бастакорлик ва чолғулаштириш” кафедрасида педагогик фаолиятини олиб бормоқда. 2002-2005 йилларда илмий котиб, 2009-2011 йилларда кафедра котиби лавозимларида ишлади.
Композитор турли жанрларда самарали ижод қилиб келмоқда. Фортепиано ва оркестр учун Концерт (1995), “Ўтмиш ва замон” симфонияси (2001) асарлари муаллифи. Фортепиано учун ёзган “Токката”, “Адажио”, “Шарқона куй”, “Прелюдиялар”, “Сонатина”, “Изҳор”, “О, ялли-ялло”, “Вариациялар”, “Изҳор” пьесалари, “Соат”, “Сайр” ва “Сўзсиз қўшиқ” каби фортепиано дуэтлари пианиночиларнинг ижро репертуарларидан кенг ўрин олган. Мазкур асарлар асосида 2007 йилда “О, ялли-ялло” ўқув қўлланмаси нашр этилган.
Композиторнинг вокал асарлари ҳам диққатга сазовор. Хор ва фортепиано учун «Томчилар», «Алла» (М.Тиллабоева шеъри), «Ўзбекистон қизлари» (Саодат шеъри), «Гўзалим, Тошкентим» (Н.Эгамназаров шеъри), “Дунёни сақлар болалар” (К.Турдиева шеъри) қўшиқлари талабалар томонидан мароқ билан ижро этиб келинмоқда.
Д.Зокирова (Камилова)нинг қашқар рубоб ва фортепиано учун 2 та этюд, Қашқар рубоб ва халқ чолғулари оркестри учун “Қувонч”, най ва фортепиано учун “Алла”, “Ария”, “Этюд-пьеса” асарлари ўқув репертуарларига киритилган, Халқаро ва Республика танловларида ижро этиб келинмоқда.
Композитор мусиқали театр жанрларига мурожаат этиб “Тузоқ” мусиқали драмасини (2008), “Бу чоллар-ёмон чоллар” мусиқали комедиясини (2009), “Простите, дорогой” мусиқали водевилини (комедия) (2013) яратди. Мазкур асарлар республика театрлари репертуарларидан муносиб ўрин олган.