АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

25 сентябрь: Иброхимов Окилхонни туғилган куни.


29 сентябрь: Оллоберганов Исломни туғилган куни.


30 сентябрь: Очилова Камолахон ни туғилган куни.


25 сентябрь: Саидий Саид Болта-зодани туғилган куни.


22 сентябрь: Хайдаров Ахмад ни туғилган куни.


АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



                               ГЕОРГИЙ МУШЕЛЬ

(1909-1989)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, устоз, рассом ва композитор Мушель Георгий Александрович XX аср ўзбек мусиқаси тарихида теран из қолдирди. Бу ажойиб инсон халқимиз турмуши, маданияти ва мусиқий меросини, ўлкамизнинг табиатини ўрганиб, асарлар яратиш ва ёш кадрларни тайёрлаш билан банд бўлди. Г.Мушель биринчилар қаторида ўзбек композиторлик ижодиётининг турли шакл ва жанрларида ноёб асарлар яратиб, бу соҳада катта мерос қолдирди.

Мушель Георгий Александрович Россиянинг Тамбов шаҳрида 1909 йилнинг 15 июлида туғилди. Болалик чоғларида мактабга қадар онаси бошланғич умумий таълимни бериб, фортепиано чалишни ўргатган. 1920 йилларнинг бошидан умумтаълим ва мусиқа мактабида ўқиди. 1925 йили Тамбов шаҳар мусиқа техникумининг фортепиано бўлимига ўқишга киради ва шу ерда мусиқа басталашга ҳам интилади. 1930 йили синов имтиҳонларини топшириб, Москва консерваториясига ўқишга киради. Мазкур даргоҳда композициядан аввал профессор Н.Я.Мясковский, кейинчалик М.Ф.Гнесин, фортепианодан профессор Л.Н.Оборинлардан сабоқ олди. Талабалик даврида у концертларда якка созанда ва концертмейстер сифатида тез-тез чиқиб, мусиқа жамоатчилигига танила бошлади.

1936 йили Г.Мушель Москва консерваториясининг композиция ва фортепиано мутахассисликлари бўйича муваффақиятли битириб, мусиқашунос Я.Б.Пеккер билан йўлланма бўйича Тошкентда янги ташкил этилган консерваторияга ишга қабул қилинади. Консерваторияда муаллим сифатида у умрининг охиригача босқичма-босқич профессор лавозимигача катта йўлни босиб ўтиб, бир қатор шогирдларни тайёрлади. Улар орасида О.Ҳалимов, П.Холиқов, Т.Ҳасанов, Х.Азимов, Г.Демесинов, А.Ҳошимов, Қирғизистондан С.Осмонов, М.Бурштин, Туркманистондан К.Кулиев, Тожикистондан Я.Сабзанов ва бошқалар. 1936 йилда В.А.Успенский Г.Мушель билан ҳамкорликда «Фарҳод ва Ширин» мусиқали драмасини қайта ишлаб саҳнага қўйилиши ёш композитор учун муҳим ижодий мактаб вазифасини ўтади.

Нодир истеъдод соҳиби, салоҳияти бой композитор Г.Мушель Ўзбекистонда яшаб ижод қилган, рус композиторлари орасида масъулиятни сезадиган, изланувчан ижодкор сифатида танила борди. У замонавий Ўзбекистон мусиқа санъатининг ривожланиш уфқларини кенгайтиришга, мусиқий асарнинг ифода воситаларини бойитишга интилиб, Шарқ билан Ғарб анъаналарини боғловчи омилларга таянган ҳолда улкан ижодий ютуқларга эришди, десак муболаға бўлмайди. Яна шуни айтиш жоизки, Г.Мушель биринчилардан бўлиб чолғу мусиқасининг энг мураккаб жанрларини қўллаб, учта симфония (1938, 1941, 1942 йй.), фортепиано ва симфоник оркестр учун 6 та концерт (1936, 1943, 1946, 1950, 1951, 1962 йй.), скрипка ва симфоник оркестр учун концерт (1959 й.) яратди. 3 та симфония, 1 - фортепиано концертидан ташқари унинг қолган барча асарлари ўзбек мусиқа мероси намуналаридан иқтибос келтириш, асосан унинг оҳанг, вазн, усул ва парда хусусиятларидан фойдаланган ҳолда гармоник, полифоник воситалар билан уйғунлаштира олди. Композиторнинг ёрқин мусиқий асарлари ўзбек профессионал мусиқа ижодкорлигини оламшумул даражага кўтаришга муваффақ бўлди. Машҳур дирижёрлар, пианиночи ва скрипкачилар, ўқитувчи ва талабалар Г.Мушелнинг асарларини ўз ижро дастурларига киритганлар. Композиторнинг 2-, 3- ва 4-фортепиано концертлари «Ўзбек филармонияси симфоник оркестри» жўрлигида илк бор ижро этилган бўлса, 1951 йили Москва консерваториясининг катта концерт залида 1-симфония Тошкент консерваториясининг доценти пианиночи Ш.Рохлина ижросида, 4-фортепиано концерти симфоник оркестр жўрлигида (дирижёр А.Ф.Козловский) янграганда тингловчилар қизғин кутиб олдилар. Шу концерт таассуротлари туфайли Москва консерваторияси пианиночи ўқитувчилари ижодига қизиқиб қолишади. Шундан сўнг, 4-фортепиано концертини Д.Башкиров. И.Аптекарев, 2- ва 4-фортепиано концертларини Рудольф Керер Москвада, Ленинградда, Тошкентда, Бокуда, Украинада, Россияда, Белорусияда, Болтиқ бўйи республикаларида, Болгарияда, Чехословакияда, Польшада, Германияда, Японияда, Англияда, Францияда намойиш этдилар. Чет эл мусиқа жамоатчилигида ҳам композиторнинг ижодига қизиқиш ортиб борди ва граммофон ёзувлари орқали кўпайтирилди.

Иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг Украинадан Тошкент консерваториясига орган чолғуси туҳфа қилинди. У ўқув юртининг кичик залига ўрнатилди. Ўрта Осиё тарихида Г.Мушель биринчи бўлиб орган чолғуси учун ўзбек куйлари асосида «Ария», «Токката», «Фуга», уч қисмли Сюита, орган ва виолончель учун Поэма; 6 та пьесадан иборат: «Баллада», «Интермеццо», «Токката», «Элегия», «Прелюдия», «Фуга»лардан «Орган учун альбом» яратди. Бу асарлар Лондон, Варшава, Берлин, Рига, Таллин, Москва, Ленинград шаҳарларида кенг ижро қилинди, пластинкаларга ёзилди.

Г.Мушель турли чолғулар, чолғу ансамбллари, айниқса, фортепиано учун турли чалишга осон ва мураккаб асарлар яратди. Улар орасида скрипка ва фортепиано учун иккита сюита, соната; виолончель ва фортепиано учун «Соната»; флейта ва фортепиано учун соната, сонатина, учта пьеса; торли чолғулар квинтети учун иккита сюита; фортепиано учун 24 та «Прелюдия ва фуга» туркуми, «Розовая сонатина», 26 та пьеса; «Раққоса» балети мусиқаси асосида сюита, болалар учун альбом; токката, 4 қўл учун пьеса ва сюита; икки рояль учун иккита сюита; симфоник оркестр учун «Мусиқали вернисаж» ва 6 та миниатюра, Ҳамза куйлари асосида сюита каби асарлари концертларда ижро этилмоқда. Унинг қўшиқ ва романслари орасида Зулфия шеърларига 6 та романс, «Незабываемая» романслар туркуми; ўзбек ва рус замондош шоирлар сўзларига «Ўзбекистон» тўплами, рус шоирлари шеърларига романслар, Навоий шеърига «Элегия», Огнецвет сўзига «Голубое небо», «Застольная песня» қўшиқлари ва «Баллада о Днепре», болалар хори учун қўшиқлар мисол бўла олади. А.Лугин сўзига «Фарходстрой» кантатасини ҳам ёзган.

Г.Мушель ижодида мусиқий саҳна асарлари ҳам муҳим ўрин тутади. У мусиқали драмаларни ёзишда бастакорлар билан ҳамкорлик қилган. Ю.Ражабий билан «Муқанна» (Ҳ.Олимжон пьесаси, 1944 й.), «Фарҳод ва Ширин» (К.Яшин пьесаси, 1954 й.), В.Успенский билан «Ёрилтош» (Ш.Саъдулла пьесаси, 1944 й.), Х.Тўхтасинов билан «Офтобхон» (К.Яшин пьесаси, 1953 й.), Т.Жалилов билан «Муқимий» (С.Абдулла пьесаси. 1954 й.), «Равшан ва Зулхумор» (К.Яшин пьесаси 1958 й.), «Гул ва Наврўз» (С.Абдулла пьесаси, 1966 й.), Ҳамзанинг «Паранжи сирлари» драмасига мусиқа басталаган.

Ўзбекистонда балет санъатини ривожлантириш борасида Г.Мушель баракали ижод қилди. У 1948 йили Е.Барановский либреттосига «Гулнора» балетини ёзди. У Навоий номидаги опера ва балет театрида саҳна юзини кўрди. 1952 йили балет янги таҳририда «Раққоса» деб аталди. Г.Мушель хитой халқ эртаклари асосида С.Зельцер ва С.Димонтлар либреттосига «Туфелька Дин» номли балет мусиқасини ёзди ва 1959 йили Челябинск опера ва балет театрида саҳналаштирилди. Навоий номидаги Академик катта опера ва балет театри Г.Мушелнинг «Кашмир афсонаси» балетини 1961 йили томошабинлар эътиборига ҳавола этди. Ш.Рашидовнинг «Кашмир қўшиғи» асосида либреттони композиторнинг ўзи тузган. 1968 йили Самарқанд шаҳрининг 2500 йиллигига атаб Г.Мушель режиссёр О.Узоқов либреттоси асосида «Бибихоним» балетини ёзди. «Самарқанд афсонаси» номи билан балет саҳна юзини кўрди.

Мушель Георгий Александрович тасвирий санъатда ҳам ёрқин из қолдирди. У чизган ажойиб картина композиторнинг ижодига бағишланган кечаларда кўрсатилар, улар ҳеч кимни бефарқ қолдирмас эди. Томошабинлару профессионал мусаввирлар унинг рангтасвир асарларига юқори баҳо бериб, ўз таассуротларини изҳор этганлар.

Г.Мушельнинг Республикамиз замонавий профессионал мусиқа санъатини ривожлантиришдаги улкан хизматлари муносиб тақдирланган.

                                  УЛУҒБЕК МУСАЕВ[1]

(1948-2000)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Республика Давлат мукофоти совриндори Улуғбек Мусаев ҳассос ижодкор, раҳбар ва жамоат арбоби сифатида юртимизда кенг танилган.

Улуғбек Раззоқович Мусаев 1948 йил 12 сентябрда Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида таваллуд топди. Ёшлигидан мусиқага меҳр қўйган Улуғбек 1962 йилда М.Харратов номидаги Урганч мусиқа билим юртига ўқишга киради. 1964 йили Ўзбекистон давлат консерваториясининг тайёрлов курсига ўқишга кириб, композиция ихтисослиги бўйича профессор Борис Гиенко синфида таҳсил олди. Ўзининг истеъдоди ва билими билан консерватория ўқитувчилари ва талабалари орасида ҳурмат қозонди. Бу давр мобайнида У.Мусаев қўшиқлар, романслар, турли чолғу асбоблари ва фортепиано учун пьесалар, Лутфий сўзларига «Ғазаллар» вокал-симфоник туркуми, симфония-поэма ва бошқа кўпгина асарлар яратди.

У.Мусаев яратган бир қатор асарлар республика ва халқаро танловларда совринли ўринларни эгаллаган. Хусусан, 1968 йилда яратилган «Навоий хотирасига» фортепиано триоси ёш композиторларнинг Республика танловида биринчи ўринни, скрипка ва фортепиано учун ёзилган 3 қисмли сонатинаси эса 1969 йилда Москвада ўтказилган танловда совринли ўринни эгаллади.

1972 йилда У.Мусаев консерваторияни Э.Раҳим либреттоси асосида ёзилган «Мангулик» операсининг муқаддимаси билан муваффақиятли тамомлади. Кейинчалик бу опера тўлиқ кўринишда Навоий номидаги опера ва балет театрида саҳналаштирилди. Операнинг алоҳида лавҳалари Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси пленумида ҳам муваффақият билан ижро этилиб, Давлат мукофотига сазовор бўлди.

Ёш композитор мустақил ижодкорлик ишини муаллимлик фаолияти билан боғлаб борди. Дастлаб Урганч мусиқа билим юртида, 1975 йилдан эса Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртида ўқитувчилик қилди. 1982-1991 йилларда У.Мусаев Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси котиби, 1992-1995 йилларда эса раис вазифасида фаолият юритди.

Композитор турли жанрларда баракали асарлар яратди. Бирин - кетин яратилган «Байрамона» симфоник поэмаси, фортепиано ва оркестр учун «Поэма», турли чолғулар таркиби учун камер асарлар, романслар, қўшиқлар, «Халққа қасида», «Ғалабага қасида», «Шон-шараф» қасидалари композиторнинг ижодий етуклик даврини ташкил этади.

У.Мусаев айниқса мусиқали театр соҳасида катта муваффақиятларга эришди. «Мангулик», «Робия» опералари, Ш.Рашидовнинг «Кашмир қўшиғи» достони асосида «Ҳинд достони», «Тўмарис», Навоий «Хамса»си асосида «Поэтик миниатюралар», «Электра» балетлари композиторнинг йирик саҳна асарлари қаторига киради. Айниқса, унинг балетлари халқаро миқёсда шуҳрат қозонган.

Композиторнинг «Афсоналар водийси» балети 1978 йилда опера ва балет театрида саҳналаштирилди, кейинчалик эса Москва Катта театрида «Ҳинд достони» номи билан Ю.Григорович раҳбарлигида балетмейстерлар Р.Папко ва Ю.Скот томонидан қайта қўйилиб, томошабинлар ва санъат аҳли томонидан юқори баҳоланди. О.Узоқов либреттоси асосида яратилган «Тўмарис» балети эса биринчи маротаба 1981 йилда Қирғизистонда Катта опера ва балет театрида бош балетмейстер Уран Сарбагишев томонидан саҳналаштирилди. 1984 йилда эса балетмейстер И.Юсупов томонидан Тошкентда қўйилди. Композитор яратган ҳар бир саҳнавий асар республиканинг мусиқий ҳаётида катта қувончли воқеага айланарди. Бунга нафақат юқорида тилга олинган балетлар, балки «Поэтик миниатюралар» балети ҳам ёрқин мисол бўла олади. Бу балет ҳам «Тўмарис», «Ҳинд достони» сингари Навоий номидаги опера ва балет театри балет труппаси томонидан Германия, Малайзия, Австралия, Россия, Қозоғистон каби кўпгина мамлакатларда намойиш этилди.

Улуғбек Мусаев ҳозирги замон ўзбек профессионал мусиқа санъатига улкан ҳисса қўшган ижодкорлардандир. У «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони ва Республика Давлат мукофотига мушарраф бўлди.

 

[1] Мақола муаллифи Ҳабибулла Раҳимов

                      МУХТОРЖОН МУРТАЗОЕВ

(1909-1994)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси аъзоси, созанда, хонанда ва бастакор Мухторжон Муртазоев забардаст санъаткорларимиздан бири. Бастакор турли мавзуларда, классик ва замондош шоирларнинг шеърларига басталаган ранг-баранг, жозибали қўшиқ ва ашулалари саҳна учун ёзган мусиқаси ва моҳир ижрочилик фаолияти билан XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ўчмас из қолдирди.

Мухторжон Муртазоев Қўқон шаҳрида 1909 йилда туғилди. Табиат унга ажойиб овоз берган экан, кунларнинг бирида таниқли Махрам ҳофизга дуч келиб қолади. Унинг жаранглаган овозини эшитган устоз ўспиринни янги ташкил этилган интернатга жойлаштириб, ундан хабар олиб туриб, мурувват кўрсатди. Мухторжон мактабда ҳаваскорлик тўгарагида ғижжак ва дутор чалишни ўрганди, йил сайин барча қолган чолғуларни ҳам ўзлаштирди. Очиқ концертларда қўшиқ айтиб юрди. 1928 йили Қудаш тумани (ҳозирги Ўзбекистон тумани) халқ маорифи бўлими ҳузурида ташкил қилган ансамбль ғижжакчиси Қодиржон Ҳамдамов ва бошқа иштирокчилар ёш Мухторжонни ўз бағрига олишди.

Тез орада у хонанда ва созанда сифатида оммага танилди, ҳурмат-эътиборга сазовор бўлди. Бир оз вақт ўтгач, уни Қўқон шаҳар темир йўл театрига мусиқа раҳбари вазифасига таклиф этишди ва 1933 йилга доир у ерда ишлади. Сўнгра Ҳамза номидаги Қўқон шаҳар мусиқали драма театрига ишга таклиф қилишади. Ушбу театр унинг учун ҳақиқий ижод мактаби бўлди. Бу даргоҳда ажойиб санъаткорлар билан бирга ишлади, яқин мулоқотда бўлди. Маҳаллий шоирларнинг сўзларига 1936-1940 йилларда «Бўлсин омон», «Бир ишва билан», «Эй, гўзал», «Обод ўлкам», «Жон жўражоним», «Йигит қўшиғи», «Ҳур диёр», «Умринг зиёда бўлсин», «Каналим», «Ватанга муҳаббат» каби қўшиқ ва ашулаларини театр артистлари, жумладан, бу театрга эндигина келган Валижон Ҳамроев, Муроджон Аҳмедов, Сабохон Каримовалар илк бор ижро этишди.

М.Муртазоев Иккинчи жаҳон уруши йилларида тинимсиз ижодий изланишлар билан шуғулланди. Унинг жанговар «Ватаним», «Тор-мор айлай бугун», «Мактубингизни олдим», «Вафодорлар», «Малоҳат» ва бошқа қўшиқлари жангчиларни ва фронт ичкарисидаги азамат меҳнаткашларни мардликка, ва-фодорликка ва садоқатликка ундади. Уруш йилларида у Тошкент вилояти Янгийўл мусиқали театрига чақириб олинди ва Юнус Ражабий раҳбарлигида ишлаб, халқ мусиқа хазинаси билан янада чуқурроқ танишиш шарафига муяссар бўлди. У 1945-1957 йиллар орасида Муқимий номидаги ўзбек мусиқали драма театрида концертмейстер, республика радиосида ашула муаллими вазифаларида ишлади ва яна Ҳамза номидаги Қўқон шаҳар мусиқали драма театрида мусиқа раҳбари, Қўқон шаҳар халқ театри ҳузуридаги мақомчилар ансамблининг бадиий раҳбари бўлиб ишлади.

Устоз санъаткор М.Муртазоев ижрочилик ва раҳбарлик ишлари билан йиллар давомида ижод қилиб, турли мавзуларда, классик ва замондош шоирларнинг шеърларига ранг-баранг, ширали қўшиқ ва ашулаларни яратди. Жумладан, «Ўртама» ва «Гулзор макон» (Навоий ғазали); «Бизни ташлаб» (Мискин ғазали); «Жоним ила жоним» (Фузулий сўзи); «Айладинг, қўйдинг» (Муқимий ғазали); «Бир ишва билан» (С.Абдулло сўзи); «Қасамёд», «Эй, кўнгил», «Булбулларинг», «Тасаддуқман», «Жафо ҳам қилмадинг» (Чустий сўзи); «Жоним эрурсан» (Камтар сўзи); «Бахт толе то абад ул дилбарим қошиндадир», «Барнолигингиздан», «Вафодорлар», «Сунбулларингдан», «Ўргилай», «Ўн саккиз ёшиндадур» (Чархий сўзи) ва бошқа 100 га яқин қўшиқлар куйлаб, хонандаларнинг репертуаридан жой олдилар. Хусусан машҳур халқ ҳофизлари О.Имомхўжаев, К.Мўминов, А.Охуновларнинг репертуарларидан ҳам жой олган. М.Муртазоев жанридан қуйидаги саҳна асарларига мусиқа басталади: «Дўстлар» (Уйғун пьесаси); «Қумрининг муроди» (Ж.Машрабий пьесаси); бастакор ва дирижёр Деҳқонбой Жалилов билан ҳамкорликда «Ишқ-обод» (С.Абдулло пьесаси), «Холисхон» (Ҳамза пьесаси). Ажойиб инсон, катта истеъдод соҳиби, бастакор, хонанда ва созанда Мухторжон Муртазоев ўз санъати билан халқ дилида ва мусиқа санъатимиз тарихида чуқур из қолдирди.

                            НИКОЛАЙ МИРОНОВ

(1870-1952)

Ўзбекистон халқ артисти, этнограф, дирижёр, моҳир педагог ва ташкилотчи, композитор Николай Миронов Туркистон Республикаси ташкил топгандан умрининг охиригача замонавий ўзбек профессионал мусиқа санъати ривожланиши учун хизмат қилди.

Миронов Николай Назарович 1870 йилда Россиянинг Самара губерниясининг Воскресенский қишлоғида туғилди. Ота-онасининг вафотидан сўнг Самара шаҳрига келиб, дамли чолғулар оркестрига шогирд бўлиб ишга киради. 1891 йили Москва консерваторияси қошидаги ҳарбий дирижёрлик факультетига ўқишга киради. 1896 йили консерваторияни битириб, Марғилон ва Қўқон шаҳарларида жойлашган рус қўшинлари дамли чолғулар оркестрига дирижёр (капельмейстер) этиб тайинланади. Шу билан бирга маҳаллий халқ мусиқаси билан қизиқди, ўрганишга интилди. 1904 йили Фарғона водийси, Етти сув ва Шарқий Сибирга саёҳат қилиб, турли халқлар куйларини нотага ёзиб, ўз ижодида фойдаланишга ҳаракат қилади. 1906 йили Н.Миронов Тошкент ҳарбий гарнизонининг намунали дамли чолғулар оркестрига бадиий раҳбар ва бош дирижёр лавозимига тайинланади. У зиёлилар ва санъаткорлар томонидан 1885 йилда ташкил қилинган Тошкент Мусиқий театр жамиятига аъзо бўлади. Миронов хор ва симфоник оркестрни ташкил этиб, Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Андижонларда концертлар берди. У романс ва якка чолғулар учун куйлар қаторида «Боярин Орша», «Русские жещины», «Цыгане», «Коробейники» каби операларни ҳам яратди.

Н.Миронов 1918 йили ташкил топган «Туркистон халқ консерваторияси» кенгаши аъзоси сифатида фаолият кўрсатди. В.Успенский бошчилигида иш бошлаган «Мусиқий эгнография ва театр» бўлимига Н.Миронов ўринбосар этиб тайинланди. Ўзбек санъаткорларидан 1922 йили «Этнографик мусиқий ансамбль» тузиб, Ўрта Осиёнинг йирик шаҳарларида ва Москвада 1926 йилда 80 та концерт беришди. Шу йиллари у яна Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Кавказ, Сибирь ва Монголия бўйлаб фольклор-экспедицияларини ташкил этиб, 2000 дан ортиқ қўшиқ ва куйларини нотага ёзиб олишга муваффақ бўлди.

1928 йили профессор А.Фитрат ва Н.Миронов зиммасига Самарқанд шаҳрида «Мусиқа ва хореография илмий-тадқиқот институти»ни ташкил қилиш вазифаси юкланди. Институт фаолияти уч йўналишда жорий қилинди. Яъни, ўзбек халқ ва Оврўпа чолғу асбобларида талабаларни ўқитиш, миллий ва Оврўпа рақсларини ўргатиш, мусиқа меросини ўрганиш ва тарғибот қилиш. Миллий мусиқий меросни талабаларга (аспирантларга) ўргатиш ниятида у Бухоро, Хоразм ва Фарғона водийсидан машҳур санъаткорларни, Россиядан айрим мутахассисларни ишга таклиф қилди. Ўзбек ва татар тилларида «Бошланғич мусиқа назарияси» дарслигини тайёрлади. «Музыка узбеков» (Самарқанд, Москва, 1929 г.), «Обзор музыкальных культур узбеков и других народов Востока» (Самарқанд-Москва, 1931 г), «Музыка таджиков» (Москва, 1932 г) китобларни нота мисоллари билан ёзди ва унинг раҳбарлигида талабалар: М.Ашрафий  Бухоро, Ш.Рамазонов Хива ва Т.Содиқов Фарғона халқ қўшиқларини нотага ёзиб «Песни Ферганы, Бухары и Хивы» номли тўплам Тошкентда 1931 йили чоп этилди. Н.Миронов раҳбарлик қилган мазкур институтда М.Ашрафий, М.Бурҳонов, Т.Содиқов, Ш.Рамазонов, А.Ҳалимов, Д.Зокиров, М.Левиев, М.Насимов, Ф.Шамсуддинов, Б.Иноятов, Н.Ҳасанов, Ш.Соҳибов, Ф.Шаҳобов ва бошқалар ўқишган.

Н.Миронов 1929 йили ташкил топган Мусиқали драма театри қошидаги студияда мусиқа назариясидан сабоқ берди. Театр репертуарини бойитишда драматург ва бастакорлар билан ҳамкорликда мусиқали драмалар яратишга муваффақ бўлди. Жумладан, Т.Содиқов билан «Пўртана» (С.Абдулла пьесаси), Т.Жалилов билан «Тоҳир ва Зуҳро» (С.Абдулла пьесаси), Ю.Ражабий билан ҳамкорликда яратилган «Қўчқор Турдиев» номли мусиқали драмалар унинг номи билан боғлиқ. 1936 йили Т.Жалилов Ўзбек филармонияси қошида ташкил қилинган  Ўзбек халқ чолғулари ансамбли созандаларини нота ёзувини ўргатишда кўмаклашди ва улардан «нотали оркестр» тузди. Ҳамза Ҳаким-зода Ниёзий 1928 йили Самарқанд илмий-тадқиқот институтида Н.Мироновдан бироз сабоқ олган. Н.Миронов М.Ашрафий билан ҳамкорликда Шота Руставели достони асосида «Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон» номли вокал-симфоник поэмани ёзди. Ўзбек, рус, тожик, мўғул, қолмиқ ва бошқа халқлар мусиқасини фортепиано, хор, турли чолғулар, ансамбллар, ўзбек халқ чолғу ва симфоник оркестрлар учун қайта ишлаб уларга мослаштирди.

Н.Миронов замонавий, ўзбек профессионал мусиқа санъатини ривожлантиришдаги улкан хизматлари учун 1930 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби», 1937 йилда «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонлари билан тақдирланган.

                   МУҲАММАДЖОН МИРЗАЕВ

(1913-1999)

Ўзбекистон халқ артисти, бастакор ва созанда Муҳаммаджон Мирзаев ажойиб лирик қўшиқ, ашула ва куйлари билан эл-юрт ҳурмат-эътиборига сазовор бўлиб, XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди. У бастакорлик анъаналарини давом эттирган ҳолда яратган асарларида ҳаётни, севги-муҳаббатни, вафо ва садоқатни, мардлик ва жасоратни ардоқлади ва баралла куйлади. 1975 йилдан Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси аъзоси М.Мирзаев замонавий ўзбек мусиқа санъатининг ривожланишига баракали ҳисса қўшди ва катта мусиқий мерос қолдирди.

Муҳаммаджон Мирзаев Тошкент шаҳрида 1913 йилнинг 13 августида туғилди. 1920 йилдан умумтаълим мактабда ўқиди. 1932 йили Тошкент Тўқимачилик комбинатига ишга кирди ва бўш вақтларида Темирйўлчилар клубида ташкил топган ҳаваскорлик тўгарагига қатнаб, мандолина чалишни ўрганди. 1936 йили Ўзбек филармонияси қошида Т.Жалилов раҳбарлигида ташкил топган «Ўзбек халқ чолғулари ансамбли»га ишга қабул қилинди. Мазкур ансамбль унинг учун катта ижрочилик мактаби бўлди. Бу ерда Т.Жалилов кўрсатмаси билан рубобчи Юсуф-Охун М.Мирзаевга қашқар рубобида чалишни ўргатди. Ёш созанда тез орада ансамблда иштирок эта бошлади.  Шу аснода у қашқар рубобини омма орасида кенг тарқалишига сабабчи бўлиб қолди. Дарҳақиқат, мазкур ижодий жамоа М.Мирзаев учун биргина рубоб чалишда эмас, балки ўзбек халқ мусиқа меросини пухта ўрганишга қулай имкониятлар яратди. У машҳур созандалар билан ёнма-ён ишлаб, бўш вақтларида улар билан мулоқотда бўлиб, мусиқа ижрочилиги ва ижодкорлиги сирларини ўрганди ва ҳаётий мактабини шу ансамблда ўтади.

Иккинчи жаҳон уруши йиллари Ўзбек филармонияси қошида бир нечта «Фронт концерт бригадалари» тузилди. Шулардан бири 1942 йилда ташкил этилган бўлиб қуйидаги санъаткорлардан иборат эди: Д.Соатқулов (най), М.Мирзаев (рубоб), С.Алиев (ғижжак), Ш.Ҳамдамов (доира), Н.Наливайко (баян), хонандалар Н.Якубова ва С.Самандарова, лапарчи М.Отонова, раққоса Т.Маҳмудова. Улар жангчиларга концертлар бериб, фаол хизмат қилдилар.

Маълумки, 1943 йили «Фарҳод ГЭС» қурилиши муносабати билан ишчиларга маданий хизмат қилиш мақсадида бошқарма қошида композитор ва дирижёр М.Насимов раҳбарлигида «Мусиқали драма театри» ташкил топди. Ўзбекистон «Санъат» бош бошқармаси М.Мирзаевни ушбу театрга мусиқа раҳбари лавозимига тайинлади. Унинг мустақил бастакорлик фаолияти шу жамоада бошланди. Созанда ва ижодкор азамат қурувчиларга атаб ғайрат билан, замонавий мавзуларда янги-янги жозибали қўшиқ ва рақс куйларни яратди ва ансамбль ижро репертуарини бойитиб борди. 1946 йили рубобчи М.Мирзаев филармонияга ишга қайтди. Икки йилдан сўнг Тошкент давлат консерваториясида «Ўзбек халқ чолғулари» кафедраси ташкил топди. Бу даргоҳга Мирзаев биринчи талабалар қаторида ўқишга кирди ва 1953 йили битирди. Шу йилдан бошлаб умрининг охиригача филармония ҳузуридаги «Мусиқа бўлимида» рубобчи-якканавоз вазифасида ишлаб, томошабинларга фаол хизмат қилди. Унинг ижрочилик маҳоратига тингловчилар тан беришар эди. Алоҳида таъкидлаш жоизки, ана шу даврда созанданинг саъй-ҳаракатлари туфайли-рубоб созига эътибор кўтарилди, тўгараклар ва мусиқа ўқув юртларида мазкур чолғу мустаҳкам ўрин эгаллади. Касбий созандаликни, юқори малакали ижрочилик санъатини севимли ўғли Шавкат Мирзаевга ота мерос қилиб қолдирди.

Бастакор ва созанда М.Мирзаевнинг ижодий фаолияти, айниқса, урушдан кейинги йилларда гуллаб-яшнади. У 1950-1980 йилларда ўз устида кўп ишлади, изланди, тинимсиз ижодий меҳнатда бўлиш унинг яшаш тарзига айланди. У йиллар давомида, халқимизнинг севимли хонанда, созанда ва раққосаларига атаб, уларга мўлжаллаб ажойиб асарлар яратиб берар эди. Масалан, халқимизнинг фахри Ўзбекистон халқ ҳофизи Маъмуржон Узоқов ижросида бастакорнинг қуйидаги ашула ва яллалари илк бор янгради: «Қачон бўлғай», «Шўхи жононим менинг», «Ёр истаб», «Йўлингда» (З.Фурқат шеърлари), «Якка бу Фарғонада», «Кўзларинг», «Сувратинг», «Ёлғиз», «Яна» (Муқимий шеърлари), «Шайдо бўлибман» (Камтар сўзи), «Зор этдинг» (Жаннатий сўзи), «Парво этиб кет» (С.Абдулла сўзи). Тожик ва ўзбек халқларининг севимли хонандаси, Тожикистон халқ артисти Ҳанифа Мавлонова ижросида бастакорнинг қуйидаги ашулалари машҳур бўлиб кетган эди: «Парвона бўлдим» (Камтар сўзи), «Юрагингни ўйнатдими» ва «Гулчеҳра ёр» (П.Мўмин сўзлари), «Ҳуснингга бу шайдони» (Шуҳий сўзи) «Тонг отгунча» (Дилафгор сўзи). Кейинчалик устоз санъаткор Муножот Йўлчиева, Дилором Қаюмова, Мавлуда Ойнақулова каби ёшларнинг ижрочилик йўли, талқин услублари шаклланишига улкан ҳисса қўшган.

Муҳаммаджон Мирзаев йиллар давомида, М.Турғунбоева номидаги «Баҳор» рақс ансамбли, Ўзбек давлат филармониясининг «Шодлик», «Лазги» ашула ва рақс ансамбллар репертуарини бойитиб келди. У уч юздан ортиқ қўшиқ, ашула, ялла ва рақс куйларини яратди. Унинг яратган асарлари орасида жуда ҳам машҳур бўлиб кетган, ажойиб «Баҳор вальси», «Дилдор 1 ва 2», «Интизор этма», «Уфори санам», «Гулноз» рақс куйларни ёки «Олтин сандиқ», «Эй гул», «Уч дугона», «Тошкент наҳори», «Муҳаббат мактуби» (Т.Тўла сўзлари), «Кўзларимга зиё оламан» ва «Чавандоз қизлар» (Н.Нарзуллаев сўзлари), «Ассалом, келин салом» ва «Оналар» (У.Рашид сўзлари) каби қўшиқларни, қашқар рубоби учун яратган «Гўзал Ватаним», «Марғилон қизлари», «Орзу дил», «Зулфизар», «Ёр учрашув», «Дилрабо», «Шодлик» куйлари кенг қанот ёзди.

Бастакор М.Мирзаев она-юрт табиатига, севимли халқига, санъаткорларга ҳар доим ғайрат ва ҳаяжон билан гўзалликни куй ва қўшиқларида ифодалаб келди. У ўз даврининг машҳур куйчиси эди, шунинг учун унинг ижодида замонавий мавзу устувор турди. Шуни айтиш жоизки, М.Мирзаев 1937, 1951, 1959 йилларда Москвада ўтказилган Ўзбекистон адабиёти ва санъати декадаларида, «Катта Фарғона», «Фарҳод ГЭС», «Каттақўрғон сув омбори», «Тошкент канали» каби йирик иншоотларнинг қурилишларида ижрочилиги ва бастакорлиги билан фаол қатнашди.

У замонавий Ўзбекистон мусиқа маданиятининг ривожланишидаги улкан хизматлари учун 1945 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», 1965 йили «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонлари, орден ва медаллар билан тақдирланган.