АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

30 ноябрь: Собиров Шерзод ни туғилган куни.


АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



                   МУҲАММАДЖОН МИРЗАЕВ

(1913-1999)

Ўзбекистон халқ артисти, бастакор ва созанда Муҳаммаджон Мирзаев ажойиб лирик қўшиқ, ашула ва куйлари билан эл-юрт ҳурмат-эътиборига сазовор бўлиб, XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди. У бастакорлик анъаналарини давом эттирган ҳолда яратган асарларида ҳаётни, севги-муҳаббатни, вафо ва садоқатни, мардлик ва жасоратни ардоқлади ва баралла куйлади. 1975 йилдан Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси аъзоси М.Мирзаев замонавий ўзбек мусиқа санъатининг ривожланишига баракали ҳисса қўшди ва катта мусиқий мерос қолдирди.

Муҳаммаджон Мирзаев Тошкент шаҳрида 1913 йилнинг 13 августида туғилди. 1920 йилдан умумтаълим мактабда ўқиди. 1932 йили Тошкент Тўқимачилик комбинатига ишга кирди ва бўш вақтларида Темирйўлчилар клубида ташкил топган ҳаваскорлик тўгарагига қатнаб, мандолина чалишни ўрганди. 1936 йили Ўзбек филармонияси қошида Т.Жалилов раҳбарлигида ташкил топган «Ўзбек халқ чолғулари ансамбли»га ишга қабул қилинди. Мазкур ансамбль унинг учун катта ижрочилик мактаби бўлди. Бу ерда Т.Жалилов кўрсатмаси билан рубобчи Юсуф-Охун М.Мирзаевга қашқар рубобида чалишни ўргатди. Ёш созанда тез орада ансамблда иштирок эта бошлади.  Шу аснода у қашқар рубобини омма орасида кенг тарқалишига сабабчи бўлиб қолди. Дарҳақиқат, мазкур ижодий жамоа М.Мирзаев учун биргина рубоб чалишда эмас, балки ўзбек халқ мусиқа меросини пухта ўрганишга қулай имкониятлар яратди. У машҳур созандалар билан ёнма-ён ишлаб, бўш вақтларида улар билан мулоқотда бўлиб, мусиқа ижрочилиги ва ижодкорлиги сирларини ўрганди ва ҳаётий мактабини шу ансамблда ўтади.

Иккинчи жаҳон уруши йиллари Ўзбек филармонияси қошида бир нечта «Фронт концерт бригадалари» тузилди. Шулардан бири 1942 йилда ташкил этилган бўлиб қуйидаги санъаткорлардан иборат эди: Д.Соатқулов (най), М.Мирзаев (рубоб), С.Алиев (ғижжак), Ш.Ҳамдамов (доира), Н.Наливайко (баян), хонандалар Н.Якубова ва С.Самандарова, лапарчи М.Отонова, раққоса Т.Маҳмудова. Улар жангчиларга концертлар бериб, фаол хизмат қилдилар.

Маълумки, 1943 йили «Фарҳод ГЭС» қурилиши муносабати билан ишчиларга маданий хизмат қилиш мақсадида бошқарма қошида композитор ва дирижёр М.Насимов раҳбарлигида «Мусиқали драма театри» ташкил топди. Ўзбекистон «Санъат» бош бошқармаси М.Мирзаевни ушбу театрга мусиқа раҳбари лавозимига тайинлади. Унинг мустақил бастакорлик фаолияти шу жамоада бошланди. Созанда ва ижодкор азамат қурувчиларга атаб ғайрат билан, замонавий мавзуларда янги-янги жозибали қўшиқ ва рақс куйларни яратди ва ансамбль ижро репертуарини бойитиб борди. 1946 йили рубобчи М.Мирзаев филармонияга ишга қайтди. Икки йилдан сўнг Тошкент давлат консерваториясида «Ўзбек халқ чолғулари» кафедраси ташкил топди. Бу даргоҳга Мирзаев биринчи талабалар қаторида ўқишга кирди ва 1953 йили битирди. Шу йилдан бошлаб умрининг охиригача филармония ҳузуридаги «Мусиқа бўлимида» рубобчи-якканавоз вазифасида ишлаб, томошабинларга фаол хизмат қилди. Унинг ижрочилик маҳоратига тингловчилар тан беришар эди. Алоҳида таъкидлаш жоизки, ана шу даврда созанданинг саъй-ҳаракатлари туфайли-рубоб созига эътибор кўтарилди, тўгараклар ва мусиқа ўқув юртларида мазкур чолғу мустаҳкам ўрин эгаллади. Касбий созандаликни, юқори малакали ижрочилик санъатини севимли ўғли Шавкат Мирзаевга ота мерос қилиб қолдирди.

Бастакор ва созанда М.Мирзаевнинг ижодий фаолияти, айниқса, урушдан кейинги йилларда гуллаб-яшнади. У 1950-1980 йилларда ўз устида кўп ишлади, изланди, тинимсиз ижодий меҳнатда бўлиш унинг яшаш тарзига айланди. У йиллар давомида, халқимизнинг севимли хонанда, созанда ва раққосаларига атаб, уларга мўлжаллаб ажойиб асарлар яратиб берар эди. Масалан, халқимизнинг фахри Ўзбекистон халқ ҳофизи Маъмуржон Узоқов ижросида бастакорнинг қуйидаги ашула ва яллалари илк бор янгради: «Қачон бўлғай», «Шўхи жононим менинг», «Ёр истаб», «Йўлингда» (З.Фурқат шеърлари), «Якка бу Фарғонада», «Кўзларинг», «Сувратинг», «Ёлғиз», «Яна» (Муқимий шеърлари), «Шайдо бўлибман» (Камтар сўзи), «Зор этдинг» (Жаннатий сўзи), «Парво этиб кет» (С.Абдулла сўзи). Тожик ва ўзбек халқларининг севимли хонандаси, Тожикистон халқ артисти Ҳанифа Мавлонова ижросида бастакорнинг қуйидаги ашулалари машҳур бўлиб кетган эди: «Парвона бўлдим» (Камтар сўзи), «Юрагингни ўйнатдими» ва «Гулчеҳра ёр» (П.Мўмин сўзлари), «Ҳуснингга бу шайдони» (Шуҳий сўзи) «Тонг отгунча» (Дилафгор сўзи). Кейинчалик устоз санъаткор Муножот Йўлчиева, Дилором Қаюмова, Мавлуда Ойнақулова каби ёшларнинг ижрочилик йўли, талқин услублари шаклланишига улкан ҳисса қўшган.

Муҳаммаджон Мирзаев йиллар давомида, М.Турғунбоева номидаги «Баҳор» рақс ансамбли, Ўзбек давлат филармониясининг «Шодлик», «Лазги» ашула ва рақс ансамбллар репертуарини бойитиб келди. У уч юздан ортиқ қўшиқ, ашула, ялла ва рақс куйларини яратди. Унинг яратган асарлари орасида жуда ҳам машҳур бўлиб кетган, ажойиб «Баҳор вальси», «Дилдор 1 ва 2», «Интизор этма», «Уфори санам», «Гулноз» рақс куйларни ёки «Олтин сандиқ», «Эй гул», «Уч дугона», «Тошкент наҳори», «Муҳаббат мактуби» (Т.Тўла сўзлари), «Кўзларимга зиё оламан» ва «Чавандоз қизлар» (Н.Нарзуллаев сўзлари), «Ассалом, келин салом» ва «Оналар» (У.Рашид сўзлари) каби қўшиқларни, қашқар рубоби учун яратган «Гўзал Ватаним», «Марғилон қизлари», «Орзу дил», «Зулфизар», «Ёр учрашув», «Дилрабо», «Шодлик» куйлари кенг қанот ёзди.

Бастакор М.Мирзаев она-юрт табиатига, севимли халқига, санъаткорларга ҳар доим ғайрат ва ҳаяжон билан гўзалликни куй ва қўшиқларида ифодалаб келди. У ўз даврининг машҳур куйчиси эди, шунинг учун унинг ижодида замонавий мавзу устувор турди. Шуни айтиш жоизки, М.Мирзаев 1937, 1951, 1959 йилларда Москвада ўтказилган Ўзбекистон адабиёти ва санъати декадаларида, «Катта Фарғона», «Фарҳод ГЭС», «Каттақўрғон сув омбори», «Тошкент канали» каби йирик иншоотларнинг қурилишларида ижрочилиги ва бастакорлиги билан фаол қатнашди.

У замонавий Ўзбекистон мусиқа маданиятининг ривожланишидаги улкан хизматлари учун 1945 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», 1965 йили «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонлари, орден ва медаллар билан тақдирланган.