МУХТОРЖОН МУРТАЗОЕВ
(1909-1994)
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси аъзоси, созанда, хонанда ва бастакор Мухторжон Муртазоев забардаст санъаткорларимиздан бири. Бастакор турли мавзуларда, классик ва замондош шоирларнинг шеърларига басталаган ранг-баранг, жозибали қўшиқ ва ашулалари саҳна учун ёзган мусиқаси ва моҳир ижрочилик фаолияти билан XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ўчмас из қолдирди.
Мухторжон Муртазоев Қўқон шаҳрида 1909 йилда туғилди. Табиат унга ажойиб овоз берган экан, кунларнинг бирида таниқли Махрам ҳофизга дуч келиб қолади. Унинг жаранглаган овозини эшитган устоз ўспиринни янги ташкил этилган интернатга жойлаштириб, ундан хабар олиб туриб, мурувват кўрсатди. Мухторжон мактабда ҳаваскорлик тўгарагида ғижжак ва дутор чалишни ўрганди, йил сайин барча қолган чолғуларни ҳам ўзлаштирди. Очиқ концертларда қўшиқ айтиб юрди. 1928 йили Қудаш тумани (ҳозирги Ўзбекистон тумани) халқ маорифи бўлими ҳузурида ташкил қилган ансамбль ғижжакчиси Қодиржон Ҳамдамов ва бошқа иштирокчилар ёш Мухторжонни ўз бағрига олишди.
Тез орада у хонанда ва созанда сифатида оммага танилди, ҳурмат-эътиборга сазовор бўлди. Бир оз вақт ўтгач, уни Қўқон шаҳар темир йўл театрига мусиқа раҳбари вазифасига таклиф этишди ва 1933 йилга доир у ерда ишлади. Сўнгра Ҳамза номидаги Қўқон шаҳар мусиқали драма театрига ишга таклиф қилишади. Ушбу театр унинг учун ҳақиқий ижод мактаби бўлди. Бу даргоҳда ажойиб санъаткорлар билан бирга ишлади, яқин мулоқотда бўлди. Маҳаллий шоирларнинг сўзларига 1936-1940 йилларда «Бўлсин омон», «Бир ишва билан», «Эй, гўзал», «Обод ўлкам», «Жон жўражоним», «Йигит қўшиғи», «Ҳур диёр», «Умринг зиёда бўлсин», «Каналим», «Ватанга муҳаббат» каби қўшиқ ва ашулаларини театр артистлари, жумладан, бу театрга эндигина келган Валижон Ҳамроев, Муроджон Аҳмедов, Сабохон Каримовалар илк бор ижро этишди.
М.Муртазоев Иккинчи жаҳон уруши йилларида тинимсиз ижодий изланишлар билан шуғулланди. Унинг жанговар «Ватаним», «Тор-мор айлай бугун», «Мактубингизни олдим», «Вафодорлар», «Малоҳат» ва бошқа қўшиқлари жангчиларни ва фронт ичкарисидаги азамат меҳнаткашларни мардликка, ва-фодорликка ва садоқатликка ундади. Уруш йилларида у Тошкент вилояти Янгийўл мусиқали театрига чақириб олинди ва Юнус Ражабий раҳбарлигида ишлаб, халқ мусиқа хазинаси билан янада чуқурроқ танишиш шарафига муяссар бўлди. У 1945-1957 йиллар орасида Муқимий номидаги ўзбек мусиқали драма театрида концертмейстер, республика радиосида ашула муаллими вазифаларида ишлади ва яна Ҳамза номидаги Қўқон шаҳар мусиқали драма театрида мусиқа раҳбари, Қўқон шаҳар халқ театри ҳузуридаги мақомчилар ансамблининг бадиий раҳбари бўлиб ишлади.
Устоз санъаткор М.Муртазоев ижрочилик ва раҳбарлик ишлари билан йиллар давомида ижод қилиб, турли мавзуларда, классик ва замондош шоирларнинг шеърларига ранг-баранг, ширали қўшиқ ва ашулаларни яратди. Жумладан, «Ўртама» ва «Гулзор макон» (Навоий ғазали); «Бизни ташлаб» (Мискин ғазали); «Жоним ила жоним» (Фузулий сўзи); «Айладинг, қўйдинг» (Муқимий ғазали); «Бир ишва билан» (С.Абдулло сўзи); «Қасамёд», «Эй, кўнгил», «Булбулларинг», «Тасаддуқман», «Жафо ҳам қилмадинг» (Чустий сўзи); «Жоним эрурсан» (Камтар сўзи); «Бахт толе то абад ул дилбарим қошиндадир», «Барнолигингиздан», «Вафодорлар», «Сунбулларингдан», «Ўргилай», «Ўн саккиз ёшиндадур» (Чархий сўзи) ва бошқа 100 га яқин қўшиқлар куйлаб, хонандаларнинг репертуаридан жой олдилар. Хусусан машҳур халқ ҳофизлари О.Имомхўжаев, К.Мўминов, А.Охуновларнинг репертуарларидан ҳам жой олган. М.Муртазоев жанридан қуйидаги саҳна асарларига мусиқа басталади: «Дўстлар» (Уйғун пьесаси); «Қумрининг муроди» (Ж.Машрабий пьесаси); бастакор ва дирижёр Деҳқонбой Жалилов билан ҳамкорликда «Ишқ-обод» (С.Абдулло пьесаси), «Холисхон» (Ҳамза пьесаси). Ажойиб инсон, катта истеъдод соҳиби, бастакор, хонанда ва созанда Мухторжон Муртазоев ўз санъати билан халқ дилида ва мусиқа санъатимиз тарихида чуқур из қолдирди.