НИКОЛАЙ МИРОНОВ
(1870-1952)
Ўзбекистон халқ артисти, этнограф, дирижёр, моҳир педагог ва ташкилотчи, композитор Николай Миронов Туркистон Республикаси ташкил топгандан умрининг охиригача замонавий ўзбек профессионал мусиқа санъати ривожланиши учун хизмат қилди.
Миронов Николай Назарович 1870 йилда Россиянинг Самара губерниясининг Воскресенский қишлоғида туғилди. Ота-онасининг вафотидан сўнг Самара шаҳрига келиб, дамли чолғулар оркестрига шогирд бўлиб ишга киради. 1891 йили Москва консерваторияси қошидаги ҳарбий дирижёрлик факультетига ўқишга киради. 1896 йили консерваторияни битириб, Марғилон ва Қўқон шаҳарларида жойлашган рус қўшинлари дамли чолғулар оркестрига дирижёр (капельмейстер) этиб тайинланади. Шу билан бирга маҳаллий халқ мусиқаси билан қизиқди, ўрганишга интилди. 1904 йили Фарғона водийси, Етти сув ва Шарқий Сибирга саёҳат қилиб, турли халқлар куйларини нотага ёзиб, ўз ижодида фойдаланишга ҳаракат қилади. 1906 йили Н.Миронов Тошкент ҳарбий гарнизонининг намунали дамли чолғулар оркестрига бадиий раҳбар ва бош дирижёр лавозимига тайинланади. У зиёлилар ва санъаткорлар томонидан 1885 йилда ташкил қилинган Тошкент Мусиқий театр жамиятига аъзо бўлади. Миронов хор ва симфоник оркестрни ташкил этиб, Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Андижонларда концертлар берди. У романс ва якка чолғулар учун куйлар қаторида «Боярин Орша», «Русские жещины», «Цыгане», «Коробейники» каби операларни ҳам яратди.
Н.Миронов 1918 йили ташкил топган «Туркистон халқ консерваторияси» кенгаши аъзоси сифатида фаолият кўрсатди. В.Успенский бошчилигида иш бошлаган «Мусиқий эгнография ва театр» бўлимига Н.Миронов ўринбосар этиб тайинланди. Ўзбек санъаткорларидан 1922 йили «Этнографик мусиқий ансамбль» тузиб, Ўрта Осиёнинг йирик шаҳарларида ва Москвада 1926 йилда 80 та концерт беришди. Шу йиллари у яна Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Кавказ, Сибирь ва Монголия бўйлаб фольклор-экспедицияларини ташкил этиб, 2000 дан ортиқ қўшиқ ва куйларини нотага ёзиб олишга муваффақ бўлди.
1928 йили профессор А.Фитрат ва Н.Миронов зиммасига Самарқанд шаҳрида «Мусиқа ва хореография илмий-тадқиқот институти»ни ташкил қилиш вазифаси юкланди. Институт фаолияти уч йўналишда жорий қилинди. Яъни, ўзбек халқ ва Оврўпа чолғу асбобларида талабаларни ўқитиш, миллий ва Оврўпа рақсларини ўргатиш, мусиқа меросини ўрганиш ва тарғибот қилиш. Миллий мусиқий меросни талабаларга (аспирантларга) ўргатиш ниятида у Бухоро, Хоразм ва Фарғона водийсидан машҳур санъаткорларни, Россиядан айрим мутахассисларни ишга таклиф қилди. Ўзбек ва татар тилларида «Бошланғич мусиқа назарияси» дарслигини тайёрлади. «Музыка узбеков» (Самарқанд, Москва, 1929 г.), «Обзор музыкальных культур узбеков и других народов Востока» (Самарқанд-Москва, 1931 г), «Музыка таджиков» (Москва, 1932 г) китобларни нота мисоллари билан ёзди ва унинг раҳбарлигида талабалар: М.Ашрафий Бухоро, Ш.Рамазонов Хива ва Т.Содиқов Фарғона халқ қўшиқларини нотага ёзиб «Песни Ферганы, Бухары и Хивы» номли тўплам Тошкентда 1931 йили чоп этилди. Н.Миронов раҳбарлик қилган мазкур институтда М.Ашрафий, М.Бурҳонов, Т.Содиқов, Ш.Рамазонов, А.Ҳалимов, Д.Зокиров, М.Левиев, М.Насимов, Ф.Шамсуддинов, Б.Иноятов, Н.Ҳасанов, Ш.Соҳибов, Ф.Шаҳобов ва бошқалар ўқишган.
Н.Миронов 1929 йили ташкил топган Мусиқали драма театри қошидаги студияда мусиқа назариясидан сабоқ берди. Театр репертуарини бойитишда драматург ва бастакорлар билан ҳамкорликда мусиқали драмалар яратишга муваффақ бўлди. Жумладан, Т.Содиқов билан «Пўртана» (С.Абдулла пьесаси), Т.Жалилов билан «Тоҳир ва Зуҳро» (С.Абдулла пьесаси), Ю.Ражабий билан ҳамкорликда яратилган «Қўчқор Турдиев» номли мусиқали драмалар унинг номи билан боғлиқ. 1936 йили Т.Жалилов Ўзбек филармонияси қошида ташкил қилинган Ўзбек халқ чолғулари ансамбли созандаларини нота ёзувини ўргатишда кўмаклашди ва улардан «нотали оркестр» тузди. Ҳамза Ҳаким-зода Ниёзий 1928 йили Самарқанд илмий-тадқиқот институтида Н.Мироновдан бироз сабоқ олган. Н.Миронов М.Ашрафий билан ҳамкорликда Шота Руставели достони асосида «Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон» номли вокал-симфоник поэмани ёзди. Ўзбек, рус, тожик, мўғул, қолмиқ ва бошқа халқлар мусиқасини фортепиано, хор, турли чолғулар, ансамбллар, ўзбек халқ чолғу ва симфоник оркестрлар учун қайта ишлаб уларга мослаштирди.
Н.Миронов замонавий, ўзбек профессионал мусиқа санъатини ривожлантиришдаги улкан хизматлари учун 1930 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби», 1937 йилда «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонлари билан тақдирланган.