Дш | Сш | Чш | Пш | Ж | Ш | Як |
---|---|---|---|---|---|---|
1
| ||||||
2
|
3
|
4
|
5
|
6
|
7
|
8
|
9
|
10
|
11
|
12
|
13
|
14
|
15
|
16
|
17
|
18
|
19
|
20
|
21
|
22
|
23
|
24
|
25
|
26
|
27
|
28
|
29
|
30
|
31
|
АЛИШЕР ИКРОМОВ
(1962)
Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, композитор Алишер Икромов Бастакорлар уюшмаси сафига 1994 йили қабул қилинган. Унинг симфоник, вокал-симфоник, мусиқали саҳна асарлари, айниқса замондош шоирлар шеърларига ёзган эстрада қўшиқ ва куйлари эътиборга сазовор.
Икромов Алишер Каримович Тошкент шаҳрида 1962 йилнинг 9 июнида туғилди. Ота-онаси Алишернинг мусиқага қизиқишини сезиб, уни 1969 йили В.Успенский номидаги махсус мусиқа мактабининг фортепиано синфига беришди. Ўқиш жараёнида у мусиқа назарияси ва композиция билан қизиқди. Шу боисдан 8-синфидан бошлаб композиция бўйича композитор С.Варелас синфида ўқишни давом эттирди ва 1980 йили муваффақиятли битирди. Ўша йили А.Икромов П.Чайковский номидаги Москва консерваторияси композиторлик факультетига ўқишга кирди ва профессор Т.Н.Хренников синфида таҳсил кўрди. Москва шаҳри маданий ва мусиқий муҳити Алишерни композитор сифатида шаклланишида муҳим роль ўйнади.
Мактаб ва консерваторияда ўқиб юрган даврида ёзилган мусиқий асарлари фортепиано учун «Вариация», «Сонатина №1, 2, 3», «Баллада», «Токката», «6 та прелюдия»; торли оркестр ва фортепиано учун «Таржимаи ҳолимиз» сюитаси, флейта, труба ва фортепиано учун пьеса; торли оркестр учун «Аndante» асарлари тингловчиларга манзур бўлди. Давлат имтиҳонига «Симфоник оркестр учун мусиқа» ҳамда ўзбек ва француз шоирлари шеърларига «Муҳаббат қўшиқлари» номли туркумни диплом иши сифатида ҳавола этиб, 1985 йили консерваторияни муваффақиятли битирди.
А.Икромов 1985-1989 йиллар Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг мусиқа таҳририяти муҳаррири, 1989-1990 йилларда Ўзбек концерт таркибидаги «Садо» вокал-чолғу ансамблида созанда бўлиб ишлади. 1990 йилдан Ўзбекистон телерадиокомпанияси ҳузуридаги эстрада-симфоник оркестри жамоаси концертмейстери, 1996 йилдан эса оркестрнинг бадиий раҳбари ва бош дирижёри лавозимида ишламоқда.
А.Икромов театр учун мусиқа басталашга муҳим эътиборни қаратди. Қўғирчоқ театри учун 1986 йили «Бахтли гадойлар» (К.Гоцци пьесаси); 1993 йили «Бахт изловчи Гасан» (Е.Сперанский пьесаси), «Пакана Бурун» (А.Гауфу пьесаси), 1995 йили «Қор маликаси» (Андерсен асари), 2001 йили «Лисонут тайр» (А.Навоий, Х.Расул), 2002 йили «Девочка и спички» (Андерсен асари), 2003 йилда “И снова Андерсен”, 2006 йилда “Кто сказал мяу?”, “Три веселых пятачка”, 2010 йилда “Приключения Аладдина”, 2011 йилда “Солнечный лучик”, 2012 йилда “Волшебное зеркало”, “Карнавал животных” қўғирчоқ спектаклларига мусиқа, 1987 йили «Бизнинг Майсара» (Ҳ.Шарипов либреттоси) номли рок-операсини ёзди. 1995 йили «Аловуддиннинг сеҳрли чироғи» спектаклига ёзган мусиқаси учун Тошкентда ўтказилган халқаро қўғирчоқ театрлари фестивалида Диплом билан тақдирланди. 1987 йили «Афсонавий ажойиб зина» (Ю.Энтин либреттоси) мюзиклини, Ҳамза номидаги академик драма театри учун 1993 йили «Шум бола» (Ғ.Ғулом пьесаси), 1996 йили «Беваларни юпатиш» (П.Сулоев либреттоси) комедияларини, 1994 йили «Ноёб нусха», 1999 йили «Қирол Лир» (В.Шекспир асари) драмаларини, 1993 йили «Мамат кулол» (А.Баграмов асари), 1995 йили «Жаҳлдор подшонинг сири» (А.Колмогоров), 1996 йили «Болаларга ҳайвонлар ҳақида» (К.Васильев либреттоси), 2004 йили “Хола, мен уйланаман” (А.Баграмов асари) оперетталарини яратди.
1996 йили А.Навоий номидаги Давлат Академик катта опера ва балет театри Амир Темур таваллудининг 660 йиллигига бағишлаб А.Икромовнинг бир парда икки кўринишли «Буюк Темур» (И.Жиянов либреттоси) номли операсини томошабинларга ҳавола қилди.
Композитор Алишер Икромов қуйидаги кино, телефильм ва телеспектаклларга мусиқа басталади: 1987 йили «Қўшиқ ва расмларда пахта» ҳужжатли фильм-мюзикли, 1992 йили «Чангак» (Х.Султонов сценарийси) видеофильми ва бш.
Муқимий театри учун 1997 йили «Тилло тухум» (Ф.Файзиев); 1998 йили «Бўш келмангиз, шоввозлар» (Ф.Файзиев) мусиқали комедияларини яратди.
Унинг қаламидан қуйидаги асарлар ҳам бунёдга келган: 1993 йили «Шум бола» спектаклига ёзган мусиқаси асосида симфоник оркестр учун сюита ёзди. Ўша йили «Шарқ-Ғарб» фестивалида З.Ҳақназаров дирижёрлигида мазкур асар ижро этилди; 1994 йили камер оркестр ва мусиқали компьютер учун «Прелюдия» асарини яратди.
Композитор А.Икромовнинг ижодий фаолиятида эстрада қўшиқчилиги устувор йўналиш ҳисобланади. У 200 га яқин қўшиқлар муаллифидир. Улар орасида «Ўлка» (Э.Воҳидов сўзи); «Куйиб қолибди», «Қарасам қарамайсан» ва «Севилганлар, севганлар» (П.Мўмин сўзлари); «Интизор кутдим» (Н.Аминжонов сўзи); «Бахтни эъзозланг» (Э.Аслиддинов сўзи); «Шара-бара» (Р.Фархади сўзи); «Сендан олдин» ва «Ҳеч ким етолмас» (Ҳ.Худойбердиева сўзлари); «Когда красавица стареет» (И.Резник сўзи) каби қўшиқлари бор.
Унинг эстрада қўшиқлари Латвияда ўтказилган халқаро эстрада мусиқаси «Юрмала—87, 88», «Спутник к парнасу» (1989й.) кўрик-танловларида ижро этилди. Композитор 2000 йилда яккахон ва синтезатор учун «Умар Хайём» монооперасини (форс тилида) электр мусиқа асари сифатида яратди ва ижро этди.
ИМОМЖОН ИКРОМОВ
(1891-1980)
Ўзбекистон халқ артисти, созанда ва бастакор Имомжон Икромов ўзбек мусиқаси тарихида чуқур из қолдирди. У мусиқа оламига XX аср бошларида кириб келди, ғижжак чалишни ва ашула айтишни ўрганди, бастакорлик сирларини ҳам эгаллади, тинимсиз ижодий меҳнати билан эл-юрт ҳурматига сазовор бўлди. 1940 йилда Ўзбекистон Композиторлар уюшмасига аъзо бўлди.
Икромов Имомжон Салимжон ўғли Тошкентда 1891 йил 29 апрелда туғилди. Ёшлик даврини бўлғуси санъаткор шундай эслар эди: «Отам ҳунарманд бўлса-да, қўшиқ хиргойи қилиб юрардилар. Айтган қўшиқларини ёдлаб олардим. Мусиқага қизиққанимни сезиб, отам мени машҳур ғижжакчи Солижон Ҳожига шогирдликка бердилар. Устозимнинг гуруҳи билан чойхоналарда, тўй-томошаларда бирга қатнашдим. 1917 йилда ҳаваскорлар тўгараклари, театрлар пайдо бўлди. Устозим ҳофиз Шораҳим Шоумаров 1918 йил «Санои нафиса» жамиятини туздилар. Мазкур жамиятда ғижжакчи ва ҳофиз бўлиб хизмат қилдим. Ўша йили ажойиб инсон Виктор Успенский ва Саодатхоним Еникеевалар раҳбарлигида Шайҳонтохур масжид биносида Эски шаҳар халқ консерваторияси очилди. Мен ҳам ўқишга кирдим. Бу даргоҳда ўзимнинг устозим Солижон Ҳожи ғижжакда, Шораҳим Шоумаров ва Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов устозларимдан ашула йўлларини, В.Успенскийдан нота алифбосини дўстларим Ю.Ражабий, П.Раҳимов, Ф.Содиқовлар билан бирга сабоқ олдим. 1921 -1924 йиллари ўқишдан бўш вақтларимда янги мактабда ҳаваскорлар тўгарагини ташкил қилиб, ўқувчиларни турли асбобларда чалишни ўргатдим. 1925 йил Туркистон халқ консерваториясини битириб, йўлланма билан Самарқанд давлат ўзбек театрига ишга бордим. Юнус Ражабий мусиқа раҳбари, мени эса ансамблга созанда лавозимига тайинлашди. Улуғ Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун» достонлари асосида Хуршид яратган пьесани мусиқа билан безатишда меросимиздан танлаб ва ўзимиз ҳам айрим куйларни басталаб, спектаклнинг мусиқасини яратдик. Театр ишидан бўш вақтимизда Самарқанд педагогика институтида мусиқадан дарс бердим. Машҳур ҳофиз Ҳожи Абдулазиз Расулов улуғ инсондан ўзим билмаган мақомларни ўргандим. 1927 йили Тошкентда Ўзбекистон радиоси ташкил топиши билан унинг қошида ўзбек халқ чолғу асбоблар ва ашула ансамбли тузишни Ю.Ражабийга топширди.
Ансамблимизнинг аъзолари ташкил топишда 12 машшоқ ва ҳофизлардан иборат бўлса, 30-йилларда 40 нафарга етди. Мен қуйидаги улуғ санъаткорлар: Рисқи Ражабий, Шораим Шоумаров, Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов, Домла Ҳалим Ибодов, Ҳожи Абдураҳмон Умаров, Матюсуф Харратов, Сафо Муғанний, Фахриддин Содиқов, Ориф Қосимов, Маҳкам Юсупов, Зокиржон Содиқов, Карим Мўминов, Турғун Каримов, Назира Аҳмедова, Мавлуда Аъзамова, Марям Алишаева, Берта Давидова, Боруҳ Зиркиев ва бошқалар билан ҳамкорликда ишлаганимдан бахтиёрман. 1934 йили мен ва Ю.Ражабийни Москва консерваториясида ташкил қилинган уч ойлик малака ошириш курсига юборишди. Ҳар куни кечалари театр ва концерт залларига бориб, Оврўпо ва рус мусиқа маданияти билан танишдик. 1935 йил Москвадан қайтиб келиб, Тошкент консерваториясининг тайёрлов курсида Ю.Семёнов ва Б.Надеждинлардан сабоқ олдик. 1936 йилдан бошлаб Москвада бўлиб ўтадиган декадага тайёргарлик ишлари авж олиб кетди. Консерваторияда ўқишни давом эттиришга имконият бўлмади. 1942-1945 йиллар ўзим ишлаган ансамблга, Ю.Ражабий Янгийўл мусиқали театрга мусиқа раҳбари бўлиб кетгандан сўнг, 1941-1945 йиллар бадиий раҳбар, у яна ансамблга қайтгандан кейин мен концертмейстер лавозимида нафақага чиққунга қадар ишладим. Мен бир нарсадан хурсандманки, йиллар давомида бошимиздан не-не савдолар ўтишига қарамасдан, ўзим севган санъат билан меҳнаткаш, юраги соф кўнгилли халқимга хизмат қилдим», — деб сўзларини тугатдилар.
Ўзбек халқ мусиқа меросининг билимдони Имомжон Икромов ижрочилик, мураббийлик, жамоат фаолияти билан бирга бастакор сифатида 20-йилларда танила бошлади. Унинг ижодида қўшиқ, ашула ва чолғу куйлар асосий ўрин эгаллайди. У илк ижодий қадамларини юртимизнинг гўзал табиатини мадҳ этувчи «Чаман» (Ш.Туйғун), «Сўлим» (Соатий) қўшиқларидан бошлади. Шуни айтиб ўтиш жоизки, ўзбек халқ мусиқасининг бой хазинасидан баҳраманд бўлган бастакор И.Икромов мусиқий анъаналарига ўз ижодида риоя қилиш билан бирга замон талабига биноан унинг доирасини кенгайтириш, янгича оҳанглар топишга ҳаракат қилиб, ажойиб натижаларга эришди. Гўзал Ватан, сўлим табиат, соф муҳаббат куйчиси, бастакор И.Икромов 200 га яқин ранг-баранг, оҳангдор қўшиқ ва ашулалар яратди.
Бастакор И.Икромов улуғ ўзбек шоирлари Навоий, Бобур, Машраб, Муқимий, Фурқатларнинг шеъриятига мурожаат қилиб, классик ашула йўллари асосида қуйидаги асарларини яратди: «Муножот» (ёки «Сарви гулрў келмади»), «Дилоромимга айт», «Бир пари» (Ажам), «Қора соч», «Зори кўнгил», «Ул қаро кўз», «Қолдиму», «Топилмас», «Айлай десам», «Бир келсангиз», «Келдилар», «Қоши қаросини кўринг», «Ким десун». Булар атоқли ҳофизлардан Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов, Акбар Ҳайдаров, Шожалиловлар, Берта Давидова, Ориф Алимаҳсумовларнинг ширали овозлари билан санъат шинавандалари қалбидан жой олди.
Бастакор Ҳамза, Ҳ.Олимжон, Миртемир, Ҳ.Ғулом, С.Абдулла, Ҳабибий, Ғайратий, Чархий, Т.Тўла, П.Мўмин, С.Зуннунова, М.Қориев, Э.Воҳидовларнинг шеърларига кўплаб оммавий ва лирик қўшиқлар яратди. Мисол сифатида машҳур хонанда, устанинг шогирди Неъматжон Қулабдуллаев ижросида «Индамади», «Қўлда раъноси билан», «Жон бўлибди, жонон бўлибди» (П.Мўмин сўзи), «Ўйнасин», «Сулув чечаклар» (Миртемир ғазали), лирик қўшиқлардан «Топилмас» (Фурқат ғазали) машҳур бўлиб кетган. Булардан «Олқиш», «Шер йигитлар», «Даво топдим», «Даври давроним гўзал», «Мирзачўл қаҳрамонларига», «Янги ер таронаси», «Шон муборакдур сенга», «Ватан меҳри», «Азим Ватан», «Садоқат», «Оҳангарон», «Ўзбекистон», «Эл завқи таронаси», «Теримчи қиз ёрим бор», «Тинчликка тинчлик», «Сирдарёнинг сулуви», «Азгануш», «Соғиндим, эй гул», «Ёр армуғони», «Васли ёрим», «Гул дийдор», «Розиман», «Мен келгум», «Бир келиб қўйсанг», «Сенга десам», «Анор баҳона», «Тилингиздан», «Сенга», «Ким десун» (Муқимий шеърлари) миллий қўшиқчилик санъатининг ёрқин намуналарига айланди. Булардан ташқари у бир қатор вокал сюиталар, чолғу куйлар ҳам яратди. Иккинчи жаҳон уруши йиллари унинг «Ўзбекистон», «Ботирлар», «Соғиниш», «Фарҳод», «Марш», «Садоқат», «Хуш келдинг, ўғлон» каби қўшиқлари ёвуз душман устидан ғалаба қозонишга чорлади. Халқ орасида кенг тарқалган «Онам дерман», «Эъзоз қилинг», «Дўст билан», «Узма дўстлик торини» каби қўшиқларининг маънавий салоҳияти юксак даражада.
Имомжон Икромов 1943 йил «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби», 1953 йили «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонлари билан; Ўзбекистон ҳукуматининг фахрий ёрлиқлари билан мукофотланган.
ХАЙРИ ИЗОМОВ
(1922-2009)
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, композитор ва дирижёр Хайри Изомов ХХ асрнинг 30-йилларида мусиқа дунёсига кириб келди. У ўзбек профессионал композиториларнинг иккинчи авлодига мансуб. Ўзининг кўп қиррали ижодий ва дирижёрлик фаолияти билан республикамиз мусиқа санъати ривожланишига муносиб ҳисса қўшди.
Изомов Хайри Ғуломжон ўғли Бухоро шаҳрида 1922 йилнинг 30 декабрида туғилди. 1928 йилдан умумтаълим мактабида ўқиди. Болалигидан мусиқага қизиқди ва 1931 йили Бухоро мусиқа техникумида скрипка бўйича ўқиди ва 1935 йили битирди. 1935-1936 йилларда Бухоро мусиқали драма театрида созанда бўлиб ишлади.
Маълумки, 1936 йили Т.Жалилов бошчилигида Ўзбек давлат филармонияси қошида ўзбек халқ чолғулари ансамбли ташкил топди. Мазкур ансамблга бошқа созандалар қатори 14 ёшли Хайри Изомов ҳам ишга таклиф қилинди. У 1937 йили Москвада ўтказилган Ўзбекистон адабиёти ва санъати декадасида энг ёш созанда сифатида қатнашди. Декададан қайтиб келгач, Т.Жалиловнинг ансамбли қошида Ўзбекистон халқ артисти, композитор ва дирижёр Н.Н.Миронов ёш созандалардан нотали оркестр тузди. Х.Изомов нота ёзувини мусиқа техникумида ўргангани учун устозга ёрдамчи ва дирижёр бўлди. Бу жамоа Россия ва Белорусия шаҳарлари бўйлаб ўзбек мусиқасини тарғиб қилди. Мазкур жамоа асосида 1938 йили филармония қошида Ўзбек халқ чолғулари оркестри ташкил топди.
1938 йили Х.Изомов Тошкент консерваториясининг тайёрлов курсига ўқишга кириб, Б.Б.Надеждин синфида сабоқ ола бошлади. Х.Изомов 2-жаҳон уруши даврида Олмаота шаҳри ҳарбий авиация мактабида учувчиликка ўқиди. Ушбу мактабда курсантлардан ташкил топган бадиий ҳаваскорлик ансамблига раҳбарлик қилди. Сўнгра у учувчи бўлиб фронтда, урушдан кейин шу армиянинг захирадаги авиаполкида хизмат қилди. 1946 йилнинг сентябридан бошлаб узилиб қолган ўқишни консерваториянинг асосий курсида Б.Надеждин синфида давом эттирди. Ўқиб юрган йиллари мусиқанинг турли жанр ва шаклларида асарлар яратди. Улар орасида «Пари» (Навоий ғазали) романси, «Ватан олқиши» (П.Мўмин сўзи), «Гул» (Т.Эрназаров сўзи), «Ўзбекистоним менинг» (Уйғун сўзи) қўшиқлари ва фортепиано учун «Токката» куйи машҳур бўлиб кетди. Унинг нотаси 1949 йилда чоп этилгандан буён республикамизнинг ҳамма мусиқа мактабларида ёш пианиночилар ҳамон ижро этиб келмоқдалар. Талаба-композитор Х.Изомов ўқиш билан бирга 1949-1950 йилларда Ўзбекистон радио комитети мусиқий таҳририятининг масъул котиби, 1950-1955 йилларда эса радиокомитетнинг бадиий эшиттиришлар бошқармасининг бош муҳаррири вазифаларида ишлади.
Тошкент давлат консерваториясини Х.Изомов 1952 йилда битириб, радиодаги ишини давом эттириш билан бирга мустақил равишда турли жанрларда ижод қила бошлади. Масалан, 1953-1964 йилларда бирин-кетин қуйидаги қўшиқ ва бошқа мусиқий асарлар яратди: «Қаҳрамон қизлар», «Шонли элим», «Ёшлик байрами», «Тинчлик ҳақида ёшлар қўшиғи», «Дуторим» (М.Қориев сўзлари), «Менинг севимли ўлкам», «Тошкент осмони» (Д.Полинин сўзлари), «Сайр этдим» (П.Мўмин сўзлари), «Қиз қўшиғи» (Ғ.Ғани сўзи), «Салом, юлдузлар» (Т.Тўла сўзи), «Севмай бўлмайди», «Зиёфатда айтиладиган қўшиқ» (Ҳ.Шарипов сўзи) ўз даврида жуда машҳур бўлган қўшиқлар билан бирга симфоник оркестрга ўзбекча сюита, скрипка ва фортепиано учун пьеса, фортепиано учун этюд, 7 та вариация, «Ноктюрн», «Мусиқали қутича», 4 та пьеса; кларнет ва фортепиано учун пьеса, хонанда ва симфоник оркестр учун «Ўзбекистон пахтаси» (В.Мухторов сўзи) қўшиғи, хонанда ва хор жамоаси учун «Севикли ёр» қўшиғи, Тошкент давлат ёш томошабинлар театрида саҳна юзини кўрган қуйидаги спектаклларга мусиқа басталади: «Абдулла Набиев» (А.Рахмат пьесаси), «Ўжар» (М.Ғани ва У.Исмоилов пьесалари), «Ким айбдор» (И.Аҳмедов пьесаси), «Ойгул ва Бахтиёр» (Ҳ.Олимжон асари асосида У.Раҳмонов пьесаси), «Иқбол» (Ё.Мирзо пьесаси), «Вафодорлик» (О.Ёқубов пьесаси); қўғирчоқ театри учун «Тўти қиз» (М.Муҳамедов пьесаси), «Ўрмондаги воқеа» (С.Абдуқаҳҳор пьесаси), Ҳамза номидаги драма театри учун «Айтсам тилим куяди, айтмасам дилим» (О.Ёқубов пьесаси) ва бошқалар.
Х.Изомов 1964-1966 йилларда Афғонистон ҳукумати таклифига биноан Қобул радиосида маслаҳатчи бўлиб ишлади. 1966 йили Тошкентга қайтгач, радио қошидаги «Ўзбек халқ чолғулари» оркестрида дирижёр вазифасида ишини давом эттирди ва 1992 йили нафақага чиқди.
Х.Изомов дирижёрлик ва жамоатчилик ишлари билан банд бўлишига қарамай мусиқанинг турли жанрларида янги-янги, жозибали асарлар яратди. Композитор 60-йилларнинг иккинчи ярми, 70-80 йилларда замонавий ўзбек эстрада санъатининг ривожланишига катта аҳамият берди. У яратган эстрада қўшиқларидан «О, Дилбар», «Бу муҳаббат», «Салом-алайкум» (Д.Полинин сўзлари), «Ким ўзи?» (Э.Раҳим сўзи), «Кимга айтай?» (А.Пўлат сўзи), «Кўзи хумор» (Ш.Шомаҳмудов сўзи), «Сен» (О.Гаджиқосимов сўзи), «Ишва кўз» (С.Холмуҳамедов сўзи) машҳур бўлиб кетди. Яккахон ва ўзбек халқ чолғулари оркестри учун ёзилган «Қуёшли Ўзбекистон» номли вокал-рақс сюитаси, «Зангори кема капитанлари» ва «Янги Тошкент» (Д.Полинин сўзлари) қўшиқ-балладаси ўзига хослиги билан ажралиб туради. Драматург С.Абдуқаҳҳор билан ҳамкорликда «Алижон ва Валижон» спектаклига мусиқа басталаган.
Х.Изомов Ўзбекистон Композиторлар уюшмасининг оммавий жанрлар комиссиясига узоқ йиллар раислик қилди. 1954 йили «Ўзбекистон ҳукуматининг фахрий ёрлиғи», 1967 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» ва 1974 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвонлари ва 2000 йилда «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган.
НУРИЛЛА ЗОКИРОВ
(1942-2003)
Нурилла Зокиров замонавий профессионал композитор бўлиб шаклланиши учун анъанавий ўзбек халқ мусиқа меросини ўзлаштириш билан бирга Европада вужудга келган кўп овозли мусиқа ёзув техникасини пухта ўрганди.
Нурилла Абдуллаевич Зокиров Тошкент шаҳрида 1942 йилнинг 2 майида туғилди. У 1961 йили Р.Глиэр номидаги махсус мусиқа мактаб-интернатини чангчи Э.Тошматов синфида битириб, Тошкент давлат консерваторияси профессори Н.М.Яблоновскийнинг фортепиано синфида таҳсил кўра бошлайди. 1962 ўқув йилидан бошлаб профессор Б.И.Зейдман синфида композиторлик мутахассислигидан сабоқ олди. У фортепианодан 4-курсда бутунлай композиторликка ўтади. 1967 йили тўрт қисмли симфония билан консерваторияни битирди.
Н.Зокиров меҳнат фаолиятини консерваторияда ўқиб юрган йилларидан бошлаган. У 1963-1964 йиллари Чирчиқ шаҳар бо-лалар мусиқа мактабида, 1964-1967 йиллари Ҳамза номидаги Тошкент давлат мусиқа билим юртида, 1967-1971 йиллари Тош-кент давлат консерваториясида ўқитувчи бўлиб ишлади. 1971-1977 йиллари Ҳамза номидаги мусиқа билим юртининг мусиқа назарияси бўлимини бошқарди. 1977-1982 йиллари Ўзбекистон композиторлар уюшмасининг ҳайъат раиси ўринбосари вазифасида ишлади. 1982-1984 йиллари фақат ижод билан шуғулланди. 1984-1987 йиллар Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртининг директори лавозимида ишлади. 1987-1990 йилларда фақат ижод билан шуғулланди. 1990-1993 йиллари Ўзбекистон телерадиокомпанияси қошидаги бадиий ижрочи жамоаларнинг директори бўлиб ишлади. 1995 йилдан умрининг охиригача ижодий иш билан шуғулланди.
Н.Зокиров Навоий ғазалига басталанган «Истадим» номли вокал-симфоник поэмасини 1968 йили мусиқа аҳли илиқ кутиб олди ва ижрочилар репертуаридан муносиб ўрин олди. «Менинг Ўзбекистоним» (Э.Охунова сўзи) ва «Муҳаббат қўшиғи» (У.Умарбеков сўзи) вокал-симфоник поэмалари 1971 йили; А.Орипов сўзи билан иккинчи симфония 1971 йили; камер оркестри учун «Концерт» 1977 йили; торли оркестр учун «Симфония №3» 1981 йили; скрипка ва симфоник оркестр учун «Концерт» 1984 йили; симфоник оркестр учун «Концерт» 1989 йили; тўртинчи симфония ва А.Орипов сўзига «Муножот» номли вокал-симфоник поэма 1996 йили; 3 та симфоник поэма 1992-1994 йилларда яратди.
Камер-чолғу асарларидан 2 та торли квартет; 7 та фортепиано учун соната; скрипка ва ф-но учун соната-импровизация; виолончель учун соло соната-импровизация; фагот ва фортепиано учун соната; фортепиано учун пьесалар, виолончель учун пьесалар; скрипка ансамбли учун «Скерцо»; чанг учун концерт-фантазия; чанг ансамбли учун «Тантана» пьесаси ва бошқалар.
Н.Зокиров М.Бойжиевнинг пьесаси асосида Э.Охунова ёзган либреттога 1972 йили «Соҳилда тўқнашув» номли опера-мунозара композиторнинг ижодида ва республикамиз мусиқий ҳаётида катта воқеа бўлди. Операнинг премьераси Навоий номидаги катта академик опера ва балет театрида 1974 йили ўтган. Самарқанд давлат опера ва балет жамоаси Н.Зокировнинг Ойбекнинг «Бой ила хизматчи» романи асосида (М.Раҳмонов либреттоси) «Уйғониш» номли операсини 1983 йили томошабинларга ҳавола қилди. Ҳамзанинг «Фарғона Автономияси» асари асосида Н.Зокиров ўзи либретто ёзиб, «Автономиячилар» операсини 1993 йили яратди ва В.Шекспирнинг «Ҳамлет» ва «Макбет» фожиаси асосида композитор режиссёр А.Слоним билан ҳамкорликда либретто ёзиб, шу номли операни 1994 йили яратди. 1989 йили Ч.Айтматовнинг «Асрга татигулик кун» романи асосида «Манқурт», 1995 йили «Орол фожиаси», «Амир Тошкентда» ва 1996 йили Улан-Батор опера ва балет театри билан ҳамкорликда «Чингизхон» балетларини яратди.
Н.Зокиров 50 та драматик спектаклларга мусиқа басталади, «Ўзгалар учун» 1978 йили, «Қачонки дарахтлар катта бўлганда» 1982 йили ўзбек кинофильмларига ва 1992 йили «Мазмун» қозоқ кинофильмига мусиқалар басталади, 8 та романс ёзди. Композитор 2000 йилдан бошлаб Атланта шаҳридаги Жоржиния университети (АҚШ) буюртмасига биноан спектаклларга мусиқа басталади.
Н.Зокировнинг симфоник ва камер-чолғу асарлари Москва, София, Бухарест, Париж, Лондон, Вильнюс, Тбилиси каби шаҳарларда ижро этилган. У «Варшавская осень», Руминия ва Ҳиндистонда ўтказилган «Ўзбекистон мусиқаси кунлари»да қатнашган.
Н.Зокиров Ўзбекистон ва Озарбайжон республикалари фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган. «Ўзбекистон ёш композитори» кўрик-танлови совриндори.
ДОНИ ЗОКИРОВ
(1914-1985)
Ўзбекистон халқ артисти, созанда, дирижёр, мураббий, жамоат арбоби, композитор Дони Зокиров ажойиб қўшиқ, романс мусиқали драма, балет, симфоник ва халқ чолғулари оркестри учун басталаган мусиқий асарлари билан XX аср ўзбек мусиқа маданиятини бойитди.
Д.Зокиров Самарқанд шаҳрида 1914 йилнинг 28 декабрида туғилди. Унинг мусиқага бўлган қизиқиши болалигидан пайдо бўлади. Ижодкор ўспиринлик даври ҳақида шундай хотираларни айтиб ўтган: «1926 йили ўрта таълим мактабига ўқишга бордим ва мактабдаги мусиқа тўгарагига қатнашдим. 1928 йили Самарқандда композитор, дирижёр Н.Н.Миронов раҳбарлигида мусиқа ва хореография илмий тадқиқот институти ташкил топди. Мазкур институтда 1929 йили кирганимда у ерда ўқиётган Мутал Бурҳонов, Толибжон Содиқов, Манас Левиев ва Олимжон Ҳалимовлар билан дўстлашиб, бирга устозлардан сабоқ олиб, турли тадбирларда фаол қатнашар эдик. Ўша йили моҳир санъаткор Али Ардобус ташкил қилган «Кўк кўйлак» номли театрлаштирилган тўгаракка бизларни таклиф қилишди, Толибжон Содиқов эса мусиқа раҳбари бўлди. Бу даврда, яъни 1929-1932 йиллар институтда ўқидим, 1929-1935 йиллари республика мусиқали драма театрида созанда бўлиб ишладим. Мазкур театрни ташкил қилган улуғ санъаткор Муҳиддин Қориёқубов, Тамара-хоним, Уста Олим Комилов ва бошқа машҳур санъаткорлар билан танишдим, бирга ишладим. Институтда Ота Жалол, Домла Ҳалим Ибодов, Ҳожи Абдураҳмон Умаров, Абдуқодир Исмоилов, Аҳмаджон Умрзоқов, Матюсуф ва Матёқуб Харратовлар ва бошқа санъат жамоаларида ишлаган устозлардан сабоқ олганим мен учун катта мактаб бўлди. 1936 йилда Тошкентда Ўзбекистон давлат филармонияси очилиб, унинг қошида Т.Жалилов раҳбарлигида ашула ва рақс ансамбли ташкил топди. Мени шу ансамблга концертмейстер лавозимига таклиф қилишди. Мазкур ансамбль билан эл қатори 1937 йил Москвада ўтган Ўзбек санъати ва адабиёти декадасида қатнашишга муяссар бўлдим. Ўша йили Москвадан қайтилгандан кейин Тамарахоним филармонияда алоҳида ансамбль тузди ва мени шу ансамблга мусиқа раҳбари этиб тайинлашди. 1940-1948 йиллари Муқимий номидаги мусиқали театрда иккинчи дирижёр лавозимида ишладим. 1948-1953 йиллари Ўзбекистон давлат радиоэшиттириш комитети қошидаги Ўзбек халқ чолғу асбоблар оркестрида дирижёр бўлиб ишладим. 1930-йиллардан буён ижрочиликдан ташқари, турли мавзуларда классик ва замондош шоирларнинг шеърларига қўшиқ, ашула ва спектаклларга мусиқалар яратиб келсам ҳам кўп овозли мусиқа восита услубларини, шакл ва жанрларини, қоидаларини ва Ғарбий Оврупо ва рус классик композиторларининг ижодий фаолиятларини ва мусиқа фанларидан билим олиш ниятида 1940-1942 йил Тошкент давлат консерваториясининг тайёрлов курсида ўқидим. Лекин уруш касофати билан ўқишни ташлашга мажбур бўлдим. 1947 йили тайёрлов курсида ўқишни Ҳамид Раҳимов ва Дадаали Соатқуловлар билан бирга композитор Б.Б.Надеждиндан композиторлик мутахассислигидан, Ю.Н.Тюлиндан гармония, полифониядан, А.Ф.Козловскийдан чолғулаштириш ва дирижёрликдан, И.А.Дулгарова ва Ян Борисович Пеккердан мусиқа тарихидан сабоқ олдик. 1948 йили консерваториянинг асосий композиторлик куллиётида мазкур домлаларда ўқишни давом этиб, 1953 йили ўқишни муваффақиятли битирдик. 1953 йили филармония қошидаги Ўзбек ашула ва рақс ансамблига бадиий раҳбар лавозимига тайинландим. 1957 йили Ўзбекистон радиоэшиттириш қўмитаси қошидаги Ўзбек халқ чолғу асбоблар оркестрига бош дирижёр ва бадиий раҳбар лавозимига тайинландим», —деб сўзини тамомлади Дони Зокиров. Мазкур лавозимда 1983 йилга қадар фаол ишлади ва нафақага чиқди.
Д.Зокиров 1930-йилларда, театр ва ансамблларда созанда бўлиб ишлаб юрган пайтларида рақс куйлари, қўшиқ ва ашулалар басталай бошлаган. Унинг биринчи йирик ижоди 1934 йили З.Фатхулиннинг «Ғунчалар» пьесаси учун басталаган мусиқадир. Бу спектаклга мусиқа тайёрлашда у халқ мусиқасидан фойдаланиб, кўп қисмларни мустақил равишда яратган. У илк ижодий ютуғидан кейин мумтоз ва замонавий шоирлар шеърларига қўшиқ ва ашулалар яратади. Шу жумладан уруш йиллари «Она орзуси» (Миртемир), «Зафар топиб» (С.Абдулла), «Ол қасос» (М.Раҳмонов), «Жангда бардам бўл» (С. Абдулла) каби ватанпарварлик мавзусидаги қўшиқлар; Навоийнинг шеърларига «Орази» ва «Ўртанур» фортепиано жўрлигида қўшиқлар, симфоник оркестр учун 1-сюита: Ўзбек халқ чолғулари ансамблига 3 қисмли «Меҳнат фронти» номли сюита, Чустийнинг тожик тилида ёзган учта шеърига «Жон медиҳам», «Ин туи» ва «Чеҳраи хандед» лирик қўшиқлар; бастакор Н.Ҳасанов билан ҳамкорликда «Орзигул» ва мустақил равишда «Ёрилтош» спектаклларига мусиқа басталади.
Д.Зокиров мусиқали саҳна асарлар яратишга катта эътибор берди. У Б.Ф.Гиенко билан «Сўнмас чироқлар» (А.Бобожонов ва М.Муҳамедов пьесаси) мусиқали драмани (1953й.) ёзди. 1954 йили С.Бобоев билан «Далада байрам» (Ш.Саъдулла пьесаси) ва 1956 йил «Ватан қирғоқлари» (Ш.Саъдулла ва З.Фатхулин пьесаси), 1960 йил Б.Ф.Гиенко билан «Ёшликда берган кўнгил» (З.Фатхулин пьесаси), 1962 йил «Ҳаёт машъали» (С.Исмоил пьесаси), 1970 йил К.Жабборов билан «Менинг жаннатим» (С.Абдулла пьесаси), 1978 йили халқ эртаги асосида «Шаҳзода ва етим қиз» (Р.Ҳамроев пьесаси) мусиқали драмалари томошабинлар томонидан яхши кутиб олинди. А.Навоий номидаги опера ва балет театри саҳнасида 1956 йили Б.Ф.Гиенко билан ёзган «Ойниса» (Литвинова либреттоси) балети саҳналаштирилди. Таниқли композитор Толибжон Содиқов Ҳ.Олимжоннинг «Зайнаб ва Омон» достони асосида шоира Зулфия либреттосига «Зайнаб ва Омон» операсини бошлаб қўйган эди. Композитор вафот этгани сабабли опера тугалланмай қолган эди. 1958 йил ушбу опера мусиқасини Ю.Ражабий, Д.Зокиров, Б.Зейдман билан ҳамкорликда тугатиб, томошабинларга ҳавола этишди.
Д.Зокиров композитор М.Зив билан ҳамкорликда қуйидаги бадиий кинофильмларга мусиқа басталади: 1955 йил «Амирликнинг емирилиши» (режиссёр Л.Файзиев ва В.Басов); 1956 йил «Қутлуғ қон» (режиссёр А.Панн); 1964 йил «Улуғбек юлдузи» (реж. А.Панн); композитор А.Малахов билан ҳамкорликда 1964 йили «Қайдасан, Зулфия» ёки «Ёр-ёр» (реж.А.Ҳамроев) Д.Зокировнинг шу фильмга ёзган «Кўчалар» (Т.Тўла сўзи) қўшиғи машҳур бўлиб кетган. Д.Зокиров симфоник оркестр учун бир нечта асарлар яратди. Уларнинг орасида уч қисмли симфоник сюита ҳамда «Ҳамза» номли симфоник поэмаси яхши баҳо олган.
Д.Зокировнинг ижодий меросида қўшиқ, романс, ўзбек халқ чолғулари оркестри ва якка чолғулар учун мўлжалланган мусиқий асарлар етакчи ўринни эгаллайди. Унинг Навоий шеърларига басталанган «Кўрмадим», «Эй, сабо», «Бўлмаса», «Айб этмангиз», Туроб Тўла шеърига «Булбул» номли романслари симфоник оркестр жўрлигида Д.Муллақандов, Ҳ.Носирова, С.Қобуловалар ижросида машҳур бўлиб кетган эди. Композитор турли мавзуларда, яккахон, хор, турли чолғулар ва оркестр жўрлигида ижро этиладиган юздан ортиқ қўшиқ, ашула, оммавий хор қўшиқлар яратди. Улар орасида «Ўзбекистоним» (А.Ниёзмуродов сўзи), «Тинчлик қўшиғи», «Пахтакор диёр», «Космос бизники», (М.Қориев сўзлари); «Шифокорларга», «Теримчиларга», «Дўстларга», «Она диёр» (А.Пўлат сўзлари); «Тошкент оқшоми» (Назармат сўзи); «Сув келди, ҳаёт келди» (Ў.Рашид сўзи); «Дугоналарга» (Нилуфар сўзи); «Дўстлик қўшиғи», «Чўпон қўшиғи», «Тинчлик қўшиғи» хор учун (П.Мўмин сўзлари), «Икки дил достони» (З.Обиджон сўзи), «Ёр истаб» (З.Фурқат шеъри); «Ҳаёт гулшани» (Н.Нарзуллаев сўзи) каби қўшиқлар ёрқин мисол бўла олади. Айниқса, композиторнинг яккахон, хор ва ўзбек халқ чолғулари оркестри учун ёзган кўп қисмли асарлардан: «Қарши чўли гуллари» (М.Қориев сўзи) 5 қисмли вокал-сюитаси; «Асрлар садоси» (Ойбек сўзи) 4 қисмли кантатаси; «Оби ҳаёт» (Ў.Рашид сўзи) 4 қисмли вокал-сюиталар олқишга сазовордир.
Шуни алоҳида айтиш лозимки, ўзбек классик мусиқа намуналарининг айримларини Д.Зокиров маҳорат билан қайта ишлаб, ўзбек халқ чолғулари оркестри, якка чолғулар ва оркестрга мослаштира олгани композиторнинг катта ижодий ютуқларидандир. Булар: оркестр учун «Ёввойи Чоргоҳ», ғижжак ва оркестр учун «Қайтарма», «Фиғон», «Чўли Ироқ», болабон ва оркестр учун «Шароб», най ва оркестр учун «Фарғонача», «Гадоий», «Жазоир»; оркестр учун «Наво», «Савти наво», «Уфари наво», «Гардуни сегоҳ», «Таснифи дугоҳ», «Мухаммаси ироқ», «Насруллоий», «Мирзадавлат», «Ёлғиз»; танбур ва оркестр учун «Ражабий». Мазкур асарлар республикамиздаги профессионал оркестрлар репертуаридан кенг ўрин олиши билан мусиқа ўқув юртларининг халқ чолғулари оркестри дастурига ҳам киритилган.
Д.Зокиров болалар учун П.Мўмин шеърларига «Саёҳат — роҳат», «Кунгабоқар», «Оппоқ отим», «Сирдарё, Сирдарё», «Капалак ва хандалак», «Боғда пишди узумлар», «Дўлона», У.Раҳмонов сўзига «Болалар вальси», «Баҳор вальси», Р.Бобожон сўзига «Олма», Ю.Ҳамдам сўзига «Бадантарбия», Ё.Мирзо сўзига «Мактабим», Ю.Ҳамидий сўзига «Бахтиёр қўшиғи», М.Ҳайдар сўзига «Янги йил қўшиғи» ва «Беқиёс диёр» каби қўшиқларни бағишлаган.
Д.Зокиров 1950 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», 1956 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби», 1965 йили «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонларга сазовор бўлган, орден ва медаллар билан мукофотланган.