ИМОМЖОН ИКРОМОВ
(1891-1980)
Ўзбекистон халқ артисти, созанда ва бастакор Имомжон Икромов ўзбек мусиқаси тарихида чуқур из қолдирди. У мусиқа оламига XX аср бошларида кириб келди, ғижжак чалишни ва ашула айтишни ўрганди, бастакорлик сирларини ҳам эгаллади, тинимсиз ижодий меҳнати билан эл-юрт ҳурматига сазовор бўлди. 1940 йилда Ўзбекистон Композиторлар уюшмасига аъзо бўлди.
Икромов Имомжон Салимжон ўғли Тошкентда 1891 йил 29 апрелда туғилди. Ёшлик даврини бўлғуси санъаткор шундай эслар эди: «Отам ҳунарманд бўлса-да, қўшиқ хиргойи қилиб юрардилар. Айтган қўшиқларини ёдлаб олардим. Мусиқага қизиққанимни сезиб, отам мени машҳур ғижжакчи Солижон Ҳожига шогирдликка бердилар. Устозимнинг гуруҳи билан чойхоналарда, тўй-томошаларда бирга қатнашдим. 1917 йилда ҳаваскорлар тўгараклари, театрлар пайдо бўлди. Устозим ҳофиз Шораҳим Шоумаров 1918 йил «Санои нафиса» жамиятини туздилар. Мазкур жамиятда ғижжакчи ва ҳофиз бўлиб хизмат қилдим. Ўша йили ажойиб инсон Виктор Успенский ва Саодатхоним Еникеевалар раҳбарлигида Шайҳонтохур масжид биносида Эски шаҳар халқ консерваторияси очилди. Мен ҳам ўқишга кирдим. Бу даргоҳда ўзимнинг устозим Солижон Ҳожи ғижжакда, Шораҳим Шоумаров ва Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов устозларимдан ашула йўлларини, В.Успенскийдан нота алифбосини дўстларим Ю.Ражабий, П.Раҳимов, Ф.Содиқовлар билан бирга сабоқ олдим. 1921 -1924 йиллари ўқишдан бўш вақтларимда янги мактабда ҳаваскорлар тўгарагини ташкил қилиб, ўқувчиларни турли асбобларда чалишни ўргатдим. 1925 йил Туркистон халқ консерваториясини битириб, йўлланма билан Самарқанд давлат ўзбек театрига ишга бордим. Юнус Ражабий мусиқа раҳбари, мени эса ансамблга созанда лавозимига тайинлашди. Улуғ Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун» достонлари асосида Хуршид яратган пьесани мусиқа билан безатишда меросимиздан танлаб ва ўзимиз ҳам айрим куйларни басталаб, спектаклнинг мусиқасини яратдик. Театр ишидан бўш вақтимизда Самарқанд педагогика институтида мусиқадан дарс бердим. Машҳур ҳофиз Ҳожи Абдулазиз Расулов улуғ инсондан ўзим билмаган мақомларни ўргандим. 1927 йили Тошкентда Ўзбекистон радиоси ташкил топиши билан унинг қошида ўзбек халқ чолғу асбоблар ва ашула ансамбли тузишни Ю.Ражабийга топширди.
Ансамблимизнинг аъзолари ташкил топишда 12 машшоқ ва ҳофизлардан иборат бўлса, 30-йилларда 40 нафарга етди. Мен қуйидаги улуғ санъаткорлар: Рисқи Ражабий, Шораим Шоумаров, Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов, Домла Ҳалим Ибодов, Ҳожи Абдураҳмон Умаров, Матюсуф Харратов, Сафо Муғанний, Фахриддин Содиқов, Ориф Қосимов, Маҳкам Юсупов, Зокиржон Содиқов, Карим Мўминов, Турғун Каримов, Назира Аҳмедова, Мавлуда Аъзамова, Марям Алишаева, Берта Давидова, Боруҳ Зиркиев ва бошқалар билан ҳамкорликда ишлаганимдан бахтиёрман. 1934 йили мен ва Ю.Ражабийни Москва консерваториясида ташкил қилинган уч ойлик малака ошириш курсига юборишди. Ҳар куни кечалари театр ва концерт залларига бориб, Оврўпо ва рус мусиқа маданияти билан танишдик. 1935 йил Москвадан қайтиб келиб, Тошкент консерваториясининг тайёрлов курсида Ю.Семёнов ва Б.Надеждинлардан сабоқ олдик. 1936 йилдан бошлаб Москвада бўлиб ўтадиган декадага тайёргарлик ишлари авж олиб кетди. Консерваторияда ўқишни давом эттиришга имконият бўлмади. 1942-1945 йиллар ўзим ишлаган ансамблга, Ю.Ражабий Янгийўл мусиқали театрга мусиқа раҳбари бўлиб кетгандан сўнг, 1941-1945 йиллар бадиий раҳбар, у яна ансамблга қайтгандан кейин мен концертмейстер лавозимида нафақага чиққунга қадар ишладим. Мен бир нарсадан хурсандманки, йиллар давомида бошимиздан не-не савдолар ўтишига қарамасдан, ўзим севган санъат билан меҳнаткаш, юраги соф кўнгилли халқимга хизмат қилдим», — деб сўзларини тугатдилар.
Ўзбек халқ мусиқа меросининг билимдони Имомжон Икромов ижрочилик, мураббийлик, жамоат фаолияти билан бирга бастакор сифатида 20-йилларда танила бошлади. Унинг ижодида қўшиқ, ашула ва чолғу куйлар асосий ўрин эгаллайди. У илк ижодий қадамларини юртимизнинг гўзал табиатини мадҳ этувчи «Чаман» (Ш.Туйғун), «Сўлим» (Соатий) қўшиқларидан бошлади. Шуни айтиб ўтиш жоизки, ўзбек халқ мусиқасининг бой хазинасидан баҳраманд бўлган бастакор И.Икромов мусиқий анъаналарига ўз ижодида риоя қилиш билан бирга замон талабига биноан унинг доирасини кенгайтириш, янгича оҳанглар топишга ҳаракат қилиб, ажойиб натижаларга эришди. Гўзал Ватан, сўлим табиат, соф муҳаббат куйчиси, бастакор И.Икромов 200 га яқин ранг-баранг, оҳангдор қўшиқ ва ашулалар яратди.
Бастакор И.Икромов улуғ ўзбек шоирлари Навоий, Бобур, Машраб, Муқимий, Фурқатларнинг шеъриятига мурожаат қилиб, классик ашула йўллари асосида қуйидаги асарларини яратди: «Муножот» (ёки «Сарви гулрў келмади»), «Дилоромимга айт», «Бир пари» (Ажам), «Қора соч», «Зори кўнгил», «Ул қаро кўз», «Қолдиму», «Топилмас», «Айлай десам», «Бир келсангиз», «Келдилар», «Қоши қаросини кўринг», «Ким десун». Булар атоқли ҳофизлардан Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов, Акбар Ҳайдаров, Шожалиловлар, Берта Давидова, Ориф Алимаҳсумовларнинг ширали овозлари билан санъат шинавандалари қалбидан жой олди.
Бастакор Ҳамза, Ҳ.Олимжон, Миртемир, Ҳ.Ғулом, С.Абдулла, Ҳабибий, Ғайратий, Чархий, Т.Тўла, П.Мўмин, С.Зуннунова, М.Қориев, Э.Воҳидовларнинг шеърларига кўплаб оммавий ва лирик қўшиқлар яратди. Мисол сифатида машҳур хонанда, устанинг шогирди Неъматжон Қулабдуллаев ижросида «Индамади», «Қўлда раъноси билан», «Жон бўлибди, жонон бўлибди» (П.Мўмин сўзи), «Ўйнасин», «Сулув чечаклар» (Миртемир ғазали), лирик қўшиқлардан «Топилмас» (Фурқат ғазали) машҳур бўлиб кетган. Булардан «Олқиш», «Шер йигитлар», «Даво топдим», «Даври давроним гўзал», «Мирзачўл қаҳрамонларига», «Янги ер таронаси», «Шон муборакдур сенга», «Ватан меҳри», «Азим Ватан», «Садоқат», «Оҳангарон», «Ўзбекистон», «Эл завқи таронаси», «Теримчи қиз ёрим бор», «Тинчликка тинчлик», «Сирдарёнинг сулуви», «Азгануш», «Соғиндим, эй гул», «Ёр армуғони», «Васли ёрим», «Гул дийдор», «Розиман», «Мен келгум», «Бир келиб қўйсанг», «Сенга десам», «Анор баҳона», «Тилингиздан», «Сенга», «Ким десун» (Муқимий шеърлари) миллий қўшиқчилик санъатининг ёрқин намуналарига айланди. Булардан ташқари у бир қатор вокал сюиталар, чолғу куйлар ҳам яратди. Иккинчи жаҳон уруши йиллари унинг «Ўзбекистон», «Ботирлар», «Соғиниш», «Фарҳод», «Марш», «Садоқат», «Хуш келдинг, ўғлон» каби қўшиқлари ёвуз душман устидан ғалаба қозонишга чорлади. Халқ орасида кенг тарқалган «Онам дерман», «Эъзоз қилинг», «Дўст билан», «Узма дўстлик торини» каби қўшиқларининг маънавий салоҳияти юксак даражада.
Имомжон Икромов 1943 йил «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби», 1953 йили «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонлари билан; Ўзбекистон ҳукуматининг фахрий ёрлиқлари билан мукофотланган.