АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

30 ноябрь: Собиров Шерзод ни туғилган куни.


АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



ХАЙРИ ИЗОМОВ

(1922-2009)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, композитор ва дирижёр Хайри Изомов ХХ асрнинг 30-йилларида мусиқа дунёсига кириб келди. У ўзбек профессионал композиториларнинг иккинчи авлодига мансуб. Ўзининг кўп қиррали ижодий ва дирижёрлик фаолияти билан республикамиз мусиқа санъати ривожланишига муносиб ҳисса қўшди.

Изомов Хайри Ғуломжон ўғли Бухоро шаҳрида 1922 йилнинг 30 декабрида туғилди. 1928 йилдан умумтаълим мактабида ўқиди. Болалигидан мусиқага қизиқди ва 1931 йили Бухоро мусиқа техникумида скрипка бўйича ўқиди ва 1935 йили битирди. 1935-1936 йилларда Бухоро мусиқали драма театрида созанда бўлиб ишлади.

Маълумки, 1936 йили Т.Жалилов бошчилигида Ўзбек давлат филармонияси қошида ўзбек халқ чолғулари ансамбли ташкил топди. Мазкур ансамблга бошқа созандалар қатори 14 ёшли Хайри Изомов ҳам ишга таклиф қилинди. У 1937 йили Москвада ўтказилган Ўзбекистон адабиёти ва санъати декадасида энг ёш созанда сифатида қатнашди. Декададан қайтиб келгач, Т.Жалиловнинг ансамбли қошида Ўзбекистон халқ артисти, композитор ва дирижёр Н.Н.Миронов ёш созандалардан нотали оркестр тузди. Х.Изомов нота ёзувини мусиқа техникумида ўргангани учун устозга ёрдамчи ва дирижёр бўлди. Бу жамоа Россия ва Белорусия шаҳарлари бўйлаб ўзбек мусиқасини тарғиб қилди. Мазкур жамоа асосида 1938 йили филармония қошида Ўзбек халқ чолғулари оркестри ташкил топди.

1938 йили Х.Изомов Тошкент консерваториясининг тайёрлов курсига ўқишга кириб, Б.Б.Надеждин синфида сабоқ ола бошлади. Х.Изомов 2-жаҳон уруши даврида Олмаота шаҳри ҳарбий авиация мактабида учувчиликка ўқиди. Ушбу мактабда курсантлардан ташкил топган бадиий ҳаваскорлик ансамблига раҳбарлик қилди. Сўнгра у учувчи бўлиб фронтда, урушдан кейин шу армиянинг захирадаги авиаполкида хизмат қилди. 1946 йилнинг сентябридан бошлаб узилиб қолган ўқишни консерваториянинг асосий курсида Б.Надеждин синфида давом эттирди. Ўқиб юрган йиллари мусиқанинг турли жанр ва шаклларида асарлар яратди. Улар орасида «Пари» (Навоий ғазали) романси, «Ватан олқиши» (П.Мўмин сўзи), «Гул» (Т.Эрназаров сўзи), «Ўзбекистоним менинг» (Уйғун сўзи) қўшиқлари ва фортепиано учун «Токката» куйи машҳур бўлиб кетди. Унинг нотаси 1949 йилда чоп этилгандан буён республикамизнинг ҳамма мусиқа мактабларида ёш пианиночилар ҳамон ижро этиб келмоқдалар. Талаба-композитор Х.Изомов ўқиш билан бирга 1949-1950 йилларда Ўзбекистон радио комитети мусиқий таҳририятининг масъул котиби, 1950-1955 йилларда эса радиокомитетнинг бадиий эшиттиришлар бошқармасининг бош муҳаррири вазифаларида ишлади.

Тошкент давлат консерваториясини Х.Изомов 1952 йилда битириб, радиодаги ишини давом эттириш билан бирга мустақил равишда турли жанрларда ижод қила бошлади. Масалан, 1953-1964 йилларда бирин-кетин қуйидаги қўшиқ ва бошқа мусиқий асарлар яратди: «Қаҳрамон қизлар», «Шонли элим», «Ёшлик байрами», «Тинчлик ҳақида ёшлар қўшиғи», «Дуторим» (М.Қориев сўзлари), «Менинг севимли ўлкам», «Тошкент осмони» (Д.Полинин сўзлари), «Сайр этдим» (П.Мўмин сўзлари), «Қиз қўшиғи» (Ғ.Ғани сўзи), «Салом, юлдузлар» (Т.Тўла сўзи), «Севмай бўлмайди», «Зиёфатда айтиладиган қўшиқ» (Ҳ.Шарипов сўзи) ўз даврида жуда машҳур бўлган қўшиқлар билан бирга симфоник оркестрга ўзбекча сюита, скрипка ва фортепиано учун пьеса, фортепиано учун этюд, 7 та вариация, «Ноктюрн», «Мусиқали қутича», 4 та пьеса; кларнет ва фортепиано учун пьеса, хонанда ва симфоник оркестр учун «Ўзбекистон пахтаси» (В.Мухторов сўзи) қўшиғи, хонанда ва хор жамоаси учун «Севикли ёр» қўшиғи, Тошкент давлат ёш томошабинлар театрида саҳна юзини кўрган қуйидаги спектаклларга мусиқа басталади: «Абдулла Набиев» (А.Рахмат пьесаси), «Ўжар» (М.Ғани ва У.Исмоилов пьесалари), «Ким айбдор» (И.Аҳмедов пьесаси), «Ойгул ва Бахтиёр» (Ҳ.Олимжон асари асосида У.Раҳмонов пьесаси), «Иқбол» (Ё.Мирзо пьесаси), «Вафодорлик» (О.Ёқубов пьесаси); қўғирчоқ театри учун «Тўти қиз» (М.Муҳамедов пьесаси), «Ўрмондаги воқеа» (С.Абдуқаҳҳор пьесаси), Ҳамза номидаги драма театри учун «Айтсам тилим куяди, айтмасам дилим» (О.Ёқубов пьесаси) ва бошқалар.

Х.Изомов 1964-1966 йилларда Афғонистон ҳукумати таклифига биноан Қобул радиосида маслаҳатчи бўлиб ишлади. 1966 йили Тошкентга қайтгач, радио қошидаги «Ўзбек халқ чолғулари» оркестрида дирижёр вазифасида ишини давом эттирди ва 1992 йили нафақага чиқди.

Х.Изомов дирижёрлик ва жамоатчилик ишлари билан банд бўлишига қарамай мусиқанинг турли жанрларида янги-янги, жозибали асарлар яратди. Композитор 60-йилларнинг иккинчи ярми, 70-80 йилларда замонавий ўзбек эстрада санъатининг ривожланишига катта аҳамият берди. У яратган эстрада қўшиқларидан «О, Дилбар», «Бу муҳаббат», «Салом-алайкум» (Д.Полинин сўзлари), «Ким ўзи?» (Э.Раҳим сўзи), «Кимга айтай?» (А.Пўлат сўзи), «Кўзи хумор» (Ш.Шомаҳмудов сўзи), «Сен» (О.Гаджиқосимов сўзи), «Ишва кўз» (С.Холмуҳамедов сўзи) машҳур бўлиб кетди. Яккахон ва ўзбек халқ чолғулари оркестри учун ёзилган «Қуёшли Ўзбекистон» номли вокал-рақс сюитаси, «Зангори кема капитанлари» ва «Янги Тошкент» (Д.Полинин сўзлари) қўшиқ-балладаси ўзига хослиги билан ажралиб туради. Драматург С.Абдуқаҳҳор билан ҳамкорликда «Алижон ва Валижон» спектаклига мусиқа басталаган.

Х.Изомов Ўзбекистон Композиторлар уюшмасининг оммавий жанрлар комиссиясига узоқ йиллар раислик қилди. 1954 йили «Ўзбекистон ҳукуматининг фахрий ёрлиғи», 1967 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» ва 1974 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвонлари ва 2000 йилда «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган.