ДОНИ ЗОКИРОВ
(1914-1985)
Ўзбекистон халқ артисти, созанда, дирижёр, мураббий, жамоат арбоби, композитор Дони Зокиров ажойиб қўшиқ, романс мусиқали драма, балет, симфоник ва халқ чолғулари оркестри учун басталаган мусиқий асарлари билан XX аср ўзбек мусиқа маданиятини бойитди.
Д.Зокиров Самарқанд шаҳрида 1914 йилнинг 28 декабрида туғилди. Унинг мусиқага бўлган қизиқиши болалигидан пайдо бўлади. Ижодкор ўспиринлик даври ҳақида шундай хотираларни айтиб ўтган: «1926 йили ўрта таълим мактабига ўқишга бордим ва мактабдаги мусиқа тўгарагига қатнашдим. 1928 йили Самарқандда композитор, дирижёр Н.Н.Миронов раҳбарлигида мусиқа ва хореография илмий тадқиқот институти ташкил топди. Мазкур институтда 1929 йили кирганимда у ерда ўқиётган Мутал Бурҳонов, Толибжон Содиқов, Манас Левиев ва Олимжон Ҳалимовлар билан дўстлашиб, бирга устозлардан сабоқ олиб, турли тадбирларда фаол қатнашар эдик. Ўша йили моҳир санъаткор Али Ардобус ташкил қилган «Кўк кўйлак» номли театрлаштирилган тўгаракка бизларни таклиф қилишди, Толибжон Содиқов эса мусиқа раҳбари бўлди. Бу даврда, яъни 1929-1932 йиллар институтда ўқидим, 1929-1935 йиллари республика мусиқали драма театрида созанда бўлиб ишладим. Мазкур театрни ташкил қилган улуғ санъаткор Муҳиддин Қориёқубов, Тамара-хоним, Уста Олим Комилов ва бошқа машҳур санъаткорлар билан танишдим, бирга ишладим. Институтда Ота Жалол, Домла Ҳалим Ибодов, Ҳожи Абдураҳмон Умаров, Абдуқодир Исмоилов, Аҳмаджон Умрзоқов, Матюсуф ва Матёқуб Харратовлар ва бошқа санъат жамоаларида ишлаган устозлардан сабоқ олганим мен учун катта мактаб бўлди. 1936 йилда Тошкентда Ўзбекистон давлат филармонияси очилиб, унинг қошида Т.Жалилов раҳбарлигида ашула ва рақс ансамбли ташкил топди. Мени шу ансамблга концертмейстер лавозимига таклиф қилишди. Мазкур ансамбль билан эл қатори 1937 йил Москвада ўтган Ўзбек санъати ва адабиёти декадасида қатнашишга муяссар бўлдим. Ўша йили Москвадан қайтилгандан кейин Тамарахоним филармонияда алоҳида ансамбль тузди ва мени шу ансамблга мусиқа раҳбари этиб тайинлашди. 1940-1948 йиллари Муқимий номидаги мусиқали театрда иккинчи дирижёр лавозимида ишладим. 1948-1953 йиллари Ўзбекистон давлат радиоэшиттириш комитети қошидаги Ўзбек халқ чолғу асбоблар оркестрида дирижёр бўлиб ишладим. 1930-йиллардан буён ижрочиликдан ташқари, турли мавзуларда классик ва замондош шоирларнинг шеърларига қўшиқ, ашула ва спектаклларга мусиқалар яратиб келсам ҳам кўп овозли мусиқа восита услубларини, шакл ва жанрларини, қоидаларини ва Ғарбий Оврупо ва рус классик композиторларининг ижодий фаолиятларини ва мусиқа фанларидан билим олиш ниятида 1940-1942 йил Тошкент давлат консерваториясининг тайёрлов курсида ўқидим. Лекин уруш касофати билан ўқишни ташлашга мажбур бўлдим. 1947 йили тайёрлов курсида ўқишни Ҳамид Раҳимов ва Дадаали Соатқуловлар билан бирга композитор Б.Б.Надеждиндан композиторлик мутахассислигидан, Ю.Н.Тюлиндан гармония, полифониядан, А.Ф.Козловскийдан чолғулаштириш ва дирижёрликдан, И.А.Дулгарова ва Ян Борисович Пеккердан мусиқа тарихидан сабоқ олдик. 1948 йили консерваториянинг асосий композиторлик куллиётида мазкур домлаларда ўқишни давом этиб, 1953 йили ўқишни муваффақиятли битирдик. 1953 йили филармония қошидаги Ўзбек ашула ва рақс ансамблига бадиий раҳбар лавозимига тайинландим. 1957 йили Ўзбекистон радиоэшиттириш қўмитаси қошидаги Ўзбек халқ чолғу асбоблар оркестрига бош дирижёр ва бадиий раҳбар лавозимига тайинландим», —деб сўзини тамомлади Дони Зокиров. Мазкур лавозимда 1983 йилга қадар фаол ишлади ва нафақага чиқди.
Д.Зокиров 1930-йилларда, театр ва ансамблларда созанда бўлиб ишлаб юрган пайтларида рақс куйлари, қўшиқ ва ашулалар басталай бошлаган. Унинг биринчи йирик ижоди 1934 йили З.Фатхулиннинг «Ғунчалар» пьесаси учун басталаган мусиқадир. Бу спектаклга мусиқа тайёрлашда у халқ мусиқасидан фойдаланиб, кўп қисмларни мустақил равишда яратган. У илк ижодий ютуғидан кейин мумтоз ва замонавий шоирлар шеърларига қўшиқ ва ашулалар яратади. Шу жумладан уруш йиллари «Она орзуси» (Миртемир), «Зафар топиб» (С.Абдулла), «Ол қасос» (М.Раҳмонов), «Жангда бардам бўл» (С. Абдулла) каби ватанпарварлик мавзусидаги қўшиқлар; Навоийнинг шеърларига «Орази» ва «Ўртанур» фортепиано жўрлигида қўшиқлар, симфоник оркестр учун 1-сюита: Ўзбек халқ чолғулари ансамблига 3 қисмли «Меҳнат фронти» номли сюита, Чустийнинг тожик тилида ёзган учта шеърига «Жон медиҳам», «Ин туи» ва «Чеҳраи хандед» лирик қўшиқлар; бастакор Н.Ҳасанов билан ҳамкорликда «Орзигул» ва мустақил равишда «Ёрилтош» спектаклларига мусиқа басталади.
Д.Зокиров мусиқали саҳна асарлар яратишга катта эътибор берди. У Б.Ф.Гиенко билан «Сўнмас чироқлар» (А.Бобожонов ва М.Муҳамедов пьесаси) мусиқали драмани (1953й.) ёзди. 1954 йили С.Бобоев билан «Далада байрам» (Ш.Саъдулла пьесаси) ва 1956 йил «Ватан қирғоқлари» (Ш.Саъдулла ва З.Фатхулин пьесаси), 1960 йил Б.Ф.Гиенко билан «Ёшликда берган кўнгил» (З.Фатхулин пьесаси), 1962 йил «Ҳаёт машъали» (С.Исмоил пьесаси), 1970 йил К.Жабборов билан «Менинг жаннатим» (С.Абдулла пьесаси), 1978 йили халқ эртаги асосида «Шаҳзода ва етим қиз» (Р.Ҳамроев пьесаси) мусиқали драмалари томошабинлар томонидан яхши кутиб олинди. А.Навоий номидаги опера ва балет театри саҳнасида 1956 йили Б.Ф.Гиенко билан ёзган «Ойниса» (Литвинова либреттоси) балети саҳналаштирилди. Таниқли композитор Толибжон Содиқов Ҳ.Олимжоннинг «Зайнаб ва Омон» достони асосида шоира Зулфия либреттосига «Зайнаб ва Омон» операсини бошлаб қўйган эди. Композитор вафот этгани сабабли опера тугалланмай қолган эди. 1958 йил ушбу опера мусиқасини Ю.Ражабий, Д.Зокиров, Б.Зейдман билан ҳамкорликда тугатиб, томошабинларга ҳавола этишди.
Д.Зокиров композитор М.Зив билан ҳамкорликда қуйидаги бадиий кинофильмларга мусиқа басталади: 1955 йил «Амирликнинг емирилиши» (режиссёр Л.Файзиев ва В.Басов); 1956 йил «Қутлуғ қон» (режиссёр А.Панн); 1964 йил «Улуғбек юлдузи» (реж. А.Панн); композитор А.Малахов билан ҳамкорликда 1964 йили «Қайдасан, Зулфия» ёки «Ёр-ёр» (реж.А.Ҳамроев) Д.Зокировнинг шу фильмга ёзган «Кўчалар» (Т.Тўла сўзи) қўшиғи машҳур бўлиб кетган. Д.Зокиров симфоник оркестр учун бир нечта асарлар яратди. Уларнинг орасида уч қисмли симфоник сюита ҳамда «Ҳамза» номли симфоник поэмаси яхши баҳо олган.
Д.Зокировнинг ижодий меросида қўшиқ, романс, ўзбек халқ чолғулари оркестри ва якка чолғулар учун мўлжалланган мусиқий асарлар етакчи ўринни эгаллайди. Унинг Навоий шеърларига басталанган «Кўрмадим», «Эй, сабо», «Бўлмаса», «Айб этмангиз», Туроб Тўла шеърига «Булбул» номли романслари симфоник оркестр жўрлигида Д.Муллақандов, Ҳ.Носирова, С.Қобуловалар ижросида машҳур бўлиб кетган эди. Композитор турли мавзуларда, яккахон, хор, турли чолғулар ва оркестр жўрлигида ижро этиладиган юздан ортиқ қўшиқ, ашула, оммавий хор қўшиқлар яратди. Улар орасида «Ўзбекистоним» (А.Ниёзмуродов сўзи), «Тинчлик қўшиғи», «Пахтакор диёр», «Космос бизники», (М.Қориев сўзлари); «Шифокорларга», «Теримчиларга», «Дўстларга», «Она диёр» (А.Пўлат сўзлари); «Тошкент оқшоми» (Назармат сўзи); «Сув келди, ҳаёт келди» (Ў.Рашид сўзи); «Дугоналарга» (Нилуфар сўзи); «Дўстлик қўшиғи», «Чўпон қўшиғи», «Тинчлик қўшиғи» хор учун (П.Мўмин сўзлари), «Икки дил достони» (З.Обиджон сўзи), «Ёр истаб» (З.Фурқат шеъри); «Ҳаёт гулшани» (Н.Нарзуллаев сўзи) каби қўшиқлар ёрқин мисол бўла олади. Айниқса, композиторнинг яккахон, хор ва ўзбек халқ чолғулари оркестри учун ёзган кўп қисмли асарлардан: «Қарши чўли гуллари» (М.Қориев сўзи) 5 қисмли вокал-сюитаси; «Асрлар садоси» (Ойбек сўзи) 4 қисмли кантатаси; «Оби ҳаёт» (Ў.Рашид сўзи) 4 қисмли вокал-сюиталар олқишга сазовордир.
Шуни алоҳида айтиш лозимки, ўзбек классик мусиқа намуналарининг айримларини Д.Зокиров маҳорат билан қайта ишлаб, ўзбек халқ чолғулари оркестри, якка чолғулар ва оркестрга мослаштира олгани композиторнинг катта ижодий ютуқларидандир. Булар: оркестр учун «Ёввойи Чоргоҳ», ғижжак ва оркестр учун «Қайтарма», «Фиғон», «Чўли Ироқ», болабон ва оркестр учун «Шароб», най ва оркестр учун «Фарғонача», «Гадоий», «Жазоир»; оркестр учун «Наво», «Савти наво», «Уфари наво», «Гардуни сегоҳ», «Таснифи дугоҳ», «Мухаммаси ироқ», «Насруллоий», «Мирзадавлат», «Ёлғиз»; танбур ва оркестр учун «Ражабий». Мазкур асарлар республикамиздаги профессионал оркестрлар репертуаридан кенг ўрин олиши билан мусиқа ўқув юртларининг халқ чолғулари оркестри дастурига ҳам киритилган.
Д.Зокиров болалар учун П.Мўмин шеърларига «Саёҳат — роҳат», «Кунгабоқар», «Оппоқ отим», «Сирдарё, Сирдарё», «Капалак ва хандалак», «Боғда пишди узумлар», «Дўлона», У.Раҳмонов сўзига «Болалар вальси», «Баҳор вальси», Р.Бобожон сўзига «Олма», Ю.Ҳамдам сўзига «Бадантарбия», Ё.Мирзо сўзига «Мактабим», Ю.Ҳамидий сўзига «Бахтиёр қўшиғи», М.Ҳайдар сўзига «Янги йил қўшиғи» ва «Беқиёс диёр» каби қўшиқларни бағишлаган.
Д.Зокиров 1950 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», 1956 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби», 1965 йили «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонларга сазовор бўлган, орден ва медаллар билан мукофотланган.