АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

10 ноябрь: Бафоев Мустафони туғилган куни.


Сегодня день рождения отмечает
Жилкибаев Батир.

Союз композиторов и бастакоров Узбекистана поздравляет с днем рождения!
Желаем Вам творческого подъема, карьерного и духовного роста!


02 ноябрь: Мансуров Авазни туғилган куни.


04 ноябрь: Ҳакимов Рустамни туғилган куни.


АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



                         ЭНМАРК СОЛИҲОВ

(1934)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, композитор Солиҳов Энмарк Шокирович 1960-йилларнинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Композиторлар уюшмаси сафига ёрқин, жозибали, замонавий услубдаги эстрада қўшиқлари, симфоник асарлари ва кино мусиқаси билан кириб келди.

Солиҳов Энмарк Шокирович Самарқанд шаҳрида 1934 йилнинг 12 сентябрида таваллуд топди. Болалигидан мусиқага меҳр қўйди. Шаҳар маданият уйи қошидаги ҳаваскорлар мусиқа тўгарагида аккордеон чалишни ўрганди. 1953-1954 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг тайёрлов бўлимида фортепиано синфида таҳсил олди, 1954-1958 йиллари Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртининг мусиқа назарияси бўлимида ўқиди. 1958-1963 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг бастакорлик факультетида профессор Б.И.Зейдман синфида таҳсил олди. Талабалик йилларида турли жанр ва шаклларда асарлар ёзди. 1960 йили давлат имтиҳонига «Симфония»сини тақдим этиб, консерваторияни битирди.

Э.Солиҳовнинг меҳнат фаолияти талабалик давридан бошланган. У 1960-1964 йилларда клубда концертмейстер, 1964-1965 йилларда Ўзбекистон радиоси симфо-джаз оркестрининг бадиий раҳбари, 1968-1969 йилларда Тошкент давлат консерваториясида ўқитувчи, 1968-1970 йилларда Ўзбекистон эстрада оркестрининг бадиий раҳбари, 1970-1973 йилларда Тошкент давлат консерваториясида ўқитувчи, 1971-1975 йилларда Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси ҳайъатининг масъул котиби, шу билан бир вақтда 1973-1976 йилларда Ўзбек концерт ва Ўзбек эстрада жамоаларининг бадиий раҳбари, 1975-1982 йилларда Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасининг ҳайъат раиси, 1982-1984 йилларда Ўзбекистон Маданият вазирлигининг мусиқий муассасалар бошқармаси бошлиғи, 1984-1986 йилларда «Ўзбекконцерт» директори, 1986-1990 йилларда «Ўзбек-концерт» бирлашмаси бадиий раҳбари ва айни пайтда 1987-1991 йилларда Ўзбекистон мусиқа жамиятининг ҳайъат раиси, 1996-1998 йилларда консерваторияда янги ташкил этилган эстрада мусиқаси кафедраси мудири, 1999 -2000 йилларда мазкур кафедра доценти лавозимида фаолият юритди.

Э.Солиҳов турли жанр ва шаклларда хилма-хил, ранг-баранг мусиқа асарлари яратди. 1963 йили симфония, «Тўйчи Эрйигитов» номли симфоник поэмаси, 1985 йили иккита рояль, скрипка, виолончельчилар унисони ва симфоник оркестр учун «Концертли пьеса №1», учта рояль, скрипка, виолончельчилар унисони ва симфоник оркестр учун «Концертли пьеса №2» асарлари мусиқа жамоатчилигида катта таассурот қолдирди. Композитор торли квартет, фортепиано учун «Соната», (Москвада «Концертный репертуар пианиста» тўпламида 1979 йилда чоп этилган), фортепиано учун «Рақс ва Прелюдия» («Детские пьесы композиторов Узбекистана» тўпламида 1985 йили чоп этилган). Булардан ташқари фортепиано учун ёш пианиночиларга атаб бирталай куйлар ёзди.

Э.Солиҳов 1976 йили ўзбек халқ эртаклари асосида «Ойгул парининг совғаси» (М.Шербаченко либреттоси) биринчи ўзбек мюзиклини, «Ажойиб доира» (Б.Рубина либреттоси) мюзиклини, «Хўжа Насриддин» (В.Виткович либреттоси), «Пароль — заря Востока» (А.Васильев либреттоси), «Дурочка» (Д.Шелков либреттоси) оперетталарини яратди. Мазкур асарлар 80-йилларда нафақат Ўзбекистонда, балки Россиянинг бир қатор шаҳарлари театрларида муваффақиятли саҳналаштирилди.

Композитор ижодий фаолиятида эстрада ва кино мусиқаси устувор туради. У замонавий ўзбек эстрада санъатининг ривожланиш жараёнига ўзига хос услуби билан турли мавзуларда ранг-баранг, жозибали асарлар яратди. Э.Солиҳовнинг 1964 йилда яратган «Қиз бола» (П.Мўмин сўзи) қўшиғи эстрада хонандалари Н.Нурмуҳаммедова, болгариялик Коцева, «Ялла» ансамбли ижросида Германия, Польша, Чехия, Словакия, Россияда машҳур бўлиб кетган эди. Ўзбек халқининг севимли эстрада хонандаси Ботир Зокиров ижросида «Бу оқшом» (М.Қориев сўзи), «Қайдасан» ва «Ажабо» (М.Ҳайдар сўзи), «Соғинди жон» (Э.Воҳидов сўзи), «Умид» (А.Мухтор сўзи) каби қўшиқлар ҳам элга манзур бўлди. «Кузги орзулар» (О.Гаджиқосимов сўзи) қўшиғи дипломга сазовор бўлди, «Дўстлик гуллари» қўшиғи эса Чехияда танлов-кўрикда фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. Шу кунга қадар 200 дан ортиқ қўшиқ ва эстрада куйларини яратди.

Э.Солиҳов «Уйғониш» (режиссёр Ш.Аббосов), «Эртак учун бораман», «Номерга юз сатр», «Карвон» (режиссёр У.Назаров), икки серияли «Маржона», икки серияли «Алпомиш» (режиссёр Х.Файзиев), «Отамдан қолган далалар» (режиссёр Ш.Аббосов) бадиий кинофильмларига, «Ҳамро бувининг эртаги», «Шарқ», «Қувончнинг туғилиши», «Ургут нақшлари», «Инсон, фақат сен учун», «Орол эътиқодлари», «Баҳор» (режиссёр А.Қосимов), икки серияли «Яна, ўша Насриддин» (режиссёр Э.Давидов), олти серияли «Акбарнинг саргузаштлари», «Ҳаяжонли йиллар», «Тақдир эшиги» (режиссёр Л.Файзиев) телефильмларига мусиқа басталади. Москва «Флора-фильм» студиясида «Шакалы», «Ау, ограбление поезда», «Динозавры», «Яр» (Есенин асари асосида) кинофильмларига, Ўзбектелефильмда «Очиқ дор», «Эркатой» ва бошқаларга мусиқа басталади.

Энмарк Шокирович Солиҳов 1976-1980 йилларда икки маротаба Ўзбекистон Республикаси Олий кенгаши депутати бўлган. У 1984 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони билан тақдирланган.

                        ТОЛИБЖОН СОДИҚОВ

(1907-1957)

Ўзбекистон халқ артисти, Давлат мукофоти совриндори, композитор ва дирижёр Толибжон Содиқов замонавий ўзбек профессионал мусиқа санъатига 1920 йилларнинг бошида кириб келди. Устозлардан санъат сирларини ўрганди, ўқиди, дутор, танбур, най каби чолғуларда моҳир ижрочи сифатида танилди. Ўзининг ижодий, ташкилотчилик ва жамоатчилик фаолияти билан мусиқа санъатимизнинг ривожланишига биринчилар қаторида тамал тошини қўйди. Унинг яратган қўшиқ, романс, симфоник ва вокал-симфоник асарлари, айниқса, мусиқали драма ва опералари яккахон, концерт ва театр жамоалари репертуарини бойитди.

Содиқов Толибжон Самарқанд шаҳрида 1907 йилнинг 12 мартида таваллуд топди. 1924 йили Самарқанд Ўзбекистон Республикасининг пойтахти деб эълон қилинган йили Толибжоннинг тақдирида ҳам кескин бурилиш рўй берди. Пойтахтда маданият ва санъат муассасаларига эътибор қаратилиши билан санъат гуруҳлари, театр ва концерт ташкилотлари, бадиий ҳаваскорлик тўгараклари бирин-кетин пайдо бўлади ва улар ўртасида танловлар ўтказиш анъанага айлана бошланди. Толибжон шаҳардаги санъат гуруҳларига қўшилиб, концертларда қатнашар эди. 1927 йили Самарқандда машҳур, келгусида Ўзбекистон халқ артисти Али Ардобус (Иброҳимов) ёш ҳаваскор санъаткорлардан «Кўк кўйлакли»лар тўгарагини тузди. Мусиқа раҳбари этиб Толибжон Содиқовни таклиф этди. Мазкур тўгаракка келгусида санъатимиз намояндалари Дони Зокиров, Манас Левиев, Исохор Оқилов, Наби Ҳасанов, М.Халилов, Асрор Жўраев, Воҳид Абдуллаев, Жалол Обидов, Мирбобо Зиёев, Микоэл Калантаров ва бошқалар қатнашдилар. 1925 йилда Самарқанд мусиқали театрига Тошкент халқ консерваториясини битирган Юнус Ражабий мусиқа раҳбари этиб тайинланди. Шу йилдан бошлаб Толибжон Содиқов устоздан най чалишни ўрганди ва театр созандалар ансамблида қатнашди. 1928 йилдан бошлаб найчи бўлиб театрда ишлади. 1930 йили саҳна юзини кўрган «Боғбон қиз» (С.Абдулла пьесаси) спектаклига мусиқа басталади. 1928 йили Самарқандда Н.Миронов раҳбарлигида Ўзбекистон мусиқа ва хореография илмий тадқиқот институти ташкил топди. Биринчи талабалар қаторида Т.Содиқов ҳам бор эди.

Бу даргоҳда у устозлар - ҳофизлар Ота Жалол Носиров, Домла Ҳалим Ибодов, танбурчи Ҳожи Абдураҳмон, чангчи Матюсуф Харратов, найчи А.Исмоилов, қўшнайчи А.Умурзоқовлардан Фарғона-Тошкент, Бухоро ва Хоразм мусиқа услубларини ўрганди. Н.Н.Миронов нота ёзуви, сольфеджио, мусиқа назарияси ва тарихидан сабоқ берди. Институт режасига асосан Т.Содиқов курсдошлари М.Ашрафий ва Ш.Рамазоновлар билан Н.Н.Миронов бошчилигида биринчи маротаба халқ қўшиқ ва куйларини нотага ёзиб, 1931 йилда «Песни Ферганы, Бухары и Хивы» номли тўплам нашрдан чиқди. Курсдошлар «Садраш» номли илк симфоник асарни ҳам ҳамкорликда яратишди.

1930 йили Т.Содиқов Ҳамза номидаги ўзбек драма театрининг созандалар ансамблига раҳбарликка таклиф қилинди. У 1932 йилга қадар ишлаб чолғу ансамбли таркибини кенгайтирди, ижро сифатини яхшилади, театр репертуаридаги саҳна асарларининг мусиқасини қисман янгилади, драматург К.Яшиннинг «Ёндирамиз» драмасига мусиқа басталади.

1933 йили Ўзбекистон давлат мусиқий театр оркестрига (1939 йилдан бошлаб А.Навоий номидаги опера ва балет театри) дирижёр лавозимига таклиф этилади. Дирижёрлик иши билан бирга 1933 йили «Лайли ва Мажнун» (Ш.Хуршид пьесаси), 1935 йили «Ҳужум» (Чўлпон ва В.Ян пьесалари) ва 1936 йили “Пўртана” спектаклларига мусиқа басталади.

1934 йили Т.Содиқов Ўзбекистон Композиторлар уюшмасини ташкил этиш ваколатини олди. 1938 йилда Ўзбекистон Санъат Бош бошқармаси томонидан мазкур уюшманинг таъсис ҳайъати тасдиқланди. Таъсис ҳайъатига Толибжон Содиқов — раис, М.Ашрафий — раис ўринбосари, Карим Абдуллаев — масъул котиб ва аъзолар буйруқ билан тайинландилар. Уларга қурултойга тайёргарлик кўриш вазифаси топширилди. Иккинчи жаҳон уруши сабабли Ўзбекистон Композиторлар уюшмаси биринчи қурултойи 1948 йили бўлиб ўтди.

1937 йили Москвада ўтадиган Ўзбекистон адабиёти ва санъати декадасига 1936 йилдан бошлаб катта тайёргарлик бошланди. Т.Содиқов «Биринчи депутат» (М.Пётр сўзи) ва «Сафарбар» (Миртемир сўзи) қўшиқларини, овоз ва симфоник оркестр учун «Ёр» (Миртемир сўзи) романсини, симфоник оркестр учун «Шодиёна» поэмаси ва «Рақс», Р.М.Глиэр билан ҳамкорликда «Гулсара” (К.Яшин пьесаси) мусиқали драмаси каби асарларни яратди. Булар декада дастурларида ижро этилди ва олқишларга сазовор бўлди. 1940 йили Р.М.Глиэр билан ҳамкорликда «Лайли ва Мажнун» (Хуршид либреттоси асосида) операсини яратди.

1935        йили Москва консерваторияси қошида М.Қориёқубов ташаббуси ва раҳбарлигида Ўзбек опера студияси ташкил топган эди. Толибжон Содиқов композиторлик малакасини ошириш ниятида 1939-1941 йилларда мазкур студияда профессорлар Рейнгольд Глиэрда композициядан, Мелик Пашаевда дирижёрликдан сабоқ олди. 1941 йилда бошланган Иккинчи жаҳон уруши унинг ўқишини тўхтатди.

Т.Содиқов ижодий фаолияти уруш ва тинчлик йилларида самарали бўлди. У бирин-кетин мусиқанинг турли шакл ва жанрларида кўплаб асарлар яратди. Улар орасида А.Ф.Козловский билан ҳамкорликда «Даврон ота» (С.Абдулла пьесаси, 1941й.) М.Бурҳонов, М.Вайнберг, Т.Жалилов, Н.Ҳасанов, А.Каримовлар билан ҳамкорликда «Ўзбекистон қиличи» драмаларини (1942 й.), «Гулхан» (Ш.Саъдулла пьесаси, 1943 йил) болалар учун спектаклга мусиқа басталади. 1942 йилда Миртемир билан ҳамкорликда 5 та қўшиқ ва 4 та романс ёзди. Айниқса, унинг “Булбул” (Камтар шеъри), «Баҳор» (Миртемир шеъри), «Сарвигул» (Навоий шеъри), «Жонон кўринур» (Низомий шеъри) романслари машҳур бўлиб кетди. Буларни хонандаларнинг бир нечта авлодлари ижро этиб келмоқда.

Уруш йиллари яна якка хонанда ва симфоник оркестр учун «Интизор» номли вальс, «Фарҳод қурилиши» симфоник поэмаси ва жангчиларга бағишланган махсус «Кино концерт» фильмига мусиқа танлади ва ёзди. Урушдан кейинги йилларда у «Севаман» (С.Абдулла пьесаси) мусиқали комедиясини (1945 й.) «Армуғон» (А.Бобожонов пьесаси) мусиқали драмасини, Р.М.Глиэр билан ҳамкорликда «Гулсара» (К.Яшин либреттоси, 1949 й.) ва «Лайли ва Мажнун» (Ш.Хуршид либреттоси, 1949 й.) операларини  таҳрир қилдилар. «Зайнаб ва Омон» операсининг (1957 й.) биринчи пардасини ёзишга улгурди. 1958 йили Зулфия либреттоси асосида ёзилган ушбу операни Ю.Ражабий, Д.Зокиров ва Б.Зейдманлар охирига етказишди ва ўша йили премьераси бўлди. Мазкур опера 1959 йили Москвада ўтган Ўзбекистон адабиёти ва санъати ўн кунлигида бошқа опералар қатори намойиш этилди. 1951 йилда Москвада ўтган Ўзбек адабиёти ва санъати декадасига бағишлаб якка овоз ва симфоник оркестр учун «Москва» (А.Пўлат сўзи) номли қўшиқ, мумтоз «Ушшоқ» мақом ашуласини қайта ишлаб, симфоник оркестрга мослаштирди, «Ватан» ҳақида туркум қўшиқлар композитор Б.Бровцин билан ҳамкорликда иккинчи «Киноконцерт» яратди. Муқимий шеърларига ёзилган ўзбек халқ ашула ва яллаларини овоз ва симфоник оркестрга мослаштирди. Турли мавзуларда, классик ва замондош ўзбек шоирларнинг шеърларига бир қатор қўшиқ, ашула ва романслар яратди. Уларнинг аксарияти 1949-1956 йилларда тўпламларга киритилиб чоп этилган. Т.Содиқов 1957 йили «Ҳур Ватан» ва «Бахтиёр ёшлик» (А.Бобожон сўзлари), «Жоним, ишон» (Мирмухсин сўзи) номли қўшиқлар яратди.

Композитор Толибжон Содиқов Ўзбекистоннинг замонавий мусиқа маданиятини ривожланишидаги улкан хизматлари учун, 1939 йили «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвони, Ўзбекистон ҳукуматининг фахрий ёрлиқлари, орден ва медаллар билан тақдирланган.

Ажойиб инсон, халқимизнинг севимли композитори, дирижёр ва жамоат арбоби Толибжон Содиқов 1957 йили оламдан кўз юмди. Тошкент шаҳар болалар мусиқа мактаби ва пойтахт кўчаларидан бирига унинг номи берилди. 2003 йилда Т.Содиқов «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланди.

                             ФАХРИДДИН СОДИҚОВ

(1914-1977)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, созанда, бастакор ва устоз Фахриддин Содиқов ижодий, ижрочилик, муаллимлик ва жамоатчилик фаолияти билан XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди. У ўзбек мумтоз мусиқа анъаналарини изчил давом эттириб, ўзига хос услубда қўшиқ, ашула, куй ҳамда бошқа шакл ва жанрларда бир қатор асарлар яратиб, халқимиз ҳурмат эътиборига сазовор бўлди. Бастакорнинг яратган мусиқаси жўшқинлиги, ширадорлиги, мазмундорлиги, таъсирчанлиги билан тингловчига ҳузур бахш этади.

Фахриддин Содиқов Тошкент шаҳрида 1914 йилнинг 13 майида таваллуд топди. Болалигидан мусиқага қизиқди. Аввал дутор чертишни маҳалладаги катта ёшдаги болалардан ўрганди. Кейинчалик Чорсу гузарида жойлашган машҳур ҳофиз Шораҳим Шоумаров ташкил этган «Санои нафиса» жамоаси қошидаги ансамбль чиқишларини кузатиб борди ва тез орада уларга шогирд бўлиб ҳам қолди. Нуғмон-қори Мўминзода устозидан чанг чалиш, Абдусоат Ваҳобов устоздан дутор чертиш маҳоратига эга бўлди. 1918 йили Туркистон халқ консерваторияси ташкил этилиб, В.А.Успенский раҳбарлигида эски шаҳар бўлими очилиши муносабати билан Ф.Содиқов 1920 йилдан бошлаб устозлардан сабоқ олишни давом эттирди. 1924 йилда халқ консерваторияси негизида Тошкент давлат мусиқа техникуми очилиши билан 1926 йилдан у ерда ўқиб, 1933 йили муваффақиятли битирди.

Бастакор, чангчи-созанда Ф.Содиқов меҳнат фаолиятини 1930 йили Ўрта Осиё темир йўл қошидаги клубда халқ чолғулари ҳаваскорлар тўгарагини ташкил қилишдан бошлади. 1928 йили ўтказилган созандалар танловида Ф.Содиқов қатнашиб иккинчи даражали, кейинги йилда эса биринчи даражали дипломга сазовор бўлди. 1933 йили у мусиқали театрга ишга қабул қилиб, машҳур санъаткорлар билан танишди, улар билан ижодий мулоқотларда бўлди. 1937 йилда Москвада ўтадиган Ўзбекистон санъати ва адабиёти декадасига Т.Жалилов бошчилигида 100 кишидан ортиқ ўзбек ансамблига моҳир созандалар қатори Ф.Содиқов ҳам ишга таклиф қилинди. 1938 йили филармония қошида хотин-қизлардан иборат дуторчилар ансамбли ташкил этилгач, у мусиқа раҳбари сифатида ишлади ва бастакорлик ижоди билан репертуарни бойитди, ижрочилик маҳоратини оширди ва тез орада машҳур жамоага айлантирди. Уруш йиллари фронт концерт бригадасининг мусиқа раҳбари бўлиб жангчиларга хизмат қилди. 1947-1953 йиллари Ф.Содиқов Ўзбекистон радиоси қошидаги ўзбек халқ чолғулари ансамблида чангчи, 1953-1955 йилларда филармониянинг ашула ва рақс ансамбли созандаси, 1955-1957 йилларда Ўзбек давлат эстрадасида ансамбль раҳбари вазифасида ишлади.

1957 йилда Ф.Содиқов Ю.Ражабий раҳбарлигидаги радио қошида ташкил этилган созандалар ансамблига чангчи этиб таклиф қилинди. 1959 йилда мақомчилар ансамблида чангчи, 1961 йилдан эса мазкур ансамблга мусиқа раҳбари этиб тайинланди ва шу вазифада умрининг охиригача ишлади. 1972 йилда Тошкент давлат консерваториясида янги ташкил топган Шарқ мусиқаси кафедрасида ишлаб, мақом ижрочилиги бўйича талабаларга устозлик қилди.

Ф.Содиқов яратган ноёб ва баркамол мусиқий асарларни, айниқса, миллий қўшиқчилик санъатининг ривожланишига қўшган ҳиссасини инобатга олган ҳолда 1967 йили Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасига қабул қилинди.

Ф.Содиқов мусиқанинг турли жанрларида ижод қилди, унинг ижодида куй, қўшиқ ва ашула алоҳида ўрин тутади. У классик ва замондош шоирлар шеърларига 300 дан ортиқ асарлар яратди. Жумладан, Ғ.Ғулом сўзига 1934 йили басталаган «Ҳорманг энди колхозчилар», «Марҳабо» (Миртемир сўзи), «Ватандан миннатдорман», «Эй чеҳраси тобоним» (Муқимий сўзи), «Ўйнасин» (Ҳабибий сўзи) илк қўшиқ ва лирик ашулалари тингловчиларни ўзига жалб қилди. Бастакор бирин-кетин, янги-янги оригинал қўшиқ ва лирик ашулалар яратишга муваффақ бўлди. У яратган ватанни, меҳнатни, тинчликни мадҳ этадиган қўшиқлар орасида «Ўзбекистоним менинг» (Уйғун сўзи), «Ҳосил тўйи» (М.Қориев сўзи), «Жаҳон бўйлаб бир овоз янграр» (К.Муҳаммадий сўзи), «Тинчлик қўшиғи» (У.Ғани сўзи), «Зарафшон» (А.Пўлат сўзи), «Гуллар водийси» (Т.Тўла сўзи), «Ватан ўхшар қуёшга» (Э.Раҳим сўзи), «Ўзбекистон олтини» (Ё.Мирзо сўзи), «Ботир чўпон қўшиғи» (К.Муҳаммадий сўзи), «Олтин водий» (З.Обидов сўзи), «Теримчи қизга» (С.Зуннунова сўзи), «Ёрим тўқур хонатлас» (А.Бобожонов сўзи), «Ўлкам ипакка тўлсин», «Оқ олтин карвон-карвон» ва «Мирзачўлнинг қизиман» (З.Обидов сўзлари) каби қўшиқлар радио тўлқинларида мунтазам жаранглаб келди. Бастакорнинг кўплаб қўшиқ ва ашулалари табиатни, ишқ-муҳаббатни, инсонийликни, гўзалликни мадҳ этади: «Севгилим», «Тонг шабодалари», «Уёламан», «Ҳаё» (М.Қориев сўзлари), “Ёр билиб”, «Хўб де, жоним”, «Ёр бўлсанг дейман» (С.Зуннунова сўзлари), «Бир гўзал», «Ойдин кечада» (Миртемир сўзлари), «Онажоним», «Айб этма», «Хуш ҳаво чаманларида», «Муборакбод», «Қўзим», «Мезбон бўлай» (З.Обидов сўзлари), «Менга навбат», «Ширмоной», «Ёр бўлмаса», «Гўзал», «Зуҳрога» (Т.Тўла сўзлари), «Очил ниҳол», «Сўлим баҳор», «Висол гулшани», «Вафо қўшиғи», «Сув сулув қўшиғи» (А.Исроилов сўзлари), «Хумор», «Шайдосиман», «Ташна қалбим» (Ё.Мирза сўзлари).

Ф.Содиқов Б.Гиенко билан ҳамкорликда Муқимий номидаги мусиқали драма театрида саҳналаштирилган «Ота ўғли» (Ҳ.Шарипов пьесаси), Т.Тошматов билан ҳамкорликда «Инбузарлар» (Ш.Низомиддинов пьесаси), С.Ҳайитбоев билан ҳамкорликда «Салтанат ларзада» (В.Саъдулла пьесаси) мусиқали драмалари, Д.Зокиров билан ҳамкорликда «Гўзал» номли телепостановкаларга мусиқа яратди. Ўзбекистон радиоси қошидаги ўзбек халқ чолғулари оркестри учун Т.Тошматов билан ҳамкорликда Т.Тўла сўзига «Янги Тошкент» номли сюита ва «Кўнгил сен» (С.Қўқонбеков сўзи), «Ўзбекистон» (Т.Ражабий сўзи), «Кўнглида бўлса» (Т.Мўминов сўзи) қўшиқларини яратди. Булардан ташқари у «Ватан марши», «Қурилиш марши», “Гулнор”, «Ўзбекча вальс», «Ўхшарсиз» каби чолғу куйларини яратди, Ўзбекистон радиосининг рамзий чақириқ куйини басталади.

 

Ажойиб инсон, машҳур бастакор, созанда ва устоз Ф.Содиқов XX аср мусиқа санъатини ривожлантиришига қўшган ҳиссаси учун 1964 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони билан тақдирланган, орден ва медаллар билан мукофотланган.

                    ГАБДУРАҲИМ СОБИТОВ

(1913-1996)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, доцент, композитор Г.Собитов ижодий ва ўқитувчилик фаолияти билан республикамиз кўп миллатли мусиқа маданияти ривожланиши учун самарали хизмат қилди ва ҳаётида ёрқин из қолдирди.

Собитов Габдураҳим Галимзянович 1913 йилнинг 20 июнида Россиянинг Самара шаҳрида дунёга келди. Кейинчалик у эслайди: “1927 йили Ўзбекистоннинг Зомин қишлоғига оиламиз кўчиб келди. 1929 йили 7-синфни битириб, Тошкентга келдим. 1936 йили ҳарбий хизматга чақирилдим ва мусиқа техникумида ўқишга рухсат олдим. Бу ўқув юртида халқ чолғулари ва композиторлик бўлимларида ўқидим. 1938 йили Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетига ўқишга кирдим. Б.Б.Надеждин синфида композициядан сабоқ ола бошладим. 1941 йили уруш бошланиши билан жангларда қатнашдим, жангда оғир яраландим. Госпиталларда даволаниб, ногирон аҳволда Тошкентга қайтдим. 1943-1944 ўқув йилидан бошлаб консерваторияда ўқишимни давом эттириб, 1945 йили имтиёзли диплом олишга муваффақ бўлдим. 1945-1946 ўқув йилидан 1985 йилга қадар консерваторияда гармония, чолғушунослик, партитура ўқиш фанларидан дарс бериб, ўқитувчи, катта ўқитувчи ва доцент лавозимларида ишладим ва ижод қилдим”.

Г.Собитов 1950-1970 йилларда самарали ижод қилди. У 1945 йили консерваторияни биринчи симфония диплом иши билан тугатган бўлса, келгусида унинг қаламидан қуйидаги чолғу асарлари бунёдга келди: ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Татарча сюита» (1947 й.) ва «Етти гўзал» рақс сюитаси (1968 й.): симфоник оркестр учун бешта сюита, уларнинг орасида: беш қисмли «Помир сюитаси» (1954 й.) ва тўрт қисмли «Халқлар дўстлиги» сюитаси (1-қисм-уйғур, 2-татар, 3-озарбайжон ва 4-ўзбек халқ куйлари асосида, 1950 й.) асарлари жуда машҳур бўлиб кетган эди. Ю.Ражабий ва Б.Надеждинлар билан ҳамкорликда ёзилган «Пахта» номли хореография сюитаси 1951 йили Москвада ўтган Ўзбек адабиёти ва санъати кунларида, М.Турғунбоева саҳналаштирган хореографик композиция Катта театрнинг симфоник оркестри ижросида (дирижёр Б.Иноятов) томошабинлар томонидан қизғин кутиб олинган эди. Келгусида бу сюита жуда кўп маротаба ижро этилди. 1961 йили «Бешта оғайни» номли кинофильмга ёзган мусиқаси асосида шу номли беш қисмли симфоник сюита, домбралар секстети учун уйғур халқ куйлари асосида сюита (1947й.), торли квартетига сюита кабиларни яратди.

Г.Собитов театр учун мусиқа басталашда ҳам баракали ижод қилди. У бошқа бастакорлар билан ҳамкорликда «Сочлари оқарган хотин» ва «Хуш келибсиз» (1952 й. Б.Гиенко билан), Т.Жалилов билан ҳамкорликда «Нурхон» (1951 й.); «Истеъдод» (1957 й.), «Дала маликаси» (1960 й.), «Алпомиш» (1962 й.). Драматик театр учун: «Снежок» (1950й. В.Любимов пьесаси), «Алёша Пешков» (1952й. О.Форш ва И.Груздевлар пьесаси) спектакллари Тошкент болалар театрида қўйилган. Ҳамза номидаги драма театрида «Ҳуррият» ва «Юрак ёниш даркор» (1958 й.) спектакллари саҳналаштирилган. У «Пламенные годы» (1958 й.) ва «Пятеро друзей» (1960 й.) кинофильмларга мусиқа басталади, турли мавзуларда классик ва замонавий шоирларнинг шеърларига 40 дан ортиқ қўшиқ ва романслар ёзди, турли чолғулар учун 100 дан ортиқ халқ куйларини қайта ишлади, симфоник, дамли, ўзбек ва рус халқ чолғулари оркестрлари учун қатор композиторларнинг асарларини чолғулаштирди.

Габдураҳим Собитов «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» (1988 й.) фахрий унвони, Ўзбекистон Рсспубликаси фахрий ёрлиғи ва медаллари билан тақдирланган.

                   ДАДААЛИ СОАТҚУЛОВ

(1917-1985) 

Ўзбекистон халқ артисти, машҳур найчи-созанда, педагог, композитор, жамоат арбоби Дадаали Соатқулов XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди. У болалигидан миллий мусиқа анъаналарида тарбия олди. Кўп овозли мусиқа санъатининг шакл ва жанр хусусиятларини ўзлаштириб, замонавий мусиқа ижодкорлигининг ривожланишига баракали ҳисса қўшди. Унинг яратган жозибали қўшиқлари, куйлари, камер чолғу, симфоник ва вокал-симфоник асарлари, айниқса, мусиқали драмалари ижро жамоалар репертуарини бойитди.

Дадаали Соатқулов 1917 йилда Наманган вилояти Поп туманида туғилди. 1931-1934 йилларда Наманган шаҳридаги мактабда ўқиди, бадиий ҳаваскорлик тўгарагида най чалишни ўрганди. 1934 йили Ҳамза номидаги Қўқон давлат театрига созанда сифатида ишга киради. Тез орада у театрнинг мусиқа бўлими мудири вазифасига тайинланади.

1940 йили Д.Соатқулов композитор бўлиш ниятида Тошкент давлат консерваториясининг тайёрлов бўлимига ўқишга киради. Ўқиш даврида Ўзбекистон радиоси қошидаги ўзбек халқ чолғулари ансамблида найчи бўлиб ишлайди. Кейинчалик у эслаб ёзган эди: «Урушнинг касофати билан консерваториядаги ўқишим 1942-1944 йилларда тўхтаб қолди. Ғижжакчи С.Алиев, рубобчи М.Мирзаев, доирачи Ш.Ҳамдамов, баянчи Н.Налевайко, мен найчи, лапарчи М.Омонова, хонандалар Н.Ёқубова, С.Самандарова ва раққоса Т.Маҳмудовалардан иборат «Фронт концерт бригада»си тузилди. Бригадамиз бутун 1943 йили ва 1944 йилнинг апрель ойига қадар Шимолий-Ғарбий Белорусия, Ленинград, Волхов фронтларида жангчиларга концертлар бериб хизмат қилди. Жангчиларга берган концертларимиз дастурида мен яратган «Олға бос», «Ватан учун» «Зафар», «Ҳужум», «Ғолиблар марши», «Ватан» каби ватанпарварлик руҳида басталаган қўшиқларим ҳам жаранглар эди. 1944 йилнинг апрелида ватанимиз, жонажон Тошкентга қайтиб келдик. Мен радиодаги ишимни, сентябрдан консерваторияда ўқишимни давом этдим. Давлат имтиҳон комиссиясига Ғ.Ғулом сўзига «Пахтакорлар тинчлик учун» номли яккахон, хор ва симфоник оркестр учун кантатани тақдим этиб, консерваторияни 1953 йили муваффақиятли битирдим».

Д.Соатқулов консерваторияни битиргач, турли масъул вазифаларда ишлади: 1953-1959 йилларда М.Қориёқубов номидаги Ўзбек давлат филармонияси бадиий раҳбари, 1959-1960 йилларда Ўзбекистон давлат телерадио комитети бадиий раҳбари, 1960-1963 йилларда филармония директори, 1963-1969 йиллар Муқимий номидаги мусиқали театр директори, 1969-1970 йиллар филармониянинг директори, 1971-1972 йиллар радио мусиқий таҳририятининг бош муҳаррири бўлиб ишлади. 1972-1974 йилларда фақат ижод билан шуғулланди. 1975-1985 йилларда Тошкент давлат театр ва рассомлик институти мусиқий кафедрасида катта ўқитувчи ва доцент лавозимларида ишлади.

Д.Соатқулов ижодида мусиқий драма устувор ўрин тутади. 1959 йил «Мардлар қиссаси» (Б.Раҳмонов пьесаси), 1969 йил «Зарафшон қизи» (Д.Файзиев пьесаси), 1962 йил «Пилла ая» (Туйғун пьесаси), 1964 йили «Гули сиёҳ» (Р.Ҳамроев пьесаси, Соҳиб Жамолнинг романи асосида), 1965 йил «Ҳаёт ҳақиқати» (М.Бобоев пьесаси), 1966 йили «Махтумқули» (Б.Гиенко билан ҳамкорликда, К.Яшин пьесаси), 1969 йил «Фарғона тонг отгунча» (М.Исмоилов романи асосидаги Р.Ҳамроев пьесаси), 1971 йили «Бир қизга минг ошиқ» (Кришна Чандра романи асосидаги Ж.Асатетдинов, К.Маннонов ва 3.Айнутдиновлар пьесаси), 1973 йил «Ошиқлар» (Ё.Шукуров пьесаси), 1975 йил «Зилола» (Ё.Мирзо ва Б.Соатқулов пьесалари); 1980 йил «Юсуф ва Зулайҳо» (Х.Саъдулло пьесаси), 1984 йили «Синган юраклар» (Т.Турсун пьесаси). Мазкур мусиқали драмалар Муқимий номидаги мусиқали драма ва комедия театрида, Фарғона, Наманган, Андижон мусиқали театрлар жамоалари биринчилардан бўлиб томошабинларга ҳавола этган.

Композитор симфоник оркестр учун 4 қисмли сюита, симфоник оркестр ва скрипка учун «Ария», Г.Мушель билан ҳамкорликда «Стадионда учрашамиз» кино мусиқаси; ўзбек халқ чолғулари оркестрига 5 қисмли сюита, най ва ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Чўли Ироқ» поэмаси; «Фарғона квартети», болалар театрида саҳна юзини кўрган «Серка бобонинг найранглари» ва «Ўжар мушукча» спектаклларига мусиқа басталади. У йиллар давомида классик ва замондош шоирлар шеърларига кўплаб қўшиқ ва романслар яратди. Улар орасида романслар: «Айлари», «Зебосидан», «Кун чашмаси» (Навоий шеърлари), «Навбаҳор» ва «Гулистоним менинг» (Муқимий шеърлари), эстрада қўшиқлари: «Моҳигул» (Ғ.Ғулом шеърлари), «Наманган оқ олтини» (Зулфия шеъри), «Қувноқ чўпон» (Ҳ.Муҳаммад шеъри), «Гул боққа» (Т.Тўла сўзи), «Қизлар ва йигитлар лапари» (Я.Қурбон сўзи) кабилар машҳур бўлиб кетган. Болалар учун «Боғимиз», «Она ватаним», «Биз мардлармиз» қўшиқларини ва мусиқа мактаби ўқувчиларига бағишланган фортепиано учун чоп этилган тўплам, скрипка ва фортепиано учун пьеса, фортепиано ва кларнет, фортепиано ва гобой учун пьесалар яратди.

Дадаали Соатқулов 1949 йил «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», 1967 йили «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвони билан мукофотланган.