ҲАМИД РАҲИМОВ
(1927-1977)
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, композитор Ҳамид Раҳимов ўзининг кўп қиррали ижоди, дирижёрлик, педагоглик ва жамоат фаолияти билан XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди. Унинг жозибали қўшиқлари, симфоник, вокал-симфоник, айниқса мусиқали драмалари, радио ва теле постановкаларига ёзган мусиқаси ўзига хослиги билан шинавандаларни ўзига тортади ва мафтун қилади.
Ҳамид Раҳимов Тошкент шаҳри 1927 йилнинг 15 май куни таваллуд топди. Ёшлик чоғлари ҳақида у шундай ҳикоя қилган эди: «Мен ўзимни таниганимдан буён мусиқага ихлосманд бўлдим. 1938 йилдан бошлаб дутор, най, пианино чалишни ўргана бошладим. 1941 йили Иккинчи жаҳон уруши бошланди. Шу йилнинг август ойидан Тошкент тўқимачилик корхонасига ишга кирдим. 1943 йил августнинг охирида Ҳамза номидаги мусиқа билим юртига бордим. В.А.Успенский ва Е.Е.Романовская менинг мусиқий қобилиятимни текшириб, мусиқа назарияси тайёрлов бўлимига ўқишга қабул қилишди. Орадан уч йил ўтгач, бир куни сольфеджио ва назариядан дарс бераётган ўқитувчи, мен басталаган куйларни Тошкент давлат консерваториясининг профессори Б.Б.Надеждинга кўрсатибди. У мени чақиртириб олиб, консерваториянинг тайёрлов бўлимида ўз синфида ўқишни таклиф қилди. Шу сабабли 1945 йили консерваторияга кўчирма қилишди. 1948 йили консерваториянинг тайёрлов бўлимини битириб, асосий босқичга ўтдим. 1954 йили Давлат имтиҳонини «Ёшлик» номли симфоник поэмаси ва «Сени севаман» (Т.Тўла сўзи) қўшиғидан иборат диплом ишимни тақдим этдим ва консерваторияни муваффақиятли битирдим. Профессионал композитор бўлиб шаклланишимда ҳурматли устозим Б.Б.Надеждиннинг хизматлари беқиёсдир».
Ҳ.Раҳимов санъат соҳасида меҳнат фаолиятини 1950 йилда, талабалик давридан бошлади. У 1950-1956 йилларда М.Қориёқубов номидаги Ўзбек давлат филармониясининг «Ўзбекистон» ашула ва рақс ансамбли мусиқа раҳбари, 1956-1958 йилларда Муқимий номидаги мусиқали драма ва комедия театри дирижёри, 1958-1960 йилларда «Баҳор» рақс ансамбли мусиқа раҳбари лавозимларида ишлаб, бу жамоаларнинг ижодий савиясини кўтаришга ва репертуарларини бойитишга хизмат қилди. Ҳ.Рахимов 1960 йили Ўзбекистон Маданият вазирлигининг мусиқа бўлимига бошлиқ бўлади. 1961 – 1971 йилларда Тошкент давлат консерваторияси ректори, 1972 -1977 йилларда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтида мусиқа кафедраси мудири бўлиб ишлади. 1977 йил 8 декабрда 50 ёшида айни куч-қувватга тўлган, ижодий баркамолликка етган чоғида дунёдан кўз юмди. Унинг тўлиқ сиймоси Ўзбекистон халқ артисти, машҳур раққоса ва балетмейстер Қундуз Миркаримова, севимли ўғиллари Баҳодир, Бобир, қизлари Маъмурахонлар ва кўплаб шогирдлари қалбида яшайди.
Консерваторияда ўқиб юрган пайтларида басталаган қуйидаги жозибали илк қўшиқлари: «Бахт йўлида сайрайман», «Тинч Ўзбекистоним» ва «Ёшлигимиз» (П.Мўмин сўзи), «Севимли ўғлим» (Ҳабибий сўзи), «Қалб қўшиғи» (М.Ғани сўзи), «Сўранг» (Шухрат сўзи), романс, яккахон ва симфоник оркестр учун қайта ишланган ўзбек халқ ашулалари: «Навбаҳор» ва «Ҳануз», дамли чолғулар ансамбли учун «Ялла», рақс ва ўзбек халқ куйлари асосида ёзилган иккита симфоник сюита унга шуҳрат келтирди. Хусусан, унинг симфоник оркестр учун «Миниатюра-концерт» сюитаси Т.Тўла билан ҳамкорликда, яккахон, хор ва симфоник оркестр учун «Баҳор» кантатаси, ашула ва рақс ансамбли учун бухороча “Рақс сюитаси”, скрипкачилар унисон ансамбли учун «Вальс» каби асарлари ижрочилар томонидан қизғин кутиб олиниб, улар репертуарида сақланиб келинмоқда.
Ҳ.Раҳимовнинг қўшиқ жанрига муҳаббати чексиз эди. Унинг «Қуёшистон» (Сайёр сўзи), «Давр қўшиғи» (И.Ғани сўзи), «Ёшлигимиз», «Хаёлим сенда», «Тошкент баҳори» ва «Фестиваль вальси» (Т.Тўла сўзлари), «Ўзбекистоним» (Э.Воҳидов сўзи), «Севги ҳақида» (Ў.Рашид сўзи), «Қаҳрамонни севаман» (М.Қодиров сўзи), «Даврон сурайлик» (халқ сўзи), «Сени севаман» (Т.Тўла сўзи) каби оммавий ва лирик қўшиқлари, «Келдиму» (С.Зуннунова сўзи) романси қўшиқ шинавандаларини сеҳрлаб қалбларидан жой олди.
Ҳамид Раҳимов мусиқали театр ва телевидение учун бир қатор саҳна асарлари ва киномусиқа яратди. Муқимий номидаги мусиқий театрда композиторнинг «Сингиллар қиссаси» (Тўлқин пьесаси, 1955 й.) “Зафар” (Пўлат Раҳимов билан ҳамкорликда, У.Исмоилов пьесаси, 1956 й.), «Оқ нилуфар» (ҳинд классик драматурги Шудраканинг «Лойдан ясалган аравача» номли пьесаси асосида, 1959 йил), «Раис уйланармиш» (Б.Халилов пьесаси, 1960 й.), «Ишқинг билан» (Ҳ.Умаров пьесаси, 1960 й.), «Жоним фидо» (И.Раҳим пьесаси, 1974 й.), Фарғона мусиқали драма ва комедия театрида «Сўнгги фожиа» (М.Мирзаева пьесаси, 1974 й.) ва «Танбур ноласи» (М.Қодиров пьесаси, 1975 й.), Наманган мусиқали драма ва комедия театрида «Миршаб» (А.Турсунбоев пьесаси, 1976 й.) каби асарлари саҳналаштирилди. Композитор 1970 йил «Зафар» мусиқали драмаси асосида Самарқанд опера ва балет театри учун шу номли (У.Исмоилов либреттоси) операсини яратди. Унинг премьераси қизғин кутиб олинган эди. Ҳ.Раҳимов 1965-1976 йилларда «Она қалби», «Ҳайит», «Одам одамга» каби телеспектаклларга ҳам мусиқа басталади.
Ажойиб инсон, мураббий, ташкилотчи, дирижёр ва композитор Ҳамид Раҳимов XX аср замонавий профессионал мусиқа маданиятининг ривожланиши жараёнига улкан ҳисса қўшди. У элим деб, юртим ва санъатим деб тинимсиз меҳнат қилди, кўп саховатли ишларни бажарди.
Композитор Ҳамид Раҳимов «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» (1967 й.) фахрий унвони, бир қатор фахрий ёрлиқлар билан муносиб тақдирланган.