ДАДААЛИ СОАТҚУЛОВ
(1917-1985)
Ўзбекистон халқ артисти, машҳур найчи-созанда, педагог, композитор, жамоат арбоби Дадаали Соатқулов XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди. У болалигидан миллий мусиқа анъаналарида тарбия олди. Кўп овозли мусиқа санъатининг шакл ва жанр хусусиятларини ўзлаштириб, замонавий мусиқа ижодкорлигининг ривожланишига баракали ҳисса қўшди. Унинг яратган жозибали қўшиқлари, куйлари, камер чолғу, симфоник ва вокал-симфоник асарлари, айниқса, мусиқали драмалари ижро жамоалар репертуарини бойитди.
Дадаали Соатқулов 1917 йилда Наманган вилояти Поп туманида туғилди. 1931-1934 йилларда Наманган шаҳридаги мактабда ўқиди, бадиий ҳаваскорлик тўгарагида най чалишни ўрганди. 1934 йили Ҳамза номидаги Қўқон давлат театрига созанда сифатида ишга киради. Тез орада у театрнинг мусиқа бўлими мудири вазифасига тайинланади.
1940 йили Д.Соатқулов композитор бўлиш ниятида Тошкент давлат консерваториясининг тайёрлов бўлимига ўқишга киради. Ўқиш даврида Ўзбекистон радиоси қошидаги ўзбек халқ чолғулари ансамблида найчи бўлиб ишлайди. Кейинчалик у эслаб ёзган эди: «Урушнинг касофати билан консерваториядаги ўқишим 1942-1944 йилларда тўхтаб қолди. Ғижжакчи С.Алиев, рубобчи М.Мирзаев, доирачи Ш.Ҳамдамов, баянчи Н.Налевайко, мен найчи, лапарчи М.Омонова, хонандалар Н.Ёқубова, С.Самандарова ва раққоса Т.Маҳмудовалардан иборат «Фронт концерт бригада»си тузилди. Бригадамиз бутун 1943 йили ва 1944 йилнинг апрель ойига қадар Шимолий-Ғарбий Белорусия, Ленинград, Волхов фронтларида жангчиларга концертлар бериб хизмат қилди. Жангчиларга берган концертларимиз дастурида мен яратган «Олға бос», «Ватан учун» «Зафар», «Ҳужум», «Ғолиблар марши», «Ватан» каби ватанпарварлик руҳида басталаган қўшиқларим ҳам жаранглар эди. 1944 йилнинг апрелида ватанимиз, жонажон Тошкентга қайтиб келдик. Мен радиодаги ишимни, сентябрдан консерваторияда ўқишимни давом этдим. Давлат имтиҳон комиссиясига Ғ.Ғулом сўзига «Пахтакорлар тинчлик учун» номли яккахон, хор ва симфоник оркестр учун кантатани тақдим этиб, консерваторияни 1953 йили муваффақиятли битирдим».
Д.Соатқулов консерваторияни битиргач, турли масъул вазифаларда ишлади: 1953-1959 йилларда М.Қориёқубов номидаги Ўзбек давлат филармонияси бадиий раҳбари, 1959-1960 йилларда Ўзбекистон давлат телерадио комитети бадиий раҳбари, 1960-1963 йилларда филармония директори, 1963-1969 йиллар Муқимий номидаги мусиқали театр директори, 1969-1970 йиллар филармониянинг директори, 1971-1972 йиллар радио мусиқий таҳририятининг бош муҳаррири бўлиб ишлади. 1972-1974 йилларда фақат ижод билан шуғулланди. 1975-1985 йилларда Тошкент давлат театр ва рассомлик институти мусиқий кафедрасида катта ўқитувчи ва доцент лавозимларида ишлади.
Д.Соатқулов ижодида мусиқий драма устувор ўрин тутади. 1959 йил «Мардлар қиссаси» (Б.Раҳмонов пьесаси), 1969 йил «Зарафшон қизи» (Д.Файзиев пьесаси), 1962 йил «Пилла ая» (Туйғун пьесаси), 1964 йили «Гули сиёҳ» (Р.Ҳамроев пьесаси, Соҳиб Жамолнинг романи асосида), 1965 йил «Ҳаёт ҳақиқати» (М.Бобоев пьесаси), 1966 йили «Махтумқули» (Б.Гиенко билан ҳамкорликда, К.Яшин пьесаси), 1969 йил «Фарғона тонг отгунча» (М.Исмоилов романи асосидаги Р.Ҳамроев пьесаси), 1971 йили «Бир қизга минг ошиқ» (Кришна Чандра романи асосидаги Ж.Асатетдинов, К.Маннонов ва 3.Айнутдиновлар пьесаси), 1973 йил «Ошиқлар» (Ё.Шукуров пьесаси), 1975 йил «Зилола» (Ё.Мирзо ва Б.Соатқулов пьесалари); 1980 йил «Юсуф ва Зулайҳо» (Х.Саъдулло пьесаси), 1984 йили «Синган юраклар» (Т.Турсун пьесаси). Мазкур мусиқали драмалар Муқимий номидаги мусиқали драма ва комедия театрида, Фарғона, Наманган, Андижон мусиқали театрлар жамоалари биринчилардан бўлиб томошабинларга ҳавола этган.
Композитор симфоник оркестр учун 4 қисмли сюита, симфоник оркестр ва скрипка учун «Ария», Г.Мушель билан ҳамкорликда «Стадионда учрашамиз» кино мусиқаси; ўзбек халқ чолғулари оркестрига 5 қисмли сюита, най ва ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Чўли Ироқ» поэмаси; «Фарғона квартети», болалар театрида саҳна юзини кўрган «Серка бобонинг найранглари» ва «Ўжар мушукча» спектаклларига мусиқа басталади. У йиллар давомида классик ва замондош шоирлар шеърларига кўплаб қўшиқ ва романслар яратди. Улар орасида романслар: «Айлари», «Зебосидан», «Кун чашмаси» (Навоий шеърлари), «Навбаҳор» ва «Гулистоним менинг» (Муқимий шеърлари), эстрада қўшиқлари: «Моҳигул» (Ғ.Ғулом шеърлари), «Наманган оқ олтини» (Зулфия шеъри), «Қувноқ чўпон» (Ҳ.Муҳаммад шеъри), «Гул боққа» (Т.Тўла сўзи), «Қизлар ва йигитлар лапари» (Я.Қурбон сўзи) кабилар машҳур бўлиб кетган. Болалар учун «Боғимиз», «Она ватаним», «Биз мардлармиз» қўшиқларини ва мусиқа мактаби ўқувчиларига бағишланган фортепиано учун чоп этилган тўплам, скрипка ва фортепиано учун пьеса, фортепиано ва кларнет, фортепиано ва гобой учун пьесалар яратди.
Дадаали Соатқулов 1949 йил «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», 1967 йили «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвони билан мукофотланган.