АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

25 сентябрь: Иброхимов Окилхонни туғилган куни.


29 сентябрь: Оллоберганов Исломни туғилган куни.


30 сентябрь: Очилова Камолахон ни туғилган куни.


25 сентябрь: Саидий Саид Болта-зодани туғилган куни.


22 сентябрь: Хайдаров Ахмад ни туғилган куни.


АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



                           ИБРОҲИМ ҲАМРОЕВ

(1916-1999)

Ўзбекистон халқ артисти, доцент, композитор Иброҳим Ҳамроев XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди. У замонавий ўзбек профессионал мусиқа санъатини илк ривожланиш жараёнига тамал тошини қўйган композиторлардан бири. Композитор бутун умри давомида турли шакл ва жанрларда асарлар яратиб, маънавий ҳаётимизни бойитишга хизмат қилди.

Иброҳим Ҳамроев Бухоро шаҳрида Ҳамро Азимов оиласида 1916 йилнинг 25 декабрида дунёга келди. Болалигидан мусиқага қизиқиб танбур чертишни ўрганди. У 1934 йилда Бухоро мусиқа мактаби ва мусиқа билим юртининг ўзбек халқ чолғулари бўлимида сабоқ олади. 1937 йили ёш созанда Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик тайёрлов бўлимига кириб, Б.Б.Надеждин синфида композициядан ўқийди. У 1940 йили асосий босқичга ўтади ва профессорлар: А.Ф.Козловский ва Л.Н.Ревуцкийлар синфида таълим олади. Талабалик даврида скрипка ва фортепиано учун 2 та пьеса, виолончель учун пьеса, ғижжак, афғон рубоби ва фортепиано учун «Трио», пьеса, этюд, рақс, сонатина, танбур учун куй, торли квартет учун сюита, симфоник оркестр учун 4 қисмли сюита ёзди. 1945 йилда 1 қисмли симфония диплом иши билан консерваторияни муваффақиятли битирди.

И.Ҳамроев Бухоро мусиқа техникумида ўқиб юрган кезлари аввал болалар, кейин мусиқали драма театрида созанда бўлиб меҳнат фаолиятини бошлади. 1939 йилдан консерваториянинг тайёрлов бўлимида мусиқа назарияси ва сольфеджиодан дарс берди. 1943 йилда Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртида ҳам дарс бера бошлади. 1950 йилда мазкур ўқув юртига директор лавозимига тайинланди. 1957-1995 йилларда И.Ҳамроев консерваторияда ўқитувчи, катта ўқитувчи ва доцент вазифаларида талабаларга дарс берди, ўзбек мусиқаси асосида «Сольфеджио» фанидан икки қисмли дарслик чоп эттирди.

И.Ҳамроев яратган 4 қисмли симфоник сюита (1951й.), симфоник поэма (1957 й.), «Ўзбекистон» (К.Отабоев сўзи, 1956й.), «Бу сенинг илҳоминг» (Ж.Жабборов сўзи, 1975 й.), «Сени улуғлайман» (Миртемир сўзи, 1957й), кўп қисмли кантаталар, айниқса, шоҳ асари «Ўзбекистон хотин-қизлари» (А.Бобожонов сўзи, 1957й.) кантатаси, унга шуҳрат келтирди ва Республика мукофотига сазовор бўлди.

Театр учун композитор қуйидаги мусиқали драмаларни яратди: «Милихоббону нави товон» (Э.Маматхонов пьесаси, 1962й.), «Бир ғунча очилгунча» (Мирзо пьесаси, 1965 й.), «Шоирнинг орзуси» (Х.Расул пьесаси, 1972й.), «Интиқом» (Я.Маматхонов пьесаси, 1983й.), опералар: «Ойжамол» (Э.Воҳидов либреттоси, 1969 й) ва «Чўл чақмоғи» (Ж.Жабборов либреттоси, 1973 й.). Мазкур саҳна асарлари орасида «Ойжамол» ўзбек опера санъатининг ривожланиш жараёнида ёрқин из қолдирди. Замонавий мавзуда ёзилган опералар кўрик-танловида «Ойжамол» диплом ва мукофотга сазовор бўлган.

И.Ҳамроев ўзбек халқ якка чолғулари ва оркестрига ранг-баранг мусиқалар яратди. У басталаган асарлар орасида, айниқса, чанг учун ёзилган иккита «Концерт» (1963-71 й.) ва қашқар рубоби учун концертлари машҳур бўлиб, созандалар ўқув дастурларидан кенг ўрин олган.

Композитор И.Ҳамроев қўшиқчилик соҳасига ҳам ўз ҳиссасини қўшди. У замондош шоирлар сўзларига яратган кўпгина қўшиқларининг деярли ҳаммаси Ватан, меҳнат, ҳаёт ва муҳаббат мавзусида яратилган ва кўплари лирик ҳолатни ифодалайди. Унинг «Ўзбекистоним менинг» ва «Бахтимиз чароғбони» (Ё.Мирзо сўзлари), «Қиз орзуси» (Т.Маҳмудов сўзи), «Дилда баҳор ўйнайди» ва «Одамлардан сўроқлаб» (Тўлқин сўзлари), «Тингланг мени, сайёралар», «Дилбарим, жоним», «Гўзал қизга» (М.Қодиров сўзлари), «Юр, сайёрага чиқайлик» (А.Абдусаматов сўзи), «Баҳор байрами» (Т.Тўла сўзи), «Сайёраларга» (Юсупов сўзи), «Менчи капитан» (Ж.Жабборов сўзи), «Чаман» (П.Мўмин сўзи), «Рубобим» (О.Мухторов сўзи), «Офарин илҳоми» (В.Саъдулла сўзи), «Ҳар баҳор, ҳар кузда» (Н.Раҳимов сўзи) ва бошқа қўшиқлар фортепиано ва кўплари ўзбек чолғулари оркестри жўрлигида ижро этилади. 1985 йил композитор овоз ва ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Ўзбекистон, бўл омон» (С.Акбаров сўзи) балладасини яратди. Унинг болаларга аталган кўпгина қўшиқлари бор.

Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасининг 1944 йилдан аъзоси Иброҳим Ҳамроев ўзбек мусиқаси ривожига қўшган хизматлари учун «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби», «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонлари, медаллар билан тақдирланган.

                            ОЛИМЖОН ҲАЛИМОВ

(1912-1984)

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, Бердах номидаги Давлат мукофоти совриндори, композитор Олимжон Ҳалимов XX аср ўзбек ва қорақалпоқ халқлари замонавий профессионал мусиқаси тарихида чуқур из қолдирди. Ўзбек мусиқа маданиятининг вакилларидан бири, атоқли композитор Қорақалпоғистон замонавий мусиқа санъатининг ривожланишига тамал тошини қўйди. Қардош халқ мусиқа маданиятининг ривожланишига ёрдам бериш учун 1944 йили борган О.Ҳалимов умрининг охиригача шу ерда хизмат қилди. У турли жанр ва шаклларда ранг-баранг асарлар яратиб, ижро жамоаларининг репертуарларини бойитди. Унинг мусиқали драма ва комедиялари узоқ йиллар давомида Нукус, Бухоро, Урганч ва Тошкент театрлари саҳналарида намойиш этилди.

Олимжон Ҳалимов Бухоро шаҳрида, машҳур ҳофиз, шашмақом билимдони Ўзбекистон халқ артисти Домла Ҳалим Ибодов оиласида 1912 йилда таваллуд топди. У 1919 йили маҳалла мактабида ва 1924 йилдан бошлаб янги мактабда ўқиди. Туғма истеъдод соҳиби Олимжон болалигидан мусиқа оламида ўсди, мусиқага қизиқди, ҳофиз ва созандаларга ҳавас билан эргашди. 1926 йили Бухоро мусиқа мактабида машҳур ғижжакчи Нажмиддин Насриддинов синфида таҳсил ола бошлади. 1929 йили Самарқанд мусиқа ва хореография илмий тадқиқот институтига ўқишга кирди. Ушбу ўқув даргоҳида у машҳур санъаткорлар: Ота Жалол Носиров, отаси Домла Ҳалим Ибодов, Абдураҳмон Умаров, Аҳмаджон Умурзоқов, Абдуқодир Исмоилов, Матюсуф Харратов, Николай Миронов каби устозлардан мусиқа санъати сирларини ўрганди. Ўқиб юрган йиллари ва 1932 йили битиргандан сўнг ҳам Самарқанд радиосининг халқ мусиқа ансамблида созанда бўлиб ишлади. Шу институтда бўлғуси атоқли санъаткорлар: М.Бурҳонов, Т.Содиқов, М.Левиев, Д.Зокиров, М.Насимов, Ф.Шамсутдинов ва бошқалар билан танишди, бирга ўқиди.

1933 йили О.Ҳалимов Свердлов номидаги Тошкент мусиқали театрига ишга таклиф қилинди, 1935 йили эса П.И.Чайковский номидаги Москва давлат консерваторияси қошида янги ташкил этилган «Ўзбек опера студияси»га юборилди. Мазкур ўқув даргоҳида у хор дирижёрлиги бўлимида ўқиди ва профессор Г.И.Литинский синфида композиторлик мутахассислигидан сабоқ олди. Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан у Тошкентга қайтиб келиб, Тошкент вилояти театрида мусиқа раҳбари бўлиб ишлай бошлади. 1942 йилнинг бошида унга Туркистон ҳарбий округи бошқармаси Фарғона гарнизонида «Ашула ва рақс ансамбли»ни ташкил этишга топшириқ беради. Ансамбль учун қўшиқ ва куйлар ёзади, атоқли бастакор Ю.Ражабий билан ҳамкорликда «Нодира» спектаклига мусиқа басталади. Мазкур спектакль 1943 йили Фарғона вилоят мусиқали драма театрида саҳна юзини кўрди.

1944 йилнинг охирида О.Ҳалимов Қорақалпоғистонга замонавий мусиқа санъатини ривожлантиришга ёрдам бериш учун юборилади. У маҳаллий санъаткорлар билан ва халқ мусиқа мероси билан танишади, ижод қилади, давлат ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатади.

Драматург Ҳожиниёзов пьесасига бастакор-бахши Жапақ Шомуратов билан ҳамкорликда «Суймегенге-суйкенбе» мусиқали комедиясини ёзди. Ушбу спектакль 1945 йили Станиславский номидаги мусиқали драма театрида саҳналаштирилади. Бу асар муаллифларга катта шуҳрат келтирди. Бундан илҳомланган композитор турли мавзуларда ёзган қўшиқ ва рақс куйлари билан бирга 1945-1952 йилларда бастакор-бахши Ж.Шомуратов ва драматург Ж.Аймурзаевлар билан ҳамкорликда: «Ойгул-Абад», «Орол қизи», «Амударё», «Бердах», «Бекжаб фожиаси», А.Хайриддинов билан ҳамкорликда «Жайловда тўй» мусиқали драмаси ва А.Султонов билан ҳамкорликда «Куйчелек кўзли ёр» асарларини яратди.

О.Ҳалимов композиторлик малакасини ошириш учун 1952 йилда Тошкент давлат консерваториясига ўқишга кирди. У профессор Г.А.Мушель синфида таҳсил олади ва талабалик даврида фортепиано учун пьесалар, 5 та прелюдия, сонатина, скерцо, вальс, фортепиано ва флейта, виолончель, кларнет учун бир нечта пьесалар, фортепиано учун қорақалпоқ халқ куйи асосида «Рапсодия» ва ўзбек чолғулари оркестри учун «Қорақалпоқча сюита» ва бошқа асарлар яратди. Давлат имтиҳонига «Қирқ қиз» номли вокал-симфоник поэмани тақдим этиб, 1958 йили консерваторияни муваффақиятли битиради.

О.Ҳалимов қорақалпоқ ва ўзбек классик ҳамда замондош шоирларнинг сўзларига 200 дан ортиқ ранг-баранг қўшиқ ва ашулалар яратди. Улар билан бирга Х.Сеитов сўзига «Қорақалпоғистон» кантатаси, И.Юсупов сўзларига «Орол лирикаси» вокал-симфоник сюитаси, 4 қисмли симфоник сюита каби йирик асарларни ҳам басталади.

Композитор О.Ҳалимовнинг ижодий фаолиятида мусиқали драма ва комедия жанрлари етакчи ўрин эгаллайди. Мазкур жанрларда у 20 дан ортиқ асар яратган. Жумладан: «Тенгинг топгин, қиз» (Утепов пьесаси), «Ғариб ошиқ» (Бегимов ва Олланазаров пьесаси), «Жас жулеклер», «Тинимсиз тўлқинлар», «Ахмоқ подшо», «Мамонби ва Бумагул» (Ҳожиниёзов пьесаси) ва бш. Узоқ йиллардан буён саҳнада умр кўрган «Суймегенге суйкенме» мусиқали комедияси (қайта ишланган) учун композитор 1972 йили Бердах номидаги Қорақалпоғистон Давлат мукофотига сазовор бўлган.

Йиллар давомида О.Ҳалимов 140 та қорақалпоқ халқ мусиқаси дурдоналарини йиғиб, уларни нотага ёзиб, абадийлаштириш ниятида мусиқашунос И.Акбаров таҳрири остида «Ўзбек халқ мусиқаси» тўпламининг 8- жилдида нашрдан чиқарди. (Тошкент, 1959 йил).

Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига композитор, дирижёр, устоз Олимжон Ҳалимов 1958 йили қабул қилинган. У Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда ўтказилган адабиёт ва санъат декадаси, қурултой, пленум маданият ва санъат тадбирларида фаол қатнашди. 1967 йили Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасининг Қорақалпоғистон бўлими очилди ва у бўлим раиси этиб сайланди, 1977 йилгача фаол меҳнат қилди.

Олимжон Ҳалимов «Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби», «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» «Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти» фахрий унвонлари, орден, медаллар ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган.

                            ОЛМАХОН ҲАЙИТОВА

(1940-2014)

Ўзбекистон халқ артисти, хонанда ва бастакор Олмахон Ҳайитова Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасига 1998 йили қабул қилинган. У кучли, ноёб, ўзига хос бетакрор овози билан мусиқа шинавандаларининг олқишларига сазовор бўлди.

Олмахон Ҳайитова Хоразм вилоятининг Ханқа туманида таваллуд топган. Умумтаълим мактабида ташкил топган бадиий ҳаваскорлик тўгарагида рубоб, дутор чертиш ва қўшиқ айтишда тенгдошлари орасида у алоҳида ажралиб турар, келгусида хонанда-санъаткор бўлишига кўпчилик ишонар эди. Мактабни битириб Урганч шаҳар маданият уйидаги ашула ва рақс ансамблига қабул қилинди. Ансамблда устозлардан халқ мусиқа меросидан кўплаб қўшиқлар ўрганди. 1959 йили эса Тошкент вилояти Янгийўл шаҳар театрига хонанда лавозимига таклиф этилди. Мазкур театрда моҳир хонанда сифатида узил-кесил шаклланди ва эл-юртга танилди. 1963 йили ёш хонандани М.Қориёқубов номидаги Ўзбек давлат филармонияси қошидаги Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов раҳбарлигида ташкил топган «Хоразм ашула ва рақс ансамбли»га яккахон лавозимига таклиф этишди. 1969-1974 йилларда М.Уйғур номидаги Тошкент давлат санъат институтида таҳсил кўрди. 1995-2005 йилларда Хоразм вилоят «Ўзбекнаво» гастрол-концерт бирлашмаси таркибидаги К.Отаниёзов номидаги филармониянинг директори вазифасида фаолият кўрсатди.

Хонанда-бастакор Олмахон Ҳайитова ўзининг ижрочилик ва бастакорлик фаолияти билан миллий қўшиқчилик санъатига ўз ҳиссасини қўшди. Унинг 50 дан ортиқ турли мавзуларда, замондош шоирларнинг сўзларига басталаган, ранг-баранг, қўшиқ, ялла ва ашулалари мавжуд. Улар орасида «Муҳаббат», «Сен бир ёна, мен бир ёна», «Торни қўлга олингларей», «Уяламаней» (Ошиқ Эркин сўзлари); «Бўлса бўлар, бир бўлар» (Шоди Карим сўзи); «Ўйнали» (О.Матжон сўзи), «Кўзингдан айланай» (Қ.Матрасул сўзи), «Ишқ ўйнашдим» (Комила сўзи) ва бошқа қўшиқлари ўз ижросида машҳур бўлди.

Олмахон Ҳайитова 1966 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», 1992 йили «Ўзбекистон халқ артисти» ва 1993 йили Қорақалпоғистон халқ артисти фахрий унвонлари билан тақдирланган.

                               СУЛТОН ҲАЙИТБОЕВ

(1926-2000)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор, композитор С.Ҳайитбоев замонавий профессионал композиторлар сафига 1960-йилларнинг бошида кириб келди. Унинг дилрабо қўшиқ ва ашулалари, чолғу куйлари, оркестр учун ёзган асарлари, мусиқали драма ва комедиялари, симфоник ва вокал-симфоник асарлари мухлислар қалбидан муносиб ўрин олган.

Султон Ҳайитбоев Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида 1926 йилнинг 5 май куни таваллуд топди. Ёшлигидан мусиқага меҳр қўйди, мактаб ва туман мусиқа тўгарагига қатнашиб, ғижжак ва доира чалишни ўрганди. Туғма истеъдод соҳиби Султон ёш бўлишига қарамай, Янгиариқ туманидаги «Колхоз театри»да созанда бўлиб ишлади. 1945-1949 йиллари Тошкентда ҳарбий хизматни ўтади. Султон ўша дамлар ҳақида қуйидагича ҳикоя қилган: «Ҳарбий ҳаваскорлар ансамбли» репертуар дастурида ўзбек халқ мусиқаси билан бирга Ю.Ражабий, Т.Жалилов, К.Жабборов, С.Калонов, Ф.Содиқов, Н.Ҳасанов, М.Ниёзов, П.Раҳимов, Т.Содиқов, М.Левиев, С.Юдаков каби композиторларнинг қўшиқ ва куйлари мавжуд эди. Мазкур бастакорларнинг ижодлари менга жуда ҳам таъсир қилди. Мен ҳам шуларга ўхшаган бастакор бўлишни орзу қилар эдим. Чунки ўзим ҳам куйлар басталашга интилиб, бир неча куй ва қўшиқларим ансамбль ижросида жаранглади. Оврўпа нота ёзувини ўзлаштиришга, мусиқачи бўлишга қарор қилдим».

С.Ҳайитбоев 1949 - йилда Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртининг ғижжак синфи ва мусиқа назарияси бўлимига ўқишга кирди. Мусиқа назарияси ва композиторлик мутахассислиги бўйича С.Бобоев ва Б.Гиенколардан сабоқ олди. 1952 йили Ўзбекистон халқ артисти Ю.Ражабий радио қошидаги Ўзбек халқ чолғу ансамблига С.Ҳайитбоевни ишга таклиф қилди. Хоразм, Бухоро ва Фарғона, Тошкент анъанавий мусиқа йўналишларини ўзлаштириши ёш композитор учун катта мактаб бўлди.

1955-1960 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетида профессор Б.Б.Надеждин синфида таҳсил олди. 1960 йилда Ўзбекистон маориф вазирлиги қошидаги педагогика илмий текшириш институтида мусиқа ва бадиий санъат бўлими мудири лавозимига тайинланди. 1962 йилдан эса М.Қориёқубов номидаги Ўзбек давлат филармониясининг мусиқа бўлимига мудирлик қилди. 1965-1968 йилларда консерваториянинг аспирантурасида профессор А.Козловский раҳбарлигида таҳсил олди. 1968 йилдан консерваторияда муаллимлик қилди. 1975 йилдан умрининг охиригача А.Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтида чолғулаштириш ва партитура ўқиш кафедрасини бошқарди.

Бастакорнинг ижодида қўшиқ ва мусиқали драма жанрлари устун туради. У ижодининг 40 йилдан ортиқ даврида қўшиқчилик санъатига эътиборини қаратди. Замондош шоирлар билан ҳамкорликда, турли мавзуларда жуда кўп қўшиқ, ялла ва ашулалар яратди. Шуниси диққатга сазоворки, композитор қўшиқларини машҳур хонандалар ва ижрочи жамоаларнинг илтимосларига кўра яратиб, уларнинг репертуарларини бойитди. Масалан, Ўзбекистон халқ артистлари — Олмахон Ҳайитова ижросида «Ўзбекистон гуллари» (А.Бобожонов сўзи), «Ўзбекистон сўзлагай» (Н.Нарзуллаев сўзи), «Хаёл» (Э.Охунова сўзи), «Ўтмасмикан» (Нилуфар сўзи), Коммуна Исмоилова ижросида «Эй, соҳиби дил» (Т.Тўла сўзи), «Сўзим айтаман» (Халқ сўзи), «Истар» (Э.Самандаров сўзи), Султонпошша Ўдаева ижросида «Хивам, менинг дўстларим» (Э.Самандаров сўзи), Қувондиқ Искандаров ижросида «Эсингдами» (Миртемир сўзи), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Ҳадя Юсупова ижросида «Ўргилай ёр, бўйингдан» (А.Исроилов сўзи), «Оҳ, агар кўрсам яна», (Ҳ.Бойқаро сўзи), «Овозингни эшитганда» (Т.Қаҳҳор сўзи), Матлюба Дадабоева ижросида «Ўзбекистоним» (Ж.Жабборов сўзи), хонанда Озода Ёрова ижросида «Кечма муҳаббатдан» (Э.Самандаров сўзи), Ғанижон Ваҳобов ижросида «Қалам қошга» (П.Мўмин сўзи) ва бошқа хонандалар ижросида концерт дастурларида, радио эфир тўлқинларида жаранглаб келмоқда. Булардан ташқари, «Лазги» вокал-хореографик ансамбли ва ўзбек халқ чолғулари оркестрининг ижро дастуридан композиторнинг бир талай қўшиқлари ўрин олган.

1991-1999 йилларда Э.Самандаровнинг сўзларига «Соғиниш», «Юлдуз билан», «Истар», «Умид ғунчаси», «Кетма, муҳаббат», Б.Бойқобиловнинг сўзларига «Биз Темур авлодимиз», Раъно Узоқова сўзига «Вафо қилмади», Ҳусайн Бойқаро ғазалларига «Армон бўлмасин», «Равшан айлагил», «Оҳ, агар кўрсам яна», «Жамолингдан кўзим равшан» каби қўшиқ ва куйлар яратди. Композиторнинг қўшиқлари 1985 йилда Ғ.Ғулом нашриётида «Ўзбекистон сўзлагай» номи билан махсус тўпламда ва турли бошқа тўпламларда чоп этилган.

1962 йили С.Ҳайитбоев бастакор К.Жабборов билан ҳамкорликда «Нодира» (Ҳ.Раззоқов пьесаси) мусиқали драмасини яратди. Асар Андижон мусиқали театрида саҳна юзини кўргандан бошлаб композиторнинг ижодида катта бурилиш бўлди. У шу жанрга меҳр қўйди ва йиллар давомида 14 та мусиқали драма, иккита мусиқали комедия ва учта телевизион спектаклга мусиқа басталади. Унинг саҳна асарлари Муқимий номидаги мусиқали театрда ва вилоят театрларида саҳна юзини кўрди. Масалан, Огаҳий номидаги Хоразм вилоят театри 1964 йили «Сўнгги хон» (А.Бобожон ва М.Муҳамедовлар пьесаси) мусиқали драмани, шу театр жамоаси 1972 йили «Қудалар» (Ў.Рашид пьесаси) мусиқали комедияни, 1973 йили «Маузерли қиз» (Ю.Юсупов пьесаси), 1985 йили «Аҳмад билан Оқбилак» (Т.Мирза пьесаси), Бобур номидаги Андижон вилоят театри 1969 йили «Салтанат шубҳада» (Ш.Саъдулло пьесаси), 1971 йили Фарғона вилоят театри «Яйлов тонги» (Тамкин пьесаси) ва 1973 йили «Завқий» (К.Маҳкамов пьесаси), Алишер Навоий номидаги Наманган вилоят театри 1976 йили «Муҳаббат ёдгори» (М.Назаров пьесаси) ва 1979 йили «Фарзанд деб» (Ў.Рашид пьесаси), М.Тошмуҳамедов номидаги Қашқадарё вилояти театри 1978 йили «Чороғбонлар» (М.Назаров пьесаси) мусиқали драмаларини, Ю.Ражабий номидаги Сирдарё вилоят театри 1990 йили «Икки ошиқ бир бўлса» (Т.Қаҳҳор пьесаси) мусиқали комедияни томошабинларга ҳавола қилган эди. Муқимий номидаги мусиқали театр жамоасини эса 1966 йили «Бағритош» (Ҳ.Умаров пьесаси), 1975 йили «Туркман қизи» (Тамкин пьесаси), 1994 йили «Ҳар кимга вафо қилса» (Ҳ.Муҳаммад пьесаси), бастакор А.Исмоилов ва композитор М.Отажоновлар ҳамкорлигида ёзилган «Башорат» (Э.Самандаров пьесаси) мусиқали драмалари 1995 йили саҳна юзини кўрди. 1967 йили «Увайсий» (Т.Қосимова пьесалари), 1971 йили «Дилистоним менинг», 1984 йили «Машраб» (Алп Жамол пьесаси) телеспектаклларига мусиқа басталади.

Композитор С.Ҳайитбоевнинг скрипка ва симфоник оркестр учун концерт, симфония, симфоник сюита, рубоб ва ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Концертли лирик пьеса», ўзбек халқ чолғулари оркестри учун учта сюита, ўзбек халқ чолғулари ва доира учун «Доира-рақс пьесаси», қашқар рубоби ва фортепиано учун «Баллада», фортепиано учун пьеса, вариация, прелюдия, фуга каби асарлар мусиқа мактаблар ўқув дастурларига киритилган. Ўзбек мумтоз «Феруз 1 ва 2»ни, «Алиқамбар», «Тобон айласа» ва «Келдим» ашулаларини якка хонанда ва фортепиано учун мослаштирган. Болалар учун «Турналар», «Орзу», «Ўқи, билим ол», «Кимнинг хати чиройли», «Интернатчилар қўшиғи» каби қўшиқлари якка ижрочи ва болалар хор жамоаларининг репертуар дастурларидан жой олган. С.Ҳайитбоев 1960-1964 йилларда Т.Ҳусаинов билан ҳамкорликда умумтаълим мактабларнинг 5 ва 6-синфлари учун «Мусиқа» дарслигини яратди ва нашрдан чиқарди.

Султон Ҳайитбоев 1988 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони, шунингдек, бир неча медаллар билан тақдирланган.

                              НУРИДДИН ҒИЁСОВ

(1957)

Композитор ва дирижёр Ғиёсов Нуриддин Шамсиддинович 1980-йилларнинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасига қабул қилинди. У Тошкент шаҳрида 1957 йилнинг 12 июлида таваллуд топди. 1971-1972 йилларда Т.Содиқов номидаги мусиқа мактабида чанг бўйича сабоқ олди. 1972 йил Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртига ўқишга кириб, чанг синфида таниқли созанда Аҳмад Одиловдан, 1974 йилда мусиқа назарияси бўлимига ўтиб, М.Тожиев синфида таҳсил олади.

1978 - 1983 йилларда Тошкент давлат консерваториясида композициядан профессор Т.У.Қурбоновдан, дирижёрликдан профессор З.Ҳақназаровдан таҳсил олди. 1983 йилда консерваториянинг ассистентура-стажировкасида касб малакасини оширди. 1984-1986 йили ҳарбий хизматда бўлди. 1986 йили ўқишини давом эттириб, «Сабот» оратория-диалог асари билан ўқишни битирди. 1986 йили Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасига қабул қилинди. 1987-1991 йилларда А.Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтида ва 1991-1994 йиллари Ҳамза номидаги мусиқа билим юртида ўқитувчи бўлиб ишлади. 1995 йилдан буён у эркин ижодкор сифатида фаолият кўрсатмоқда.

Композитор Н.Ғиёсовнинг ижодида чолғу мусиқаси устун туради. 1973-1977 йилларда торли квартет учун «Уфор», баритон ва фортепиано учун «Миниатюралар», «Билмас малика» романси, альт ва фортепиано учун «Поэма», торли квартет учун «Квартет», фортепиано ва симфоник оркестр учун «Концерт» (1977 йил), 1978-2002 йилларда чанг, дамли чолғулар учун пьесалар, труба ва фортепиано учун «Импровизация ва фуга», орган учун «Беш кайфият», «Прелюдия ва фуга», «Пьесалар альбоми», «Ғижжак нолалари» 8 та пьеса, бас ва симфоник оркестр учун «Баллада», сопрано ва фортепиано учун «Аёл қалби» туркуми (Г.Жўраева сўзлари), 30 дан ортиқ романслар, валторна ва фортепиано, флейта ва фортепиано, скрипка ва фортепиано учун «Соната»лар, виолончель ва фортепиано учун «Хаёлпараст», «Трио», флейта, кларнет ва фагот учун «Пьесалар альбоми», дамли чолғулар учун «Полифоник пьеса», мисли чолғулар учун «Пьесалар», иккита туба учун «Ноғора нолалари», ноғора учун 20 та пьесадан иборат туркум, зарбли чолғулар учун «Поэма», 1-Квартет (1980 й.), 2-Квартет (1981 й.), 3-Квартет (тўртта контрабас учун, 1983 й.), 4-Квартет (тўртта флейта учун, 1983 й.), фортепиано учун асарлар: «Болалар мусиқаси» 2 та дафтар, «Полифоник пьесалар» 4 та дафтар, «Дақиқалар» туркум, «Соната-вариация шаклида», «Полифоник дафтар», «Нақшлар» 4 кайфиятли туркум, «Микромир» туркум, «Полифоник мақом» 4 шўъбали 24 та фуга (1981 йил), «Насима» мақоми «Йиғлармен» Навоий сўзи, овоз ва хор учун «Учта поэма», акапелла хори учун «9 та фуга», ўзбек шоирларининг сўзлари, «Тўртта хор» Б.Бойқобилов сўзи, «Тўртта хор» болалар ва акапелла хори учун, аралаш хор учун Концерт (1989 й.), «Уч оға-ини ботирлар» опера-балети, (Н.Ғиёсов либреттоси, 1982й.), «Соҳибқирон Темур» спектакли учун мусиқа, «Улуғбек хазинаси» радиоспектакли учун мусиқа, «Баҳодир Жалолов», «Абдулла Қаҳҳор», «Алишер Навоий», «Бефарқлик қалтироғи», «Гулистондан жудо», «Чархпалак» каби 17 та кинофильмларга мусиқа, 100 га яқин қўшиқлар яратди.

Н.Ғиёсовнинг симфоник мусиқа жанрида олиб борган ижодий изланишлари диққатга сазовордир. Композитор симфоник оркестр учун 14 та симфония: №1. «Гойя» («Билишнинг машаққатли йўли», 1983 й.), №2 «Акам хотирасига» 11 та чолғу учун (1983 й.), №3 «Нақшлар» симфония-концерт (1984 й.), №4 «Ўспиринлик» торли оркестр ва зарбли чолғулар учун (1984 йил), №5 «Туйғулар» симфоник оркестр ва сўз устаси учун (М.Аъзам китобидан шеърий ўқишлар, 1985 й.), №6 «Мақом-симфония» торли оркестр ва литавралар учун (1986 й.), №7 «Мақом-симфония» симфоник оркестр учун, Симфоник учлик (трилогия) - «Абадийлик» (1989-1990 йиллар), «Абадий коинот» (Абадий Оллоҳ, 8-симфония), «Абадий Исо» (9-симфония); «Абадий Ислом» (10-симфония), №11. «Ўғлим хотирасига» камер оркестр учун (1999 й.), №12. «Ҳайвонлар макони» ҳайвонот боғига бағишланади, №13. «Адашганлар» (1995-2002 й.), №14. «Покланиш» (1997-2002 й.), «Бешта эртак» (1978 й.), «Поэма-импровизация» (1981 й.), «Авиценна» симфоник поэмаси (1980й.), 9 та концерт-мақом: №1 - виолончель ва симфоник оркестр учун (1985 й.), №2 - чанг ва ўзбек халқ чолғулари оркестри учун (1986 й.), №3 - алть ва камер оркестр учун (1987 й.), №4 - фортепиано ва симфоник оркестр учун (1987 й.), №5 - халқ чолғулари оркестри учун (1988 й.), №6 - скрипка ва симфоник оркестр учун (1988й.), №7 - кларнет ва симфоник оркестр учун (1988 й.), №8 - фортепиано ва симфоник оркестр учун (1993 й.), №9 - катта симфоник оркестр учун (1998 й.) асарларини яратди.

1980-2002 йилларда «Шаклий ёзув» (шарқ мусиқаси имлоси. Темперация қилинган ва қилинмаган созланишга асосланган мусиқа учун имло), «Мусиқий тизим» (Асарларимизнинг техник ва драматургик асослари) илмий ишларини олиб борди.