ИБРОҲИМ ҲАМРОЕВ
(1916-1999)
Ўзбекистон халқ артисти, доцент, композитор Иброҳим Ҳамроев XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди. У замонавий ўзбек профессионал мусиқа санъатини илк ривожланиш жараёнига тамал тошини қўйган композиторлардан бири. Композитор бутун умри давомида турли шакл ва жанрларда асарлар яратиб, маънавий ҳаётимизни бойитишга хизмат қилди.
Иброҳим Ҳамроев Бухоро шаҳрида Ҳамро Азимов оиласида 1916 йилнинг 25 декабрида дунёга келди. Болалигидан мусиқага қизиқиб танбур чертишни ўрганди. У 1934 йилда Бухоро мусиқа мактаби ва мусиқа билим юртининг ўзбек халқ чолғулари бўлимида сабоқ олади. 1937 йили ёш созанда Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик тайёрлов бўлимига кириб, Б.Б.Надеждин синфида композициядан ўқийди. У 1940 йили асосий босқичга ўтади ва профессорлар: А.Ф.Козловский ва Л.Н.Ревуцкийлар синфида таълим олади. Талабалик даврида скрипка ва фортепиано учун 2 та пьеса, виолончель учун пьеса, ғижжак, афғон рубоби ва фортепиано учун «Трио», пьеса, этюд, рақс, сонатина, танбур учун куй, торли квартет учун сюита, симфоник оркестр учун 4 қисмли сюита ёзди. 1945 йилда 1 қисмли симфония диплом иши билан консерваторияни муваффақиятли битирди.
И.Ҳамроев Бухоро мусиқа техникумида ўқиб юрган кезлари аввал болалар, кейин мусиқали драма театрида созанда бўлиб меҳнат фаолиятини бошлади. 1939 йилдан консерваториянинг тайёрлов бўлимида мусиқа назарияси ва сольфеджиодан дарс берди. 1943 йилда Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртида ҳам дарс бера бошлади. 1950 йилда мазкур ўқув юртига директор лавозимига тайинланди. 1957-1995 йилларда И.Ҳамроев консерваторияда ўқитувчи, катта ўқитувчи ва доцент вазифаларида талабаларга дарс берди, ўзбек мусиқаси асосида «Сольфеджио» фанидан икки қисмли дарслик чоп эттирди.
И.Ҳамроев яратган 4 қисмли симфоник сюита (1951й.), симфоник поэма (1957 й.), «Ўзбекистон» (К.Отабоев сўзи, 1956й.), «Бу сенинг илҳоминг» (Ж.Жабборов сўзи, 1975 й.), «Сени улуғлайман» (Миртемир сўзи, 1957й), кўп қисмли кантаталар, айниқса, шоҳ асари «Ўзбекистон хотин-қизлари» (А.Бобожонов сўзи, 1957й.) кантатаси, унга шуҳрат келтирди ва Республика мукофотига сазовор бўлди.
Театр учун композитор қуйидаги мусиқали драмаларни яратди: «Милихоббону нави товон» (Э.Маматхонов пьесаси, 1962й.), «Бир ғунча очилгунча» (Мирзо пьесаси, 1965 й.), «Шоирнинг орзуси» (Х.Расул пьесаси, 1972й.), «Интиқом» (Я.Маматхонов пьесаси, 1983й.), опералар: «Ойжамол» (Э.Воҳидов либреттоси, 1969 й) ва «Чўл чақмоғи» (Ж.Жабборов либреттоси, 1973 й.). Мазкур саҳна асарлари орасида «Ойжамол» ўзбек опера санъатининг ривожланиш жараёнида ёрқин из қолдирди. Замонавий мавзуда ёзилган опералар кўрик-танловида «Ойжамол» диплом ва мукофотга сазовор бўлган.
И.Ҳамроев ўзбек халқ якка чолғулари ва оркестрига ранг-баранг мусиқалар яратди. У басталаган асарлар орасида, айниқса, чанг учун ёзилган иккита «Концерт» (1963-71 й.) ва қашқар рубоби учун концертлари машҳур бўлиб, созандалар ўқув дастурларидан кенг ўрин олган.
Композитор И.Ҳамроев қўшиқчилик соҳасига ҳам ўз ҳиссасини қўшди. У замондош шоирлар сўзларига яратган кўпгина қўшиқларининг деярли ҳаммаси Ватан, меҳнат, ҳаёт ва муҳаббат мавзусида яратилган ва кўплари лирик ҳолатни ифодалайди. Унинг «Ўзбекистоним менинг» ва «Бахтимиз чароғбони» (Ё.Мирзо сўзлари), «Қиз орзуси» (Т.Маҳмудов сўзи), «Дилда баҳор ўйнайди» ва «Одамлардан сўроқлаб» (Тўлқин сўзлари), «Тингланг мени, сайёралар», «Дилбарим, жоним», «Гўзал қизга» (М.Қодиров сўзлари), «Юр, сайёрага чиқайлик» (А.Абдусаматов сўзи), «Баҳор байрами» (Т.Тўла сўзи), «Сайёраларга» (Юсупов сўзи), «Менчи капитан» (Ж.Жабборов сўзи), «Чаман» (П.Мўмин сўзи), «Рубобим» (О.Мухторов сўзи), «Офарин илҳоми» (В.Саъдулла сўзи), «Ҳар баҳор, ҳар кузда» (Н.Раҳимов сўзи) ва бошқа қўшиқлар фортепиано ва кўплари ўзбек чолғулари оркестри жўрлигида ижро этилади. 1985 йил композитор овоз ва ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Ўзбекистон, бўл омон» (С.Акбаров сўзи) балладасини яратди. Унинг болаларга аталган кўпгина қўшиқлари бор.
Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасининг 1944 йилдан аъзоси Иброҳим Ҳамроев ўзбек мусиқаси ривожига қўшган хизматлари учун «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби», «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонлари, медаллар билан тақдирланган.