АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

25 сентябрь: Иброхимов Окилхонни туғилган куни.


29 сентябрь: Оллоберганов Исломни туғилган куни.


30 сентябрь: Очилова Камолахон ни туғилган куни.


25 сентябрь: Саидий Саид Болта-зодани туғилган куни.


22 сентябрь: Хайдаров Ахмад ни туғилган куни.


АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



                                  ТЕЛЬМАН ҲАСАНОВ

(1940-2020)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, дирижёр, композитор Тельман Набиевич Ҳасанов Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1983 йили қабул қилинди.

Ҳасанов Тельман Набиевич Тошкентда, Ўзбекистон халқ артисти, композитор Набижон Ҳасанов (1913-1972 й.) оиласида 1940 йилнинг 5 апрелида таваллуд топди. Болалигидан мусиқага қизиқди, ота касбига эргашди. 1955 йилда Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юрти тайёрлов бўлимида, сўнгра асосий курсида ғижжак синфида ўқийди. 1962 йилда Тошкент давлат консерваторияси композиторлик факультетининг тайёрлов бўлимига ўқишга киради. 1965 йили консерваториянинг асосий курсига ўтказилди ва тез орада ҳарбий хизматга чақирилди. 1967 йили профессор Г.А.Мушель синфида таҳсил олишни давом эттиради. Талабалик даврида скрипка, виолончель ва фортепиано учун яратган «Трио»си, чанг ва оркестр учун «Концерт»и, «Сўлим диёр» (Ҳ.Муҳаммад сўзи), «Отамдан ёдгор» (С.Қўқонбеков сўзи) қўшиқларини яратади, 1972 йилда фортепиано ва симфоник оркестр учун «Концерт» диплом иши билан консерваторияни муваффақиятли битирди.

Т.Ҳасанов 1961-1967 йилларда Ўзбекистон радиоси қошидаги ўзбек халқ чолғулари оркестрида ғижжакчи, 1970-1971 йилларда республика Ички ишлар вазирлиги қарамоғидаги ашула ва рақс ансамбли раҳбари, 1972 йили М.Қориёқубов номидаги Ўзбек давлат филармонияси «Шодлик» ашула ва рақс ансамблининг дирижёри лавозимларида ишлади. Консерваторияни битиргач, 1972-1975 йилларда Ўзбекистон радиоси Бош мусиқа таҳририятининг бош муҳаррир ўринбосари, 1975-1977 йилларда радионинг ўзбек халқ чолғулари оркестри дирижёри, 1977-1980 йилларда телевидение бош мусиқа таҳририятининг бош муҳаррир ўринбосари вазифаларида ишлади. 1980 йили А.Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтининг чолғу дирижёрлиги кафедрасига ишга таклиф этилди. 1990-1991 йилларда Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси қошидаги Мусиқий тарғибот бюроси директори лавозимида ишлади. Ўтган йиллар давомида у республикамизнинг турли вилоятларида ашула ва рақс ансамблларини тузди, уларнинг репертуарини бойитди, республика кўрик-танловларига тайёрлади ва халқ ҳурмат-эътиборига сазовор бўлди.

Ёрқин истеъдод соҳиби, композитор Т.Ҳасанов ўтган йиллар давомида турли жанр ва шаклларда мусиқа асарлари яратди. Унинг симфоник оркестр учун «Сюита» (1980й.), академик Юнус Ражабий хотирасига бағишланган яккахон ва ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Поэма» (1982й.), яккахон ва эстрада оркестри учун Уйғун сўзига «Баллада» (1985 й.), «Гулбаҳор қани» (Б.Ҳалилов пьесаси, 1977 й.), 1977 йили «Хўжайин», 1979 йили «Қизи борнинг нози бор» (Ҳ.Расул пьесалари 1980 й.), «Куёвлар конкурси» (Ҳ.Муҳаммад пьесаси 1982 й.) мусиқали комедиялари, М.Қориев ҳикояси асосида «Ой тутилган кунда» (1974 й.) телеспектаклига мусиқа асарлари бунёдга келди.

Т.Ҳасанов ижодида қўшиқ жанри устун туради. 300 дан ортиқ қўшиқлар яратган бўлиб, улар орасида «Хуморингиз бўлайин», «Ватаним, гўзалсан», «Қизлар севинчи», «Ёрдин келган хат» (А.Исроилов сўзлари), «Баҳор келди» (Ў.Рашид сўзи), «Кўнгил учун», «Олтин қанот», «Жавоб» (Туроб Тўла сўзлари), «Тинчликдан яшнаган», «Қизларжон», «Кўринмайсан», «Тошкент садоси» (П.Мўмин сўзлари), «Жон, республикам», «Чўл нашидаси» (З.Обидов сўзлари), «Қалбдаги сиймо», «Гуллар билан кутаман» (Ш.Рашидов сўзи), «Тошкент баҳори» (Б.Халил сўзи), «Ўлкамиз осмонида» (А.Орипов сўзи), «Зулфия» (Назармат сўзи), «Сабо билан» (Д.Файзиев сўзи), «Атиргулим» (Н.Нарзуллаев сўзи), «Гул диёр» (А.Юсупов сўзи) ва бошқалар алоҳида ажралиб туради.

                           НАБИЖОН ҲАСАНОВ

(1913-1972)

Ўзбекистон халқ артисти, созанда ва бастакор Набижон Ҳасанов 1920- йилларда мусиқа санъатига қадам қўйган. Бастакорнинг жозибали ва дилрабо қўшиқ, ашула ва яллалари, саҳна асарларига басталаган мусиқаси халқ юрагидан жой олди, ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди.

Ҳасанов Набижон Азимович Самарқанд шаҳрида 1913 йилда таваллуд топди. 7 ёшидан маҳалладаги эски мактабда, 9 ёшидан янги мактабда ўқиди. У шундай хотирлаган эди: «Мусиқага бўлган муҳаббатни энг аввал онам ва отам уйғотишди. 1928 йилда Т.Содиқов раҳбарлигида мактабимизда ҳаваскорлик тўгараги ташкил этилди. Бу ерда най чалишни ўргандим, устозим Толибжон акадан ғижжакчи-созанда бўлиб етишдим. 1926 йили машҳур бастакор, созанда Тўхтасин Жалилов Й.Охунбобоев номидаги мусиқали драма театрига ишга таклиф қилдилар. Самарқандда 1928 йили мусиқа ва хореография илмий тадқиқот институти очилганини эшитиб, 1930 йилда мазкур институтга ўқишга кирдим. Ғижжакдан ташқари скрипка, виолончель, фортепиано чалишни ҳам ўзлаштирдим. Нота ёзувини, сольфеджио ва мусиқа назариясидан институт директори, мураббий Н.Н.Миронов ўргатар эди. Бу ўқув даргоҳида Бухоро Шашмақоми, Хоразм мақомлари, «Фарғона-Тошкент мақом йўллари»ни катта устозлардан ўрганиш билан бирга Оврўпо ва рус мусиқа санъати билан ҳам танишиб бордик. Ўқиш билан бир даврда театрда созанда, 1932 йилдан мусиқа раҳбари бўлиб ишладим. Ўша йили ўқишни битирдим. Институтда ўқиб юрган пайтимда машҳур санъат арбоби Али Ардобус ташкил қилган «Кўк кўйлак» деб аталувчи шаҳар ёш ҳаваскорлар тўгарагига Т.Содиқов, М.Левиев, В.Абдулло, А.Жўжаев, А.Тўхтаматов, Ж.Обидов, М.Зиёев, М.Қаландаров каби истеъдодли санъаткорлар билан қатнашар эдим. Самарқандда ўқиб ва ишлаб юрган пайтларимда машҳур устоз, ҳофиз ва бастакор Ҳожи Абдулазиз Расулов домланинг хонадонларида бўлиб ўтадиган мусиқа кечалари, устознинг ўгитлари биз учун ҳақиқий сабоқ мактаби бўлди.

1936 йили устозим Т.Содиқов таклифи билан Тошкентдаги республика ўзбек мусиқали театрининг ансамблида концертмейстер бўлиб ишладим. 1936 йили эса ўзбек филармонияси қошида Т.Жалилов раҳбарлигида ташкил топаётган катта ўзбек халқ чолғулари ансамблига ишлашга ўтказишди. Мазкур ансамбль билан 1937 йили Москвада бўлиб ўтган Ўзбекистон адабиёти ва санъати декадасида муваффақиятли қатнашдим. 1938 йили Самарқанд мусиқали драма театри раҳбарияти мени ишга чақириб, мусиқа раҳбари лавозимига тайинлади. Шу театрда ишлаган пайтларимда «Гулсара», «Ғунчалар», «Тоғ қизи», «Насриддин Афанди», «Шаҳар ўт ичида» каби спектаклларга халқ мусиқа намуналарини ва ўзим басталаган куйлардан киритиб, саҳна асарини бойитишга ҳаракат қилардим. Бу асарлар 1939 йилда Ўзбекистон опера ва балет театридаги халқ чолғу ансамблига концертмейстер лавозимига тайинландим. 1941 йилда бошланган даҳшатли Иккинчи жаҳон уруши халқимиз бошига катта кулфат келтирди. «Офарин», «Найзабардор», «Сени дерман», «Зафар қўшиғи», «Шодлик», «Шерзод келур», «Яхши», «Юрсак олға», «Салламно», «Кўрдим юзингни» ва хор учун «Олға» каби қўшиқларни басталадим. Ансамбль билан Шимолий Кавказ фронтидаги ҳарбий қисмлар ва госпиталларда, 1942 йили икки ой Эрондаги ҳарбий қисмларда концертлар бердик. Уруш йиллари саҳна юзини кўрган «Ўзбекистон қиличи» мусиқали драмасига мусиқа басталашда бошқа композиторлар билан бирга мен ҳам қатнашдим. Т.Содиқов билан ҳамкорликда болалар театри саҳнасида қўйилган «Гулхан» спектаклига мусиқа басталадик. 1944 йили Тошкентда ўтган Ўрта Осиё халқлари санъатида «Ярашди», «Салламно», «Кўрдим». «Юзингни соғиндим» ашулаларимни концерт дастурида Ҳалима Носирова ва Шаҳодат Раҳимовалар ижро қилишди. 1944 йилда Бекобод театрида ишладим. 1945 йилда Самарқанд вилоят театрига концертмейстер лавозимига тайинландим. Бу ерда саҳнага қўйилган «Тақдир», «Ором Гул» ва «Вафо ва макр» спектаклларига мусиқа басталадим.

1947 йилда Ўзбекистон радиоси қошидаги халқ чолғулари оркестрига концертмейстер лавозимига тайинландим. Мазкур жамоада хонандалар учун «Ўзбекистон» ансамбли учун куйлар, «Айланай» ва «Офарин» (Чустий сўзлари), «Жафо қилма» ва «Жононим келур» (Уйғун сўзлари), «Ноз қилурсан» каби қўшиқларни басталадим. Булардан ташқари ўзим «Бўл-бўл, болам», «Тасаддуқ», «Парвона бўлибман», «Қизгина», «Хуш келдинг» адабий мусиқа учун радиоспектакллар яратдим. Бастакорлар уюшмасига 1942 йилдан буён аъзоман”, деб Н.Ҳасанов ўз таржимаи ҳолини 1948 йилнинг 31 мартида ёзиб тугатади.

Набижон Ҳасанов 1948-1951 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг халқ чолғулари факультетида таълим олди. Умрининг охиригача радио оркестрида ижрочилик ва бастакорлик фаолияти билан замонавий ўзбек мусиқа санъатига хизмат қилди. 150 дан ортиқ ранг-баранг, турли йўналишларда ўз услубига хос қўшиқ, ялла ва ашулалар яратди. «Оқ каптардан илтимос» (М.Бобоев сўзи), «Жонажон ўлкам», «Менинг Ватаним» (С.Исмоилзода сўзлари), «Она Самарқанд» (Назармат сўзи), «Мафтунингман, Самарқанд» (Ё.Мирзо сўзлари), «Шўхи замоним» (А.Камтар сўзи), «Гуллайди Тошкент» (Т.Тўла сўзи), «Тингланг, юлдузлар» (З.Обидов сўзи), «Гуллар очилур» (М.Рахимов сўзи), «Ноз этарди, эъзоз этарди» (П.Мўмин сўзи), «Гулчеҳралар» (Э.Воҳидов сўзи), «Не бўлди» (Бобур сўзи), «Дилбар» (Б.Машраб сўзи), «Ўн саккиз ёшлигим» (Навоий сўзи), «Интизор» (Миртемир сўзи) қўшиқлари, «Ўйнаб ўтинг, шаббодалар» (С.Қўқонбеков сўзи), «Қизлар вальси» (М.Қодиров сўзи), «Бахт ялласи» (А.Пўлат сўзи), «Ёр қўйнида» (С.Қўқонбеков сўзи) каби ялла-лапарлари халқимиз қалбидан жой олган.

Бастакор Н.Ҳасанов ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Лирик», «Дўстлик» сюиталари, халқ чолғулари ва оркестр учун пьесалар яратди. 1953 йилдан Ўзбек эстрада театрида созанда, 1957 йилдан умрининг охиригача радио оркестрида ишлади.

Машҳур бастакор Набижон Ҳасанов 1950 йил «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», 1967 йил «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонлари билан тақдирланган.

                            АБДУЛАЗИЗ ҲАСАНОВ

 (1968)

Истеъдодли композитор Ҳасанов Абдулазиз Тельманович Тошкент шаҳрида таниқли композитор Тельман Ҳасанов оиласида 1968 йилнинг 13 августида туғилди. 1983 -1987 йилларда Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртининг мусиқа назарияси бўлимида ўқиди, композиторлик мутахассислигидан сабоқ олди. 1987-1996 йилларда М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетида М.Маҳмудов синфида таҳсил олди. 1996-1998 йилларда консерваториянинг ассистент-стажёрлик бўлимида профессор Т.Қурбонов синфида касб малакасини оширди. 1998 йилдан бастакорлик ва чолғулаштириш кафедрасида ўқитувчи лавозимида ишламоқда.

А.Ҳасановнинг ижоди талабалик давридан бошланган. Унинг 1990-1998 йилларда ёзилган асарлари фортепиано учун: Прелюдиялар, «Фугато», «Диалог», 10 та «Полифоник куйлар», тўрт қўл ижросига мослашган «Бухороча», «Скерцо», «Орзу», «Рақс», «Ўйлар», «Масхарабозлар», «Севимли образ» пьесалари; хор учун «Она» (Шуҳрат сўзи); гобой ва фортепиано учун «Пьеса», торли ва урма чолғулар учун «Вариация», «Симфоник поэма», фортепиано ва симфоник оркестр учун «Концерт» (диплом иши), 2001 йилда фортепиано ва симфоник оркестр учун 2-Концертини яратди, «Тоҳир ва Зуҳра» кинофильмининг мусиқасини янгилашда ҳамкорлик қилди.

А.Ҳасанов «Ўзбекистон» (Н.Нарзуллаев сўзи), «Соғинаман» (Ошиқ Эркин сўзи) «Нозик», «Айрилиқ» (И.Жиянов сўзлари); «Унутмадинг» (Дилбар сўзи); «Бу тунларда» (Ш.Қўлдошева сўзи); «Қалбим» (М.Тоиров сўзи) каби жозибали, ранг-баранг эстрада қўшиқларини яратди.

                            РАВШАН ҲАМРОҚУЛОВ

(1944)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, моҳир созанда, педагог-мураббий Ҳамроқулов Равшан Баҳромович ўзбек бастакорлик ижодиётининг анъаналарини давом эттириб келаётган истеъдодли бастакорлардан биридир. У 1996 йили Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси аъзолари сафига қабул қилинди. Ўзининг ёрқин ижоди ва ташаббускорлик фаолияти билан Самарқанд вилоятининг маданий ҳаётига самарали ҳиссасини қўшди.

Ҳамроқулов Равшан Бахромович Самарқанд шаҳрида 1944 йилнинг 4 апрелида таваллуд топди. У болалигидан мусиқага қизиқади. 1960 йилда Ҳожи Абдулазиз Расулов номидаги Самарқанд давлат мусиқа билим юртига рубоб синфига ўқишга киради. 1964 йилда мусиқа ўқув юртини муваффақиятли битириб Самарқанд давлат опера ва балет театрига ишга тайинланди. 1964-1965 йиллари Тожикистон давлат филармониясида созанда, 1965-1968 йиллари армия сафида, 1968-1971 йиллари «Лола» номли Тожикистон давлат ансамблида рубобчи-созанда бўлиб ишлади. 1972 -1976 йилларда С.Айни номидаги Самарқанд давлат педагогика институтининг мусиқа кафедрасида ўқийди. Мазкур олийгоҳда 1973 -1992 йилларда ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент лавозимларида, 1992-йилдан Самарқанд вилоят халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлари илмий методик марказида биринчи тоифали услубчи лавозимида ишлаб келмоқда.

Равшан Ҳамроқуловнинг бастакорлик ижоди 1972 йилдан бошланган. «Самарқанд» (В.Абдулло сўзи), «Самарқанд сеҳри», «Наргис кўзли», «Паризод» (Н.Нарзуллаев сўзлари), «Самарқанд жамоли» (А.Исроиловлар сўзи), «Ишим бордур ўша оҳуда» (Ҳ.Олимжон сўзи), «Мен эдим» (С.Сирожиддинов сўзи), «Этгали» (А.Орипов сўзи), «Бахтлар макони», «Зарафшон» (О.Икромов сўзлари), «Ор айлама» ва «Эй, улуғ шоир Навоий» (О.Гулханий сўзлари), «Бўлурму» (3.Обидов сўзи), «Онажоним» (Б.Юнусов сўзи) ва бошқа 100 дан ортиқ турли мавзуларда замондош шоирларнинг сўзларига қўшиқ, ашула, лапар ва яллалар яратди. У «Ўзбекистон — Ватаним маним» кўрик танловига бағишлаб ҳам жуда кўп қўшиқ яратди. «Ҳаққим борми сени Ватаним дейишга» (Х.Бобомуродов сўзи), «Ўзбекистоним» (Ж.Сувонов сўзи), «Номингдан айланай» ва «Чинор минорларига бор» (Х.Бобомуродов сўзлари), «Соз тутди элим» ва «Боламни асрагил» (Э.Шукуров сўзлари), «Сен сайқали жаҳондурсан, Самарқанд» (Д.Файзи сўзи), «Ўзбекистоним қўшиғи» (Б.Бойқобилов сўзи), «Истиқлол қўшиғи» (М.Зоир сўзи), «Кел, Самарқанд шаҳрига» ва «Бўлмағай» (А.Орипов сўзлари) шулар жумласидан.

2001 йилда унинг шоир О.Икромов шеърларига басталаган тўплами, “Рубоб тароналари”нинг биринчи қисми, 2003 йилда иккинчи қисми, шунингдек “Қашқар ва Афғон рубоби” учун 30 дан ортиқ этюдлар тўплами, 2004 йилда “Яхшиларни яхшиси” қўшиқлар тўпламини нашрдан чиқарди. 2006-2007 йилларда унинг “Билимдан топади қийматин инсон”, “Қўшиқ кўнгил мезони”, “Рубоб наволари”, 2013 йилда “Самарқанд мадҳи” ва “Қашқар ва Афғон рубоби” наволари услубий қўлланмаларини чоп этди.

1989 йили Р.Ҳамроқулов «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони билан мукофотланди.

                                    РАШИД ҲАМРОЕВ

(1937-1985)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, республика Давлат мукофоти совриндори, композитор Ҳамроев Рашид Ҳамидович ўзбек замонавий профессионал композиторлари сафига 1960-йилларнинг бошида кириб келди. У тез орада ёрқин, жозибали, турли жанр ва шаклларда яратган асарлари билан мусиқа жамоатчилигининг ҳурмат эътиборига ва халқ назарига тушди.

Ҳамроев Рашид Ҳамидович Бухоро шаҳрида 1937 йили  27 августда дунёга келди. Умумтаълим мактабида ўқиб юрган йиллари маданият саройининг мусиқа тўгарагига қатнади, рубоб, дутор ва ғижжак чалишни ўрганди. Унинг мусиқага бўлган қобилиятини ва интилишини сезган амакиси Иброҳим Ҳамроев ўз ташаббуси билан Рашидни Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртининг мусиқа назарияси бўлимининг тайёрлов курсида ўқитади. Шу ўқув юртида Р.Ҳамроев мусиқий-назарий фанлар ва композиторлик мутахассислигидан С.Бобоев ва Б.Гиенколардан таълим олди. 1956 йилдан бошлаб у Тошкент давлат консерваториясида профессор Б.И.Зейдман синфида ўқиди ва 1961 йили консерваторияни битирди. 1966-йилларда аспирантурада касб малакасини оширди.

Р.Ҳамроев консерваторияни битиргач, Тошкент давлат театр ва рассомчилик институтининг мусиқий фанлар кафедрасига ўқитувчи лавозимига ишга тайинланади ва тез орада ушбу кафедрани бошқаради. 1974 йили янги ташкил топган А.Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтининг чолғулаштириш ва партитура ўқиш кафедраси доценти вазифасига таклиф этилади ва шу ўқув даргоҳида умрининг охирига қадар «Партитура ўқиш ва чолғулаштириш» фанидан дарс беради.

 

Р.Ҳамроев ижодий фаолиятининг илк давридаёқ «Йўлчи ва Гулнор»  (1960 й.) симфоник поэмаси, «Фортепиано учун 3 қисмли концерт» (1961 й.) диплом иши ва мустақил равишда «Биринчи симфония» йирик асарлари билан мусиқа жамоатчилигининг эътиборига тушган эди. Бу йирик асарларни яратишдан аввал у тўрт қисмли торли квартет, фортепиано, скрипка ва виолончель учун «Трио», уч қисмли фортепиано учун сонатина, фортепиано учун 10 та вариация, скрипка ва фортепиано учун «Элегия» каби куйлар ёзиб, ижрочилар репертуарини бойитган эди. Шуни айтиш жоизки, юқорида тилга олинган иккита йирик асари республикамизда замонавий профессионал мусиқа ижодкорлиги тарихида воқеага айланган эди. Чунки Р.Ҳамроевдан аввал ўзбек композиторлардан бирортаси бундай йирик, мураккаб жанрда, юқори савияли, миллий руҳ билан суғорилган, бадиий-мусиқий асар ёзмаган эди. Ушбу вазифани биринчилардан бўлиб ёш композитор бажаришга муваффақ бўлди.

Ёш композитор Р.Ҳамроевга 1965 йили Алишер Навоий номидаги опера ва балет театрида саҳналаштирилган Ойбекнинг «Қутлуғ қон» романи асосида Т.Тўла либреттосига яратган «Зулматдан зиё» операси катта шуҳрат келтирди. Мазкур опера 1966 йили Ҳамза номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди. 1972 йили эса драматург И.Султоннинг либреттосига ёзган «Тонг олдидан» операси ҳам Навоий номидаги опера ва балет театрида саҳна юзини кўрди. (Композиторнинг «Шайх санъон» операси саҳналаштирилмаган).

Бундай ижодий ютуқларга сазовор бўлган Р.Ҳамроев тинимсиз ижод қилди, турли мавзу, жанр ва шаклларда катта ва кичик ҳажмли мусиқа асарларини яратди: бир қисмли «Симфония № 2», (1966 й.), Д.Зокиров ва Г.Ёқубовлар билан ҳамкорликда «Ҳамқишлоқлар» мусиқали драмаси (1965й.) Й.Охунбобоев номидаги республика театрида саҳналаштирилган, «Семурғ» (1969), «Ёлғончи ва уч баҳодир» (1971 й.), «Етти миллион умр» (1972й.) каби спектаклларга мусиқа басталади, фортепиано учун болалар альбоми, драматург М.Каримов билан ҳамкорликда «Мирзачўл афсонаси» мусиқали драмаси, бир неча қўшиқ ва романслар яратди.

Р.Ҳамроев ижодида чолғу мусиқаси устун бўлди. У 1973 йили скрипка ва симфоник оркестр учун концерт ёзди. Унинг 1984 йилда яратган «Ёшлик байрами» симфоник увертюраси 1982,1984,1985 йилларда ҳавола этилган 2,3,4-симфониялари ва «Авиценна» (1980 й.) Жамол Камол сўзига вокал симфоник поэмаси ҳам шулар қаторига киради.

Композитор Р.Ҳамроев ўзининг ёрқин, кўп қиррали ижодий ва ўқитувчилик фаолияти билан Ўзбекистоннинг замонавий профессионал мусиқа санъати ривожига қўшган ҳиссаси учун 1984 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони билан тақдирланган.