РАШИД ҲАМРОЕВ
(1937-1985)
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, республика Давлат мукофоти совриндори, композитор Ҳамроев Рашид Ҳамидович ўзбек замонавий профессионал композиторлари сафига 1960-йилларнинг бошида кириб келди. У тез орада ёрқин, жозибали, турли жанр ва шаклларда яратган асарлари билан мусиқа жамоатчилигининг ҳурмат эътиборига ва халқ назарига тушди.
Ҳамроев Рашид Ҳамидович Бухоро шаҳрида 1937 йили 27 августда дунёга келди. Умумтаълим мактабида ўқиб юрган йиллари маданият саройининг мусиқа тўгарагига қатнади, рубоб, дутор ва ғижжак чалишни ўрганди. Унинг мусиқага бўлган қобилиятини ва интилишини сезган амакиси Иброҳим Ҳамроев ўз ташаббуси билан Рашидни Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртининг мусиқа назарияси бўлимининг тайёрлов курсида ўқитади. Шу ўқув юртида Р.Ҳамроев мусиқий-назарий фанлар ва композиторлик мутахассислигидан С.Бобоев ва Б.Гиенколардан таълим олди. 1956 йилдан бошлаб у Тошкент давлат консерваториясида профессор Б.И.Зейдман синфида ўқиди ва 1961 йили консерваторияни битирди. 1966-йилларда аспирантурада касб малакасини оширди.
Р.Ҳамроев консерваторияни битиргач, Тошкент давлат театр ва рассомчилик институтининг мусиқий фанлар кафедрасига ўқитувчи лавозимига ишга тайинланади ва тез орада ушбу кафедрани бошқаради. 1974 йили янги ташкил топган А.Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтининг чолғулаштириш ва партитура ўқиш кафедраси доценти вазифасига таклиф этилади ва шу ўқув даргоҳида умрининг охирига қадар «Партитура ўқиш ва чолғулаштириш» фанидан дарс беради.
Р.Ҳамроев ижодий фаолиятининг илк давридаёқ «Йўлчи ва Гулнор» (1960 й.) симфоник поэмаси, «Фортепиано учун 3 қисмли концерт» (1961 й.) диплом иши ва мустақил равишда «Биринчи симфония» йирик асарлари билан мусиқа жамоатчилигининг эътиборига тушган эди. Бу йирик асарларни яратишдан аввал у тўрт қисмли торли квартет, фортепиано, скрипка ва виолончель учун «Трио», уч қисмли фортепиано учун сонатина, фортепиано учун 10 та вариация, скрипка ва фортепиано учун «Элегия» каби куйлар ёзиб, ижрочилар репертуарини бойитган эди. Шуни айтиш жоизки, юқорида тилга олинган иккита йирик асари республикамизда замонавий профессионал мусиқа ижодкорлиги тарихида воқеага айланган эди. Чунки Р.Ҳамроевдан аввал ўзбек композиторлардан бирортаси бундай йирик, мураккаб жанрда, юқори савияли, миллий руҳ билан суғорилган, бадиий-мусиқий асар ёзмаган эди. Ушбу вазифани биринчилардан бўлиб ёш композитор бажаришга муваффақ бўлди.
Ёш композитор Р.Ҳамроевга 1965 йили Алишер Навоий номидаги опера ва балет театрида саҳналаштирилган Ойбекнинг «Қутлуғ қон» романи асосида Т.Тўла либреттосига яратган «Зулматдан зиё» операси катта шуҳрат келтирди. Мазкур опера 1966 йили Ҳамза номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди. 1972 йили эса драматург И.Султоннинг либреттосига ёзган «Тонг олдидан» операси ҳам Навоий номидаги опера ва балет театрида саҳна юзини кўрди. (Композиторнинг «Шайх санъон» операси саҳналаштирилмаган).
Бундай ижодий ютуқларга сазовор бўлган Р.Ҳамроев тинимсиз ижод қилди, турли мавзу, жанр ва шаклларда катта ва кичик ҳажмли мусиқа асарларини яратди: бир қисмли «Симфония № 2», (1966 й.), Д.Зокиров ва Г.Ёқубовлар билан ҳамкорликда «Ҳамқишлоқлар» мусиқали драмаси (1965й.) Й.Охунбобоев номидаги республика театрида саҳналаштирилган, «Семурғ» (1969), «Ёлғончи ва уч баҳодир» (1971 й.), «Етти миллион умр» (1972й.) каби спектаклларга мусиқа басталади, фортепиано учун болалар альбоми, драматург М.Каримов билан ҳамкорликда «Мирзачўл афсонаси» мусиқали драмаси, бир неча қўшиқ ва романслар яратди.
Р.Ҳамроев ижодида чолғу мусиқаси устун бўлди. У 1973 йили скрипка ва симфоник оркестр учун концерт ёзди. Унинг 1984 йилда яратган «Ёшлик байрами» симфоник увертюраси 1982,1984,1985 йилларда ҳавола этилган 2,3,4-симфониялари ва «Авиценна» (1980 й.) Жамол Камол сўзига вокал симфоник поэмаси ҳам шулар қаторига киради.
Композитор Р.Ҳамроев ўзининг ёрқин, кўп қиррали ижодий ва ўқитувчилик фаолияти билан Ўзбекистоннинг замонавий профессионал мусиқа санъати ривожига қўшган ҳиссаси учун 1984 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони билан тақдирланган.