АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

25 сентябрь: Иброхимов Окилхонни туғилган куни.


29 сентябрь: Оллоберганов Исломни туғилган куни.


30 сентябрь: Очилова Камолахон ни туғилган куни.


25 сентябрь: Саидий Саид Болта-зодани туғилган куни.


22 сентябрь: Хайдаров Ахмад ни туғилган куни.


АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



                                ҚАҲРАМОН КОМИЛОВ

(1948-2017)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, моҳир ғижжакчи, композитор Қаҳрамон Комилов, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1992 йили қабул қилинган. У ўзбек халқ чолғулари оркестри учун яратган увертюра, поэма, оратория, чолғу сюита, кантата ва турли мавзулардаги қўшиқлари билан эл-юртга танилди ва ҳурмат эътиборга сазовор бўлди.

Комилов Қаҳрамон Садриддинович Тошкент шаҳрида 1948 йилнинг 21 мартида туғилди. Қаҳрамон 1962-1966 йилларда Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртининг ғижжак синфида таҳсил олади. Қ.Комилов 1970 йилда Тошкент давлат консерваториясига композиторлик ихтисослиги бўйича тайёрлов бўлимига ўқишга кирди. Профессор Б.Ф.Гиенконинг шогирди Қ.Комилов 1993 йилда композиторлик факультетини муваффақиятли битирди. 1964-2001 йиллар мобайнида Ўзбекистон радиоси ҳузуридаги ўзбек халқ чолғулари оркестрида ғижжакчи созанда, 1996-1998 йилларда Ғанижон Тошматов номидаги «Дуторчи қизлар» ансамблининг бадиий раҳбари, 2001-2012 йилларда Ўзбекистон давлат санъат институтида доцент вазифасида фаолият юритди.

Қ.Комилов ижодий фаолияти давомида турли жанр ва шаклларда жозибали, миллий руҳда суғорилган, ранг-баранг оригинал мусиқий асарлар яратди. Тошкентнинг 2000 йиллик юбилейига бағишланган, ўзбек халқ чолғулари оркестри учун ёзган «Тошкент ҳақида поэма»; яккахон, хор ва оркестр учун О.Матчон сўзига ёзган «Менинг муҳаббатим» сюитаси, ўзбек халқ чолғулари оркестри учун учта увертюра; сопрано ва оркестр учун Н.Нарзуллаев сўзига «Ишонади она юраги» балладаси, тенор, хор, бадиий ўқиш ва оркестр учун «XX аср нидоси» (Э.Воҳидов сўзи) балладаси, виолончель ва фортепиано учун «Элегия», акапелла хори учун «Юртим» (М.Али сўзи) қўшиғи; хор ва оркестр учун «Жон тасаддуқ», «Эл мадҳи» (У.Рашид сўзлари), «Нур қўйнида диёрим» (Н.Нарзуллаев сўзи) номли қўшиқлар яратди.

Композитор ижодида қўшиқ жанри устувор туриб 400 дан зиёд турли мавзуларда қўшиқлар яратди. Улар орасида «Хаёлда суратинг, Дилдор» (Назармат сўзи); «Оқ йўл тиланг, онажон» (Р.Содиқов сўзи); «Кўнгил» (Миртемир сўзи); «Сенсан ўзинг» (Э.Воҳидов); «Ҳаёт билан сўзладинг» (Шорахўжаев сўзи); «Оҳу» (А.Орипов сўзи); «Турналар» (Н.Нарзуллаев сўзи); «Ўзбекистон куйлаган» (М.Муҳамедова сўзи); «Менга не бўлди», «Ассалом», «Гули Раъно», «Пахтакор Ўзбекистон», «Жиззах чўллари», «Тинчлик учун» (Қ.Саидмуродов сўзлари); «Қизларжон» (О.Ҳакимов сўзи); «Гулчи боғбон» (Э.Шукуров сўзи); «Афғон она алласи» (Н.Аминжонов сўзи); «Келмади» (Халқ сўзи), “Наврўзим”, “Ёрим демасанг”, “Юлдуз сочган кечалар” ва бошқалар.

Қ.Комилов «Симфония» (1993 й.); «Далварзинтепа» сюитаси (1995 й.); қўшнай ва оркестр учун «Кўклам таровати», ғижжак ва оркестр учун «Диёрим мадҳи», рубоб ва оркестр учун «Дўстлик», ғижжак ва оркестр учун «Алла» каби пьесалари, хор учун «Ўзбекистон қўшиғи» (Ҳ.Ғулом сўзи); «Озод юрт» (М.Али сўзи) номли ораторияларини, «Жалолиддин Мангуберди» ва «Она фарёди» (К.Аваз сўзлари) вокал-поэмаларини, мусиқали театр учун «Диёнатга хиёнат» (К.Аваз пьесаси 1999 й.), «Отабек ва Кумушбиби» (Ж.Жабборов пьесаси, 1999й.), “Ой онам-қайнонам”, “Муҳаббатим қисматим”, “Гаровдаги муҳаббат” каби мусиқали драма ва комедияларга мусиқа басталади.

Қаҳрамон Комилов республикамизнинг мусиқий санъатини ривожлантиришдаги хизматлари учун 1990 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» фахрий унвони, 2000 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

                           АЛЕКСЕЙ КОЗЛОВСКИЙ

(1905-1976)

Ўзбекистон халқ артисти, композитор, дирижёр ва профессор Алексей Фёдорович Козловский ёрқин ижодий, илмий, ижрочилик, педагоглик ва жамоатчилик фаолияти билан XX аср ўзбек мусиқа маданиятининг ривожига улкан ҳисса қўшган. У яратган опера ва симфоник асарлар, чолғу ҳамда вокал ижод намуналари республикамиз замонавий мумтоз санъатининг дурдоналари қаторидан ўрин олган. Рус миллатига мансуб ижодкорлар орасида ўз ҳаёти ва ижодини ўзбек мусиқа маданияти тараққиётига бағишлаган чинакам ижодкорлардан бири сифатида самимий хизмат қилди.

Козловский Алексей Федорович 1905 йил 15 октябрда Киев шаҳрида туғилди. Туғма истеъдод соҳиби бўлган Алексей фортепиано чалишни ўрганиш билан бирга мусиқа басталашга интилди. 1916 йили гимназияда таълим олди, 1917 йилдан Киев консерваториясининг тайёрлов бўлимида Б.Л.Яворский синфида фортепиано ва композициядан сабоқ ола бошлади. Алексей Федорович турли шакл ва жанрларда фортепиано учун пьесалар, сонатина, соната, хилма-хил рақс куйлари билан бир қаторда Т.Шевченко шеърларига кантаталар яратди. 1923 йили акаси билан Москвага келиб Б.Л.Яворский билан учрашади. Унинг маслаҳати билан 1923-1927 йилларда Биринчи Москва давлат мусиқа техникумида таълим олди. 1927 йилда эса Москва консерваториясининг композиторлик факультетига ўқишга кириб Н.С.Жиляев ва Н.Я.Мясковскийлардан сабоқ олди. Консерваториядан ташқари А.Б.Хессин раҳбарлигида дирижёрлик санъати сирларини ўзлаштира бошлади.

1931 йили катта симфоник оркестр учун «Қаҳрамонлик увертюра» си диплом ишини ёзиб, консерваторияни битирди. Ўша йили К.С.Станиславский номидаги опера ва балет театрига дирижёр лавозимига таклиф қилинади ва 14 июнда П.И.Чайковскийнинг “Евгений Онегин” операсига илк бор дирижёрлик қилади. 1933-1936 йилларда асосан ижод билан шуғулланиб, бир қатор асарлар яратди. 1936-йилда А.Козловский оиласи уч йилга Тошкентга сургун қилинади. Лекин, тақдир тақозоси билан бир умрга мана шу заминда яшади.

Алексей Фёдорович Козловский ва рафиқаси Галина Лонгиновна Герус-Козловскаялар учун Ўзбекистон иккинчи ватан бўлиб қолди. Тошкентга келган кундан бошлаб улар ўзбек зиёлилари ҳамда ўзбек мусиқа ва адабиёт аҳли билан яқиндан танишиб ҳамкорлик қила бошладилар. Хусусан, узоқ йиллардан буён Тошкентда истиқомат қилаётган, ўзбек мусиқа меросининг билимдонларидан Виктор Успенский билан дўстлашади ва у орқали атоқли санъаткорлар Шорахим Шоумаров, Домла Ҳалим Ибодов, Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов, Абдуқодир Исмоилов, Уста Олим Комилов, Бобораҳим Мирзаев, Аҳмаджон Умрзоқов, Наби Ҳасанов, Ғуломқодир Ғаниев, Ҳалима Носирова, Тамарахоним, Лутфихоним Саримсоқова, Муҳиддин Қориёқубов, Тўхтасин Жалилов, Юнус ва Рисқи Ражабийлар билан яқиндан танишди. Шахсий мулоқотлардан ташқари тўй-ҳашамларда, чойхоналарда ўз санъатини намойиш қилиб юрган ҳофиз ва дарвешлардан 300 дан ортиқ ашула, куй ва қўшиқларни нотага ёзиб олиб, ўз ижодида кенг фойдаланди. Айни чоғда санъат усталаридан доира, най, дутор, ғижжак, танбур чалишни ҳам ўрганишга ҳаракат қилади. 1936-1938 йилларда асосан ижод билан шуғулланди.

1938-1977 йилларда консерваторияда композиция, полифония, чолғулаштириш, дирижёрликдан дарс берди. Кейинчалик композиторлик ва чолғулаштириш кафедраларига мудирлик қилди. Педагоглик фаолияти билан бирга 1941-1946 йилларда Ўзбек опера ва балет театрида дирижёр ва мусиқа маслаҳатчиси, 1949-1965 йилларда эса Ўзбек давлат филармониясининг симфоник оркестри бадиий раҳбари ва бош дирижёри вазифаларида ишлади. Мусиқий хотираси кучли, юқори малакали, халқаро миқёсда машҳур бўлган дирижёр А.Ф.Козловский Европа ва рус классикаси, ўзбек композиторларининг симфоник асарларини тарғиб қилишда қизғин фаолият кўрсатди.

А.Ф.Козловский педагоглик ва жамоатчилик фаолияти билан банд бўлишига қарамасдан, мусиқанинг турли жанрларида жозибали асарлар яратди. В.Катаевнинг «Авангард» пьесасига мусиқа; «Дружная горка» номли оперетта, Украин халқ қўшиқлари асосида иккита акапелла хор қўшиғи, иккита симфония, тўрт қисмли «Хореографик симфония», Москва бадиий театрида ишлаган балетмейстер В.Кригшорнинг замонавий балетларига мусиқа басталаган. Дамли чолғулар оркестри учун маршлар, вальслар, сюиталар ва оммавий қўшиқлар асосида попуррилар яратди.

У Ўзбекистоннинг маданий – маърифий ҳаёти, тарихий сиймоларининг ҳаёти ва ижоди, мусиқий мерос намуналарини ўрганишга жиддий киришиб, ундан самарали фойдаланишга ҳаракат қилди ва беназир ютуқларга эришди. А.Козловский 1937 йилда симфоник оркестр учун яратган уч қисмли «Лола» Фарғона сюитаси ўз соҳасидаги биринчи асардир. Ўша йилларда Ҳалима Носирова ижросида машҳур бўлган халқ ашулаларидан “Тановор”, “Гул юз узра”, “Фиғон” ва “Ўзганча”лар симфоник оркестр учун қайта ишланган тўртта поэма композиторга шуҳрат келтирди. Овоз ва фортепиано учун мослаштирган «Аяжон», «Оҳа-ялли», «Ёр-ёр» ўзбек халқ қўшиқлари, «Танавор» симфоник поэмаси ҳам шулар қаторига киради. А.Козловский ватанпарварлик руҳида «Жанг» симфоник поэма-манзараси; ўзбек халқининг тарихий қаҳрамони Жалолиддин Мангуберди сиймосига бағишланган «Жалолиддин» (М.Шайхзода шеъри) номли ораторияси, Миртемир либреттоси асосида бир пардали «Бектошнинг жасорати» операси, Т.Содиқов билан ҳамкорликда «Даврон ота» (К.Яшин ва Ҳ.Олимжон пьесалари) ва М.Ашрафий, С.Василенколар билан «Шерали» (Ҳ.Ғулом пьесаси) мусиқали драмаларини яратишда иштирок этди. 1944 йили Тошкентда ўтказилган бешта Ўрта Осиё республикалари декада концертлари асосида ёзиб олинган «Фильм-концерт»га симфоник оркестр учун увертюра, Тошкент рус драма театрида саҳналаштирилган Л.Леоновнинг «Ҳужум», И.Гончаровнинг «Обрыв», Тирсо де Молинани «Благочестивая Марта» номли драмаларга мусиқа басталади. «Тоҳир ва Зуҳра», «Хўжа Насриддин», «Фарғона қизи» ва «Жарроҳ» номли кинофильмларга ҳам мусиқа ёзди.

 

А.Ф.Козловскийнинг саҳна асарлари орасида Г.Герус-Козловская либреттоси асосида яратилган «Улуғбек» операси 1942 йил (иккинчи таҳрири 1958 й.), «Тановар» балети (1971 й.) саҳна юзини кўрди. Композиторнинг бу шоҳ асарлари республикамиз маданий ҳаётида катта воқеа бўлди. «Тановар» балети учун А.Козловский 1973 йили Ҳамза номидаги Давлат мукофотининг соҳиби бўлди.

А.Козловский симфоник оркестр учун «Достон» номли симфоник поэма (1954 й.), «Ўзбек рақс сюитаси» (1954 й.), «Ҳинд поэмаси», «Ўзбек симфоник сюита»си (1957 й.), «Самарқанд Ушшоғи» симфоник поэмаси (1959 й.), «Қорақалпоқ сюиталари» (1959, 1962 йй.), «Байрам тантанаси» (1963 й.) симфоник поэмаси «Суғд пештоқлари» симфоник сюитаси (1966й.), симфоник оркестр учун «Увертюра», «Рақс» (1967 й.), “Сараҳбори Наво”, «Маъбудаларнинг ўғирланиши» (1968 й.) поэмаларини басталаган. Композитор ўзбек халқ чолғуларига мўлжалланган: ғижжак ва фортепиано учун тўртта пьеса (1954-1955 йй.), «Ушшоқ» поэмаси (1957 й.), ғижжак альт ва фортепиано учун поэма (1958 й.), қашқар рубоби ва фортепиано учун сонатина (1970 й.), ўзбек халқ чолғулари оркестри учун иккита махсус пьесалар яратди. Шу билан бирга торли чолғулар учун пьесалар, соната, прелюдия ва фугалар, романслар, хор учун қўшиқ ва поэмалар ёзди.

А.Ф.Козловский педагогика соҳасида композитор ва дирижёрларни тайёрлашда жонбозлик кўрсатди. Унинг синфида таълим олганлар орасида композиторлардан И.Акбаров, И.Ҳамроев, Д.Зокиров, Д.Соатқулов, С.Жалил, С.Ҳайитбоевни, дирижёрлардан Б.Иноятов, Ф.Шамсутдинов, С.Алиевларни кўрсатиш мумкин.

А.Ф.Козловский «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» (1944), «Ўзбекистон халқ артисти» (1955) фахри унвонлари, Ҳамза номидаги Давлат мукофоти (1973), қатор орден ва медаллар билан тақдирланган.

                        КОМИЛ КЕНЖАЕВ

(1939)

Ўзбекистон Композиторлар уюшмаси сафига Комил Кенжаев 1975 йили қабул қилинган. Бу кўп қиррали композитор мусиқанинг турли жанр ва шаклларида ўтган йиллар давомида ранг-баранг, жозибали асарлар яратди. Унинг симфоник оркестр учун, турли чолғу ансамбллар учун, театр учун ва айниқса, эстрада оркестр ва вокал-чолғу ансамбллар учун мусиқалари, қўшиқлари мусиқа шинавандаларининг олқишларига сазовор бўлди. У ижодкорлик, педагоглик ва жамоатчилик фаолияти билан замонавий ўзбек профессионал мусиқа санъатига ҳисса қўшган.

Кенжаев Комил Омонович 1939 йилнинг 21 декабрида Тожикистон республикасида дунёга келди. Комил болалигидан мусиқага қизиқди, 1947 йили ўрта таълим мактабига ўқишга кирди. 1953 йили эса болалар мусиқа мактабининг фортепиано синфида сабоқ ола бошлади ва Душанбе мусиқа билим юртида ўқишни давом эттирди. 1960 йили Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетига ўқишга кириб, профессор Б.Б.Надеждин синфида таҳсил ола бошлади. 1962 йили домласи вафот этгандан сўнг, профессор Б.И.Зейдман синфида ўқишни давом этди. У турли жанр ва шаклларда мусиқа басталади. 1965 йили «Лирик симфония» диплом ишини давлат имтиҳон комиссиясига тақдим этиб, консерваторияни муваффақиятли битирди, мустақил ижодга йўлланма олди.

Композитор К.Кенжаев меҳнат фаолиятини 1957 йилда Душанбе шаҳридаги 24-болалар боғчасида созандаликдан бошлади. 1957-1959 йилларда шойи-атлас комбинатининг қарамоғидаги болалар боғчасида созанда бўлиб ишлади. 1960-1961 йилларда Тошкентнинг 103, 1961-1964 йиллари 9- ва 37-ўрта таълим мактабларида мусиқа ўқитувчиси бўлиб ишлади. Консерваторияни 1965 йили битиргач, Тожикистон республикасининг собиқ Ленинобод мусиқа билим юртида 1965-1966 йиллари мусиқий назарий фанлардан дарс берди. 1966-1972 йиллари Ўзбекистон маданият вазирлигининг Санъат Бош бошқармасидаги репертуар-коллегиясида мусиқа муҳаррири лавозимида ишлади. 1972-1973 йиллари М.Уйғур номидаги санъат институтида мусиқа назарияси фанларидан дарс берди. 1973-1984 йилларда Р.М.Глиэр номидаги махсус мусиқа мактаб-интернат директори лавозимида ишлади. 1984-1986 йиллари М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваториясининг ректори бўлиб ишлади. 1986 йилдан буён ижодий иш билан машғул.

Композитор К.Кенжаевнинг мустақил ижодий фаолияти консерваторияни битиргандан сўнг, 1965-1980 йилларда жўш урди ва баракали ижод қилди. 1965 йили симфоник оркестр учун «Ёшлар увертюраси», 1966 йили торли чолғу оркестр, литавра, доира ва ксилофон учун «Симфониетта», 1967 йили виолончель ва фортепиано учун «Концерт»; 1972-1973 йил ўзбек халқ чолғулари оркестри учун 2 та сюита, виолончель ансамбли учун «Концертино»; 1969 йили «Олмос отин» (Ё.Мирза пьесаси); 1974 йили «Умирхўжанинг найранги» (С.Тилла ва Хайруллаевлар пьесаси), 1982 йили «Оқ булоқ паризодаси» (М.Мирзаева пьесаси) каби мусиқали драмалар; Республика давлат қўғирчоқ театрида 1966 йили «Овдаги ҳодиса» (Раҳматуллаев пьесаси), 1981 йили «Кенжа қиз», 1984 йили «Пахтаой»; скрипка унисони учун «Шодлик», «Вальс» ва «Шодиёна»; хор жамоаси учун «Тошкент воҳаси», «Ёшлар қўшиғи», «Келажак бизники», «Тинчликни куйлаймиз», «Лола», «Ерга довруғ соламиз»; эстрада қўшиқлари: «Нозик савол», «Айт», «Болгар қизи қўшиғи», «Сен билан дўстлашган эдик», «Қиз қўшиғи», «Посбоним», «Телефонистка қўшиғи», «Ўзбек қизлари», болалар учун 100 га яқин қўшиқлар: «Ўзбекистон болаларимиз»; «Ёшлар қўшиғи», «Келажак бизники», «Биз тинчлик учун», «Укамизни боқамиз», «Бизлар хат ёзишамиз», «Кимки бўлса йиғлоқи», «Бешга тенг биринчи», «Физкультура-танга роҳат», романслар: «Битта ўзим биламан» (Миртемир шеъри); «Севги десам» ва «Розимисан» (Ҳ.Олимжон шеъри) асарларини яратди.У 1982-1984 йиллар Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасининг Болалар мусиқа комиссияси раиси; 1982-1987 йиллари тафтиш комиссияси раиси сифатида фаолият кўрсатди. Композитор К.Кенжаев ўзининг ижодий, педагоглик, раҳбарлик ва жамоатчилик фаолияти билан республикамизнинг мусиқа санъатига салмоқли ҳисса қўшди. У Ўзбекистон ва Эстония ҳукуматларининг фахрий ёрлиқлари ва Ўзбекистон республикаси «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони билан мукофотланган.

                             СОБИР КАРИМҲОЖИ

(1934-2002)

Таниқли композитор ва педагог Собир Каримҳожи уюшма аъзолари сафига 1968 йили кириб келди. Санъаткор ранг-баранг мусиқий асарлар яратиб, республикамиз замонавий мусиқаси ривожланишига баракали ҳисса қўшган.

Собир Исомиддин ўғли Каримҳожи 1934 йили 1 майда Андижон шаҳрида туғилган. 1949-1955 йилларда мактаб-интернатида фортепиано синфида сабоқ олган. 1955-1959 йилларда Душанбе давлат мусиқа билим юртида таълим олди. Ўша йили Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик ва чолғулаштириш факультетига ўқишга киради. Аввал профессор Б.Б.Надеждин синфида, у 1961 йили вафот этгандан сўнг профессор Б.И.Зейдман синфида таҳсил олди.

Консерваторияни С.Каримҳожи 1965 йили муваффақиятли битирди ва мустақил ижодий жараёнга отланди. Консерваторияни битиргач, 1965-1966 йиллари Ўзбекистон Маданият вазирлигининг санъат бош бошқармасида бош муҳаррир лавозимида ишлади. 1966-1969 йиллар консерваторияда дарс берди. 1969-1970 йиллар Т.Шевченко номидаги Тожикистон давлат педагогика институтининг «Санъат» кафедрасида, 1970-1972 йиллар Тошкент давлат консерваториясида ишлади. 1972-1973 йиллар Тошкент шаҳар мусиқа мактабида дарс берди. 1973-1975 йил М.Уйғур номидаги Тошкент театр ва санъат институтининг мусиқа кафедрасида ишлади. 1975-1994 йилга қадар А.Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтида катта ўқитувчи ва доцент лавозимларида фаолият кўрсатиб нафақага чиқди.

Композитор С.Каримхожининг ижодий фаолияти талабалик давридан бошланди. У мусиқанинг турли жанр ва шаклларида бир талай асарлар ёзди. Улар орасида фортепиано учун 7 та пьеса, вариация, соната, 4 та фуга; скрипка ва фортепиано учун 2 та пьеса, «Сўзсиз қўшиқ поэма»; флейта ва фортепиано учун 2 та пьеса; торли квартет учун «Квартет» ва 2 та пьеса мавжуд. Айниқса композиторни танитган «Восеъ қўзғолони» симфоник поэмаси; «Осиё садоси» симфонияси; труба ва фортепиано учун «Элегия-поэма» каби асарлари эътиборга лойиқ. Шуни айтиш жоизки, 1967-1970 йиллар труба ва симфоник оркестр учун яратган 2 та концерт, 1971 йили ёзган «Морис Равель хотирасига» симфоник-хореографияли поэма; 1976 йил флейта ва симфоник оркестр учун «Тоғ фантазияси»; 1980 йил най ва ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Концерт-фантазия»; 1986 йил виолончель ва симфоник оркестр учун «Симфония-концерт» каби йирик, миллий оҳанглар билан ажралиб турадиган бу асарлар композиторга шуҳрат келтирди. Унинг асарлари республикамизда, Тожикистонда, Қозоғистонда, Москва, Нижний Новгород, Таллин ва бошқа шаҳарларда кўп жаранглади. Айниқса, ўзбек композиторлари орасида биринчилардан бўлиб яратган труба ва оркестр учун биринчи ва иккинчи концертлари жуда ҳам машҳур бўлиб кетди. Моҳир созандалар уларни ўз репертуарларига киритдилар. 2001 йил виолончель ва торли оркестр учун «Поэма» яратди.

Композитор С.Каримҳожи ўтган йиллар давомида ўзига хос услубда камер чолғу ва овозли жанрларда жуда кўп жозибали мусиқий асарлар яратди: улар орасида фортепиано учун ёзган: «Рақс», «Этюд экспромт», тўртта пьеса; 5 қисмли «Dies irae» (Қиёмат куни) мавзусидаги 5 қисмли драматик сонатада жаҳонда содир бўлган даҳшатли фожиалар ўз ифодасини топган; «Мовий рангли гумбазлар» номли 8 қисмли вариациялар (1995-1996 йиллар); 6 та «Мусиқали лаҳза» (2000 йил); дутор альт ва фортепиано учун 8 та пьеса; скрипка ва фортепиано учун «Поэма-элегия» (1980 йил); «Соната-фантазия» (1992 йил)да қайта ишлаган най ва фортепиано учун Панжоб халқ куйлари асосида «Етти гўзал» пьесалари (1984 й.); афғон рубоби ва фортепиано учун «Муҳаббат рақси» пьесаси (1986 й.); флейта ва фортепиано учун «Концертино» (1987 й.) ва бошқа асарлар мусиқа шинавандаларининг олқишларига сазовор бўлган. Улар мусиқа ўқув юртлари дастурларидан муносиб ўрин олган, айримлари чоп этилган.

Композитор тилга олинган асарлардан ташқари романс, қўшиқ, хор ва болалар учун қўшиқлар ҳам яратди. Айниқса, 1999-2000 йилларда тожик шоирлар сўзларига ёзган 12 та болалар учун қўшиқлар «Олами бачаҳо» номли тўплам, 1998 йил Ойбек сўзига ёзган «Капалак» болалар қўшиқлари; 1999 йил тожик шоирлари сўзига ёзган А.Омонов ва О.Раҳмоновларнинг қўшиқларини овоз ва фортепиано учун қайта ишлаган «Олами бачаҳо» 6 қисмли болалар қўшиқлари машҳур бўлиб кетди. Биринчи синф болалари учун 2001 йил тожик тилида «Мусиқали алифбо» яратди.

                           САИДЖОН КАЛОНОВ

(1914-1972)

Ўзбекистон халқ артисти, найчи-созанда ва бастакор Саиджон Калонов XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди. У халқимизнинг мумтоз санъати анъаналарини давом эттирди, ўзига хос услуби билан турли мавзуларда жозибали қўшиқ ва ашулалар яратиб, замонавий мусиқа маданиятимиз ривожланишига баракали ҳисса қўшди.

Саиджон Калонов Наманган вилояти Чуст тумани Каркидон қишлоғида 1914 йил 30 июлда туғилди. У 1920 йилдан бошлаб янги мактабда таълим олди, ҳаваскорлик тўгарагига қатнашиб най чалишни ўрганди. 1927 йилда Тошкент мусиқа техникумига ўқишга кирди, Ўзбекистон радиоси қошидаги чолғу ансамблида найчи бўлиб ишлади. 1932 йили мусиқа техникумини битиргач, Фарғона вилояти мусиқали драма театрига мусиқа раҳбари этиб тайинланди. «Фарҳод ва Ширин» спектаклига куй ва ашулалар басталади.

1936 йили Ўзбекистон давлат филармонияси очилиб Т.Жалилов раҳбарлигида ансамбль ташкил топиши, келгуси йилда Москвада ўтадиган Ўзбекистон адабиёти ва санъати 10 кунлигига тайёргарлик кўриш муносабати билан вилоятлардан кўзга кўринган созанда ва хонандалар қатори С.Калоновни ҳам мазкур ансамблга ишга таклиф қилишди.

1938 йили С.Калонов Ўзбек давлат мусиқали театрига, 1939 йилнинг июнь ойидан бошлаб Ўзбекистон давлат опера ва балет театрига якканавоз лавозимига таклиф қилинди, 1941 йилда Янгийўл мусиқали драма театрининг ташкил топиши билан театрнинг мусиқа раҳбари Ю.Ражабий ўзи билан Саиджон Калоновни  бирга олиб кетди. 1942 йили С.Калонов раҳбарлигида 16 кишидан иборат ашула ва рақс ансамбли тузилди. 1942-1945 йилларда ансамбль Марказий Болтиқ бўйи фронтларида жангчиларга хизмат қилди. Бастакор эса ансамбль репертуарини бойитиб борди ва ўзи ҳам бир қатор қўшиқлар яратди. «Ўзбекистондан салом», «Опалардан салом», «Зафар билан қайтиб», «Ғалаба қиламиз», «Лочинлар», «Ўзбек ўғлонлари», «Дўстлик жасорати», «Ботир аскарлар» ва бир неча рақс куйлари шулар жумласидандир. 1945 йил С.Калонов ўзи ишлаган театрга ансамбли билан қайтиб 1948 йилга қадар ишлади. Ўша йили Ўзбекистон радио қўмитаси қошидаги ўзбек халқ чолғу асбоблар оркестрига созанда лавозимига таклиф қилинди. Мазкур жамоада у умрининг охиригача ишлади ва ижод қилди.

1967 йилдан Ўзбекистон Композиторлар уюшмасининг аъзоси, бастакор С.Калонов классик ва замондош шоирларнинг шеърларига турли мавзуларда 200 дан ортиқ қўшиқлар яратди. Улар орасида «Ватан севгиси», «Ватан таронаси», «Гулистонлар аро», «Чевар қизлар», «Яшанг, қизлар», «Ёшлар марши», «Фазога биринчи босқич», «Қуёшли ўлкам» каби ватанпарварлик, меҳнат ва жасоратни ифодалайдиган қўшиқлар, ишқ-муҳаббатни, орзу-умидларни куйлайдиган «Гулмиди, раъномиди» (Н.Нарзуллаев сўзи), «Севгилим» (М.Қодиров сўзи), «Ойдин кечада» (Миртемир сўзи), «Интизорман йўлингга» (А.Пўлат сўзи), «Дилнавозим», «Гулёр айтиб кел» (А.Навоий шеърлари), «Даркор эмас» (А.Ғаффорий сўзи), «Айб этма» (З.Обидов сўзи), «Висол гулшани» (А.Исроилов сўзи), «Эй сарви равон» (Нодира шеъри), «Бу насим» (Ҳабибий сўзи) каби лирик қўшиқ-ашулалар мавжуд. Бу жозибали қўшиқ ва ашулалар турли ижрочи авлодларни мулки бўлиб қолди ва қўшиқ санъатининг шайдолари дилларидан жой олди. С.Калонов қўшиқлар басталашдан ташқари мусиқанинг бошқа жанрларида ҳам ижод қилди. Бастакор дирижёр Н.Халилов билан ҳамкорликда «Ҳалима» мусиқали драмаси ва халқ чолғулари учун турли туман, катта-кичик жанрларда мусиқа асарларини яратди.

Саиджон Калонов 1950 йили «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвони, орден ва медаллар билан мукофотланган.