АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

25 сентябрь: Иброхимов Окилхонни туғилган куни.


29 сентябрь: Оллоберганов Исломни туғилган куни.


30 сентябрь: Очилова Камолахон ни туғилган куни.


25 сентябрь: Саидий Саид Болта-зодани туғилган куни.


22 сентябрь: Хайдаров Ахмад ни туғилган куни.


АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



                      ВАЛЕРИЙ САПАРОВ

(1947-2019)

Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси сафига Валерий Сапаров ёрқин, жозибали мусиқа асарлари билан кириб келди. Истеъдодли композитор ўзининг туркман, ўзбек ва Оврўпо мусиқа оҳангларини ўзаро пайваста қилиб яратган симфоник, вокал-симфоник, фортепиано ва турли чолғу оркестрлари, айниқса, эстрада хонандалари ва жамоалари учун басталаган куй ва қўшиқлари билан кўп миллатли республикамиз мусиқа санъати ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Сапаров Валерий Ибрагимович Туркманистоннинг Мари шаҳрида 1947 йилнинг 26 августида дунёга келди. 6 ёшида умумтаълим мактабига ва мусиқа мактабининг фортепиано синфига ўқишга киради. 1961 йили Д.Овезов номидаги Туркманистон давлат мусиқа билим юртига фортепиано бўйича ўқишга қабул қилинади. 1966 йили уни битириб, мусиқа мактабида ўқитувчи ва концертмейстер лавозимида ишлай бошлади. Бир йилдан сўнг у Тошкент давлат консерваториясига фортепиано мутахассислиги бўйича ўқишга киради. У доцент Ю.Кензер синфида таҳсил кўрди ва 1973 йили пианиночи сифатида битирди.

1979 йилдан М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваторияси профессори Т.Қурбонов синфида композициядан таҳсил олади ва 1983 йили бу ўқув юртни композитор сифатида битирди. 1982-1985 йилларда Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртининг эстрада бўлимида «Эстрада аранжировкаси» фанидан дарс берди. 1985-1996 йилларда Эстрада-цирк студиясида, 1996-2005 йилларда Тошкент эстрада-цирк коллежи ўқитувчиси, бўлим мудири, 2005 йилдан Ўзбекистон давлат консерваториясида дарс бериб келмоқда.

В.Сапаров талабалик давридан бошлаб чолғу ва вокал мусиқасининг ҳар хил жанрларида кўпдан-кўп асарлар яратди. Унинг 1980 йилда басталаган флейта, торли чолғулар, фортепиано ва урма чолғулар учун «Концертино»си, 1981 йили ёзган фортепиано концерти, 1986 йили консерваторияни битиришда Давлат имтиҳонига тақдим этган «Тарих саҳифалари» номли биринчи симфонияси, 1985 йилда ёзилган 6 та труба, 2 та фортепиано, торли чолғулар ва урма чолғулар учун «Байрам тантанаси», 1986 йили фагот ва симфоник оркестр учун «Концерт»и, 1987 йили флейта ва симфоник оркестр учун «Концерт»и, 1997 йили 4 та саксофон ва симфоник оркестр учун «Каприччио» каби мазмундор асарларнинг ҳар бири лирик ва драматик ҳолатларни ифода этганлиги билан ажралиб туради. Уларнинг маҳорати ўсаётганидан ва муаллиф ўз ижодий услубини топа олганидан далолат берди.

В.Сапаров камер оркестри учун «Прелюдия ва фуга» 1981 йили америкалик машҳур композитор Ж.Гершвиннинг хотирасига бағишлаб «РЭГТАЙМ», 1984 йили иккита саксофон альт ва камер оркестр учун «Қилпиллама» ўзбек халқ лапари ва «Гўзал ёр» қўшиғи асосида пьеса 1990 йили, Эстрада-симфоник оркестри учун ўзбек халқ лапари асосида «Аяжон» эстрада попурриси 1977 йили, «Ёдгорлик» пьесаси 1979 йили, Икром Акбаровнинг «Газли» қўшиғи асосида фортепиано ва оркестр учун «Концерт пьеса»си 1983 йили, «Байрам увертюраси» 1985 йили дамли чолғулар оркестри учун «Дивертисмент» 1989 йили, 4 та саксофон ва оркестр учун «Каприччио» 1999 й., флейта ва оркестр учун “Регтайм”, альт саксофон ва оркестр учун “Қари Наво” ўзбек халқ куйи асосида пьеса (2006) ва бошқалар.

Композитор иккита фортепиано учун: «Вальс-скерцо», уч қисмли сюита «Прелюд», фортепиано учун «Юмореска», бешта прелюдия, уч қисмли сонатина, 7 та кичик пьеса, вариация, рақс ва токката, учта пьеса: Токката, Юмореска, Рондо-рақс (булар «Юный пианист» 3-қисмида Ғ.Ғулом нашриётида чоп этилган). Шу нашриётда 1981 йили бешта енгил пьеса, 10 та 2 ва 3 овозли полифоник услубда ёзилган пьесалардан 4 таси тўпламга киритилган, Д.Шостакович хотирасига бағишланган уч қисмли соната, 3 та пьеса: скрипка ва фортепиано учун прелюдия, вальс, рақс, виолончель учун соната, гобой учун «Куй», фагот ва фортепиано учун: «Юмореска», вибрафон ва фортепиано учун: «Импровизация ва Аллегро» (1980 йилда Ереван шаҳрида ҳам ижро этилган); кларнет ва фортепиано учун: учта прелюдия; торли квартет учун сюита; флейта, виолончель ва фортепиано учун вариациялар, флейта ва фортепиано учун «Токката» ва «Пастораль», брас-квинтет учун учта пьеса; тенор-саксофон ва фортепиапо учун: концерт вальси ва бошқалар.

В.Сапаров яккахон ва эстрада-симфоник оркестри учун «Лирик монолог» туркуми (С.Капутикян сўзи, 1979 й.), баритон овози, труба, иккита фортепиано ва урма чолғулар учун «Атомлар манзараси» (Т.Хара сўзи 1980 й.), 1984 йили Р.Фарҳодий сўзига «Асрлар овози» номли оммабоп рок-ораториясини Хоразм филармониясининг «Сабо» вокал-чолғу ансамбли илк бор ижро этган. Эркаклар хор жамоаси ва оркестр учун «Туркистонликман» номли кантатаси (1988 й.), (Н.Буртишева сўзи). Бунинг орасида якка хонанда ва болалар хор жамоалари учун романс ва хор акапеллалар яратди.

В.Сапаров “Любовь в стиле блюз” мюзиклини (2013), “Слуга двух господ” опереттасини (2016), “Романтики” (2015),                “12 стульев” мусиқали комедиясини (2016), Республика қўғирчоқ театри учун «Қуёш менинг дўстим» (1984 й.), «Пахтаой» опера-эртак (1987 й.), ёзувчи О.Генри ҳикояси асосида «Қариндошлик қалб» (В.Борисов либреттоси, 1990й.), Челябинск шаҳри қўғирчоқ театри учун «Оловиддиннинг сеҳрли шамчироғи» (1991 й.),  спектаклига мусиқа басталади.

Серғайрат композитор В.Сапаров шу кунга қадар 100 дан ортиқ қўшиқлар яратди. Улар орасида «Севинчли номлар», «Элегия», «Муҳаббат хотираси», «Ватаним куйлари», «Карусель», «Меҳнат ва тинчлик учун», «Ўзбекистон меҳмонлар кутмоқда», «Биз дунё ёшлари» (Р.Фарҳодий сўзлари), «Қайтиб келиш», «Христофор Колумб» (Н.Бутишев сўзлари), «Берёзалар ялтирайди» (Л.Дербенёв сўзи), «Ҳаммаси биз учун», «Бола юраги» балладаси, «Бу шаҳарни мен қураман» (Л.Ошанин сўзлари), «Истардим» (Р.Ҳамзатов сўзи) ва бошқалар.

Сапаров Валерий Ибрагимович 1990 йили Францияда ўтказилган халқаро мусиқа асарлари танловида диплом билан тақдирланган, 2012 йилда “Дўстлик” ордени билан мукофотланган.

                           ҚАҲРАМОНЖОН РАҲИМОВ

(1950-2018)

Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг аъзоси (1991 йилдан), композитор Қаҳрамонжон Раҳимов турли жанр ва шаклларда яратган ранг-баранг асарлари билан мусиқа жамоатчилигига танилди ва ҳурматга сазовор бўлди.

Раҳимов Қаҳрамонжон Карим ўғли Наманган вилоятининг Косонсой туманида 1950 йилнинг 11 февралида туғилди. Қаҳрамонжон 1957 йилдан ўрта таълим мактабида ўқиди. Болалигидан мусиқага қизиқди ва 1961 йил болалар мусиқа мактабининг баян синфида ўқиди. 1965 йили Наманган вилоят санъат билим юртига ўқишга кирди ва баян чалишни мукаммал ўзлаштирди. 1970 йили Косонсой туманидаги ўзи ўқиган болалар мусиқа мактабига ишга юборилди. Мусиқа басталашга қизиқиши 1974 йили Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетининг тайёрлов бўлимига чорлади. 1975 йилдан бошлаб консерваториянинг асосий босқичида профессор Б.Ф.Гиенкодан сабоқ олди. Консерваторияни 1981 йил муваффақиятли битирди ва йўлланма асосида 4 йил Жиззах вилоят санъат билим юртида ишлади. 1985-1987 йилларда Тошкентдаги 250-сон ўрта умумтаълим мактабида, 1987 йилдан Тошкентнинг Юнусобод тумани 13 – сонли болалар мусиқа мактабида, 2005 йилдан Ҳамза номли мусиқа коллежида, 2007-2012 йилларда Эстрада-цирк коллежида мусиқадан дарс берди.

Композитор Қ.Раҳимовнинг ижодий фаолияти талабалик давридан бошланган. У фортепиано учун 7 та прелюдия, 2 та скерцо, пьесалар, сонатина, соната, труба ва фортепиано учун «Скерцо», виолончель ва фортепиано учун пьеса, скрипка ва фортепиано учун 3 қисмли соната, 3 қисмли торли квартет, симфоник оркестр учун «Поэма», 2 та симфония, труба ва камер оркестр учун «Скерцо», бас овози, флейта, фортепиано ва камер оркестр учун В.Маяковский шеърига «Поэма», баритон овози, аралаш хор ва симфоник оркестр учун «Қасида» (А.Умарий сўзи), овоз ва эстрада-симфоник оркестри учун «Фахрийлар балладаси» (Орлов сўзи), овоз ва камер оркестр учун «Айлар» арияси (Махтумқули шеъри), вокал-чолғу ансамбли учун «Турналар» пьесаси (О.Матжон сўзи), болалар хори ва фортепиано учун «Болалигим» (М.Дўстмуродова сўзи) ва «Дада, дейман» (Т.Йўлдошев сўзи) қўшиқлари, 2 акт 10 кўринишдан иборат “Авиценна” Ибн Сино ҳаётидан хореографик фрескалар (А.Исроилова либреттоси, 2016) яратди.

                           ҲАМИД РАҲИМОВ

(1927-1977)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, композитор Ҳамид Раҳимов ўзининг кўп қиррали ижоди, дирижёрлик, педагоглик ва жамоат фаолияти билан XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди. Унинг жозибали қўшиқлари, симфоник, вокал-симфоник, айниқса мусиқали драмалари, радио ва теле постановкаларига ёзган мусиқаси ўзига хослиги билан шинавандаларни ўзига тортади ва мафтун қилади.

Ҳамид Раҳимов Тошкент шаҳри 1927 йилнинг 15 май куни таваллуд топди. Ёшлик чоғлари ҳақида у шундай ҳикоя қилган эди: «Мен ўзимни таниганимдан буён мусиқага ихлосманд бўлдим. 1938 йилдан бошлаб дутор, най, пианино чалишни ўргана бошладим. 1941 йили Иккинчи жаҳон уруши бошланди. Шу йилнинг август ойидан Тошкент тўқимачилик корхонасига ишга кирдим. 1943 йил августнинг охирида Ҳамза номидаги мусиқа билим юртига бордим. В.А.Успенский ва Е.Е.Романовская менинг мусиқий қобилиятимни текшириб, мусиқа назарияси тайёрлов бўлимига ўқишга қабул қилишди. Орадан уч йил ўтгач, бир куни сольфеджио ва назариядан дарс бераётган ўқитувчи, мен басталаган куйларни Тошкент давлат консерваториясининг профессори Б.Б.Надеждинга кўрсатибди. У мени чақиртириб олиб, консерваториянинг тайёрлов бўлимида ўз синфида ўқишни таклиф қилди. Шу сабабли 1945 йили консерваторияга кўчирма қилишди. 1948 йили консерваториянинг тайёрлов бўлимини битириб, асосий босқичга ўтдим. 1954 йили Давлат имтиҳонини «Ёшлик» номли симфоник поэмаси ва «Сени севаман» (Т.Тўла сўзи) қўшиғидан иборат диплом ишимни тақдим этдим ва консерваторияни муваффақиятли битирдим. Профессионал композитор бўлиб шаклланишимда ҳурматли устозим Б.Б.Надеждиннинг хизматлари беқиёсдир».

Ҳ.Раҳимов санъат соҳасида меҳнат фаолиятини 1950 йилда, талабалик давридан бошлади. У 1950-1956 йилларда М.Қориёқубов номидаги Ўзбек давлат филармониясининг «Ўзбекистон» ашула ва рақс ансамбли мусиқа раҳбари, 1956-1958 йилларда Муқимий номидаги мусиқали драма ва комедия театри дирижёри, 1958-1960 йилларда «Баҳор» рақс ансамбли мусиқа раҳбари лавозимларида ишлаб, бу жамоаларнинг ижодий савиясини кўтаришга ва репертуарларини бойитишга хизмат қилди. Ҳ.Рахимов 1960 йили Ўзбекистон Маданият вазирлигининг мусиқа бўлимига бошлиқ бўлади. 1961 – 1971 йилларда Тошкент давлат консерваторияси ректори, 1972 -1977 йилларда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтида мусиқа кафедраси мудири бўлиб ишлади. 1977 йил 8 декабрда 50 ёшида айни куч-қувватга тўлган, ижодий баркамолликка етган чоғида дунёдан кўз юмди. Унинг тўлиқ сиймоси Ўзбекистон халқ артисти, машҳур раққоса ва балетмейстер Қундуз Миркаримова, севимли ўғиллари Баҳодир, Бобир, қизлари Маъмурахонлар ва кўплаб шогирдлари қалбида яшайди.

Консерваторияда ўқиб юрган пайтларида басталаган қуйидаги жозибали илк қўшиқлари: «Бахт йўлида сайрайман», «Тинч Ўзбекистоним» ва «Ёшлигимиз» (П.Мўмин сўзи), «Севимли ўғлим» (Ҳабибий сўзи), «Қалб қўшиғи» (М.Ғани сўзи), «Сўранг» (Шухрат сўзи), романс, яккахон ва симфоник оркестр учун қайта ишланган ўзбек халқ ашулалари: «Навбаҳор» ва «Ҳануз», дамли чолғулар ансамбли учун «Ялла», рақс ва ўзбек халқ куйлари асосида ёзилган иккита симфоник сюита унга шуҳрат келтирди. Хусусан, унинг симфоник оркестр учун «Миниатюра-концерт» сюитаси Т.Тўла билан ҳамкорликда, яккахон, хор ва симфоник оркестр учун «Баҳор» кантатаси, ашула ва рақс ансамбли учун бухороча “Рақс сюитаси”, скрипкачилар унисон ансамбли учун «Вальс» каби асарлари ижрочилар томонидан қизғин кутиб олиниб, улар репертуарида сақланиб келинмоқда.

Ҳ.Раҳимовнинг қўшиқ жанрига муҳаббати чексиз эди. Унинг «Қуёшистон» (Сайёр сўзи), «Давр қўшиғи» (И.Ғани сўзи), «Ёшлигимиз», «Хаёлим сенда», «Тошкент баҳори» ва «Фестиваль вальси» (Т.Тўла сўзлари), «Ўзбекистоним» (Э.Воҳидов сўзи), «Севги ҳақида» (Ў.Рашид сўзи), «Қаҳрамонни севаман» (М.Қодиров сўзи), «Даврон сурайлик» (халқ сўзи), «Сени севаман» (Т.Тўла сўзи) каби оммавий ва лирик қўшиқлари, «Келдиму» (С.Зуннунова сўзи) романси қўшиқ шинавандаларини сеҳрлаб қалбларидан жой олди.

Ҳамид Раҳимов мусиқали театр ва телевидение учун бир қатор саҳна асарлари ва киномусиқа яратди. Муқимий номидаги мусиқий театрда композиторнинг «Сингиллар қиссаси» (Тўлқин пьесаси, 1955 й.) “Зафар” (Пўлат Раҳимов билан ҳамкорликда, У.Исмоилов пьесаси, 1956 й.), «Оқ нилуфар» (ҳинд классик драматурги Шудраканинг «Лойдан ясалган аравача» номли пьесаси асосида, 1959 йил), «Раис уйланармиш» (Б.Халилов пьесаси, 1960 й.), «Ишқинг билан» (Ҳ.Умаров пьесаси, 1960 й.), «Жоним фидо» (И.Раҳим пьесаси, 1974 й.), Фарғона мусиқали драма ва комедия театрида «Сўнгги фожиа» (М.Мирзаева пьесаси, 1974 й.) ва «Танбур ноласи» (М.Қодиров пьесаси, 1975 й.), Наманган мусиқали драма ва комедия театрида «Миршаб» (А.Турсунбоев пьесаси, 1976 й.) каби асарлари саҳналаштирилди. Композитор 1970 йил «Зафар» мусиқали драмаси асосида Самарқанд опера ва балет театри учун шу номли (У.Исмоилов либреттоси) операсини яратди. Унинг премьераси қизғин кутиб олинган эди. Ҳ.Раҳимов 1965-1976 йилларда «Она қалби», «Ҳайит», «Одам одамга» каби телеспектаклларга ҳам мусиқа басталади.

Ажойиб инсон, мураббий, ташкилотчи, дирижёр ва композитор Ҳамид Раҳимов XX аср замонавий профессионал мусиқа маданиятининг ривожланиши жараёнига улкан ҳисса қўшди. У элим деб, юртим ва санъатим деб тинимсиз меҳнат қилди, кўп саховатли ишларни бажарди.

Композитор Ҳамид Раҳимов «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» (1967 й.) фахрий унвони, бир қатор фахрий ёрлиқлар билан муносиб тақдирланган.

                             АЛИШЕР РАСУЛОВ

(1960)

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасининг 1990 йилдан буён аъзоси, композитор Алишер Расулов ҳозирги замон эстрада мусиқаси ижодкорларидан бири. У яратган жозибали қўшиқлар хонандалардан Ғуломжон Ёқубов, Насиба Абдуллаева, Юлдуз Усмонова, Раъно Шарипова, Юлдуз Абдуллаева, Кумуш Раззоқова, Козим Қаюмов репертуарларидан кенг ўрин олган.

Расулов Алишер Турсунбой ўғли Тошкентда 1960 йилнинг 8 июлида туғилди. Алишер 1967 йилдан умумтаълим мактабида ўқиди, мусиқа мактабида рубоб чалишни ўрганди. 1975 йили Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртининг мусиқа назарияси бўлимига ўқишга кирди, мусиқа басталашга қизиқиб композитор Мирхалил Маҳмудовдан сабоқ ола бошлади. 1980 йилда у М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетига кириб, профессор Тўлқин Қурбонов синфида таҳсил олди. Давлат имтиҳонига А.Расулов биринчи симфониясини тақдим этади ва 1985 йили ўқишни муваффақиятли битирди.

А.Расулов меҳнат фаолиятини 1984 йилда 21-болалар мусиқа мактабида мусиқа назариясидан дарс бера бошлади. 1985-1987 йиллари Ашула ва рақс ҳарбий ансамблида хизмат бурчини адо этди. 1987-1991 йилларда ўзи ўқиган 4 - болалар мусиқа мактабида мусиқа назарияси фанидан дарс берди. 1991 йилдан ҳозирга қадар эркин ижод билан шуғулланмоқда.

А.Расулов ижодий фаолиятини талабалик давридан бошлади. У 1980-1985 йилларда фортепиано учун «Поэма»; беш қисмли сюита, иккита фуга, иккита прелюдия, 4 та пьеса, Шарқ пьесаси, болалар учун пьеса, фагот ва фортепиано учун пьеса, труба ва фортепиано учун соната, орган учун фуга, шоир Махтумқули шеърларига «Йиғларман» ва «Бўйларингга» қўшиқлари шулар жумласидандир. Унинг «Эсингизда бўлсин, инсонлар» кантатаси 1985 йилда ёш композиторлар кўрик-танловида рағбатлантирувчи мукофотга сазовор бўлди. А.Расулов мустақил ижодий фаолияти давомида қуйидаги йирик шаклдаги мусиқа асарларини яратди: 1989 йили шоир Э.Воҳидов шеърига «Руҳлар исёни» вокал симфоник поэмаси ва 1993 йили унинг иккинчи қисмини ёзди. Камер симфоник оркестр учун «Зороастр» концерти 1989 й, труба ва оркестр учун концерт 1991 й., виолончель ва оркестр учун концерт 1992 й., «Тўпаланг тойнинг ҳангомаси» мусиқали комедияси, «Бир кам дунё» (Тоир Юнус пьесаси, 1993 й.) трагикомедияси Муқимий номли мусиқали театрда саҳна юзини кўрди. “Танҳо юлдуз”, “Аббосхон”, “Уйқусиз кечалар” мусиқали драмалари, “Тили асалим” мюзиклини ҳам яратди. 1997 йилда режиссёр Саид Мухторовнинг «Адолат қомуси» номли 5 серияли ҳужжатли фильмига, 1997 йилда режиссёр Ю.Розиқовнинг «Ғаройиб парвоз» бадиий фильмига мусиқа басталади, «Томоша гуруҳи» учун «Келажакка саёҳат» номли болалар рок-операси, ёш эстрада юлдузлари ижросида «Ял-ялли ялола, эй Ўзбекистон» номли «Офарин» танлови учун (мадҳия) 2001 й., Амир Хусрав Деҳлавий шеърларига 4 та қўшиқ, аралаш ва болалар хори учун бир талай қўшиқлар яратди.

А.Расулов ижодида эстрада қўшиғи устувор туради. У 800 га яқин эстрада қўшиқларини яратди. Улар машҳур эстрада хонандаларининг репертуарларидан жой олган. Ўзбекистон халқ артисти Ғуломжон Ёқубов ижросида «Дилором», «Соҳибқирон», «Иншоолло» (М.Юсуф сўзлари); «Қомат» (Навоий ғазали); «Ой балдоқ», «Армон салтанати», «Омон-омон элим», «Ўйна, ёрим», «Айлан, гўзалим», «Кетолмайсан» (И.Жиянов сўзлари); «Лайли» (П.Мўмин сўзи); «Наврўз» (Қ.Искандаров сўзи); «Алёр», «Спорт» (М.Худойберганов сўзлари); «Юрагим ёнди» (П.Расулов сўзи) ва бошқалар. Насиба Абдуллаева ижросида «Аразларда» («Жоним менинг»), «Малол» (С.Дилхун сўзлари); «Адо бўлдим» (халқ сўзи), «Арзимни айтдим» (Ҳувайдо ғазали), «Муҳаббат борми дунёда», «Яллама дерман» (И.Жиянов сўзлари), «Ёқасиз» (А.Расулов сўзи), «Авайласа», «Қайтиб бергин юрагимни» (П.Мўмин сўзлари), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Козим Қаюмов ижросида «Жонона», «Малак» (П.Мўмин сўзлари), «Муҳаббат» (М.Тоиров сўзи), «Эртак» (Б.Исроилов сўзи), «Майхона» (Ҳ.Муҳаммад сўзи), «Ноз этма» (Чустий ғазали), Юлдуз Абдуллаева ижросида «Ёр-ёр» (Б.Исроилов сўзи), «Лола» ва «Йиллар» (Э.Воҳидов сўзлари), Кумуш Раззоқова ижросида «Ҳижроннинг юки» (М.Мадраҳимова сўзи), «Кўзгу», «Сурма» (Э.Воҳидов сўзлари), «Бўрон» (И.Жиянов сўзи), эстрада хонандаларидан М.Асалхўжаева, Э.Рўзматов, Д.Убайдуллаев, М.Тешабоева, Ш.Воҳидов. М.Асадова, Р.Бўронова, Р.Комилов, М.Ғафурова, А.Ғаниев, З.Маҳкамов, О.Султонов, А.Раҳимжонов, Н.Ниғматов каби хонандалар ижросида Мустақиллик ва Наврўз байрамлари концерт дастурларида ҳам жаранглади.

                               ШАРИФ РАМАЗОНОВ

(1910-2000)

Ўзбекистон халқ артисти, композитор Шариф Рамазонов XX аср кўп овозли ўзбек мусиқа санъатига тамал тошини қўйган композиторлар К.Абдуллаев, В.Успенский, Н.Миронов, М.Ашрафий, М.Бурҳонов, Т.Содиқов, М.Левиев, С.Юдаковларнинг сафдошидир. У ижодкорлик, раҳбарлик ва жамоатчилик фаолияти билан замонавий ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди.

Рамазонов Шариф Абдуллаевич Хоразм вилояти Хива тумани Гандимён қишлоғида 1910 йили 16 июнда таваллуд топди. Ота-онасидан жуда эрта етим қолган Шариф холасиникида ва бегоналарнинг хонадонларида кун кечирди. 1920 йилда Хоразм халқ республикаси раҳбарияти давлат болалар уйини ташкил этиб, уларни ўқитди, тарбиялади ва мусиқадан биринчи сабоқ берди. 1923 йил Хивада болалар мусиқа мактаби очилиши билан Шариф биринчилардан бўлиб скрипка синфига кирди, сўнгра ўқишини Тошкент мусиқа техникумида давом эттирди. 1928 йили Самарқандда Ўзбекистон мусиқа ва хореография илмий тадқиқиот институти ташкил топиши муносабати билан мазкур институтга кўчирма қилинди. Бу ўқув даргоҳида у Т.Содиқов, М.Ашрафий, М.Бурҳонов, Ш.Соҳибов, М.Левиев, О.Ҳалимов, М.Насимов, Н.Ҳасанов, Ф.Шамсуддинов, Д.Зокиров, Ф.Шаҳобов, П.Рахимовлар билан ўзбек мусиқа меросининг билимдонлари: Ота Жалол Носиров, Ҳожи Абдурахмон Умаров, Домла Ҳалим Ибодов, М.Харратов, Ахмаджон Умрзоқов, Абдуқодир Исмоилов каби устозлардан ҳамда Оврўпо мусиқа назарияси ва тарихидан сабоқ олди. Шу институтда у мусиқа басталашга ҳам илк қадам қўйиб, бир неча куй ва қўшиқлар яратди. Жумладан, Н.Миронов раҳбарлигида М.Ашрафий, Т.Содиқов ва Ш.Рамазоновлар биргаликда «Садраш» номли симфоник оркестр учун марш ёздилар. Ўзбек халқ қўшиқ ва куйларини нотага ёзиб олиб, «Фарғона, Бухоро ва Хива қўшиқлари» номли тўпламни 1931 йилда нашрдан чиқардилар.

Ш.Рамазонов ўқишни битиргандан сўнг 1933-1941 йилларда Тошкент давлат мусиқа театри дирижёри, Урганч мусиқали драма театри бадиий раҳбари ва бош дирижёри, Хоразм вилоят санъат бош бошқармасининг бошлиғи лавозимларида ишлади. 1936 йилда Урганч мусиқали драма театрида унинг «Холисхон» (Ҳамзанинг шу номли драмаси асосида М.Мажидий томонидан тайёрланган), 1940 йил «Варка» (М.Мажидий пьесаси), 1940 йил «Шохсанам» (С.Абдулла пьесаси) мусиқали драмалари саҳна юзини кўрди. Шу йилларда у бир талай қўшиқлар ҳам яратди. 1942 йили Ш.Рамазонов ҳарбий хизматга чақирилади ва фронт жангларида қатнашди. Сўнгра ўзи ташкил этган дамли чолғулар оркестри билан уруш тугагунча дивизия қарамоғида хизматда бўлди ва 1946 йили армия сафидан заҳирага ўтказилиб, ватанига қайтади.

Ш.Рамазонов 1946-1955 йилларда Наманган вилояти Навоий номидаги мусиқали драма ва комедия театри дирижёри, кейинчалик директор, айни пайтда, Наманган мусиқа билим юрти ва мусиқа мактаби директори, 1948 йилдан эса Наманган вилояти маданият ва санъат Бош бошқармаси бошлиғи лавозимларида фаолият кўрсатди. 1955 йили Тошкентга кўчиб келган Ш.Рамазонов Ўзбек давлат эстрадаси концерт ташкилотига бадиий раҳбар этиб тайинланди. 1958 йилда Ўзбекистон эстрада-жаз оркестри ташкил этилди.

Ш.Рамазоновнинг ўзи ҳам эстрада қўшиқлари яратади ва тез орада бу жамоа республикамизда машҳур бўлди. Ш.Рамазоновнинг оталарча ғамхўрлиги туфайли мазкур жамоага ссвимли эстрада хонандаларидан Ботир Зокиров, Луиза Зокирова, Элмира Ўразбоева, Стахан Раҳимов, Бах.ром Мавлонов, Юнус Тўраевлар дадил ижодий қадамларини қўйган эдилар.

Ш.Рамазонов 1962 йидда Т.Содиқов номидаги 1-сон болалар мусиқа мактабига директор лавозимига тайинланди. Мазкур мактабда узоқ йиллар давомида ёш санъаткорларни тарбиялаш билан машғул бўлди. 1990 йили нафақага чиқди.

Ш.Рамазонов ижодий фаолиятида Наманган театрида саҳналаштирилган «Асл фарзанд» (А.Миртемир пьесаси, 1947 й.), «Ғунчалар» (З.Фатхулин пьесаси, 1947 й.) мусиқали драмалар, симфоник оркестр учун «Қуёшли Ўзбекистон» (1948 й.), «Хоразмча» (1951 й.) сюиталари, «Мард пахтакорлар» (А.Пўлат сўзи, 1953 й.) кантатаси; симфоник оркестр учун сюита №3 (1955 й.); Ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Мирзачўл» увертюраси (1956 й.); композитор А.Малахов билан ҳамкорликда «Плюс бир» кинофильмига мусиқа (О.Ёқубов сценарияси, 1967 й.) каби йирик асарлар яратди.

Ш.Рамазоновнинг ижодида қўшиқ жанри муҳим ўрин тутади. Унинг овоз учун, хор ва болалар учун, айниқса, эстрада қўшиқлари алоҳида қийматга эга. Жумладан «Озод диёрим», «Тинчлик учун», «Гўзал Фарғона» (А.Бобожонов сўзлари); «Раққос», «Олтин тер», «Тошкент гулшани» (О.Камтар сўзлари); «Яйрайман» (М.Раҳмонов сўзи), «Бир ўзимга ҳавола» (Т.Тўла сўзи), хор учун: «Ўзбекистон» (А.Исроилов сўзи), «Андижоним» (Х.Хўжаев сўзи), «Теримчи қизлар таронаси» (А.Пўлат сўзи), «Қутлайман» (Э.Воҳидов сўзи); хор ва рақсга мўлжаллаб «Рақсга тушинг, дугоналар» (Б.Исроилов сўзи); хор, солист ва ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Муборак эллик баҳор» (О.Камтар сўзи), «Наманганнинг олмаси» (халқ куйи) ва «Эй меҳрибоним» (Огаҳий сўзи) қайта ишланган ўзбек халқ қўшиқлари Луиза Зокирова ижросида, «Интизорман», «Дилрабо», «Шаҳло кўзим» (О.Камтар сўзлари); «Гулчи қиз» (М.Қориев сўзи), «Ғазалхон», «Боғ ерда барно қиз», «Йигитлар» (Т.Тўла сўзи), «Севдим дилдан» (А.Исроилов сўзи), «Сир ўзингга ҳавола» (А.Пўлат сўзи), «Раъно қиз» (Б.Насриддинов сўзи), «Дўстлик ватани» (Д.Полинин сўзи), Ўзбекистон радиосининг Ғ.Тошматов номидаги «Дуторчилар» ансамбли учун «Яйрайман» (М.Раҳмонов сўзи), «Тўқувчи қиз қўшиғи», «Ёр яхши» ва «Мирзачўл йўлида» (А.Пўлат сўзлари), «Булбулча» болалар хор жамоаси, «Пахтаой» болалар эстрада ансамбли учун «Аълочи» (Х.Муҳаммадали сўзи), «Бугун байрам» (Б.Исроилов сўзи), «Қўзичоғим», «Бўшашмайман», «Жиблажибон» (П.Мўмин сўзлалари) ва бошқа қўшиқларни яратди.

Ш.Рамазонов «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» (1952 й.), «Ўзбекистон халқ артисти» (1970 й.) фахрий унвонлари, жанговар орден ва медаллар билан тақдирланган.