АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

30 ноябрь: Собиров Шерзод ни туғилган куни.


АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



                               ШАРИФ РАМАЗОНОВ

(1910-2000)

Ўзбекистон халқ артисти, композитор Шариф Рамазонов XX аср кўп овозли ўзбек мусиқа санъатига тамал тошини қўйган композиторлар К.Абдуллаев, В.Успенский, Н.Миронов, М.Ашрафий, М.Бурҳонов, Т.Содиқов, М.Левиев, С.Юдаковларнинг сафдошидир. У ижодкорлик, раҳбарлик ва жамоатчилик фаолияти билан замонавий ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди.

Рамазонов Шариф Абдуллаевич Хоразм вилояти Хива тумани Гандимён қишлоғида 1910 йили 16 июнда таваллуд топди. Ота-онасидан жуда эрта етим қолган Шариф холасиникида ва бегоналарнинг хонадонларида кун кечирди. 1920 йилда Хоразм халқ республикаси раҳбарияти давлат болалар уйини ташкил этиб, уларни ўқитди, тарбиялади ва мусиқадан биринчи сабоқ берди. 1923 йил Хивада болалар мусиқа мактаби очилиши билан Шариф биринчилардан бўлиб скрипка синфига кирди, сўнгра ўқишини Тошкент мусиқа техникумида давом эттирди. 1928 йили Самарқандда Ўзбекистон мусиқа ва хореография илмий тадқиқиот институти ташкил топиши муносабати билан мазкур институтга кўчирма қилинди. Бу ўқув даргоҳида у Т.Содиқов, М.Ашрафий, М.Бурҳонов, Ш.Соҳибов, М.Левиев, О.Ҳалимов, М.Насимов, Н.Ҳасанов, Ф.Шамсуддинов, Д.Зокиров, Ф.Шаҳобов, П.Рахимовлар билан ўзбек мусиқа меросининг билимдонлари: Ота Жалол Носиров, Ҳожи Абдурахмон Умаров, Домла Ҳалим Ибодов, М.Харратов, Ахмаджон Умрзоқов, Абдуқодир Исмоилов каби устозлардан ҳамда Оврўпо мусиқа назарияси ва тарихидан сабоқ олди. Шу институтда у мусиқа басталашга ҳам илк қадам қўйиб, бир неча куй ва қўшиқлар яратди. Жумладан, Н.Миронов раҳбарлигида М.Ашрафий, Т.Содиқов ва Ш.Рамазоновлар биргаликда «Садраш» номли симфоник оркестр учун марш ёздилар. Ўзбек халқ қўшиқ ва куйларини нотага ёзиб олиб, «Фарғона, Бухоро ва Хива қўшиқлари» номли тўпламни 1931 йилда нашрдан чиқардилар.

Ш.Рамазонов ўқишни битиргандан сўнг 1933-1941 йилларда Тошкент давлат мусиқа театри дирижёри, Урганч мусиқали драма театри бадиий раҳбари ва бош дирижёри, Хоразм вилоят санъат бош бошқармасининг бошлиғи лавозимларида ишлади. 1936 йилда Урганч мусиқали драма театрида унинг «Холисхон» (Ҳамзанинг шу номли драмаси асосида М.Мажидий томонидан тайёрланган), 1940 йил «Варка» (М.Мажидий пьесаси), 1940 йил «Шохсанам» (С.Абдулла пьесаси) мусиқали драмалари саҳна юзини кўрди. Шу йилларда у бир талай қўшиқлар ҳам яратди. 1942 йили Ш.Рамазонов ҳарбий хизматга чақирилади ва фронт жангларида қатнашди. Сўнгра ўзи ташкил этган дамли чолғулар оркестри билан уруш тугагунча дивизия қарамоғида хизматда бўлди ва 1946 йили армия сафидан заҳирага ўтказилиб, ватанига қайтади.

Ш.Рамазонов 1946-1955 йилларда Наманган вилояти Навоий номидаги мусиқали драма ва комедия театри дирижёри, кейинчалик директор, айни пайтда, Наманган мусиқа билим юрти ва мусиқа мактаби директори, 1948 йилдан эса Наманган вилояти маданият ва санъат Бош бошқармаси бошлиғи лавозимларида фаолият кўрсатди. 1955 йили Тошкентга кўчиб келган Ш.Рамазонов Ўзбек давлат эстрадаси концерт ташкилотига бадиий раҳбар этиб тайинланди. 1958 йилда Ўзбекистон эстрада-жаз оркестри ташкил этилди.

Ш.Рамазоновнинг ўзи ҳам эстрада қўшиқлари яратади ва тез орада бу жамоа республикамизда машҳур бўлди. Ш.Рамазоновнинг оталарча ғамхўрлиги туфайли мазкур жамоага ссвимли эстрада хонандаларидан Ботир Зокиров, Луиза Зокирова, Элмира Ўразбоева, Стахан Раҳимов, Бах.ром Мавлонов, Юнус Тўраевлар дадил ижодий қадамларини қўйган эдилар.

Ш.Рамазонов 1962 йидда Т.Содиқов номидаги 1-сон болалар мусиқа мактабига директор лавозимига тайинланди. Мазкур мактабда узоқ йиллар давомида ёш санъаткорларни тарбиялаш билан машғул бўлди. 1990 йили нафақага чиқди.

Ш.Рамазонов ижодий фаолиятида Наманган театрида саҳналаштирилган «Асл фарзанд» (А.Миртемир пьесаси, 1947 й.), «Ғунчалар» (З.Фатхулин пьесаси, 1947 й.) мусиқали драмалар, симфоник оркестр учун «Қуёшли Ўзбекистон» (1948 й.), «Хоразмча» (1951 й.) сюиталари, «Мард пахтакорлар» (А.Пўлат сўзи, 1953 й.) кантатаси; симфоник оркестр учун сюита №3 (1955 й.); Ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Мирзачўл» увертюраси (1956 й.); композитор А.Малахов билан ҳамкорликда «Плюс бир» кинофильмига мусиқа (О.Ёқубов сценарияси, 1967 й.) каби йирик асарлар яратди.

Ш.Рамазоновнинг ижодида қўшиқ жанри муҳим ўрин тутади. Унинг овоз учун, хор ва болалар учун, айниқса, эстрада қўшиқлари алоҳида қийматга эга. Жумладан «Озод диёрим», «Тинчлик учун», «Гўзал Фарғона» (А.Бобожонов сўзлари); «Раққос», «Олтин тер», «Тошкент гулшани» (О.Камтар сўзлари); «Яйрайман» (М.Раҳмонов сўзи), «Бир ўзимга ҳавола» (Т.Тўла сўзи), хор учун: «Ўзбекистон» (А.Исроилов сўзи), «Андижоним» (Х.Хўжаев сўзи), «Теримчи қизлар таронаси» (А.Пўлат сўзи), «Қутлайман» (Э.Воҳидов сўзи); хор ва рақсга мўлжаллаб «Рақсга тушинг, дугоналар» (Б.Исроилов сўзи); хор, солист ва ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Муборак эллик баҳор» (О.Камтар сўзи), «Наманганнинг олмаси» (халқ куйи) ва «Эй меҳрибоним» (Огаҳий сўзи) қайта ишланган ўзбек халқ қўшиқлари Луиза Зокирова ижросида, «Интизорман», «Дилрабо», «Шаҳло кўзим» (О.Камтар сўзлари); «Гулчи қиз» (М.Қориев сўзи), «Ғазалхон», «Боғ ерда барно қиз», «Йигитлар» (Т.Тўла сўзи), «Севдим дилдан» (А.Исроилов сўзи), «Сир ўзингга ҳавола» (А.Пўлат сўзи), «Раъно қиз» (Б.Насриддинов сўзи), «Дўстлик ватани» (Д.Полинин сўзи), Ўзбекистон радиосининг Ғ.Тошматов номидаги «Дуторчилар» ансамбли учун «Яйрайман» (М.Раҳмонов сўзи), «Тўқувчи қиз қўшиғи», «Ёр яхши» ва «Мирзачўл йўлида» (А.Пўлат сўзлари), «Булбулча» болалар хор жамоаси, «Пахтаой» болалар эстрада ансамбли учун «Аълочи» (Х.Муҳаммадали сўзи), «Бугун байрам» (Б.Исроилов сўзи), «Қўзичоғим», «Бўшашмайман», «Жиблажибон» (П.Мўмин сўзлалари) ва бошқа қўшиқларни яратди.

Ш.Рамазонов «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» (1952 й.), «Ўзбекистон халқ артисти» (1970 й.) фахрий унвонлари, жанговар орден ва медаллар билан тақдирланган.