АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

30 ноябрь: Собиров Шерзод ни туғилган куни.


АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



                              ЮНУС РАЖАБИЙ

(1897-1976)

Ўзбекистон халқ артисти, Республика Давлат мукофоти совриндори, созанда, ҳофиз ва бастакор, академик Юнус Ражабий кўп қиррали ижодий фаолияти билан XX аср ўзбек мусиқаси тарихида теран ва ёрқин из қолдирди. У замонавий мусиқа маданиятимиз равнақига, шунингдек, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасига тамал тошини қўйган санъаткорлардан биридир. Унинг мумтоз қўшиқ ва ашулалари, рақс куйлари, мусиқали драмалари, айниқса, ўзбек халқ мусиқа мероси намуналарини, хусусан, мақомларни замонавий нотага ва аудиотасмаларга ёзишдаги хизматлари беқиёсдир.

Юнус Ражабий ўзининг ҳаёти ва мусиқа санъатига кириб келишини «Ўзбекистон санъати» журналининг 1987 й. 3-сонида босилган «Ўзим ва ҳамкасбларим ҳақида» эсдалик мақоласида шундай таърифлаган: «Мен 1897 йилнинг 5 январида Тошкент шаҳрида дунёга келдим. Отам Ражаб Саримсоқов қассоб касбига яраша серзавқ, довюрак одам эди. Онам Ойша Имомова уй бекаси эдилар. Оиламизда мендан ташқари яна уч ўғил ва икки қиз бор эди. Болаликдан хонанда-ю созандалар даврасида ўсдим.

Шукур акам бозордан бир дутор келтириб берди. Мирзақосим Ҳофиздан ва бошқа созандалардан эшитган куйларни мана шу дуторда машқ қила бошладим. Шу пайтларда акам Рисқи  Ражабий яхшигина танбурчи эди. Дуторим билан унга жўр бўладиган бўлдим. Машҳур ҳофиз Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов ва йирик санъаткор Шораҳим Шоумаровлардан мақом ҳамда халқ ашулаларини ўргана бошладим.

7 ёшимдан эски мактабда ўқидим. 1910 йилда уни тугатиб, мадрасада уч йил таҳсил кўрдим. 13-17 ёшларимда қушхонада қассоблик қилдим. Лекин мусиқий машқларимни тўхтатмадим. Тошкентнинг Шайхонтохур, Кўксарой, Зангиота ва Тирсакда ўтказиладиган халқ сайилларида тошкентлик санъаткорлар билан бир қаторда Самарқанд, Бухоро, Андижон, Марғилон, Наманган, Қўқон ва бошқа шаҳарлардан таниқли ашулачи, чолғучи, аскиячи, дорбоз, масхарабоз, раққослар қатнашарди. Ана шундай йиғинларда халқдан кўп нарса ўргандим. Кейинчалик “Ўзбек халқ мусиқаси” тўплам-китобимга кўпгина халқ қўшиқлари, чолғу куйларини киритганман.

1913 йили отам вафот этгач, оиламиз моддий томондан қийналганлиги сабабли 1914-1915 йилларда Чимкент қушхонасида ишладим. Бу ерда машҳур санъаткорлар Султонхон, Қурбонхон, Имомхон, Ҳошимхон Ҳакимовлар билан танишдим. Бу ака-укалар орасида Илҳомхон най чалар эди. Ундан най чалишни ўргана бошладим. Машҳур Абдуқодир найчидан най чалиш сирларини мукаммал ўргандим, етук созанда ва хонанда бўлиб, 1916 йилда Чимкентдан қайтдим. Шу йили машҳур мусиқачи ва ашулачи Шораҳим Шоумаровга шогирд тушиб, у кишидан таълим олдим. Устозим шу йили акам танбурчи Рисқи ва мен найчи-дуторчи, хонанда Ражабийлар, камончи Имомжон Икромов, доирачи Шожалиловлардан иборат ансамбль тузиб, репертуаримизни бойитиб халқ даврасига чиқадиган бўлдик.

1918 йили Тошкентда “Туркистон халқ консерваторияси” ташкил топди. 1919 йили эса композитор В.Успенскийнинг ташаббуси билан Баландмасжид, Роҳат боғида мазкур консерваториянинг бўлими очилди. Бу бўлим мусиқа техникуми деб ҳам аталарди. Бу ўқув юртига менга ўхшаган ёшларни қабул қилишди. Бизга ҳофиз Шораҳим Шоумаров, танбурчи Шобарот ака, доирачи Шожалил ака, доирачи Абдусоат Ваҳобов, чангчи Исмат ака, ғижжакчи Қурбонхон Ҳакимов, найчи Имомжон Ҳакимовлар устоз-домлалик қилишар эди. В.А.Успенский эса нота ёзуви ва мусиқа назариясидан, Саодатхоним Енекеева пианино чалишдан дарс беришар эдилар. Шу даврда Успенский устозларимиздан ўзбек мусиқаси билан танишишга ва уни ёзиб боришга киришди. У Шоумаров билан биринчи йил бирга ишлади ва бунинг натижасида чормақомдан анчагина қисмини нотага ёзиб олди.

1922 йили улуғ шоир Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достони асосида (шоир Ш.Хуршид пьесаси) яратилган мусиқали драма, аввал “Намуна” мактаб саҳнасида, кейин ўзбек давлат театрида ўйналди. Бу спектаклдаги классик халқ мусиқасининг асосий куйларини Шораҳим Шоумаров билан мен ишлаган эдим. 1923 йили ўқишни битирдим ва акам Рисқи Ражабий, ғижжакчи Имомжон Икромов, чангчи Исмат акалар билан бирга Самарқандга Ўзбек билим юрти қошида очилган мусиқа мактабига муаллим бўлиб бордик. 1924 йилнинг августида Тошкентлик машҳур ҳофиз Мулла Тўйчи билан ғижжакчи Солихон ҳожи Самарқандга келишди. Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов билан учрашишди. Бухорода Бухоро Шашмақомини мукаммал билувчи машҳур ҳофиз Ота Жалол Носиров, танбурчи Ота Ғиёс Абдуғаниев ҳамда Уста Шоди Азизовлар билан танишдим. Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов ва Левича Бобохоновдан Бухоро «Шашмақоми»ни ўргана бошладик. Шундай қилиб, биз улардан «Бузрук», «Ироқ», унинг таснифлари, қашқарчалари, «Ушшоқ» ва унинг бир неча турларини, «Гулузорим», «Бебокча», «Бозургоний», «Гуллар боғида» ва Шашмақомнинг кўп бўлим, қисмларини ўргандик.

1925-1926 йилларда Самарқанд мусиқали драма театрида мусиқа раҳбари бўлиб ишладим. «Абдулфайзхон», «Ёрқиной», «Падаркуш» каби драмалар қўйилди, уларга мусиқа басталадим. Шу орада «Фарҳод ва Ширин» ҳам Самарқандда қўйиладиган бўлиб қолди, мусиқасини қайта ишлаб бердим. 1926 йилда «Лайли ва Мажнун» (Ш.Хуршид пьесаси) мусиқали драмасига мусиқа басталадим.

1926 йили умр йўлдошимнинг вафоти сабабли Тошкентга қайтиб келдим. 1927 йили Тошкент радиоузелида радиостанция тузилди. Биз ҳар куни шу ерда ярим соатдан концерт бериб турдик. Кейинроқ шу ерда 12 кишилик ансамбль ташкил топди. Ансамбль таркиби борган сари кенгайиб бораверди. Машҳур санъаткорлардан Шораҳим Шоумаров, Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов, Домла Ҳалим Ибодов, Имомжон Икромов, Ҳожи Абдурахмон Умаров, Сафо Муғанний, Матюсуф Харратов (Чокарий), Анвар Ражабий, Назира Аҳмедова, Марям Алишаевалар ансамблимизнинг дастлабки йилларидаги аъзолари эди. 1935 йилларга бориб ансамблимиз сони 40 тага етди ва мен уларга бевосита раҳбарлик қилдим.

1934 йили уч ой Москвадаги малака ошириш курсида, сўнгра Тошкент консерваториясининг тайёрлов курсида Имомжон Икромов билан биргаликда сабоқ олдик.

1937 йилда Москвада ўтадиган биринчи Ўзбекистон санъати ва адабиёти декадасига тайёргарлик бошланди. Декадага атаб мен «Ёлғиз» (катта ашула), «Энди сендек» ва «Ҳаммамиз» куйлари асосида уч қисмдан иборат сюита яратдим. Бу асар декадада муваффақиятли ижро этилди. Олтин соат билан мукофотландим. 1938 йили Бастакорлар уюшмаси ташкил топди. Мен эса аъзоликка қабул қилиндим.

1939 йилда Ўзбекистонда ўттиз ижрочидан иборат биринчи хотин-қиз дуторчилар ансамбли тузиш ҳукумат томонидан менинг зиммамга ва Лутфихоним Саримсоқовага топширилди. 1939 йилда ҳаётимда шу унутилмас воқеа содир бўлди. Ҳукуматимиз кўп йиллик меҳнатимни муносиб тақдирлаб, менга «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» деган фахрий унвон берилди ва «Шавкатли меҳнат учун» медали билан тақдирландим.

Билимимни ошириш учун 1941 йил бошида Москвага малака ошириш курсига Имомжон Икромов, Муҳаммадазиз Ниёзовлар билан бордик. Профессор Г.И.Литинский, В.Виноградов, санъатшунослик фанлари доктори В.А.Цуккерман, профессор В.М.Беляевлардан таълим ола бошладик. Фавқулодда бошланган иккинчи жаҳон уруши ўқишни давом эттиришимга тўсиқлик қилди. Тошкентга қайтиб Янгийўл шаҳридаги Тошкент вилояти мусиқали драма ва комедия театрида мусиқа раҳбари бўлиб ишлай бошладим.

1945 йили 9 майда уруш бизнинг ғалабамиз билан тугагандан сўнг, ҳокимият раҳбарлари мени яна Радио ансамблига раҳбар килиб тайинлашди. 1945-1947 йилларда бир вақтнинг ўзида, 1948 йили мусиқа санъати тарихида анчагина жиддий ғоявий тортишувлар рўй берди. Яъни халқимизнинг асрлар давомида эъзозланиб келинаётган, миллий ғоялар билан суғорилган Шашмақом, Фарғона-Тошкент мақомлари, Хоразм мақомлари «Сарой мусиқаси» деб, уларни ижро этилиш таъқиқлаб қўйилди. 1953 йилда эса радионинг «Ўзбек халқ чолғу асбоблар оркестрини» тарқатиб юбордилар. 1957 йили радио қошида «Ўзбек халқ чолғу асбоблар оркестри» қайтадан тикланди. Мен оркестрга бадиий раҳбар, Дони Зокиров бош дирижёр қилиб тайинланди. 1958 йилдан эса мақомчилар ансамбли менинг раҳбарлигимда ишлай бошлади.

Халқ мусиқа меросининг дурдоналарини кўпдан буён тўплаб нотага ёзиб олаётган эдим. 1947 йилдан эътиборан қайта сайқал бериб, нотага тушира бошладим. 1955 йилда «Ўзбек халқ мусиқаси»нинг биринчи томи санъатсевар халқимиз қўлига бориб етди. Бора-бора, келгуси 1957-1959 йилларда мусиқашунос Илёс Акбаров таҳририда яна тўрт жилди нашр этилди.

Кейинги 1960-1970 йилларда Шашмақомнинг олти томлиги, ҳар бир олти мақом алоҳида-алоҳида мусиқашунос Файзулла Кароматов таҳририда нашр этилди. Ўзбекистон радиоэшиттириш ва телевидение Давлат комитети қошидаги мақом ансамбли ижросида Шашмақомнинг ашула бўлимига кирган барча шўъбаларини шогирдларимга ўргатиб, улар ижросида магнит ленталарига, пластинкаларга кўчиришга муваффақ бўлдим. Бу мураккаб ишни амалга оширишда мақом ансамблининг заҳматкашлари: ансамблнинг мусиқа раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Фахриддин Содиқов, Ўзбекистон халқ артистлари Коммуна Исмоилова, Берта Довидова, Ўзбекистон халқ ҳофизлари Ортиқхўжа Имомхўжаев, Ориф Алимахсумов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Карим Мўминов, созандалардан Ориф Қосимов, Зокиржон Содиқов, Исҳоқ Қодиров, Илҳом Тўраев, Турғун Алиматов, Умаржон Отаев, Дадахўжа Соттихўжаев ҳамда Ғайбулла Саъдуллаевлар мен билан ёнма-ён туриб ҳормай-толмай меҳнат қилишди».

1920-1940 йилларда Ю.Ражабий ҳар хил мавзуларда, классик ва замонавий ўзбек шоирларининг шеърларига ашула, қўшиқлар, марш, хор қўшиғи, куйлар яратишдан бошлаб «Фабрика ялласи» (К.Ҳошимов сўзи), «Даврон-даврон» (Ғайратий сўзи), Хор: «Яшнади» (М.Ғани сўзи), «Сирдарё» (А.Камтар сўзи), «Ҳаммамиз» (Жипак сўзи), «Ғалаба» (Миртемир сўзи), «Ўзбекистон» (А.Камтар сўзи), «Қаҳрамон» (Ғайратий сўзи), «Пахта» (А.Қодиров сўзи), «Ватан» (А.Муҳаммадхон сўзи) каби жуда кўп қўшиқлар радио тўлқинларида янграб тез орада оммалашиб кетди. Булар қаторида «Гулбоғлар», «Мирзачўлда тўй», «Қаҳрамонлар марши», «Халқлар дўстлиги» каби оммавий қўшиқлар ўзбек халқ қўшиқларининг тузилишига яқин бўлсада, улар оҳанг жиҳатидан оригиналлиги билан ажралиб туради. Шулар қатори бастакор яратган «Соғинганман», «Ёр келди», «Келдинг», «Мунча ҳам», «Кошки», «Жудо», «Ишқ», «Мустазод», «Ҳажрингда», «Гул сочар», «Раъноланмасун» каби қатор лирик ашулалари хонандалар томонидан севилиб ижро этилиб келмоқда.

Ю.Ражабий ижодида театр учун мусиқа басталаш муҳим ўрин тутди. У Самарқанд театрида ишлаган пайтларида юқорида қайд қилинган саҳна асарлардан ташқари, 1932 йили Умаржон Исмоилов билан ҳамкорликда 1934 йили «Рустам» номли мусиқали драмани яратиб, кейинчалик яна қуйидаги саҳна асарларга мусиқа басталади: 1934 й. «Аваз» (А.Ҳидоятов пьесаси), 1941 й. «Қасос» (А.Умарий ва Туйғун пьесалари, мусиқасини ёзишда Б.Надеждин ҳамкорлик қилган). Композитор Н.Миронов билан биргаликда 1942 йили «Қўчқор Турдиев» (С.Абдулло ва Р.Ғуломов пьесалари), 1943 йили «Нодира» (Л.Қосимов пьесаси), Г.Мушель ҳамкорлигида 1944 йили «Муқанна» (Ҳ.Олимжон пьесаси) ва 1944 йили «Фарход ва Ширин» (К.Яшин пьесаси), 1968 йили композитор Сайфи Жалил билан ҳамкорликда «Алишер Навоий Астрободда» (И.Максумов пьесаси), 1964 йили С.Юдаков ва Б.Зейдманлар билан ҳамкорликда «Ўғил уйлантириш» (Ҳ.Ғулом пьесаси) мусиқали драмалар. Шу билан бирга 1938 йили «Бой ила хизматчи», 1939 йили «Холисхон» (Ҳамза асарлари) драма спектаклларига, 1935 йили «Навоий», 1936 йили «Муқимий», 1938 йили «Фурқат» ва 1938 йили «Лола» радио-постановкаларига мусиқа басталади.

1957 йили Ўзбекистон халқ артисти, композитор Толибжон Содиқов, Борис Зейдман ҳамкорлигида яратилаётган «Зайнаб ва Омон» (Зулфия либреттоси асосида) операси, Т.Содиқовнинг бевақт вафот этганлиги сабабли Ю.Ражабий, Д.Зокиров ва Б.Зейдман 1958 йили операни биргаликда ёзиб тугатдилар. Ўша йили асар А.Навоий номидаги опера ва балет катта академик театрида саҳна юзини кўрди.

Ю.Ражабий мусиқанинг бошқа жанрларида ҳам қатор асарлар яратди. Масалан: Б.Надеждин билан «Пахта» номли симфоник оркестр учун рақс сюитаси, «Фарғонача» сюитаси ва «Сегоҳ» симфоник пьесаси, ўзбек халқ чолғулари ансамбли учун «Рақс», шоир Фурқатнинг шеърига басталаган «Найлагайман», «Тонг насими» ва «Юзинг ойдек» номли уч қисмли вокал-симфоник сюита, ўзбек чолғулари ансамблига бир талай куйлар басталади.    

Юнус Ражабий Ўзбекистон мусиқа маданиятини ривожлантиришда улкан хизматлари учун қатор орден ва бир неча медаллар билан тақдирланган. 1939 йили унга «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби», 1953 йили «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонлари берилган. 1966 йили Ўзбекистон Фанлар Академиясига ҳақиқий аъзо этиб сайланган.

 

Устоз санъаткор Юнус Ражабий Ўзбекистон мусиқа маданиятига, халқига бир умр сидқи дилдан ҳалол хизмат қилиб, тириклигидаёқ ўзига ҳайкал қўйган мумтоз санъаткордир. Жиззах вилоят мусиқали драма театри, Тошкент педагогика коллежи, Тошкент метроси бекати, Тошкентнинг кўчаларидан бири ва ўзи асос солган Ўзбекистон радиоси «Мақом ансамбли» унинг номи билан аталади. Юнус Ражабий уй-музейи фаолият кўрсатмоқда.