Дш | Сш | Чш | Пш | Ж | Ш | Як |
---|---|---|---|---|---|---|
1
|
2
|
3
| ||||
4
|
5
|
6
|
7
|
8
|
9
|
10
|
11
|
12
|
13
|
14
|
15
|
16
|
17
|
18
|
19
|
20
|
21
|
22
|
23
|
24
|
25
|
26
|
27
|
28
|
29
|
30
|
31
|
(1935-1995)
Композитор ва моҳир ғижжакчи-созанда Турсун Азимов Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасига 1974 йили аъзоликка қабул қилинган. Унинг турли чолғу жамоалари учун яратган асарлари, айниқса, жозибали қўшиқлари ва чолғу куйлари ижрочилар репертуаридан жой олиб, концерт дастурларида ҳамда телерадио тўлқинлари орқали янгради.
Турсун Азимов 1935 йил 1 мартда Тошкент шаҳрида дунёга келди. Болалигидан мусиқага қизиқди. 1954-1957 йилларда Ҳамза номидаги Тошкент давлат мусиқа билим юртида ўзбек халқ чолғулари бўлимида ғижжак чолғуси ва мусиқа назариясидан сабоқ олади. 1957-1959 йилларда «Баҳор» рақс ансамблида, 1969 йилдан умрининг охиригача Ўзбекистон телерадиокомпанияси қошидаги Дони Зокиров номидаги ўзбек халқ чолғулари оркестрида созанда бўлиб ишлади. 1961-1970 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетида проф.Б.Гиенко синфида таҳсил олиб илк симфонияси билан ўқишни битирди.
Композитор Т.Азимов ижодий фаолиятида қўшиқ ва халқ чолғулари ҳамда оркестр учун асарлар яратишга эътибор берди. Беш қисмли «Меҳнат шодлиги» сюитаси, «Навоий хотираси» поэмаси, тўрт қисмли «Болалар учун сюита»си, «Увертюра», Ю.Ражабий хотирасига бағишланган «Фантазия»си, уч қисмли «Ёшлар сюитаси», чанг учун «Концерт»и, ғижжак учун «Концертино»си, «Лирик поэма»си. Пьесалардан қашқар рубоби, най, чанг, қўшнай, гобой; чанг учун «Гўзал диёрим» овоз ва оркестр; қашқар рубоби учун «Дурдона» овоз ва оркестр; гобой учун «Гулзоримни куйлайман» овоз ва оркестр; арабча куй «Мустафо» най ва оркестр учун қайта ишлаган; Бастакор С.Калонов билан ҳамкорликда «Лолазорим» қашқар рубоби, овоз ва оркестр учун ва «Баҳор армуғони» овоз, чанг ва оркестр учун каби асарлар шулар жумласидандир.
Т.Азимов хор, яккахон ва халқ чолғулари оркестри учун «Ўзбекистон» (Б.Исроилов сўзи, 1975 й.) ва тўрт қисмли «Ёрқин ҳаёт» (1978 й.) кантаталари; хор учун «Қанотли ёшлигим» (А.Исроилов сўзи) қўшиғи муаллифи. Хор қўшиқлар «Тошкент бинокорлари (Сайёр сўзи), «Ферма қизлари қўшиғи» (Ҳайдар сўзи) «Шоликор қиз» (Ҳ.Ёқубов сўзи), «Ёшлик таронаси»; «Хиёбондан ўтганмисиз» ва «Янги айёмлар билан» (З.Обиджон сўзлари); «Юлдузингдан ўргилай» (Қ.Махсумов сўзи); «Булбул бўлай», «Вафодорингман» ва «Бир қиз таърифи» (П.Мўмин сўзлари); «Сўлим оқшом» (М.Рихсиев сўзи); «Истасанг» (Отажонов сўзи); «Йиллар таронаси», «Терим таронаси» (А.Пўлат сўзлари); «Қўшиғимиз авжида» (Ғ.Зиёдова сўзи); «Бир қиё боққан билан» (С.Зуннунова сўзи); «Қорақалпоқ қизи» (Миртемир сўзи); «Васли ёр эт» ва «Дилоромим менинг» (Фурқат сўзлари); «Севгилим» (О.Мухторов сўзи); «Ниятимдур-ниятинг» (Б.Исроилов сўзи); «Тановарни тинглагач» (М.Қориев сўзи); «Агар соғинсанг» (Э.Охунова сўзи); «Чин ёр эмиш» (С.Абдулла сўзи) каби қўшиқлари хонандалар репертуаридан кенг ўрин олди.
Т.Азимов «Навоий хотирасига» симфоник поэма; камер симфоник оркестри учун «Скерцо ва Рондо», симфоник оркестр учун «Мавзу ва вариациялар»; камонли чолғулар учун «Квартет», фортепиано учун 3 та пьеса ва «Сонатина», дамли чолғулар оркестри учун Увертюра, «Тинчлик диёри» ва «Скерцо», икки пардали «Қонли рўмолча» радиоинсценировкаси (М.Қориев асари)га мусиқа; баритон овози ва фортепиано учун «Олмайсан хаёлингга» романси (З.Обиджон сўзи) ва болалар хори учун бир неча қўшиқлар яратган.
Композитор Т.Азимов нозик туйғулар, қалб кечинмалари куйчиси эди. Унинг барча асарлари, айниқса, жўшқин ва жозибали қўшиқлари ўзининг лирик оҳангдорлиги ва бадиий нафосати билан ажралиб туради. Шу билан бирга улар ўзбек халқ мусиқасининг тузилиш ва шаклланиш хусусиятлари билан чамбарчас боғланиб пайваста бўлиб кетган.
ОЙДИН АБДУЛЛАЕВА
(1976)
Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси аъзолари сафига ёрқин истеъдод соҳиби, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори, композитор Ойдин Абдуллаева 2000 йилда қабул қилинди. У консерваторияда ўқиб юрган пайтларидан бошлаб ўзига хос «овози» ва жамоатчилик фаолияти билан замонавий ўзбек профессионал мусиқа санъатига кириб келди.
Ойдин Утамуродовна Абдуллаева 1976 йилнинг 6 мартида Тошкентда туғилган. Ойдин болалигидан мусиқага қизиқади. 1983-1994 йилларда Р.Глиэр номидаги Республика махсус мусиқа мактаб-интернатида виолончель синфида ва бастакорлик мутахассислигидан сабоқ олди. 1994-1999 йилларда М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетида, 1999-2001 йилларда ассистентура-стажировкада А.Мансуров синфида таҳсил олди. 2001 йилда Навоий, Зулфия ва Эркин Воҳидов шеърлари асосида режиссёр Ферудин Сафаров либреттосига «Вафо» опера-ораториясини консерваториянинг опера студия жамоаси ижросида (дирижёр Ғани Тўлаганов) комиссияга ҳавола этиб, консерваториянинг ассистентура-стажировкасини муваффақиятли битирди.
О.Абдуллаева ўқиш жараёнидаёқ энг яхши асарлар учун талаба ёшлар ўртасида ўтказилган бир неча танловларда мукофотларга сазовор бўлди. Мусиқий танқид ва журналистика билан ҳам шуғулланиб, илмий анжуманларда қатнашиб туради, мақолалари газета ва тўпламларда эълон қилинган.
О.Абдуллаева 1999 йилдан буён консерваторияда ёш авлодга мусиқа сирларидан сабоқ бериб келмоқда. 2011-2019-йилларда консерваториянинг “Бастакорлик ва чолғулаштириш” кафедраси мудири, профессор (2018 йилдан), 2020 йил 20-январдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси Депутати вазифасида фаолият олиб бормоқда.
Композиторнинг фортепиано учун уч қисмли Сонатинаси, Прелюдия ва Токкатаси, чанг ва фортепиано учун «Концерт куйи», виолончель учун Фантазияси, торли трио учун Сюитаси, труба ва фортепиано учун Фантазияси, дамли чолғулар квартети учун Вариациялари, торли оркестр учун Поэмаси, баритон ва фортепиано учун Умар Хайём рубоийларига беш қисмли туркуми, рубоб-прима ва фортепиано учун «Концерт куйи», симфоник оркестр учун «Поэма-фантазия», саксофонлар квартети учун жаз услубидаги миниатюралари, 4 қисмли торли квартети, симфоник оркестр учун А.Бедилнинг «Комде ва Модан» асари асосида «Севги ҳақида достон» симфонияси, қашқар рубоби ва халқ чолғулари оркестри учун Концерти, сопрано ва фортепиано учун Зулфия шеърига «Ҳижрон кунларида» ва аёллар хори учун романслари, Ҳамроқул Ризо шеърига «Ёр-ёр» ва У.Хайём рубоийларига «Келиб кетмоқдамиз...», «Жадидлар хотираси»га бағишланган симфоник поэма, 50 дан ортиқ эстрада қўшиқлари тингловчиларга яхши таниш.
О.Абдуллаева театр ва кино мусиқаси жанрларида ҳам фаол ижод қилиб келмоқда. Унинг “Осмоннинг бағри кенг”, “Фариштали аёл” (С.Сирожиддинов асарлари), “Кўнглимнинг кўчаси” (Н.Аббосхон асари), “Тобутдан товуш” (А.Қаҳҳор асари), “Қизи борнинг нози бор” (Ҳ.Расул асари), “Паривашга парвонаман” (Н.Аббосхон асари), “Сохта ногирон” (Қинғир ишнинг қийиғи) сингари мусиқали драма ва комедиялари Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқали драма театрида саҳналаштирилган. 2004 йил “Ўзбектеатр” ижодий бирлашмаси томонидан ўтказилган “30+1” замонавий театр спектаклларининг Республика танловида «Энг яхши мусиқали драма учун» номинациясида “Осмоннинг бағри кенг” (С.Сирожиддинов асари) спектаклига ёзган мусиқаси учун ғолиб деб топилган. Ўзбекистон Давлат Миллий академик театрида испан драматурги А.Кассоне асари асосида саҳналаштирилган “Дарахтлар тик туриб жон беради” спектаклига мусиқа басталаган. “Севги фариштаси”, “Ёдгор” “Шоҳсупа”, “Дугонажонлар” телесериалларининг, “Ҳикмат чироғи” номли болалар фильмининг мусиқа муаллифи.
О.Абдуллаева «Ансамбль чолғуларини ўрганиш» номли санъат коллеж ва лицейлари талабалари учун мўлжалланган ўқув қўлланмаси, мусиқа мактабларининг 7-синф ўқувчилари учун «Сольфеджио», олий ўқув юртлари талабалари учун “Бастакорлик санъати”, “Чолғушунослик” дарсликлари муаллифи.
О.Абдуллаева ижодий, ўқитувчилик, маърифий-жамоатчилик фаолияти билан республикамиз мусиқа ривожига баҳоли қудрат ҳисса қўшиб келмоқда.
О.Абдуллаева 1997 йилда М.Улуғбек номидаги Республика жамғармасининг 1-даражали мукофоти, 1998 йили Республика ёшлар «Камолот» жамғармаси мукофоти, 2000 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофотига, 2015 йилда “Эътироф” мукофотига, "Дўстлик" ордени соҳибаси (2021) сазовор бўлди.
Истеъдодли композитор Абсалямов Салих Анварбекович 1954 йил 23 августда Қозоғистоннинг Қарағанда шаҳрида туғилган. Салих 13 ёшидан баян чалишни ўрганади. Ўша пайтларда баян ва фортепиано жўрлигида ўзининг сўзига бир нечита қўшиқлар басталайди. 1971 йилда унинг оиласи Тошкентга кўчиб келди ва Салих Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг мусиқа факультетига ўқишга кирди. 1972 йили Тошкент давлат консерваторияси тайёрлов курсларига кириб А.А.Берлиндан композициядан таълим олди. 1974-1979 йилларда композиторлик ихтисослиги бўйича профессор Ф.М.Янов-Яновский синфида таҳсил олди. 1983-1985 йилларда ассистент-стажёрлик босқичида касб малакасини оширди. 1983 йилда Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасига қабул қилинди. Ўқитувчилик фаолиятини талабалик давридан мусиқа мактабида, Р.Глиэр номидаги мусиқа мактаб-интернатида дарс берди.
Салих Абсалямов турли жанрларда қуйидаги асарларини яратди: флейта, скрипка, фортепиано учун пьесалар, торли чолғулар учун квартет, фортепиано учун 28 та «Прелюдия» ва «Пьесалар», дамли чолғулар учун «Дуэт» туркуми, А.Пушкин, Ю.Лермонтов, Г.Лорка, Бодлер, Маяковский, Р.Бобожон шеърларига романслар, фортепиано учун «Сонатина» (Олмаота шаҳри, 1976) ва Шекспир сонетларига яратган бешта романс, болалар учун С.Маршак сўзларига ёзган «Болалар қафасда» вокал туркуми, 1979 йилда В.Маяковскийнинг поэмаси асосида саккиз қисмли оратория, 2012 йилда “Севги садоси” мюзиклини яратди.
1981 йилдан Салих Абсалямов Хуан Инес Де ла Круссанинг шеърлари асосида 7 қисмли кантата, «Гаврош» (1981) қўғирчоқ спектаклига мусиқа, ёғочли-дамли чолғулар квартети учун 5 та пьеса, камер-чолғу оркестри учун «Прелюдия ва фуга» (1983), «Бравый солдат Швейк» симфоник поэмаси (1983), камер чолғулар ансамбли учун 7 та пьеса, 1990 йилда «Тафовус» спектаклига мусиқа, миллий чолғулар учун 8 та «Прелюдия», 1992 йилда «Песня песней» мусиқий спектакли, 1993 йилда камер чолғу ансамбли учун 5 та пьеса, 1995 йил синтезатор учун 7 та «Прелюдия», 1996 йили фортепиано учун 4 та пьеса, 1997 йил татарча 3 та эстрада қўшиғи, 1997 йил татар куйлари асосида эстрада пьесаси ва прелюдиялар, 1998 йил татарча ва ўзбекча бир нечта эстрада қўшиқларини, 2012 йилда “Эхо любви” мюзиклини яратди.
(1939-2014)
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, педагогика фанлари номзоди, профессор, бастакор Раҳматжон Турсунов Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1984 йили қабул қилинган. У устозларнинг ишларини давом эттириб, ўзбек қўшиқчилик санъатига баракали ҳисса қўшди.
Раҳматжон Турсунов Қашқадарё вилояти Қарши туманида 1939 йилнинг 5 мартида туғилди. Раҳматжон мактабда ўқиб юрган пайтларида бадиий ҳаваскорлик тўгарагига қатнашди. 1956-1960 йилларда Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртининг хор дирижёрлиги бўлимида, 1960-1968 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг хор-дирижёрлиги факультетида таҳсил олди.
Р.Турсунов 1968-1970 йилларда Қарши давлат педагогика институтининг мусиқа кафедрасида, 1970-1974 йилларда Тошкент давлат маданият техникумида ўқитувчи бўлиб ишлади. 1974- йилда Тошкент давлат маданият институтининг хор-дирижёрлиги кафедраси ўқитувчиси, 1976-1982 йилларда катта ўқитувчи, сўнгра доцент вазифаларида ишлади. 1981 йили «Ўзбекистонда бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг фаолияти», 1982 йили «Ашула ва рақс ансамблларининг ташкилий тузилиши ва ўқитиш методикаси», «Бадиий ҳаваскор жамоа аъзоларини эстетик тарбиялаш услуби» масалаларига бағишланган рисоласи, журналларда мақолалари чоп этилди. Р.Турсунов «Ҳаваскорлик ашула ва рақс ансамблларининг ривожланиши ва педагогик шарт-шароитлари» мавзуида диссертация ёзиб, 1987 йили уни ёқлади ва педагогика фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлди. У 1987-1994-йилларда М.Қодирий номидаги Тошкент маданият институтининг Халқ мусиқаси кафедраси мудири, доцент, 1994-2013-йилларда эса профессор лавозимларида фаолият юритди.
Р.Турсунов 1978-1985 йилларда профессор Б.Ф.Гиенко синфида композиция амалиётидан маслаҳатлар олиб, ижод билан шуғулланди. Шу йиллари унинг қалами остидан қуйидаги мусиқий асарлар бунёдга келди: «Чўлдан келган саболар» (М.Али сўзи), хор ва фортепиано учун вокал-хор “Сюита”си, а капелла хори учун «Чўл гуллари» (Г.Жўраева сўзи) жўрсиз хор қўшиғи; най учун «Ёдим сенда» пьесаси, «Чанг таронаси» куйи, жўр овоз учун «Механизаторлар» (Н.Нарзуллаев сўзи) дуэти, ашулачилар ансамбли учун «Пахтам менинг бахтимдир», «Олқиш айтар замона» (М.Али сўзи) қўшиқлари ва бошқалар.
Р.Турсунов ижодида қўшиқчилик устувор туради. У турли мавзуларда классик ва замонавий шоирларнинг шеърларига 100 дан ортиқ қўшиқ, ашула, яллалар яратди. Унинг «Булбул» (А.Орипов шеъри), «Ғамзасин севдинг кўнгил» (Фузулий ғазали), «Мубтало қилурсан» (Лутфий ғазали), «Мадҳингни куйлай» (Т.Тўла шеъри), «Қалбимда ўзинг борсан», «Ёр васли», «Ҳаёт қўшиғи», «Интизор дил» (Н.Нарзуллаев шеърлари), «Муҳаббатдан», «Баҳор қўшиғи», «Насиб этсин сенга», (Ж. Жабборов шеърлари), «Азим дарё» (3. Обидов шеъри), «Бу кун», «Аён бўлгай», «Кўнгил» (А.Орипов шеърлари), «Онамга хат», (М.Бобоев шеъри), «Висолинг бўлмаса» (Атоий ғазали), «Ўртади» (Навоий ғазали), «Ошкор бўлурсан» лирик қўшиқ ва ашулалари; «Сен қувончим» (Уйғун шеъри), «Боқмади» (Р.Абдурашид шеъри), «Сархушман» (А.Қосимов шеъри) романслари таниқли хонанда ва ҳофизлар репертуаридан муносиб ўрин олди.
Мустақиллик йилларида «Соҳибқирон Темур», «Ўзбекистон» (А.Орипов шеърлари), «Олқиш этар замона» (М.Али шеъри), «Ватан мадҳи» (А.Суюн шеъри), «Нур бўлиб дунёга келгансан» (Э.Воҳидов шеъри), «Баҳор жилоси» (Ж.Жабборов шеъри), «Ўзбекистон — она диёр» (М.Али шеъри), «Ватаним —тинчлик боғи» (Қ.Ўтаев шеъри), «Ўзбекистоннинг сулув қизлари» (М.Юсуф шеъри) каби қатор қўшиқ ва ашулаларни яратди.
Раҳматжон Турсунов 2001 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони билан тақдирланган.
Ўзбекистон халқ ҳофизи, таниқли бастакор, хонанда Эркинбой Рўзматов бастакорлик санъати анъаналарини давом этиб келаётган устоз санъаткорлардан. Унинг ижоди ўзининг ранг-баранглиги, сержилолиги билан диққатни жалб этади.
Эркинбой Рўзматов 1961 йилнинг 3-сентябрида Фарғона вилоятининг Қува туманида деҳқон оиласида таваллуд топди. Уларнинг оиласида мусиқа садолари мунтазам янграб турган. Отаси Орзимат ота қўшиққа ихлосманд бўлиб, ўзи ҳам хиргойи қилиб турган. Онаси Офтобойим яхши ижроларни фарқлай оладиган зукко аёл бўлган. Оилада беш фарзанднинг кенжаси бўлган Эркинбой эсини танигандан санъатга ошуфта бўлган. Болалигидан зўр ҳофиз бўлиб етишишни орзу қилган.
Э.Рўзматов дастлаб мактаб тўгаракларида, сўнгра туман марказидаги мусиқа мактабида ва ўқувчилар саройида мусиқа саводини чиқара бошлади. У ерда рубоб ва доира чалишни, куйлашни завқ билан ўргана бошлади. 1976 йили Фарғона билим юртига ўқишга кириб, ғижжак сози бўйича Ортиғали Турсуновдан таҳсил олади, Рахмиддин Қипчақов, Мухторжон Тешабоев, Абдувохид Межидовлардан доира, ашула айтиш сирларини ўрганади.
1980 йилда тумандаги машҳур “Анор” халқ ансамблида созанда ва хонанда бўлиб ўз иш фаолиятини бошлайди. У ерда устозлардан Ёқубжон Хошимов, Мухторжон Тешабоев, Бахтиёр Эргашев, акаси Озодбек Рўзиметовлардан сабоқ олиб, туман, аста – секин вилоят саҳналарида кўрина бошлади. 1981 йили Ўзбекистон давлат консерваториясига ўқишга кириб, Ўзбекистон халқ артистлари Орифхон Алимаҳсумов, Саодат Қобулова, Фаттоҳхон Мамадалиев, ёш устозлар Маҳмуджон Тожибоев ва Раҳматжон Қурбоновлардан мақом ижро йўлларини ўрганади. Ўқиш даврида бастакорлик санъатига ҳам қизиқиб, Чустий ғазалига “Сайёра бўлма дейди”, Муқумий ғазалига “На бўлди”, Олимжон Холдор шеърига “Кел ёр соғинибман” ашулаларини басталайди. Ўз ижод намуналарини, халқ меросини, “Ёввойи тановар”, Навоий ғазалларига Комилжон Жабборов мусиқаси билан “Мубтало бўлдим санга”, Орифхон Хотамовнинг “Қоши ёсинму дейин” ашулаларини маромида ижро этиб, радио ва телевиденияларда тарғиб қилди ва тез орада мухлислар орттирди.
1986 йилда Э.Рўзматов ўқишни тугатиб, Юнус Ражабий номидаги мақомчилар ансамблига ишга қабул қилинди. Бу даргоҳ Э.Рўзиматов учун ҳаёт ва ижод мактабига айланди. Бу ер ҳақиқий мақомдон ҳофизу - ҳофизалар, хассос созандалар даргоҳи эди. Устозлардан ижро услубларини янада мукаммал ўрганди, мақом туркумларини стереога ёзиб олишда фаол иштирок этди. Ўзи басталаган “Гулзор эрур”, “Сендан уялармиш”, “Зор этиб” каби ўнлаб ашулаларини радио ва телевидение “Олтин фонди”га ёзди.
1990 йилда Э.Рўзматовни Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” ансамблига ишга таклиф қилинади. Бу ансамблда ажойиб устозлар Қахрамон Дадаев, Хайрулла Лутфуллаев, Т.Сайфуллаев, Рушаной Шарипова, Маъмура Эргашевалар билан ҳамкорликда ишлади. Бу даврда Навоий, Бобур, Саккокий, Лутфий, Амирий, Машраб, Чустий ғазалларига, М.Юсуф, О.Ҳакимов, П.Мўмин, А.Суюн шеърларига қатор ашулалар басталади. “Сурмага муҳтож эмас”, “Дарё тошқин”, “Бебаҳолардан”, “Унутдиларму”, “Илтижо”, “Айламиш”, “Лаҳза-лаҳза”, “Ниҳон ўлди”, “Ғунчадек кўнглим менинг”, “Саждагоҳимсан Ватан”, “Ўзбек она”, “Кўнглимни бердим”, “Битта осмон остида”, “Ҳам шукур қил, ҳам фикр қил”, “Бу жаҳон”, “Маҳлиқолар”, “Раънолигича”, “Енгиб ўтса”, “Уйқудадур” ашулалари шулар жумласидан.
Э.Рўзматов 2012 йилдан буён Ўзбекистон давлат консерваториясининг анъанавий хонандалик кафедрасида ёш авлодга хонандалик сирларини ўргатиб келмоқда. Талабалардан тузган ансамбли билан мақом туркумларини, халқ ашулаларини, бастакорлар асарларини ижро этиб, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Олтин фонди”га ёзмоқда.
Э.Рўзматов Фарғона-Тошкент ижро йўлига хос бўлган “Сегоҳ” ашуласини туркумлаштириб, “Сегоҳ” туркумини яратиб, мақом дурдоналари сафини кенгайишига ўз ҳиссасини қўшди.
Э.Рузматов миллий мусиқамиз намуналарини нафақат Республикамиз, балки Франция, Германия, Бельгия, Голландия, Корея, Япония, Туркия каби кўплаб хорижий давлатларда тарғиб қилишда ҳам ўзининг муносиб улушини қўшиб келмоқда.
Э.Рўзиметов 2000 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, 2013 йилда “Ўзбекистон халқ ҳофизи” фахрий унвонлари билан тақдирланди.