Педагогика фанлари номзоди, хор дирижёри, бастакор Қўлдош Мамиров Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1994 йили қабул қилинди. У миллий бастакорлик анъаналарини давом эттириб, замондош шоирлар билан ҳамкорлиқда жозибали қўшиқлар яратди.
Мамиров Қўлдош Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманига қарашли Сувчи қишлоғида 1941 йилнинг 23 мартида деҳқон оиласида туғилди. Ота-онаси Қўлдошнинг мусиқага қизиққанини сезиб, қишлоқдаги найчи йигит Раҳматжон Абдурайимовга шогирд қилиб беришди. 1958 йили у Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртининг хор дирижёрлиги бўлимига қабул қилинди. 1962 йил Тошкент давлат консерваторияси хор дирижёрлиги факультетига ўқишга кирди. 1964-1968 йилларда Қўлдош Мамиров Тошкент гарнизони Ички ишлар қуролли кучлар қошидаги Икромжон Бўронов раҳбарлигидаги ўзбек ашула-рақс ансамблида найчи бўлиб ҳарбий хизматини адо этди.
Бастакор ва хор-дирижёри Қ.Мамировнинг меҳнат фаолияти талабалик давридан бошланиб, 1960 йилдан умумтаълим мактабларида мусиқадан дарс берди. 1964 йили Тошкент ўқувчилар саройида ўзбек халқ чолғу ансамблига, 1968-1970 йилларда А.Гагарин номидаги Тошкент саройидаги ўзбек халқ чолғулари ансамблига раҳбарлик қилди. 1970 йилдан буён Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг мусиқа факультетида хор-дирижёрлиги кафедраси мудирлигидан, декан, профессорликкача бўлган йўлни босиб ўтди. 1987 йили Москвада «Бошланғич синф мусиқа дарсларида ўқувчиларнинг ахлоқий ҳисларини тарбиялаш» мавзусида диссертация ёқлади ва педагогика фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлди. I- ва II- синф «Мусиқа» ўқув қўлланмасини ҳамда VI-синф «Мусиқа» дарслигини яратишда иштирок этди. Толибжон Бадиновдан Навоий ғазаллари билан куйланадиган 40 та ашулани нотага ёзди. 80 та халқ қўшиғи ва мақом шўъбаларини ўз ичига олган «Ўзбек халқ қўшиқчилиги мажмуаси»ни тузди. Ўз асарларидан ташкил топган «Қуёш юртим», «Оҳангларда ҳаёт нафаси», «Она алласи» каби бир қанча қўлланмалар тайёрлади.
«Она алласи» (Н.Орифжонов сўзи), «Уйғон туйғулар» (А.Орипов шеъри), «Йўлим бошлар» (Зулфия шеъри), «Севинч ёшларим» (М.Муҳаммедова шеъри), «Сен ҳам ёд айлагил мени» (А.Дехотий шеъри), «Гўзаллик мадҳияси» (М.Муҳаммедова шеъри), «Тошкент, гўзал диёримсан» (Ж.Оймирзаев шеъри) яккахон, вокал ансамбль ва оркестр жўрлигида. Вокал-чолғу ансамбль ижросида бастакорнинг «Баҳор» (М.Туробова шеъри), «Нигоҳимни узолмайман» (А.Умаров шеъри), «Қўшиққа навбат» (Б.Туробова шеъри), «Она юрт қўшиғи» (К.Мирзаев шеъри) каби бир қатор қўшиқлари янграган. У 100 дан ортиқ қўшиқлар яратди. «Лаҳза-лаҳза» (Фурқат ғазали), «Милтирайди бир митти юлдуз» (А.Орипов шеъри), «Ўзбекистон ёшлари» (М.Мирзаев шеъри), «Қуёш юртим» (Ч.Рўзиев шеъри), «Ўзбекистон таронаси», «Тошкент ҳақида қўшиқ» ва «Ўзбекистон-она юрт» (Қ.Мамиров сўзлари) хор, акапелла (жўрсиз хор) асарлари кўрик-танловларда совринли ўринларни эгаллади. Композитор хор ва ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Истиқлол», «Ёр қани?» (Қ.Мамиров сўзлари), «Турон тонглари» (О.Ҳакимов сўзи), «Гўзал Тошкент қизлари» (Ж.Оймирзаев сўзи), «Муҳаббатим» (М.Юсуф сўзи), «Анҳор лабида» (С.Зуннунова сўзи), «Нигоҳимни узмайман» (А.Шеров сўзи), «Нигоҳингда кулар баҳор» (М.Муродов сўзи) қўшиқларини яратди. «О, менинг қора кўзларим» (Н.Қурбонов асари) мусиқали драмасига ва «Қалдирғоч» (режиссёр З.Мусоқов) кинофильмига мусиқа басталади.