АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

25 сентябрь: Иброхимов Окилхонни туғилган куни.


29 сентябрь: Оллоберганов Исломни туғилган куни.


30 сентябрь: Очилова Камолахон ни туғилган куни.


25 сентябрь: Саидий Саид Болта-зодани туғилган куни.


22 сентябрь: Хайдаров Ахмад ни туғилган куни.


АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



ИКРОМ АКБАРОВ

(1921-2011)

Ўзбекистон халқ артисти, Республика Давлат мукофоти совриндори, атоқли композитор И.Акбаров ўзининг симфоник асарлари, кантата, оратория, опера, балет, мусиқали драма ва комедия, хор ҳамда эстрада қўшиқлари билан ўзбек мусиқаси равнақига улкан ҳисса қўди. XX асрнинг иккинчи ярмидан республикамиз профессионал мусиқа санъатининг ривожланиш жараёнини бу истеъдодли композиторсиз тасаввур этиш қийин.

Икром Илҳомович Акбаров Тошкентда 1921 йил 1 мартда туғилди. Болалигидан мусиқага қизиқишини сезган амакиси Илёс Акбаров тавсияси билан Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртида фортепиано бўйича таълим олади. Ота-онасининг хоҳиши билан Тошкент педагогика билим юртида ҳам ўқиди. 1939 йили Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетига ўқишга киради. Бу ерда Ю.Фортунатов, С.Василенко, Л.Ревуцкий ва А.Козловский каби атоқли композиторлардан сабоқ олди.

Икром Акбаров консерваторияни муваффақиятли тугатгандан кейин Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртида мусиқа назариясидан дарс бера бошлайди. У ўз билимини янада бойитиш ниятида 1946 йили Ленинград давлат консерваториясига ўқишга киради. Унинг бу шаҳарда саккиз йил мобайнида ўтказган талабалик ва аспирантлик ҳаёти мутахассисликни пухта эгаллашда ва маънавий озуқа олишда жуда ҳам сермазмун ўтди. У консерватория профессорлари М.Штейнберг, Б.Арапов, В.Волошиновлардан олган сабоқлари зое кетмади. Улар раҳбарлигида И.Акбаровнинг турли чолғуларга, ансамбль ва оркестрга ёзган мусиқий асарлари ёш ижодкор учун катта тажриба мактабини ўтади.

1954 йилда композитор Ленинграддан ватанига қайтиб, Тошкент давлат консерваториясида дарс берди, 1957 йилдан умрининг охиригача ижод билан шуғулланди. 1954 йилда Ҳамзага бағишлаб яратган «Шоир хотираси» симфоник поэмаси композиторга шуҳрат келтирди ва ижодий фаолиятида бурилиш ясади.

И.Акбаров симфоник ва вокал-симфоник жанрларда бадиий баркамол асарлар яратди. Унинг «Ўзбекча сюита»си (1956 й.), «Эпик поэма»си (1962 й.), Р.Тагорнинг «Почта» номли саҳна асарига (1963 й.) ёзган сюитаси, Самарқанд шаҳрининг 2500 йиллик юбилейига атаб ёзган «Самарқанд ҳикоя»лари, «Орзу» балети асосида ёзган «Симфоник сюита»си, «Наврўз» номли балети асосидаги симфоник сюитаси, «Рақс», фортепиано ва симфоник оркестр учун Концерти ва 1962 йил яратган скрипка ва симфоник оркестр учун Концерти ёрқин мисол бўла олади.

Композитор эришган ижодий ютуқлари унинг вокал-симфоник, кантата ва оратория асарларида ҳам намоён бўлди. Масалан; К.Яшин сўзига «Ҳамза» номли (1962) вокал сюитаси, Ҳофиз сўзига «Баллада» (1961), М.Шайхзода сўзига «Тошкентнома» ораторияси (1964), Алишер Навоийнинг «Хамса»си асосида ёзилган шу номли кантата (1969), Берунийнинг 1000 йиллик юбилейига бағишлаб О.Матчон сўзига «Абадият» балладаси (1973), Т.Тўла сўзига «Зафарнома» вокал симфоник поэмаси (1972), Дм.Полинин сўзига ёзган «Дўстлик» вокал симфоник поэмаси (1972), Ҳ.Олимжон, Ж.Жабборов, Ҳ.Ғулом, Т.Тўла сўзларига «Менинг шаҳрим» кантатаси (1983), Ҳ.Олимжон ва Ҳ.Ғулом сўзларига ёзган «Мангу хотира» ораторияси (1985) ўзига хослиги ва бадиий баркамоллиги билан ажралиб туради. Бу асарларда композиторнинг Ватанимиз тарихини, буюк аждодларимиз сиймоларини, ўлкамиз гўзал табиатини баралла тараннум этган.

Икром Акбаров республикада балет ва опера жанрлари ривожланишига ҳам катта эътибор қаратди. У 1959 йили «Орзу» (Г.Измайлова ва Б.Завяловлар либреттоси) номли илк балети, 1964 йили «Нигор» (Аболимов либреттоси), 1968 йил бир пардали «Лайли ва Мажнун» (Г.Измайлова либреттоси), 1968 йил «Наврўз» балетлари (Г.Измайлова ва Р.Фарҳодийлар либреттоси) билан саҳна рақс санъатининг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшди. 1973 йили композитор «Сўғд элининг қоплони» (Б.Зокиров либреттоси), 1998 йилда «Ибтидо хатоси» (Э.Шукур либреттоси) «Жалолиддин Мангуберди» (М.Шайхзода) операларини яратди.

Композитор И.Акбаров мусиқали драма ва комедиялар басталаб, шу жанрларнинг ривожланишига баракали ҳисса қўшди. У 1969 йил З.Фатхулин пьесаси асосида «Кумуш тўй»; 1969 йили Т.Тўла пьесаси асосида «Қиз булоқ»; С.Азимов пьесаси асосида «Юлдузларни кўраман»; Чингиз Айтматовнинг «Момо ер» асари асосида Т.Тўла либреттоси асосида 1965 йил мусиқали драма, Г.Лорка пьесаси асосида 1973 йил «Қонли тўй», И.Султон пьесаси асосида 1985 йил «Кумуш шаҳарнинг маликаси» мусиқали драмалари; Ж.Жабборов пьесалари асосида «Ўжарлар» (1973), «Тўйдан олдин томоша» (1983), «Йиллар ўтиб» (1975) комедиялари учун ёрқин мусиқа басталади. Мазкур саҳна асарларининг ғоявий мазмунидан, воқеаларнинг ривожидан, қаҳрамонларнинг руҳий ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда мусиқий образлар яратди. Бу асарлардан ташқари драмаларга ҳам мусиқа басталади: «Почта» (Р.Тагор пьесаси), «Замон драмаси» (С.Азимов пьесаси), «Йўлчи юлдуз» (К.Яшин пьесаси), «Табассум ўғрилари» (Шукрулло пьесаси).

Композитор ўзининг дилбар қўшиқлари билан халқимиз ўртасида машҳур бўлди. Айниқса, атоқли эстрада хонандаси, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров учун махсус ёзилган ва илк бор янграган «Раъно» (С.Акбарий сўзи), «Газли», «Маҳбубга», «Кетма, Нигор», «Қайдасан» (Т.Тўла сўзлари), «Ёр кел», «Қўшчинор» (Ҳ.Ғулом сўзлари), «Қор ёғар» (С.Зуннунова сўзи), «Баҳор фасли» (Б.Зокиров сўзи), «Азизим» (У.Рашид сўзи), «Лолазор чорлайди» (Ж.Жабборов сўзи) эстрада қўшиқлари кенг қанот ёзди. Унинг «Юлдуз» (Зулфия шеъри), «Хаёлимда бўлдинг узун кун» (Ҳ.Олимжон шеъри), «Ўйлайсанми» (Ҳ.Муҳаммад шеъри), «Ойдин кечада» ва «Бир гал келганлигинг шодлик табассум» (Уйғун шеърлари), «Гуллаган ёшлик чоғимда» (Ҳ.Олимжон шеъри), «Ўзга» (Т.Тўла сўзи), «Келгин» (Миртемир шеъри) қўшиқлари жамоатчилик эътиборини қозонди.

И.Акбаров кинофильмларга ёзган мусиқаси, романслари лирик ҳис-туйғуларни ифода этади: «Ҳамза» (1961й. реж.З.Собитов), «Синчалак» (1961й. реж. Л.Файзиев), «Сен етим эмассан» (1962 й. реж. Ш.Аббосов), «Осиё устида бўрон» (1964 й. реж. К.Ёрматов), «Қора консулнинг ҳалокати» (1970 й. реж. К.Ёрматов), «Икки дил достони» (1966 й. реж.К.Ёрматов), «Гулбаҳор» (1956 й. реж.Й.Аъзамов) «Иккинчи гуллаш» (1959 й. реж.Л.Файзиев), Шунингдек, М.Бурҳонов ва М.Левиевлар билан «Мафтунингман» (1958 й.) ва «Орол балиқчилари» (1957 й. реж.Й.Аъзамов) фильмларига мусиқа басталаган.

Композитор камер-чолғу жанрларини ривожлантиришга катта улуш қўшди. Унинг фортепиано, скрипка, виолончель, айниқса, турли ансамбллар учун яратган асарлари машҳурдир. Композитор “Оркестр ва тор учун пьеса”си, Ҳ.Шарипов сўзига басталаган «Тўйлар муборак» номли 5 қисмли вокал-сюитаси, болалар учун турли мавзуларда яратган қўшиқлари халқ олқишига сазовор бўлди. Икром Акбаровнинг турли жанрларда яратган энг яхши асарлари XX аср ўзбек мусиқа маданиятининг жиддий ютуғи, мумтоз намуналари қаторидан ўрин олди.

Икром Акбаров Ўзбекистон мусиқа маданиятининг ривожланишидаги хизматлари учун «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» (1964 й.), «Ўзбекистон халқ артисти» (1981 й.) фахрий унвонлари билан тақдирланган. 1977 йилда Республика Давлат мукофотига, 1999 йилда «Эл-юрт ҳурмати» орденига сазовор бўлган.

                             АКРАМ ҲОШИМОВ

(1963)

 Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси сафига 1992 йили композитор Акрам Абдулазизович Ҳошимов ранг-баранг, турли жанр ва шаклларда яратган мусиқа асарлари билан кириб келди. У Тошкентда, мусиқашунос ва композитор Абдулазиз Ҳошимов оиласида 1963 йилнинг 4 январь куни таваллуд топди. Болалигидан мусиқага қизиқди, 1974-1978 йилларда  Р.М.Глиэр   номидаги   махсус   мусиқа   мактаб - интернатида хор дирижёрлиги мутахассислиги бўйича таҳсил олди.

1978-1982 йилларда Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртининг мусиқа назарияси бўлимида ўқиди. 1982-1989 йилларда М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетида ўқиди. 1983-1985 йиллари ҳарбий хизматни адо этди. Талабалик даврида турли жанрларда миллий руҳ билан суғорилган асарларни яратди: «Мушаврак» симфонияси, фортепиано учун «Вариациялар», «Ажам» муқом-пьеса, «Бўрон» соната-экспромти, «Токката», “Пассакалия”, «Сонатина» ва «Болалар альбоми», гобой ва фортепиано учун Рақс, кларнет ва фортепиано учун “Афсона” пьесалари, баритон овози ва камер оркестр учун «Рубоийлар» (Х.Ҳамроев сўзи), симфоник оркестр, хор ва сухандон учун «Ғани ботир» вокал-симфоник поэмаси (А.Қутлуқов сўзи), оркестр учун Концерт, Лутфулла Муталлиб хотирасига «Эркни куйловчи» хор акапелла туркумини (Х.Ҳамроев сўзи), бир қатор романс ва қўшиқлар - «Мен ва булбул» (Р.Рўзиев сўзи), «Ўн саккиз ёшим» (Т.Наматов сўзи), «Тошкент кечаси», «Онамга» (Учқун сўзи), «Жалом нохшиси», «А тебе все равно»,  «Народу моему» вокал туркими (Л.Муталлиб сўзи), 1 ва 2- торли квартетлари, виолончель солоси учун муқом-соната, альт солоси учун “Чаббият садоси” муқом-сонатаси ва бошқалар.

Мустақил равишда дамли чолғулар квинтети учун «Лаҳзалар» (1990й.), Труба ва фортепиано учун сонатина (1990й.), Гобой ва фортеепиано учун Вариациялар (1992й.), «Қизил китоб» камер кантатаси (Учқун сўзи, 1994й.), «Уйғурча рапсодия» ўзбек халқ чолғулари оркестри учун, «Сапоя усули» ўзбек халқ камер оркестри учун (1996й.), чанг ва халқ чолғулари оркестри учун Концерт (1998й.), “Баҳорда” (Х.Ҳамроев сўзи, 1998й.), “Баҳор келди” (А.Муҳаммад сўзи, 2017й.) вокал туркумларини, бир қатор романс ва болалар учун қўшиқларини, фортепиано учун Узеир Гаджибековнинг “Сансиз” романси ва уйғур халқ қўшиғи “Лайлигул” асосида фантазия асарларини, “Диёр ишқи” (Тошпўлат Икромий сўзи) муқомини  яратди, “Додагинам” мусиқали комедиясини (2003й.) ёзди. Бир неча уйғур халқ куйларини чанг ва фортепиано учун қайта ишлади. Или халқ туркум нохшиларидан «Жон дўстлар», «Гуламхон», «Оҳ, урорман» ва кўплаб нохшиларни нотага олди.

Композитор А.Ҳошимов 1990 йилдан бошлаб Республика санъат мактаб-интернатида ўқитувчи, директор ўринбосари бўлиб ишлади. Шу йилларда консерваториянинг ассистентура-стажировкасида профессор Ф.Янов-Яновский раҳбарлигида касб малакасини оширди. 1996-1997 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлигида бош мутахассис, 1997 йилдан Ўзбекистон давлат консерваториясида ўқитувчи, ўқув бўлими мудири, “Бастакорлик ва чолғулаштириш” кафедраси доценти,  2015 йили факультет декани, 2016-2017 йиллари Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида Илмий ишлар бўйича проректори лавозимларида хизмат қилди. Магистратура талабалари учун “Уйғур халқ мусиқаси Ўзбекистон композиторлари ижодида” ўқув-услубий қўлланмасини яратди.

                                ОРИФХОН ҲОТАМОВ

(1927-2002)

Ўзбекистон халқ ҳофизи, забардаст бастакор, моҳир созанда Орифхон Ҳотамов ўзбек мумтоз мусиқа ижрочилиги ва ижодкорлигида ўзига хос мактаб яратган санъаткор. Унинг юзлаб яратган куй, қўшиқ ва ашулалари мусиқа шинавандаларининг қалбидан чуқур жой олди. О.Ҳотамов Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси аъзолари сафига 1991 йили қабул қилинган.

Орифхон Ҳотамов Жиззах шаҳрида 1927 йилнинг 10 октябрида таваллуд топган. 1936 йилда унинг оиласи Тошкентга кўчиб ўтади. Орифхон мактабда ўқиб юрган пайтларида мусиқага қизиқади ва тўгаракка қатнаб най, ғижжак, кейинроқ танбур, дутор чалишни пухта ўзлаштирди. 1944 йилда у Муқимий номидаги мусиқали театрда, 1945 йилдан Ўзбек давлат филармониясида созанда ва хонанда сифатида фаолият кўрсатди.

1950-1954 йилларда О.Ҳотамов Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртида ғижжакдан таълим олади. 1957 йилга қадар маданият уйларида ишлайди. 1957 йилда Ўзбекистон радиоси қошида Д.Зокиров раҳбарлигидаги ўзбек халқ чолғулари оркестрига ишга таклиф қилинади. 1959 йили эса Ғ.Тошматов раҳбарлигидаги мусиқий-этнографик ансамблга таклиф этилади. О.Ҳотамов 1976-1989 йилларда мақомчилар ансамблида ишлайди, 1989-1999 йилларда М.Уйғур номидаги Санъат институтида доцент лавозимида талабаларга анъанавий хонандалик бўйича сабоқ беради. 1999 йилдан умрининг охиригача Ўзбекистон давлат консерваториясининг анъанавий ижрочилик кафедрасида ёш созанда ва хонандаларни тарбиялади.

Бастакор О.Ҳотамовнинг ижодкорлик фаолияти ўзига хос ва серқиррадир. У ўтган даврда 500 дан ортиқ куй ва ашулалар яратди. Бутун ижоди давомида Яссавий, Хайём, Саккокий, Лутфий, Навоий, Бобур, Фузулий, Амирий, Нодира, Ҳазиний, Увайсий, Мунис, Огаҳий, Ҳувайдо, Муқимий, Машраб, Фурқат, Розий, Салоҳий, Рожий, Нисбат каби ўтмиш, Ҳабибий, С.Абдулла, Чустий, С.Зуннунова, Зулфия, В.Саъдулла, Э.Охунова, Х.Яҳёев, Нилуфар, П.Мўмин, Т.Тўла, Н.Муҳаммад, М.Али каби замондош шоирларнинг шеърларига ашулалар яратди. Бу асарларда Ватанга бўлган муҳаббат ва садоқат, миллий ғурур, севги-муҳаббат каби мавзулар ўз ифодасини топган. Масалан, «Найлайин», «Қаро бўлибдур», «Оқара бошлади», «Бўлибдур», «Гулузорим менинг», «Сўнмасму», «Ёр сендек» (Навоий сўзлари); «Билдингму», «Дунё менинг», «Умринг елдай ўтади», «Саховат йўқ» (Яссавий шеърларига); «Фироқингизда», «Сенсан севарим», «Сендин не ҳосил» (Лутфий шеърлари); «Билмас», «Айламиш» (Фузулий шеърлари); «Эй сабо», «Сени кўрдим», «Бўлмаса», «Аламдур», «Дема», «Ўлдурайму дермисан», «Ҳожат эмас», «Тоқатим» (Машраб шеърлари); «Даврон мени ўткарди», «Оразин айтай», «Парво қилмайман» (Бобур шеърлари); «Етиб васлингга», «Баҳона қилиб», «Булбули беқароримиз», «Мен келдим» (Огаҳий шеърлари); «Фидо», «Баҳор эт» (Нодира шеърлари); «Айладинг қўйдинг», «Эй сарви қомат», «Савол айлаб», «Раҳм айладинг» (Фурқат шеърлари); «Ёр эсанг ёнимда бўл», «Гўзал бу», «Қўлингда толейим» (Уйғун шеъри); «Фарзанд», «Кўзинг», «Аҳбоби билан» (С.Абдулла шеърлари); «Табассум», «Оҳиста-оҳиста» (Т.Тўла шеърлари); шоир Чустий билан ҳамкорликда «Ватандир», «Пайдо бўлибдур», «Муддаолардан ҳали», «Овора бўлма, дейди», «Индамаслар олами», «Ризо қилади», «Дерлар», «Тенги йўқ», «Кечмадим», «Бўлурму», «Иши йўқ», «Кам бўлармиди», «Суратингиздан ўргилай», «Баҳор айёмида», «Бир қадаҳ», «Ноз этай келинг» каби қўшиқ ва ашулаларни яратди.

Орифхон Ҳотамов 1989 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», 1993 йилда «Ўзбекистон халқ ҳофизи» фахрий унвонлари, 1997 йилда «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.

                                              ХУРШИДАХОН ҲАСАНОВА (ТУРСУНОВА)

(1967)

Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасига истеъдодли композитор Хуршида Ҳасанова (Турсунова) 2000 йилда қабул қилинди.

Хуршидахон Отабоевна Ҳасанова (Турсунова) 1967 йилнинг 7 сентябрида Тошкент шаҳрида туғилди. У болалигидан мусиқага муҳаббат қўйди. 1975 йилда Т.Содиқов номидаги Тошкент шаҳар болалар мусиқа мактабининг фортепиано ҳамда А.Мансуров синфида композиторлик мутахассислигидан таҳсил олди. 1982-1986 йилларда Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртининг мусиқа назарияси бўлимида ўқиди, композиторлик мутахассислигидан сабоқ олди. 1986-1991 йилларда М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетида М.Маҳмудов синфида сабоқ олди. 1991-1998 йилларда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг мусиқа факультетида, 1998-1999 йилларда консерваториянинг мусиқа назарияси кафедрасида ўқитувчи, 1999 йилдан Тошкент шаҳар қўшимча таълим мажмуаси қошидаги «Севинч» вокал студиясида мусиқа раҳбари, 2000 йилдан консерваториянинг мусиқа назарияси ва бастакторлик кафедраларида ўқитувчи, 2012 йилдан доцент. 2017 йилдан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Болажон” каналининг “До, ми, соль” кўрсатуви, 2018 йилдан “Қувноқ ноталар” телекўрсатувлари бошловчиси сифатида ҳам фаолият кўрсатиб келмоқда.

Композитор Х.Ҳасанова (Турсунова) “Отам хотирасига” симфонияси (2003), фортепиано ва симфоник оркестр учун бир қисмли «Концерт» (2001), Симфоник поэма (1989), торли оркестр учун 4 қисмли сюита, жўрсиз хор учун Э.Воҳидов сўзига «Илтижо» икки қисмли туркум (1989), фортепиано учун «Вариациялар», «Пьесалар», «Сонатина», хор асарлари, скрипка, флейта, гобой, кларнет, фагот каби чолғулар учун фортепиано жўрлигида ёзилган пьесалар, ёғочли дамли чолғулар «Квартет» ини яратди. 2012 йилда Х.Ҳасанова композитор М.Ашрафийнинг “Рустам ҳақида достон” ораторияси мавзуси асосида фортепиано учун “Фантазия”, “Omnibus” ансамбли учун замонавий услубда «Тарихнинг кичик саҳифаси» (2011), “Ҳолат” (2015), “Сеҳрли китоб” (2017) асарлари, рубоб прима ва халқ чолғулари оркестри учун “Оҳанглар ёғдуси” увертюраси (2013)ни яратди. Мазкур асар 2016 йилда Тошкентда ўтказилган халқ чолғу асбоблари Халқаро танловида шартли асар сифатида киритилди.

Х.Ҳасанова 1998 йилдан буён замонавий эстрада ва болалар қўшиқчилик санъатига эътибор қаратиб, 150 дан ортиқ эстрада ва болалар учун қўшиқлар ёзди. «Чинни гуллар», «Соғинаман» (Н.Нарзуллаев сўзи), «Етолмайман» (М.Йўлдошев сўзи), «Куз гуллари» (Ҳумоюн сўзи), «Ростини айтинг» (Э.Охунова сўзи), «Алангадан нидо» (М.Йўлдошев сўзи), «Сен учун» (Н.Қурбонова сўзи) эстрада қўшиқлари, «Севинч» болалар вокал гуруҳи учун «Ўзбекистон жаннат» (Д.Ражаб сўзи), «Табассум қил» (Н.Нарзуллаев сўзи), «Севинч» (С.Музаффарова сўзи), «Турналар» ва «Ватан» (Ҳ.Раҳмат сўзи), «Камалак» (П.Мўмин сўзи), «Ҳумо қуши» (Ў.Ҳошимов сўзи), «Соғлом авлод» (У.Қўчқор сўзи), «Лола» (И.Муслим сўзи), «Мажнунтол» (И.Жиянов сўзи) ва бошқалар бунга мисол бўла олади. Композиторнинг болалар ва эстрада қўшиқлари Мустақиллик, Наврўз, Республика Конституция куни ва бошқа давлат тадбирларида мунтазам ижро этиб келинмоқда.

Композитор Х.Ҳасанова 2000 йилда Наврўзга бағишланган қўшиқ кўрик-танловида «Турналар» қўшиғи учун 2-даражали мукофотга сазовор бўлди. 2000 йилда чегара қўшинлари томонидан ўтказилган аскар қўшиқлари кўрик-танловида «Чегарамиз ҳарбийлари» қўшиғи учун совринли ўрин, Италиянинг Сан-Ремо шаҳрида ўтган Халқаро болалар қўшиқ фестивалида “Шодиёна” қўшиғи учун Гран-При мукофотига (2003, 2009 йил), Франциянинг Париж шаҳрида ўтган Халқаро болалар мусиқа фестивалида янграган “Попурри” туркуми учун 1-мукофотга (2006 йил), 2016 йилда “Ягонасан, муқаддас Ватан” қўшиқлар республика танловида “Дилларда янграса” қўшиғи учун 3-ўринга сазовор бўлди.

Х.Ҳасанованинг телевидение билан ҳамкорликдаги ижодий фаолияти «Янги авлод студияси» да бошланган. «Арча, арча, арчажон» видеофильми, «NEMO» болалар клуби кўрсатувининг мусиқий безаклари, “Наврўз фантазияси”, “Ғаройиб кашфиёт”, “Болалик орзуси”, “Наврўзой” мусиқали видеофильмлари, “Тоғда ўтган қувноқ ёз” (2006) болалар фильмига мусиқа Х.Ҳасанова қаламига мансубдир. Шунингдек, композитор 2014 йилда “Гумроҳлар” (реж.Ҳилол Насимов), 2017 йилда “Тандир” кинокомедиясига (реж. Хуршид Ҳасанов), 2018 йилда “Йўл бошида” 10 қисмли сериалга (реж. Дониёр Шокиров) ва 25 серияли “Ўгай она” сериалига, “Омонат”, “Алданган қиз” (реж. Хуршид Ҳасанов, 2015) болалар учун “Сеҳрли тун” (реж.Санжар Бобоев, 2014), “Кичкина изқувар” (2016), “Иншо” (2018) бадиий фильмларига мусиқа басталади. Композитор «Зумраша» ҳажвий киножурналига ҳам мунтазам мусиқа ёзиб келмоқда. Х.Ҳасанованинг болалар учун ёзган бир қатор қўшиқлари “Қўшиқлар сеҳри” (2007) китобига, “Менинг диёрим” услубий қўлланмасига (2011) киритилган, “Сеҳрли дунё” ва “Ватанимни куйлайман” муаллифлик дискларидан ўрин олган.

Х.Ҳасанова жамоатчилик ишларида ҳам фаоллик кўрсатиб келмоқда. У бир қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари кенгашлари аъзоси, республика ва халқаро танловлар ҳайъат аъзосидир.  

Х.Ҳасанова 2013 йилда “Эътироф” мукофотининг “Йилнинг энг яхши бастакори” номинациясига, 2018 йилда “Дўстлик” орденига сазовор бўлган.