Дш | Сш | Чш | Пш | Ж | Ш | Як |
---|---|---|---|---|---|---|
1
|
2
|
3
|
4
|
5
|
6
| |
7
|
8
|
9
|
10
|
11
|
12
|
13
|
14
|
15
|
16
|
17
|
18
|
19
|
20
|
21
|
22
|
23
|
24
|
25
|
26
|
27
|
28
|
29
|
30
|
Бастакор Ислом Оллабергенов Хоразм вилояти мусиқа санъатини ривожлантириш ва тарғиб этишда ўзининг катта ҳиссасини қўшди.
Оллобергенов Ислом Раҳмон ўғли Хоразм вилояти Ургенч шаҳрида 1942 йилнинг 29 сентябрида таваллуд топган. 1964 йили Бухоро мусиқа билим юртини муваффақиятли битирди. Ўша йили М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваториясининг хор дирижёрлиги факультетига ўқишга кириб, мусиқа сирларини ва амалиётини янада чуқурроқ, кенгроқ ўрганди ва бастакорлик ижоди билан шуғулланиб, сиртқи бўлимни битирди.
И.Оллобергенов 1959-1960 ва 1967-1968 йилларда Урганч шаҳар 1-сон болалар мусиқа мактабида ўқитувчи, 1968-1972 йилларда М.Харратов номидаги Урганч мусиқа билим юртида илмий мудир, директор, 1972-1978 йилларда Урганч шаҳар Ҳокимияти Маданият ишлари бўйича бўлим бошлиғи, 1978 -2011 йилларда Урганч шаҳар Р.Аллабергенов номли 2-сонли болалар мусиқа мактаби директори лавозимларида фаолият юритди.
Бастакор скрипка ва фортепиано учун «Романс», «Сонатина», «Сонатина №2», «Серенада», «Болалар учун концерт», «Менуэт», уч қисмли «Соната» ва бошқа асарлар муаллифи.
И.Оллобергановнинг ижоди раҳбарлик ва педагоглик фаолияти билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, унда болалар мусиқаси муҳим ўрин эгаллайди. Ижодкорнинг бир қатор сонаталари, марсия, поэма, кантата, романслари олий ва ўрта махсус ўқув юртлари ўқувчи ҳамда талабалари репертуарларидан кенг ўрин олган. “Ўзбекистон”, “Ўзбекистоним менинг”, “Она ва бола” кантаталари, хор учун “Ўзбекистон ортга қайтмайди” асари, дамли оркестр учун маршлар, скрипка учун “Болалар концерти”, “Менуэт”, “Романс”, 3 қисмли Соната, сонатина, “Серенада”, кларнет учун “Рапсодия”, фортепиано учун «Вальс», «Суҳбат», «Учрашув», «Менуэт», «Вальс №5», «Сонатина», рубоб учун «Мелодия», «Кичик концерт» ва бошқа асарлари шулар жумласидан. И.Оллобергенов нашрдан чиқарган “Болалар альбоми”, “Фортепиано дарслиги”, рубоб чолғуси учун “Қўшиқ ва рақс”, “Болалар учун 40 қўшиқ”, “Р.Аллаберганов”, “Жалолиддин Мангуберди” каби мусиқий асарлар тўпламлари ёш авлоднинг маънавий онгини кенгайтиришга, мусиқий саводини оширишга, ижро техникасини бойитишга катта хизмат қилади.
И.Аллабергенов кўп йиллар мобайнида ташкилотчилик, раҳбарлик фаолиятини олиб бориб, Хоразм вилоятида мусиқа санъатини мавқеини кўтаришда, ёшларнинг маънавий дунёсини бойитишда, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда катта ишларни амалга ошириб келмоқда.
Ўзбекистон халқ артисти, моҳир созанда, хонанда, мураббий, бастакор Султонали Маннопов Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1999 йили қабул қилинган. Бастакорнинг ўнлаб қўшиқ ва ашулалари, ялла-рақс сюиталари ва чолғу асарлари вилоят ҳамда республика миқёсидаги Концерт дастурларида, кўрик-танловларида, фестивалларда жарангламоқда. Айниқса, унинг истиқлол мавзуларидаги жозибали қўшиқлари «Мустақиллик баҳори», «Мустақиллик таронаси», «Гулла, Ўзбекистон», «Ўзбекистон менинг ватаним», «Дўстлик таронаси», «Фарғонадан ассалом» кабилар машҳур бўлиб кетди.
Султонали Маннопов Фарғона вилояти Қува тумани Султонобод қишлоғида 1948 йилнинг 1 январида деҳқон оиласида туғилди. Ота-онаси Султоналини болалигидан мусиқага қизиққанини сезиб, таълим-тарбиясига эътибор бердилар. 12 ёшида у машҳур хонанда Таваккал Қодировга шогирд тушди. 1954-1964 йилларда умумтаълим мактабда ўқиди, устози билан концертларда иштирок этди. 1964-1968 йиллари Фарғона мусиқа билим юртининг халқ чолғулари бўлимида таҳсил кўрди. 1968-1969 йиллари Фарғона ҳарбий гарнизонининг оркестрида ҳарбий хизматни бажо этди. Меҳнат фаолиятини 1969 йили болалар мусиқа мактабидан бошлади. Унинг орзу-ниятлари 1970 йили Фарғона педагогика институтининг мусиқа факультетига чорлади. У 1974 йили ўқишни муваффақиятли битирди ва университетнинг мусиқа факультетида ўқитувчиликни бошлади. 1978 йилдан Фарғона вилоят ўзбек мусиқали драма ва комедия театрида концертмейстер, хормейстер, бош дирижёр вазифаларида фаолият кўрсатди. 1982 йилдан Фарғона вилоят филармониясининг бадиий раҳбари, 1986-1988 йилларда вилоят ўзбек театрининг директори вазифасида ишлади. Ҳозирда Фарғона давлат университети профессори сифатида ёш авлодни тарбиялаб келмоқда. 2013 йилда Турон Фанлар Академияси академиги унвонига сазовор бўлди.
Бастакор ва хонанда С.Маннопов ижодий фаолиятида қўшиқ жанри устувор туради. У замондош шоирлар сўзларига 150 дан ортиқ ранг-баранг қўшиқлар яратди. Уларнинг айримларини эслатиб ўтамиз: «Ўзбекистонда бугун ҳамма пахтакор», «Муборак» (А.Каримов сўзлари); «Истиқлол мадҳияси» (М.Исломов сўзи, катта ашула); «Хиром этсанг» (Б.Исмоилов сўзи); «Турналар», «Сайранг, қушлар», «Фарғоний бобом» (И.Турсунов сўзи); «Чарх урар дилраболар», «Дунёлар сеҳри», «Гулзорга қарасам» (Ҳ.Муҳаммад сўзлари); «Узма дўстлик торини» (П.Мўмин сўзи); лапар «Менга гапи бормикан» (О.Ҳакимов сўзлари); «Қаландар ишқи» (Чўлпон шеъри); «Беқиёс» (Н.Андижонов сўзи); «Мурувват бирла» (Чархий ғазали); «Келса санамим» (Ш.Ҳакимий сўзи); яллалар «Фарғонажон» (И.Сулаймон сўзи); «Ассалом» (Т.Тўла сўзи); «Фарғона ёр-ёри» (А.Рустамов сўзи) ва бошқалар.
Бастакорнинг 1982 йили «Яшнайвер, жонажон республикам», 1985 йили «Мангулик», 1986 йили «Созимда васлинг», 1989 йили «Водий таронаси», 1992 йили “Мустақиллик баҳори», 1997 йили «Фарғонадан ассалом», 1998 йили «Наврўз таронаси» ва бошқа асарларини Фарғона вилоят «Ўзбекнаво» жамоалари ижро этганлар. Якка чолғу ва ансамбллар учун куйлар яратди. У 1994 йили «Олий ва ўрта махсус билим юртларининг санъат бўлимлари учун миллий-анъанавий қўшиқчилик ихтисослигидан қўлланма-дастур»; 1994 йили «Таваккал Қодиров»нинг ҳаёти ва ижодий фаолияти тўғрисида монографик очерк ва 1996 йили «Қўшиқ олами юлдузлари» китобида машҳур ҳофизлар Мадалибек Рахматилло ўғли, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқовларнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятлари тўғрисида илмий-оммабоп рисола яратди ва нашрдан чиқарди. «Сўнмас наволар» илмий-бадиий рисоласида 20 нафар устоз ҳофиз, созандаларнинг ҳаёти ва ижодлари қаламга олинган.
Бастакор С.Маннопов Ўзбекистон дўстлик делегациялари билан Куба, Ҳиндистон, Шри-Ланка, Афғонистон, Туркия, Сурия каби мамлакатларда ижодий сафарда бўлди. Қозоғистонда ўтган Ўзбекистон маданияти кунларида қатнашди.
Педагогика фанлари номзоди, хор дирижёри, бастакор Қўлдош Мамиров Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1994 йили қабул қилинди. У миллий бастакорлик анъаналарини давом эттириб, замондош шоирлар билан ҳамкорлиқда жозибали қўшиқлар яратди.
Мамиров Қўлдош Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманига қарашли Сувчи қишлоғида 1941 йилнинг 23 мартида деҳқон оиласида туғилди. Ота-онаси Қўлдошнинг мусиқага қизиққанини сезиб, қишлоқдаги найчи йигит Раҳматжон Абдурайимовга шогирд қилиб беришди. 1958 йили у Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртининг хор дирижёрлиги бўлимига қабул қилинди. 1962 йил Тошкент давлат консерваторияси хор дирижёрлиги факультетига ўқишга кирди. 1964-1968 йилларда Қўлдош Мамиров Тошкент гарнизони Ички ишлар қуролли кучлар қошидаги Икромжон Бўронов раҳбарлигидаги ўзбек ашула-рақс ансамблида найчи бўлиб ҳарбий хизматини адо этди.
Бастакор ва хор-дирижёри Қ.Мамировнинг меҳнат фаолияти талабалик давридан бошланиб, 1960 йилдан умумтаълим мактабларида мусиқадан дарс берди. 1964 йили Тошкент ўқувчилар саройида ўзбек халқ чолғу ансамблига, 1968-1970 йилларда А.Гагарин номидаги Тошкент саройидаги ўзбек халқ чолғулари ансамблига раҳбарлик қилди. 1970 йилдан буён Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг мусиқа факультетида хор-дирижёрлиги кафедраси мудирлигидан, декан, профессорликкача бўлган йўлни босиб ўтди. 1987 йили Москвада «Бошланғич синф мусиқа дарсларида ўқувчиларнинг ахлоқий ҳисларини тарбиялаш» мавзусида диссертация ёқлади ва педагогика фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлди. I- ва II- синф «Мусиқа» ўқув қўлланмасини ҳамда VI-синф «Мусиқа» дарслигини яратишда иштирок этди. Толибжон Бадиновдан Навоий ғазаллари билан куйланадиган 40 та ашулани нотага ёзди. 80 та халқ қўшиғи ва мақом шўъбаларини ўз ичига олган «Ўзбек халқ қўшиқчилиги мажмуаси»ни тузди. Ўз асарларидан ташкил топган «Қуёш юртим», «Оҳангларда ҳаёт нафаси», «Она алласи» каби бир қанча қўлланмалар тайёрлади.
«Она алласи» (Н.Орифжонов сўзи), «Уйғон туйғулар» (А.Орипов шеъри), «Йўлим бошлар» (Зулфия шеъри), «Севинч ёшларим» (М.Муҳаммедова шеъри), «Сен ҳам ёд айлагил мени» (А.Дехотий шеъри), «Гўзаллик мадҳияси» (М.Муҳаммедова шеъри), «Тошкент, гўзал диёримсан» (Ж.Оймирзаев шеъри) яккахон, вокал ансамбль ва оркестр жўрлигида. Вокал-чолғу ансамбль ижросида бастакорнинг «Баҳор» (М.Туробова шеъри), «Нигоҳимни узолмайман» (А.Умаров шеъри), «Қўшиққа навбат» (Б.Туробова шеъри), «Она юрт қўшиғи» (К.Мирзаев шеъри) каби бир қатор қўшиқлари янграган. У 100 дан ортиқ қўшиқлар яратди. «Лаҳза-лаҳза» (Фурқат ғазали), «Милтирайди бир митти юлдуз» (А.Орипов шеъри), «Ўзбекистон ёшлари» (М.Мирзаев шеъри), «Қуёш юртим» (Ч.Рўзиев шеъри), «Ўзбекистон таронаси», «Тошкент ҳақида қўшиқ» ва «Ўзбекистон-она юрт» (Қ.Мамиров сўзлари) хор, акапелла (жўрсиз хор) асарлари кўрик-танловларда совринли ўринларни эгаллади. Композитор хор ва ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Истиқлол», «Ёр қани?» (Қ.Мамиров сўзлари), «Турон тонглари» (О.Ҳакимов сўзи), «Гўзал Тошкент қизлари» (Ж.Оймирзаев сўзи), «Муҳаббатим» (М.Юсуф сўзи), «Анҳор лабида» (С.Зуннунова сўзи), «Нигоҳимни узмайман» (А.Шеров сўзи), «Нигоҳингда кулар баҳор» (М.Муродов сўзи) қўшиқларини яратди. «О, менинг қора кўзларим» (Н.Қурбонов асари) мусиқали драмасига ва «Қалдирғоч» (режиссёр З.Мусоқов) кинофильмига мусиқа басталади.
Ўзбекистон халқ артисти, созанда ва бастакор Абдуҳошим Исмоилов Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1991 йили қабул қилинган. Унинг яратган қўшиқ, ашула ва куйлари ўзининг сержило оҳанглари, ранго-ранг хусусиятлари, ноёблиги билан ажралиб туради.
Абдуҳошим Исмоилов 1952 йилнинг 9 июнида Фарғона вилояти Қува туманида туғилган. 1959 йилдан умумтаълим мактабида ўқийди. Болалигидан мусиқага қизиқади ва санъаткор бўлишни орзу қилади, ҳаваскорлик тўгарагига қатнайди. Мактабнинг 8-синфини битириб, 1967 йили Фарғона мусиқа билим юрти ўзбек халқ чолғулари бўлимининг ғижжак синфига ўқишга киради. 1975 йилда Тошкент давлат консерваториясининг анъанавий ижрочилик факультетига ўқишга кирди. Айни вақтдан бошлаб телерадио ҳузуридаги мақом ансамблида созанда бўлиб ишлади. У 1980 йили консерваторияни ғижжак синфи бўйича битириб, мақом ансамблида ишини давом эттирди. 1983 йили илк бор ўтказилган Республика мақом ижрочиларининг танловида у биринчи ўрин совриндори бўлди. Ёрқин истеъдод соҳиби, моҳир ижрочи А.Исмоилов бастакорлик санъати анъаналарини давом эттириб, ижодкор сифатида ҳам кенг танилди. Унинг ўтган йиллар давомида яратган қўшиқ, ялла, ашула, чолғу ва рақс куйлари замон руҳи билан ҳамоҳангдир. Шуни айтиб ўтиш жоизки, у яратган мусиқий асарларда анаънавий услуб ва замонавий мусиқа воситалари бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, ўзига хос оҳанг ва усуллар кашф этган ҳолда таъсирчан. Унинг яратган ҳар хил овозли ёки чолғу мусиқаси ўзининг сержило оҳанглари, ранг-баранглиги ва жозибали руҳи билан ҳам ажралиб туради. Шу сабабли бастакорнинг ҳар бир асари мухлислар томонидан иштиёқ ва мунтазирлик билан кутиб олинади. Масалан: «Ўзбекистон», «Тошкентим», «Бўлмас», «Ноз», «Юлдузим», «Мажнунтол», «Тоғ қизи», «Сен ўзинг», «Сенинг кулишларинг», «Ёримга айтинг», «Учрашув», «Кетай» қўшиқ, ашула ва яллалари ҳамда «Ҳолим сўрма», «Гуллола», «Тонг», «Нафосат», «Зилола» каби бир қатор чолғу ва рақс куйлари мусиқа мухлисларининг дилларидан жой олган. Шунинг учун яратган асарлари хонанда ва созандаларнинг ижро дастуридан кенг ўрин олган. Мисол сифатида радио тасмаларида машҳур хонандалар ижросида ёзилган қуйидаги қўшиқлар айниқса машҳур: Матлуба Дадабоева ижросида «Қўлда созим» (Э.Охунова сўзи); «Омон кўнгил» (Р.Ризо сўзи); Маҳмуджон Азимов ижросида «Ўшалар дейсан» (О.Матчон сўзи); «Етай деб» (Ш.Ҳакимий сўзи); «Гулшанда ёр кўринди» ва «Бебаҳо дурдонасан» (Уйғун сўзлари); Комила Аминова ижросида «Сендан кетаман» (Ў.Холдоров сўзи); Ҳожиакбар Раҳматов ижросида «Шодлик ато этсин» (Ў.Холдоров сўзи); «Сочингни майда ўрдинг» (Ш.Ҳакимий сўзи); «Сиз мунча ширинсиз» ва «Осон бўлмади» (И.Тўхтамишев сўзлари); «Раққоса» (Ж.Субҳон сўзи); «Бир елка соч» (Н.Қобилов сўзи); Абдулло Раҳимжонов ижросида «Ром этар» (М.Ҳакимов сўзи); Эркин Рўзиматов ижросида «Сендан» (Э.Самандаров сўзи); Насиба Сатторова ижросида «Иккимиз дунёдан ўтганда» (Ҳ.Худойбердиева сўзи); Маҳмуджон Йўлдошев ижросида «Ёрим айтинг» (Огаҳий ғазали); «Осмонда ҳам йўқ», «Дилимга ғамзадан» (Ҳофиз Шерозий ғазаллари); «Жонон кўзингга» (Чустий шеъри); «Бўлмагай», «Минг зардан аъло» ва «Ўзингдан бўлак» (Ш.Ҳакимий сўзлари); «Муҳаббат лайлоси» (Т.Тўла сўзи); «Қайдасан» (В.Абдурашидов сўзи), «Эски қўшиқ» (А.Суюн сўзи); Равшан Комилов ижросида «Келинчакка» (Қ.Деҳқонов сўзи); Зулайҳо Бойхонова ва Ҳамид Тўхтаевлар ижросида Бобур спектаклидан «Етолмасман» (Ҳ.Муҳаммад шеъри) дуэти ва бошқалар. Ўзбекистон халқ артисти, Ю.Ражабий номидаги «Мақом ансамбли» бадиий раҳбари, моҳир созанда ва бастакор Абдуҳошим Исмоилов кўп қиррали фаолияти билан замонавий ўзбек мусиқа санъатининг ривожланиш жараёнига катта ҳисса қўшиб, баракали ижод қилмоқда.
А.Исмоилов “Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвони, “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.
Бастакор, созанда, педагог Пайзиқул Зокиров Жиззах вилояти, Жиззах туманидаги Навоий номидаги жамоа хўжалигида 1946 йили 25 мартда таваллуд топди.
1962 йили Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов номидаги Самарқанд санъат билим юртига ўқишга кириб, 1966 йили муваффақиятли тугатди. Жиззах педагогика институтининг сиртқи бўлимида 1975-1980 йилларда ўқиди ва имтиёзли диплом билан институтни битирди.
Бастакор П.Зокировнинг ижодий фаолиятида қўшиқ жанри устувор туради. «Ёшлигим», «Ёр билмади», «Онажоним», «Жиззахим», «Ойсулув», «Раққосалар», «Севиб қолдим қайси Лолани» каби 100 дан ортиқ қўшиқ, ашула ва яллалар яратди.