Дш | Сш | Чш | Пш | Ж | Ш | Як |
---|---|---|---|---|---|---|
1
|
2
| |||||
3
|
4
|
5
|
6
|
7
|
8
|
9
|
10
|
11
|
12
|
13
|
14
|
15
|
16
|
17
|
18
|
19
|
20
|
21
|
22
|
23
|
24
|
25
|
26
|
27
|
28
|
29
|
30
|
ЖАҲОНГИР ШУКУРОВ
(1981)
Жаҳонгир Жўраевич Шукуров мамлакатимиздаги ёш композиторлар орасида замонавий ёзув техникаси асосида фаол ижод қилиб келаётган истеъдод соҳибларидан. У 1981 йилнинг 24 январида Бухорода таваллуд топган. 2004 йилда Ўзбекистон давлат консерваториясининг бастакорлик бўлими магистр босқичини проф.Ф.Янов-Яновский синфида, 2005 йилда опера-симфоник дирижёрлиги бўлимини Э.Азимов синфида муваффақиятли тамомлаган. Талабалик давридаёқ ўзининг хуш хулқи, ўз касбига бўлган қизиқиши, мақсад сари илмга интилиши ва тиришқоқлиги билан алоҳида ажралиб турарди. Ўзбек мусиқасининг тембр, ритм ва оҳанг хусусиятларини замонавий мусиқа билан уйғунлаштириш борасидаги ижодий қизиқиши талабалик давриданоқ бошланган эди. Бу йўналишда турли ижрочилар гуруҳи билан усул, гармония ва товушқаторликлар борасида, композитор сифатида ўз йўналишини топиш устида турли ижодий экспериментлар олиб бормоқда. Симфоник оркестр учун “Концерт” ва “Stream”, камер ансабмль учун “Мусиқа”, саксофон квартети учун “Lontano”, “In Distance”, “Syozanee”, овоз ва чолғу ансамбли учун “Interaction”, «Марсия”, кинофильмларга ёзган мусиқалари фикримизни тасдиқлайди.
Ж.Шукуров бир неча халқаро ёш композиторлар мастер-класслари иштирокчисидир. Булар Требнитцдаги машҳур Швейцариялик композитор Клаус Хубер (Германия 2003 й.) ва “Bang On a Can” Ёзги Институтида америкалик композиторлардан (Стив Райх, Дэвид Ленч, Жулия Вольф ва Майкл Гордон) сабоқ олганидир (АҚШ 2005). Бугунги кунга қадар Ж.Шукуровнинг асарлари АҚШ, Бельгия, Италия, Австрия, Финляндия, Германия каби бир қатор давлатларнинг замонавий мусиқий фестивалларида ўзбек ва чет эл ансамбллари томонидан ижро этиб келинган. “Delta saxophone quartet” (Буюк Британия), “Courage” (Германия), “Xenia string quartet” (Италия), “Musiques Nouvelles” (Бельгия), “Continuum” (АҚШ), “Julliard” (АҚШ), “Aspekte Festival Ensemble” (Австрия) ва Omnibus ансамблари (Ўзбекистон) шулар жумласидандир.
Жаҳонгир Шукуров ўзининг дирижёрлик фаолияти билан ҳам мамлакатимиз мусиқий жамоатчилиги эътиборидадир. Марказий Осиёда биринчи маротаба ижро этилган П.Хиндемитнинг 1-чи камер концерти, Д.Лигетининг камер концерти, С.Губайдулинанинг “Concordanza” ва “Detto II” асарлари унинг дирижёрлиги остида жаранглади. Бундан ташқари Л.Бетховеннинг “Эгмонт” увертюраси ва 3-фортепиано концерти, И.Брамснинг 3-симфонияси, И.Стравинскийнинг “Домбартон Оакс” асари ва С.Юдаковнинг “Майсаранинг иши” опералари ҳам унинг дирижёрлиги остида муваффақият билан ижро этилди. Ж.Шукуров Тошкентдаги нодавлат ташкилоти бўлмиш “Omnibus” ансамбли асосчиси ва дирижёрларидан биридир. Шу билан бир қаторда у Марказий Осиёда ягона бўлган ҳар йили бўлиб ўтадиган ёш композиторлар учун “Omnibus Laboratorium” халқаро мастер-классининг асосчиларидан бири ва продюсери ҳамдир. Бир неча йилдан буён муваффақият билан ўтаётган бу халқаро мастер-класс эса нафақат мамлакатимиз ёш композиторлари, балки бутун Марказий Осиё ёш композиторларининг ижодий баркамоллиги учун ўта аҳамиятли ҳисобланади.
Ҳозирги кунда Ж.Шукуров Ўзбекистон давлат консерваториясининг бастакорлик ва чолғулаштириш кафедрасида доцент вазифасини бажарувчи сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда. Ўзбек профессионал мусиқа маданиятида фаол ижод қилиб келаётган истеъдод соҳиби бўлган ташаббускор дирижёр-композитор Жаҳонгир Шукуров ўзининг фаолияти билан ёш ижодкорлар фаолиятига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
ЭРГАШ ШУКРУЛЛАЕВ
(1922-1994)
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, созанда, бастакор Эргаш Шукруллаев XX аср ўзбек мусиқа санъати тарихида ёрқин из қолдирди. Серқирра санъати билан томошабинларнинг олқишларига сазовор бўлди. У 1981 йили Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига қабул қилинди.
Эргаш Шукуруллаев Фатҳулло ўғли 1922 йили 9 майда Бухоро шаҳрида таваллуд топди. Болалигидан мусиқага меҳр қўйди. 1930-1936 йилларда Бухоро Шарқ мусиқа мактабида таълим олади. 1936 йилда Т.Жалилов раҳбарлигида Ўзбек давлат филармонияси қошида ташкил топаётган Ўзбек халқ ансамблига таклиф этилади. 1937 йилнинг май ойида Москвада ўтган Ўзбекистон адабиёти ва санъати ўн кунлигида қатнашди ва «Сайил» дастурида биринчилардан бўлиб елкасида «Лаган ўйин» рақсини намойиш қилди. Бу рақс унга шуҳрат келтирди. Шу ансамбль таркибида ёш созандалардан нотали оркестр ташкил топган эди. 1938-1940 йиллари Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик мутахассислиги бўйича тайёрлов бўлимида Б.Б.Надеждин синфида таҳсил олди. Э.Шукруллаев ҳарбий хизматга чақирилиб, 1941 йилнинг охирларида Тамарахоним тузган янги ансамбльга ўтди. У шу ансамбль билан 1942-1945 йиллари Эрон, Кавказ, Мўғулистон, Узоқ Шарқ, Украина, Болтиқ бўйларидаги ҳарбий қисм жангчиларига берилган концертларда қатнашди.
Тамарахоним ансамблида 1949 йилгача ишлади. 1949-1954 йилларда Ўзбек филармонияси таркибидаги «Ўзбек халқ чолғулари оркестри»да созанда бўлиб ишлади. 1948-1954 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг ўзбек халқ чолғулари факультетида ўқиди. 1951 йили Берлинда ўтказилган жаҳон ёшлари ва талабаларининг 3-фестивалида созанда ва раққос сифатида қатнашди ва «Лаган ўйини» учун «Фестиваль лауреати» унвонига сазовор бўлди. 1957 йили эса машҳур ўзбек санъаткорлари Ҳалима Носирова, Мукарамма Турғунбоева, Саодат Қобулова, Галия Измайлова, Дони Зокиров, Саттор Ярашев, Комилжон Отаниёзов ва бошқа созандалар билан Ҳиндистон, Афғонистон, Покистон, Бирма, Таиланд, Кампучия, Вьетнам, Лаос мамлакатлари бўйлаб икки ярим ойлик гастроль сафарида иштирок этди.
1955-1960 йиллари Ўзбек филармониясининг мусиқа бўлимида якканавоз лавозимида ишлади. 1962-1968 йиллари Тошкент давлат консерваториясида мақомдан талабаларга дарс берди. 1969 - 1974 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетида профессорлар Г.А.Мушель ва Б.И.Зейдман синфларида таҳсил олди.
Э.Шукруллаев созандалик, раққослик ва ўқитувчилик фаолиятини қўшиқчилик санъати билан бирга бойитиб борди. У яратган ва ижро этган ҳажвий қўшиқлари, «Том бошида», «Кабоб» (К.Яшин сўзлари), «Қайнона-келин можароси» (Т.Мўмин сўзи), қозоқча «Қора тўрғай», қирғизча «Паризодой», қорақалпоқча «Бибигул», тожикча «Ёрам-ей, жонам», «Мафтунингман», «Бир қизни учратдим» кинофильмларида айтган қўшиқлари уни машҳур қилди.
Э.Шукруллаев талабалик йилларида фортепиано учун иккита пьеса, сўзсиз қўшиқ, прелюдия, рақс, чанг ва фортепиано учун пьеса, рақс, рубоб ва фортепиано учун рақс, най ва фортепиано учун рақс, ўзбек халқ чолғу асбоблар оркестри ва хонандалар учун «Нима бўлди» (Ҳабибий сўзи), «Қиз қўшиғи» (М.Кулиев сўзи), «О, чеҳраси ой» (Я.Қурбон сўзи), «Ватан» (Отаёр сўзи), «Хумор айлаб» (Н.Нарзуллаев сўзи) каби қўшиқлар ва айниқса, «Қоғозбозлик» (Ў.Рашид сўзи), «Шофер», «Қўшнилар», «Хўп, хўжайин» (Я.Қурбон сўзи) асарларини яратди. Ўқишни тамомлагандан сўнг турли жанрларда самарали ижод қилди: торли квартет, най, рубоб ва фортепиано учун «Трио», симфоник оркестр учун «Дўстлик таронаси» сюитаси, симфоник оркестр учун «Фуга», ўзбек халқ чолғулари оркестри учун сюита, «Вальс», рубоб-прима ва оркестр учун «Сонатина», ғижжак ва оркестр учун «Романс», чанг ва оркестр учун «Рақс», най ва оркестр учун «Марш» ва «Соло», ғижжак ва оркестр учун пьеса, қашқар рубоби ва оркестр учун «Баҳор» куйи, тожик халқ куйлари «Кухистон» ва «Субҳидамда»ларни оркестр учун қайтадан ишлаган, най ва оркестр учун «Орзу» пьесасини яратган. Э.Шукруллаев ўзи раҳбарлик қилган ансамбллар учун замондош шоирларнинг сўзларига турли мавзуларда қўшиқ, лапар, ялла ва куйлар яратди.
Эргаш Шукруллаев 1954 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» фахрий унвони билан тақдирланган.
ЖАПАК ШОМУРАТОВ
(1893-1972)
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, созанда, бахши ва бастакор Жапак Шомуратов қорақалпоқ мусиқа санъатининг ривожланишига тамал тошини қўйган санъаткор. 1966 йили Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига қабул қилинган.
Ж.Шомуратов Чимбой туманидаги Назархон қишлоғида 1893 йили дунёга келди. Бастакорнинг хотирлашича: “Мен 5 ёшдан мусиқага қизиқдим. Султон ва Атажон бахшилар устозлик қилдилар. Дутор чертишни ўргандим, 16-17 ёшимдан бошлаб достонлардан парчалар ижро этдим, 1940 йилдан бошлаб ўзим ҳам қўшиқлар ва куйлар басталай бошладим, 1930-йилларда композитор Шафранников менга нота ёзувини ўргатди. Айниқса, Олимжон Ҳалимов билан мусиқали драмалар ёзишда ҳамкорлик қилганимиздан жуда хурсандман. Бу инсондан мен кўп билмаганларимни ўргандим. 1936-1952 йиллари Станиславский номидаги театрда, 1952-1955 йиллари Бердах номидаги театрда созанда, артист бўлиб ишладим. 1955 йилдан бери радиода ишлаб ижод қилиб келмоқдаман».
Бастакор Ж.Шомуратовнинг ижодида қўшиқ, чолғу ва рақс куйлари устун туради. У турли мавзуларда классик ва замондош шоирларнинг шеърларига 150 дан ортиқ қўшиқлар басталади. Улар орасида: «Тозагул», «Биз Ватан боласи», «Амударя» (А.Шомуратов сўзи); «Мен айлансам», «Бугун», «Дангкли жигит» (айтишув); «Тинчлик кептери» (хор); «Қутли болсин», «Дўстлик», «Кел-кел бала, кел-кел бала», «Суйган сулуга», «Жетистим» (С.Хожапиязов сўзлари); «Ботир қизлар», «Курдасжан» , «Янги кала», «Бахит баҳари», «Еки курдас», «Гурес», «Кулким келади» ва бошқалар бор.
Ж.Шомуратов композиторлар Шафранников билан ҳамкорликда «Лейтенант Елмурадов» (Ж.Аймурзаев пьесаси), О.Ҳалимов билан ҳамкорликда «Орол қизи» (Ж.Аймурзаев пьесаси); «Аму бойинда» (А.Шомуратов пьесаси); «Зияда» (С.Хожаниязов пьесаси); «Бердах» (Ж.Аймурзаев пьесаси), «Тазагул» (Манитов пьесаси); «Суймегенге суйкенбе» (С.Хожаниязов пьесаси) каби мусиқали драмасини яратди. Бу асарлар саҳнада узоқ умр кўрди ва қорақалпоқ театр санъатининг ривожланиш жараёнида муҳим роль ўйнади.
Ж.Шомуратов мусиқий санъатни ривожлантиришда қилган улкан хизматлари учун «Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти» фахрий унвони, қатор орден ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган.
Нукус давлат санъат коллежи Жапак Шомуратов номи билан аталади.
ШОҲИДА ШОЙМАРДОНОВА
(1938-2020)
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, уйғур аёллари орасидан етишиб чиққан биринчи профессионал композитор Ш.Шоймардонова Ўзбекистон Композиторлар уюшмаси сафига 1968 йили қабул қилинди. У уйғур ва ўзбек халқларининг мусиқий меросига таяниб, Оврупа ва рус классик мусиқа санъатининг жанр ва шакл қонун-қоидаларини ўзлаштириш орқали композитор сифатида шаклланди.
Шоймардонова Шоҳида Алиевна Шарқий Туркистоннинг Қашқар шаҳрида 1938 йилнинг 26 ноябрида таваллуд топди. Унинг болалиги Ғулжада ўтди. Бу шаҳарда ўқиди, мусиқага меҳр қўйди ва болалар мусиқа мактабида таълим олди. 1952 йили Урумчи шаҳар университетининг санъат факультетида сабоқ олди ва 1954 йили ўқишни битирди. Ўзи мактабда мусиқадан дарс бера бошлади. У йиллар давомида университетда уйғур халқининг машҳур созанда ва хонандаларидан 12 уйғур муқомларини, маҳаллий фольклорни ўзлаштирди ва келгусида ўзи ҳам шу йўналиш услубида ижод қила бошлади, куй ва қўшиқлар басталади. Профессионал композитор бўлиб етишиш ниятида Ш.Шоймардонова 1957 йили Тошкент давлат консерваторияси композиторлик факультетининг тайёрлов бўлимига ўқишга кирди. 1959 йили тайёрлов бўлимини битириб, асосий босқичда профессор Б.Зейдман синфида композициядан сабоқ ола бошлади.
Илк асарлари орасида гобой ва фортепиано учун «Сонатина», торли квартет, фортепиано учун пьесалар, улуғ Алишер Навоий ва уйғур шоири Нимшаҳид шеърларига миллий руҳ билан суғорилган ашула ва романслар яратди. Скрипка ва симфоник оркестр учун яратган бир қисмли концерт диплом иши билан 1964 йили консерваторияни муваффақиятли битирди. 1964-1966 йилларда Ш.Шоймардонова Ўзбекистон радиоси Бош мусиқий таҳририятида мусиқа муҳаррири бўлиб ишлади.
Композиторлик малакасини ошириш ниятида Ш.Шоймардонова 1966-1970 йилларда консерваториянинг аспирантурасида профессор Б.И.Зейдман синфида таҳсил кўрди. Ана шу йилларда симфоник оркестр учун симфониетта ва симфония-поэма, турли жанрларда асарлар яратди. У 1970-1972 йилларда Ўзбекистон радиосининг чет эл таҳририятида катта муҳаррир лавозимида ишлади. 1972-1980 йилларда консерваториянинг Шарқ мусиқаси кафедрасида ўқитувчи бўлиб ишлади. Уйғур муқомини назарий ва амалий билимдони Ш.Шоймардонова 1981-1985 йилларда Ўзбекистон телерадиоси таркибидаги «Уйғур халқ мусиқаси ансамбли» бадиий раҳбари лавозимида ишлаган даврида уйғур муқомларининг олтитасини магнит тасмага ва грампластинкаларга ёздиришга эришди. 1987-1996 йилларда А.Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтининг Халқ мусиқаси кафедрасида катта ўқитувчи ва доцент лавозимларида ишлади.
Виолончель ва фортепиано учун соната, симфониетта, симфония, «Тут сояси» номли мусиқали радио спектакль ва айниқса, 1978 йили Зулфия сўзига ёзган «Озод Шарқ аёли» номли кантата, 1986 йилда Олмаота Уйғур мусиқали театри буюртмаси асосида ёзилган «Салай чаққон» мусиқали комедияси тингловчиларга манзур бўлди. Сўнгги асар театрнинг гастроли туфайли Муқимий номидаги мусиқали театрда ҳам ўша йили саҳна юзини кўрди. Бундан илҳомланган композитор Ҳ.Ғулом билан ҳамкорликда «Муҳаббат навоси» мусиқали драмасини яратди. 1989 йили Муқимий номидаги мусиқа театрида саҳналаштирилди. Мазкур асарлар Ш.Шоймардоновага шуҳрат келтирди.
Ш.Шоймардонова уйғур ва ўзбек қўшиқчилиги равнақига ҳам баракали ҳисса қўшди. Ўзбекистон телерадиокомпанияси қошидаги эстрада-симфоник оркестри, дуторчилар ансамбли, ўзбек халқ чолғулари оркестри хонандалари учун 100 дан ортиқ қўшиқлар яратди. Жумладан: «Келсам» ва «Келгин дўстим ўсакда» (Х.Ҳамроева сўзлари), «Кўклам ишқи» ва «Фарёд» (Л.Муталлиба сўзлари), «Нигоримга» ва «Деҳқон қизи» (Т.Содиқова сўзлари), «Кўрдим юзингни» (Машраб сўзи), «Уйғур қизи» (Х.Исломов сўзи), «Фарзандим» (И.Барагов сўзи), «Тарим қизига» (Х.Илахунова сўзи), «Ватаним» (Абдураҳмонов сўзи), «Сенга» (П.Собитова сўзи), «Юлдузлар» ва «Олтин балдоқ» (Т.Тўла сўзлари), «Гул қишлоғим» (А.Исроилов сўзи), «Муҳаббат вальси», «Роялда қиз бола» (М.Қориев сўзи), «Навбаҳор чорлайди» (З.Обидов сўзи), «Дуторингни қўлга ол» (Зулфия сўзи), «Тинчлик боладек азиз» ва «Толе ёр бўлсин» (Г.Жўраева сўзлари), «Ватаннинг эрка қизи» ва «Шодлик қўшиғи» (Усмон Носир сўзлари) каби қўшиқлари ижрочилар репертуаридан мустаҳкам жой олди.
Шоймардонова Шоҳида Алиевна 1993 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони, 2000 йилда «Шуҳрат» медали ва бир неча фахрий ёрлиқлар билан мукофотланган.
ЕФИМ ШВАРЦ
(1934-2006)
Кўп миллатли Ўзбекистон Композиторлар уюшмаси сафига 1974 йили композитор Ефим Шварц болалар учун яратган жозибали, жарангдор, ранг-баранг қўшиқлари билан кириб келди. У турли жанр ва шаклларда ижод қилиб, симфоник, вокал-симфоник, чолғу ва овозли асарлар яратиб, республикамиз замонавий профессионал мусиқа санъатининг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшди.
Шварц Ефим Лазаревич Украинанинг Винницк вилояти Чечельник қишлоғида 1934 йилнинг 18 августида дунёга келди. Е.Шварцнинг оиласи 1946 йили Тошкентга кўчиб келади.
1951 йилда Е.Шварц Ҳамза номидаги Тошкент давлат мусиқа билим юртининг ўзбек халқ чолғулари бўлимидаги рубоб прима синфида ўқиди. 1954 йили Тошкент давлат консерваториясининг ўзбек халқ чолғулари факультетида рубоб-прима бўйича сабоқ олди. Консерваторияда ўқиб юрган пайтларида мусиқа басталашга қизиқди. Шу сабабли 1957 йили композиция факультетининг биринчи курсига кўчиб ўтди. Профессор Б.Б.Надеждинда мутахассисликдан сабоқ олди. Устозининг вафот этиши сабабли ўқишни профессор Б.И.Зейдман синфида давом эттирди. 1962 йили у фортепиано ва симфоник оркестр учун уч қисмли «Концертино» диплом ишини тақдим этиб, консерваторияни муваффақиятли битирди.
Е.Шварцнинг меҳнат фаолияти талабалик давридан бошланди. У 1952-1953 йилларда умумтаълим мактабининг мусиқа тўгарагига раҳбарлик қилди. 1958-1961 йилларда болалар мусиқа мактабида ўқитувчи бўлиб ишлади. Консерваторияни битиргандан сўнг Ўзбекистон радиосининг мусиқа таҳририятида, 1961-1999 йилларда муҳаррир ва катта муҳаррир лавозимларида фаолият кўрсатди. Шуни айтиб ўтиш жоизки, мазкур лавозимда йиллар давомида ўзбек композиторларининг янги асарларини радио тасмаларига ёзиб борди, республика санъаткорларининг ҳаёти ва ижодий фаолиятларини, мусиқа мактаб, билим юрти ва консерватория фаолиятини, мусиқа янгиликларини ёритиб, тарғиб қилди. Ўзбек тилини пухта ўрганди. 1997-2006 йилларда Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа коллежининг композиторлик синфида дарс берди.
Мусиқа басталашни Е.Шварц талабалик даврларидан бошлади. Ўқиш мобайнида у фортепиано учун пьесалар, соната, 10 та лирик миниатюралар, уч қисмли сонатина, скрипка ва фортепиано учун «Вариация»; кларнет ва фортепиано учун «Соната»; Симфоник оркестр учун «Увертюра»; замондош рус ва ўзбек шоирларининг сўзларига бир қатор қўшиқлар ёзди. Уларнинг орасида рус тилида: «Мой край», «Молодёжная», «Узбекистан», «Туристическая походная» (А.Иванов сўзлари); «Стильная песенка» (Ю.Кленев сўзи); ўзбек тилида: «Менинг Ватаним», «Дўстлик қўшиғи» (Қ.Муҳаммадий сўзи); «Янги йил қўшиғи» (Ў.Умарбеков сўзи) каби қўшиқлар ўз вақтида машҳур эди; ғижжак ва фортепиано учун 7 та ўзбек халқ куйларини қайта ишлади.
Консерваторияни битиргандан сўнг Е.Шварц қўшиқ жанрига катта аҳамият берди. Йиллар давомида у юздан ортиқ катталар, айниқса, болалар учун қўшиқлар ёзди. Композиторнинг ўзбек ва рус тилларида ёзган жозибали, энг яхши қўшиқлари муаллифлик тўпламларида чоп этилган. 1981 йили «Ғазалхон ёшлигим», 1985 йили «Қўшиқчам», 1990-йилларда ёзган «Менинг Ватаним» (Қ.Ҳикмат сўзи); «Бизнинг мактабда — ҳамма бир сафда» (Қ.Муҳаммадий сўзи); «Ойим хурсанд доим» (П.Мўмин сўзи); «Биз Ўзбекистонда яшаймиз» (Н.Красильников сўзи) асарларини яратди.
Композитор Е.Шварц республика театр саҳналарида қўйилган «Сказка старого года», «Сеҳрли соат», «Алёнушка ва аскар», «Гаврош», «Ревизор» ҳамда «Мишка телепат», «Чингиз Ахмаров», «Олтин соз» каби телефильмларга мусиқа басталади.
Е.Л.Шварц 2003 йилда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.