ЭРГАШ ШУКРУЛЛАЕВ
(1922-1994)
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, созанда, бастакор Эргаш Шукруллаев XX аср ўзбек мусиқа санъати тарихида ёрқин из қолдирди. Серқирра санъати билан томошабинларнинг олқишларига сазовор бўлди. У 1981 йили Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига қабул қилинди.
Эргаш Шукуруллаев Фатҳулло ўғли 1922 йили 9 майда Бухоро шаҳрида таваллуд топди. Болалигидан мусиқага меҳр қўйди. 1930-1936 йилларда Бухоро Шарқ мусиқа мактабида таълим олади. 1936 йилда Т.Жалилов раҳбарлигида Ўзбек давлат филармонияси қошида ташкил топаётган Ўзбек халқ ансамблига таклиф этилади. 1937 йилнинг май ойида Москвада ўтган Ўзбекистон адабиёти ва санъати ўн кунлигида қатнашди ва «Сайил» дастурида биринчилардан бўлиб елкасида «Лаган ўйин» рақсини намойиш қилди. Бу рақс унга шуҳрат келтирди. Шу ансамбль таркибида ёш созандалардан нотали оркестр ташкил топган эди. 1938-1940 йиллари Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик мутахассислиги бўйича тайёрлов бўлимида Б.Б.Надеждин синфида таҳсил олди. Э.Шукруллаев ҳарбий хизматга чақирилиб, 1941 йилнинг охирларида Тамарахоним тузган янги ансамбльга ўтди. У шу ансамбль билан 1942-1945 йиллари Эрон, Кавказ, Мўғулистон, Узоқ Шарқ, Украина, Болтиқ бўйларидаги ҳарбий қисм жангчиларига берилган концертларда қатнашди.
Тамарахоним ансамблида 1949 йилгача ишлади. 1949-1954 йилларда Ўзбек филармонияси таркибидаги «Ўзбек халқ чолғулари оркестри»да созанда бўлиб ишлади. 1948-1954 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг ўзбек халқ чолғулари факультетида ўқиди. 1951 йили Берлинда ўтказилган жаҳон ёшлари ва талабаларининг 3-фестивалида созанда ва раққос сифатида қатнашди ва «Лаган ўйини» учун «Фестиваль лауреати» унвонига сазовор бўлди. 1957 йили эса машҳур ўзбек санъаткорлари Ҳалима Носирова, Мукарамма Турғунбоева, Саодат Қобулова, Галия Измайлова, Дони Зокиров, Саттор Ярашев, Комилжон Отаниёзов ва бошқа созандалар билан Ҳиндистон, Афғонистон, Покистон, Бирма, Таиланд, Кампучия, Вьетнам, Лаос мамлакатлари бўйлаб икки ярим ойлик гастроль сафарида иштирок этди.
1955-1960 йиллари Ўзбек филармониясининг мусиқа бўлимида якканавоз лавозимида ишлади. 1962-1968 йиллари Тошкент давлат консерваториясида мақомдан талабаларга дарс берди. 1969 - 1974 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетида профессорлар Г.А.Мушель ва Б.И.Зейдман синфларида таҳсил олди.
Э.Шукруллаев созандалик, раққослик ва ўқитувчилик фаолиятини қўшиқчилик санъати билан бирга бойитиб борди. У яратган ва ижро этган ҳажвий қўшиқлари, «Том бошида», «Кабоб» (К.Яшин сўзлари), «Қайнона-келин можароси» (Т.Мўмин сўзи), қозоқча «Қора тўрғай», қирғизча «Паризодой», қорақалпоқча «Бибигул», тожикча «Ёрам-ей, жонам», «Мафтунингман», «Бир қизни учратдим» кинофильмларида айтган қўшиқлари уни машҳур қилди.
Э.Шукруллаев талабалик йилларида фортепиано учун иккита пьеса, сўзсиз қўшиқ, прелюдия, рақс, чанг ва фортепиано учун пьеса, рақс, рубоб ва фортепиано учун рақс, най ва фортепиано учун рақс, ўзбек халқ чолғу асбоблар оркестри ва хонандалар учун «Нима бўлди» (Ҳабибий сўзи), «Қиз қўшиғи» (М.Кулиев сўзи), «О, чеҳраси ой» (Я.Қурбон сўзи), «Ватан» (Отаёр сўзи), «Хумор айлаб» (Н.Нарзуллаев сўзи) каби қўшиқлар ва айниқса, «Қоғозбозлик» (Ў.Рашид сўзи), «Шофер», «Қўшнилар», «Хўп, хўжайин» (Я.Қурбон сўзи) асарларини яратди. Ўқишни тамомлагандан сўнг турли жанрларда самарали ижод қилди: торли квартет, най, рубоб ва фортепиано учун «Трио», симфоник оркестр учун «Дўстлик таронаси» сюитаси, симфоник оркестр учун «Фуга», ўзбек халқ чолғулари оркестри учун сюита, «Вальс», рубоб-прима ва оркестр учун «Сонатина», ғижжак ва оркестр учун «Романс», чанг ва оркестр учун «Рақс», най ва оркестр учун «Марш» ва «Соло», ғижжак ва оркестр учун пьеса, қашқар рубоби ва оркестр учун «Баҳор» куйи, тожик халқ куйлари «Кухистон» ва «Субҳидамда»ларни оркестр учун қайтадан ишлаган, най ва оркестр учун «Орзу» пьесасини яратган. Э.Шукруллаев ўзи раҳбарлик қилган ансамбллар учун замондош шоирларнинг сўзларига турли мавзуларда қўшиқ, лапар, ялла ва куйлар яратди.
Эргаш Шукруллаев 1954 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» фахрий унвони билан тақдирланган.