МАТЮСУФ ХАРРАТОВ (ЧОКАР)
(1889-1953)
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, мақом билимдони, созанда ва бастакор Матюсуф Харратов XX асрнинг биринчи ярмида, ўзбек мусиқа маданиятининг ривожланишига тамал тошини қўйган устоз санъаткорлардан. У бутун умрини Хоразм халқ мусиқа меросини, тарихини, улуғ устозларнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятини ўрганишга бағишлаб уларни тарғиб қилди, ўзи ҳам санъаткор сифатида шаклланди, ёшларга устозлик қилди ва мусиқа басталади. 1928 - 1932 йилларда Самарқандда ташкил этилган мусиқа ва хореография илмий тадқиқот институтида Хоразм мақомларини талабаларга ўргатди. Бу кўп қиррали истеъдод соҳиби, радио, филармония ва мусиқали театрларда фаолият кўрсатиб, замонавий ўзбек мусиқасининг ривожланиш жараёнига улкан ҳисса қўшди. Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси аъзоларининг сафига 1940 йилда қабул қилинган.
Матюсуф (Чокар) Харратов ўзи босиб ўтган ҳаёт ва ижод йўлини шундай таърифлаган: «Мен Хива шаҳри ёнидаги Шайхлар қишлоғида 1889 йили дунёга келдим. Олти ёшимдан бошлаб қишлоқ мактабида ва айрим вақтларда Хива мадрасасида ўқидим. Бу олий ўқув даргоҳида араб, форс, турк тилларини, шеърият қонунларини, шаклларини ўргандим. Айниқса, шоир Комил Хоразмийнинг ўғли шоир ва танбурчи Матрасул Мирзабоши (тахаллуси Мирзо)дан жуда кўп нарсаларни ўргандим ва ўзим ҳам Чокар тахаллуси билан шеър ёзиб машқ қилдим. Бобомнинг хонадонида шоир ва санъаткорлардан Аваз Ўтар, Муҳаммад Юсуф (тахаллуси Баёний), Матрасул Мирзабоши, Матёқуб Позачи, Қаландар Дўнмас, Машариф Қамбар, Қурбон созчи ва бошқалар мусиқали кечалар ўтказишар эди. Мен уларга хизмат қилар эдим. Мусиқага қизиққанимни сезган бобомнинг илтимоси билан мусиқий мушоирада қатнашиб келган созанда ва хонандалар ҳар бири ўз касбини менга 7 ёшимданоқ ўргата бошладилар. Шу сабабли мен доира, гармон, танбур, сантур, ғижжак, чанг, дутор чалишни ва ашула айтишни устозлардан ўргандим. Ёш санъаткор сифатида 1920 йилга қадар она юртимда халққа хизмат қилдим.
1920 йили Хивада болалар мусиқа мактабини очдим, директор лавозимида ишладим ва санъатим билан халққа хизмат қилдим.
Ўзбекистон Республикасининг аввалги пойтахти Самарқанд шаҳрида 1928 йили мусиқа ва хореография илмий тадқиқот институти ташкил топди. Унинг директори Н.Н.Миронов мени Хоразм мақомидан дарс беришга таклиф қилди. Шу йилдан бошлаб менинг ҳаёт ва ижод тақдиримда ўзгаришлар рўй берди. Мазкур институтда 1932 йилга қадар ишладим. Илмий иш билан ҳам шуғулланар эдим. 1928 йилдан бошлаб Самарқанд радиосининг мусиқа бўлими мудири ва санъаткор ижрочи бўлиб 8 йил хизмат қилдим. Тожикистон Республикасининг радио эшиттириш мусиқа бўлимини очишда кўмаклашдим. 1935 йили Ўзбекистон радиосида ишлаш учун Тошкентга таклиф қилишди. Мусиқа бўлимида ишладим. Ўзбек филармониясининг ижрочи жамоалари билан 1937 йилда Москва шаҳрида ўтган Ўзбек адабиёти ва санъатининг 10 кунлигида ижрочи сифатида фаол қатнашдим. Декададан қайтгач, 1937 йили Тошкент давлат консерваторияси композиторлик факультетининг тайёрлов бўлимига ўқишга кирдим. Европа нота ёзувини ўргандим. Мусиқа назарияси, тарихи ва классик композиторларнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятлари билан танишдим. Уч йил консерваторияда ўқидим. 1935-1949 йилларда Ўзбекистон радио комитетида созанда ва хонанда лавозимида ишлаб, қўшиқ ва куйлар яратдим. 1938 йилда Ўзбекистон Композиторлар уюшмасини ташкил қилиш таъсис комиссиясига аъзо бўлдим. 1940 йили Бастакорлар уюшмасига қабул қилиндим.
Иккинчи жаҳон уруши йиллари радиода ишлаш билан бирга бир нечта ватанпарварлик руҳида қўшиқлар басталадим. Улар орасида: «Севимли Ватан», «Даврон», «Йигитлар» (Уйғун сўзи), «Баҳодир йигитлар» (Ойбек сўзи), «Пулемёт», «Қаҳрамон учувчилар», «Зенитчи», «Қирувчи», «Танкист», «Оқ олтин» (З.Диёр сўзлари), «Даврон бизники» (А.Бобожонов сўзи), «Фарҳод уфори» қўшиқларим ва рақс мусиқаларим якка хонанда, хор ва рақс жамоаларининг репертуарларидан жой олди».
Бастакор ва шоир Матюсуф Харратов (Чокар) ўз замонасининг забардаст ва илғор фикрли санъаткори сифатида жўшқин ҳаёт ичида яшади ва унинг ижодида ўша даврдаги ижтимоий-сиёсий, маданий ҳаёт ўз ифодасини топди. Бастакор 1929-1941 йилларда ўз шеърларига куйлар басталади: «Колхозчи», «Ғайратим пахтага», «Зиндабод деҳқони», «Пахтага аҳамият беринг», «Чиндани пахта», «Пахтачилик яшнасин», Абдуллаев сўзига «Менинг тоғим» ва ўз сўзига «Ўзинг», «Муҳаббатим», «Шаҳло кўзлар», «Ёшлик туйғуси» каби лирик ашулалар ҳам яратди. 1937 йили Москвада ўтказилган декадада унинг «Сайл ва колхозда тўй» саҳнасида «Мустаҳзод уфори» ашуласи (сўзи ва куйи ўзиники) ижро этилди. Шулар билан у ўз ижодий фаолиятида нота ёзувини ўргангандан кейинги йилларда Хоразм мақомларини нотага ёзишга киришди ва айримларини ёзишга улгурди.
Н.Н.Миронов раҳбарлигида ташкил топган «Нотали оркестр» янги жамоасида чангчи бўлиб ишлади, чангни диатоникдан хроматик услубга ўтказишда фаол қатнашди. Ушбу оркестр Белоруссиянинг турли шаҳарларида ўтказилган гастролларда ҳам қатнашди.
Матюсуф Харратов мусиқа санъати ва адабиётида қилган улкан хизматлари учун 1944 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» юксак унвони билан тақдирланди. Унинг фарзандларидан Фозилжон ва қизи Муслима Харратовалар ҳам оталари изидан бориб, ўзбек санъати тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшганлар. Урганч давлат санъат билим юрти М.Харратов номи билан аталади.