Дш | Сш | Чш | Пш | Ж | Ш | Як |
---|---|---|---|---|---|---|
1
|
2
|
3
|
4
| |||
5
|
6
|
7
|
8
|
9
|
10
|
11
|
12
|
13
|
14
|
15
|
16
|
17
|
18
|
19
|
20
|
21
|
22
|
23
|
24
|
25
|
26
|
27
|
28
|
29
|
ҒАНИ ХОЛИҚОВ
(1946)
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, таниқли композитор Ғани Холиқов Ўзбекистон мусиқа санъатига 1970-йилларнинг ўрталарида кириб келди. У ранг-баранг, оҳангдор эстрада қўшиқлари, мусиқали саҳна асарлари, симфоник асарлари, рақс куйлари билан шинавандалар қалбидан муносиб ўрин олди. У Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1988 йили қабул қилинди.
Ғани Холиқов Жиззах шаҳрида 1946 йилнинг 8 апрелида дунёга келди. Ғани 1958 йилда Тошкент давлат дамли чолғулар махсус мусиқа мактабида труба синфида ўқишни бошлади. 1965 йили Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультети тайёрлов бўлимига ўқишга қабул қилинди ва бир йилдан сўнг асосий босқичга профессор Г.А.Мушель синфига ўтказилди. 1968 йили ҳарбий хизматни адо этиб қайтади ва ўқишини профессор Сайфи Жалил синфида давом эттиради. У санъат сирларини чуқур ўрганди, ижодий изланди, турли жанр ва шаклларда асарлар ёзди. Унинг «Марғилон», «Сенинг совғанг», «Тўнғич ғунча», «Лолам», «Тонгда», «Сен учун», «Ишқингда ёнаман», «Сеҳри бордир», «Гулчеҳра» каби эстрада қўшиқлари Юнус Тўраев, Раъно Шарипова, Наталья Нурмуҳамедова ва Раъно Қодировалар ижросида оммалашиб кетди. Б.Зокировнинг сценарийси билан яратилган «Синдбаднинг еттинчи саёҳати» театрлаштирилган томошага етук композиторлар билан бир қаторда консерватория талабаси Ғ.Холиқов ҳам мусиқа яратди.
1974 йили Ғ.Холиқов диплом иши сифатида тақдим этилган ўзининг биринчи симфонияси билан консерваторияни муваффақиятли битирди. Ўша йили Ю.Ражабий номидаги Жиззах вилоят мусиқали драма театрига бош дирижёр этиб тайинланди. 1978-1980 йилларда Жиззах давлат санъат билим юрти директори, 1981-1984 йиллари вилоят халқ ижодий уйида бўлим мудири, 1984-1991 йиллари яна Жиззах вилоят мусиқали драма театри бош дирижёри, 1991-2001 йилларда Жиззах давлат санъат билим юртида эстрада бўлими мудири, 2001-2002 йилларда Ҳамза номидаги мусиқа коллежида, 2002-2004 йилларда эстрада-цирк коллежида, 2005-2008 йилларда В.Успенский номидаги РИМАЛда ўқитувчи бўлиб ишлади.
Композитор Ғ.Холиқовнинг ижодий фаолиятида эстрада мусиқаси устун туради. У йиллар давомида 200 дан ортиқ оммабоп қўшиқлар, оркестр ва ансамбллар учун чолғу куйлар яратди. Унинг «Мажнунтол», «Куйла, Ботир» (З.Обидов сўзлари), «Наврўзи оламга келинг» (Орифий сўзи), «Бу менинг севгилим» (А.Ҳожи сўзи), «Нозлигим», «Она Ўзбекистон», «Дутор рози» каби қўшиқлари билан бирга ўзбек халқ ва мумтоз қўшиқ ва куйларидан «Қари Наво», «Дилхирож», «Ёр-ёр», «Соқийномаи Баёт», «Учрашув» каби 20 дан ортиқ асарлар туркумлари, «Гул диёрим бор», «Гул фасли», «Она элим», «Жоним Ўзбекистоним», «Сиз шонли армия аскарларисиз», «Келмадинг» (Миртемир сўзи), «Зилол оқин», «Хотира» ва «Камалак» (Ш.Ботирова сўзи), «Бевафо ёрга» (Ш.Ахророва сўзи), «Ёндимми мен, онажон» (Н.Баракаева сўзи), «Севдим сени» (М.Худойберганов сўзи), «Оқ каптар» (Тўлқин сўзи), «О, баҳорим кетмагин мендан» (Ҳ.Убайдулло сўзи) ва бошқалар профессионал хонанда ва жамоалар репертуарларидан муносиб ўрин олди.
Композитор қалами остида «Жиззах алёри» (Ҳ.Расул сўзи), «Келди Наврўз» (И.Ҳамро сўзи) каби вокал-хореографик сюиталар ва болалар хори ва якка хонандалар учун «Қўшиқ туркумлари», «Симфоник рақс», “Жиззах” симфоник поэма, эстрада оркестри учун «Қайдасан, Наргиз», «Илтижо», «Она диёрим» пьеса ва сюиталар, Ботир Зокиров хотирасига бағишлаб эстрада оркестри ва хор учун «Фантазия» каби йирик мусиқий асарлар бунёдга келди. Мазкур асарлар орасида «Баҳор келди сени сўроқлаб» (Зулфия шеъри), «Хайр энди, хайр Дилрабо» (А.Орипов шеъри), «Интизор этма» қўшиқлари, «Соғлом авлод қўшиғи», «Тинчлик бўлсин дунёда», «Майса» (Ш.Аҳроров шеърлари) каби болалар учун қўшиқлар туркуми яратилди.
Ғ.Холиқов саҳна асарларига мусиқа басталашда ҳам баракали ижод қилиб келмоқда. Бу борада у драматург Ҳайитмат Расул билан ҳамкорликда «Қайсар қайнона», мусиқали комедия, «Аризасига кўра» (Ў.Умарбеков пьесаси) спектаклига, «Танбаллар» (К.Аваз пьесаси) комедиясига, «Кашмир қўшиғи» (Ш.Рашидов асари) номли мюзикл каби саҳна асарларига мусиқа яратди.
Ғ.Холиқов 2000 йилда «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими», 2001 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” унвонига сазовор бўлди.
ПЎЛАТ ХОЛИҚОВ
(1927-2003)
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, дирижёр, профессор, композитор Пўлат Холиқов Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1980 йили қабул қилинди. У ўзининг ёрқин ижоди билан замонавий профессионал мусиқа санъатининг ривожланиш жараёнига самарали ҳисса қўшди.
Холиқов Пўлат Ҳошимович Қўқон шаҳрида 1927 йилнинг 22 декабрида таваллуд топди. Композитор «Мусиқа йўлига қандай кириб келдингиз?» деган саволимизга шундай жавоб берганлар: «...Мусиқий истеъдодимни ва қизиқишимни сезган ота-онам Қўқон шаҳар мусиқа мактабининг фортепиано синфига ўқишга беришди. Иккинчи жаҳон уруши бошланиши туфайли шаҳримизга Москванинг 1-сон ҳарбий мусиқа мактаби кўчиб келди. Ушбу мактаб ҳарбий қисмдаги дамли чолғулар оркестрига созандалар тайёрларди. Мен шу мактабнинг кларнет синфига ўқишга кирдим. Тўрт йиллик дастурни икки йилда бажариб, 1944 йили ўқишни битириб, турли ҳарбий қисмларнинг оркестрларида хизмат қилдим. Киев шаҳар ҳарбий гарнизонининг оркестрида хизмат қилиш пайтида менинг мусиқий истеъдодимни инобатга олиб, оркестр раҳбари 1946 йили П.И.Чайковский номидаги Москва давлат консерваторияси қошидаги ҳарбий дирижёрлар тайёрлаш факультетида М.М.Багриновский синфида дирижёрлик мутахассислигидан ўқидим. 1950 йили мазкур консерваторияни муваффақиятли битириб, Германия ва Украинада турли ҳарбий қисмлардаги дамли чолғу асбоблар оркестрларини бошқардим. 1958 йили ҳарбий хизматдан бўшаб Тошкентга оилам билан кўчиб келдим ва Ўзбекистон Маориф вазирлиги қошидаги дамли чолғулар мусиқа мактабида 1958-1960 йилларда ўқитувчи бўлиб ишладим. 1960 йили Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетига ўқишга кирдим. Аввал профессор Б.Б.Надеждин, кейин профессор Г.А.Мушель синфида таҳсил олдим. Давлат имтиҳонига фортепиано ва симфоник оркестр учун «Концерт»ни тақдим этиб, 1966 йили консерваторияни муваффақиятли битирдим. 1962-1969 йилларда Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг бошқарма бошлиғи ўринбосари, 1962-1972 йилларда консерваторияда ўқув бўлими мудири, сиртқи бўлим проректори, ўзбек халқ чолғулари факультети декани ва мазкур факультетда ўқитувчи ва 1969 йили доцент лавозимларида ишладим. 1972-1977 йилларда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг мусиқа факультети доценти, 1978-1979 йиллар кафедра мудири лавозимларида, 1979-1994 йилларда А.Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтининг оркестр дирижёрлиги кафедрасида доцент ва 1985 йилдан профессор лавозимларида ишладим».
Иккита симфония (1964-1970 йиллар); камер оркестр учун иккита симфониетта (1967-1973 йиллар); симфоник оркестр учун «Увертюра» (1974 й.) ва симфоник поэма «Саодат» (1988й.); альт ва симфоник оркестр учун «Концерт» (1973 й.); труба ва симфоник оркестр учун «Концерт» (1987 й.) асарлари П.Холиқовнинг ижодига мансуб. Ўзбек халқ чолғулари оркестри учун: най ва оркестр учун «Концерт» (1972), «Номаълум солдат қабрида», увертюра (1967), «Раққоса» поэмаси (1969), «Поэма» (1972); «Ҳамид» поэмаси (1978), «Увертюра» (1979), дутор прима ва оркестр учун «Концерт» (1978); фортепиано ва оркестр учун араб халқ куйлари асосида «Арабча сюита» (1981); «Ёшлар увертюраси» (1981); «Қизлар рақси» (1986); «Дутор навоси» пьесалари (1987); қўшнай ва фортепиано учун «Сюита» (1970); чанг ва фортепиано учун «Фарғонача рез» (1987); «Дутор Баёти» ўзбек халқ куйи асосида фортепиано учун учта пьеса (1970); араб куйи асосида оркестр учун «Поэма-рапсодия» ва иккита пьеса (1980); турли чолғу асбоблар учун пьесалар (1974-1979 й.) яратди.
Чолғу-камер асарлар: кларнет ва фортепиано учун «Скерцо» (1980), кларнет ва фортепиано учун «Сонатина» (1987); фортепиано учун 11 та енгил пьеса, 2-4-синфлар учун; 5-8-синфлар учун 10 та пьеса («Юный пианист» тўпламида 1980 йилда чоп этилган); фортепиано учун учта прелюдия, учта фуга ва иккита сонатина ёзди.
Хор учун 10 та хорал (1963-1973), «Хорал» (1975), хор ва фортепиано учун «Ватаним» (1986); «Ёшлар марши» (1987) қўшиқлари, болалар хор жамоаси учун «Ёш қурувчилар қўшиғи», «45 минут» ва «Қодиржон қалдирғоч» (П.Мўмин сўзлари -1974-1976 йиллар); «Қор» (А.Ҳожи сўзи) ва «Моҳир куйлар» (Толиб сўзи). Замондош шоирлар сўзларига турли мавзуларда қўшиқ ва романслар яратди. 1977 йили «Дед Мороз ва Санта Клаус» (А.Иловайский пьесаси) ва 1978 йили «Дороги отцов» (Л.Юсупов пьесаси) спектаклларига мусиқа басталади.
П.Холиқовнинг ижодида дамли чолғулар оркестри учун мусиқий асарлар ёзиш алоҳида ўрин эгаллайди. У оркестр ва якка чолғу асбоблар учун кўплаб асарлар яратди. Улар орасида жуда машҳур бўлиб кетганлари: «Салом, пахтакор» увертюраси (1970), «Фарғона» марши, иккита корнет ва оркестр учун «Концерт полька»си (1972), «Тошкент» марши (1987), «Увертюра» (1980), «Аскарим» марши, «Ёш солдат» сюитаси (1988).
Дирижёр П.Холиқов ҳарбий хизмат даврида жанговор медаллар ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган.
МАТЮСУФ ХАРРАТОВ (ЧОКАР)
(1889-1953)
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, мақом билимдони, созанда ва бастакор Матюсуф Харратов XX асрнинг биринчи ярмида, ўзбек мусиқа маданиятининг ривожланишига тамал тошини қўйган устоз санъаткорлардан. У бутун умрини Хоразм халқ мусиқа меросини, тарихини, улуғ устозларнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятини ўрганишга бағишлаб уларни тарғиб қилди, ўзи ҳам санъаткор сифатида шаклланди, ёшларга устозлик қилди ва мусиқа басталади. 1928 - 1932 йилларда Самарқандда ташкил этилган мусиқа ва хореография илмий тадқиқот институтида Хоразм мақомларини талабаларга ўргатди. Бу кўп қиррали истеъдод соҳиби, радио, филармония ва мусиқали театрларда фаолият кўрсатиб, замонавий ўзбек мусиқасининг ривожланиш жараёнига улкан ҳисса қўшди. Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси аъзоларининг сафига 1940 йилда қабул қилинган.
Матюсуф (Чокар) Харратов ўзи босиб ўтган ҳаёт ва ижод йўлини шундай таърифлаган: «Мен Хива шаҳри ёнидаги Шайхлар қишлоғида 1889 йили дунёга келдим. Олти ёшимдан бошлаб қишлоқ мактабида ва айрим вақтларда Хива мадрасасида ўқидим. Бу олий ўқув даргоҳида араб, форс, турк тилларини, шеърият қонунларини, шаклларини ўргандим. Айниқса, шоир Комил Хоразмийнинг ўғли шоир ва танбурчи Матрасул Мирзабоши (тахаллуси Мирзо)дан жуда кўп нарсаларни ўргандим ва ўзим ҳам Чокар тахаллуси билан шеър ёзиб машқ қилдим. Бобомнинг хонадонида шоир ва санъаткорлардан Аваз Ўтар, Муҳаммад Юсуф (тахаллуси Баёний), Матрасул Мирзабоши, Матёқуб Позачи, Қаландар Дўнмас, Машариф Қамбар, Қурбон созчи ва бошқалар мусиқали кечалар ўтказишар эди. Мен уларга хизмат қилар эдим. Мусиқага қизиққанимни сезган бобомнинг илтимоси билан мусиқий мушоирада қатнашиб келган созанда ва хонандалар ҳар бири ўз касбини менга 7 ёшимданоқ ўргата бошладилар. Шу сабабли мен доира, гармон, танбур, сантур, ғижжак, чанг, дутор чалишни ва ашула айтишни устозлардан ўргандим. Ёш санъаткор сифатида 1920 йилга қадар она юртимда халққа хизмат қилдим.
1920 йили Хивада болалар мусиқа мактабини очдим, директор лавозимида ишладим ва санъатим билан халққа хизмат қилдим.
Ўзбекистон Республикасининг аввалги пойтахти Самарқанд шаҳрида 1928 йили мусиқа ва хореография илмий тадқиқот институти ташкил топди. Унинг директори Н.Н.Миронов мени Хоразм мақомидан дарс беришга таклиф қилди. Шу йилдан бошлаб менинг ҳаёт ва ижод тақдиримда ўзгаришлар рўй берди. Мазкур институтда 1932 йилга қадар ишладим. Илмий иш билан ҳам шуғулланар эдим. 1928 йилдан бошлаб Самарқанд радиосининг мусиқа бўлими мудири ва санъаткор ижрочи бўлиб 8 йил хизмат қилдим. Тожикистон Республикасининг радио эшиттириш мусиқа бўлимини очишда кўмаклашдим. 1935 йили Ўзбекистон радиосида ишлаш учун Тошкентга таклиф қилишди. Мусиқа бўлимида ишладим. Ўзбек филармониясининг ижрочи жамоалари билан 1937 йилда Москва шаҳрида ўтган Ўзбек адабиёти ва санъатининг 10 кунлигида ижрочи сифатида фаол қатнашдим. Декададан қайтгач, 1937 йили Тошкент давлат консерваторияси композиторлик факультетининг тайёрлов бўлимига ўқишга кирдим. Европа нота ёзувини ўргандим. Мусиқа назарияси, тарихи ва классик композиторларнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятлари билан танишдим. Уч йил консерваторияда ўқидим. 1935-1949 йилларда Ўзбекистон радио комитетида созанда ва хонанда лавозимида ишлаб, қўшиқ ва куйлар яратдим. 1938 йилда Ўзбекистон Композиторлар уюшмасини ташкил қилиш таъсис комиссиясига аъзо бўлдим. 1940 йили Бастакорлар уюшмасига қабул қилиндим.
Иккинчи жаҳон уруши йиллари радиода ишлаш билан бирга бир нечта ватанпарварлик руҳида қўшиқлар басталадим. Улар орасида: «Севимли Ватан», «Даврон», «Йигитлар» (Уйғун сўзи), «Баҳодир йигитлар» (Ойбек сўзи), «Пулемёт», «Қаҳрамон учувчилар», «Зенитчи», «Қирувчи», «Танкист», «Оқ олтин» (З.Диёр сўзлари), «Даврон бизники» (А.Бобожонов сўзи), «Фарҳод уфори» қўшиқларим ва рақс мусиқаларим якка хонанда, хор ва рақс жамоаларининг репертуарларидан жой олди».
Бастакор ва шоир Матюсуф Харратов (Чокар) ўз замонасининг забардаст ва илғор фикрли санъаткори сифатида жўшқин ҳаёт ичида яшади ва унинг ижодида ўша даврдаги ижтимоий-сиёсий, маданий ҳаёт ўз ифодасини топди. Бастакор 1929-1941 йилларда ўз шеърларига куйлар басталади: «Колхозчи», «Ғайратим пахтага», «Зиндабод деҳқони», «Пахтага аҳамият беринг», «Чиндани пахта», «Пахтачилик яшнасин», Абдуллаев сўзига «Менинг тоғим» ва ўз сўзига «Ўзинг», «Муҳаббатим», «Шаҳло кўзлар», «Ёшлик туйғуси» каби лирик ашулалар ҳам яратди. 1937 йили Москвада ўтказилган декадада унинг «Сайл ва колхозда тўй» саҳнасида «Мустаҳзод уфори» ашуласи (сўзи ва куйи ўзиники) ижро этилди. Шулар билан у ўз ижодий фаолиятида нота ёзувини ўргангандан кейинги йилларда Хоразм мақомларини нотага ёзишга киришди ва айримларини ёзишга улгурди.
Н.Н.Миронов раҳбарлигида ташкил топган «Нотали оркестр» янги жамоасида чангчи бўлиб ишлади, чангни диатоникдан хроматик услубга ўтказишда фаол қатнашди. Ушбу оркестр Белоруссиянинг турли шаҳарларида ўтказилган гастролларда ҳам қатнашди.
Матюсуф Харратов мусиқа санъати ва адабиётида қилган улкан хизматлари учун 1944 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» юксак унвони билан тақдирланди. Унинг фарзандларидан Фозилжон ва қизи Муслима Харратовалар ҳам оталари изидан бориб, ўзбек санъати тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшганлар. Урганч давлат санъат билим юрти М.Харратов номи билан аталади.
ВИКТОР УСПЕНСКИЙ
(1879-1949)
Ўзбекистон ва Туркманистон халқ артисти, санъатшунослик фанлари доктори, мусиқа этнографи, ўқитувчи ва истеъдодли композитор Виктор Александрович Успенский ўзининг кўп қиррали ижодий ва жамоатчилик фаолияти билан республикамиз мусиқа маданияти ривожланишига катта ҳисса қўшди. У турли жанрларда мусиқий асарлар яратиб, қатор ижодий муаммоларнинг ечимини топишда биринчилар қаторида меҳнат қилиб, XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди.
В.А.Успенский Россиянинг Калуга шаҳрида 1879 йилнинг 31 августида таваллуд топди. Виктор дунёга келганидан кўп ўтмай отаси хизмат юзасидан Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига оиласи билан кўчиб ўтади. Кейинчалик В.Успенский шундай эслаган: «Болалигимдан менинг қалбимга рус ва Ғарбий Оврупо классик композиторлари, ўзбек ва қирғиз халқ мусиқаси кириб келди. Маҳаллий аҳолининг тўй-томошаларида ва сайилларда янграган мусиқа, айниқса, уларнинг ажойиб мураккаб усуллари мени мафтун қилар, уйимизда ҳам доим мусиқа жаранглар эди. Отам скрипкадан, онам фортепианодан сабоқ беришди. Менинг ижрочилик маҳоратим ўсиб борар эди. Гимназияни битирганимдан сўнг, ота-онам мени профессионал созанда бўлишимга қаршилик қилиб, мажбуран Оренбург ҳарбий кадет корпусига ўқишга бердилар. Бу ҳарбий мактабда интизом қатъий ва ўқиш жуда қийин бўлишига қарамай, мусиқага бўлган муҳаббатим сўнмади. Бўш вақтимда фортепианода машқ қилдим. Дамли ҳарбий оркестрда геликон чолғусида чалдим, кичик симфоник оркестрда эса контрабас ва арфа чалишга тўғри келди. 1898 йилда кадет корпусини тамомладим ва Александропольда жойлашган 45-Драгун Шимол полкида бўлим командири этиб тайинландим. Мазкур полкда хизматимни ўтган 1898-1908 йилларда мусиқа амалиёти ва назарияси билан астойдил шуғулландим. Консерваторияга киришга тайёрландим. 1908 йил мен поручик, ўз хоҳишим билан ҳарбий хизматдан истеъфога чиқдим ва ўша йили синовлардан ўтиб, Санкт-Петербург консерваториясининг композиторлик факультетига кирдим. Машҳур композитор, дирижёр, профессор А.К.Лядов синфида композициядан ва бошқа мусиқа фанларидан сабоқ ола бошладим. Лекин сил касалига чалиниб, 1910 йилда ўқишни вақтинча тўхтатиб, Швейцариянинг Давос ва Германиянинг Лейпциг шаҳарларида даволанишга тўғри келди. Бир йил Лейпциг консерваториясида, эркин тингловчи сифатида сабоқ олиб турдим. Даволаниб, ўз консерваториямга қайтиб ўқишимни давом эттириб, 1913 йилда битириб, «эркин санъаткор» дипломига эга бўлдим. Бир йил ижод билан шуғулландим ва мусиқа мактабида дарс бердим. Бу узоққа чўзилмади. 1914-йилда бошланган 1-жаҳон уруши менинг бутун режаларимга ва ижодимга салбий таъсирини кўрсатди. Армия сафига чақирилдим ва жангларда қатнашдим. 1916 йил ноябрида фронтда қаттиқ контузия бўлиб госпиталда даволандим. Лекин уруш касофати билан умрбод дудуқланиб гапирадиган бўлиб қолдим.
1917 йил 20 сентябрда «Маҳаллий халқ қўшиқларини тўплаш ҳамда халқ мусиқа санъатини ўрганиш учун Тошкентга келдим. 1918 йилнинг февралида Е.А.Чернявский ва А.В.Поповларнинг Туркистон халқ консерваториясини ташкил қилиш тўғрисидаги ғояси ва таклифлари амалга ошди. 1919 йил 15 июнь куни консерватория тантанали тарзда очилди ва ўқув жараёни бошланиб кетди. Мусиқада ўқишни хоҳловчилар сони тобора кўпайиб борди. Менинг ташаббусим билан 1919 йили Тошкентнинг Шайхонтоҳур даҳаси Баланд масжид, Роҳат боғида халқ консерваториясининг бўлими очилди. Бир неча йиллар давомида ҳофиз Шораҳим Шоумаров ижросида Фарғона-Тошкент мақомлари: «Дугоҳ Ҳусайний», «Чоргоҳ», «Шаҳноз-Гулёр», «Баёт», булардан ташқари: «Қаринаво», «Собиржон», «Заркокил», «Илғор» ва «Дилрабо» ашулаларини нотага ёзиб олишга муваффақ бўлдим. Туркистон Маориф халқ комиссарлиги, Ўрта Осиё халқлари мусиқий фольклорини режали равишда ўрганиш, тарғибот қилиш учун илмий марказ ташкил қилишни менинг зиммамга юклади. Мен раҳбар сифатида Н.Н.Миронов, Ғ.Зафарий ва Э.Мелнгайлислар билан бирликда 1920 йилнинг 28 апрелида ушбу марказни очдик ва режа тузиб иш олиб бордик. Туркистон Марказий ижро комитети раисининг махсус фармонига асосан, вилоятлардан санъаткорларнинг турли авлодларини марказга жалб қилдик. Буни энг аввал ҳар бир хонанда ва созанда ва улардан тузилган ансамблларнинг ижрочилик санъатларини халқ олдида намойиш қилишга даъват қилишдан бошладик. Мана шу мақсад билан ташкил қилинган биринчи концерт 1921 йил 8 майида театр биносида ғоят катта муваффақият билан ўтди. Концерт дастурида ўзим симфоник оркестр учун гармониялаштирган ўзбекча «Заркокил», «Латифа», қозоқча «Дунё» ҳамда афғонча «Акрамхон» халқ қўшиқлари менинг дирижёрлигимда жаранглади.
Мен ва Н.Миронов ижрочилардан кўп қўшиқ, ашула ва куйларни нотага ёзиб бордик. 1922 йилнинг кузида Абдурауф Фитрат билан учрашдик. Узоқ суҳбатлашдик. У мени Бухоро Шашмақомини устозлардан нотага ёзиб олиш учун ўз юртига таклиф қилди ва шартнома туздик. Берилган ваъдамга ва шартномага асосан 1923 йилнинг бошида Бухорога етиб келдим. Мени улуғ санъаткорлар, Шашмақом билимдонлари Ота Жалолиддин Назиров, Ота Ғиёс Абдуғани ва Домла Ҳалим Ибодовлар билан таништирдилар. Уларнинг ижросида Шашмақомни нотага ёзиб олишга муяссар бўлдим. Нотага ёзишда айрим камчиликлар бўлиши мумкин. Шунинг учун «Бузрук», «Рост», «Наво», «Дугоҳ», «Сегоҳ» ва «Ироқ» мақомлари махсус комиссия томонидан текшириб чиқилди, Бухоро халқ маориф нозирлиги томонидан маъқулланди. Н.Н.Миронов таҳрири остида 1924 йили Москвада нашр этилди. Бу қилган ишимни Бухоро халқ жумҳурияти халқ маориф нозирлиги юқори баҳолаб, менга йўлланган ташаккурномасида шундай дейилади: «Қадимги мақомларни йиғиш ва ёзиб олиш сизга топширилган эди. Сиз бу вазифани моҳирона бажардингиз ҳамда Шарқ мусиқасини тўплаб, нашр қилиб, абадийлаштириш ишига жуда катта ҳисса қўшганингиз учун ташаккурномамизни қабул қилгайсиз. Имзо. А.Фитрат». Бу ишимдан ўзим ҳам мамнун бўлдим. Ушбу Шашмақомни нотага ёзиш жараёнида, 1923 йили қишлоқ хўжалиги кўргазмасига бир гуруҳ ўзбек санъаткорлари билан биргаликда Москвага бордим. Москвада ўзбек санъаткорларининг Концертлари жуда ҳам кўтаринки руҳда, муваффақиятли ўтди. Мен 2 сентябрь куни ўзбек халқи мусиқа санъати ва ўзимнинг қилаётган илмий ишим тўғрисида маъруза қилдим. Маърузамни мен билан борган санъаткорлар турли намуналар билан тасдиқлаб туришди. Бизни катта қизиқиш билан тинглаб, қизғин олқишлашди.
1925 йили август ойининг ўрталарида ҳамда 1927, 1929 йилларда Туркманистон ҳукумати таклифига биноан фольклор экспедицияларини ташкил қилиб, Туркман халқ мусиқасини турли ижрочилардан нотага ёзиб олишга муяссар бўлдим. Хуллас, 1920-йилларнинг бутун иккинчи ярмида асосан туркман мусиқаси устида илмий ва амалий иш олиб бордим. Натижада нашрга тайёрланган тўплам-китобни махсус комиссия кўриб чиқиб, юксак баҳо берди. Мусиқашунос В.М.Беляев таҳририда «Туркман мусиқаси» китоби нашрдан чиқди ва махсус мукофотга сазовор бўлди. 1929 йилнинг 6 апрелида «Туркманистон халқ артисти» фахрий унвони билан тақдирландим.
1930 йили Тошкент давлат мусиқа техникуми қошида ўзбек халқининг бой мусиқий меросини тўплаш, ўрганиш, нотага ёзиб олиш учун махсус бўлим очилди. Яъни ўзбек санъаткорлари билан ҳамкорликда ишлашга яхши шароит туғилди. Энг аввало дўстим Шораҳим Шоумаров билан илгарилари бошлаган ишимизни давом эттирдик. 1928 йилда ташкил топган Самарқанд давлат мусиқа ва хореография илмий-тадкиқот институти 1932 йили Тошкентга кўчиб келди. Энди биз мазкур институтнинг кўрсатма-режалари асосида илмий ишлар олиб борадиган бўлдик. Иш режасига биноан, машҳур ўзбек санъаткорларидан турли асарларни нотага ёзишни давом эттириш билан бирга, Тошкент вилоятига ҳам экспедицияга чиқиб доимий экспедиция ҳамкорларим Е.Е.Романовская, X.Мухамедова ва Ил.Акбаровлар билан биргаликда ҳаваскор созанда ва хонандалар, болалар ижроларида кўпгина қўшиқ ва куйларни нотага ёзиб олдик. Улар билан 1930-йилларда Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Фарғона водийси шаҳарларида экспедиция ўтказиб, жуда ҳам кўп халқ мусиқа намуналарини ёзиб олишга муяссар бўлдик. Кўп машҳур санъаткорлар билан танишдик.
Ўзбек ва туркман халқ мусиқа санъати менинг композиторлик ижодимга ниҳоятда катта таъсир қилди, илҳомлантирди ва улар асосида турли жанрларда асарлар яратдим. Мени босиб ўтаётган ҳаётим ва ижодий фаолиятим, албатта, гул сочилган равон йўл эмас. Халқлар маданияти ва санъатининг ўтмиш меросига, замонавий йўналишига, сиёсий мафкурадан келиб чиққан ҳолда муносабатлар ҳар хил бўлди. Айниқса, 1939-1948 йилларда «Мақом» санъати масаласидаги низолар юрак бағримни чил-чил қилди. Менинг дўстларим И.Азимов, М.Қориёқубов, Ян Пеккерлар билан ҳимоя қилишга уриндик. Лекин иложини қила олмадик. Мен Ўрта Осиё халқларига, санъаткорларига, бирга дўстона ишлаганларга, мени билган ва мухлисларимга ўзимнинг миннатдорчилигимни билдираман».
Композитор В.А.Успенский фольклор экспедиция илмий ишлари, педагогик ва жамоатчилик фаолияти билан банд бўлишига қарамасдан йиллар давомида мусиқа санъатининг турли шакл ва жанрларида ранг-баранг мусиқа асарларини ҳам яратди. Масалан: фортепиано учун қуйидаги асарларни ёзди: Прелюдия, соната, вариация, этюд, ўзбек халқ мусиқаси «Мискин-2», «Мухаммаси Ироқ», «Савти Ажам», «Самои Дугоҳ ва Аскарий» асосида пьесалар тўпламининг биринчи дафтари; «Уфор-Соқийнома», «Баёнчи», «Найларам», «Усмония» ва «Ражабий» тўрт қўл учун пьесалар тўплами иккинчи дафтар (бу икки ф-но дафтарлари Тошкентда 1936 йилда чоп этилган), пьеса «Гулханга ибодат қилиш», «Сув остида қўшиқ» (1945 й., 1948 й.), «Насруллойи» асосида рапсодия (1947 й.), «Новелла» пьесаси (1951 й.), иккита лирик вальс, пьеса «Капалак» (1955 й.) ва бошқалар.
Овоз ва фортепиано учун шоир К.Бальмонт сўзига «Русалка» (1970 й.) В.Брюсов сўзига «Сағана» (Дахма-1916 й.), П.Верлен сўзига «Ой нури» (1911 й.), П.Шелли сўзига «Ой» (1912й.), Ив.Бунин сўзига «Шероз атиргули» (1913 й.), М.Лермонтов сўзига «Бешик алласи», «Қалбим ўлик», «Айт, нима учун»» романслар (1913 й.), К.Бальмонд сўзига «Кечки далалар» ва «Мажнунтол» дуэтлари (1918 й.), «Куз қўшиғи», П.Верлен сўзига «Менинг юрагим ғамғуссада» романслари; Фарғона халқ қўшиғи «Ойдек тўлибдир», овоз ва фортепиано учун қайта ишланган (Хислат сўзи) ва «Вой, додей» (Халқ сўзи) ва икки хотин-қизлар овози ва фортепиано учун «Чаманда гул очилди» (Халқ сўзи). Мазкур қўшиқлар 1932 йил ёзилган, Москвада 1934 йилда чоп этилган (1956 йили эса қайта чоп этилган).
Овоз ва фортепиано учун «Ўзбекча вокализ» (1932 й. Москвада 1934 й. чоп этилган) 1928 йили «Равот қашқирлари» овозсиз кинога мусиқа басталади.
Иккинчи жаҳон уруши йиллари якка овоз ва фортепиано учун «Ўзбекистон» (Чустий сўзи), Икки овозли хор ва фортепиано учун «Юриш марши» (Т.Фаттоҳ сўзи) ва «Юр, ботирлар» (Чустий сўзи) каби қўшиқларни яратди.
Композитор симфоник оркестр учун қуйидаги асарларни яратди: «Акрамхон» (афғонча), «Зулайҳо» ва «Сулу соч» (қозоқча), «Заркокил» (ўзбекча) кўплаб асарлар, симфоник сюита (Москвада 1934 йили чоп этилган). Овоз ва симфоник оркестр учун «Дугоҳ Ҳусайни II» ва «Тўлқин» (1933-1938 й.), «Муқанна» сюитаси, (1943-1944 й.), «Ўзбекча рапсодия» поэма-рапсодияси, (1944 й. 1960 йил чоп этилди), «Туркманча каприччио» (1945 й.), Навоий хотирасига «Лирик симфоник поэма» (1947 й. 1959 йили Москвада чоп этилган).
В. А.Успенскийнинг XX асрнинг 20-40-йилларида замонавий ўзбек мусиқа санъатининг ривожланишида муҳим хизмати шундаки, у анъанавий ўзбек мусиқасининг кўп овозли шакл ва жанрини «пайванд» қилиш мумкинми ёки йўқми деган жумбоқ бўлиб турган саволга тўғри жавоб топди.
Буни «Фарҳод ва Ширин» (Хуршид пьесаси) спектаклига басталаган мусиқасида тасдиқлаб берди. Маълумки, Навоий достони асосида Хуршиднинг «Фарҳод ва Ширин» пьесасига Ш.Шоумаров ва Ю.Ражабийлар ўзбек халқ мусиқа меросидан керакли намуналарни танлаб берган эдилар. Мазкур мусиқали драма 1922 йилда «Намуна» мактаби театр ҳаваскорлари томонидан биринчилардан бўлиб саҳнага олиб чиқилган эди. Келгусида вилоят театрлари ҳам шу услубда ўзлари халқ мусиқасидан киритиб ижро этадилар. 1934 йилда В.А.Успенский Хуршид билан ҳамкорликда «Фарҳод ва Ширин» мусиқали драмаси устида иш олиб боришди. Спектаклга мусиқа ёзишдан аввал, ўзини синаш ниятида «Баёт», «Ҳусайний», «Найларам», «Дугоҳ Ҳусайний», «Шаҳнози Гулёр» каби мумтоз ашулаларни кўп овозли услубда гармониялаштирган тарзда симфоник оркестрга мослаштириб, тингловчилар диққатига ҳавола этиб кўрди.
В.А.Успенский дастлабки муваффақиятлардан илҳомланиб, ўзбек куйлари, ашула ва мақомларини гармониялаштиришда тутган йўлининг тўғрилигига қаноат ҳосил қилиб, «Фарҳод ва Ширин» мусиқали драма партитурасини ёзди. Мазкур асарнинг мусиқасини кўп овозли услубда ёзишда, мақом ва куйларнинг тузилишлари, парда хусусиятлари ҳамда зарб усул ўлчовлари, миллий хусусият бўёқларини сақлаб қолишда ижобий натижаларга эришди. «Фарҳод ва Ширин»нинг премьераси (Москвада) 1936-1937 йилларда жуда катта муваффақият билан ўтди ва композиторга шуҳрат келтирди.
В.А.Успенский қуйидаги нота тўпламлари ва мақолалар муаллифидир: «Шашмақом» (1924 й. Москва); «Мактаб болалари қўшиғи», (1924 й.); «Туркман мусиқаси» биринчи дафтар (1928 й.), «Иккинчи дафтар» (1929 й.), «Фарғона қўшиқлари» (1931 й.), «Бухоро қўшиқлари ва мақом парчалари» (1934-1947 й.), «Катта ашула» (1940 й.), «Ўзбек классик мусиқаси» (1927 й.), «Зикр куйлари» (1940 й.), «Турклар қўшиғи» (1943 й.), «Уйғурлар қўшиғи» (1945 й.), Навоий сўзига мусиқа (1949 й.), «Гулёр Шаҳноз» (1931ва 1956 й. чоп этилган). Кўп йиллар давомида Москвада истиқомат қилган, мусиқашунос ва шарқшунос олим, профессор, ўзбек ва шарқ мусиқасининг билимдони В.М.Беляев билан мактуб алмашиб турган. Бу хатларни 1980 йилда нашр қилинган «В. А.Успенский» китобида ўқиш мумкин. Унинг ҳаёти ва ижодий фаолияти тўғрисида Ян Пеккернинг «В.А.Успенский» монографиясидан (Т.,1959 й.) тўла маълумот олиш мумкин.
1943 йили В.А.Успенскийга бажарган илмий ишлари учун ҳимоясиз санъатшунослик фанлари доктори илмий даражаси берилган. 1937 йили «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвони билан тақдирланган.
БОТИР УМИДЖОНОВ
(1933-2004)
Ўзбекистон халқ артисти, моҳир хор дирижёри ва композитор Ботир Умиджонов Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1982 йили қабул қилинган. Унинг дирижёрлик фаолияти республикамиз кўп овозли хор санъатини ривожлантиришда алоҳида ўрин эгаллайди. 1960 йилда Ўзбекистон радиоси ҳузурида у ташкил этган хор жамоаси маданий ҳаётимизда муҳим роль ўйнаб келмоқда. Ўзбек ва бошқа халқлар анъанавий қўшиқ, лапар, ашулаларини кўп овозли хор учун мослаштириб, композиторларнинг оригинал хор асарларини моҳирона ижро этиб, бу жанр ривожи ва тарғиботига катта ҳисса қўшди.
Умиджонов Ботир Ҳошимович Душанбе шаҳрида 1933 йилнинг 31 январида таваллуд топди. Унинг оиласи 1939 йили Тошкентга кўчиб келади. Ботир 1941-1948 йилларда болалар меҳрибонлик уйида тарбияланади, хор ва драма тўгаракларига қатнашади. 1952 йилдан Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртининг хор-дирижёрлиги бўлимига ўқишга киради ва Ўзбек давлат филармониясининг акапелла хорига ишга жойлашади. 1955-1960 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг хор дирижёрлиги факультетида Е.А.Гудкова синфида таълим олди. 1960 йилда республика радиоси ҳузурида хор жамоасини тузади ва 1993 йилга қадар бу жамоанинг бадиий раҳбари ва бош дирижёри бўлиб ишлайди.
Ботир Умиджонов композиторлик мутахассислигидан дипломга эга бўлмаса ҳам унинг амалий тажрибаси йилдан йилга ўсиб, мусиқанинг турли жанр ва шаклларида ижод қилиб, миллий оҳанглар негизида мусиқий асарлар яратди. Унинг ижодида хор учун ёзилган асарлар устувор аҳамиятга эга. Композиторнинг қалами остидан қуйидаги оригинал акапелла хор асарлари бунёдга келди: «Эй санам» (Ҳамза сўзи), «Гўзал» (М.Туробов сўзи), «Жангчи қабрида» (Маҳбуба Раҳим қизи сўзи), «Олтин водий» (Ҳ.Шарипов сўзи), «Тарихий имзо» (Б.Исроилов сўзи), «Рубоий» (У.Хайём сўзи), «Рубоий» (Навоий сўзи), «Рубоий» (Ҳ.Деҳлавий сўзи), Акапелла (жўрсиз) хор сюиталари: тожик халқ қўшиқлари асосида «Дилбаруме» номли сюитаси, тўрт қисмли «Бахт нури» (О.Ҳайдаров, М.Ашурбоев, У.Мирзаев ва Ж.Умаровлар сўзлари) сюитаси, Д.Зокиров билан ҳамкорликда «Асрим садоси» (Ойбек сўзи) кантатаси, татар халқ қўшиқлари асосида «Яшлар уйюни» сюитаси, «Ўйнанг, дилдоралар» (Ҳ.Муҳаммад сўзи), «Табрикнома» (Ойбек сўзи), «Байрам ғазали» (Ҳ.Ғулом сўзи) каби ноёб хор асарлари, ўзбек ҳалқ чолғулари оркестри жўрлигида хор поэмаси.
Композитор ўтган йиллар давомида кўп овозли хор учун мослаб турли халқ қўшиқларини қайта ишлаган: ўзбек халқ қўшиқларидан «Ёр нималар девдим сизга», «Олмача анорингга балли», «Қора соч», «Ўзганча», «Жон Андижон», «Илилла ёрим», «Хуршиди жаҳон келди», «Гал бери», «Бахт ялласи» (Н.Ҳасанов мусиқаси, А.Пўлат сўзи), «Сегоҳ» (Ш.Хуршид сўзи), «Чоргоҳ» (Фурқат сўзи), «Сараҳбори Наво» (Ҳофиз сўзи), «Зарафшонда тўй бугун» (Отаев сўзи); уйғур халқ қўшиқларидан: «Ўйнамду яхши», «Колхоз ёшлари»; қирғиз халқ қўшиқларидан: «Қобузчи», «Қизил гул», «Ой тобо»; қозоқ халқ қўшиғи «Япурай»; қорақалпоқ халқ қўшиқларидан: «Чинбай», «Мунгли қиз», «Дад алингнен»; тожик халқ қўшиқларидан: «Гар намедони бидон», «Дилиман»; озарбайжон халқ қўшиғи «Чал ойна» ва бошқалар профессионал ва ҳаваскор хор жамоаларининг репертуарида муносиб ўрин эгаллаган.
Б.Умиджонов замондош ва классик шоирларнинг шеърларига кўплаб қўшиқ ва романслар яратди, масалан: «Дилрабо» (А.Исроилов сўзи), «Ёр ўзинг» (А.Пўлат сўзи), «Оромижон тун» (Т.Ражабий сўзи), «Билганмисиз» (Ў.Рашид сўзи), «Мени эслагин» (Х.Салоҳ сўзи), «Гул барги» (Ҳ.Яҳё сўзи), «Баҳория» (М.Бахти сўзи), «Ошиқ» (Жомий сўзи), «Сандадир кўзларим» (Ойбек сўзи), «Эшитдим» (Э.Самандаров сўзи), «Айрилиқ ўтида» (Қ.Мақсумов сўзи), «Жонон хиромон» (Аминзода сўзи), «Севги» (Ойбек сўзи), «Соч оқлиги — кўнгил оқлиги» (Миртемир сўзи), «Ҳажир» (Нодира сўзи), «Мо руи Самарқанд» (М.Бахти сўзи), «Олисдаги ёримга» (З.Обидов сўзи) ва бошқалар.
Шунингдек, Б.Умиджонов қуйидаги радио спектаклларга мусиқа басталади: «Одам бўлиш қийин», У.Умарбеков романи асосида «Жийда гуллаганда» ва «Афросиёб гўзали» (М.Қориев қиссаси ва романи асосида), «Ўтган кунлар» (А.Қодирий романи асосида). 1990-йилларда Ю.Ражабий номидаги Жиззах вилоят театри саҳнасида «Зулмат ютган зиёкор» (Ў.Рашид пьесаси) ва Муқимий номидаги мусиқий театр саҳнасида «Оқибат» (Р.Маъдиев пьесаси) мусиқали драмалари бунёдга келди. «Шиддат» (режиссёр У.Назаров) номли ўзбек бадиий фильмига мусиқа басталади.
Ботир Умиджонов композиторлик, дирижёрлик ва жамоатчилик фаолияти билан замонавий ўзбек мусиқа санъатининг ривожланишига катта ҳисса қўшгани учун «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвони билан тақдирланган.