АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

30 ноябрь: Собиров Шерзод ни туғилган куни.


АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



                   ҒАНИЖОН ТОШМАТОВ

(1913-1994)

Ўзбекистон халқ артисти, созанда-ғижжакчи, устоз, жамоат арбоби, бастакор Ғанижон Тошматов XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди. Бу ажойиб инсон ўзбек ва уйғур халқларининг мусиқий меросини, ижрочилик ва бастакорлик санъат анъаналарини давом эттириб, эл-юрт ҳурмат-эътиборига сазовор бўлди.

Ғанижон Тошматов Андижон вилояти Асака туманида 1913 йилнинг 22-июнида таваллуд топди. Болалигидан мусиқага қизиқди, отасидан ва акаларидан соз чалишни, 1930-1932 йилларда Андижондаги машҳур санъаткор Собиржон Сиддиқовдан ғижжак чалишни ўрганди. 1932 йилда Ғанижон устозининг маслаҳати ва тавсияси билан Й.Охунбобоев номидаги Андижон вилояти давлат мусиқали драма театрига ғижжакчи сифатида ишга кирди, машҳур созанда ва бастакор, ушбу театр мусиқий ансамблининг раҳбари Т.Жалилов ва бошқа санъаткорлар билан танишди.

Ғанижон Тошматов 1934 йили Фарғона вилояти мусиқали драма театрига таклиф қилинди. 1936-1939 йилларда ушбу театрнинг чолғу ансамблида мусиқа раҳбари бўлиб ишлади.

1939 йили Тошкентда Муқимий номидаги республика мусиқали театри ташкил этилиши муносабати билан Ғанижон Тошматов ушбу жамоага таклиф этилди ва 1946 йилга қадар мазкур театрда ишлаб яхши тажриба орттирди.

1946-1953 йилларда у Ўзбекистон радиоси қошидаги ўзбек халқ чолғулари ансамблига раҳбар этиб тайинланди. 1953-1957 йилларда Ўзбек давлат филармонияси ва Ўзбек давлат эстрадаси концерт жамоаларида созандалик қилди. 1952-1954 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг ўзбек халқ чолғулари факультетида ўқиди.

1957 йили Ўзбекистон радиоси қошида ўзбек халқ чолғулари оркестри ташкил этилиши муносабати билан Ғанижон Тошматов концертмейстерлик лавозимига таклиф қилинди ва созанда сифатида 1967 йилга қадар ишлаб келди.

1967 йилда Ғанижон Тошматов Ўзбекистон радиоси қошида Уйғур мусиқаси, 1978 йили Ўзбек этнографик ансамблини ташкил этиб уларга бошчилик қилди. Бир йил ўтгач яна шу ерда Дуторчи қизлар ансамблини ташкил қилди ва унга раҳбар бўлди. Ҳозирда Ғанижон Тошматов номи билан аталувчи Дуторчилар ансамбли республикамиздаги машҳур мусиқий жамоалардан биридир. 1987-1988 йилларда Юнус Ражабий номидаги Мақом ансамблининг бадиий раҳбари бўлиб ишлади.

Ғанижон Тошматовнинг созандалик ва бастакорлик соҳаларида ўзбек миллий санъатига қўшган ҳиссаси ниҳоятда каттадир. У халқимизга энг аввало моҳир созанда сифатида танилди. Унинг ижросида янграган «Ушшоқ», «Дугоҳ», «Сегоҳ», «Насри Сегоҳ», «Уфори Насри Сегоҳ», «Чапандози Баёт», «Фарғона Бузруги», «Сурнай Бузруги», «Наврўзи Ажам» каби мақом чолғу йўллари билан бирга «Яланг Дарон», «Нисор», «Тонг отгунча», «Кўнгилсан», «Ёрим келур», «Тановар»нинг бир неча турлари ва ўзи басталаган «Гулжамол», «Кезарман» ва бошқа куйларни юксак маҳорат билан чалгани мусиқа шинавандалари қалбини янада завқлантиради.

Ғанижон Тошматовнинг композиторлик фаолияти Фарғона вилоят мусиқали драма театрида устози Тўхтасин Жалиловнинг унинг маслаҳати билан «Лайли ва Мажнун» (1935 й.) ҳамда «Фарҳод ва Ширин» спектаклларини саҳнага қўйилишида ва уларга ўз куйларини қўшишдан бошланди. Шуни айтиш жоизки, Ғанижон Тошматовнинг бастакорлик ижодида қўшиқ, ашула, яллалар устувор ўрин тутади. У мумтоз ва замондош шоирларнинг шеърларига асосланиб 400 дан ортиқ асарлар яратди. Унинг ашулаларидан: «Истадим», «Кезарман», «Эй бегим» (Навоий шеърлари), «Гулжамол», «Қора зулфинг» (З.Бобур шеърлари), «Ҳай-ҳай на санам» (Машраб шеъри), «Қоши қароси» (Халқ сўзи), «Менга номеҳрибон бўлди» (Ҳувайдо шеъри), «Соғиниб» (Ҳамза шеъри) кабилари мумтоз асарлар қаторига қўшилган. «Совға», «Гулшан диёрим», «Ҳазрати инсон», «Наврўз», «Машъал Тошкентим», «Алёр», «Қиз узатдик», «Гулшанимда», «Тоғ бошида рўмолим қолди», «Доира дум-дума», «Янги лазги», «Ёрга мактуб», «Огоҳ ўзинг», «Янгича ёр-ёр», «Пахтазорда кўрдим», «Соҳибжамол», «Кел, ёрим», «На гўзалсан», «Лапарчи қиз қўшиғи», «Кўнглим сендадир», «Сирдарё қизи», «Раққоса хиром айлар», «Чаман базмида», «Гуллар» каби қўшиқ ва ашулалари ҳам тингловчиларнинг қалбида жой олган.

Ғ.Тошматов Уйғур этнографик ансамблига раҳбарлик қилган йиллари бутун куч ва эътиборини ансамблнинг ижро савиясини кўтаришга қаратди, ўн иккита уйғур мақомини тиклашда ва тасмага ёзиб олинишида бош-қош бўлди. Шу ансамбль учун «Уйғур кизлери», “Кўзларинг”, «Саратонда хатлар ёзиб» ва бошқа ашула ва қўшиқларни, «Андижон санами» номли уч қисмли вокал-рақс сюитасини яратди.

Ўзбек халқ мусиқаси мероси хазинасидаги унутилаётган кўплаб терма қўшиқ, ялла, лапар ашулаларини тиклаб, дуторчилар ансамбли репертуарини бойитди.

Шунингдек, Ғ.Тошматов турли ансамбллар учун бир неча вокал-хореографик сюиталар, 1965 йили композитор Б.Зейдман билан ҳамкорликда Муқимий номидаги мусиқали театр учун «Қариқиз» (Т.Тўла пьесаси) мусиқали драмасини яратди.

Ажойиб инсон, атоқли санъаткор ва устоз Ғ.Тошматов 1930 йиллардан бошлаб Юсуфжон-қизиқ, Охунжон-қизиқ ва бошқа сўз санъати усталари, ҳофиз ва бастакор Жўрахон Султонов билан биргаликда аския санъатини ривожлантириш ва оммалаштиришга муносиб ҳисса қўшди. Унинг бир неча ҳажвиялари адабий тўпламлар ва журналларда чоп этилган. Композиторнинг мусиқий асарлари ва аския намуналари Ўзбекистон радиоси томонидан тасмаларга ёзиб олинган. Уларни ижро жамоалари билан бирга Франция, Бельгия, Ҳиндистон, Индонезия, Руминия, Болгария, Туркия, Греция, Миср ва бошқа мамлакатларда намойиш қилган.

1965 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист», 1973 йилда «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонлари, 1993 йилда Ўзбекистон Республикаси фахрий ёрлиғи билан тақдирланган.