АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

25 сентябрь: Иброхимов Окилхонни туғилган куни.


29 сентябрь: Оллоберганов Исломни туғилган куни.


30 сентябрь: Очилова Камолахон ни туғилган куни.


25 сентябрь: Саидий Саид Болта-зодани туғилган куни.


22 сентябрь: Хайдаров Ахмад ни туғилган куни.


АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



                          НАДИМ НОРХЎЖАЕВ

(1947)

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистои давлат консерваторияси профессори, композитор Н.Норхўжаев Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1978 йили қабул қилинди. У ўзининг жозибали мусиқий асарлари, айниқса, эстрада ва болалар учун яратган қўшиқлари билан эл-юрт ҳурматига сазовор бўлди.

Норхўжаев Надим Қодирович Тошкентда, 1947 йилнинг 24 декабрида дунёга келди. Р.Глиэр номидаги махсус мусиқа мактаб-интернатида танбур синфида ўқиди. 1963 йилда Ҳамза номидаги мусиқа билим юртига ўтказилади. Машҳур композитор Р.Вильдановдан мусиқа сирларини ўрганди ва 1967 йили симфоник оркестр учун басталаган «Сюита»си билан аъло баҳоларга ўқишни битиради. Ўша йили Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетига ўқишга кирди. Бу олий даргоҳда Н.Норхўжаев композиторлик мутахассислигидан Г.Мушель, чолғулаштиришдан А.Козловскийдан сабоқ олди. 1972 йили Н.Норхўжаев имтиёзли диплом билан консерваторияни битирди ва Бекобод мусиқа билим юртига ишга йўлланма олди. Ҳарбий хизматни ўтаб юрган даврда Н.Норхўжаев вокал-чолғу эстрада ансамблини ташкил қилиб, концертлар бера бошлади. Ансамблнинг репертуари учун ёш композитор қўшиқлар яратди. Унинг фаолиятида қўшиқ жанрига кўпроқ аҳамият берилишининг сабаби шу бўлса керак.

Композитор Н.Норхўжаев меҳнат фаолиятини талабалик давридан бошлади. У 1968-1972 йилларда болалар мусиқа мактабида, 1972-1975 йиллари Бекобод мусиқа билим юртида, армия сафидан қайтганидан сўнг, яна мусиқа мактабида ўқитувчи ва ўқув бўлими мудири бўлиб ишлади. 1975-1976 йилларда «Мелодия» фирмасининг овоз ёзиш студиясида бош муҳаррир вазифасида ишлади. 1976-1994 йилларда А.Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтининг “Партитура ўқиш ва чолғулаштириш” кафедрасида ўқитувчи, катта ўқитувчи, 1993 йилдан доцент, айни пайтда 1996-1998 йилларда Ю.Ражабий номидаги Тошкент педагогика билим юртида ўқитувчи, 1998 йилдан буён давлат консерваторияси эстрада ижрочилик кафедраси мудири, 2003 йилдан профессор лавозимида ишлаб келмоқда.

Н.Норхўжаев талабалик чоғида фортепиано учун 3 та пьеса, 4 та прелюдия, 2 та вариация, сонатина, «Луқмалар» номли миниатюралар туркуми, сўзсиз қўшиқ, фортепиано учун 2 та сонатина, скрипка ва фортепиано учун пьеса, торли квартет, фортепиано ва симфоник оркестр учун «Концертино», 4 қисмли симфоник сюита, 1 қисмли симфония ва бир неча қўшиқлар яратди. «Концертино» 1970 йили «Баҳор» концерт залида ижро этилиб, олқишларга сазовор бўлди. Фортепиано учун ёзган 2 та прелюдия, сўзсиз қўшиқ ва 8 та миниатюралари 1977 йилда «Мелодия» фирмасида пластинкага ёзилди, «Пьеса»нинг нотаси эса 1974 йили чоп этилди.

Н.Норхўжаевнинг ижодида қўшиқ устувор аҳамият касб этади. У замондош шоирлар билан ҳамкорликда, турли мавзуларда, 130 дан ортиқ эстрада, 100 дан ортиқ боғча болалари ва мактаб ўқувчиларига қўшиқлар яратди. Бастакорнинг болалар учун 1975 йилда ёзган «Ҳаккалар» (Н.Орифжонов сўзи) илк эстрада қўшиғи «Пахтаой» номли болалар эстрада-вокал чолғу ансамбли ижросида машҳур бўлиб кетди. Бундан илҳомланган композитор болалар ва ўспиринлар учун кўплаб қўшиқлар яратди. «Яхши бола», «Олтин пахтам, оппоғим», «Салом берган болалар», «Юлдузлармиз, юлдузлар», «Хоҳ ўқишда, хоҳ ишда», « Гуллар маним кулганим», «Боғча опа, бўлманг хафа», «Китоб қўлимда», «Бобо хўроз», «Хумо қуши», «Варрагим», «Олмалар» (П.Мўмин сўзлари); «Гижинглаган тойчоғим», «Сайёрахон», «Кичик чегарачи» (М.Абдушукурова сўзлари) шулар жумласидан.

Ўзбекистон телерадиокомпанияси қошидаги «Булбулча» болалар хори учун ҳам кўпгина қўшиқ яратиб берди. Улар орасида: «Энг маза, эҳ маза», «Ёд оламиз, шодланамиз», «Ўйнасангчи, типратикан» (П.Мўмин сўзи), жўрсиз хор учун 7 қисмли, шоир А.Мухтор сўзига болалар хори учун «Ҳафта» кантатаси; шоир Э.Воҳидов сўзига «Дарахтлар суҳбати» хор сюитаси ёки ўзбек халқ қўшиқларини хор учун қайта ишлаган: «Пашша ғинг-ғинг», «Бозор байрами», «Осмондаги ой», «Чори чамбар», «Ковушим», «Бошгинам оғрийди», «Оқ шоли, кўк шоли», «Чучвара қайнайди», 1993 йилда Р.Толиб сўзига кичкинтойлар учун ёзган тўпламга қуйидаги қўшиқлар киритилди: «Ҳалима ва Салима», «Биринчи қор», «Тошбақа», «Шалола», «Қиличми, тўқмоқ», «Бир, икки, уч...», «Шамолжон», «Дангаса», «Соат қўшиғи». Буларнинг ҳаммаси болаларни маънавий-эстетик тарбиялашда муҳим рол ўйнамоқда.

Шуни айтиш жоизки, Надим Норхўжаев замонавий эстрада қўшиқчилигига катта эътибор бериб келмоқда. У эстрада хонандалари ва турли вокал-чолғу эстрада ансамблларига ранг-баранг, жозибали қўшиқ ва чолғу куйлар яратиб, уларнинг репертуарларини бойитишга кўмаклашмоқда. Масалан, унинг «Дилда баҳор» (М.Қориев сўзи), «Сени зор этгандим» (М.Мирзаев сўзи), «Чавандоз бир йигит бор» (С.Қўқонбоев сўзи), «Ёр йўли» (Т.Тўла сўзи), «Ишқ асири» (З.Обидов сўзи), «Йигитлар тор чертсалар» (Э.Охунова сўзи), «Ёр менга узук тақди», «Вафодан сўрардинг», «Етурмиз висолига» (П.Мўмин сўзи), «Қора кўзим», «Кўнгил боғласанг», «Никоҳ узуги» (Н.Нарзуллаев сўзи), «Ёшимни сўрама» (С.Зуннунова сўзи), «Сенинг сеҳринг бор» (О.Мўмин сўзи), «Жаннатмакон диёр бу» (Ш.Дадаш сўзи) каби қўшиқлари республикамизда таниқли ижрочилар репертуаридан жой олиб, радио олтин фондидан ўрин олганлар. Эстрада қўшиқчилигини ривожлантиришда қўшган ҳиссаси учун 1981 йили Ўзбекистон Ёшлар мукофоти билан тақдирланган. Унинг қўшиқлари «Ўзбекистон — Ватаним маним» республика танловларида совринли ўринларни олди.

Н.Норхўжаев ижодида турли жанрларда басталаган йирик шаклдаги мусиқий асарлар ҳам мавжуд. Улар орасида: «Симфониетта» (1979й.), симфоник оркестр учун 2 та увертюра (1978, 1984йй.), камер-симфоник оркестр учун «Миниатюралар»  (1977й.),  фортепиаио ва симфоник оркестр учун «Концертино» (1984й.), симфоник оркестр учун «Шодиёна» увертюраси, камер симфоник оркестр учун 3 та пьеса (1976й.); вокал-симфоник оркестр учун «Менинг ўлкам» сюитаси (1982й.), «Ватан ёшлари» поэтория. Ўзбек халқ чолғу оркестри учун: «Болалар сюитаси» (1988й.), «Рондо» (1981 й.). Эстрада-симфоник оркестри учун: «Наврўзи олам» сюитаси (1995й.), «Азиза» араб куйи асосида (1997й.), камер-чолғу оркестри учун «Сўғдиёна» сюитаси (1996й.); дамли чолғу оркестр учун «Марш» (1979й.) ва «Қувноқ болалар» марши (1988й.). Андижон қўғирчоқ театрида 1981 йили қўйилган «Бургутча ва тойчоқ» (П.Мўмин пьесаси), Фарғона театрида 1981 йили қўйилган «Она болам дейди, бола онам дейди» ҳамда Муқимий номидаги мусиқали театрда 1985 йили қўйилган «Туяқуш-бойқуш» болалар спектаклларига, Республика ёш томошабинлар театри учун «Жўжаларим», «Ажойиб уруғ», “Тегирмон воқеаси” (2004) спектаклларига мусиқа басталаган.

Н.Норхўжаев Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасида қўшиқ шўъбаси раиси, республикамизда ўтказилаётган турли кўрик-танловларда жюри ҳайъатларида фаол қатнашиб келмоқда. У республика «Офарин-2000» кўрик-танловининг совриндори. 1999 йили у «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими», 2011 йилда “Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби” фахрий унвонлари билан тақдирланган.

                     МАМАДАЗИЗ НИЁЗОВ

(1907-1970)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, созанда ва бастакор Мамадазиз Ниёзов Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1940 йилда қабул қилинган. Санъаткор ўзининг турли мавзуларда мумтоз ва замондош шоирларнинг шеърларига басталаган ранг-баранг, жозибали қўшиқ, ашула, ялла, лапар, рақс куйлари, ижрочилик маҳорати ва ташкилотчи-раҳбарлик фаолияти билан танилган.

Мамадазиз Ниёзов Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида 1907 йили туғилди. Мамадазиз болалигидан мусиқага қизиққан, дутор, ғижжак чалишни ўрганган. 1926 йили туманда театр ва «Қизил чойхона» очилгач, Мамадазиз созанда сифатида ишга таклиф қилинади ва чойхоначилик қилади. Бу ерга машҳур бастакор ва созанда Тўхтасин Жалилов Андижон вилояти мусиқали театри билан гастролга келади. Меҳмонларга ёш ҳаваскорлар концертини намойиш этишади. Шунда Мамадазиз дутор жўрлигида қўшиқ айтиб беради. Бастакор Т.Жалилов уни ўзи билан театрга олиб кетади. Шу йилдан бошлаб унинг тақдирида кескин ўзгариш рўй беради. 1926-1932 йилларда М.Ниёзов Андижон вилоят мусиқали драма театрида хонанда ва созанда бўлиб ишлади, куй ва қўшиқларни басталашга ҳам уринди. 1926-1932 йилларда театрда ишлаш билан бирга Рабфакда кундузги бўлимда ўқиди. 1932 йили Ўш ўзбек театрига мусиқа раҳбари лавозимига таклиф этилади. 1934 йили эса Республика давлат мусиқали театрига таклиф қилинди. 1937 йили Ўзбекистон санъат бош бошқармасининг буюртмаси билан янги ташкил топаётган Республика колхоз-совхоз театрига мусиқа раҳбари лавозимига тасдиқланди ва шу театрда 1940 йилгача ишлади. 1940-1941 йилларда Ўзбек давлат филармонияси таркибидаги Тамарахоним ансамблида созанда бўлиб ишлади. 1942 йилнинг февралидан июл ойигача Республика давлат болалар театрида мусиқа раҳбари бўлиб ишлади. 1942-1944 йилларда Ўзбек давлат циркида мусиқа раҳбари бўлиб ишлади. 1944-1962 йилларда Ўзбек филармонияси, Ўзбек эстрадаси, Ўзбекистон радиосида созанда, мусиқа раҳбари вазифаларида ишлади. Шу билан бирга, 1940 йили композитор Р.М.Глиэр бошчилигида ташкил қилинган бастакорлик курсида ўқиди. 1943 йилнинг мартида Тожикистон Республикаси Санъат бош бошқармасининг илтимосига биноан Душанбе шаҳрида колхоз-совхоз театрида концерт дастурини тайёрлашга ёрдам берди. 1960-1962 йили Ўзбекистон Санъат бош бошқармаси маданият саройида, 1962-1964 й. Тошкент давлат университетининг маданият саройида, 1964-1965 й. Республика маданият уйидаги ўзбек ашула ва рақс ансамблига раҳбарлик қилди. 1965 йилдан ҳаётининг охиригача маданият саройига бошчилик қилди. Мазкур жамоаларнинг репертуар дастурларини бойитишда ўзи ҳам улар учун қўшиқ ва рақс куйларини яратган.

М.Ниёзов уруш даврида ватанпарварлик мавзусида «Олға бос» (Ю.Ҳамдам сўзи); «Янчамиз» (Ҳ.Олимжон сўзи); «Яхши бор» (Соқий сўзи); «Салом онажон фронтдан» (Камтар сўзи) «Ғунчалар» (Ғ.Фатхулин сўзи); «Пахтакорим» ва «Кетма, жоним» (М.Қориев сўзлари); «Лочинлар» (Мирзаев сўзи) каби қўшиқлари У.Исмоилов пьесаси асосида Ҳ.Олимжон сценарийси бўйича Чустий, Ходи Шоди ва Ҳ.Олимжон сўзларига қўшиқ ва куйлар яратган.

М.Ниёзов 100 дан ортиқ қўшиқлар яратди. Улардан айримлари: «Мубтало бўлдим сенга» ва «Кўнглим ўртансин агар» (Навоий сўзлари); «Хол бўлсам» (Ҳ.Олимжон сўзи); «На гўзалсан» (Миртемир сўзи); «Ҳунармандлар», «Зар дўппи», «Кийим» (Т.Тўла сўзлари); «Ўзбекистонга келинг», «Давримиз», «Тожикистонсан», «Мирзачўлга кел» (А.Пўлат сўзлари); «Гулим қизим», «Андижоним», «Жоним Навоий кўринг» (Ҳабибий сўзлари); «Саодатли диёримсан» (К.Махсум сўзи); «Жоним Тошкентим», «Боғбон йигит», «Онамга», «Яхши йигит, яхши қиз» (П.Мўмин сўзлари); «Шаҳло кўзлар», «Жамолингга тўймайман» (Ё.Мирзо сўзлари); «Ҳур Ўзбекистон», «Жоним пахтазор» (М.Раҳмон сўзлари); «Жон Ўзбекистон» (Миртемир сўзи); «Бас» (А.Фаттоҳ сўзи); «Нурли гулистон» (В.Абдулла сўзи); «Сайр этайлик», «Кеча» (Ҳ.Яҳё сўзлари) ва бошқалар. Қўшиқлардан ташқари бастакор турли чолғулар ва ансамбллар учун куйлар, рақс куйлари ва ашула-рақс сюиталари яратди.

Мамадазиз Ниёзов 1965 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» фахрий унвони билан тақдирланди.

                    МАРДОН НАСИМОВ

(1914-1998)

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист, профессор, композитор ва дирижёр Мардон Насимов XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди. Ижодкорлик фаолиятида асосан овоз учун мусиқа яратишга катта эътибор бериб, яккахон, жўровоз ансамбль ва хор жамоаларига қўшиқ, ашула, кантата, сюиталар басталаб, ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлди.

Мардон Насимов Самарқанд шаҳрида 1914 йилнинг 5 апрелида туғилди. 1929 йилда Самарқанд давлат мусиқа ва хореография институтига ўқишга киради. Мардон машҳур найчи, устоз А.Исмоиловдан най, А.Умрзоқовдан қўшнай чалишни, Ота Жалол ва Домла Ҳалим Ибодовдан Бухоро шашмақоми, М.Харратовдан Хоразм мақомларидан сабоқ олади. У институтда ўқиб юрган пайтида машҳур санъаткор Али Ардобус томонидан ташкил этилган «Кўк кўйлак»лилар тўгарагида найчи бўлиб ишлади. 1934 йили М.Қориёқубов ташаббуси билан Москва давлат консерваторияси қошида очилган Ўзбек опера студиясида хор дирижёрлиги ихтисослигини ўзлаштириш учун ўқишга киради. 1939 йили бир гуруҳ санъаткорлар билан биргаликда Катта Фарғона канали қурилишида ишчиларга берилган концертларда хизмат қилди. Москвадаги ўқишини 1941 йилда битириб, Тошкентга қайтади ва Навоий номидаги опера ва балет театрида хормейстер вазифасида ишлайди. 1943 йили Шимолий-ғарбий фронтда ўрта осиёлик аскарлар орасида маданий-маърифий ишларни олиб бориш учун инструктор этиб тайинланади. «Фарход ГЭС» қурилиши бошқармаси қарамоғидаги мусиқали театрда М.Насимов 1944-1946 йилларда бадиий раҳбар ва бош дирижёр лавозимида ишлайди.

М.Насимов дирижёрлик малакасини янада ошириш мақсадида 1946 йили имтиҳонларни топшириб, Ленинград давлат консерваторияси опера-симфоник факультетига ўқишга киради ва профессор Мусиндан таълим олади. Дирижёр-симфонист дипломи билан 1951 йили Тошкентга қайтгач, у Ўзбек давлат филармониясига бадиий раҳбар ва симфоник оркестри дирижёри лавозимларига тайинланади. Мазкур даргоҳда 11 йил ишлаб, 1963 йили Тошкент давлат консерваториясининг ўзбек халқ чолғулари факультетида дирижёрлик мутахассислигидан дарс бериш учун таклиф қилинади. Консерваторияда у ўқитувчиликдан профессорликкача йўлни босиб ўтди.

М.Насимов ижрочилик, маъмурий ва ташкилий ишлар билан банд бўлишига қарамай, мусиқа яратишга вақт топди ва яккахон вокал ансамбллар ва хор учун турли мавзуларда қўшиқ, ашула, хор сюиталари ва кантаталар ёзди. У Ватанни, меҳнат аҳлини, муҳаббатни, умуман инсоннинг нозик ҳис-туйғуларини садоларда ифодалашга ижодини бағишлади.

М.Насимовнинг 100 дан ортиқ турли мавзуларда ёзган қўшиқлари орасида «Тинчлик боғи» (Т.Тўла сўзи), «Қор босган тоғлар» (Ғ.Ғулом сўзи), «Барно қиз қўшиғи», «Аскар йигит қўшиғи» (Сайёр сўзи), «Ҳисларимни сочмоқдаман», «Соябон бўлайин» (Миртемир, Сайёр сўзлари), «Юр, ўртоқ», «Байрам вальси» (К.Отабоев сўзи), «Бугун байрам» (Р.Толиб сўзи) каби қўшиқлар хонандалар ижросида машҳур бўлган. Айниқса, унинг радио қошидаги хор ва Ўзбек давлат филармонияси қошидаги академик хор жамоалари учун жўрли ва жўрсиз хор асарлари: «Жон Ўзбекистон», «Наврўзим» (Ҳ.Шарипов сўзлари), «Байрам вальси» (К.Отабоев сўзи), «Дўстлик қўшиғи» (Х.Сяитов сўзи), симфоник оркестр жўрлигида «Марҳабо» (М.Қориев сўзи), «Пахтакорлар» (П.Мўмин сўзи), ўзбек халқ чолғулари оркестри жўрлигида «Тошкент, гўзал диёримсан» (Р.Толиб сўзи), «Самарқанд обрў муродим» (Қамбар Ота сўзи), «Ҳушёр ёр» (Я.Қурбон сўзи), «Гул очилар» (Р.Толиб сўзи), «Менинг говушим» (Ойбек сўзи). Москвада Ойбекнинг юбилей кечасида биринчи бор ижро этилган «Менинг ёрим вафоли» (Ҳ.Шарипов сўзи), «Бир дилдор бор экан» (С.Муҳаммадий сўзи), «Амир Темур», «Турон юрт посбонимиз», «Қолар», «Ҳар ошиққа беш кун даврон», «Талабалару талабалар» (Қамбар Ота сўзлари) диққатга сазовордир.

М.Насимовнинг ажойиб, дилрабо, жўшқин, кўп қисмли асарлари «Деҳқонга таъзим», «Дилбарим», «Ўзбекистон диёрим» (Ҳ.Шарипов сўзлари), «Ўзбекча тўй сюитаси» (халқ сўзи), яккахон, хор ва оркестр учун басталаган сюита ва «Тинчликка тинчлик» (Ҳ.Ғулом сўзи) кантатаси жуда машҳурдир. Композитор болалар учун «Аҳмад боғбон», «Булбулчам», «Дўстлик чаманзори», «Ёш физкультурачилар марши», «Ёш саёҳатчилар қўшиғи» каби қўшиқлар яратган. Шунингдек, дутор ва фортепиано учун «Уфори санам»; чанг ва фортепиано учун иккита пьеса; най ва фортепиано учун «Элегия», чанг ва фортепиано учун «Байрам вальси», най ва ўзбек халқ чолғу оркестри учун «Элегия», «Лирик рақс», хор учун қайта ишлаган қорақалпоқ халқ қўшиқ ва лапар, иккита рубоб ва фортепиано учун «Баллада», хор ва симфоник оркестр учун поэма ва баллада (М.Шайхзода сўзи), хор ва симфоник оркестр учун «Шарқ» қасидаси (Ойбек сўзи) ва бошқа асарлар яратди.

                            ХУШНУД НАЗАРОВ

(1969)

Композитор Хушнуд Назаров Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси аъзолари сафига 1991 йилда қабул қилинган. У мусиқанинг турли жанр ва шаклларида ижод қилиб, замонавий ўзбек профессионал мусиқа санъатининг ривожланиш жараёнига ҳисса қўшиб келмоқда.

Хушнуд Эркин ўғли Назаров Тошкентда 1969 йилнинг 18 июлида таваллуд топди. Болалигидан мусиқага қизиқди ва 8 ёшида М.Улуғбек тумани маданият уйидаги мусиқа мактабининг фортепиано синфида ўқиди, композиторлик бўйича А.Мансуровдан сабоқ олди. Мусиқа мактабини 1984 йили битириб, ўша йили Ҳамза номидаги Тошкент давлат мусиқа билим юртининг мусиқа назарияси бўлимига ўқишга кирди. Бу ўқув даргоҳида у композитор Н.Зокировдан сабоқ олди ва 1988 йили ўқишни муваффақиятли битирди. Ўша йили М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик ва чолғулаштириш факультетига кирди ва профессор, композитор Сайфи Жалил синфида таҳсил кўрди. 1993 йили консерваторияни биринчи симфония билан битирди. 1994-1996 йиллари доцент М.Тожиев синфида ассистентура-стажировкани муваффақиятли ўтди ва бир муддат ўқитувчи лавозимида ишлади. 1997 йилдан консерваториянинг «эстрада-ижрочилик» кафедрасида катта ўқитувчи, 2008-2013 йилларда кафедра декани, 2012 йилдан доцент лавозимида ишламоқда.

Композитор Х.Назаров фортепиано ва бошқа чолғулар учун мусиқа басталади, мусиқа ўқув юртида ижод сирларини ўзлаштириб борди. Талабалик даврида басталаган асарлари орасида торли квартет (1991 й.), «Фараон» номли симфоник поэма асарлари мусиқа жамоатчилигида яхши таассурот қолдирди. Унинг қаламидан қуйидаги мусиқий асарлар бунёдга келди: юқорида зикр қилинган иккита симфония (1993 ва 1996 йй.); Сопрано — саксофон ва торли оркестр учун «Серенада» (1998); 1995 й. фортепиано учун «Бешта прелюдия» альбоми ва «Токката», «Юмореска»; 2001 й. Жаз Биг-Бэнд учун «Тошкентдаги таътил»; 1999 й. улуғ шоир А.Навоийнинг ғазалига «Базм аро...» романси;. «Илк севги» (М.Юсуф сўзи, 1998), «Ўктам диёрим» (З.Обидов сўзи, 1999), “Келмайди”, “Элим” қўшиқлари, болалар учун “Ғунча боғча болалари”, «Ажойиб туш» (Ф.Абдураҳмонова сўзи), «Укажон» (И.Жиянов сўзи), «Ўлкам тонги», «Аёл кўнгли» (Б.Бобомурод сўзи), қўшиқлари ва б. Х.Назаров таниқли хонанда Севара Назархон ижросидаги “Улуғимсан Ватаним” қўшиғини, “Қоши қаро” ўзбек халқ қўшиғини ва бошқа бир қатор асарларни мусиқий сайқаллаштириб уларнинг бадиий моҳиятини бойишига хизмат қилди.

Х.Назаров киномусиқа жанрида ҳам ижод қилиб, “Қаердасан оймомо” (реж.Т.Исроилов-2007) ва “Асал, йигитда гап битта бўлади” (реж.Т.Мақсудов-2008) фильмларига мусиқа басталади.

                           ФАТТОҲ НАЗАРОВ

(1919-1982)

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларида хизмат кўрсатган артист, дирижёр, композитор, профессор Фаттоҳ Назаров ижодкорлик, дирижёрлик, ўқитувчилик ва жамоатчилик фаолияти билан XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди. Унинг ёшлар учун турли жанрларда яратган куй ва қўшиқлари болалар боғчаларида, ўрта таълим ва мусиқа мактабларида кенг қўлланиб келинмоқда.

Фаттоҳ Назаров Абдуваҳоб ўғли Бишкек шаҳрида 1919 йилнинг 1 январида туғилди. Фаттоҳнинг мусиқага ҳаваси жуда эрта уйғонди. Умумтаълим мактабини битирган йили шаҳар мусиқа студияси очилади ва Фаттоҳ у ерда кларнет чалишни ўрганади. 1935 йил Ипполитов-Иванов номидаги Москва мусиқа билим юртида ўқишга киради, кларнет ва виолончель мутахассисликлари бўйича ўқиди. 1939 йили Ф.Назаров ҳарбий хизматга чақирилиб, ҳарбий қисмнинг дамли оркестрида кларнетчи бўлиб хизмат қила бошлади. 1941-1944 йилларда Иккинчи жаҳон урушида хизмат қилди. Москва консерваторияси қошидаги ҳарбий дирижёрлик факультетида ўқиди ва 1945 йилнинг июнь ойида она шаҳрига қайтди.

Бишкекда драма театри мусиқа раҳбари ва Қирғизистон давлат филармониясининг халқ чолғулари оркестри дирижёри лавозимларига тайинланди. 1947 йили Ф.Назаров Тошкент давлат консерваториясининг опера-симфоник дирижёрлиги мутахассислиги бўйича қабул қилинади. 1949-1950 ўқув йилидан бошлаб Ф.Назаров Г.Мушель синфида композициядан дарс ола бошлади. 1951 йили консерваторияни дирижёрлик синфи бўйича битириб, Ўзбекистон радиоси ҳузуридаги симфоник оркестр дирижёри лавозимига тайинланди, икки йилдан сўнг ўзбек филармониясининг симфоник оркестрига ишга ўтказилади. 1955 йили ёзган 4 қисмли симфониясига ўзи дирижёрлик қилиб, Ф.Назаров иккинчи диплом олишга муваффақ бўлди. Ёш мутахассис 1952-1958 йилларда Муқимий номидаги мусиқали театр дирижёри бўлиб ишлади.

Ўқиши ва меҳнат фаолияти билан бирга 1950-1982 йилларда консерваториянинг ўзбек халқ чолғулари факультетида ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент ва профессор лавозимида ишлади. 1946 йилда Қозоғистон, 1947 йилда Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасига аъзоликка қабул қилинди.

Композиторнинг 1964 йили Москва консерваторияси қошидаги махсус мусиқа мактабининг 7-синфида ўқиётган қизи Гулнора Назаровага атаб фортепиано ва симфоник оркестр учун ёзган концерти қизининг илк ижросида машҳур бўлиб кетди. 1973 йили концерт партитураси Москва нашриётида чоп этилиши билан кўп мусиқа мактабларининг ўқувчилари томонидан ижро этила бошланди. Ф.Назаровнинг 1948 йилда скрипка ва фортепиано учун басталаган «Қўшиқ ва рақс» куйи (ғижжак ва фортепиано учун вариациялари ҳам бор) мусиқа мактаблари, билим юртлари ва консерватория талабаларининг ўқув дастурларида доим ижро этилмоқда. Булар қаторида 1960-1970-йилларда ёзилган скрипка ва фортепиано учун поэма, Ҳамзанинг «Сайёра» ашуласи асосида басталаган пьесаси, фортепиано учун «Ноктюрн», «Марш», «Фуга», «Рақс», «Вальс» каби пьесалари, скрипка ва фортепиано учун «Концертино», ғижжак ва фортепиано учун «Вальс», «Рубоб ва фортепиано учун скерцо», дутор ва фортепиано учун «Концерт пьесаси» , фортепиано учун 10 та пьеса, виолончель ва фортепиано учун «Концертино», рубоб учун «Амударё» вальс-концерти, болалар симфоник оркестри учун 4 қисмли сюита кабилар ёш ижрочилар концерт дастурларида сақланиб келмоқда.

Ф.Назаров «Равшан» (Ж.Оймирзаев ва Т.Оллоназаров пьесаси, 1956 йил) мусиқали драмаси, «Кўйчелек козли яр» (А.Саиджонов пьесаси, 1959 йил) мусиқали комедияси, «Алданган қиз» (Р.Орифжонов пьесаси, 1967 йил), «Дард тортса» (Х.Умаров пьесаси, 1967 йил), «Мулла Тўйчи» (Ж.Асомиддинов пьесаси, 1973 йил), «Афсонавий шахс» (С.Жамол пьесаси, 1978 йил) мусиқали драмаларини ёзган, «Ҳарфлар жанги» (Т.Илҳомов пьесаси, 1974 йил) ва Ҳамид Олимжоннинг «Ойгул ва Бахтиёр» номли радиопостановкалари, Ёш томошабинлар театри спектакллари учун мусиқа басталаган.

Композитор симфоник оркестр учун «Ўзбекча сюита», «Қирғизча сюита», «Симфония», «Иккинчи ўзбекча сюита», Ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Ёшлар сюитаси», «Болалар сюитаси», «Насруллоий Уфор поэмаси», «Қорақалпоқча рапсодия», «Қорақалпоқча сюита», «Шодиёна увертюраси», уч қисмли «Сюита», «Байрам марши», «Чорвоқ тароналари сюитаси», дамли оркестр учун «Ўзбекистон» марши, «Байрам марши», кларнет ва эстрада оркестри учун 3 қисмли сюита яратди. Бу асарлардан ташқари унинг яккахон, хор ва симфоник оркестр иштирокида ижро этиладиган «Ўзбекистон хотин-қизлари» кантатаси, Ў.Рашид сўзига ёзилган 5 қисмли «Ватан бизнинг онамиз» болалар хори ва симфоник оркестр учун сюита, торли квартет каби асарлар турли ижро жамоалар репертуарини бойитди.

Ф.Назаров ижодий фаолиятида 150 дан ортиқ турли мавзуларда қўшиқлар яратди. Айниқса, болалар учун ёзилган қўшиқлари устувор туради: «Ўзбекистон» (М.Қориев сўзи), «Ватан меҳри» (Шоназар сўзи), «Теримчи қиз» (Ҳабибий сўзи), «Менинг қалбим» (Ҳ.Расул сўзи), «Қайдасан» (Х.Муҳаммаджонов сўзи), «Қирғизистон» ва «Кел, бу оқшом» (Миртемир сўзи), «Дўстлик қўшиғи» (Д.Полинин сўзи), «Чилонзор» (Оймирзаев сўзи), «Дурдона» (А.Тоқомбоев сўзи), «Ой, муҳаббат» (К.Акаев сўзи), «Дўстлик қўшиғи» ва «Қалдирғоч» (Б.Исмоилов сўзлари), «Тўй таронаси» (Ҳайдар сўзи), «Ёр-ёр» (А.Бўриев сўзи), «Лирик қўшиқ» ва «Баҳодир жангчилар» (Камтар сўзлари), Болалар қўшиқларидан «Кичик пахтакор» (Шоназар сўзи), «Сайра, булбул» ва «Арча» (Муҳаммадий сўзлари), «Қумрихон» (Бобоев сўзи), «Онагинамнинг алласи» (Р.Бобожон сўзи), «Мактабим», «Ёз» ва «Шодлик» (И.Муслим сўзлари), «Оҳангарон» (Я.Қурбон сўзи), «Доно бобо», «Қиш чоғлари», «Ойижон» ва «Олтин кўл» (П.Мўмин сўзлари), «Бўз тўрғай» (Б.Исмоилов сўзи), «Ўйинчи лайлак», «Кичкинтойлар қўшиғи» (И.Муслим сўзи), «Дадажон» (З.Обидов сўзи) ва бошқалар.

Ф.Назаров Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларида хизмат кўрсатган артист фахрий унвонлари билан тақдирланган. Унинг номи Тошкент шаҳри 23- болалар мусиқа мактабига берилган.