НАЖИМАДДИН МУҲАМЕДДИНОВ
(1937)
Қорақалпоғистон Республикаси мадҳияси мусиқасининг муаллифи, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Давлат мукофотлари совриндори, педагог ва жамоат арбоби, композитор Нажимаддин Муҳамеддинов 1970-йилларда ўз овози билан мусиқа ижодкорлигига кириб келди ва тез орада ёрқин асарлари билан танила бошлади. Ўзининг опера, балет, симфоник, вокал-симфоник асарлари, қўшиқлари билан замонавий профессионал мусиқа санъати ривожланишига муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Нажимаддин Мухамеддинов Тахтакўпир тумани Қораузак шаҳарчасида 1937 йилнинг 26 августида туғилди. Нажимаддин 1956 йили Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртига ўқишга киради. Бу ерда ғижжак синфида бир ўқув йили сабоқ олади, сўнгра машҳур педагог Тител раҳбарлигида скрипка чалишни ўрганади. 1961 йили ўқишни битириб, Нукус мусиқа билим юртида скрипкадан ўқитувчилик қилади. Бу даврда у қўшиқ, куйлар басталай бошлади ва 1964 йили Алмата давлат консерваториясининг композиторлик факультетига кириб, профессор Е.Рахмадиев синфида композициядан сабоқ олди ва 1971 йили ўқишни битирди.
Нукусга қайтгач, ёш мутахассиснинг машаққатли мустақил ижодий фаолияти бошланади. 1971-1977 йилларда у Бердах номидаги филармониянинг бадиий раҳбари, 1977-1988 йилларда Қорақалпоғистон Бастакорлар уюшмаси ҳайъат раиси, 1988-1999 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Маданият ишлари вазири лавозимларида ишлади. Н.Муҳамеддинов 1999 -2009 йилларда Нукус санъат билим юрти директори, 2009 йилдан Қорақалпоғистон Бастакорлар уюшмаси раиси, 2017 йилдан Қорақалпоғистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси вазифасида ишламоқда.
Н.Муҳамеддинов ижодий фаолиятининг доираси кенг ва кўп қиррали. Она юртига меҳр қўйган ва унга бутун ижодини бағишлаган композитор халқ турмуши, тарихи, мусиқа меросини ўрганиб, турли шакл ва жанрларда ифодалашга интилди. Филармонияда ишлаган йиллари у профессионал миллий рақс ансамбли тузиб, унга кўп куйлар ёзади. Симфоник оркестр ва хор тузиб, улар учун симфоник ва вокал-симфоник асарлар басталади. Қорақалпоқ халқининг асрлар давомида чеккан жафоларини акс эттирувчи «Хонавайрон бўлган халқ» симфоник поэмаси, биринчи қорақалпоқча симфония, 2-симфония, «Қорақалпоғистон» кантатаси (Е.Раҳмонов сўзи), камер чолғу куйлардан фортепиано учун пьесалар, сонатина, вальс, соната, вариациялар; скрипка ва фортепиано учун «Қўшиқ ва рақс»; камер симфоник оркестр учун «Рўмол», «Ангалак» хореографик сюиталари, «Рақс» сюитаси; овоз ва торли квартет учун «Наресте» (И.Юсупов сўзи) балладаси. У яратган кўплаб қўшиқлар орасида «Саҳралар» (А.Қурбонбоев сўзи), «Қиз қиялан биласез» (Б.Сенкиязов), «Гошшан ўлкам» (Г.Сейтназаров сўзи), «Жаслик» ва «Аму олтын жагыс» (Утамбетов сўзлари) «Бир дастаным, болениг» ва «Мустақиллик гуллари» (И.Юсупов сўзлари), «Ярим бар» (Ажинияз сўзи), «Бир аўызсуйемен» ва «Нокисим гоззал орайўм» (С.Даулеталиев сўзлари).
Н.Муҳамеддинов ижодий тажрибаси ва маҳорати ижодкорликнинг энг мураккаб жанри ҳисобланмиш опера ёзишга журъат қилади. XIX асрда яшаб ижод этган қорақалпоқ мумтоз шоири Ажиниязнинг ҳаётига бағишланган шоир, драматург У.Юсупов либреттоси асосида 1987 йили «Ажинияз» операсини ёзади. Қорақалпоқ мусиқа маданияти тарихида бу биринчи операни саҳналаштириб, Бердах номидаги мусиқали театр жамоаси томонидан томошабинлар эътиборига ҳавола этдилар. Мазкур операнинг премьераси чинакам катта маданий воқеага айланиб кетди. Н.Муҳамеддинов «Ажинияз» асаридан кейин 1997 йили «Қирқ қиз» операси ва «Айжамал» балети, 1998 йилда «Бахытлы бўлынг болалар» мусиқали драмаси ва «Тоғрыз тонқылдақ ҳэм бир шингилдек» мусиқали комедиясини яратди.