Дш | Сш | Чш | Пш | Ж | Ш | Як |
---|---|---|---|---|---|---|
1
|
2
|
3
|
4
|
5
| ||
6
|
7
|
8
|
9
|
10
|
11
|
12
|
13
|
14
|
15
|
16
|
17
|
18
|
19
|
20
|
21
|
22
|
23
|
24
|
25
|
26
|
27
|
28
|
29
|
30
|
31
|
СОВЕТ ВАРЕЛАС
(1923-1997)
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор, композитор Совет (Сергей) Варелас ижоди билан замонавий мусиқа санъатига ўз ҳиссасини қўшди. У турли ансамбллар, оркестрлар, якка ижрочи ва хор жамоаларига мусиқий асарлар яратиб, уларнинг репертуарини бойитди. С.Варелас болалар учун яратган «Аловуддиннинг сеҳрли шамчироғи» операси Навоий номидаги давлат академик катта опера ва балет театрида узлуксиз намойиш этиб келинмоқда.
Совет Афанасьевич Варелас 1923 йил 17 мартда Таганрог шаҳрида туғилди. 1933 йилда Вареласлар оиласи Тошкентга кўчиб келди.
Болалигидан мусиқага қизиққан С.Варелас 1946 йили Ҳамза номидаги Тошкент давлат мусиқа билим юртига ўқишга кирди. Бу ўқув масканида у гитара чалишни ўрганди ва айни пайтда хор дирижёрлиги бўлимида ҳам таҳсил кўрди. III-курсдан назария бўлимида Б.Ф.Гиенкода композиция бўйича дарс олади. Сўнгра Тошкент давлат консерваторияси композиторлик факультетида профессор Б.Б.Надеждин синфида таҳсил кўрди. Талабалик даврида фортепиано учун пьесалар, прелюдиялар, 2 та сонатина, соната, скерцо, торли квартет, сюита, виолончель учун романслар, қўшиқлар яратди. 1955 йили симфоник оркестр учун «Поэма» диплом иши билан консерваторияни битирди.
1956-1960 йиллар Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртида композициядан дарс берди. 1957-1965 йилларда Ғ.Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир бўлиб ишлади. 1963-1997 йилларда Тошкент давлат консерваториясида муаллимлик қилди, 1960 йилда Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасига қабул қилинди.
Композитор 1956 йилда «Зоя» (Алигер сўзи) номли кантатаси билан мусиқа жамоатчилигига танилди. Унинг фортепиано учун юздан ортиқ пьеса, сонатина, соната, поэма, прелюдия, скерцо, вальс каби куйлари мусиқа ўқув юртларининг дастурларидан жой олган, уч юзга яқин қўшиқ ва романслар яратди.
С.Варелас симфоник, дамли ва ўзбек халқ чолғулари оркестрлари учун ҳам мусиқа басталади. Шу жумладан, «Ёшлик поэмаси», 2 та симфония, симфониетта, 7 та симфоник манзара, сюита, маршлар, оркестр жўрлигидаги жанговар ва лирик қўшиқлар, ўзбек халқ чолғулари оркестри учун 50 га яқин халқ куйлари асосида увертюра, симфониетта, чанг учун концерт, сюиталар, шулар қаторида ўнбешта қорақалпоқ халқ куйларини қайта ишлаб, турли пьесалар, камер чолғу ансамбллари учун 2 та дуэт, 3 та трио, 3 та квартет, Тошкент рус драма театри спектакллари учун «Такая любовь» (1959), «Миллион за улыбку» (1960), «Остров Афродиты» (1961) ва 2 та телеспектаклга мусиқа басталаган. Унинг асарлари Москва, Ленинград, Свердловск, Минск, Бишкек, Душанбе, Ашхобод, Новосибирск шаҳарларида ижро этилган. С.Варелас 1989 йил «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони, медаллар билан тақдирланган.
БОРИС БРОВЦИН
(1903-1987)
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, дирижёр ва композитор Борис Бровцин — республикамизда узоқ йиллар давомида ишлаган рус санъаткорларидан бири. У ўзбек бастакорлари билан ҳамкорликда, мустақил равишда басталаган мусиқаси ва дирижёрлик фаолияти билан Ўзбекистон мусиқа санъатининг ривожланиш жараёнига самарали ҳисса қўшди.
Борис Васильевич Бровцин Петербург шаҳрида 1903 йил 20 сентябрда туғилди. Болалигидан мусиқага қизиқди, скрипка ва фортепиано чалишни ўрганди, мактабда ҳаваскорлар оркестрига қатнашди. 1925 йилдан у Ленинград давлат консерваторияси профессори Крюгер синфида скрипкадан, профессор Чернов синфида композициядан ва профессор Купер синфида дирижёрликдан таълим олди. 1932 йили консерваторияни битиргач, Союзкинонинг Ленинград бўлими симфоник оркестри дирижёри, 1934 йил Ленинград опера ва балет театри симфоник оркестри скрипкачиси, сўнгра Брянск мусиқа билим юртида ўқитувчи ва филармония торли квартетида биринчи скрипкачи бўлиб ишлади. 1938 йилда Ленинградга қайтиб мусиқа мактабида ўқитувчи ва директор ўринбосари вазифасида ишлади. 1939 йили Б.Бровцин Ўзбекистон радиоси қошида ташкил топаётган симфоник оркестрга бош дирижёр ва бадиий раҳбарликка таклиф этилади. Шундан бошлаб, унинг ҳаёти ва ижодий фаолияти умрининг охирига қадар республикамиз билан боғлиқ бўлди. У яратган чолғу мусиқалар орасида энг саралари “Симфоник сюита” (Ю.Ражабий ёзиб олган Фарғона халқ куйлари асосида, 1941 й.), «Нурхон» ва «Қурбон Умаров» увертюралари (Т.Жалилов куйлари асосида, 1944, 1945 й.), симфоник оркестр учун «Ўзбекча каприччио», 2 та «Қорақалпоқча сюита» (1946-1955), 2 та «Уйғурча сюита», «Ўзбекча шодлик тароналари» поэмаси, скрипка ва симфоник оркестр учун 2 та концерт (1955-1985) ва «Фантазия» («Тоҳир ва Зуҳра» опера куйлари асосида): симфония; «Байрам увертюраси», 2 та ўзбек куйи асосида увертюра; «Рихард Зорге» номли симфоник поэма; торли оркестрга «Лирик поэма».
Б.Бровцин бастакор Т.Жалилов билан ҳамкорликда «Ғунчалар» (1949 й.) мусиқали драмасини ва «Тоҳир ва Зуҳра» операсини (1950й.) яратади. Муқимий номидаги мусиқали театрда «Меҳмонхона бекаси» мусиқали драмаси (1964 й.) саҳналаштирилди. «Семурғ» (Ҳ.Олимжон поэмаси асосида Е.Барановский либреттоси) балети Опера ва балет театрида саҳна юзини кўрган ва узоқ йиллар давомида театр гастролларида Москва, Ленинград, Свердловск ва Қоҳира шаҳарларида намойиш қилинган, 1969 йил Самарқанд опера ва балет театрида «Сестрица Алёнушка и братец Иванушка» (рус эртаги асосида О.Узоқов либреттоси) балети саҳналаштирилган. Т.Содиқов билан ҳамкорликда 1950 йили «Ўзбекистон рақслари» кинофильмини; 1951 йили Рус болалар театрида саҳнага қўйилган «Правда об его отце» драмасига; 1963 йили Навоий номидаги опера ва балет театрида Б.Қориева ва В.Васильевлар учун хореографик этюд «Чоргоҳ» симфоник оркестр жўрлигида. 1972 йилда «Балет саҳналари», 1970 йилда «Мишка на прогулке» кинофильмига; 1959 йили ўзбек халқ чолғулари оркестри учун туркман, тожик, қирғиз халқ куйлари асосида сюита; 1960 йил хитой, мўғул, корейс халқ куйлари асосида сюита; 1953 йилда чанг ва ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Концерт» ва бошқалар.
Республикамиз мусиқа санъатининг ривожланишига қўшган ҳиссаси учун у 1973 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвонига сазовор бўлди.
СОБИР БОБОЕВ
(1920-2004)
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, атоқли композитор Собир Бобоев ижодий ва жамоатчилик фаолияти билан республикамиз замонавий мусиқа маданиятига катта ҳисса қўшган. С.Бобоевнинг опера, мусиқали драма ва комедиялари, симфоник, вокал-симфоник ва хор асарлари, ўзбек халқ чолғулари оркестри учун асарлари, қўшиқ ва романслари маънавий мулкимизга айланди.
Собир Бобоев 1920 йил 30 декабрда Тошкентда туғилди. 1931 йили отаси вафотидан сўнг Собир болалар уйида тарбияланади. У ерда ҳаваскорлик тўгарагига қатнаб, дутор ва танбурда чалишни ўзлаштиради. Тошкент индустриал техникумида, кейин педагогика институтининг тайёрлов курсида таҳсил олади.
1943 йилда С.Бобоев Тошкент консерваторияси профессори, мусиқашунос Е.Е.Романовская маслаҳати билан консерваторияда очилган композиторлик тайёрлов бўлимига ўқишга киради. Асосий босқичда профессор Б.Б.Надеждин синфида таълим олиб, 1949 йилда Т.Тўла либреттоси асосида «Зумрад» номли бир пардали операси билан консерваторияни муваффақиятли битиради.
Талабалик йиллари С.Бобоев Ўзбекистон радиосининг хорида хонанда, бош хормейстер ёрдамчиси, 1947-1949 йилларда Ўзбекистон филармониясининг ашула ва рақс ансамблида бадиий раҳбар бўлиб ишлади. Бу даврда ёзган мусиқа асарларининг бадиийлиги ва профессионаллигини ҳисобга олиб С.Бобоев 1946 йили Ўзбекистон бастакорлар уюшмасига аъзоликка қабул қилинди. 1948 йили эса уюшманинг биринчи қурултойида у ҳайъат раиси лавозимига сайланди ва 1955 йилга қадар фаолият кўрсатди. Шу билан бирга у 1951-1952 йилларда Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртида ва консерваторияда мусиқий назарий фанлардан дарс берди. 1958-1959 йилларда Ўзбекистон хор жамияти ҳайъат раиси, 1960-1965 йилларда Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси раиси, 1966-1969 йилларда Самарқанд опера ва балет театри дирижёри ва бадиий раҳбари, 1972-1976 йилларда М.Қориёқубов номидаги ўзбек давлат филармонияси бадиий раҳбари; 1969-1978 йилларда консерватория муаллими, 1982-1985 йилларда Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси раиси вазифаларида ишлади.
Композитор фортепиано учун пьеса, сонатина, рақс; кларнет ва фортепиано учун «Рапсодия», симфоник оркестр учун иккита сюита, хор жамоаси учун: Муқимий сўзига «Навбаҳор», Т.Тўла сўзига «Алла», «Халқимга» (Т.Фаттоҳ сўзи), «Ўзбекистон» (Р.Бобожон сўзи), хор қўшиқлар: «Булбул сайраганда» (Т.Тўла сўзи), «Ватан» (Н.Тошпўлат сўзи), «Сендадур» (Шуҳрат сўзи), «Гул сочар» ва «Оразинг» (Навоий сўзлари) асарлари, «Ишонмайман» (М.Бобоев сўзи), «Эй сабо» (Навоий сўзи), «Бу ҳол» (Уйғун сўзи), «Дўстимга» (Ҳ.Олимжон сўзи), «Гўзал водий» (Т.Тўла сўзи), «Сенинг қўшиғинг» (Ҳ.Ғулом сўзи) каби қўшиқ ва романслар; Р.Бобожонов сўзига бешта, Т.Мирзо сўзига болалар учун учта қўшиқ басталади.
Ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Поэма», «Байрам увертюра»си (1950 й.) ўзининг шодиёна оҳангдор кўтаринки руҳи, миллийлиги, шаклининг ихчам, мукаммал профессионаллиги, оркестрнинг ранг-баранг жаранглаши билан ажралиб туради. Бу асар композиторни элга танитди. «Байрам увертюра»си, чанг ва ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Концертино» (1952 й) ҳам созанда ва тингловчиларнинг севимли асарларидан биридир. Бундай ижодий ютуқ композиторни ўз касб-ҳунари устида янада жиддий ишлашга, йирик ва мураккаб мусиқа асарлари яратишга илҳомлантирди. Тез орада унинг қалами остидан қуйидаги симфоник ва вокал-симфоник асарлар бунёдга келди: симфоник оркестр учун иккита сюита (1952, 1953 й.), мумтоз халқ куйи «Сегоҳ» асосида симфоник поэма (1956 й.), Т.Тўла сўзларига «Оқ олтин» вокал-хореографик сюита ва «Байрам куни» (1955 й.) вокал-симфоник поэма, айниқса, пахтакор деҳқонлар ҳаётига бағишланган 4 қисмли «Ҳосил байрами» (Р.Бобожон сўзи, 1955 й.) кантатаси ўзининг миллий оҳангдорлиги, ранг-баранг хор қўшиқлар билан мироббошининг лирик ашуласи, якунловчи тантанавор руҳда оммавий хор садолари билан ажралиб туради. Биринчи ижросидаёқ ижодий ютуғи ва асарнинг бадиий таъсирчанлиги эътироф этилди.
С.Бобоевнинг бутун ижодий фаолиятида саҳна асарларига мусиқа басталаш асосий ўринда туради. У биринчи мусиқали комедия «Далада байрам» ва мусиқали драма «Менинг соҳилларим» (Ш.Саъдулла ва З.Фатхулинлар пьесаси, 1954 ва 1957 й.) Д.Зокиров билан ҳамкорликда яратган бўлса, мустақил равишда 1957 йил «Катта муҳаббат» (Б.Раҳмонов пьесаси) мусиқали драмани яратди. 1958 йил Муқимий номидаги мусиқали театрда саҳналаштирилган «Ватан ишқи» (Ш.Саъдулла ва З.Фатхулинлар пьесаси) мусиқали драма композиторнинг катта ижодий ютуғи десак муболаға бўлмайди. Келгуси йилларда С.Бобоев «Икки билагузук» (Ш.Саъдулла пьесаси, 1962 й.) мусиқали комедия, «Майна Ҳасанова» (А.Раҳмат пьесаси, 1972 й.), «Олтин камар» (Тўлқин пьесаси, 1978 й.), «Муҳаббат қўшиғи» (Т.Тлегенов пьесаси, 1980 й.) мусиқали драмалар, «Темир қафас» (Х.Расулов пьесаси, 1982 й.) мусиқали комедия ва «Шаҳрисабз маликаси» (Л.Гладких пьесаси) мусиқали комедиясини (1986 й.) яратди.
С.Бобоев К.Яшин билан ҳамкорликда «Ҳамза» операсини яратди. Атоқли шоир, драматург, бастакор, жамоат арбоби Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг сиймосига бағишланган «Ҳамза» операси 1961 йил 27 май куни саҳна юзини кўрди ва томошабинлар томонидан қизғин кутиб олинди. «Ватан ишқи» мусиқали драмаси асосида 1973 йили (иккинчи таҳрир 1985 й.) «Фидойилар» (Ш.Саъдулла ва З.Фатхулин либреттоси) ва болалар учун 1969 йили ўзбек халқ эртаги асосида «Ёрилтош» (Ш.Саъдулла либреттоси) операларини яратди.
С.Бобоев ижодий фаолиятида доимий равишда қўшиқ, романс, жўрли ва жўрсиз хор қўшиқлар басталадики, уларнинг ҳар бирини санаб ўтиш мушкул. Айниқса, у романс жанрига катта аҳамият бериб, ўзига хос услубни топа олди, композитор ҳар бир шеърнинг мазмунидан келиб чиқиб, декламацион оҳангларга эътибор берди. Бундай ҳол, айниқса, «Ёр кетди» (Ойбек шеъри), «Қалб» (С.Зуннунова шеъри), «Мерос» (А.Саъдулла шеъри), А.Мухторнинг 4 та шеърига, Ҳ.Худойбердиеванинг шеърларига басталаган романсларида яққол сезилади. Булардан ташқари 90-йилларда Навоийнинг 3 та, Машрабнинг 11 та, Фурқатнинг 5 та ва Нодиранинг ғазалларига романслар басталади. Жўрсиз хор учун яратган хор қўшиқлари, айниқса, ўзбек халқ ашула ва қўшиқлари асосида қайта ишлаган: «Галдир», «Тановар», «Сегоҳ» каби асарлар диққатга сазовор.
Собир Бобоев ёрқин, кўп қиррали ва серунум ижоди билан Ўзбекистон мусиқа маданиятининг ривожланишига қўшган хизматлари учун 1967 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони, 1998 йили «Эл- юрт ҳурмати» ва бошқа орденлар билан тақдирланган.
ИРИНА БЕРЛИН
(1962)
1990 йилда Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасига кириб келган ёш композиторлар сафида Берлин Ирина Александровна ҳам бор.
Ирина Берлин Тошкент шаҳрида, композитор Александр Абрамович Берлин оиласида 1962 йилнинг 5 сентябрида дунёга келди. У болалигидан мусиқа оламида ўсди. 1970 йили В.А.Успенский номидаги Республика давлат мусиқа-интернат мактабига фортепиано синфига ўқишга кирди. Шу мактабда 7-синфдан бошлаб профессор Б.И.Зейдман синфида композициядан ҳам сабоқ олди. 1980 йили мусиқа мактабини битириб, М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваториясининг фортепиано бўлимига ўқишга кирди, бир йилдан сўнг композиторлик бўлимида ҳам профессор Б.И.Зейдманда ўқишини давом эттирди. 1985 йили фортепиано, 1986 йили композиторлик мутахассисликларидан консерваторияни битирди. Ҳозирда ўзи ўқиган мусиқа мактабида композициядан дарс бериб келмоқда.
Консерваторияда ўқиб юрган йиллари И.Берлин фортепиано учун «Прелюдия», «Юмореска-экспромт», «Сюита», виолончель ва фортепиано учун «Соната», симфоник оркестр учун «Увертюра», романслар: «Вечер после дождя» (М.Лермонтов шеъри), «Осенняя элегия» (А.Блок шеъри), «Зульфие» ва «Поиски ночи» (Ҳ.Олимжон шеъри); «Подруги» телефильмига мусиқа ёзди.
Мустақил ижодий фаолиятида ҳам И.Берлин виолончель ва симфоник оркестр учун Концерт, виолончель ва фортепиано учун уч қисмли соната, фортепиано учун соната, 6 та прелюдия, 4 та пьеса, сюита, камонли чолғу асбоблар квартети учун сюита, скрипка ва фортепиано учун учта пьеса: Анданте, Вальс, Гротеск ва «Менуэт», овоз ва фортепиано учун иккита баллада: «Грустная» (Ну Тезина шеъри) ва «В разлуке» (Тин Моу шеъри); овоз ва фортепиано учун романслар: «Это нужно для нас» (Гилвиче шеъри); «Нет сил уйти» (Джейн Бронте шеъри); «Поторопись венок сплести» (С.Борго шеъри); «Ожиданье» ; «У камина», «Не избегай, я не молю» ва «Осень» (А.Фет шеърлари); «Есть ли толк в добре» ва «Клад на пустыре» телефильмларига; Республика болалар театрида саҳна юзини кўрган «Калиф аист» спектаклига, Республика қўғирчоқ театрида саҳналаштирилган «Необыкновенное состязание» спектаклига мусиқа басталади.
АЛЕКСАНДР БЕРЛИН
(1930-1991)
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, композитор Александр Берлин ижодий, педагогик ва жамоатчилик ишлари билан республикамиз мусиқа санъати ривожига муайян ҳисса қўшди. Унинг опера, балет, мусиқали драма, қўғирчоқ театрига, кинофильмларга, симфоник ва камер оркестрларга ёзган мусиқаси узоқ йиллар давомида янграб келди.
Александр Абрамович Берлин Тошкентда 1930 йил 25 августда туғилди. У 1938 йилдан ўқувчилар саройи қошидаги мусиқа мактабининг фортепиано синфида ўқиди, сўнгра В.А.Успенский номидаги Республика мусиқа мактабида ўқишни давом эттирди. 1949 йилда Берлин Тошкент давлат консерваторияси композиторлик факультетига қабул қилинди. 1949-1954 йили профессор Б.Б.Надеждин синфида композиция, бир йил ўтгач, фортепиано мутахассислиги бўйича ўқишни битирди.
Ёш мутахассис 1954-1960 йилларда Тошкент Академик рус драма театри мусиқа бўлими раҳбари лавозимида ишлади. 1954 йили Ўзбекистон композиторлар уюшмасига аъзо бўлди ва уюшманинг III- ва VII- қурултойларида масъул котиб этиб сайланди. 1964-1971 йилларда Ўзбекистон маданият вазирлигининг театр ва мусиқа муассасалари бош бошқарма бошлиғининг ўринбосари вазифасида ишлади. Шунингдек, 1961 йилдан бошлаб Тошкент консерваторияси композиция кафедрасида ўқитувчи, сўнгра доцент бўлиб ишлади. Навоий номидаги Академик катта опера ва балет театрида 1967 йилда саҳна юзини кўрган «В день свадьбы» В.Розов асари, Г.Миллер либреттоси асосида ёзган опера мусиқали театрлар кўрик-танловида дипломга сазовор бўлиб, 1969 йили театрнинг Москвада ўтказилган гастролларда кўрсатилган. 1970 йилда аввал Самарқанд, кейин Тошкент театрида саҳналаштирилган А.Мўминов либреттоси бўйича «Поэма о воде» балети театрлар кўрик-танловида мукофотга сазовор бўлган, Москва, Горький ва Қозон шаҳарларида намойиш этилган. 1981 йили болалар учун «Василиса Прекрасная» (И.Юсупов либреттоси) балети ҳам саҳна юзини кўрди. 1962 йили Муқимий номидаги мусиқали театрда Лопе де Вега пьесаси асосида яратилган «Овечий источник» мусиқали драмаси ўзбек тилида қўйилган. 1984 йили Тошкент оперетта театрида «Ласточка моей весны» (З.Фатхулин либреттоси) мусиқали комедияси кўрсатилган.
Тошкент рус драма театри учун драма ва комедияларга А.Берлин мусиқа басталаган: «Настоящий человек», «Первый день праздника» (1954 й.), «Дракон и солнце», «Чужой ребёнок», «Тайфун», «День чудесных обманов», «Мать своих детей» (1955 й), «Крепость над Бугом», «Отелло», «Солдатская вдова», «В поисках радости» (1960 й.). Бу асарлардан ташқари композитор Алмати, Душанбе, Минск, Фрунзе, Владивосток, Симферополь, Самарқанд, Қўқон, Гулистон театрлари учун спектаклларга мусиқа басталаган. Тошкент болалар рус театри учун қуйидаги спектаклларга мусиқа ёзган: «Волшебная серна», «Часовой его величества», «Крылья Дюймовочки». Кино ва телефильмлардан «Мойдодыр» (К.Чуковский асари,1960); «Рахим и жук» (А.Қобулов сценарийси) ва бадиий фильм: «Пятеро из Ферганы» (Реж. Й.Аъзамов — 1963й.) кабиларга композитор Ҳамид Раҳимов билан ҳамкорликда мусиқа басталаган.
Симфоник оркестр учун: «Увертюра» (1954 й.); «Поэма», «Скерцо» ва «Молодёжная увертюра» (1961 й.), увертюра «Радостный праздник» (1964 й.), вальс «Юность» (1966 й.), «Аллегро скерцандо» ва хореографик манзара «Боевой восемнадцатый» (1970); «Торжественная увертюра» (1974 й.). Вокал-симфоник асарлардан: «Славься Отчизна», (Г.Санников сўзи, 1955 йил); «Горны трубят сбор» кантаталари (Р.Фарҳоди ва Н.Буканов сўзи); «Баллада о войне», «Миру Быть!» қасидаси; (Н.Буканов сўзи); баллада «Памяти солдата» (С.Орлов сўзи) ва «Вечно живой» (Х.Бурулова сўзи) каби ўнлаб қўшиқлар ёзди.
Композитор чолғу ва вокал камер жанрларида қуйидаги асарларни яратди: учта торли квартет (1951,1973, 1982й.); фортепиано учун «Соната», «Сонатина» ва элликдан ортиқ пьесалар; тромбон ва фортепиано учун «Соната»; скрипка, виолончель, флейта ва труба учун тўртта пьеса; романслар.
«Ҳосил байрами» увертюраси, баян ва оркестр учун концертино, ғижжак ва оркестр учун концерт: «Шодиёна» увертюраси, қорақалпоқ халқ куйи асосида «Юмореска», туркман халқ куйи асосида «Скерцо», фортепиано, скрипка ва фортепиано, виолончель ва фортепиано учун пьесалар, «Сюита для детского струнного оркестра» ва «Казахские напевы» пьесаси, 200 га яқин қўшиқлар яратди.
А.Берлин 1986 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони билан тақдирланган.