МУХТОР АШРАФИЙ
(1912-1975)
Халқ артисти, Ўзбекистон халқ артисти, Носир ва Неру халқаро мукофотлари, республика Давлат мукофоти совриндори, композитор, дирижёр, муаллим, йирик жамоат арбоби Мухтор Ашрафий кўп қиррали ижодий фаолияти билан XX аср Ўзбекистон мусиқа маданиятига улкан ҳисса қўшган. Унинг опера, мусиқали драма, балет, симфоник, вокал симфоник, камер чолғу, қўшиқ ва романс жанрларида яратган асарлари, замонавий ўзбек мусиқаси тарихида чуқур из қолдирди.
М.Ашрафий 1912 йили 11 июнда Бухоро шаҳрида туғилди. Болалигидан мусиқага қизиқди ва 12 ёшида Абдурауф Фитрат томонидан ташкил этилган Шарқ мусиқа мактабига ўқишга киради. Мақом устозларидан сабоқ олади. 1928 йил Самарқанд шаҳрида очилган Ўзбекистон Мусиқа ва хореография институтига биринчилар қаторида ўқишга киради. Талабалик даврида М.Ашрафий Бухоро халқ қўшиқларини, Т.Содиқов Фарғона водийси қўшиқларини ва Ш.Рамазонов Хоразм халқ қўшиқларини нотага олишади. Институт раҳбари Н.Миронов таҳрири остида 1931 йилда «Песни Ферганы, Бухары и Хивы» номи билан нашрдан чиқади. Шу уч оға-ини ўқиш даврида Н.Миронов раҳбарлигида «Садраш» номли (Содиқов, Рамазонов ва Ашрафий фамилияларининг биринчи бўғинларидан тузилган) симфоник оркестр учун марш яратдилар. Институтни тугатгач, М.Ашрафий 1931-1934 йилларда «Ўзбекистон давлат мусиқали театр»ида бадиий раҳбар ва бош дирижёр вазифасида ишлади. Касб малакаси етарли бўлмаганини сезган М.Ашрафий 1934-1937 йилларда Москва давлат консерваторияси қошида ташкил этилган Ўзбек опера студиясида атоқли композитор, профессор С.Н.Василенкодан сабоқ олади. 1937 йилда Москвада Ўзбекистон адабиёти ва санъати ўн кунлигида М.Ашрафий дирижёр ва мусиқа раҳбари сифатида фаол қатнашди ва ўша йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» фахрий унвони билан тақдирланди.
М.Ашрафий турли раҳбарлик лавозимларида фаол ташкилотчилигини намоён қилди. 1938 йилдан республика давлат опера ва балет театрига бадиий раҳбар ва бош дирижёр, 1943-1947 йилларда эса директор лавозимини ҳам эгаллайди. 1947-1961 йилларда Тошкент давлат консерваторияси ректори ва опера-симфоник дирижёрлиги кафедрасининг мудири, 1964-1966 йилларда янги ташкил топган Самарқанд опера ва балет театри директори, бадиий раҳбари ва бош дирижёри, 1966-1971 йилларда Алишер Навоий номидаги Давлат Академик катта театри бадиий раҳбари ва бош дирижёри, 1971-1975 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг ректори лавозимида ишлади.
Дирижёрлик фаолияти орқали М.Ашрафий узоқ йиллар давомида ўзбек, европа ва рус классик композиторларининг опера, балет ҳамда симфоник асарларини тарғиб қилди. Ўзбекистон мусиқа санъатини чет элларда ўтказилган декада, фестиваллар, қўшиқ байрамлари ва турли танлов концертларида намойиш этди.
М.Ашрафийнинг ижодий мероси серқиррадир. У мусиқанинг ҳар хил жанр ва шаклларида ижод қилиб, кўп асарлар яратди. 1939 йилда С.Н.Василенко билан ҳамкорликда драматург К.Яшин либреттоси асосида «Бўрон» номли биринчи ўзбек операсини яратди. Бу муаллифлар томонидан 1941 йилнинг бошларида «Улуғ канал» номли иккинчи опера ёзилди. 1958 йилда Навоийнинг «Сабъаи сайёр» достони асосида К.Яшин ва М.Муҳамедовларнинг либреттосига «Дилором» операсини М.Ашрафий мустақил равишда басталади. 1962 йили Фурқат сиймосига бағишлаб И.Султон либреттоси асосида «Шоир қалби» номли операсини яратди.
М.Ашрафий қуйидаги балетларнинг мусиқа муаллифи: «Севги тумори» (Г.Миллер либреттоси, 1969 й.), «Темурмалик» (М.Ашрафий либреттоси, 1970 й.), «Матонат» (А.М.Камел либреттоси, 1971 й.). Бу балетнинг премьераси 1972 йил Миср давлатининг пойтахти — Қоҳира шаҳрининг опера ва балет театрида ўтган ва 1973 йили Ж.Носир мукофотига сазовор бўлган; «Муҳаббат ва қилич» (М.Ашрафий ва Г.Геловани либреттоси, 1973й.) Душанбе ва Тошкент шаҳарларида 1973 -1974 йилларда премьераси бўлиб ўтган.
Композитор М.Ашрафий республикамизда симфоник мусиқа санъатининг ривожланиши учун ҳам самарали ҳисса қўшди. Симфоник оркестр учун 1932 йил «Қурилиш» маршини Оврупо классик симфония услубида, 1942 йил «Қаҳрамонлик» симфониясини яратди. Худди шу услубда 1952 йилда тожикча рақс сюитаси ҳам басталанган. М.Ашрафий қуйидаги симфоник асарларнинг муаллифи: 1950 йилларда учта симфоник сюита, 1963 йил шоир С.Айний хотирасига бағишланган «Темурмалик» симфоник поэма-рапсодияси, 1964 йил «Байрам шодиёна»си увертюраси. Йирик жанрдаги вокал-симфоник асарларидан 1951 йилда «Бахт қўшиғи» кантатаси, «Даҳшатли ишлар» вокал-симфоник поэмаси ва 1974 йилда Фирдавсийнинг «Шоҳнома»си асосида «Рустам ҳақида достон» эпик-ораторияси (Л.Шерали сўзи) дунёга келди. 1968 йилда «Субҳидамда» номли симфоник-хореография манзарасини ёзган эди.
М.Ашрафий қуйидаги кинофильмларнинг мусиқа муаллифи: «Момоқалдироқда туғилганлар» (1965), «Кониюта ғорининг сири» (1965), «Дилором» фильм-опера (1968), «Қадим қалъа афсонаси» (1970), «Семурғ» (1972), «Ганг дарёсида тонг» (1972).
Йиллар давомида М.Ашрафий йирик мусиқа асарлар билан турли якка чолғуларга, ансамблларга ҳар хил жанрларда куй, қўшиқ ва романслар ёзди.
XX аср Ўзбекистон мусиқа маданиятининг ривожланишидаги улкан хизматлари учун М.Ашрафий «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» (1937 й.), «Ўзбекистон халқ артисти» (1939 йил) фахрий унвонлари, «Шуҳрат» ордени (1937й), икки маротаба Давлат мукофоти (1943 ва 1952 й.), Ҳамза номидаги республика давлат мукофоти (1970 йил), Ж.Неру номидаги Ҳиндистон давлат мукофоти, (1972 йил) ва 1973 йил Жамол Абдул Носир Миср давлат мукофоти билан тақдирланган.