АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

10 ноябрь: Бафоев Мустафони туғилган куни.


Сегодня день рождения отмечает
Жилкибаев Батир.

Союз композиторов и бастакоров Узбекистана поздравляет с днем рождения!
Желаем Вам творческого подъема, карьерного и духовного роста!


02 ноябрь: Мансуров Авазни туғилган куни.


04 ноябрь: Ҳакимов Рустамни туғилган куни.


АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



                                        МУХТОР АШРАФИЙ

(1912-1975)

Халқ артисти, Ўзбекистон халқ артисти, Носир ва Неру халқаро мукофотлари, республика Давлат мукофоти совриндори, композитор, дирижёр, муаллим, йирик жамоат арбоби Мухтор Ашрафий кўп қиррали ижодий фаолияти билан XX аср Ўзбекистон мусиқа маданиятига улкан ҳисса қўшган. Унинг опера, мусиқали драма, балет, симфоник, вокал симфоник, камер чолғу, қўшиқ ва романс жанрларида яратган асарлари, замонавий ўзбек мусиқаси тарихида чуқур из қолдирди.

М.Ашрафий 1912 йили 11 июнда Бухоро шаҳрида туғилди. Болалигидан мусиқага қизиқди ва 12 ёшида Абдурауф Фитрат томонидан ташкил этилган Шарқ мусиқа мактабига ўқишга киради. Мақом устозларидан сабоқ олади. 1928 йил Самарқанд шаҳрида очилган Ўзбекистон Мусиқа ва хореография институтига биринчилар қаторида ўқишга киради. Талабалик даврида М.Ашрафий Бухоро халқ қўшиқларини, Т.Содиқов Фарғона водийси қўшиқларини ва Ш.Рамазонов Хоразм халқ қўшиқларини нотага олишади. Институт раҳбари Н.Миронов таҳрири остида 1931 йилда «Песни Ферганы, Бухары и Хивы» номи билан нашрдан чиқади. Шу уч оға-ини ўқиш даврида Н.Миронов раҳбарлигида «Садраш» номли (Содиқов, Рамазонов ва Ашрафий фамилияларининг биринчи бўғинларидан тузилган) симфоник оркестр учун марш яратдилар. Институтни тугатгач, М.Ашрафий 1931-1934 йилларда «Ўзбекистон давлат мусиқали театр»ида бадиий раҳбар ва бош дирижёр вазифасида ишлади. Касб малакаси етарли бўлмаганини сезган М.Ашрафий 1934-1937 йилларда Москва давлат консерваторияси қошида ташкил этилган Ўзбек опера студиясида атоқли композитор, профессор С.Н.Василенкодан сабоқ олади. 1937 йилда Москвада Ўзбекистон адабиёти ва санъати ўн кунлигида М.Ашрафий дирижёр ва мусиқа раҳбари сифатида фаол қатнашди ва ўша йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» фахрий унвони билан тақдирланди.

М.Ашрафий турли раҳбарлик лавозимларида фаол ташкилотчилигини намоён қилди. 1938 йилдан республика давлат опера ва балет театрига бадиий раҳбар ва бош дирижёр, 1943-1947 йилларда эса директор лавозимини ҳам эгаллайди. 1947-1961 йилларда Тошкент давлат консерваторияси ректори ва опера-симфоник дирижёрлиги кафедрасининг мудири, 1964-1966 йилларда янги ташкил топган Самарқанд опера ва балет театри директори, бадиий раҳбари ва бош дирижёри, 1966-1971 йилларда Алишер Навоий номидаги Давлат Академик катта театри бадиий раҳбари ва бош дирижёри, 1971-1975 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг ректори лавозимида ишлади.

Дирижёрлик фаолияти орқали М.Ашрафий узоқ йиллар давомида ўзбек, европа ва рус классик композиторларининг опера, балет ҳамда симфоник асарларини тарғиб қилди. Ўзбекистон мусиқа санъатини чет элларда ўтказилган декада, фестиваллар, қўшиқ байрамлари ва турли танлов концертларида намойиш этди.

М.Ашрафийнинг ижодий мероси серқиррадир. У мусиқанинг ҳар хил жанр ва шаклларида ижод қилиб, кўп асарлар яратди. 1939 йилда С.Н.Василенко билан ҳамкорликда драматург К.Яшин либреттоси асосида «Бўрон» номли биринчи ўзбек операсини яратди. Бу муаллифлар томонидан 1941 йилнинг бошларида «Улуғ канал» номли иккинчи опера ёзилди. 1958 йилда Навоийнинг «Сабъаи сайёр» достони асосида К.Яшин ва М.Муҳамедовларнинг либреттосига «Дилором» операсини М.Ашрафий мустақил равишда басталади. 1962 йили Фурқат сиймосига бағишлаб И.Султон либреттоси асосида «Шоир қалби» номли операсини яратди.

М.Ашрафий қуйидаги балетларнинг мусиқа муаллифи: «Севги тумори» (Г.Миллер либреттоси, 1969 й.), «Темурмалик» (М.Ашрафий либреттоси, 1970 й.), «Матонат» (А.М.Камел либреттоси, 1971 й.). Бу балетнинг премьераси 1972 йил Миср давлатининг пойтахти — Қоҳира шаҳрининг опера ва балет театрида ўтган ва 1973 йили Ж.Носир мукофотига сазовор бўлган; «Муҳаббат ва қилич» (М.Ашрафий ва Г.Геловани либреттоси, 1973й.) Душанбе ва Тошкент шаҳарларида 1973 -1974 йилларда премьераси бўлиб ўтган.

Композитор М.Ашрафий республикамизда симфоник мусиқа санъатининг ривожланиши учун ҳам самарали ҳисса қўшди. Симфоник оркестр учун 1932 йил «Қурилиш» маршини Оврупо классик симфония услубида, 1942 йил «Қаҳрамонлик» симфониясини яратди. Худди шу услубда 1952 йилда тожикча рақс сюитаси ҳам басталанган. М.Ашрафий қуйидаги симфоник асарларнинг муаллифи: 1950 йилларда учта симфоник сюита, 1963 йил шоир С.Айний хотирасига бағишланган «Темурмалик» симфоник поэма-рапсодияси, 1964 йил «Байрам шодиёна»си увертюраси. Йирик жанрдаги вокал-симфоник асарларидан 1951 йилда «Бахт қўшиғи» кантатаси, «Даҳшатли ишлар» вокал-симфоник поэмаси ва 1974 йилда Фирдавсийнинг «Шоҳнома»си асосида «Рустам ҳақида достон» эпик-ораторияси (Л.Шерали сўзи) дунёга келди. 1968 йилда «Субҳидамда» номли симфоник-хореография манзарасини ёзган эди.

М.Ашрафий қуйидаги кинофильмларнинг мусиқа муаллифи: «Момоқалдироқда туғилганлар» (1965), «Кониюта ғорининг сири» (1965), «Дилором» фильм-опера (1968), «Қадим қалъа афсонаси» (1970), «Семурғ» (1972), «Ганг дарёсида тонг» (1972).

 

Йиллар давомида М.Ашрафий йирик мусиқа асарлар билан турли якка чолғуларга, ансамблларга ҳар хил жанрларда куй, қўшиқ ва романслар ёзди.

XX аср Ўзбекистон мусиқа маданиятининг ривожланишидаги улкан хизматлари учун М.Ашрафий «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» (1937 й.), «Ўзбекистон халқ артисти» (1939 йил) фахрий унвонлари, «Шуҳрат» ордени (1937й), икки маротаба Давлат мукофоти (1943 ва 1952 й.), Ҳамза номидаги республика давлат мукофоти (1970 йил), Ж.Неру номидаги Ҳиндистон давлат мукофоти, (1972 йил) ва 1973 йил Жамол Абдул Носир Миср давлат мукофоти билан тақдирланган.

                          ОРИФ АТОЕВ

(1939-2019)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, бастакорлик анъаналарининг давомчиси, моҳир созанда ва хонанда Ориф Атоев ўзининг ширали, мазмундор, жозибали куй ва қўшиқлари билан бастакорлик ижодиётига муносиб ҳисса қўшди.

Атоев Ориф Бухоро шаҳрида 1939 йил 15 июнда туғилди. Болалигидан мусиқага қизиқади ва мактабдаги ҳаваскорлик мусиқа тўгарагига қатнайди. 1955-1959 йилларда Бухоро мусиқа билим юртининг халқ чолғулари бўлимида ўқийди. 1959-1966 йилларда Бухоро вилоят мусиқали драма ва комедия театрида созанда, 1966-1977 йилларда Бухоро педагогика билим юртида мусиқа ўқитувчиси бўлиб ишлайди. 1969-1974 йилларда Бухоро давлат педагогика институтининг мусиқа-педагогика факультетининг сиртқи бўлимида таҳсил олади. 1977-1980 йилларда Бухоро маданият техникумида ўқитувчи, 1980 -1996 йилларда Бухоро вилоят давлат филармониясида созанда, 1996-2008 йилларда «Ўзбекнаво» бирлашмаси бадиий раҳбари бўлиб ишлади. 2008-2013 йилларда Бухоро санъат коллежида ўқитувчи лавозимида ишлаб келмоқда.

Ориф Атоев фаолияти давомида халқ мусиқа меросини ўрганди, устозлардан сабоқ олди, бастакорлик ва ижрочилик камолоти сари интилди. Турли мавзуларда ранг-баранг қўшиқ ва ашулалар яратди. «Диёр васфи», «Гулихайри», «Амударё сувлари» (Т.Ҳамид сўзлари), «Далам» (Ў.Рашид сўзи), «Қалдирғоч», «Оқшом сурури» (Э.Охунова сўзлари), «Бухоро» (Р.Рўзиев сўзи), «Она юртим ошиғиман», «Бухороча ёр-ёр» (Т.Аҳмедов сўзлари), «Жайҳун қўшиғи», «Аз сарад гардам» (халқ сўзи), «Қутлайман қўшиғимда» (А.Пўлат сўзи), «Дўстлик жамоли» (А.Самадов сўзи), «Кулайлик, дугона» (О.Ҳожиева сўзи), «Ўзбекистон муштарак» (Ю.Муқим—Оташ сўзи), «Зарварақ» (В.Саъдулло сўзи), «Юрагим сенга» (А.Мўминжонов сўзи), «Интизорман» (Нодира ғазали), «Ҳаддин жаво» (Ж.Камол шеъри), «Муносиб» (Мунис ғазали), «Этгали» (А.Орипов шеъри) қўшиқлари, рақс куйлари бастакор қаламига мансуб.

Халқ меросини адабийлаштириш, ёш авлодга етказиш мақсадида О.Атоев олимлар Охунжон Сафаров ва Файзулла Тўраев билан ҳаммуаллифликда “Бухорча” ва “Мавриги” тароналари” китобини нашр қилди.

Ориф Атоев Бухорода ташкил топган мақом ансамбли ҳамда ашула ва рақс ансамблларида бадиий раҳбар бўлиб, Бухоро шашмақомини, Мавриги, Бухорча куй-қўшиқларини Германия, Малайзия, Голландия, Канада ва бошқа давлатларда кенг намойиш этишга ўз ҳиссасини қўшди.

СУЛТОН АНВАРОВ

(1941-2006)

Султон Анваров ХХ асрнинг 70-йилларида ўзининг ёрқин, жозибали қўшиқлари билан республика мусиқа жамоатчилигига танила бошлади. У 1977 йили Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасига қабул қилиниб, шу даврдан бошлаб халқчил миллий руҳ билан суғорилган турли жанрларда ижод қилди, қўшиқ жанрига алоҳида эътибор берди.

Анваров Султон 1941 йил 28 февралда Мирзачўл шаҳрида дунёга келди. У болалигидан мусиқага қизиқиб, мусиқа мактабида ғижжак чалишни ўрганди. 1958-1963 йилларда Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртининг мусиқа назарияси бўлимида А.А.Малахов ва С.А.Вареласлардан композиторлик бўйича сабоқ олди. 1963 йилдан Қарши шаҳридаги мусиқа мактабида дарс берди. 1964 йили Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетига ўқишга кирди. Ҳарбий хизматни ўтаб, С.Анваров 1967 йилдан консерваторияда профессор Г.А.Мушель синфида ўқишини давом эттирди ва 1972 йилда тугатди. 1972-1974 йилларда Қарши шаҳар маданият техникумида мусиқадан, 1974-1977 йиллардаТошкентдаги 3-сон болалар мусиқа мактабида мусиқа назариясидан дарс берди. 1977-1978 йилларда М.Қориёқубов номидаги Ўзбек давлат филармонияси қошидаги «Гўзал» ансамблининг бадиий раҳбари бўлиб ишлади.

С.Анваров композиторлик ижодини талабалик йилларидан бошлади. Скрипка, виолончель ва фортепиано учун Трио, тўрт қисмли Симфония, рубоб-прима ва ўзбек халқ чолғулари оркестри учун Концерт, фортепиано, скрипка, ғижжак ва бошқа чолғулар учун пьесаларни, ўқишни битиргач мустақил равишда «Симфоник поэма», «Увертюра», афғон рубоби ва халқ чолғулари оркестри учун «Садо» пьесаси, виолончель ва фортепиано учун «Сўзсиз қўшиқ», қашқар рубоби ва фортепиано учун «Пьеса», фортепиано учун «Прелюдия», 4 та «Вариация», скрипка ва фортепиано учун «Рондо» асарларини басталади.

Бастакорнинг турли мавзуларга бағишланган ранг-баранг қўшиқлари хонандалар репертуари ҳамда мухлислар дилидан жой олган. У якка хонанда, хор жамоалари, болалар хор жамоалари учун 100 дан ортиқ қўшиқ яратди. Улар орасида: «Кўзинг» (Э.Воҳидов сўзи), «Олтин бошоқлар» (Б.Исмоил сўзи), «Бизнинг замона» (С.Абдулло сўзи), «Фарғона» (Ҳ.Муҳаммад сўзи), «Шифокор қизман» (Н.Нарзуллаев сўзи), «Тонг юлдузи» (Т.Тўла сўзи), «Куйла, ёшлигим» (Б.Исроил сўзи), «Йўлда» (Я.Қурбон сўзи), «Қўшиғимдасан» (Ў.Рашид сўзи), «Отмиш баҳор» (А.Пўлат сўзи), «Юрагим», «Кўзи хумор», «Севги баҳори» (З.Обидов сўзи), «Соғиндим» (Ж.Камол сўзи), «Қашқадарё» (Т.Тўла сўзи), «О, ёшлигим» (Н.Нарзуллаев сўзи), «Ўзбекистон пахтакори», «Марҳабо» (Ё.Мирзо сўзи) қўшиқлар бор. Композитор қўшиқ яратиш билан бирга талайгина рақс куйларини ҳам басталаган.

 

                         ТУРСУН АЗИМОВ

(1935-1995)

Композитор ва моҳир ғижжакчи-созанда Турсун Азимов Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасига 1974 йили аъзоликка қабул қилинган. Унинг турли чолғу жамоалари учун яратган асарлари, айниқса, жозибали қўшиқлари ва чолғу куйлари ижрочилар репертуаридан жой олиб, концерт дастурларида ҳамда телерадио тўлқинлари орқали янгради.

Турсун Азимов 1935 йил 1 мартда Тошкент шаҳрида дунёга келди. Болалигидан мусиқага қизиқди. 1954-1957 йилларда Ҳамза номидаги Тошкент давлат мусиқа билим юртида ўзбек халқ чолғулари бўлимида ғижжак чолғуси ва мусиқа назариясидан сабоқ олади. 1957-1959 йилларда «Баҳор» рақс ансамблида, 1969 йилдан умрининг охиригача Ўзбекистон телерадиокомпанияси қошидаги Дони Зокиров номидаги ўзбек халқ чолғулари оркестрида созанда бўлиб ишлади. 1961-1970 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетида проф.Б.Гиенко синфида таҳсил олиб илк симфонияси билан ўқишни битирди.

Композитор Т.Азимов ижодий фаолиятида қўшиқ ва халқ чолғулари ҳамда оркестр учун асарлар яратишга эътибор берди. Беш қисмли «Меҳнат шодлиги» сюитаси, «Навоий хотираси» поэмаси, тўрт қисмли «Болалар учун сюита»си, «Увертюра», Ю.Ражабий хотирасига бағишланган «Фантазия»си, уч қисмли «Ёшлар сюитаси», чанг учун «Концерт»и, ғижжак учун «Концертино»си, «Лирик поэма»си. Пьесалардан қашқар рубоби, най, чанг, қўшнай, гобой; чанг учун «Гўзал диёрим» овоз ва оркестр; қашқар рубоби учун «Дурдона» овоз ва оркестр; гобой учун «Гулзоримни куйлайман» овоз ва оркестр; арабча куй «Мустафо» най ва оркестр учун қайта ишлаган; Бастакор С.Калонов билан ҳамкорликда «Лолазорим» қашқар рубоби, овоз ва оркестр учун ва «Баҳор армуғони» овоз, чанг ва оркестр учун каби асарлар шулар жумласидандир.

Т.Азимов хор, яккахон ва халқ чолғулари оркестри учун «Ўзбекистон» (Б.Исроилов сўзи, 1975 й.) ва тўрт қисмли «Ёрқин ҳаёт» (1978 й.) кантаталари; хор учун «Қанотли ёшлигим» (А.Исроилов сўзи) қўшиғи муаллифи. Хор қўшиқлар «Тошкент бинокорлари (Сайёр сўзи), «Ферма қизлари қўшиғи» (Ҳайдар сўзи) «Шоликор қиз» (Ҳ.Ёқубов сўзи), «Ёшлик таронаси»; «Хиёбондан ўтганмисиз» ва «Янги айёмлар билан» (З.Обиджон сўзлари); «Юлдузингдан ўргилай» (Қ.Махсумов сўзи); «Булбул бўлай», «Вафодорингман» ва «Бир қиз таърифи» (П.Мўмин сўзлари); «Сўлим оқшом» (М.Рихсиев сўзи); «Истасанг» (Отажонов сўзи); «Йиллар таронаси», «Терим таронаси» (А.Пўлат сўзлари); «Қўшиғимиз авжида» (Ғ.Зиёдова сўзи); «Бир қиё боққан билан» (С.Зуннунова сўзи); «Қорақалпоқ қизи» (Миртемир сўзи); «Васли ёр эт» ва «Дилоромим менинг» (Фурқат сўзлари); «Севгилим» (О.Мухторов сўзи); «Ниятимдур-ниятинг» (Б.Исроилов сўзи); «Тановарни тинглагач» (М.Қориев сўзи); «Агар соғинсанг» (Э.Охунова сўзи); «Чин ёр эмиш» (С.Абдулла сўзи) каби қўшиқлари хонандалар репертуаридан кенг ўрин олди.

Т.Азимов «Навоий хотирасига» симфоник поэма; камер симфоник оркестри учун «Скерцо ва Рондо», симфоник оркестр учун «Мавзу ва вариациялар»; камонли чолғулар учун «Квартет», фортепиано учун 3 та пьеса ва «Сонатина», дамли чолғулар оркестри учун Увертюра, «Тинчлик диёри» ва «Скерцо», икки пардали «Қонли рўмолча» радиоинсценировкаси (М.Қориев асари)га мусиқа; баритон овози ва фортепиано учун «Олмайсан хаёлингга» романси (З.Обиджон сўзи) ва болалар хори учун бир неча қўшиқлар яратган.

Композитор Т.Азимов нозик туйғулар, қалб кечинмалари куйчиси эди. Унинг барча асарлари, айниқса, жўшқин ва жозибали қўшиқлари ўзининг лирик оҳангдорлиги ва бадиий нафосати билан ажралиб туради. Шу билан бирга улар ўзбек халқ мусиқасининг тузилиш ва шаклланиш хусусиятлари билан чамбарчас боғланиб пайваста бўлиб кетган.

                         ДИЛОРОМ АМАНУЛЛАЕВА

(1959)

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, профессор, композитор Дилором Амануллаева Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси сафига 1989 йили эстрада қўшиқлари ва йирик симфоник асарлари билан кириб келди. У ўзининг ижодий фаолияти билан республика мусиқа санъатининг ривожланиш жараёнига самарали ҳисса қўшиб келмоқда.

Амануллаева Дилором Дарвиновна Тошкентда 1959 йилнинг 1 октябрида мусиқачилар оиласида туғилди. Дилоромнинг қалбига она аллалари билан мусиқий мўъжизалар кириб келди. Қобилиятли қизча В.Успенский номидаги махсус мусиқа мактабининг фортепиано синфи бўйича профессор А.М.Литвинов синфида ўқий бошлади. 12 ёшидан эса профессор Б.И.Зейдман синфида композициядан ҳам сабоқ олди. Илк асарлари орасида торли оркестр, урма чолғулар ва фортепиано учун 5 қисмли сюитасини (1977 й.) миллий симфоник оркестри ижро этди. В.Неймер дирижёрлигида янграган асарни мусиқа жамоатчилиги яхши кутиб олди.

Дилором Амануллаева 1978 йили мактабни муваффақиятли битириб, Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетида профессор Б.И.Зейдман синфида ўқишни давом эттирди. Талабалик даврида ёзган асарлари орасида Ҳамза хотирасига бағишланган фортепиано учун: «Соната №1» (1978 й.), “Болалар альбоми (1989 й.),  «Самарқанд манзаралари» - 5 қисмли сюита (1980й.), Соната № 2 (1983й.); Б.Бойқобуловнинг шеърларига 1981 йили бир неча романслар ва 3 қисмли торли квартет (1982й.), флейта ва фортепиано учун «Помир эскизлари» полифоник пьесаси мавжуд. Б.И.Зейдман вафот этганидан сўнг Д.Амануллаева Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, композитор Румиль Вильданов синфида ўқишни давом эттирди. 1984 йил симфония № 1 ва фортепиано учун соната № 2 тақдим этиб, консерваторияни имтиёзли диплом билан битирди.

Ёш мутахассис йўлланма билан Гулистон санъат билим юртида 1984-1986 йилларда мусиқа фанларидан дарс бера бошлади. 1985 йилнинг июль ойида Москвада ўтган XII халқаро ёшлар фестивалида композиторнинг фортепиано учун “Бибихоним” асари, флейта ва фортепиано учун ёзган «Помир эскизлари» пьесаси ижро этилди. 1986-1990 йилларда Д.Амануллаева консерваторияда профессор Т.Қурбонов синфида ассистент-стажёр сифатида сабоқ олди. Ўша йилларда Симфония №2 (1987 й.), фортепиано ва оркестр учун 3 қисмли Концерт асарлари яратилди. Сўнгра 1990-1993 йилларда консерваторияда «Бастакорлик ва чолғулаштириш кафедраси»да ўқитувчи бўлиб ишлади. 1993-2002 йилларда В.А.Успенский номидаги махсус мусиқа мактабида ўқитувчи, композиторлик бўлими бошлиғи, 2002 йилдан Ўзбекистон давлат консерваторияси “Эстрада хонандалиги” кафедраси мудири (2002-2016 йиллар), доцент (2008 й.), профессор (2016 й.) лавозимларида ишлаб келмоқда.

Д.Амануллаеванинг ижодий фаолиятида замонавий эстрада қўшиқчилик санъати устувор туради. У замондош шоирлардан У.Азимов, Н.Нарзуллаев,  Ж.Жабборов, А.Суюн, Ў.Рахмат, З.Обидов, П.Мўмин, З.Мўминова, Ҳ.Худойбердиева, И.Жиянов, Ш.Туроб, Қ.Ўтаев, М.Омон, С.Тўйчиева, Й.Суюнов, Э.Мадраҳимов ва бошқаларнинг сўзларига турли мавзуларда 250 дан ортиқ қўшиқлар яратди (шулар ичида 100таси болалар учун). Улар орасида «Мен сени ҳеч кимга бермайман», «Ёмғир ёғди», «Саратон», «Сиз ёққансиз менга ҳамиша», «Икки дарахт», «Сен қайдасан», “Болича”, “Яккадир Тошкент”, “Тошкентим ягонадир”, «Яшнайвер, Ўзбекистон», “Истиқлол кунинг муборак бўлсин”, “Унутмадим”, “Сен эдинг”, “Сен кетарсан”, «Ёлғон дунё», «Оташ замон», “Турналар қайтгунча омон бўлайлик”, “Бошим эгиб қўйма, дунё” ва бошқалар эстрада хонандалари К.Раззоқова, М.Тошматов, С.Назархон, К.Қаюмов, М.Ойнақулова, А.Раҳимова, Согдиана (Оксана Нечитайло), А.Шодиева, Р.Бўронова, ака-ука Саидориповлар ижроларида машҳур бўлди. Композитор турли ёшдаги болалар учун ҳам кўп қўшиқлар басталади. П.Мўмин шеърларига “Топишмоқ қўшиқлар” – 16та қўшиқлар  туркуми (1991 й), “Алифбо қўшиқлари” – 29 та қўшиқлар туркуми, “Хумо қуши”, “Этикчам” (Қ.Ўтаев шеъри), “Дилоромнинг қўшиғи” (И.Дониш шеъри) - телерадио тўлқинларида доимо янграб келмоқда: 1994 йили шоира Нодира ғазалларига фортепиано ва овоз учун 2 та романс: “Ёр керак ошиққа”, “Жаҳондин кеч”  яратилди.

Д.Амануллаева мусиқа санъатининг бошқа жанр ва шаклларида ҳам самарали ижод қилди. Жумладан, 1986 йили У.Хайём шеърларига “Хайём рубоийлари” – а капелла хори, яккахон, най ва доира учун; 1987 йили симфоник оркестр учун Симфония № 2; 1989 йили фортепиано ва симфоник оркестр учун Концерт; 1993 йил «Бахтномамиз таронаси» ва 1994 йил «Истиқлол мадҳияси» яккахон, хор ва симфоник оркестр учун Қасидалари, Суғдиёна халқ чолғулари камер оркестри учун турк халқ қўшиқлари асосида 5 қисмли “Сюита” (1995 й.), С.Саййид шеърларига  а капелла хори, солистлар,  флейта ва дойра учун  5 қисмли “Кўнгил соҳили” – Учинчи Симфонияси (2002). У қуйидаги камер-чолғу мусиқа асарлари муаллифидир: 1982 йили Б.И.Зейдман хотирасига бағишлаб торли квартет яратди. 1983 йили торли квартет № 2; 1992 йили фортепиано учун соната №3, 1990-1995 йиллари фортепиано учун «Болалар альбоми», бешта кичик пьеса; «Речитатив ва токката»; Токката №2; «Ёмғир», «Бекинмачоқ ўйин»; «Карвон» ёш пианиночилар иккинчи тўпламига киритилган. 1985-1993 йилларда «Кичкинтойлар учун мусиқа» болалар боғчалари учун 20 та қўшиқ ва 30 та рақс куйлари киритилган тўплам; 1992 йили «Топишмоқ айтишув» 6 та қўшиқдан иборат туркум, шоир П.Мўмин шеърларига боғча болалари учун ва худди шундай «Топишмоқ қўшиқлар» 10 та қўшиқдан иборат туркум; 1994 йили «Алифбо қўшиқлари» биринчи синф учун лотин алифбосининг ҳар бир ҳарфига 30 та қўшиқ тўплами П.Мўмин шеърларига ёзилган. Зикр қилинган асарларни Ўзбекистон Телерадиокомпаниясининг «Булбулча» хор жамоаси эстрада симфоник оркестри жўрлигида ижро этиб келади. Шу билан бирга уларнинг клавирлари нашр этилган.

         Мусиқа санъатида мураккаб жанрлардан ҳисобланган Мадҳия Д.Амануллаева ижодида муҳим ўрин эгаллайди. Миллий ва замонавий руҳда яратилган Миллий «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалининг Мадҳияси (У.Азим шеъри, 1997й.), Президент ҳузуридаги Давлат ва Қурилиш Академияси Мадҳияси (Н.Комилов шеъри, 1998й.) Миллий театр Мадҳияси (У.Азимов шеърлари, 2001й.), «Тошкент Мадҳияси» (И.Жиянов шеъри, 2002), Байналминал маданият маркази Мадҳияси (Н.Нарзуллаев шеъри, 2004 й.), Кураш ассоциацияси Мадҳияси (И.Жиянов шеъри, 2003), Ёш лауреатларнинг “Тасанно” Мадҳияси (Н.Нарзуллаев шеъри, 2006 й.) композиторнинг бу соҳада етук ва профессионал ижодкор сифатида гавдаланганлигидан далолат беради. Айниқса, «Шарқ тароналари», «Тошкент Мадҳияси» ва “Байналминал маданият маркази Мадҳияси” ўзининг ёрқин миллийлиги, оригиналлиги, замонавийлиги ва кўтаринки руҳда ёзилганлиги билан ажралиб туради. Шунинг қаторида композиторнинг ватанпарварлик мавзусида яратилган “Онт” (А.Суюн шеъри), “Яккадир Тошкент” (У.Қўчқор шеъри), “Тошкентим ягонадир”, “Тинчлик нашидаси” (Н.Нарзуллаев шеърлари), “Ватан” (З.Мўминова шеъри), «Зарралари зар ватан», «Туғилган кунинг муборак бўлсин» (Ж.Жабборов шеърлари); «Бир-бирингни асра, Ўзбегим» (С.Тўйчиева шеъри), «Сен менинг ватанимсан» (X.Даврон шеъри), «Тўйларинг муборак» (Н.Нарзуллаев шеъри), «Ўзбекистон» (М.Омон), «Азиз бўстон — Ўзбекистон» (М.Мирзо), «Ҳумо қушим» (П.Мўмин), «Наврўзим» (Ш.Қурбон), «Ўзбекистон ватаним маним» (М.Жабборов) каби 70 дан ортиқ қўшиқлари Республика танловларида, давлат тадбирларида кенг ижро этиб келинмоқда.

           Ўзбекистон давлат консерваториясининг “Эстрада хонандалиги” кафедрасидаги ишлаш жараёнида композитор талабаларнинг мутахассислик фанидан ўқиш жараёнида муҳим бўлган ижро дастурларини яратди: овоз ва фортепиано учун “25та жаз ва эстрада вокализлари” (2002-2013), Жаз-рок, соул, Босса-нова, Баллада, жаз йўналишларида янги вокал асарлари, жумладан “Ўзгача” (А.Навоий шеъри), “Элегия” (Г.Муродалиева шеъри), “Бошим эгиб қўйма, дунё”, “Бир кам дунё” (З.Ражабова шеърлари), “Дунёларга алишмасман, “Бу дунё сендан ҳам, мендан ҳам қолар” (З.Мўминова шеъри), ”Сени ташлаб кетолмайман” (Р.Ярашева шеъри), “Сен эдинг”, “Сен кетарсан” (Ш.Туроб шеърлари). Ушбу 100га яқин асарлар Д.Амануллаева муаллифлигида яратилган “Эстрада хонандалиги” таълим йўналишининг 6та  ўқув адабиётларига киритилган.

         Д.Амануллаева  яратган мадҳия ва қўшиқларини ўзи ҳам  муваффақиятли ижро этган: “Шарқ тароналари” Халқаро мусиқа фестивалида, йирик давлат концертларида, телерадио эфирларида, ўзининг талабалари билан ўтказган “Устоз-шогирд” концертларида.

            Айтиш лозимки, композитор Д.Амануллаева яратган фортепиано ва вокал асарлари нафақат Республикамида, балки кўплаб чет эллардаги танловлар ва концертларда муваффақиятли ижро этиб келинмоқда, консерватория, коллеж, лицей ва болалар мусиқа ва санъат мактабларининг фортепиано, вокал, хор дирижёрлиги, дамли чолғулар таълим йўналишининг ўқув дастурларига киритилиб, ёшларнинг профессионал ва эстетик тарбиясига мунтазам хизмат қилиб келмоқда.

Дилором Амануллаева синфида таълим олган шогирдлар “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвонларига (Севара Назархон, Дилноза Исмияминова, Лола Аҳмедова, Зоя Цой), “Ниҳол” давлат мукофотларига (Суғдиёна, Диана Зияддинова, Мадина Мумтоз ва бш.) сазовор бўлганлар, Халқаро танловлар лауреатлари бўлганлар.

Дилором Амануллаева Ўзбекистон мусиқа маданияти ривожига қўшиб келаётган ҳиссалари Ҳукумат томонидан муносиб тақдирланган. 1996 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими», 2006 йилда “Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби” фахрий унвонлари, 1998 йили «Дўстлик» ордени билан тақдирланган. У «Офарин» мукофоти соҳиби, «Ўзбекистон — Ватаним маним» ва бошқа танловлар совриндори.