АСОСИЙ САҲИФА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

Play
previous arrow
next arrow
previous arrownext arrow
Shadow
Slider

Табриклар

25 сентябрь: Иброхимов Окилхонни туғилган куни.


29 сентябрь: Оллоберганов Исломни туғилган куни.


30 сентябрь: Очилова Камолахон ни туғилган куни.


25 сентябрь: Саидий Саид Болта-зодани туғилган куни.


22 сентябрь: Хайдаров Ахмад ни туғилган куни.


АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА МАҲОРАТ ДАРСЛАР



КОНЦЕРТЛАР



"ДЎСТЛАР" КЛУБИ



ФЕСТИВАЛАР



ДМИТРИЙ ЯНОВ-ЯНОВСКИЙ

(1963)


«Грифон» мукофоти совриндори, ёрқин истеъдод соҳиби, композитор Дмитрий Янов-Яновский замонавий мусиқа ривожига улкан ҳисса қўшиб келаётган ижодкорлардан биридир. У Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси аъзолари сафига 1986 йилда қабул қилинди.

Дмитрий Феликсович Янов-Яновский Тошкентда санъаткорлар оиласида 1963 йилнинг 24 апрелида таваллуд топди. 1970 йили В.А.Успенский номидаги махсус мусиқа мактабининг фортепиано синфига ўқишга кирди. Юқори синфларда мусиқа басталашга қизиқди ва композициядан сабоқ ола бошлади. Мазкур мактабни 1981 йили битириб, Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетига ўқишга кирди. Отаси профессор Ф.М.Янов-Яновский синфида мутахассисликдан таҳсил олди. Турли шакл ва жанрларда мусиқа ёза бошлади, ижодий изланди. Йилдан-йилга композиция техникасини ва касб маҳоратини оширишга ҳаракат қилди. Турли якка чолғуларга, ансамбль ва оркестрларга, спектакль ва мультфильмларга мустақил равишда мусиқа басталади. Талабалик даврида фортепиано учун «Образы», «Картины Чюрлёниса», «Сонатина», «Импровизация и токката», скрипка ва урма чолғулар учун 1-Соната, скрипка ва фортениано учун 2- ва 3- Сонаталар (1981 -1982 й.), фортепиано ва торли оркестр учун 1-Концерт (1983й.), сопрано овози ва фортепиано учун хитой халқ шеърларига “Осенний дождь во мгле” вокал туркуми (1982 й.), олтита бас учун овоз, фагот, фортепиано, орган ва урма занг асбоблар учун «Ламентация», иккита флейта, маримба, вибрафон, челеста ва фортепиано учун «Тихая музыка» (1984 й.); овоз, фортепиано, труба, гитара ва занг чолғулари учун Ф.Г.Лорка шеърларига «Лунные песни» туркуми (1984 й.), учта яккахон ва оркестр учун А.Пушкин асари асосида «Сцены из Фауста» (1985 й.), сопрано овози ва фортепиано учун А.Ахматова шеърларига «Аnnо Domini» туркуми (1985 й.); Тошкент рус драма театрида саҳна юзини кўрган «История и сказки Королевской площади» (реж.И.Марков, 1982й.) ва «Чайка» (реж.М.Файль, 1986 й.), «Илҳом» театри саҳнасида қўйилган «Эквус» (1984й.), «Вагончик» (реж. Н.Абдурахмонов, 1986 й.), «Дом, который построил Свифт» (реж. М.Вайль, 1985й.) каби спектаклларга, «Золотой лист» (Г.Нуғмонова, 1985 й.), «Давай меняться» (реж. Д.Валиев ва Г.Нуғмонова, 1984 й.), «Сад хризантем» (реж. Н.Смирнов, 1986 й.), «Я рисую сказку» (реж. А.Собиров, 1986й.) каби мультфильмларга басталаган мусиқасини жамоатчилик самимий кутиб олди. Москвада ўтказилган ёш композиторлар кўрик-танловида Д.Янов-Яновский «Мастера» (В.Вознесенский шеъри) монокантатаси учун учинчи даражали мукофот (1981 й.) ва «Торли квартет» учун (1985 й.) биринчи даражали мукофотга сазовор бўлди.

Дмитрий Янов-Яновский 1986 йили консерваторияни аъло даражали диплом билан битирди. 1986-1987 йиллари ички ишлар кўшинларининг дамли чолғулар оркестрида ҳарбий хизматни адо этди. 1987-1991 йилларда фақат ижод билан банд бўлди. 1991-1996 йилларда В.А.Успенский номидаги махсус мусиқа мактабида композиторлик мутахассислигидан сабоқ берди. 1995-2006 йилларда Д.Янов-Яновский Тошкентда ўтказилган “Илхом-ХХ” Халқаро замонавий мусиқа фестивалининг ташкилотчиси, бадиий раҳбари ва Ўзбекистон давлат консерваториясининг композиторлик ва чолғулаштириш кафедрасида фаолият олиб борди.

Композитор 1986 йили Олмаотада ўтказилган кинофестивальда «Золотой лист» мультфильмига басталаган мусиқаси учун «Соврин», 1991 йили Швейцариянинг Фрибуре шаҳрида «Энг яхши диний асар учун» ўтказилган жаҳон кўрик-танловида сопрано овози ва торли квартет учун «Lacrymosa» асари 2-мукофотга сазовор бўлди. 1992 йили АҚШнинг Бостон шаҳрида ўтказилган «АLEA III» халқаро композиторларнинг энг яхши асарлари учун кўрик-танловида камер ансамбль ва магнит лентаси учун «Предчувствие» асари Бош совринга сазовор бўлди. 1992 йили Франция шаҳрида ўтказилган халқаро кинофестивалда «Энг яхши киномусиқа учун» композиторнинг «Камми» (реж. Д.Файзиев) кинофильмига ёзган мусиқаси учун соврин олди. Унинг яратган мусиқаси 1993-1994 йилларда Данияда Лерхенбург мусиқа фестивалида, 1994 йили Швециянинг Стокгольм мусиқа фестивалида, 1994 йили Лондонда «Алмейда» мусиқа фестивалида, 1994 йили Шлезвиг-Гольштейн мусиқа фестивалида, 1995 йили Ўзбекистон киночилар уюшмасининг «Грифон» мукофотига, отаси Ф.М.Янов-Яновский билан ҳамкорликда «История ислама» кўп серияли мультфильмига ёзган мусиқаси учун Бош мукофотга сазовор бўлдилар. 1997 йили Д.Янов-Яновскийнинг танланган мусиқий асарларидан «Наrmonia Mundi» ва «Сhant du Моnde» (Франция) нашриётлари компакт диск чоп эттирдилар. 1998 йили эса Рим ва Турин шаҳарларида (Италия) композиторнинг муаллифлик концерт-кечалари ўтказилди. 1999-2000 йилларда Милан ва Париж консерваторияларида мастер-класс дарсларини ўтди.

Д.Янов-Яновский ижодида симфоник, камер-симфоник оркестрлар, камер-чолғу-вокал ансамбллар ва кинофильмларга мусиқа басталаш устун туради. У ўтган йиллар давомида, фортепиано ва симфоник оркестр учун «Sotto voce» (1986 й.), камер оркестр учун «Ритуал» (1994 й.), торли квартет ва симфоник оркестр учун «Соприкосновение» (Schirmer нашриётида 1995 йили чоп этилган), овоз, раққосалар ва 10 та чолғучи созанда учун «Нить» (У.Хайём шеърлари, 1990 й.), виолончель учун «Мадригал», чанг учун «Сhang-musik-I», иккита фортепиано учун «Сhang-musik-2», флейталар учун «Фрагменты жизни птиц», (1991 й.), торли трио учун «Сhang-musik-3» (1992 й.) флейталар, гобой, шишали гармоника, альт ва виолончель учун «Звучащая темнота» (1992 й.), торли квартет учун “Сhang-musik-4”, 12 чолғучи созандалар учун «Камер мусиқа» (1993 й.), торли квартет учун «Сhang-musik -5» (1994 й.), оркестр учун «Ритуал», 6 та урма чолғу асбоблар ва торли оркестр учун «Такыр», торли квартет, оркестр ва магнитафон лента ёзуви учун «Пересечения» (1995 й.), 3 та аёллар овози, флейта, гитара, виолончель ва фортепиано учун «Соmе and Go» (С.Баккет сўзи) саҳна этюди; флейта, скрипка, сопрано овози, урма чолғулар, орган ва фортепиано учун «Колыбельная для Хайдельберга» 1996 й.; меццо-сопрано ва торли квартет учун «Посвящение Густаву Малеру» (Ф.Рюккерт сўзи), скрипка ва торли ансамбль учун «Lux аеtегnа»; вокал ансамбль ва бас кларнет учун «Ad аmоrеm» (1997й.); клавесин ва камер ансамбль учун «Предопределение» (М.С.Эшер асари орқали), клавесин, чанг ва магнитафон лентаси учун «Музыка сноведений» (1999 й.); орган учун «Эльф и Зеркало» пантомимаси, фортепиано учун «Аллюзии и воспоминания»; виолончель, 9 та турли чолғулар ва магнитафон лента учун «Голос в листве» тунли мусиқа (2000-2001йй.), фортепиано учун «6 та Силуэт» (2001 й.), фортепианода 4 қўл учун “Шесть утерянных вальсов Шопена” (2002), Э.Лир сўзига баритон ва ансамбль учун “Limericks” (2003), М.Цветаева сўзларига меццо-сопрано ва 6 та чолғу учун “Бессоница” вокал туркуми (2003), Клавишли (орган, клавесин, фортепиано) ва торли чолғулар учун Концерт (2004-2005), флейта, кларнет, фортепиано, скрипка ва виолончель учун “A-S-C-H” (2004), фортепиано ва урма чолғулар учун “Фрагменты из дневника” (2005), 4 та чолғу учун “Звучащая минута” (2006), кларнет, скрипка, метроном ва маримба учун “100 нот памяти Д.Л.” (2008), 9 та чолғу учун “Дивертисмент” (2009), гитара учун “Маленькая ночная лютневая музыка” (2009); меццо сопрано овози, драма актёри ва оркестр учун «А Джо» (С.Беккет пьесаси, 2001), “кўринмас” скрипка ва фортепиано учун «Passacaglia» (2010); виолончель ва симфоник оркестр учун Концерт (2010); вокал квартет ва 6 та чолғу учун «Утро» (Р.Лакс сўзи, 2011);   иккита фортепиано учун «Три мира» (М.Эшер бўйича, 2011); аёллар хори учун «Скороговорки» (2011); 16 та овоз, арфа, скрипка ва зарбли чолғулар учун «Месса Шона О’Риада» (2011); виолончеллар октети учун «Viderunt Omnis Перотина» (2011); камонча, виолончель ва магнитафон лентаси учун «Касыда» (2012);  13 та мусиқачи учун «Священные знаки» концерти (2012); торли трио учун «Серенада» (2012); сопрано ва камер ансамбль учун «Детские песни» (2013); скрипка, торли квинтет ва магнитафон лентаси учун «Perpetuum Mobile» (2014); фортепиано учун «Quasi una Cadenza» (2014); оркестр учун «Ностальгическая музыка» (2015);  иккита оркестр учун Самарқанд Регистон майдонидаги нурли шоу учун Мусиқа (2015); рок-трио ва симфоник оркестр учун 14 та чет эл эстрада мусиқаси; ўзбек халқ чолғулари камер оркестри учун «Отзвуки Мавриги» (2016); альт ва магнитафон лентаси учун «Маленькая эпитафия» (2017); 9 та созандалари, видео проектор ва зарбли чолғулар учун «Qyrq Qyz» (2017); 15 та мусиқачи учун «Притча» (2017); альт ва торли оркестр учун Концерт (2018) каби кўпгина асарлар бунёдга келди.

Бугунга қадар композитор 80 дан ортиқ бадиий, телефильм, анимацияли ва ҳужжатли кинофильмларга мусиқа ёзди. Жумладан, «Концерт» (реж. Г.Нугманова), «Манкурт» (реж. С.Никитин), «У лужи» (реж. С.Алибеков) (1990 й.), «Девочка со спичками» (реж. С.Никитин, 1992й.) мультфильмларига, «Судный день» (реж. Д.Абдуллаев, 1991й.), «В.Багдаде всё спокойно» (Ирисфильм, 1992й.), «Амир Темур» (реж. Б.Садиков ва И.Эргашев), «Единственная память» (реж. Р.Назармуҳамедов), «Воиз» (реж. Ю.Розиқов, 1999 й.), «Феллини» (реж. Н.Аббасов), «Чаёнгул» (реж. С.Назармуҳамедов, 2000 й.), «Пари Момо» (реж. М.Ражабов), «Бахт қадри» (реж. Ю.Собитов), «Грани», «Ал-Бухорий», «Бухоро», «Пятая Графа», «Чёрный пепел», «Конец века Ташкент», «Весна в Ташкенте» ва бошқа кинофильмларга мусиқа басталади. «Созвездие Омара Хайяма» (1997й.), «Холстомер», «Кабала Святош», «Отель Вавилон», «Принцесса Турандот», «Язык птиц», «Тартюф», «Человек-ящик», «Из жизни насекомых», 4 та солист ва камер ансамбль учун бир кўринишли “Филип Гласс покупает буханку хлеба” (Д.Айвз пьесаси асосида, 2010) камер операси каби 20 га яқин саҳна асарларига мусиқа басталади. Асарлари Тошкент, Исроил, АҚШ, Германия театрларида саҳна юзини кўрди.

                                САРВАР ЮСУПОВ

(1983-2020)

Истеъдодли бастакор Сарвар Мухамадсалиевич Юсупов Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси аъзолари сафига 2011 йилда қабул қилинган. У 1983 йилнинг 5 октябрида Фарғона вилоятининг Фарғона шаҳрида таваллуд топган. 2002 йилда Фарғона давлат санъат билим юртининг фортепиано мутахассислигини, 2006 йилда Ўзбекистон давлат консерваторияси бастакорлик бўлимининг бакалавр босқичини,   2008-йилда магистратура босқичини тамомлаган. 2003-2005- йилларда профессор Ф.Алимов синфида, 2006-2008 - йилларда М.Бафоев қўлида таҳсил олди. 2004-2007-йилларда Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқали театрида оркестр созандаси, 2008-2010 йилларда А.Навоий номидаги Давлат академик катта театрида стажёр-режиссёр, 2010 йилдан Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқали театрда оркестр созандаси вазифасида ишлаб келмоқда.

С.Юсупов талабалик йилларидаёқ ўзини илмга чанқоқ, янгиликларга ва ижод қилишга интилувчан шахс сифатида намоён этди. Унинг асарларида ўзбек миллий мусиқасининг барча хусусиятлари яққол намоён бўлиб туради. Талабалик даврида ёзган торли квартет (2003), фортепиано учун “Баллада” (2004), “Баҳром ва Дилором” симфоник поэмаси ва гобой учун “Сароб” пьесаси (2006), диплом иши сифатида тақдим этилган “Нажот кемаси” симфонияси ва овоз учун “Тановор” поэмаси (2008) асарлари С.Юсуповни композитор сифатида шаклланганлигини ва ўз овозига эгалигини исботлади.

Мустақил ижодий фаолияти давомида турли жанрларга мурожаат қилиб ўсмир болалар учун “Бахтиёр ёшлар қўшиғи” (2012), ватанпарварлик мавзуида “Аскар қўшиғи” (Ҳ.Зиё, 2013), “Ватан мардлари” (З.Юсупова, 2013) “Севинч қизинг куйлайди” (2015) каби асарларни яратди.

С.Юсуповнинг ижод марказини саҳна асарлари ташкил этади. Композиторнинг “Отабек ва Кумушбиби” (А.Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи асосида, Ж.Жабборов инсценировкаси, 2006), “Матонат” (О.Хошимов асари, 2010), “Африка гўзали” (П.Меримэ асари, 2012), “Меъмор” (Э.Хушвақтов асари, 2013) “Уйғониш” (М.Муродов асари, 2017), “Дилдаги доғ” (Қ.Норқобил асари), “Қобил ва Хобил” (2018)  мусиқали драмалари, “Хасис бой ва хизматкор” (З.Солиева асари) мусиқий эртаги Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқали театри репертуаридан, “Бошқача одамлар” (Охунжон Хошимов асари, 2010) мусиқали драмаси Фарғона давлат театри, “Яраланган оққуш ноласи” (Х.Рустамова асари, 2011) мусиқали драмаси Қарши театри, болалар учун ёзган “Қулоқсиз хўтикча” мусиқали эртаги Жиззах қўғирчоқ театри ва Республика театрлари репертуарларидан кенг ўрин олди. Гогольнинг “Шинель” асари асосида пантомимаси (2011) ҳам ўзининг мусиқий тили билан эътиборни жалб этади.

2011 йилда “Замон қаҳрамони” мавзусидаги Республика театрлари фестивалида С.Юсуповнинг “Матонат” ва “Бошқача одамлар” спектаклларига ёзган мусиқалари “Энг яхши мусиқий безак” номинацияси бўйича ғолиб деб топилган.

2017 йилда Қирғизистон Республикасида бўлиб ўтган “Ордо” театр фестивалида “Дилдаги доғ” спектакли “Энг яхши спектакль” номинацияси бўйича ғолиб деб топилди.

                                      МАТНИЁЗ ЮСУПОВ

(1925-1992)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, созанда, хонанда, фольклоршунос, композитор Матниёз Юсупов XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди. Унинг кўп дилрабо қўшиқлари, мусиқали драмалари, опера ва балетлари, симфоник ва вокал-симфоник, халқ чолғулари оркестри учун яратган асарлари халқ назарига тушди. Айниқса, «Хоразм мақомлари», «Ўзбек халқ мусиқаси»нинг икки жилддан иборат нота ёзуви тўпламлари унга шуҳрат келтирди. Ажойиб, хуштабиатли инсон, истеъдод соҳиби, санъаткор М.Юсупов эл юрт ҳурматига сазовор бўлди.

Юсупов Матниёз Абдулниёзович ўз ҳаёт йўлини қисқача, шундай таърифлаган эди: «Мен Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида 1925 йилнинг 1 январида таваллуд топдим. Отам Абдулниёз Юсупов санъатни жону дилидан севар, дутор ва танбур чертишни яхши кўрар, хонадонимизга санъаткорлар йиғилишиб, шеърий-мусиқий кечалар ўтказишар эди. 8 ёшимда ўрта таълим мактабига ўқишга бордим. Бўш вақтимда дутор ва ғижжакчилик билан шуғулландим. Устозим орқали Хоразмнинг машҳур санъаткорлари: Мадраҳим Ёқубов, Ҳожихон Болтаев, Матпано ота Худойберганов, Матёқуб Харратов, Куржи ота Авазматов, Худак ота (Худойберди Қурбон ўғли), Девон бобо (Отажон Абдуллаев), Матюсуф Харратов (Чокар), Жуманиёз Ҳайитбоев, Бола-бахши Абдуллаев, Қурбон ота Исломов, Хўжа ота Отажонов, Она биби - қори, Матёқуб ота Матжонов, Дўстжон ака Бобожонов ва бошқалар билан яқиндан танишдим, улардан жуда кўп нарсаларни ўргандим, айримлари билан келгусида бирга ишладим. 1940 йили Урганч шаҳрида машҳур санъаткор Ҳ.Болтаев раҳбарлигида миллий ансамбль ташкил топди. Устозлар ёнига мени ҳам ишга таклиф қилишди. 1943 йили Украина фронтидаги жангларда бир оёғимдан қаттиқ яраланиб уруш ногирони бўлиб қолдим. У.Гаджибековнинг «Гўр ўғли» операсини тинглаб, томоша қилиб, унинг оҳанграбо мусиқасига маҳлиё бўлдим ва композитор бўлишни орзу қилдим. 1944 йили она диёримга қайтиб келдим. Ўзим қадрдон миллий ансамблда созанда ва хонанда сифатида ишлай бошладим. 1945 йилнинг июль ойида вилоят мусиқали драма театрига ишга таклиф қилишди. Бир йил ўтгач театрнинг мусиқа раҳбари қилиб тайинландим. Театрда машҳур созанда ва ҳофиз Комилжон Отаниёзов билан танишдим ва дўст бўлиб узоқ йиллар бирга ишладик. Театрда ишлаб юрган кезларим куй ва қўшиқлар ҳам басталашга интилдим, мақом санъатини устозлардан ўргандим. Лекин уларни нотага ёзишни билмас эдим. Ўқиш зарурият бўлиб қолди. Шу сабабли 1951 йили Комилжон Отаниёзов, Абдушариф Отажонов, Султон Ҳайитбоевлар билан биргаликда Ҳамза номидаги Тошкент давлат мусиқа билим юртига ўқишга кирдик. 1955 йили ўқишни муваффақиятли тамомлаб, ўша йили Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетига ўқишга кирдик. Бу олий даргоҳда мен профессор Б.Надеждинда композициядан, А.Козловскийда чолғулаштириш бўйича сабоқ олдим. Тошкент мени профессионал композитор бўлиб етишишимда, шахсий ҳаётимда муҳим роль ўйнади.

М.Юсупов талабалик давридан бошлаб турли шакл ва жанрларда асарлар яратди. К.Отаниёзов ва Л.Степановлар билан ҳамкорликда «Ошиқ Ғариб ва Шохсанам» (А.Бобожонов пьесаси) мусиқали драмани яратишди ва Муқимий номидаги мусиқали театрда бу спектакль саҳна юзини кўрди. Консерваторияни битириш арафасида у А.Бобожонов ва М.Муҳамедовларнинг либреттосига «Бўз ўғлон» операсининг муқаддима ва биринчи пардасини Навоий номидаги опера ва балет театрида саҳналаштириб, диплом иши сифатида давлат имтиҳон комиссиясига тақдим этди. 1960 йили консерваторияни муваффақиятли битирди. 1960-1964 йиллари М.Юсупов фақат ижод билан шуғулланиб симфоник оркестр учун «Поэма», «Сюита», «Қаҳрамонлик увертюра»си, ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Рапсодия», «Сюита», торли квартет учун «Сюита», виолончель ва фортепиано учун «Соната», фортепиано учун пьесалар, учта мусиқали драма: «Ғазал фожиаси» (А.Бобожонов пьесаси), «Уч пахлавон», «Қайдасан, ҳаёт» (Т.Собиров пьесалари), 1964 йилда эса Алишер Навоий номидаги опера ва балет театри жамоаси композиторнинг Ҳ.Ғулом либреттоси асосида ёзилган «Хоразм қўшиғи» операсини саҳналаштирди. Мазкур операни томошабинлар қизғин кутиб олишган эди. 1967 йили бу опера Москванинг Кремль саройида ҳам намойиш қилинган.

М.Юсупов 1956-1985 йилларда Урганч мусиқа билим юрти директори, М.Қориёқубов номидаги Ўзбек давлат филармонияси қошидаги «Лазги» ансамбли бадиий раҳбари, Ўзбекистон радиоси муҳаррири бўлиб ишлади. 1985 йилдан умрининг охиригача А.Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институти доценти лавозимида талабаларга дарс берди.

М.Юсупов ижодида мусиқали драма ва қўшиқ жанри устувор аҳамият касб этади. У 1956-1990 йилларда: «Дил кўзгуси» (Ҳ.Ғулом пьесаси), «Республика ўт ичида», «Тун ва нохун» (Ю.Юсупов пьесалари), «Зуҳранинг жасорати» (Ҳ.Матрасулов пьесаси), «Тўғон» (О.Матчон пьесаси), «Муқаддас дарё» (Ҳ.Расулов пьесаси), «Миллионер ўғли» (Х.Исломов ва Ж.Тешабоевлар пьесаси), «Тунги фарёдлар» (М.Бобоев пьесаси) каби мусиқали драмаларнинг премьералари Муқимий номли республика давлат мусиқали театрида ва баъзилари Хоразм, Бухоро мусиқали драма ва комедия театрларида ўтди. Наманган театрида 1986 йил «Робиябону» (Н.Одилов пьесаси) мусиқали драмаси саҳна юзини кўрди. Мусиқа жамоатчилиги 1974 йилда Самарқанд опера ва балет театрида саҳналаштирилган «Гулсанам» (У.Умарбеков либреттоси) балетини, болалар учун ёзган «Алиқамбар» (О.Матчон либреттоси) ва «Чевар қиз» (М.Муҳамедов либреттоси) операларини қизғин кутиб олди.

Ўзбек қўшиқчилик анъанасини давом эттириб, М.Юсупов йиллар давомида турли мавзуларда юздан ортиқ жозибали қўшиқлар яратди. Улардан баъзилари: «Ўлка» (Ҳ.Олимжон шеъри), «Ўлкамизда ёз» (Миртемир шеъри), «Гулдаста» (А.Пўлат шеъри), «Орзу баҳорим» ва «Қўшиқ завқи» (П.Мўмин шеърлари), «Хуш келибсиз» ва «Севги сурури» (Н.Нарзуллаев шеърлари), «Гулираъно дерман» (Э.Самандаров шеъри), «Мағрур бўлсак» (Э.Охунова шеъри), «Тўй алёри» (З.Обидов шеъри), «Ёшлигим — қуёшлигим» (М.Карим шеъри) ва бошқалар.

М.Юсуповнинг қўшиқлари «Гулдаста» нота тўпламида 1985 йил чоп этилган, бир неча пластинкаларда ҳам ёзилган. Композитор акапелла хори учун ҳам бир неча қўшиқлар ҳамда йирик вокал-симфоник асарлар яратган. Унинг «Беруний боғлари» (Т.Тўла сўзи) ва «Туямўйин тароналари» (Э.Самандаров сўзи) вокал-симфоник сюиталари, «Тасанно ишчилар» (Ҳ.Ғулом сўзи) кантатаси хор, солист ва оркестр учун ёзилган асарлари олқишга сазовор бўлган. Ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Лирик вальс», «Қаҳрамон шоввозлар» сюитаси, най ва оркестр учун «Фантазия», чанг ва оркестр учун «Концерт-рапсодия» ва бошқа якка чолғулар учун ҳам асарлар яратди. 100 та ўзбек халқ куйи ва қўшиқларини фортепиано учун мослаштирди.

Композитор, фольклоршунос-олим М.Юсупов ижодий фаолиятида Хоразм халқ мусиқа мероси намуналарини нота ёзувига олиб, Юнус Ражабий чоп эттирган 9 томли «Ўзбек халқ мусиқаси» тўпламлари таркибига «Хоразм қўшиқлари» (VI-том 1960 й.), ва «Хоразм мақомлари» (VII- том 1962 йил, IX-том 1959 йил) номлари билан киритди. У 1980-1987 йилларда «Хоразм мақомлари» нота ёзувини қайта кўриб чиқиб тўлдириб, Илёс Акбаров таҳрири остида чоп эттирди ва Республика Давлат мукофотига (1990 йил) сазовор бўлди.

Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасининг 1962 йилдан буён аъзоси М.Юсупов сермаҳсул композитор, ижрочи ҳамда халқ мусиқасининг билимдони сифатида эл-юрт ҳурматига сазовор бўлди. У 1969 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони ва медаллар билан тақдирланган.

                               СУЛАЙМОН ЮДАКОВ

(1916-1990)

Ўзбекистон халқ артисти, Давлат мукофотлари совриндори, композитор Юдаков Сулаймон Александрович XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин ва теран из қолдирди. Бу нодир истеъдод соҳиби, атоқли композитор бутун ҳаёти ва ижодий фаолиятини ўзбек мусиқа санъатини ривожлантиришга бағишлади.

Юдаков Сулаймон (Соломон) Александрович Қўқон шаҳрида 1916 йилнинг 14 апрелида таваллуд топди. Ўзининг болалик чоғларини эслаб, шундай ҳикоя қилган эди: «Онамга ёрдам бериш учун 7 ёшимдан бошлаб Қўқоннинг марказий кўчасида пойафзал тозаловчи бўлиб ишлар эдим. Оилавий аҳволимни ва кечки мактабга эндигина борганимни билиб, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий мени 1928 йили етим болалар уйига жойлаштирди.

Болалар уйида дамли чолғулар оркестри тузилган бўлиб, оркестр раҳбари менга флейта чалишни ва нотани ўргатди. У мусиқий қобилиятимни сезган бўлса керак, менга Москвада ўқишга маслаҳат ва ёрдам берди. 1932 йили Москва давлат консерваторияси қошидаги мусиқа “Рабфак”нинг флейта синфига ўқишга кирдим. 1934 йили «Рабфак»ни бекитишди ва консерватория қошида Москва давлат мусиқа техникуми очилди. Мени композитор М.Ф.Гнесиннинг тавсияси билан техникумни назарий, тарихий, композиторлик бўлимини биринчи курсига қабул қилишди. Техникумда дамли чолғулар оркестрига ҳам қатнашиб турдим. Композициядан аввал М.О.Меснерда, икки йилдан сўнг М.Ф.Гнесинда сабоқ олдим. 1938 йили тухникумни муваффақиятли битирдим. Ўша йили Москва давлат консерваториясининг профессори, композитор Р.М.Глиэр синфида композиициядан таълим ола бошладим. Курсни тамомлаганимда 1941 йили иккинчи жаҳон уруши бошланди ва мен Тошкентга қайтиб келдим. Урушдан кейин, қария онамга қарайдиган одам бўлмаганлиги сабабли ўқишимни давом эттира олмадим. Лекин ўз устимда доим ишладим, ҳамкасабаларим билан ижодим ҳақида ўртоқлашиб турдим”.

С.Юдаков шу муҳитда яшади, ўқиди, дунёни таниди, мусиқа оламининг мўъжизакор сирларини ўрганди, композитор бўлиб шаклланди. Москва консерваториясида ўқиб юрган йиллари турли чолғу асбобларга, ансамблларга мусиқа яратди. Унинг фортепиано учун ёзган этюд, прелюдия, вариация, сонатина, флейта ва фортепиано учун ёзган «Рондо», «Лирик куй», этюд, скрипка ва фортепинао учун ёзган «Скердцо», «Сонатина», торли квартет каби Шарқ мусиқа оҳанглари билан суғорилган асарларини консерватория талабалари қизиқиб ижро қилишар эди. 1940 йили талаба-композитор С.Юдаков истисно тариқасида Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига қабул қилинди.

     С.Юдаковнинг мустақил ижодий фаолияти Иккинчи жаҳон уруши йилларида бошланди. У 1941-1945 йилларда ўзбек ўғлони, юрт қаҳрамони Қўчқор Турдиевга бағишлаб «Олдинга босинг, ўртоқлар» ва «Дўстлар» (А.Лоҳутий сўзлари); «Чавандозлар қўшиғи» (Миртемир сўзи), «Жонга жон, қонга қон» (Т.Фаттоҳ сўзи) каби ватанпарвар оммавий қўшиқларни, «Ҳабиби ту манам» (Ҳ.Юсуфи сўзи) романсини, «Фарзанад» (Исмоилзода пьесаси, 1942 й.) мусиқали драмасини, торли квартет учун 3 та пьеса ва сюита, симфоник оркестр учун «Сюита» асарларини яратди. Ижод билан бирга С.Юдаков 1941-1942 йилларда Ҳамза номидаги санъатшунослик илмий-тадқиқот институтида кичик илмий ходим бўлиб ишлади. 1943-1944 йилларда Тожикистон Давлат филармониясида бадиий раҳбар лавозимида ишлади. Тожик шоирларининг сўзларига бир қатор қўшиқ ва романслар яратди. 1945 йили Тожикистон Давлат мадҳиясини ёзиш учун кўрик-танлов эълон қилинди. Мазкур танлов учун бошқа композиторлар қаторида С.Юдаков ҳам А.Лоҳутий сўзига мадҳия ёзди. С.Юдаковнинг мусиқаси танлаб олиниб тасдиқланди, ҳозирга қадар сўзи ўзгартирилган ҳолда С.Юдаковнинг мадҳияси жаранглаб келмоқда.

     1946 йили С.Юдаков Тошкентга қайтиб келади ва ижодини давом эттиради. Т.Тўла сўзига хор, солист ва симфоник оркестр учун «Ғалаба» (1945 й.) кантатасини ёзди. А.С.Пушкин сўзига ўзбек, тожик ва рус оҳангларини пайваста қилган ҳолда «Куйлама соҳибжамол», «Гуржистон тепаликларида», «Булбул», «Тунги майин шабада», «Инозилья, мен бу ердаман» (1945 й.), А.Лоҳутий сўзига «Афсонаи дил» ва «Тасфири ту» каби романсларини, скрипка ва фортепиано учун «Шарқ поэмаси» (1946 й.)ни яратди. Композиторнинг “Шарқ поэмаси” ва «Куйлама соҳибжамол» романси ижрочиларнинг турли авлодлари репертуарларидан муносиб ва мустақил ўрин олган бўлиб, ҳозирга қадар ижрочи ва тингловчиларни мафтун этиб келмоқда.

     Скрипка, виолончель ва фортепиано учун «Сюита» (1946); иккита фортепиано учун «Сюита» (1948 й.) симфоник оркестр учун «Тантанавор увертюра» (1949 й.); торли квартет учун «Сюита» (1949 й.), А.Навоий сўзига «Басандаст» (1949 й.) романси, М.Миршакар сўзига «Алла» ва «Янги ғалабалар учун» қўшиқлари, М.Турсун сўзига хонанда, хор ва симфоник оркестр учун «О, қиз бола» қўшиғи ўлкамизнинг замонавий мусиқа санъатига яна бир истеъдодли, забардаст композитор мустақил равишда кириб келганидан дарак берган эди. С.Юдаков асарларида ўзбек ва тожик халқлари мусиқасининг таъсири бўлса-да, аммо ўз услубига хос мусиқалар яратишга катта эътибор бергани ҳам яққол сезилади. 1951-1953 йилларда С.Юдаков Ўзбекистон  Бастакорлар уюшмаси ҳайъатининг махсус котиби бўлиб ишлади.   

      С.Юдаков касб маҳоратини бадиий жиҳатдан етилиб бориши муҳим даври 1950-1980-йилларга тўғри келади. А.Мухтор сўзига ёзилган «Жон Ўзбекистон»,  «Меҳнат шодлиги», Ғ.Ғулом сўзига «Қирғизистон пахтакорларига», Ш.Рашидов сўзига «Дугоналар», «Оламда гуллар яшар», Т.Тўла сўзига «Карнавал вальси», А.Сурков сўзига «Ҳинди-руси бхай-бхай», «Тинчликсеварлар марши» каби жозибали, жўшқин қўшиқлар фикримизнинг далилидир. Айниқса бу ўринда композиторни 1950 йили Ғ.Ғулом сўзига ёзган, 1951 йилда эса Давлат мукофотига сазовор бўлган 6 қисмли «Мирзачўл» номли вокал-симфоник сюита, 1955 йилда Т.Тўла сўзларига ёзилган: «Менинг Ватаним» 4 қисмли кантата, «Висол» (1965 й.) вокал поэмаси, 1972 йил Ҳ.Ғулом сўзига ёзилган «Муборакбод» 5 қисмли кантата (болалар хор жамоаси ҳам қатнашади), 1972 йил  Миртемир сўзига солист, хор ва рақс жамоалари учун ёзилган «Альёр» вокал хореографик сюитаси, 1973 йил Э.Воҳидов сўзига солист, хор ва симфоник оркестр учун «Ўзбекистон» поэма-контатаси, 1975 йили  Т.Тўла сўзига «Ғалаба» ораторияси ёрқин мисол бўла олади. Шу номли 1945 йилда ёзилган мусиқа асосида яратилган мазкур оратория биринчи гал А.Навоий номидаги опера ва балет жамоаси томонидан кўтаринки руҳда муваффақиятли ижро этилди. Шуни айтиб ўтиш жоизки, 1950-1970 йилларда Республикада ҳар йили оммавий хор, қўшиқ байрамлар ўтказилар эди. Байрамни ўтказишда хор жамоаларидан ташкил топган бир неча минг кишилик хор бошқа композиторлар асарлари қаторида С.Юдаковнинг «Мирзачўл» ва «Менинг Ватаним» (1955 йилдан) асарларини мунтазам ижро этар эди. 1972 йилдан бошлаб «Алёр» вокал-хореографик сюита ҳам энг кўп ижро этиладиган асарлар қаторидан муносиб ўрин олди.

    С.Юдаковнинг «Майсаранинг иши» номли биринчи ўзбек комик операси унга катта шуҳрат келтирди. 1958 йилда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат катта Академик опера ва балет театрида саҳна юзини кўрган мазкур опера театрнинг асосий репертуарларидан бири бўлиб, ҳозирга қадар ижро қилинмоқда. Ҳамзанинг шу номли комедияси асосида С.Абдулла  ва М.Мухамедовлар либреттосини тайёрлашган. Бу опера 1959 йили Москвада ўтган Ўзбекистон адабиёт ва санъатининг ўн кунлигида Большой театрда саҳна юзини кўрган. Тез орада Москва давлат “РОМЭН” лўлилар театри рус тилида операни томошабинларга ҳавола этди ва узоқ йиллар давомида театр репертуарида сақланиб келди. 1960-йилларда мазкур опера Бошқирдистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Самарқанд опера ва балет театрларида ҳам саҳна юзини кўрди ва катта муваффақият қозонди. 1974 йили эса Польшани Лодзь шаҳри опера ва балет театрида ҳам томошабинлар қизғин кутиб олдилар. Операнинг биринчи ижрочилари: Ҳалима Носирова, Саодат Қобулова, Карим Зокиров, Саттор Ярашев, Жамол Низомхўжаев, Ҳусан Исмоилов, Михаил Давидовларнинг ижрочилик амплуалларида янгилик бўлди. Улар ижросида комплект граммофон пластинкалар миллион нусхада чоп этилди. Шуни айтиш жоизки, бутун дунёда яратилган энг машҳур опералар тўғрисида “Танланган 100 опера” номли китобда С.Юдаковнинг «Майсаранинг иши» операси ҳам тилга олинган. Мазкур опера биргина композиторга эмас, бутун Ўзбекистоннинг замонавий мусиқий маданиятига ҳам шуҳрат келтирди.

С.Юдаков 1970 йилларда Шарқда машҳур бўлган, латифа саркардаси Насриддин Афандига бағишлаб «Нариддин Афандининг ёшлиги» номли балет яратган эди. Балетнинг премьераси 1997 йилда Навоий номидаги Давлат академик катта опера ва балет театри жамоаси ижросида бўлиб ўтди ва томошабинлар олқишига сазовор  бўлди.

     Композитор С.Юдаков Р.Ҳамраев ва М.Мелькумовлар билан ҳамкорликда «Оқ йўл» мусиқали комедиясини яратди. «Шоҳи сўзана» (А.Қаҳҳор пьесаси), «Ганга қизи» (Р.Тагор асари), «Зуҳранинг мактуби», «Фурқат» драма спектаклларига, «Қачон атиргуллар очилади», «Темирчининг байроғи», «12-соатли ҳаёт» кинофильмларига мусиқа басталади. Унинг қалами остидан «Хоразмча байрам юриши», «Тантанавор увертюра», «Ёшлар поэмаси», «Фестиваль увертюраси», «Хореографик сюита» каби симфоник мусиқалари симфоник оркестрлар репертуарларидан муносиб ўрин олган. Композиторнинг симфоник мусиқий асарлари орасида она хотирасига бағишланган, мунгли «Поэма-рапсодия» алоҳида ўрин тутади. У бир талай камер-чолғу ансамбль ва оркестрларга ҳам асарлар яратди.

     С.Юдаков кўп қиррали ижодий ва жамоатчилик фаолияти билан Ўзбекистон мусиқа маданиятининг ривожланиш жараёнига улкан ҳисса қўшди ва бой мусиқий мерос қолдирди. Унинг буюк хизматлари орденлар, медаллар билан, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» ва «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонлар билан тақдирланган. С.Юдаков Давлат ва Республика давлат мукофотларининг совриндори.

                            АНВАР ЭРГАШЕВ

(1954-2020)

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Давлат мукофоти совриндори, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1986 йили ёрқин истеъдод соҳиби, пианиночи, дирижёр ва композитор Анвар Эргашев турли шакл ва жанрларда яратган жозибали асарлари билан кириб келди. У басталаган кино мусиқаси, мусиқали драма ва комедиялари, симфоник, камер-симфоник асарлари, болалар театри, драмаси ва мусиқали театрлар учун ёзган мусиқаси Ўзбекистон мусиқа санъатида салмоқли ўрин эгаллайди.

Эргашев Анвар Йўлдошевич Душанбе шаҳрида 1954 йилнинг 19 апрелида таваллуд топди. Болалик йиллари Фарғонада ўтади. 1961 йили мактабда, 1962-1968 йилларда болалар мусиқа мактабининг фортепиано синфида ўқиди. 1968-1972 йилларда Фарғона давлат мусиқа билим юртининг фортепиано синфида таҳсил кўрди. 1972-1977 йилларда Тошкент давлат консерваториясида фортепиано мутахассислиги бўйича доцент Б.В.Евлампиев синфида ўқиди. Консерваторияни битиргач, Фарғона мусиқа билим юртига ишга йўлланма олади. Ҳарбий хизматни адо этиб, 1980 йилда консерваториянинг опера-симфоник дирижёрлиги синфига ўқишга киради. Икки йилдан сўнг композиция факультетига ўтказилиб доцент М.Тожиев синфида таълим олди. 1986 йили фортепиано ва симфоник оркестр учун «Концерт» диплом иши билан ўқишни муваффақиятли битирди. 1994 йили опера-симфоник дирижёрлиги мутахассислигини профессор Ў.Усмонов синфида битирди.

А.Эрашев меҳнат фаолиятини 1971 йили ўқиб юрган кезлари Фарғона мусиқа билим юртида концертмейстерликдан бошлади. 1977-1980 йиллари Фарғона давлат мусиқа билим юртида ва 1980-1986 йиллари Р.Глиэр номидаги мусиқа мактаб-интернатида ўқитувчилик қилди. 1986-1988 йилларда у Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг репертуар коллегияси ходими лавозимида ишлади. 1988-1993 йиллари А.Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институти катта ўқитувчиси, 1993-1996 йиллари Навоий номидаги катта опера ва балет театри дирижёри, 1996-1998 йиллари Й.Охунбобоев номидаги Ёш томошабинлар театрида мусиқа бўлими мудири ва 1998-2008 йилларда Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри бош дирижёри, 2002 йилдан буён А.Навоий номидаги ДАКТда бадиий раҳбар лавозимида фаолият кўрсатмоқда.

А.Эргашевнинг композиторлик фаолияти талабалик давридан бошланган. У консерваторияда ўқиб юрган пайтларида: фортепиано учун сонатина; 4 та прелюдия, рондо, соната, виолончель ва фортепиано учун пьеса, скрипка, виолончель ва фортепиано учун трио, торли квартет, виолончель ва симфоник оркестр учун концерт-поэма, Зулфия шеърига иккита романс ва замондош шоирларнинг сўзларига бир нечта қўшиқлар басталади. Унинг ижодида театр ва кинофильмларга мусиқа басталаш устун туради. Ўтган йиллар давомида 1987 йили «Қасоскорнинг олтин боши» (реж. А.Ҳамдамов), 1987 йили «Оқ бино оқшомлари» (реж.Ҳ.Файзиев), 1988 йили «Шерали ва Ойбарчин» (реж.Х.Иброҳимов), 1989 йили «Уч қирол жанги» (реж. Сухайль Бен Барка) — Марокко, Италия, Испания ва «Ўзбекфильм» студиялари ҳамкорликда; 1990 йили «Қора мушук изларидан» (реж.Ю.Розиқов), 1990 йили Марказий телевидение топшириғи билан «Исходные данные смерти», «Олов қаъридаги фаришта» (реж.Ю.Розиқов), 1991 йили «Жаҳаннамга сакраш» (реж.М.Боймуҳамедов), 1992 йили «Тавба» мусиқали бадиий фильми (реж. Ф.Ҳайдаров), 1993 йили «Шариф ва Маъриф», 1994 йили «Тилла бола» комедиялари (реж. И.Эргашев), 1994 йили «Бомба» комедияси (реж. З.Мусақов), 1995 йили «Юлдузингни бер, осмон» (реж. Ф.Давлатшин), 1996 йили «Ака Шариф Тошкентда» комедияси (реж.Д.Абдуллаев), 1997 йили «Катта жанжал» (реж. М.Боймуҳамедов), 2001 йили «Ойижон» (З.Мусоқов), 2002 йили 8 серияли «Фидойилар» (реж. Б.Содиқов), 1996 йили «Бойкенжаев ва бошқалар», 1997 йили 10 серияли «Тартиб», 25 серияли «Домла» (реж.Ю.Розиқов), 1998 йили 10 серияли «Диққат, мотор» (реж. Ф.Давлатшин), 1999 йили 2 серияли «Қуёши ботмайдиган юрт» (реж. Д.Каримова), 5 серияли «Силсила» (реж. М.Муҳамедов, 1999 йил), «Бешовлон» (реж.С.Бабаев, 2001 й.), «Боғ» (реж. Б.Аҳмедов, 2001 й.) кинофильмларига мусиқа басталади.

Композитор А.Эргашев қуйидаги театрларда саҳна юзини кўрган спектаклларга мусиқа басталади: Навоий номидаги Ўзбекистон давлат Академик катта опера ва балет театрида «Тегирмон тепасидаги қуёш» (1994 й.), «Қор маликаси» (1996й.), «Сеҳрли китоб» (1997й.), «Морозко» (1998й. реж.Х.Қосимов.), «12 ой» (1995й. реж. Х.Комилов.), «Янги йил тўполони» (2001й. реж. В.Умаров), “Кичкина Мук” (2005), “Қишки ўрмон эртаги” (2011) каби мюзикллари, “Ҳумо” балети (2006).

Муқимий номидаги театрда 1990 йили «Анқовлар чайқови» мусиқали комедияси, Тошкент оперетта ва мусиқали комедия театрида «Крошка», «Митти» (реж.В.Бородин, 1992й.), “Наша Майсара” мусиқали комедияси (2014), Иркутск шаҳрида «Убей меня голубчик» мусиқали комедияси қўйилган.

Ҳамза номидаги академик драма театри учун «Уфқ» (Саид Аҳмад асари, 1995й.), «Қатағон» (Ў.Ҳошимов асари, 1995 й.), «Жиноят устида ушлансин» (Ҳ.Муҳаммад асари, 1997й.), «Соҳибқирон» (А.Орипов асари, 1997й.), «Кундузсиз кечалар» (У.Азимов асари, 1998й.), «Сеҳрли танбур» (Ҳ.Муҳаммад асари, 1998й.), «Пири коинот» (Ҳ.Расул асари, 1998й.), «Шайтон ва Фаришта» (реж.С.Имомов, 1998 й.) спектаклларига мусиқа басталади.

Ёш томошабинлар театри учун 1987 йили «Яраш-яраш» мюзиклини ва 1996 йили «Балли улоқча» мусиқали эртакни (Н.Рўзимуҳамедов асарлари), 1993 йили «1001 кеча», мюзикл (Н.Турсунов асари, реж. В.Умаров), «От йиғлаган оқшомда» (Т.Мурод асари, реж. О.Салимов), 1996 йили «Учар табиб» (Мольер -Ш.Бошбеков асари), «Осмондан танга тушган кун» (Д.Маҳмудов асари, реж. Д.Маҳмудов), «Ваққос ва паққос» (Х.Исомитдинов асари, реж.Х.Маҳмудова) спектаклларига мусиқа басталади.

Композитор А.Эргашев асарлари Марокаш, Италия, Испания, Франция, Германия, Россия каби хорижий мамлакатларда ижро этилди. 2001 йилда Анвар Эргашев 2000 йилнинг энг яхши бастакори номинациясида «Офарин» мукофотига сазовор бўлди.

2002 йилда «Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби» фахрий унвони, “Ҳумо” балети учун 2007 йилда Республика Давлат мукофоти билан тақдирланди.