САДИР ВОҲИДОВ
(1930-1998)
ХХ асрнинг 80-йиллари бошида Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси аъзолари сафига санъатшунослик фанлари номзоди, моҳир педагог, мусиқашунос Садир Воҳидов кириб келди. У замонавий миллий мусиқа санъати масалаларига бағишланган ёрқин, мазмундор илмий тадқиқот ишлари, маърузалари, телерадио эшиттиришлари билан танилди.
Садир Воҳидов 1930 йил 8 мартда Тошкентда туғилди. Ота-онасидан эрта айрилган Садир тоғаси Ҳожи Ҳақназаров, сўнгра эса болалар уйида тарбияланди, ҳаваскорлик мусиқа тўгарагига қатнашди. 1942-1947 йилларда Республика махсус мусиқа мактабида, 1947-1951 йилларда Тошкент вилояти педагогика билим юртида ўқиди. 1951-1956 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг мусиқашунослик факультетида таълим олди. 1956-1959 йиллар Наманган мусиқа билим юртида мусиқа назарияси ва адабиётдан дарс берди. 1959-1968 йиллар Ўзбекистон телерадио мусиқа бош таҳририятида муҳаррир, 1968-1978 йиллар Ҳамза номидаги санъатшунослик илмий-тадқиқот институтида илмий ходим бўлиб ишлади. 1976 йили «Замонавий ўзбек қўшиқчилиги» мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлади. 1978-1995 йилларда С.Воҳидов А.Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтида мусиқа назарияси ва тарихи кафедраси доценти бўлиб ишлади.
Илмий ишлари Ўзбекистон қўшиқ санъатининг тараққиёти муаммоларига қаратилган эди. Бу соҳада у санъатшунослик фанлари доктори, Н.С.Янов-Яновскаянинг илмий раҳбарлигида яратилган диссертацияси асосида 1976 йили «Узбекская советская песня» номли китоб нашр қилинган. Китобда «Ўзбекистон композиторларининг қўшиқларида фольклорнинг ўрни», «Ўзбек қўшиғининг пайдо бўлиши», «Уруш давридаги қўшиқлар», «Урушдан кейинги давр композиторларининг қўшиқлари» масалалари ёритилган. Москва «Музыка» нашриётида чоп этилган «История и современность» номли тўпламда: «Песни Узбекистана» (1972 й.), «Музыка Украины» нашриётида чоп этилган нота тўпламда: «Песня», 1973 йил Ғ.Ғулом номли нашриётда чоп этилган «История узбекской советской музыки» китобининг 2-томида, «Куй қўшиқнинг қаноти» ва «Қўшиқ куйи давр садоси» мақолалари «Ўзбекистон маданияти» газетасининг 1975 йил 12.08 ва 17.10-сонларида чиққан: «Эстрадная песня» мақоласи, «Узбекская музыка на современном этапе» тўпламида чиққан: «Қўшиқ янги оҳанг даракчиси» мақоласи «Ўзбекистон маданияти» газетаси, 1978 й: «Мусиқа ҳақида Шарқ афсоналари», мақола «Ўзбекистон санъати», журнал №5,6,8,1978 й. «Куй-қўшиқнинг қаноти», мақола «Санъат» журнали №12, 1981 й.: «Куйлар хазинабони» бастакор-дуторчи Ориф Қосимов хақида ижодий «портрет» мақола «Санъат» журнали, №11, 1982й: «Мусиқий тарбия ва томошабин» «Санъат» журнали, №11, 1983й. «Ўзбек оммавий қўшиқ муаммоси» мақола «Санъат» журнали, №11, 1984й.
Садир Воҳидов жиддий ва танқидий мулоҳазаларга суяниб ёзган мазкур мақола ва маърузалар давр нафаси билан чамбарчас боғлиқдир. Замонавий миллий мусиқамиз йўналишлари, бастакорлар ва ижрочилар ижодий фаолиятлари, уларнинг ютуқ ва камчиликлари, мусиқа ҳаётида учраган муаммолар уни бефарқ қолдирмас эди. Мусиқа санъатининг ўзига хос миллий услубда ривожланиши маданиятимиз тараққиёти учун меҳнат қилди, обрў-эътибор топди.