СОИБЖОН БЕГМАТОВ
(1957)
Санъатшунослик фанлари номзоди, мусиқашунос Соибжон Бегматов кўп қиррали илмий, педагоглик ва жамоатчилик фаолияти билан ўзбек мусиқа санъати тарғиботига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.
Бегматов Соибжон Маҳмудович Наманган вилояти Чуст шаҳрида 1957 йил 20 сентябрда таваллуд топди. Соибжон болалигидан мусиқага қизиқди, 1964-1972 йилларда умумтаълим мактабида ва болалар мусиқа мактабида қашқар рубоби синфида ўқиди.
1972 йили Наманган мусиқа билим юртининг мусиқа назарияси бўлимига ўқишга қабул қилинди. 1976 йили билим юртини битириб, М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваторияси мусиқашунослик факультетининг тайёрлов курсига ўқишга киради. Ихтисослик бўйича Шарқ мусиқаси кафедрасида таҳсил олди ва устоз, мусиқашунос Отаназар Матёқубов раҳбарлигида «Эрон дастгоҳлари» мавзуида диплом ишини муваффақиятли ёқлаб, 1984 йили консерваторияни битирди.
С.Бегматов «Фарғона водийси ҳофизлик анъаналари» (Содирхон Ҳофиз, Жўрахон Султонов ва Расулқори Мамадалиевлар ижоди мисолида) мавзуида номзодлик диссертациясини ёзиб, 1995 йили муваффақиятли ёқлади.
С.Бегматовнинг меҳнат фаолияти 1983 йили Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси қошидаги Мусиқа жамғармасининг мусиқий тарғибот бўлимида муҳаррирликдан бошланди. 1984-1986 ўқув йиллари Гулистон давлат мусиқа билим юртида ва 1986-1987 йилларда Низомий номидаги педагогика институти мусиқий педагогика факультетида мусиқа тарихидан дарс берди. 1987 йилдан Тошкент давлат консерваторияси Шарқ мусиқаси кафедраси таркибидаги Халқ мусиқа хонаси мудири, малака ошириш факультети декани, ўқитувчи, доцент ва профессор вазифаларида ишлади. Бугунги кунда кафедра мудири, профессор лавозимларида ишлаб келмоқда. 2018 йилдан “Ўзбек миллий мақом санъати маркази”нинг бош директори лавозимида фаолият юритмоқда.
С.Бегматовнинг илмий-ижодий, ўқитувчилик ва жамоатчилик фаолияти кенг қамровлидир. У бастакорлик анъаналари ва ижрочилик санъатини чуқур ўрганиб, 2000 йилда “Орифхон Хотамов”, 2002 йилда “Камолиддин Раҳимов”, 2006 йилда “Мухторжон Муртазоев” (ҳаммуаллиф А.Зокиров), 2017 йилда “Ориф Алимахсумов” монографияларини нашр этди, «Шифобахш оҳанглар», («Гулистон» журнали. 1990 йил № 12), «Ушшоқ» Ю.Ражабий ва Содирхон ҳофиз талқинларида», (Ражабийхонлик илмий-амалий анжуман материаллари, Т., 1993 й), «Эл ардоқлаган санъаткор», («Халқ сўзи» 1994 йил 18 апрел), «Мумтоз хонандалик санъати мезонлари», («Гулистон» 1995 йил № 6), «Шарқ овози», (Нафосат журнали, 1995 йил № 7-8), «Олтин мерос», («Ўзбек адабиёти ва санъати»), «Буюк ижодкор», («Гулистон» 1997 йил № 5), «Ғуломжон сурнайчи» («Нафосат» 2000 й. № 3) каби илмий мақолаларини ёзди. “Мусиқа” дарслиги (2002-2008 йиллар мобайнида беш маротаба ва 2017 йили рус, қозоқ, қирғиз, тожик, қорақалпоқ ва туркман тилларида қайта нашр этилган); “Мақом сурнай йўллари” (2004), “Анъанавий ансамбль синфи” (2008), “Ўзбек анъанавий чолғулари” (2008) ва Олий таълим муассасаларининг магистратура босқичи учун “Ҳофизлик санъати” (2007) ўқув-услубий қўлланмалар, ҳаммуаллифликда “Санъатшунослик (мусиқашунослик)ка кириш” ва “Санъатшунослик асослари” мутахассислик фанлари учун ўқув қўлланма, ўрта тизим академик лицей ва коллеж талабалари учун “Бастакорлар ижоди” ўқув қўлланмалари ва 60 дан ортиқ илмий-назарий ва оммабоп мақолалар муаллифидир. 2010 йили “Шашмақом”, 2017 йили “Комилжон Отаниёзов ва 2018 йили “Мақомлар” ҳужжатли фильмларининг сценарийсини ёзди.
Шунингдек, «Хонандаликда овоз талқини» илмий очерк, «Тошкент вилояти мусиқий фольклори» тўпламига «Бўстонлиқ тумани мусиқий фольклори» (қўлёзма), «Фарғона-Тошкент чолғу туркумлари» (қўлёзма), «Афғонистон» ва «Эрон» мусиқа тарихи (қўлёзма) ва ҳ.к. муаллифидир. С.Бегматов биринчилардан бўлиб олий ва ўрта махсус ўқув юртларида ўқув тизимини такомиллаштириш йўлида янги педагогик технологияларга асосланган “Шарқ халқлари мусиқа тарихи” фанидан мультимедияли электрон дарслик (2014) тузиб, амалиётга тадбиқ этди.
У “Темурийлар даври мусиқа маданияти”, Шарофиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида мусиқа”, “Созлар сеҳри”, “Мирзадавлат”, “Ушшоқи Қўқанд”, “Мақом нима”, “Маъмуржон Узоқов”, “Орифхон Ҳотамов”, “Мерос ва замонавийлик”, “Ибрат...”, “Ўзбекистон мусиқа мероси: миллий анъаналар сақланиши ва уларнинг ривожланиши”, “Фарғона-Тошкент мақомларининг ижрочилик анъаналари”, “Ҳофизлик санъати: устоз-шогирд анъаналари”, “Ижрочиликнинг сирли дунёси”, “Ҳофизлик санъати Шарқ халқлари маданиятида”, “Мусиқий рисолалар: анъана ва замонавийлик” каби бир қатор илмий ва оммабоп мақолалар муаллифидир.
С.Бегматов халқ мусиқа ижодиётини ўрганиш ва келажак авлодга ёзма намуналарини қолдириш мақсадида халқ ижрочилик амалиётида мавжуд асарларни нотага олиш билан ҳам шуғулланиб келмоқда. Унинг О.Ҳотамовнинг ижодий фаолиятига бағишланган китоби, «Чустий ғазалларига К.Раҳимов ашулалари», «Фарғона-Тошкент сурнай йўллари» монографик асарлари, «Шашмақом ва анъанавий ижрочилик мактаблари», «Анъанавий хонандаликнинг ижро услублари», «Фарғона водийси анъанавий ижрочилиги», «Мумтоз хонандалик санъати мезонлари», “Анъанавий хонандаликда овоз талқин этиш услублари”, “Мумтоз мусиқа мероси” каби илмий тадқиқот ишлари шулар жумласидандир.